Ўринбой Усмон. Ёриқ кўзгу (ҳикоя)

Кўришга кўрди, лекин кўрмасликка олиб ўтиб кетса бўларди…

Олишга олди, лекин шундайгина бир чеккага олиб қўйиб, йўлида давом этаверса бўларди…

Қарашга қаради, лекин бу менга шунчаки туюлди дебон, бошқа қарамаса бўларди…

У шундайгина йўл ўртасида ётган кўзгуни кўрмасликка олмади. Отасининг айтган гапи қулоғида турибди — йўлингда тошми, синган ғиштми, учраса, эринмасдан бир чеккага олиб қўй, бу йўлдан қайтишинг бор, балки қайтаётганингда қоронғи тушиб қолар, ё ёруғ бўлса-да, шошиб боришинг мумкин, ана шундай ҳолатларда ўша тошними, ғиштними чеккага олиб қўймаганингга минг пушаймон ейсан. Тошга тегиб зирқираб оғриётган оёғинг, йиқилганингда тошга урилган, қоматингни эгиб қўйган белингни ушлаб, минг пушаймон ейсан. Бор, ана, тошга тўқнаб йиқилган сен эмас, бошқа бир йўловчи бўлсин, унинг жони оғримайдими?..

Нега орқаси қорайиб ётган кўзгуни бир четга олиб қўймади? Қайтага аввалига кафти билан, бунга кўнгли тўлмасдан чўнтагидан рўмолчасини олиб, кўзгуни артди. Чангдан тозаланган кўзгу четидаги иккита ҳарф таниш туюлди. Наҳотки, ўн бир йил олдин йўқолган кўзгу бўлса, деган хаёлда рўмолчани ариқдаги сувда яхшилаб ювиб, яна ойна тозалашга тушди. Агар, ўша кўзгу бўлса, уни ким, қачон топиб олган экан? (У ўғирлаган деган сўзни миясидан нари қувишга уринарди). Майли, топиб олганми ё… ми, энди керак бўлмай қолибди-да. Майли, эскиргандир, ёрилиб, сингандир, ёқмай қолган бўлса, у одам ташлаб юбориш учун катта йўлдан бошқа ерни тополмабдими?

Худди шу хаёллар билан қўлидаги кўзгуга қаради. Қоқ ўртасидан – тепадан пастга қараб дарз кетиб, ёрилган кўзгудан унга таниш-нотаниш чеҳра ҳайрат билан қараб турарди. Худди шу лаҳза у кўзгуга бошқа қарамаслиги, ариқ ёнидаги танаси қари тол ковагигами, ё унинг ортигами ташлаб, ҳеч нарса кўрмагандайин йўлида кетавериши керак эди. Лекин у ўзини тия олмади. Ўнг юзи, кўзи, қоши, лаби ўзига ўхшаб турган, чап юзи, кўзи, қоши алланечук бир ваҳимали қорайган қиёфага қараганча боши айланиб кетди. Кўзларини юмса, кўзгудаги қўрқинчли қиёфа ўзгариб қоладигандай икки кўзини чирт юмиб олди. Худди шу лаҳза кўрганини рост эмас, шунчаки бир туюлган дея ҳисоблаши ва кўзгуга бошқа қарамасдан, уни ариқ четига аста қўйиб, орқасига ўгирилмасдан кетавериши керак эди.

Лекин юмилган кўзлар ёқимсиз қиёфани янада тиниқлаштирди. Кўзгу ўртасидаги синиқ унинг юз-кўзини иккига бўлиб ташлаганди. Ҳатто ўнг томонга сал қийшайганроқ бурни ҳам иккига бўлинганди. Бурнининг ўнг томони аввалги-аввалгидек, чап томони эса, яра-чақаларга тўлиб кетган, қора-қизғиш туклар босган тешигидан сап-сариқ қурт ўрмалаб чиқаётганди.

Юраги айниди, ташқари чиқишга интилаётган қусуқ бўғзини ачитди. У қайт қилишга уринар, лекин ҳеч қуса олмасди. Бўғзи ачишгандан ачишарди.

«Сен ўзингни бил! Фақат ўзингни! Агар кечагидек яна бир марта ақлингни йўқотсанг, додингни эшитадиган одамни етти марта дунё айланиб, тополмайсан! Ҳей, айт-чи, учиб келаётган мошиндан қочаман, дея оёғи йўлдаги қадоққа урилиб, ҳушидан кетган чолни орқалаб қолганинг нимаси? Яна унинг тўрвасини елкангга ташлаб олибсан. Ҳа, нима, мен кўрмасам, кўрганлар бор. Ҳей бола, ўша тўрвада анови… ҳе, отиям қуриб кетсин, банг-манг бўлганда, додингни кимга айтардинг кейин? Кимга?! Бу дунёда йиқилганни тепиб ўтсанг, узоооқ яшайсан…»

Сап-сариқ қурт ўнг қулоғидан кириб, чап қулоғидан чиқиб кетди. Чап қулоғидан кириб, ўнг қулоғидан чиқиб кетди. Атрофга ёқимсиз ҳид сочди-да, кафтлар ёпган қулоқлар атрофида айлана-айлана, ёқаси ёнидан кўйлаги ичига ўрмалаб кирди. Шундайгина юрагининг ёнгинасида, чап кўкраги қаттиқ ачишди. Бир ёмон ачишди. У кўйлак тугмасини шошиб ечди-да, қўлини ичкари тиқди. Тимирскилаб-тимирскилаб, қуртни топа олмади. Кўкраги жазиллар, ачишарди. Чидаб бўлмас даражада ачишарди. Тери остида нимадир ғимирлади. Бир ёқимсиз, бирам ёқимсиз. Э, йўқ, қурт териси остига кириб олмаган. Қандай кирсин. Лекин… Ғимирлаётган нима бўлмаса. Ғимирлагани сари, кўнгли айнияпти. Қусса, ичини ачиштириб келаётган, бўйнини бўғаётган балодан қутулса! У қўлини кўйлаги тагидан илкис тортиб олар экан, қўланса ҳид бурнига ёпишди. Кафтини бурнидан узоқлаштирди. Қўлини икки томон ёйди. Қўланса ҳид кафтидан ўрмалаб билагига, билакдан тирсагига, ана кейин елкасига, бўйнига ўтди. Қуруқшаган лаблар ёнидан ўтиб, бурун ковакларидан ўрмалаганча юрак-бағрини тилка-пора қилиб ташлади.

Юрагини ҳам қусиб ташлашга тайёр турар экан, бурнининг ўнг томонидаги чандиқ туртиб чиқиб, сап-сариқ қуртга қўшиб қўланса ҳидни чап томонида бир-бирига шивирлаганча, бир-бирига қиқирлаганча мазахлаб турган чанг босган қоп-қора дарахт шохлари ортига ирғитди.

Кўз олди ёришган йўловчи қўлидаги кўзгуга қарагиси, ҳалиги қон томгудайин қип-қизил, нур сочилиб турган ўнг бетига ярашиб тушган бурни тепароғидаги, қаншарга қўшилаётган томонидаги чандиққа меҳр ила қайта-қайта термулгиси келди. Ўнг қулоғига бир таниш, хуш овоз шивирларди: «Шу чандиғингни кўрганда, сен билан фахрланиб кетаман, ўғлим. Чандиқ — йигит кишининг ҳусни. Одамлар ҳалигача бурнингдагини у чандиқ эмас, белги, мардликнинг, тап тортмас ботирликнинг белгиси дейишади…»

Ўнг томондаги кулиб турган, чақноқ кўздан меҳр ёғилиб турар, у мен сизга фақат яхшилик истайман, сиз менинг опамсиз, синглимсиз, акамсиз, инимсиз деб турарди. Буруннинг нариги томонидаги олайган, нафрат сочилаётган кўздаги айёрлик… Йўқ-йўқ, мен буни кўрганим йўқ, ўйлаб топяпман… менга шундай туялаётир… Унда… нега ичимни ит тирнаяпти? Нега у нафрат тошиб чиқаётган кўз мен сенларни тешиб ташлайман, тешиб, деганча ўқрайиб олган?

Оёқ-қўлларидан мадор қочиб бораётир. Узоқ-узоқларга кетгиси келар, лекин чопиш нари турсин, қадам босишга ҳам оёқлари кўнмасди. Ҳалигина юриб, чарчамаётган оёқларидаги мадорни ким ўғирлади?

Оёқ тугул, қўллари ҳам ўзига бўйсунмасди. Шалвираган чап қўли чап юзини сийпалади. Кафтига нимадир тошдай урилди. Яна бир марта сийпалаб кўришга чоғланди, лекин югурик қўрқув қўлидан тортди. Наҳот, ҳалиги… ҳалиги кўзгудаги сўгал чап юзига ёпишиб олган бўлса? Йўқ, бўлиши мумкин эмас! У беўхшов, хунукдан-хунук сўгал жонсиз ойнадан сирғалиб чиқиб, юзига ёпишмайди!

Ҳеҳ-ҳеҳ- ҳе, ҳеҳ-ҳеҳ-ҳе…

Ким куляпти? Нега куласан? Нима, мени масхаралаяпсанми? Бўлди-бўлди, эслатма, юзимга қачон сўгал чиққанини, нега чиққанини жуда яхши биламан. Ҳа, мен ўшанда аблаҳлик қилдим. Иложим йўқ эди. Хотинимни, болаларимни ўртага қўйишганди… У тушунди. Мени кечирди… Сен нега қадалиб турибсан? Мана, қара, юзим теп-текис. Сўгалдан асар ҳам қолмаган. Ҳатто нўхатдек, нўхат нима, мошдеккина изи йўқ. Кулма, мазахлама мени! Мен қўрққаним йўқ, қўрқоқ эмасман! Иложим йўқ эди…

Йўловчи қулоқларини беркитди. Сўгални ғижимлаб олган кулги қўлларини тимдалади, юлқилади, тирнаб-тирнаб ташлади…

«Сени ўла-ўлгунимча қарғаб ўтаман. Гулдек қизимни йўлдан урган сузилган кўзларингдан қон отилсин, қон!»

Ер муштлаб қарғаётган кампир қўлларини икки ёнга қаттиқ-қаттиқ силкиди. Унинг кафтларидан тинимсиз ёғилаётган қон йигитнинг қовоқларини суриб ташлаб, кўзларига кириб олди…

Чап кўздан тошаётган қип-қизил қон йўловчининг юзини, бўйнини ивитиб, юраги томон оқаётганида кафтининг ортидаги томирлари ўйнаб чиққан, буришган қўллар уни сидириб ташлади.

«Сен менга ўғлим, бир қориндан талашиб тушган укам қилмаган яхшиликни қилдинг. Агар сен бўлмаганингда, балки… Умрингдан барака топ, болам!»

Ўнг кўздан ёғилаётган меҳр дуога очилган қўллар атрофидан узоқлашгиси келмасди. Томирлари ўзига ярашган қўлларни силаб-сийпалаб, жилмайиб турган буришиқларига сингиб кетарди.

Нима бўляпти? Нималар бўляпти ўзи? Боши ғувиллаётган йўловчи кўзларини чирт юмганча йўлида давом этишни истар, жуда-жуда истар, лекин буткул мадори қочиб, шалвираган оёқлари бир қадам ташлаш нари турсин, пастга қараб тортиб кетаётган ердан узила олмасди. Атрофида кимлардир бир-бирига гал бермай шивирлар, бақирар, юпатар, ҳақоратларди. Бошини силаётган меҳрибон қўлни итариб ташлаган муздек совуқ, тошдек қаттиқ мушт миясига аёвсиз муштларди.

У чидамади, ортиқ чидаёлмади. Мадад излаб-излаб, қўлидаги кўзгуга тикилди. Шу ондаёқ кўзини чирт юмганча югургилади. У на ўнг кўздаги меҳрибон, тасалли ёғдираётган, на чап кўздаги нафрат отилаётган нигоҳга чидаёлмасди. Қочди, югурганча орқасига қарамасдан кетаверди. Чопиб бораётиб, қўли енгиллашганини сезиб қолди. Қараса, қўлида ҳеч нарса йўқ, бўм-бўш эди. Бўм-бўш! Шундагина кўзгуни эслади. Қани у? Қачон, қаерга ташлаб юборди? У минг эслашга уринмасин, кўзгуни на ташлаб юборганини, на улоқтирганини эслаёлмасди. Ё биров қўлидан юлқилаб олиб кетдимикан? Худди шу топда ёриқнинг икки томонидан ўзига қадалган нигоҳни эслади. Кўзгу йўқ, демак, энди ҳалиги… қўрқинчли, юрагига ваҳима солган нигоҳ ҳам йўқ. Ҳе, ҳозир ўша ғалати нигоҳ ҳақида бировга айтса, ишонмайди, қайтага устидан масхаралаб кулади. Нималар деяпсан, бир одамнинг икки кўзи айрича-айрича қарайдими? Бор-бор, чўпчагингни бурнини арта олмайдиган болакайларга айт!

Йўловчи қип-қизариб, югуришдан тўхтади. Ариқда шилдираб оқаётган сувга бетини ювди. Чўнтагидан рўмолчасини олар экан, уни юзига олиб бораётиб, чангга ботганини кўрди. Эрталаб хотини дазмол босгач, рўмолчани шимининг чўнтагига солиб қўяётганини кўрганди. Қачон чангга ботдийкин? У яна юзини ювди. Ариқдан бош кўтарар экан, шундайгина тепасида толнинг ғадир-будур танасида кўзларига қадалганча турган нигоҳни кўриб, қалққанича ортига йиқилишига бир баҳя қолди. Ўнг кўзни чап кўз, чап кўзни ўнг кўз суриб ташлашга уринаётган нигоҳ.

Йўловчи шошганича ўрнидан турди. Энди на ўнгга, на сўлга қарамасдан тўғрисидан кўз узмасдан кетаверди. Тўғрида эса уфқ қизариб борарди. Тезроқ юрмаса бўлмайди. Йўқса, манзилига ета олмайди. У хавотирланиб, тобора кичрайиб бораётган уфққа қаради. Қаради-ю, тиззалаганча кафтлари билан кўзларини тўсди. Уфқда бир жуфт кўздаги бир-бирига ўхшамаган икки нигоҳ унга қадалганча турарди. Йўловчи бу нигоҳнинг кафтларига сингиб кетаётганини сезиб-сезмасди.

2014 йил, 18-30 сентябр.