Отабек Йўлдошев. Ҳадя (ҳажвия)

Икки  ҳафта давомида кечани кеча, кундузни  кундуз демай дарс тайёрлаганларим ҳавога учди-кетди. Факултетда “Сатторовнинг  дарсидан беш баҳо олдим”, деб кўкрак керган талабаларни санашга бир қўлнинг бармоқлари ҳам кўплик қилади. Мен ҳам шулар сафига кирсаммикин, дегандим-да.
– Так, –  деди Сатторов бурнининг устига қўндирган кўзойнагини тепага кўтариб. – Ишинг “дуойи салом”га қоляптику, ука.
Кайфиятим тушиб кетди. Гапиришга энди оғиз  жуфтлаган ҳам эдимки, у “тсс”, деди-ю гапида давом этди:
– Сен мени  нотўғри  тушуняпсан. Биламан, пора бериш гуноҳ демоқчисан. Сен буни пора деб эмас, шунчаки ҳадя деб ҳисобла. Хўпми, ука?
Ёмғирда қолган кучукдек шалвираб қолдим. Юқори босқичда ўқийдиган бир талаба: “Сатторов ҳаммадан олади”, деган эди. Демак, унинг гаплари тўғри экан-да… Жаҳлим чиқди.
– Устоз, ҳадя дедингизми?
– Ҳа.
– Ўша нарсани ҳадя деб эмас, бош-кўзимдан садақа деб берсам қандоқ бўларкин?!
Сатторовнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди:
– Ҳамманг гапга ўқигансанлар. Сенга садақани кўрсатиб қўяман.
Қишки таътилни игна устида ўтиргандек бедор ўтказдим. “Мана сенга”, деб баҳо қўйиб бермаса-я… Ўзим аҳмоқман-да. Тинчгина дуойи саломини бериб қўя қолсам ўлармидим. Таътил тугашига уч кун қолганда курсдошим Абдували телефон қилиб қолди:
– Сатторовдан беш олишга қачон улгурдинг, хумпар?
Мен журнални ўз кўзим билан кўрмагунча унинг гапларига ишонолмасдим.