Ўктам Мирзаёр. Ҳийла (ҳажвия)

Тулкилар ўқимасин

Меҳриддин полвон катак қурди. Ҳафта ўтиб бозордан бешта товуқ сотиб олди. Катта ҳовлида товуқлар яйраб қолди. Меҳриддин полвоннинг дас–турхонига барака кирди. Ҳар куни уч-тўртта тухум дегандай…
Хонадонда қари кўппак Чўммоқнинг ташвиши кўпайганини айтмаса, ҳамма иш жойида эди. Чўммоқ ҳовли атрофида бошланган ғимир-ғимирлардан хавфсираб кечалари безовта бўлиб чиқар, катак атрофида ўралашиб қолганларни пойлаб, тонг оттирарди. Бир неча бор бир тулкини тутиб олишига сал қолди. Аммо қарилик сабаб, уддасидан чиқолмади. Буни ўзи ҳам сезди. Шунинг учун тулкининг шарпаси сезилди дегунча, ҳуришга зўр берар, зўриққанидан орқаси оғриб кетарди.
Кўппакнинг безовталиги хонадон соҳибига ҳам ўтди. Ярим тунда уйқуси учиб, ҳовли айланадиган бўлди. Ёнига эгаси қўшилгач, кўппак хотиржам тортди.
Кўза кунда эмас, кунида синар экан. Бир куни тулки хонадон соҳибини ҳам, қари кўппакни ҳам доғда қолдириб, катакдаги куланғирлардан бирини бўғизлаб судраб чиқди. Аммо емади, пойлаб келиб, уйқу элитган кўппакнинг олдига ташлади. Ўзи эса лип этиб панага ўтди. Шарпадан чўчиган Чўммоқ зўр бериб, ҳар томонга қараб ҳура бошлади. Ўзига келгач, бир қадам нарида ётган товуқни кўрди. Бориб ҳидлади. Кечикканидан афсусланиб ғингшиворди. Шовқинни эшитган Меҳриддин полвон уйидан шошиб чиқиб, ўлакса товуқни ҳидлаб турган кўппакни кўриб жон-пони чиқиб кетди.
“Ҳали шу ярамасга ишониб юрибманми”, дедию эшик ёнида турган калтакни ола солиб, бўғизланган товуқ ёнида турган кўппагини савалай кетди. Устма-уст тушаётган зарбга чидай олмаган Чўммоқ ғингшиганича қийшанглаб, зўрға қочиб қутулди. Ўзини ўнглаёлмай, икки-уч кун хашаклар орасида ётиб юрди. Аҳён-аҳёнда оғриқ зўриданми ё тулкининг ҳийласига чув тушганига алам қилибми, ув тортиб юборарди.
Тулки барибир тулкилигини қилди.
Бу орада бемалол келиб товуқларнинг қолганини ўмариб кетди.
Меҳриддин полвон одам бўлса ҳам бу синоатга тушунмади. Чўммоқ эса бир қулоч тили бўлатуриб, тушунтира олмаганидан пушаймон, “ув” тортиб қўярди. Бўлган воқеа шу!