Орзиқул Эргаш. Пояндоз (ҳикоя)

(“Болалигим кўчаларида” туркумидан)

Август охирлаяпти. Ҳадемай тўйлар мавсуми бошланади.
Тўй ажойиб нарса-да, айниқса, никоҳ тўйлари… Ҳамқишлоқ акалардан бирортаси уйланадими ё опалардан қай биттаси эрга тегадими, фарқи йўқ, ишқилиб кўчаларимиздан “ёр-ёр” айтиб, гурра-гурра куёвнавкарлар ўта бошласа бас, этларим ғалати-ғалати жимирлаб, бир ерда ўтиролмай қоламан. Тезроқ улғайгим келаверадими-ей, ширин-ширин хаёлларим ўз-ўзидан келажакка етаклайверадими-ей, ишқилиб!.. (тўғриси, ҳамма болалар ҳам шунақа, фақат бир-биримизга айтишга ийманамиз). Ва ҳар сафар кўз ўнгимда мана шунақа бир манзара жонлана бошлайди…
…Машиналардан тушиб, тўйхона сари боряпмиз. Мен куёвнавкарларим қуршовидаман. Улардан бири жўрттага: “Ҳўв, тераквой, кўп ғўдаймай, хам бўлсанг-чи!” деб биқинимга нуқилайди. Унга ҳўмрайиб қўяман. Бошимни эгиб, тиззамни букиб юраверганимдан терлаб кетганман (бўйинг дароз бўлса ҳам азоб экан).
Кенг ҳовлини эгаллаган стол-стулларга ўтирамиз. Талаба ошналарим торларини тиринглатиб, қўшиқ бошлайди.
Аввал шира-шарбат, кейин ош тортилади. Менга алоҳида товоқда “куёв ҳақи” келади: ликопчада ярим килоча қовурилган гўшт. Уни икки ёнбошимда ўтирган дўстларим — Эрйигит билан Сайим баҳам кўради. Гўштга ҳушим йўқроқ, аммо уларнинг жон-дили.
Дастурхонга фотиҳа ўқилгач, бир оқсоқол тугунча кўтариб олдимга келади.
—    Қани, куёвтўра, бир турсинлар!..
— Беқасам тўн кийдиради. Бошимга дўппи, белимга шоҳи қийиқча боғлайди. Сўнгра бўйдоқ тенгқурларим ва атрофдаги қора-қура болакайларнинг ҳавасманд нигоҳларини туюб, бир оз қизарган, бошимни сал эгган ҳолда келин турган хона томонга йўл оламан. Бир ёғимда Эрйигит, бир ёғимда Сайим. Сайим қулоғимга шипшийди.
— Тағин оёғингни бостириб қўйиб, бизани шарманда қилмагин-а! Пойла-аб туриб, ўнг оёғини ғарчча…
Сайим уйланган-да, билади(у оилада ёлғиз ўғил — эрта уйлантиришган).
Келиннинг дарвозасида бизни шу қишлоқ йигитлари ёвқараш билан қарши олишади. Тўхтаймиз. Бир қария қўлида пояндоз билан чиқиб, “Қани, келинглар”, дейди. Икки томондан икки йигит ажралиб чиқиб, катта қийиқчадек келадиган пояндознинг икки учидан тутади. Пояндоз келиннинг кўйлаклари қийқимларидан қураб тикилган. Мен унга ўнг оёғимни босиб, ҳатлаб ўтишим керак. Ўтаман. Икки томон йигитлари уни олатасир тортиша кетади. Мен уларга эътиборсиз, ичкари юраман. Эрйигит, Сайим ҳамон икки ёнимда. Улар менга келиннинг эшиги олдигача ҳамроҳ бўлиб келишади-да, кейин димиқиб кетган, атир, тер ҳиди анқиган, деворларига ранго-ранг кашталар урилган хонадаги ғужғон хотин-халажга топширишади. Сўнгра остонада турганча устимдан жаранглатиб сочқи сочишади. Хотинлар ялт-юлт қилиб гиламга тўкилган тангалар устида ёш қизчалардек талашиб кетишади. Кейин эса…қай бирлари мени қўлтиғимдан олиб, тўрдаги чимилдиқ томонга бошлайди.
Чимилдиқда тиллақош таққан, юзини ҳарир рўмол тўсган, нозиккина келинчак ҳуркибгина туради. Юзи кўринмайди. Айтишларича, бизга катта кўзгу кўрсатишаркан, мен уни, у мени кўзгуда кўрарканмиз… Аслида-ку, биз илгаридан кўришиб юрган бўламиз. Чунки, аҳд қилганман – севиб уйланаман. Мана, акам, янгамга уйланди-ю, ҳалигача озгина ичиб қолса, армиядаги бир қизни қўмсаб йиғлайди…
Чимилдиқда мен келинчагимнинг бармоғига узук тақаётганимда, синчалоқда бол ялатаётганимда, уни кўзгуда кўриб, кўз қисиб ҳазиллашаётганимда…ташқарида дўстларим қора терга тушиб, пояндоз тортишаётган бўлади. Пояндозни   албатта улар олиб чиқишлари керак. Тайинлаб қўйганман, олмай кўришсин-чи!.. Пояндоз тортишда бизнинг қишлоқдагиларга тенг келадигани бўлмаган, бўлмайди ҳам.
…Умуман, биз болаларнинг никоҳ тўйларга қизиқишимиз, уни зориқиб кутишимизнинг ҳам асосий сабабларидан бири мана шу пояндоз тортиш. Бошқа нарсага унча ишимиз йўқ. Пойлаб турамиз, тезроқ ош ейилиб, куёвга сарупо кийдирилса-да, тезроқ пояндоздан ҳатлаб ўтса. Қизиғи шундан бошланади. Пояндознинг бир учини биз тарафдан албатта Ботир ака тутади. У қорувли, бақувват, тракторчи йигит. Ишонганимиз шу киши. Ботир ака бор жойда кўнглимиз тўқ. Бизлар пояндоз тортишаётганларнинг атрофини гир айланиб: “Ҳа, Ботир ака! Ҳа, Собир ака! Ҳа, Содиқ ака, тортинг! Темур ака, бўшашманг!” дея бақириб чопаверамиз. Ўзимиз ҳам қўшилиб кетгимиз келадию, эҳ-ҳе, қаёқда, уларнинг дамига йўлаб бўларканми? Бир сафар Сайим кириб, шу заҳоти қочиб чиққан эди. Эртаси кун қарасак, панжалари қийилиб, қорайиб кетибди.
Пояндоз тортишда баъзи бировлар пичоқ ишлатади, яъни тортишга чоғи келмагач, кесиб олмоқчи бўлади. Бу энди, ҳам номардлик, ҳам жуда хавфли иш, бировнинг эт-бетига тегиб кетса борми!.. Шунақаларни Ботир ака сезиб қолса, шартта даврадан суғуриб чиқади-да, индамай (у сира сўкинмайди) икки-уч шапалоқ тортиб юборади. Кейин жаҳл билан яна даврага кириб кетади. Сал ўтмай, ҳаммани доғда қолдириб, пояндозни тортиб чиқади-да, уни дўстларига, биз болаларга ҳам  оз-оздан кесиб, улашиб беради. Биз уни ният қилиб сақлаб қўямиз. Ботир акамиз ана шунақа йигит. Ҳаммамиз унга ўхшагимиз келади…
…Август охирлаяпти.
Ҳадемай тўйлар бошланади. Бизникида  ҳам тўй тараддуди. Опамни шаҳарга узатяпмиз. Пояндоз тортиш зўр бўлса керак. Шаҳарликлар ҳам уста бўлади, дейишади.
…Тўй куни аксари пояндоз тортадиган йигитлар негадир кўринмади. Ҳаммамиз ҳайронмиз. Белларига энли камар боғлаб олган, башанг кийинган шаҳарлик куёвнавкарларни кўриб, юрагимизни ваҳм босади. Булар билан ким тортишади – шарманда бўламиз чоғи…
Лекин куёв бўлмишни дарвозамиз томон олиб боришаётганда пояндозчи акаларимиз йиғилиб келиб қолишди. “Ур-ра!” деб бақириб юбордик ҳаммамиз. Бироқ, Ботир ака кўринмаётганди. Шундан андак кўнглимиз хижил. “Кеп қолар”, деб ҳар тарафга аланглаймиз…
Пояндознинг бир учини қудалар тарафдан полвонсифат, қўнғизмўйлов бир йигит ушлади. Бизлардан Содиқ ака. У киши ҳам анча чапдаст. Лекин, Ботир аканинг ўзи бўлгани дуруст эди. Эҳ, қаёқда юрган экан-а? Шунақа қалтис пайтда келмай қоладими?!.. Онасини бетоб дейишаётувди, касалхонага кетганми? Ўзининг тоби қочиб қолганми?.. Ким билсин, ҳар каллада ҳар хаёл…
Куёв пояндоздан ҳатлади.
—    Ҳаа-ҳувв!..
Шаҳарлик полвон наъра билан пояндозни силтаб тортди.
Содиқ ака учиб бориб, унинг кўкрагига урилди. Кейин чўккалаб қолди. Кўз очиб юмгунча, полвон уни судраб кетди. Ҳаммамизнинг эсхонамиз чиқиб, ҳанг-манг бўлиб қолдик. Хайрият, Содиқ ака қўйиб юбормади. Бу орада икки томоннинг йигитлари ҳам пояндозга бориб ёпишишди. Шундагина енгил тортдик…
Шаҳарликларни уста деганларича бор экан. Улар бараварига “Торт! Ҳа, торт!” деб, бизникиларни анча ергача судраб боришади-да, кейин бирор девор ё дарахтни мўлжаллаб, тўсатдан орқага итариб қолишади. Девор ё дарахтга зарб билан урилган йигитлар чидаш беролмай даврадан чиқиб кетишади. Қайта киришга анчагача юраги дов бермай туради, кейин четда туришга уялибми ё қизибми, яна тортишувга қўшилиб кетади… бари бир бизникиларнинг сафи сийраклаша борди. Қолгани ҳам ҳар ёқдан, ҳар бири ўз бошича тортиб ётар, бу эса эртакдаги чўртанбалиқ, оққуш ва қисқичбақанинг арава судрашига ўхшаб кетарди.
Ботир ака бўлганида бунақа қилмасди. У бошида бетартиб тортишиб кетган шерикларини аста-секин имлаб, ўз ёнига ўтказаверади. Ҳамма бир томонга ўтиб, куч бир ерда тўплангач, секингина “Бошладик!” дейди. Шунда беш-олти азамат кучли ҳайқириқ билан тортиб кетади-да, рақиблар йўл-йўлакай тўкилиб қолаверади. Охирги рақибнинг қўли узилдими, бўлди, бизникилар ҳам пояндозни қўйиб юборади. Ботир ака бўлса уни яловдек баланд кўтариб, даврадан отилиб чиқади. Шу билан тамом — пояндоз олиб чиқилган ҳисобланади…
Ҳозир эса бундай аҳиллик йўқ эди.
Биз, болалар бўлсак, ҳаммадан кўпроқ қайғуриб, давра атрофида югурамиз. Овозимиз борича бақириб, ўзимизникиларга далда бермоқчи бўламиз. Ҳозирча шундан ортиғига ярамасак, на илож!
Пояндоз тортаётганлар жиққа терга тушишган. Дошқозондан чиққандек тўда тепасидан буғ кўтарилади. Икки томоннинг ҳам шашти пасайиб, секинлик билан, чамаси қанақадир қулай фурсатни пойлаб тортишишарди.
Меҳмонлардан бири пичоқ чиқарган шекилли, Собир ака у билан судрашиб чиқиб, муштлашиб кетди. Бошқалар аралашишга улгурмасдан, катталаримиз уларни ажратиб қўйишди. Меҳмон йигит бир чеккада бўзариб туриб қолаверди, Собир ака яна ўзини даврага урди…
Барча расм-русумлар тугаб, опамни ичкаридан олиб чиқиб, машинага киритишди. Лекин пояндоз тортиш ҳали-вери тугайдиганга ўхшамасди. Машиналар босиб-босиб сигнал бера бошлади. Икки томон қариялари сабрсизланиб, пояндозчилар тўдасига яқин келишди. “Бўлди, энди, тўхтатиб қўяқолинглар! Тарқалинглар, бас қилинглар!” деб йигитларни шошира бошлашди. Аммо, бировнинг гапини икки қилмайдиган бизнинг йигитлар ҳам, шаҳарликлар ҳам қизишиб кетганларидан қарияларга қулоқ солгилари келмасди.
Кимдир бир пақир муздай сув келтириб, уларга сепмоқчи эди, қишлоғимиз оқсоқоли уни жеркиб сувини тўктириб ташлади.
Кейин пояндозчиларга яқинлашиб:
— Тортадиган бўлсанг, ланжланмай, шартта юлиб чиқ! Бўлмаса ўт бу ёққа ҳамманг! Ё ўзим кирайми?! — деб бақирди.
Худди шу гап етмасдан турган эканми, Содиқ аканинг хирилдоқ овози эшитилди:
—    Қани, ҳа, жўралар!
Бирданига олатасир бўлиб кетди-ку!
Шаҳарлик полвон ҳам ҳовлиқиб қолди.
—    Торт! Ёпиш! — деб ўзиникиларга бақира бошлади.
Бир вақт қарасак, Содиқ ака, Собир ака, Туроб ака, Темур ака — ҳаммаси бир томонда. Бараварига бақириб юбордик.
Акаларимиз ҳам шуни кутгандай, катта тош кўча томонга қудаларни судраб кетишди. Қудалар ўз-ўзидан пояндоздан узилиб қолаверди. Охирида шаҳарлик полвонни чанг-тўзон ичида бир ўзи судралиб бораётганини кўрдик. “Қўйвор! Қўйвор!” деганча бақиришиб чопавердик. Полвон анча жойгача пояндозга осилиб борди-да, кейин уялдими, қўйиб юборди.
Содиқ аканинг қўлида баланд кўтарилган пояндозни кўриб, ҳаммамиз қийқириб юбордик.
Сўнгра илинж билан унинг атрофини ўрадик. Лекин Содиқ ака ҳеч биримизга пояндоздан йиртиб бермади, аксинча қўлтиғига урганча, нари кетди. Хафа бўлиб кетдик. Умрида бир мартагина олиб чиқдию, қизғанди-я!..
Қудалар машиналарга ўтириб, ёр-ёр айтиб йўлга тушишди. Содиқ ака ҳамроҳларини олиб, қаёққадир жўнади. Эрйигит, Сайим, яна бир-икки бола уларга эргашди. “Қаёққа боряпсизлар?” десам, Сайим, ишинг бўлмасин, деб жеркиб берди. Ҳайрон қолдим, буларга нима бўлди ўзи?..
Уларга қорама-қора кетавердим. Қишлоқ  чеккасидаги сой томонга юрдик. Содиқ акалар қишлоқ охиридаги уйни айланиб ўтишдию, сой бўйига тушишди. Бу уйда Ботир ака онаси билан ёлғиз турар, ҳозир ҳовлида ҳам, ичкарида ҳам чироқ кўринмас, ҳаммаёқ зимистон эди.
—Ботир, шаҳарликларни ҳам бопладик,—бу Содиқ аканинг овози эди.—Мана, опкелдик.
Болаларнинг орқасидан етиб келиб, уларнинг елкаси оша секин мўраладим. Сой бўйидаги катта харсангтош устида ўтирган Ботир ака ўрнидан оғир қўзғалиб, Содиқ аканинг олдига келди. Ундан пояндозни олиб, яна харсанга бориб ўтирди. Уни жимгина юзига босди. Ҳайратда қолдим. Нега Ботир ака унақа қиляпти?..Йиғлаяптими?..Кап-катта йигит нега йиғлайди?.. Пояндозни ўзимизникилар олишди-ку!..
Йигитлар битта-битта бориб, унинг атрофига чўкишди. Бир оздан сўнг Туроб ака насиҳатомуз гап бошлади.
—Ботиржон, сен хафа бўлма… Сендай йигитти хор қилдими, ҳали пушаймон ейди. Кўп пушаймон бўладики… Майли, қўй энди, дўстим, куйганингга арзимайди!..
Бошқалар гап қўшмай, ерга бош солиб турарди. Болалар ҳам…
Шарпасиз орқамга тисарила бошладим. Мени булар сезиб қолиши, кўзи тушишидан чўчирдим. Сой бўйидаги йўлга чиқиб олдим-да, худди орқамдан биров қувлаётгандек, жон ваҳмида югуриб кетдим…

1980 йил.