Омон Мухтор. Икки киши (ҳикоя)

Бу касалхона обрўли.
Бошқа касалхоналарда аксар тўрт киши, баъзан беш ёки олти киши палатага жойланадиган бўлса, бу ерда хоналар асосан, икки кишилик. Бир кишилик хоналар ҳам бор. Лекин уларда ётиш учун шунга муносиб даражада бўлиш ёки оз-моз ҳаракат қилиш керак.
Кўп йил турли мансабаларда ишлаб, чарчаб қолган Абдулаҳад (Абдул Аҳад) ота ўз хизматларини пеш қилишни истамас, биров билан ҳақ талашишга ҳам унинг тоқати йўқ эди. Икки кишилик хонага ётқизишганига кўниб кетаверар, ҳатто икки киши бўлгани яхши, зерикмайсан, деб доим ўзини овутарди. Касалхонага эса йилида бир ёки икки бор ётиб чиқарди.
Бу гал ҳам у одатдаги тартибда жойлашди, иккинчи ўрин бўш эди. Кеч куз пайти, касал кам эканми, сурункасига уч кун ҳеч кимни ётқизишмади.
Абдулаҳад ота “шерик”сиз кириб-чиқиб юришга ўргана бошлаган (Худо кечирсин, инсоннинг ожизлиги-да, бундан бир оз мамнуният ва ғурур сеза бошлаган) эди, тўртинчи куни…
Кун ҳам эмас, тун-алламаҳалда хона эшиги тарақлаб очилиб, чироқ ёқилиб, ҳаким ва ҳамширалар аравачада қандайдир беморни олиб келишди.
Нима бўлаётганини билгач, ўзининг уйқудан қолмаслиги-ю, бошқаларга халал бермаслик учун Абдулаҳад ота яхшироқ ўраниб, девор томон бурилиб ётди. Ниҳоят, ғовур-ғувур тинди. Чироқ ўчди. Шерик келганидан оғриниши ёки суюниши кераклиги ҳозир унга номаълум эди.
Эрталаб уйқудан турганида, янги бемор ҳали ухлаб ётарди. Бу ким, қанақа одам экан, деган савол, табиий, унинг хаёлидан кечди.
Аммо безовта қилмасликни ўйлаб, шовқинсиз ювиниб-кийинди. Кейин, боғ-ҳовлига чиқиб кетди. Очиқ ҳавода бир соатдан кўпроқ айланиб, нонушта қилгани ошхонага кирди.
Касалхонада ҳар бир палата эшигига келган беморнинг биринчи кунданоқ исми-шарифи ёзиб қўйиларди.
Нонушта қилиб бўлиб, у хона эшиги олдига келганида “А.Солиев” деган ёзув ёнида “Ш.Маҳрамов” деган янги ёзувни кўрди.
Бирдан ғалати ҳолатга тушди.
“Наҳотки, бу Ширин Маҳрамов бўлса?..”
Шошиб ичкари кирди.
Янги бемор бошини чойшабга ўраб, ҳамон ётар эди.
Тумбадан тоза сочиқни олиб, муолажадан ўтгани чиқиб кетди. Ярим кун ўзи муолажа билан банд, хаёли Маҳрамовда эди.
Улар иккиси бири-бирига алоқадор икки идорани бошқаришарди. Маҳрамовнинг яхши хислатлари бор. У ишнинг кўзини билар, тўғри ишлаб, хизматчиларни тўғри ишлата оларди. Қўли остидагиларга ҳар томонлама ёрдам берарди. Уларни шахсан сўкса, сўкарди, биров камситиб-топташига йўл бермасди. Бироқ унинг ёмон одати ҳам бор. Тенг даражадаги кишилар даврасида ўзини ҳаммадан юқори тутар, кимдир ғурурланса, ғаши келар эди. Хунук жойи, кейин минг хил йўл топиб, ўша кишининг асабини ўйнатар, бундан алланечук роҳатланарди ҳам. Масалан, Солиевга аввалдан шундай ўчакишиб, идоралараро “хатбозлик”да Солиевнинг исмини ҳар гал бирдек Абдулаҳад (Абдул Аҳад) эмас, Абдуллаҳат (Абдул лаҳат) деб ёзишга тушган эди. Юзма-юз келганда фақат бир марта шу ҳақда гап чиқди. Маҳрамов гўё хатга имзо чекмайдигандек, қизлар хато қилгандир, деб қўйди. Лекин икковлари ҳам ишдан кетгунларигача ўшандай хат ёздириб юрди.
Албатта, Абдулаҳад ота вақтида озор чекканига қарамай, Ширин Маҳрамов билан (агар “шерик” у бўлса!) бир хонада туришга норозилик билдирмоқчи эмасди. Эски гапни эслаб, ҳозир ортиқча бўғилаётган ҳам эмасди. У бошқа нарсани ўйлаётган эди.
Энг аввал, ҳол сўрайди. Шундан сўнг, биродар, халқда “ўтди умрим, во-дариғ” дейишади, иккимизга ҳам нари томон кўриниб қолди, бу дунёнинг ғалвасини у дунёга олиб бормаган дуруст, келинг, мен сизни кечирдим, сиз ҳам ўтганни унутинг, бошқалар олдида беш-ўн кун яхши шерик бўлиб турайлик, мазмунида босиқ сўзлашади. Абдулаҳад ота ҳар ҳолда, шундай қилмоқчи эди.
Муолажани тугатиб, қайтиб палатага келса, янги бемор йўқ. Дори олиб кирган ҳамширадан беихтиёр сўради:
— Бу бизнинг шерик қаёқда экан?
— Оғир тортиб қолдилар. Реанимация! — деди ҳамшира.
Абдулаҳад ота роппа-рост уч кун (энди “шерик”сиз эканлиги ҳам татимай) ундан бир хабар олсаммикан, деб ўйлаб, нотинчланди. Бир неча бора, боғ-ҳовлини айланаётиб, “Реанимация бўлими” томон йўналган ҳам бўлди. Аммо Маҳрамов бадгумонлик қилиб, ҳа, менинг ўлган-ўлмаганимни текиширгани кирдингизми, деб юборса-чи?! Бунақа “наштар”ни энди Абдулаҳад ота кўтарадиган ёшда эмас! Ўзини ночор-ноилож қолгандек сезиб, азоблангандан-азобланди.
Уч кундан кейин…
Яна тун-алламаҳалда Маҳрамовни аравачада олиб келишди. “Реанимация бўлими”дан палатага ўтказишган эди.
Яна эрталаб Абдулаҳад ота бемор билан юзлашолмади. Яна у муолажани тугатиб хонага келганида, Маҳрамов йўқ эди. Бу гал чойнак-пиёла, дегандек хонада Маҳрамовга тегишли бирон нарса ҳам йўқ эди.
Топ-тоза янги ўрин тўшалган эди.
Ҳамшира дори олиб кирди.
— Эй дунё шу экан! — деди хўрсиниб, ёши йигирмага бориб-бормаган қиз аллақачон дунёнинг тагига етган оҳангда.
Абдулаҳад ота гангиб туриб қолди.
— Исми нима эди?
— Маҳрамовними? Шавкатми? Шуҳратми?
— Ширин эмасми?
— Эсимда йўқ. Хоҳласангиз, ҳали ҳужжати ётибди, кўриб беришим мумкин.
Абдулаҳад ота ўйланиб қолиб бош чайқади:
— Шарт эмас!