Ўлмас Умарбеков. Қиёмат қарз (ҳикоя)

Сарсонбой ота район марказига келганда, қуёш ердан эндигина чўгири тилимидек кўтарилган эди. Ким билади, ҳали эрта бўлгани учунми ё совуқ тушиб, бозор-ўчар қиладиганлар камайиб қолганиданми — одам сийрак, бозор кунлари бўладиган ғала-ғовур, тўполон йўқ. Чол ичида хурсанд бўлиб қўйди: «Ҳа, тузук, бу гал кечикмадим. Авжи бозор».
У шундай деб, отнинг жиловини тортди. Қулоқларини осилтириб тин олаётган тўриқ, худди шуни кутиб тургандек пастга, дарё томонга йўрғалади. Бу жойларни у эгаси каби яхши билади. Улғайиб, устига эгар урилибдики, ҳар якшанба куни бутун Ҳисорни ошиб, шу ерга келади. Тор тахта кўприкнинг ёнига омонатгина қурилган чойхона этагида тўхтайди. Дарёнинг сел ювиб, бесўнақай кенгайган шу ери уруш йилларидан бери — кеч куздан эрта баҳоргача — бозор. Чор атрофдан йиғилган йигитлар фронтга шу ердан жўнашган. Устунлари чириган чойхона ҳам ўша серташвиш йиллардан нишона…
Сарсонбой ота отини илгарилари шу устунлардан бирига боғлаб қўярди. Ўзи эса, ё бозор айланарди, ё пешингача чойхонада ўтирарди. Бозор тугагач, пешин намозини ўқиб, изига қайтарди. Тўриқ узоқ вақтгача бунга кўниколмади, бир-икки марта, ҳатто тизгинни узиб қочди, бутун бозор аҳлини сарсон қилди. Бир-икки марта эса, ярим йўлда тихирлик қилиб, оёғини тираб туриб олди, бўлмади. Қамчи еди. Энди кўникиб қолди. Сарсонбой ота энди уни боғламайди ҳам. Отнинг ўзи шундай устун тагига келиб, унинг тушишини кутади-да, кўзларини юмиб, кейинги бир оёғига дам берганича, жойидан қимирламай тураверади…
Бу гал ҳам шундай бўлди. Сарсонбой ота устун тагида отдан тушиб, чойхонага кириб кетди. Тўриқ оғир хўрсиниб, атрофига қаради. Кўприк тагида бир тарғил сигир совуқдан туклари ҳурпайган бузоғини эринчоқлик билан яларди. Тўриқ унга қараб туриб, зерикди. Эснади-да, кўзларини юмди.
Сарсонбой ота катта кўзи синган дераза ёнига чўккалади. Чойхона қурилибдики, шу жой уники. Биров ўтирган бўлса ҳам у келганда бўшатиб беради. Шу ердан бозор майдони яхши кўринади, кўприкдан ўтаётган бирор одам ҳам хато кетмайди, ҳаммаси кўздан ўтади.
— Ҳа, Сарсонбой, омонмисан? — деди чойхоначи чой келтириб қўяр экан. — Яна келибсан-да?
— Нима, сенга оғирлигим тушдими? — тўнғиллади Сарсонбой ота офтоб сарғайтирган сийрак қошларини чимириб.
— Жазиллама. Азбаройи ачинганимдан гапираман. Кутгандан ёмон нарса йўқ.
Сарсонбой ота жавоб бермади. Унинг бугун гўё ниятига етадигандек кайфи чоғ эди, лекин ўртоғининг гапи билан кўнгли бузилди. Бир: «Сенинг нима ишинг бор? Чойингни сотсанг-чи!» — демоқчи ҳам бўлди, тили бормади. Мадумар аканинг гапида жон бор эди. Ўғлидан қорахат келганидан кейин бечора ўн йил кутди. Хатсиз, хабарсиз хотини фарзанд доғида адо бўлай деди. Ўзи эса, чўп бўлиб қолди. Охири чидолмай аза очди. Эрмаги — чойхона.
Мадумар аканинг бугунги гапида чиндан ҳам жон бор эди. «Азбаройи ачинганимдан гапираман…» Наҳотки, унинг аҳволи ачинарли бўлса?! Сарсонбой ота шундай ўйлади-ю, юрагини нимадир тимдалаб кетгандай бўлди. Лаблари титраб, тупроқдек сарғайган соқоли тортилди. Нимадир томоғига келиб тиқилди. Бўшашиб кетаётганини сезди-да, ўшқирди:
— Аҳмоқ, кутсам сени кутаманми? Сенга азроилдан бошқаси орзуманд эмас! Қаёқдан мулла бўлиб қолдингки, менга ўргатасан?!
— Жазиллама, — илжайди Мадумар ака. — Ҳар бозор башарангни кўрсам, кўнглим айнийдиган бўлиб қолибди. Қир-пирингда подангни боқиб юравермайсанми? Керак одам ўзи топиб олади сени. Тағин ўзинг биласан. Менга деса шу ерда ётиб ол. Йўлда якка ўзингсан, тағин ўлиб-нетиб қолмагин дейман-да, бетамиз!
— Ўлсам бир мусулмон топилар кўмгани, — деди ўзини босиб олиб Сарсонбой ота. — Сендан Худо ўзи сақласин. Чойдан урган — кафандан ҳам уриб қоласан.
— Шундай демайсанми? Мана, янги дамладим. Ич заҳарингга!
Мадумар ака янги дамланган чойнакдан чой қуйиб, ўртоғига узатди, одам кам бўлгани учун ўзи ҳам ёнига ўтирди.
— Ҳеч гап эшитмадингми? — сўради жиддий оҳангда Сарсонбой ота.
— Эшитсам, шу заҳотиёқ сенга одам юборардим, эшитмадим…
Орага жимлик чўкди. Мадумар ака ўзини ноқулай сезиб, ичкиси келмаса ҳам хўриллатиб бир-икки чой ҳўплади.
— Зеби қалай? Юрибдими?
— Тузук, — деди Сарсонбой ота деразага бир қараб қўйиб. — Бугун зўрға юборди. Бу ёққа келишимни билиб, ярим кечада отни далага ҳайдабди.
— Сўкмадингми? — хавотирланиб сўради Мадумар ака.
— Йўқ, у шўрликка ҳам қийин. Энди сўкмайман.
— Сўкма. Бечоранинг сендан бошқа кими бор?
— Сўкмайман. Лекин… — Сарсонбой ота бирдан қиқир-қиқир кулиб юборди.
— Ҳа? — ҳайрон бўлди Мадумар ака.
— Сўкмайман-у, лекин отни ҳайдаб нима қилади? Пиёда бўлса ҳам келишимни билади-ку! Бунинг устига тўриқ йўталимни эшитса, олдимга югуриб келади. Шуни билади, нима қилади ҳайдаб?
— Ҳа, энди ачинади-да, — деди Мадумар ака ҳам кулишга ҳаракат қилиб.
— Мен ачинмайманми? Мен ҳам ачинаман унга. Ёлғизлик ёмон. Буни ўзинг ҳам биласан. Лекин начора? Қиёмат қарз бу. Қарз билан гўрга кирмоқчи эмасман. Тушуниши керак-да. Иннайкейин…
— Ассалому алайкум-м-м!..
Одамлар кирди. Гап узилди. Мадумар ака ўрнидан турди.
Кўп ўтмай, бозорнинг одатдаги ташвиши, тўполони бошланди. Болаларнинг қий-чуви, сигир-бузоқларнинг маъраши билан даллолларнинг «Бор барака»си қўшилиб, яқингинада осойишталик ҳукм сурган қақроқ дарёга баҳор тошқинидек жон кирди.
Сарсонбой ота яна деразага тикилди. Кўприк ўтган-кетганнинг кўплигидан худди туядек лапангларди. Ўшанда ҳам шундай лапанглаб турган эди.
…Ўғлини кузатганда ҳам, Ҳайдаралини кузатганда ҳам…
Лекин унда одамлар бир томонга қараб юрган эдилар. Ўшалардан кўпи шу кўприқдан қайтиб ўтмади, бири ўлди, бири бедарак кетди. Ўғлидан ярим йил ҳеч қандай хабар бўлмай, бирдан қорахат келди. Ўшанда у пода билан Узумлида эди. Қўйларни сойнинг нариги соҳилидаги ўтлари эндигина ниш урган ялангликка ҳайдаб, ўзи нураб-нураб деворларигина қолган Тошқалъа тагида ўтирарди. Кун тик келганда тушлик қилмоқчи бўлиб, хуржундан сузма олганини билади, қишлоқ томондан аёл кишининг уввос солиб йиғлагани эшитилди. Йиғи тоғдан акс-садо бериб, шундай қаттиқ жарангладики, Сарсонбой ота чўчиб кетди. Ўрнидан туриб, пастга қаради. Сочлари тўзғиган бир аёл сой ёқалаб, юзини юмдалаб келарди. Сарсонбой ота аввал танимади. Пастроқ тушди. Шунда унинг ҳаво ранг кўйлагидан таниди. Таниди-ю, юраги шиғ этиб кетди.
— Зеби! Мен бу ёқдаман. Зеби, ҳой! — деганича пастга отилди.
Зеби хола уни кўриб, ўзини тутолмай, ўкраб юборди.
— Нега бўкирасан?! Нима бўлди? — Сарсонбой ота уни билакларидан ушлаб тортқилади.
— Ғофур… Ғофуржон… — Зеби хола гапиролмади, ҳўнграганича қўлидаги қоғозни эрига узатди.
Сарсонбой ота кичкина кўк қоғоз парчасини кўриб, ҳаммасига тушунди. Мадумар, ака ҳам ўғлидан шундай хат олган эди… Сарсонбой ота ўқимади, қўл-оёғи муз бўлиб, турган жойида қотиб қолди. Худо унга бир фарзанд берган эди, шуни ҳам кўп кўрди.
Ҳайдарали эса, отасидан бир ой кейин жўнаганича, бедарак кетди. Ўғлининг ўртоғини ўзи районгача кузатиб борди. Кузатадиган унинг бирон кимсаси ҳам йўқ эди.
Жўнайдиган куни Ҳайдарали эшак аравага ортиб, иккита қўй олиб келди. Шунда Ғофурдан қорахат келганига йил бўлган эди.
— Амаки, шулар сизда турсин, — деди ийманиб. — Дадам қўйни яхши кўрар эдилар. Қайтганларида тўй-пўй килардик… Агар малол келмаса…
— Хўп, бўтам, — деди Сарсонбой ота. — Сурувнинг ичига қўшиб юбораман. Малол келадиган жойи йўқ.
Кўприк устида худди ўғлини кузатаётгандек Ҳайдарали билан хайрлаша туриб, бутун вужудини титроқ босди.
— Омон бўл, бўтам! — деди-ю, ёшланган кўзларини кўрсатмаслик учун хотини нималардир солиб берган тугунни юзига тутиб узатди. — Холанг берди, ол.
— Раҳмат.
— Имкони бўлса, Ғофурнинг мозорини бир зиёрат қилиб ўт. Исталинградда.
Шовқин-сурон ичида айтилган бу гапни Ҳайдарали эшитдими, йўқми, Сарсонбой ота билмайди, ҳар ҳолда, унинг бош қимирлатиб, нималардир деганини кўрди.
Мана, шунга йигирма йилдан ошиб кетди. Ҳайдарали на унинг ўғлини бориб кўрди, на ўзи бирор хабар юборди. Ташлаб кетган иккита қўйи қирқтадан ошди. Бошқа қўйларга аралашиб кетмасин, келиб қолса топиш қийин бўлади, деб Сарсонбой ота ҳаммасининг бўйнига қизил латта боғлаб чиқди. Лекин келмади. Тирикми, ўлганми — ҳеч ким билмайди. Сарсонбой отанинг бормаган идораси, суриштирмаган одами қолмади. Фамилияси, адресини билмагандан кейин топиш осон бўлармиди?
— Сарсонбой, шу энди, ҳар қаёққа бориб, ўзингни сарсон қилма, — маслаҳат берди ошналардан бири.
— Шундай жаҳаннамдан омон қайтган одам қачонги иккита қўйни суриштириб келармиди?! Худога шукур, тўқчилик. Қўй керак бўлса, бозор тўла. Сен яхшиси, бозорга бор. Танийсан-ку, тирик бўлса, шу ерда бўлса, кўриниш беради.
Бу гап Сарсонбой отага маъқул тушди. Шундан бери битта ҳам бозорни канда қилмай қатнайди. Бошқа кунлари қўй боқиб, тоғма-тоғ, дарама-дара юради. Ҳориб-чарчаб, ҳафта охири уйига қайтади. Раис бир неча марта: «Бўлди, энди, ота, шунча ишладингиз, етар. Энди, ёшлар ишласин!» — деди, лекин Сарсонбой ота қулоқ солмади. Қандай қилиб қулоқ солсин. Ҳайдаралининг қўйларини барибир боқиши керак-ку? Етти ёт бегона одамнинг подасини ким боқарди? Боқса ҳам қандай боқарди?
Лекин қарилик, қарилик экан… Илгарилари ҳафталаб оёкда турса ҳам чарчамасди, энди ярим кунда мадори қурийди, ўтиргиси келиб қолади. Бир куни Узумлининг тепасида шундай ҳориб ўтирган эди, сойдан ўқ овози эшитилди. Тағин бирорта қўйни отиб қўйишмасин, деб пастга тушди.
Арчаларга чирмашиб кетган токнинг тагида тўрт-беш йигит харсангнинг устига шиша қўйиб отишарди. Чолни кўриб, биттаси гап отди.
— Бобой, бу нима, какликнинг ҳаммасини отиб, тузлаб қўйганмисизлар? Биттаям кўринмайди-ку?
— Каклик ови қишда бўлади-да, бўтам. Ов қилгани келувдингларми?
— Ҳа, бир бош оғиб келувдик. Шу томонда каклик бўлади, дейишувди.
— Бўлади, кўп бўлади, лекин қишда бўлади.
— Бобой! — қичқирди арча тагида ўтирган бир йигит. — Қани, бу ёққа келинг. Манавидан бир ичиб юборинг биз билан.
Йигит пиёлани тўлатиб, ароқ узатди.
— Ичмайман, бўтам, — деди жилмайиб Сарсонбой ота. — Ҳеч ичган эмасман.
— Бир ичиб кўринг. Кейин гап бор, — қистади йигит ва гандираклаб унинг олдига келди. — Олинг.
— Ичмайман, бўтам, — деди Сарсонбой ота пиёлани итариб. — Ҳар қанча гапингиз бўлса гапиринг, эшитаман, лекин ичмайман.
— Майли, зўрлама отани! — деди милтиқ ўқлаётганлардан бири.
— Бўлмаса, ўзим олдим, — йигит пиёлани сипқириб, енгига уҳлади-да, деди. — Бобой! Ов баҳона бир дам олгани чиқувдик-да, бу ёққа. Қўйдан биттасини сотинг. Шу ерда у-бу қилиб кетайлик.
Сарсонбой ота бошини қуйи солиб, жим қолди. Кейин хижолатлик билан жилмайди:
— Аттанг, бўтам, сотолмайман-ку. Меники эмас. Қишлоққа ўтсангиз, ҳар бир хонадондан топишингиз мумкин. Мен ўзим ҳам бераман. Булар омонат. Бўлмаса, қўй сизлардан айлансин!..
— Шундай денг?
— Ҳа, шундай, бўтам.
— Ҳозир биттасини ўзимиз тутиб олсак-чи? — йигит илжайди.
— Ундай қилмайсиз. Омонат дедим-ку, бўтам.
— Жуда зиқна экансиз-да! — йигит аччиғланди. — Битта қўй нима, одамдан ҳам азизми? Акбар?
— Нима дейсан? — деди йигитлардан бири.
— Юр, биттасини тутиб келайлик. Раисга ўзимиз жавобини берамиз.
Йигитлар тош қалъа томон йўл олишди.
— Тўхтанг! — қичқирди Сарсонбой ота. — Мусулмон боласимисизлар, меники эмас, дедим-ку! Эгаси йўқ бу қўйларнинг. Урушда бедарак кетган, йигирма йилдан бери боқиб юрибман… Инсоф борми?
Йигитлар тўхтаб қолишди, кейин битта-битта орқага қайтишди.
— Кечиринг, ота, билмадик, — деди кимдир.
Сарсонбой ота индамади. Унинг рангида қон қолмаган, лаблари титрарди.
— Узр, бобой!
Сарсонбой ота яна чурқ этмади. Кейин оҳиста-оҳиста қадам ташлаб, қалъа томон кетди.
Шу воқеани Мадумар акага куюниб айтиб берганида, у анча ўйланиб қолди. Кейин деди:
— Хафа бўлма, бир гап айтаман.
— Хўш?
— Шу қўйларни колхозга бер, яхшиси. Ўзингни қийнама. Сенда бўлди нима-ю, колхозда бўлди нима. Колхоз еб кетармиди? Ҳайдаралинг келса, қайтариб беради.
Сарсонбой ота жавоб бермади.
Мана, ҳозир ҳам у бозорга тикилиб ўтирар экан, ўртоғининг шу маслаҳати хаёлидан кўтарилмас, лекин нима қилишини билмасди. Кун тиккага келганда бозорда одам сийраклашди. Моли сотилмаганлар, томошага чиққанлар қолди, холос. Сарсонбой отанинг эрталабки кайфи чоғлиги йўқолди: Ҳайдарига ўхшаган бирорта одам бу гал ҳам учрамади.
«Наҳотки, ўлган бўлса? — бу даҳшатли фикр чолнинг хаёлига келди-ю, қўрқиб кетди. — Йўқ, шунча ўлим бўлиши мумкин эмас. Бедарак кетганларнинг кўпи келди-ку, ажаб эмас, у ҳам келса. Тўй қилмоқчи эди. Баҳона билан мен ҳам тўй кўриб қолардим. Ўзим қилиб берардим, тўйини…»
У шундай хаёллар билан яна анча ўтирди. Бозор тугади. Деярли ҳамма тарқалди. Ошхона томондан паловнинг ҳиди кела бошлади. Аммо чол жойидан қимирламай ўтираверди.
— Сарсонбой!
Сарсонбой ота ўзига келиб, ўгирилди. Тепасида Мадумар ака турарди.
— Бўлди энди. Мен айтган ишни қил. Чўп бўлиб кетасан-ку, ахир бунақада.
Сарсонбой ота индамади. Маҳсисининг қўнжидан бир сўм чиқариб, лаганчага ташлади-да, ўрнидан турди.
— Кетасанми? Ош дамладим, еб кет.
— Келаси гал. — Сарсонбой ота каравотдан тушиб, эшикка йўл олди. — Хайр!
Эшикка чиқиб, нимадир эсига тушди шекилли, қайтди.
— Наҳотки, сен ҳам тушунмасанг?! Ўзим олиб қолганман, ўзим, ўз қўлим билан қайтаришим керак…
Мадумар ака жавоб қилмади. Фақат ўртоғи чиқиб кетганда:
— Зебига салом айтиб қўй! — деб қўя қолди.
Қиров босган тўриқ эгасини кўриб, қулоқларини чимирди. Эркаланиб, бошини бир-икки силтади-да, зинага яқинлашди. Сарсонбой ота эгарга чаққон миниб, жиловини қўлига олди:
— Кетдик.
Тўриқ таниш йўлдан илдам йўрғалаб кетди. Унинг юришида ҳам эгасининг дилидаги каби бир умид бор эди.
1976

Ҳикоянинг аудиоверсиясини сақлаб олинг.