Ўлмас Умарбеков. Қайтар дунё (ҳикоя)

Яқинда юз берган бир воқеа сабаб бўлиб, отамни эслаб кетдим, уни бевақт ўлимга олиб келган кулфат, касалманд онам бошлиқ оиламиз чекига тушган оғир кунлар тўғрисида ўйлаб, юрагимдаги жароҳат янгиланди.
Отам асли паркентлик, уч ака-уканинг кенжаси эди. Кенжалиги туфайли отасидан, яъни бобом Дўсимбек полвондан қолган уйда турар, амакиларим эса шу уйнинг икки қанотидан ўзларига ҳовли-жой қилиб олишган эди. Қариндош-уруғларнинг айтишларича, отам ҳам, амакиларим ҳам инқилобдан олдин, ўша давр шароитига чақиб айтганда, ўзларига тўқ яшаган эканлар, ҳар бирининг битта-иккитадан сигири, беш-ўнтадан қўйи бўлган экан, ота касблари деҳқончиликда эса бутун қишлоқнинг уларга ҳаваси келар экан. Ҳар йили ширинлигидан тилни ёрадиган бозорнинг олд қовун-тарвузи уларники бўларкан. Қурбилари етганиданми, ё тасодиф ёрдам бердими, икки амаким уйларининг томини оқ, ялтироқ тунука билан ёптириб олишган экан. Уста ўзбек бўлмаса керак, баланд томдан йўлкаларгача тушган оппоқ тарновларнинг тепасига биттадан тунука хўроз қоқиб қўйибди. Бундай хўрозли тарнов Паркентда бошқа йўқ экан.
Амакиларимни мен кўрмаганман. Отамдан, ҳали айтганимдек, қариндошларимиз ҳикояларидан биламан. Ҳамма уларни ҳурмат билан полвон, дер экан. Шу жумладан, отамни ҳам. Билишимча, гап фақат ҳурматда эмас эди. Отамни кўрган одам уни чиндан ҳам полвон дерди. Бўйи баланд, кўкрак, елкалари кенг, қадам босганида, ер гурсилларди. Бир тўйда қоп-қоп унни устма-уст гарданига қўйиб, болахонага олиб чиққанини ўзим кўрганман. Амакиларим отамдан ҳам тикроқ, йўғонроқ экан. Уларни «полвон» дейишларига яна бир сабаб бор эди. Муҳтожлик сезганда, Тошкентга бориб, жанггоҳда кураш тушиб келишар экан, шу билан, кам-кўстларини бутлаб олишар экан. Қанчалик рост, билмайман, лекин айтишларича, амакиларимнинг кураш тушиб елкалари ерга тегмаган. Фақат бир марта, катта амаким машҳур Саксовул полвонга ўзи йиқилиб берган экан. Ўшанда Паркентда оқ тунука Саксовул полвондан йиқилгани эвазига, деган гап тарқалган экан. Бу, албатта, шунчаки миш-мишлардан. Лекин катта амакимнинг Саксовул полвондан йиқилгани рост. Шундан гап очилганда, отам тутақиб кетардилар: «Тунукани Саксовул полвон олиб келиб берган бўлса бергандир. Билмайман. Аммо-лекин акам шу тунукани деб йиқилмаганлар. Ердан даст кўтариб Саксовулга қарасалар, кўзлари ёшмиш. Раҳмлари келиб, шундоқ устиларига ташлабдилар-қўйибдилар!»
Лекин офтобда кўзни қамаштириб, олис-олисдан ялтираб кўринадиган шу оқ тунука томли, синч девор уйларда узоқ яшаш амакиларимга насиб қилмади. Тўнтариш шамоли Паркентни ҳам алғов-далғов килиб юборди. Халқ иккига ажраб кетди. Ўз қўли, меҳнатига ишонган амакиларимга ошиқча мол-мулк керак эмас эди, ярим оч яшашни ҳам исташмасди. Шунинг учун у томонга ҳам, бу томонга ҳам ўтмай, ўз ишлари билан юраверишди. Аммо бу кўпга чўзилмади. Йигирма учинчи йили кечаси дон-дун қидириб тоғдан тушган қўрбошининг йигитлари билан олишувда катта амаким, Тўлаганбек полвон ҳалок бўлди. Йигирма тўққизинчи йилда Қоплонбек амакимнинг ҳам бошига ташвиш тушди. Ўз ерида қовун узиб турган пайтида қишлоқ активи ва милиция келиб, уни қамоққа олди. Отам ўшанда оёғига эски маҳси тортиб, оғилхона томига қамиш босаётган эканлар. Эшитибдилар-да, маҳсида милиция идорасига югурибдилар. Аммо у пайтда ким кимга қулоқ осарди? Ҳамма ўзича ҳақ эди. Бунинг устига камдан-кам одамда иккита сигир, ўнта қўй бор эди. Мардикор ишлатмай, ўз хўжалигини ўзи тебратиб келган амаким колхозга кирмагани, шунча қорамоли бўлгани учун қулоқ қилиниб, мол-мулки, уй-жойи колхозга ўтиб кетди. Ўзи, хотини, иккита боласи билан Украинадаги Николаев деган шаҳарга сургун қилинди. Ўша томонда амаким картошка, ерёнғоқ экишни ўрганади. Дарёнинг қирғоғида шоликорлик қилади. Унча-мунча пахта ҳам экиб туради. Уч-тўрт йил деганда янги шароитга кўникиб, турмушини тузатиб олади, таниш-билиш орттиради. Меҳнаткашлиги, миришкор деҳқонлиги маҳаллий халққа ёқиб, анча обрў-эътибор қозонади. Отамга унинг охирги хати урушнинг иккинчи йили келиб теккан. Партизан отрядидан ёзган экан. Урушдан кейин отам уни кўп қидирдилар. Ҳатто Николаевга бориб ҳам келдилар. Аммо на ўзидан, на оиласидан дарак топилди. Ҳатто уйидан ҳам нишон қолмаган эди. Қариндош-уруғ, таниш-билишлар жаноза очишни бир неча бор маслаҳат беришди. Отам кўнмадилар. Биронтасининг дараги чиқиб қолса, ё ўзи кириб келиб қолса, кўзига қандай қарайман, деб туриб олдилар. Орадан, мана, шунча йил ўтиб кетди, аммо ҳеч қандай дарак чиқмади. Баъзиларнинг тахмини бўйича, Николаевда қолган барча болаларни Германияга ҳайдаб кетишган, аёлларни хуторларнинг ўзида отиб ташлашган. Баъзилар эса бомбардимон пайти ҳаммалари ҳалок бўлишган, бўлмаса уйлар битта қолмай вайрон бўлмасди, дейишади. Амаким ҳақида яна бир тахмин юради. Гўё, немислар келиши билан уларга қўшилган эмиш. Улар билан бирга кейин Германияга ўтиб кетган эмиш. Сайёҳ бўлиб борганлар уни кўрганмиш. Лекин ҳеч ким отамнинг олдида, бизнинг олдимизда бундай деган эмас. Амакимнинг бирон жангда ҳалок бўлгани ҳақиқатга яқин эди. Лекин қайси жангда, қаерда, қачон? — ҳеч ким билмайди.
Отам амакимни оиласи, рухсат берилган икки бўғча юки билан темир йўлга кузатиб келган кунлариёқ, ярим кечада арава қўшадилар, ойимни, етти яшар опамни ўтқазиб, Тошкентга йўл оладилар. Уйдаги бирон нарсага тегмайдилар, оғилхонада сигир-бузоқ, қирда қўйлар қолганича қолади. Нега ҳеч нарса олмадилар, қанча сўрамайлик, ҳеч қачон отам аниқ бир жавоб берган эмаслар. Назаримда, у кишининг бу ишида тобуткаш, бир лагандан ош еб келган ҳамқишлоқларига зардаси, бегуноҳ, қишлоқнинг бирон маъракасидан қолмайдиган, оч-яланғочга доим ёрдам қўлини чўзиб келган акасига ачиниш бор эди. Балки хато қилаётгандирман? Балки янги ҳокимиятдан норози бўлганларидан шундай иш тутгандирлар? Лекин отамни яхши билганимдан бунга қўшилишим қийин. Ўлимларигача бошларига не-не
кунлар тушмасин, отам ҳукуматга норизолик билдирганлари йўқ.
Хуллас, қуп-қуруқ аравада уч киши тонгги ғира-ширада бобомнинг синглиси, аммамизникига кириб келишади.
Аммам Тошкентнинг Миробод маҳалласига, зиёлилар хонадонига келин бўлиб тушган, эри, қайнотаси ёнида ўқитувчилик қиларди. Қайнотаси ўша даврдаги илғор фикрли зиёлилардан бўлиб, асрнинг бошида ота-бобосидан мерос қолган ичкари-ташқарилик катта ҳовлининг ярмини ажратиб, янги усулда мактаб очган эди. Мактабда фақат ўғил болалар эмас, қиз болалар ҳам бепул ўқитиларди. Аммам шу қизларга раҳбарлик қилар, бундан ташқари ҳамма синфларда ўзбек тилидан дарс ўтарди. Учинчи синфни битиргунимча, мен ҳам унинг қўлида ўқиганман. Аммамнинг оламдан ўтганига ярим аср бўлганига қарамай, мен ҳамон уни яхши эслайман. У ҳам отамга ўхшаб новча, бурни катта, аммо ўзига ярашган эди, йирик кўзлари доим кулиб турарди. Бўйи, жуссасига яраша, овози ҳам бардам эди, шошмасдан, сўзларни дона-дона қилиб гапирарди уни эшитганимда, кўз олдимда ғалати бир манзара жонланарди: кенг, бепоён чўл. Бўйниларига кўнғироқ осилган қатор туялар карвони битта-битта босиб келаяпти… Бу манзарани эслатадиган, у ўргатган бир шеър ҳалигача эсимда:
Бу на кун бўлдиким, қулоқ кар, тилим лол,
Рус лисонин билмайин кўзимиз мўлтир-мўлтир.
Миллат бари арбокашдир, ё ҳаммол,
Афти-ангори қаро, кийгани жулдир-жулдир…
Аммам, унинг қариндошлари қочоқларни яхши кутиб олишди. Дарров битта хона ажратиб беришди. Қудабобонинг таклифи билан отам ўз от-араваси билан мактабнинг хўжалик ишларини қиладиган бўлди. Кейин у шу мактабда қолиб кетди. Умрининг охиригача хўжалик ишлари мудири бўлиб юрди.
Орадан кўп вақт ўтмай отам шу маҳалланинг этагида бўш ётган ерни сотиб олди. Отасидан қолган беш ғиштлик машҳур полвон қолипда ўзи ғишт қуйиб, иморат солди. Ҳавас қилиб қўйганиданми, ё ўртанча амакимни қулоқ қилганларга ўчакишганданми, ўртасига катта айвон тушган икки хонали уйнинг томини — қаердан топди, билмайман — оқ, ялтироқ тунука билан ёптирди. Айвоннинг чеккаларидан тушган иккита тарновнинг тепасига иккита тунука хўроз ҳам қоқтириб қўйди.
Мен шу уйда туғилганман. Унинг ҳар бир ғишти, ҳар бир ёғочи менга азиз ва қадрдон эди. Нонқути, идиш-товоқлар териб қўйилган кенг ва баланд токчалар, иккала хонанинг тўридаги гулли дорпечлар билан тўсилган тахмонларни ҳозир ҳам кўриб тургандекман. Ҳар куни эрталаб ўринларни йиғиштириб шу тахмонларга тахлаш опамнинг бўйнида эди. Кўрпаларни кўтарса ҳам, бечора, тўшакларга кучи етмасди. Мени чақирарди. Иккаламиз инқиллаб-кучайиб йиғиштирардик. Мен уялардим, хотинларнинг иши, деб. Қочардим. Опам ҳовлини бошига кўтариб, орқамдан қувларди. Тутолмаса, айвоннинг остонасига ўтириб олиб, кап-катта, бўйи етган қиз йиғларди. Ориқ, касалманд ойим аралашганларидан кейингина қарашардим. Ойимнинг шу уйдалик пайтлари хотирамда қолган. Қишда айвоннинг ўртасига қуриладиган танча ёнида ўтирувдилар, ёзда остонага яқин жойда. Олдиларида доим сариқ самовар шақиллаб қайнаб турарди.
Уруш бошланишидан бир-икки ой олдин ҳовлимизнинг ўртасидан водопровод ўтди. Одам зўрға ҳатлаб ўтадиган зовур қазилди. Қулочга сиғмайдиган қувурлар ётқазилди. Отам ишчилар билан гаплашиб, ўзимизга ҳам водопровод ўтказиб олдилар. Уруш бошланган куни сув келди. Мен бунақа ширин, муздек сувни сира билмайман. Нима учун бизнинг ҳовлимиздан ўтказилганини ҳам билмайман. Ўтказишди-ю, зовурларнинг устини ёпиш эсларидан чиқиб кетди. Қувурлар очиқ қолди, ёздан келаси йили эрта баҳоргача ҳовлида тоғ-тоғ бўлиб, тупроқ уюлиб ётди. Отам бир неча марта турли идораларга бориб келдилар. Ҳеч ким ёпишни ўйламади. Ёмғиргарчилик тугаши билан ўзлари ёпдилар. Ҳовли яна очилиб кетди. Сувнинг таърифи маҳаллага ёйилди. Қўни-қўшнилар овқатга, чойга бизникидан сув олиб кетадиган бўлишди. Ёз кунларининг бирида, ўқишдан келсам, ойим водопроводни шарқиратиб очиб, тагида ўтирибдилар. Мени кўриб уялиб кетдилар.
— Паркентдан кетганимиздан бери оқар сувда чўмилгим келарди. Босими яхши экан, худди дарёга ўхшайди.
Ҳали-ҳали кўриб тургандекман, ойимни сўлғин кўзларида орзуси ушалган одамнинг илиқ табассуми, таскини бор эди.
Ойим, отам сингари одамларнинг арзимаган нарсадан тиним, қувонч топганини шу воқеаларни менга эслатиб юборган, оиламизнинг кулфатларига сабабчи бўлган киши умрида бирон марта кўрганмикан? Шундай тиним, қувончлар ўша одамлар учун чинакам бахт бўлганини тасаввур қилганмикан? Ё ўз ниятлари йўлида ҳаммани хор қилиб, устидан босиб, топтаб кетаверганмикан? Шундай кишиларнинг чанқаганга бир пиёла сув, очқаганга бир бурда нон берганини, ўлим чиққан уйдан бориб ҳол сўраганини билмайман…
Аввал мен уни танимадим. Ўттиз йилдан зиёд вақт ўтган, унутган эдим. Кейин кўримсиз эди. Ранги ҳам бузуқ эди, эндигина захдан чиққан қурбақанинг рангига ўхшарди. Ижроқомга эртароқ келиб, зарур ҳужжатлар билан танишиб ўтирсам, уялинқираб котиба қиз кирди.
— Сизни бир одам сўраяпти. Қабул қилармишсиз.
— Қабул куни келсин, — дедим бошимни кўтармай.
— Жуда илтимос қиляпти, — деди яна котиба. — Қабул қила қолинг, ветеран экан.
Ветеранлардан у қўрқарди. Уларнинг баъзилари билан гаплашишга эса менинг тоқатим йўқ эди.
— Ҳай, кирсин.
Шу заҳотиёқ паст бўйли, тўладан келган, думалоқ юзи кўкимтир бир киши пилдираб хонага кирди.
— Саламалайкум, раис ука!
У узун мажлис столини ёш йигитдек чаққонлик билан айланиб ўтди-да, рўпарамга келиб, қўлини узатди. Ўрнимдан туриб, қўлини олдим. Назаримда бармоқлари биртекисда болта билан чопиб ташлангандек, кичкина қўлининг суяги йўқ эди.
— Келинг, ўтиринг.
У таклифимни кутмасданоқ икки қўли билан стулни суриб, ўтириб олди. Тезроқ мақсадга ўтиш ниятида сўрадим:
— Келинг?
У мунчоқдек кичкина кўзларини менга қадаб илжайди.
— Раис ука, сизни кўрганимдан хурсандман. Кўп яхши гаплар эшитаман. Барака топинг. Мартабангиз бундан ҳам баланд бўлсин.
— Отахон!..
Уни бўлмоқчи эдим, аммо гап бермади.
— Бир пайтлар Қорасув одам назар-писанд қилмайдиган кичкина район эди. Энди қаранг, бай-бай, бай!… Ана қурилиш, мана қурилиш! Раис ука, мен ҳам узоқ йиллар ижроқўмларда ишлаганман. Эллигинчи йилларда ҳатто райижроқўм раисининг муовини ҳам бўлганман. Бутун қурилиш ишлари менда эди. Меҳмонхона, йўл, комбинат!..
Шу пайт уни танигандек бўлдим. Башарасига тикилдим.
— Фрунзе районида ишламаганмисиз? — аниқроқ билиш учун сўрадим.
Саволимдан у хурсанд бўлиб кетди.
— Ҳа-да! Ўша энг оғир районда, энг оғир йиллари ишлаганман. Меҳмонхонани кўрсангиз ҳозир, ҳавасингиз келади. Кўчалар-чи? Икки баравар кенгайиб кетди. Лоҳутий, Шота Руставели… Жониз роҳат қилади.
Ҳа, бу ўша, отам не-не қийинчиликлар билан қурган, мен туғилган уйни буздирган одам эди. Қўчқоров. Али Қўчқоров. Ўзини унутибман-у, исми-шарифи ёдимда қолибди. Нима қилиш керак? Ёқасидан кўтариб, тепиб-тепиб, ҳайдайми? Ҳаққим йўқ. Бечора онамга, отамга кўрсатган ҳунарини эслатайми? Нима дерди? Топшириқни бажарганман, дейди. Менда айб йўқ дейди, Қизиқ, мени у таниганмикан? Ўша, уйи бузилиб, бевақт ўлиб кетган девдек одамнинг ўғли эканимни билармикан? Тақдирни қаранг, райижроқом раиси ўринбосари буздирган уйнинг эгаси ҳозир райижроқом раиси бўлиб ўтирибди, ва ўша, бошига кулфат ёғдирган одамни қабул қилаяпти!.. Қайтар дунё, деб шуни айтсалар керак. Нима иш билан келган экан? Шу савол хаёлимга келди-ю, аламларимдан чиқиш ниятида унинг гапини бўлдим.
— Ўртоқ Қўчқоров! Вақт зиқ. Хизмат?
— И-я!? Мени биласизми? — у севиниб кетди.
— Сизни Мирободда кўпчилик билади. Айниқса, уйи бузилганлар. Мен мирободликман.
У кинояни тушунмади. Думалоқ қўллари билан бирпасда нам бўлган кўзларини арта бошлади.
— Баракалла! Баракалла! Раҳмат сизга, раис ука!..
— Ишга ўтайлик. Хизмат? — яна сўрадим.
Бу гал қўполроқ сўраганимни у сезиб, мақсадига ўтди.
— Бизни уйни устидан кўча ўтадиган бўпти. Йўқ-йўқ, ҳеч қарши эмасман. Кўча хайрли иш. Лекин… Лекин қариганимда бир парча бўлса ҳам ерда бўлай дейман. Опоқингиз ҳам шу гапни эшитиб, тинчини йўқотиб қўйди. Домда турмайман, дейди., Тобутимни қандоқ олиб чиқишади, дейди. Болалар бошқа гап. Аммо бизга, кексаларга раҳм қилинг, раис ука.
— Нима, кўчани бошқа жойдан ўтказайликми? — жаҳл билан сўрадим. — Ё участка беришмаяптими?
— Участка беришаяпти, раис ука. Қулоқ солинг. Аммо олисда. Иннайкейин қари одамни иморат қуришга қурби етармиди? Йўлниям бошқа ёқдан ўтказиш керак эмас, жойида қолаверсин…
— Нима дейсиз, бўлмаса? — ҳайрон бўлдим.
Қўчқоров ўрнидан туриб, стол устидан мен.томон эгилди ва сирли оҳангда деди:
— Архитектор бола узоқ қариндош чиқиб қолди. Йўл сизнинг уйингиздан ўтишини билганим йўқ, дейди. Агар раис рози бўлсалар, бир метр четга буриб юбораман. Шунда уйингиз ҳам қолади, йўлга ҳам зиён етмайди, дейди. Ота-онангиз роҳатингизни кўрсин, раис ука, хўп денг. Бир оғиз гапингиз. Умр бўйи дуойингизни қилиб ўтаман.
У жойига ўтириб, кўзларига яна ёш олди. Чиндан ҳам қайтар дунё! Ўттиз йил бурун, мен, студент йигит, худди шундай кўз ёши қилиб, худди шундай илтимос билан шу одамнинг олдида турган эдим. Аммо менинг кўз ёшларим аччиқ алам ёшлари эди. Эслатсаммикан?
— Архитектор билан гаплашаман, қани нима дер экан, — дедим зўрға ўзимни босиб олиб.
— Гаплашиб овора бўласизми? — Қўчқоров яна жонланиб кетди. Кичкина кўзлари ўйнай бошлади. Афтидан, мени, рози бўлади, деб ўйлади шекилли. — Сиз менга хўп десангиз бўлди, уёғини ўзим тинчитаман. Барака топинг, раис ука.
— Бари бир архитектор билан гаплашмасам бўлмайди, — ўз гапимда турдим мен. — Йўлни бир метр чеккага суриб юбориш нимага олиб келишини билмайман. Суриштиришим керак! Кейин бу лойиҳа ижроқўмда тасдиқланган.
— Э, ука! Исполкомни биз ҳам биламиз, — мен томон эгилиб ўтирган Қўчқоров гавдасини ростлади, калта панжаларини стол устига тираб, елкаларини кўтарди. — Раис нима деса исполком аъзолари шуни қилади. Қилмаса, кейинги сафар сайланмайди.
У мийиғида кулиб қўйди.
— Ҳозир исполкомлар ўзгариб кетган, давр бошқа.
— Менинг гапимга қулоқ солинг, раис ука! Раис-раис! Шундай бўлиб келган. Шундай бўлиб қолади. Акс ҳолда ҳаммаёқ остин-устун бўлиб кетади. Хўп, денг, жон ука!
Унга бирон нарсани тушунтириш фойдасиз эканини кўриб, ўрнимдан турдим.
— Архитектор сизга жавобимни айтади. Бораверинг.
У менга анграйиб қараб қолди. Қўлини олиб хайрлашаётганимда ҳам кўзини мендан узмади. Ундан ўгирилиб, жойимга ўтирганимдагина, секин сўради:
— Хўп дейсизми? Ишонсам бўладими? А, раис ука?
— Сиз бораверинг. Маслаҳат қиламиз, — шундай деб, эшик томонга қичқирдим. — Сурайё!
Котиба қиз кирди.
— Буларни кузатиб қўйинг. Мени, Пўлатов, район архитектори билан уланг кейин.
Қўчқоров эшик олдида тўхтади.
— Раис ука, бир яхшилик қилинг. Савоб бўлади.
Яхшилик, савоб… Мен ҳам унга ўзим билган энг сара гапларни топиб ялинган эдим. Касал онамга раҳм қилинг, жуда бўлмаганда бир йил сабр қилинг, деган эдим.
Ўшанда университетнинг иккинчи курсида ўқирдим. Лекция кетаётган маҳали деканатдан бир аёл келиб, мени чақириб кетди. Ҳайрон бўлиб, деканатга кирсам, опам йиғлаб ўтирибди. Қўрқиб кетдим. Хаёлимдан дарҳол онам ўтдилар.
— Нима бўлди?
— Уйимизни бузишвотти! Ошхонани бузиб бўлишди!
— Ким бузвотти? Нега?
Ўзини йўқотиб қўйган опамнинг елкаларини силтаб сўрадим.
— Раисполкомми одамлари.
— Дадам уйдамилар?
— Ҳа, чақириб келдим мактабдан. Лекин дадам индамай ўтирибдилар. Шунийчун сенга келдим. Бир нарса қилиш керак. Энди қаёққа борамиз.
Опам ҳўнграб йиғлаб юборди. Судраб кўчага олиб чиқдим. Зўрға битта машинани тутиб, уйга келдим.
Чиндан ҳам уйимиз тўполон эди. Томда, деворларнинг устида лом, болта кўтарган одамлар юрибди. Яна қандайдир одамлар ҳовлидаги дарахтларни кесишаяпти. Томдан, ҳовлининг бурчагидаги ярим ағдарилиб бўлган ошхонадан чанг осмонга кўтарилаяпти. Барзанги-барзанги йигитлар кўчирилган тунукаларни бир чеккага тахлаш йўқ, тарақлатиб ҳовлига отишаяпти. Нима қилишни билмай, анграйиб қолдим. Кейин овозим борича, бутун вужудимни титроқ босиб, томга қараб қичқирдим:
— Тўхта! Тўхталаринг!
— Фойдаси йўқ, ўғлим.
Шундай ёнимдан сокин товуш эшитилди. Бу отам эдилар. Кўча деворга яқин ўрикнинг тагида ўтирган эканлар, кўрмабман.
— Фойдаси йўқ, — қайтардилар яна отам. У кишини мен ҳеч қачон бундай хомуш кўрмаган эдим. — Мелиса ҳам чақирдим, ҳеч нарса қилишолмади. Қўлларида қоғозлари бор.
— Қаерда турар эканмиз?
— Чилонзорга, домга борармишмиз. Истамасак, Дўмбирободдан олти сотих ер беришармиш.
Отам ниҳоятда хотиржамлик билан гапирдйлар Аммо сезиб турибман, ичлари ёниб кетаяпти. Ҳали-ҳали эсймда, ўзларини овутиш ниятида ёнларида олиб юрадиган ўзбекча пичоқлари билан хивич йўнаяптилар. Дили вайрон бўлган, ҳамма нарсадан умиди узилган одамгина шундай иш билан машғул бўлади.
— Нима қиламиз?
— Ойингизни биласиз, ўғлим, — отам мени доим сизлаб гапирардилар. — Ойингиз домга чиқмайдилар. Менга ҳам бир парча ер бўлса бўларди.
Шу пайт нимадир гумбурлаб кетди. Ижроком ишчилари тунука аралаш тўсинларни ҳам бузиб, ҳовлига ташлай бошлашган эди.
Қандай қилиб, томга кўтарилганимни, иккинчи бир тўсинни кўчираётган одамнинг бошини кўтариб туриб, кўкрагига мушт туширганимни билмайман. У гандираклаб томнинг зиҳига йиқилди. Ўрнидан туриб ҳужум қилса керак, деб ўйлаб, қўлимға оёғим остида ётган ломни олдим. Лекин ишчи энгагини ушлаб секин ўрнидан турди, унинг буйруғини кутиб турган шерикларига парво қилманглар, дегандек қўл силтади-да, менга қаради.
— Бекор урдинг, ўғлим. Бизда айб йўқ. Кичкина одаммиз биз. Буйруқни бажаряпмиз. Сен райсоветга бор. Катталар билан гаплаш. Қўчқоров билан гаплаш. Шундай мустаҳкам иморатни бузиб, биз ҳам эзилиб кетаяпмиз. Ҳали юз йил қилт этмай турарди уйларинг. Бор, вақтни кетказма. Пойлаб турамиз келгунингча.
Ўша заҳотиёқ пастга тушиб, кўчага югурдим. «Қўчқоров, Қўчқоров! Ким экан Қўчқоров?» Ҳансираб ижроком томон кетаяпман-у, ўзимдан ўзим сўрайман. Ким бўлса ҳам гапи гап бўладиган, ишни ҳал қиладиган одам бўлса керак. Ишқилиб ўзида бўлсин. Ўзида бўлса тушуниши керак. Ахир, ноҳақлик, жиноят юз бераяпти-ку? Тушуниши керак? Шундай ишонч, шундай умид билан райижроком биносига етиб келдим. Қўчқоров ижроком раисининг ўринбосари экан. Қабулхонасида еттитами, саккизта одам ўтирибди. Уларга парво қилмай. ҳансираганимча, эшикни шартта очиб, ичкарига кирдим. Узун хонанинг тўрида қорачадан келган бир одам газета ўқиб ўтирибди. Тепасида Сталиннинг расми осиғлиқ. Трубка чекиб, менга қараб турибди.
— Ўртоқ Қўчқоров! Ака! — нафасим томоғимга тиқилиб турганидан зўрра гапирардим. — Ердам беринг! Уйимизни бузишаяпти. Исполкомнинг қарори бор эмиш. Ёрдам беринг, жон ака! Онам касал ётнбдилар. Ҳозир борадиган жойимиз йўқ. Дадам… Дадам…
— Қаерда уйларинг? — сўради гапимни бўлиб Қўчқоров.
— Сапёрная кўчасида, — шошиб жавоб бердим. — Йигирма иккинчи уй.
— Бекнинг уйими? — у гавдасини ростлаб менга тикилди.
— Ҳа, мен Сулаймонбек аканинг ўриллари бўламан. — Юрагимда кандайдир илиқлик пайдо бўлди, шу одамнинг ўзини топганимдан севиниб кетдим. «Бу ҳал қилади, жиноятни тўхтатади!» деган фикр яшин тезлигида хаёлимдан ўтди. — Ўқишда эдим. Келишибди-ю, бузабошлашибди. Томнинг ярмини бузиб бўлишди. Мени буёққа, сизнинг олдингизга келганимни билишади. Жавобингизни кутиб туришибди. Жон ака! Ёрдам беринг. Шу йилча қолдиринг. Ўзимиз бузиб берамиз кейин.
Қўчқоров индамади. Қўлидаги газетани шилдиратиб, уёқ-буёғини кўрган бўлдида, ўрнидан турди, Шунда ҳайрон қолдим. У пак-пакана, лилипутдек одам эди. Бунинг устига семизлигидан теп-текис тўнкага ўхшарди.
У кенг столни айланиб ўтиб, хонанинг бурчагида турган, ўзи каби пакана сейф устидаги икки қулфлик эски қора чарм портфелини олди-да, мен томон юрди. Унинг ниятини билмай, рўпарамга келгунича юрагим эзилиб кетди. Рўпарамга келганда, менга қарамади ҳам. Жуссасига келишмаган йўғон овозда:
— Қани, юр! — деди ва эшик томон йўл олди.
Юрагим қинидан чиқиб кетай деди унинг гапини эшитиб.
— Раҳмат. Раҳмат, ўртоқ Қўчқоров! — дедим севинчим ичимга сиғмай ва орқасидан чиқдим.
Қабулхонадагилар гурр этиб ўринларидан турдилар. Қўчқоров ҳеч кимга қарамади:
— Икки соатдан кейин келаман.
Биронта одам сўз қайтаргани йўқ.
Уйга етай деб қолганимизда, Қўчқоров кимнидир кўриб қолди. Икковлари қуюқ кўришишди, кейин гапга тушиб кетдилар. Қўчқоров икки гапнинг бирида қўлларини белига тираб, кичкина думалоқ бошини орқага ташлаб куларди ва ҳар замон-ҳар замонда бизнинг уй томонга қараб қўярди. Мен эса бетоқат эдим, ичимни ит тимдаларди, тезроқ уйга бориб, отамни тинчитгим келарди. Охири чидолмадим, яқинроқ келиб рухсат сўрадим. Қўчқоров ҳам, унинг шериги ҳам ҳайрон бўлиб менга тикилишди, лекин ҳеч нарса дейишгани йўқ. Мен уйга югурдим.
Отам ҳовлининг ўртасидаги яқиндагина сувокдан чиққан супанинг зиҳида ўтирардилар. Супанинг ўртасидаги хонтахта ёнида эса ойим ишчиларга чой қуяётган эди. Опам ёзги ўчоқбошда овқат қилаяпти.
Биринчи бўлиб мени ҳалиги мен урган ишчи кўрди.
— Келдингми, ўғлим? Мана, ҳеч нарсага текканимиз йўқ. А, опа, тўғрими?
Ойим миннатдор бўлиб, жилмайдилар.
— Ўртоқ Кўчқоровнинг ўзлари келаяптилар! — дедим мен ҳам миннатдор оҳангда. — Яхшиям мени исполкомга юбордингиз. Ҳозир ўзлари келадилар. Кўчада ушланиб қолдилар.
Отам меҳрибонлик билан менга қарадилар.
— Раҳмат, ўғлим.
Кўп ўтмай Қўчқоров кириб келди. Ҳамма беихтиёр ўрнидан туриб кетди.
Қўчқоров ҳеч ким билан сўрашмади. Тўппа-тўғри ҳалиги мен урган ишчининг олдига келиб бақирди:
— Самад! Нега ялпайиб ўтирибсанлар? Бир ҳафта бурун келишларинг керак эди бу уйга. План нималигини биласанларми сенлар?! Турларинг! Бугуноқ тугатларинг!
Унинг гапларидан мен ҳанг-манг бўлиб қолган эдим. Маккорлик билан мени ёш бола қилиб аддагани ҳам майли, ота-онам олдида, ишчилар олдида мени у бу гаплари билан шарманда қилган эди. Ҳеч кимга қаролмай, иликларимгача бўшашиб, супага ўтирдим.
Қўчқоров отамга ўгирилди.
— Сулаймонбек! Беклигингизни ташланг. Сал ерга тушинг. Билъакс акангизнинг йўлидан кетасиз. Фақат Украинага эмас, Сибирга. Ҳукумат сизга, бир ой бурун қарор юборди. Тамом-вассалом! Одамларни ўртага қўйиб, ўғлингизни исполкокга юбориб нима қиласиз? Билиб қўйинг, уйингизнинг устидан совет кўчаси ўтади, совет меҳмонхонаси тушади шу ерга!
Ўзидан икки баравар баланд одамга бўйни сингудек бўлиб пастдан юқорига қараб, савлатлироқ кўриниш учун оёқларини йириб, дағал муомала қилаётган кўримсиз пакана бир кишининг ҳолати ғайри табиий, кулгили ҳолат. Аммо ўшанда бундай кўрингани йўқ. Ҳаммамиз ичимизда ғазабимиз қайнаётган бўлса ҳам жим уни эшитардик.
— Ҳамма тўполон қилса ҳам, сиз қилманг. — У ҳовридан тушгандек бўлиб маслаҳат берди. — Урушда бедарак кетганларнинг кўпи қаердалигини яхши биламиз. Ўшаёқларда ҳам душманлик қилиб юришибди. Акаси душман бўлгандан кейин, укаси ким бўларди?
Мен ялт этиб отамга қарадим. Шу пайтгача, оғирлик қилиб, сукут сақлаб турган отамнинг йирик қўллари мушт бўлиб тугилди. Шундан кейинги унинг ҳаракатларини аниқ айтиб беролмайман. Бир маҳал Қўчқоровнинг калта оёқлари тепамизда, бошимиз устида пилдирай бошлади. Отам уни бошлари узра даст кўтарганларича, кўча эшик томон уч-тўрт қадам босдилар, кейин бир силтаниб улоқтирдилар. Кўчқоров учиб бориб, сомон тиқилган қопдек дўп этиб йўлкага тушди. Бир-икки думалаб ўрнидан турар экан, йўтал аралаш «мелиса! мелиса»! деб қичқирди ва оқсоқланиб кўчага қочиб чиқиб кетди.
— Ҳароми!
Отамнинг айтган гаплари шу бўлди. Бирдан гандираклаб кетдилар. Югуриб бориб қўлтиқларидан олдим. Бир амаллаб супага ўтказдим. Аммо ўтиролмадилар, ётиб, ойим узатган ёстиққа бошларини қўйдилар. Опам муздек водопровод сувида сочиқ ҳўллаб келди. Пешоналарига қўйдик. Доктор чақиришга кўнмадилар. Эсимни таниганимдан бери биринчи марта, у кишини шундай, бетоб ҳолда кўришим эди, хўрлигим келиб кетди. Ичимда йиғладим ҳам. Ҳовлида эса тақира-туқир яна бошланган, ижроком ишчилари энди ҳеч иккиланмасдан, ҳеч нарсани аямасдан уйни бузишга тушган эдилар.
— Камолбек, — чақирдилар бир маҳал отам. — Шу ердамисиз?
— Шу ердаман, дада!
Кўкракларига қўлимни қўйдим. Отам кўзларини очмоқчи бўлдилар, аммо очолмадилар. Тимискиланиб, тирсагимдан ушладилар,
— Битта ишингиз бор, ўғлим…
— Хўп бўлади, дада! — дедим қўлларини силаб.
— Аҳмаджон тунукапуруш деган одам бор. Мактабнинг рўпарасида туради. Шундан икки ярим минг қарзим бор. Узиб қўйиш керак.
— Хўп бўлади, дада, — дедим мен, аммо гапимни эшитдиларми, йўқми, билмайман. Тирсагимни ушлаб турган қўллари шилқ этиб кўрпача устига тушди.
— Дада!!
Бор овозим билан қичқириб юборганимни ўзим билмай қолдим.
Бирпасда уйимизни қий-чув босиб кетди. Отам ўшанда олтмишга кирган эдилар. Маҳалла имоми, кексалар икки ёш қўшиб, пайғамбар ёшида, деб чиқаришди. Еттиларини ҳам шу, ўзлари қурган, энди эса ярми бузилиб вайрон бўлиб ётган уйда ўтказдиқ. Эртасига аммамнинг ўғиллари яна ўз ҳовлиларига бизни кўчириб олиб кетишди. Ижрокомнинг икки хоналик квартирага берган ордери супада, эски шолчанинг тагида қолганича қолди.
Отамизга йил оши берганимиздан сўнг, ойим, тоғаларимнинг қистови билан опам аммамизнинг неварасига турмушга чиқди. Турмушлари яхши. Поччам иккалови боболаридан қолган, аммо энди анча кенгайган мактабда ўқитувчилик қилишади. Бешта фарзанд кўришган. Ҳаммаси ўғил. Қонга тортар экан. Жиянларим ҳам гавдали, полвон йигитлар. Энди оила қуриб, бола-чақалик бўлиб кетишган. Ойимнинг маслаҳати билан бўлса керак — амакиларим, отам бир жойда яшаганларини мақтаб-мақтаб гапирардилар, — ўша ҳовлининг ўзида, опам билан ёнма-ён туришади.
Опамнинг тўйидан кейин йил ўтмай, ойим иккаламиз Дўмбирободдаги участкага кўчиб бордик. Каникул пайти зоминлик курсдошим Абдукарим деган, худди менинг жиянларимга ўхшаган паҳлавон йигит билан отамдан қолган полвон қолипда ғишт қуйдик. Эски уйдан деярли бутун ғишт чиқмади. Бульдозер солиб ағдарилгандан кейин бутун чиқармиди? Тунукаларнинг ҳам ярмидан кўпи қоқишга ярамади, лом билан кўчириб илма-тешик қилиб юборилганидан чиқиндига чиқиб кетди.
Ойим иморат битганини кўрмадилар. Ҳовлининг этагида омонат қурилган ҳужрада отамнинг ўлимидан ўн йил ўтгач, қандай тинч яшаган бўлсалар, шундай тинч қазо қилдилар. Уйни хотиним иккимиз бозордан биттадан ёғоч, биттадан тахта ташиб, қуриб олдик. Ҳали ҳам битди дейиш қийин, ҳали ҳам чаласи кўп. Аммо уйнинг икки четидан йўлкаларга тушган иккита тарновни том ёпилган йилиёқ қоқтириб қўйганмиз. Иккаловининг тепасида отамдан қолган иккита хўроз турибди. Шамол кўтарилган пайтлари иккалови тебранади. Қанот ёзиб, қичқиргандек бўлади. Уларнинг овозини эшитаман, отам кўз олдимга келадилар, болалигим ўтган эски ҳовлини эслаб кетаман.
Учинчи курсга ўтганимда дилимда турган отамнинг васиятини бажариш имконияти туғидди. Математикадан ўтказилган конкурсда ғолиб чиқиб, икки минг сўм мукофот олдим. Бўлажак хотиним билан Аҳмаджон тунукафурушнинг уйига бордик. Отам тенги одам экан. Шунга қарамай, биз борганимизда, баланд пахса деворга миниб олиб тунука карнизни тузатаётган эди. Эзилиб кетдим. Ҳеч иш қилмасалар ҳам, отам ўз тенгдошлари қатори юрсалар бўлмасмиди?!
Аҳмаджон ота аввал олмайман деб туриб олди. Қистаганимиздан сўнг олиб, дуо қилди, бизга бахт тилади.
— Отангиз яхши одам эди, — деди кетаётганимизда, — Мабодо, зарурат бўлиб қолса, келинг. Мен ё уйда бўламан, ё отангиз, Сулаймонбекнинг чойхонасида.
Ҳайрон бўлиб унга қарадим.
— Ҳа, отангиз бош бўлиб, чойхона қурганмиз, — деди уста мени тушуниб. — Шундоқ Мирободнинг белида. Ҳар куни қари-қартанглар ўшатда бўлади…
Мана шунга чорак асрдан ошди. Аҳмаджон тунукафуруш ўлиб кетди. Отамнинг тенгқурлари, таниш-билишларидан деярли ҳеч ким қолмади. Қўчқоров юрибди. Юриш-туришидан, гапларидан ҳали тетик. Мен унга ўлим истаганим йўқ. Яшасин, бола-чақасининг роҳатини кўрсин. Лекин нега яхши одамлар кам яшайди? Нега уларнинг ҳаёти кўпинча азоб-уқубатда ўтади? Кимнинг адолатсиз ҳукми, қандай бемантиқ қонун шундай қолади? Яхшига кун, ёмонга ўлим йўқ.Ким буни тўқиган?
Ўша, Қўчқоров келиб-кетган куни архитектор билан гаплашдим. Йўл бир оз сурилса бўлар экан. Шундай қилинг, дедим. Дедим-у, ўзимдан хафа бўлиб кетдим. Чап юзингга урганларга ўнг юзингни тут, деганлари шу бўлса керак. Нима зарурати бор эди? Ким мени уришарди йўл лойиҳадагидек қолса? Ҳеч ким. Лекин биламан, ўзим азоб чекардим.
Эртасига эрталаб ишхонага келсам, ижроқом эшиги олдида Қўчқоров турибди. Мени кўриб қаршимга юрди.
— Сизни кутиб турувдим. Раис ука, раҳмат! Мартабангиз бундан ҳам баланд бўлсин, дард кўрманг.
Мен индамай ёнидан ўтиб кетмоқчи эдим, тўхтатди.
— Ука!… Сизга айтадиган зарур гапларим бор… Район…
Ўзимни тутолмадим, тутоқиб кетдим:
— Халқ душманининг ўғлига қандай гапингиз бўлиши мумкин? Мен Сулаймонбек аканинг ўғлиман.
— Тўхтанг, тўхтанг, ука! Қайси Сулаймонбек? — У даккам-дуккам қошларини чимириб менга ёпишди. — Ҳали-ги…
— Ўша, ўша! — дедим зарда билан ва юмшоқ қўлларини силтаб қўлимни бўшатдим-да, ичкарига кириб кетдим.
Кун бўйи ўзимни билмай, қилган ишларймда тайин бўлмай юрдим. Шу кичкина, бадбашара, дўпписини деб кел деса, боши билан олиб келадиган бешафқат одам туфайли кўрган кулфатларимизни хаёлимдан ҳайдайман, лекин яна бўлмайди. Қайтар дунё! Нимаси қайтар? Яхшининг бевақт ўлими-ю, ёмоннинг умри боқийлигими? Қайтар эмас, вафосиз дунё.
Шундай, нохуш хаёллар билан кунни кеч қилдим. Уйга кетай деб турганимда, котиба қиз кирди.
— Бир гуруҳ қариялар сиз билан учрашишни илтимос қилишаяпти.
— Кимлар?
— Мирободликлар. Боришга қийналамиз. Иложи бўлса ўзлари келсалар, дейишаяпти. Сулаймонбекнинг чойхонасида кутишармиш. Борасизми?
Бу гапни эшитиб, енгил тортиб кетдим, кўкрагимдан тоғ ағдарилгандек бўлди. Сулаймонбекнинг чойхонаси… Демак, отам тирик. Яхшилик қолар экан, топтаб бўлмас экан уни.
— Бораман, албатта бораман. Қайтар дунё!
— Нима? — ҳайрон бўлиб сўради котиба.
— Халкда шундай гап бор, — тушунтирдим ўзимча. — Қайтар дунё. Бир кун гапириб бераман.
У ҳеч нарсани тушунмади.
1990.