Олим Жумабоев. Учинчи куч (ҳикоя)

Отабой қиридан бир бўз йигит бақирди:
“Нўъмон аканикига тўйга… Тўйдан кейин кураш бўлади”.
Эломон шотеракнинг тагини мўлжалга олиб, болта ураркан, кўнглидан ўтказди: “Елкамни ерга босадиган чиқса, бошқа кураш тушмайман. Ўтган тўйдаги чалаёнбош етади. Энди йигит борми, мени отадиган”.
У дастани чангаллаб, тўғри дарахтнинг жон жойига болта бўғзини қадаб урди, шотерак қаттиқ силкиниб, “қисир” этиб оғилга эгилди. Эломон шартта дарахт учига ўралган арқонни ушлаб кўча томонга тортди, дарахт куч бермай яна молхонага оғди, у тишланиб, чираниб арқонни силтади. Дарахтнинг боши кўчага қайрилди. У арқонни қўйди.
Йўлда кетаётган бобо гап ташлади:
— Бунча тиртангладинг, азамат! Битта жонсиз терак жонингни олса, жонлиси…
Чолнинг ҳазили Эломонни ҳам терлатди, ҳам қизартирди.
— Бизнинг давримизда жонлини ўтин ёрдириб берарди.
— Ўтин ёришдан қочмаймиз, Неъмат бобо! — деди у кулимсираб.
— Ҳа, яхши, курашдан-чи? — деди у дўпписини кўтариб бошини шамоллатаркан. — Аканг йўқмиди?
— Ҳашарга кетган, Янгиерга.
— Об-бо, — деди чол дўпписини кафтига уриб қоқиб. — Ҳашар бугунга тиқилибдими? Акангсиз кураш кураш бўладими?! Ишонганимиз сен бўлсанг…
Эломон бошини қуйи солди.
Бобо унинг ориятини қўзғатди:
— Энди акангнинг номи учун ҳам курашишинг керак.

* * *

Янгиерда Муҳсин домла Карим даллолга куюниб уқтирди:
— Дувлон давра кўриб юрибди. Эл “Қани?” деб, сўрайди. Курашдан қочган йигит йигитмас. Оғзига кучи етмаган кўп; “Дувлон қўрқиб-писиб юргандир” деса, уят эмасми?
— Ўнта қишлоқдан полвон келсаям, Эломоннинг ўзи, бас! Ўтган сафар шўрбулоқлик қассобнинг ўғли шумлик қилди-да! Баковул ҳам оғзидан суви оққан эканми… ё Холбўтабой оғзини ёпганми, индамади-я!
Даллол ариқ тозалаётган беш-олти йигитга бир муддат тикилиб, имлашга чоғланиб қўлини кўтарди-ю, яна тилини ютиб тўхтади.
Дувлон даллолнинг қўл сермаганига ҳайратланиб, қуёшга қаради ва тушликка ҳали вақт борлигини билиб, чўкични ушлади. Унинг негадир кўнгли ғаш, безовта эди. Хаёлни қуршаган ўй тинчлик бермасди: “Қўшни қишлоқда Холбўта деган бой бари полвонингни сотиб оламан деганмиш. Моли кўпнинг солимиям катта — туя, от ҳеч гапмас. Ишқилиб, солимига учмасин-да! Даврага хиёнат қилди, деган гап — ўлим. Норматбойнинг уруғи даврадан бошини эгиб чиқмаган”.
У чўкич учини тошлоқ ариққа ботириб тиқиб кавлаб борар, миясини укам ютқазиб қўймасин-да, деган ўй пармалар, ишни тез битириш истаги зўрайгандан зўраярди.
Бўз чопиб, ариқ бўйини текислаётган Раҳим пешонасидаги терни артиб, уни тезлади:
— Эй, Фарҳод бўп кет-эй! Кураш кунда бўлаяптими? Қишлоққа бир ўтиб келмадик-да!
У кетмонни ётқизиб, дастасига ўтирди.
— Иш қочмайди, ҳайда! Кеч тушсаям, келиб ишлаймиз. Қайтангга иш унади. Тилинг қисиқ бўлмасин, тур. Даллолга ўзим айтаман, тракторини қўшади.
Ариқ бошидан Карим даллол ҳуштак чалиб, имлади. Йигитлар асбоб-анжомини йиғиштириб, ўша тарафга юришди.
— Шарманда қилиб ўтирма тағин! Чарчасанг, айт.
— Йўқ…

* * *

Баковул шўрбулоқлик Алим полвоннинг қўлини баланд кўтариб, даврани айлантирди:
— Талабгор борми, Алимга?
Баковулнинг овозида ноодатий бир ҳадик бор эди. Гўё унга талабгор чиқсаям, бас келиши гумон.
Неъмат бобо безовталанди.
— Эҳ, ёшлигим-а! Ҳозир туриб кетаман, ўтиравер писиб. Менга уят-да, “Битта йигит топилмабди, чолнинг ориятига” дейди. Йигитмисан, йигитдек яша-да, энди!
Эломон сапчиб ўрнидан турди ва чопонини ўраб чолнинг ёнбошига ташлаб, ўртага юрди.
— Йиқилган курашга тўймайди, дегандек…
Кулги кўтарилди, Эломон тишланди.
Баковул икки полвонниям ўртага етаклаб, курашни бошлади.
Эломон Алимнинг билагидан чангаллаб, шундай силтадики, у чир айланиб баковулнинг олдига кўкраги билан бориб тушди.
Давра қийқирди.

* * *

Карим даллол тракторини қирда тўхтатди. Ичидан даллол, Муҳсин домла тушди, тележкадан Дувлон, Раҳим ва яна тўрт йигит сакради. Оломонни кўриб барининг ақли шошди.
Эл лом-мим демай тинч тураркан, уларни қаршилаган Холбўтабой кекириб, димоғланиб гапирди:
— Овора бўп кепсан, энди кураш туш. Сени эл танийди, таништириб ўтирмасин баковул! Бояги полвонни боссанг, чори қўчқор сеники! Сурувдан танлаб оласан.
Дувлон даврадаги полвонни кўрмай бош силкиди.
Неъмат бобо сўкингач, бошини чайқади:
— Эси йўқ, йигит-эй! Уканг-ку! Битта кўкракни ¬эмган ака-ука…
Дувлон қизарди.
Холбўтабой бобога қараб ўшқирди:
— Аралашманг! Ука бўлса, нима бўпти. Солимини олаверади-да. Cўз берди, энди тушмаса…
Дувлон атрофга аланглади. Оломон ҳайқирди, тезлади: “Қани Дувлон полвон, ака-ука бир кўринглар-чи!”. Дувлон ким қичқираяпти — дўстларими, ҳамқишлоқларими ё бегона, тузук англолмади.
Холбўтабой олишув нархини оширди:
— Яна битта қўчқор…
“Икки қўчқор” деган товуш атрофни тутди.
Эломон акасига анграйиб тикилди. Бутун вужудини аллақандай туйғу чулғаб, бўшашди.
Дувлон чопонини ечиб, Неъмат бобонинг эгнига ёпди-да, укасига яқин юрди.
Оломон ҳали-ҳануз бақирарди.
У Эломонни маҳкам қучоқлади-да, даст кўтариб елкасига олди, бирдан овоз тинди, қичқириқ тўхтади.
Дувлон уни янаям баландроқ кўтармоқчидек, жойида тик қотди. Ака-ука даврадан мағрур чиқиб кетди…

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 25-сон