Нусрат Раҳмат. Жадид (роман)

ДЕБОЧА ЎРНИДА

Эътибор берганмисиз:
одамлар бой бўлишни исташади, аммо бойларни ёмон кўришади;
амалдор бўлишни исташади, аммо бошлиқларни ёқтиришмайди;
“Яшасин, демократия!” дейишади, аммо демократлардан хавфсирашади;
олдинги сафда бўлишни хоҳлашади, аммо олдинлаб кетганларни тартибга чақиришади.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ва унинг сафдошлари анчайин олдинлаб кетган кишилар эдилар.
Уларни шунчаки тартибга чақиришмади, балки аксарини тузумнинг Сибирда қурдирган машъум авахтахоналарида чиритишди, нокас ғаддорлар!
“Инсон боласига қулоқ солмайдиган, қулоқ солишни истамайдиган ҳукуматдан, замондан Худонинг ўзи асраган бўлсин!” ( Чингиз Айтматов)
Жафокаш халқини билим ва маърифатга даъват этгани учун шундай қаттол қисматга мустаҳиқ этишди бечораларни. Бу бахти қаро боболаримизни чоризм ҳам, большевизм ҳам, ўзимизнинг уламо-ю, катта-кичик замон зўрлари ҳам, “душман”, “кофир” деб эълон қилишдан чарчашмади…
“Ўқи! Болаларингни ҳам ўқит!” дейишгани учун бечора жадидларни отишди, осишди, тошбўрон қилишди, қамоқхоналарда чиритишди.
Беҳбудий ҳазратларини қирқ тўрт ёшларида ваҳшийларча сўйишди. Бу ҳам етмаганидек, йиллар ўтиб, тақсирга “халқ душмани” деган тавқи лаънат тақишди. У кишининг сафдошларини ҳам…
Қисса кўтоҳ, тақдир уларнинг барига узлуксиз чап қўлини чўзди.
Лекин улар эътиқодларидан тонмадилар. Беҳбудий ўлими олдидан “Туркистон болаларини илмсиз қўймангизлар!” деб нидо этди. Жонини сақлашни, яқинларини ўйламади…
Шакурий домла Тошкент қамоқхоналарида жон бердилар. Шўрликнинг қабрлари йўқ.
Саидризо Ализода Россиянинг Владимир шаҳри қамоқхонасида оламдан ўтди. Набираси – Фарҳод Ализода бобосининг хокини келтириб, Самарқандда дафн эттирди.
Ҳожи Муин Россия ўрмонларида нобуд бўлди.
Ҳамза, Сиддиқий Ажзий…
Нима учун? Нима учун?
Айтинг, айтинг, дунёда бундан ҳам мустабидроқ адолатсизлик, шафқатсизлик бўлиши мумкинми?!
Начора, инсоннинг энг катта хатоси − ўз хатоларини такрорлаб туришида экан. Ҳақиқат ва маърифат машъалини кўтарганларнинг қўлларини унинг олови куйдираркан. Азал-азалдан шундай бўлиб келган.
Бу – жаҳолат! Жаҳолатга қарши эса, жадидлар айтгандай, фақат маърифатни қалқон қилиш мумкин.