Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон. Уй (ҳикоя)

Сеники аталар шу ер, шу замин…
А. Орипов

Хуллас, қишлоқ бузиладиган бўлди.
Қўрғончада алмисоқдан қолган бир бино бўларди. Биладиганларнинг гувоҳлик беришича, қишлоқда яккахўжаликлар тугатилиб, «колхоз-колхоз» бўлаётган даврлар улуснинг йиғинлари тез-тез шу бинода ўтказиб турлар экан, кейинчалик, алғов-далғовлар сал босилиб, мусичалар шифтга бемалол ин қўя бошлагач, бу бино қишлоқнинг «Қизил чойхона»сига айлантирилибди. Шундан бери не-не замонлар ўтди. Орқа деворига тўртта ёғоч тираб қўйилганини демаса, бино яна бир-икки мучал қаддини тик тутиб тура оларди. Бироқ энди унинг ҳам умри битди.
Бугун шу бинода худди бурунгидек оломон йиғин бўлди, худди бурунгидек Қўрғонча аҳлининг обрўли қисми – қари-қартанг, бригадиру ҳисобчи, эски хотин-қиз активларидан беш-олтитасию мактаб муаллимлари райондан келган вакилнинг нақд икки соат давом этган маърузасига қулоқ осдилар…
Хуллас, қишлоқ бузиладиган бўлди.
Ҳайдар ота эшитган гапларининг ҳаммасини тушунишга тушунди-ю, айни чоғда, ҳеч балони англамагандек, гаранг эди. У одамларнинг кетидан бир зум тикилиб турди, қуруқшаган узун-узун бармоқларини паншаҳа қилиб гарданини қашлади, сўнг лабини чўччайтирганча, туяюриш билан уйига жўнади.
Эшикни очиб, йўлакка кирар-кирмас кампирнинг куюнчак овозини эшитди:
– Мунча йўқ бўп кетдингиз? Тез келаман, деб… Қачон эди чой дамлаб қўйганим.
Дарҳақиқат, Зулфинисо кампир унинг гузардан қайтишини кутиб, пастак ток тагидаги сўрига дастурхон ёзиб ўтирган зди. Дастурхонда тандирдан янги узилган иккита нон, пиёла, жўмраги қадоқланган хитойи чойнак, сопол коса, лаби кемтик қошиқ, бир сиқимгина қора майиз ва катта пиёлада эрталабдан ортиб қолган қаймоқ…
Ҳайдар ота индамади. Бамайлихотир сўрига жойлашиб, белбоғига осилган қиндан чустий пичоғини суғурди. Косани олдига суриб, унга нон тўғрай бошлади. Устидан икки қошиқ қаймоқ солгач, чой қуйди. Шундан кейингина бошини кўтарди. Бояги гапларни _райондан келган вакил эмас, ўзи ўйлаб чиқаргану бутун олам тақдири ҳозир биргина унинг қўлига қараб қолгандек, деди:
– Қишлоғинг бузилади, кампир! Иҳм… Урнига посилка қурилади. – Шаҳодат бармоғи билан косадаги нон тўғрамларини ширчойга бўктира туриб, «буни сенга мен айтяпман!» деган маънода ияк қоқди.
Лекин, кутганичалик, кампири «ҳайратдан ёқа ушлаб» қолмади, бу хабар қанчалик оламшумул бўлмасии, қулоқларилинг ёнидан силлиққина ўтказиб юборди. Бу билан гўё чолга таъна қилди: «Йўқ ердаги гапларни ташиб юрасиз… Шу феълингиз қолмади-қолмади-да», дегандек бўлди. Ҳарҳолда, Ҳайдар отага шундай туюлди. Айниқса, кампири аста уф тортиб: «Чой ҳам совиб қолгандир», деганида, чолнинг рўй-рост жаҳли чиқди.
– Сенга ўзи қачон гапириб обрў топибман! – дея ўшқириб берди.
– Оббо, келмасингиздан заҳрингизни сочасиз-а, бекордан-бекор.
– Ҳа-а, сизнинг безрайган бетингизга қош қоқайликми, бўлмаса? Янгилик айтсанг ҳам бир бало!
Қампир ўзини босди. Хотири жам эканини кўрсатиб қўйиш учун пиёлани айлантириб чой ҳўплади, кўзини чолининг кўзларидан олиб қочиб, қаердадир тинмай чирқиллаётгаи чумчуқни излаб топмоқчи бўлди.
Яна чолнинг ўзи гапирди.
– Бутун қишлоқ бузиларкан, ўрнига янги қишлоқ қурилармиш. Мана шу уйинг ҳам бузилади, овсар!
Орқасидан пичирлаб қўйди: «Ҳм-м, чойи совиганмиш!»
Қампир пиёлани дастурхонга қўйиб, оғзига майиздан бир дона ташлади.
– Нимага бузилади?
– Ана холос! Овсарсан, десам ер тепинасан, аслида, минг карра овсарсан! Ҳозиргина айтиб турибман-а, ўрнига посилка қуриларкан, деб!
Қампирнинг кўзлари қисилди, кавшаётган нони данакдек бўлиб лунжида қотди.
– Мен овсар бўлсам, сиз ҳовлиқмасиз! – деди у. – Гапингизнинг ҳеч боши-кети йўқ. Ахир энди икки йил бўляпти-ку бунисини қурганимизга!
Ҳайдар ота қайрилиб, эшик-деразалари бўялмаган, девори оқланмаган иморатга бир назар ташлаб қўйди; кўп нарсаларни хотирлади. Оғиз жуфтлаган эди, овози чулдираб, ҳазин чиқди:
– Бари бир бузмасдан илож йўқ, элдан қолсак, бўлмас.
– Янгисини қандай қурасиз?
– Якка тўсин том кўтармас, – дея кампир ўзининг сўроғига ўзи жавоб қила бошлади.
– Бунисини тикка қилгунча белимиз букчайди. Уй қуриш осон бўпқоптими! Каттаси чўлда бўлса, кичиги шаҳарда – ким бизга тиргаклик қилади? Қизлардан умид йўқ: ўзларининг эри, ўзларининг уйи бор, сиз билан менга , тасалли беришдан бошқасига ярамайди улар.
Кампирнинг гаплари қанчалик жўяли бўлмасии, чолнинг орияти қўзиди.
– Қизларингни орага суқма, аҳмоқмасман-ку мен ҳам! – деди у чинқириб. – Муқимжонни бўлса, чақирамиз, етади шаҳарда санқигани! Ундан кейин… одамлар ҳам ташлаб қўймас, майлисда ҳамма, қишлоқни ҳашар йўли билан қурамиз, деб қўл кўтарди-ку!
Зулфинисо кампирнинг миясига лоп этиб: «Яна мижровланяпти!» деган ўй келди.
– Кўрамиз қурганингизни! – дедию даст ўрнидан турди. Алланималарни ғўлдираб, сўридан нари кета бошлади.
Чол қичқирди:
– Тўхта! Ўзингдан-ўзинг минғирламасдан, менга эшиттириб гапир! Қани?
– Эшитсангиз ҳам, эшитмасангиз ҳам гапим шу: Муқимжон қишлоққа ҳайтаман деса, хотинини мана бу ерга ўтирғизиб қўйиб, уй қурсин! Бўлмаса, беш кунлик умрим қолдими, йўқми – менга уй керакмас!
Кампир «Гапим тамом!» дегандек бир ҳаракат билан, ҳеч қандай эҳтиёж бўлмаса-да, оғилхонага қараб юрди. Бирпасдаи кейин уёқдан шанғиллаган овози эшитилди: «Нари тур тепкиламай! Ҳе, ҳайвон! Узи битта-ю, ифлоси бутун бошли перманикича бу худо олгурнинг!»
Кечҳурун чол-кампир қўшнининг боласини чақириб чиқиб, шаҳардаги кенжа ўғилларига хат ёздиришди. Хат бир талай салом-аликдан сўнг, шундай давом этарди:
«Уғлим, сен келгунча уйларимиз бузилиб кетадими ҳали. Чунки, ҳамманинг уйи бузилади, ўрнига посилка қуриларкан. Бугун эски чойхонада майлис қилиб, шунақа дейишди. Сени ўқитган домла бор-ку, Ўрозмат тегирмончининг ўғли, ўша ўртага чиқиб: «Бизга қозиқ қоқиб беринглар, қишлоқни ўзимиз қурамиз! Элимиз меҳнаткаш, мард, ахир, Фарғона каналини қазган халқ бу, қишлоқ-ку қишлоқ, ҳашарга чорласангиз, бутун оламни қайта қуриб беради халқимиз!» деб юборди. Энди, ўғлим, ўзинг биласан, биз, чол-кампир, белимиз букчайиб, мункиллаб қолдик, эшик тиқ этса, Азроилни пойлаб ётибмиз, янги қишлоғимизни кўриш бизга насиб қиладими, йўқми – худо билади. Аканг бўлса, ўзи билан ўзи овора, сезон-сезон деб ярим йилда бир келади, холос. Енимизда энди сен турсанг, деймиз. Шундай қилиб, болам, хотин, бола-чақангни олгину кўчиб келавер. Кўзимиз очиқлигида шу ерда тинчиб кетсанг бўларди. Эрта-индин ҳукумат ер бўлиб берса керак, биз нима қилайлик – шунинг хабарини бер. Ё вақт топиб, ўзинг бир келиб кет! Невараларимизни ўпиб қўй, хўпми. Дуои салом билан, отанг».
– Етади, – деди чол оғир-оғир нафас олиб.
Кампир намли кўзларини енгининг учи билан артаркан, шивирлади:
– …Онанг ҳам, деб қўшиб қўй, болам.
Шу гапдан роса ўн кун ўтиб, Ҳайдар отанинг уйига яна қўшнининг боласи чиқди.
Вақт пешиндан оққан, ҳаво қилт этмайди. Кампир қопдеқ кўйлагининг кўкрак бурмасидан тутиб, ҳадеб елпивади. Чол теран ўйга чўмган. Хатни икки-уч қайта ўқитгандан кейин, салмоқлаб шундай деди:
– Боланинг турмуши чатоққа ўхшайди хатнинг маънисидан. Зоти-насаби бетайин бир қизга уйланиб олиб, егани қалампиртуз бўпқолди-ёв шунинг…
– Узимиз айбдормиз, вақтида қаттиқ турмадик. Бўлмаса, қишлоғимизда қиз уруғи қуриб кетганмиди! Узи ёқтирибдими, ўзига буюрсин, дедингиз сиз ҳам. Мана, оқибати… – Кампир, келинг, шуни гапирмайлик, қабилида чолига илтижоли боқди. Хиёл ўтмай, юзи ёришиб кетди:
– Уни-буни қўйинг, болам тўғри ёзибди, ўзи келгунча биз районданми, совхозданми ёрдам сўраб турайлик!.. Тавба, бурнимиз тагидан нарини кўрмайдиган бўпқопмиз ўзи. Болам шаҳар кўрган-да, билади! Ёрдам қилишлари керак, дебдими, ташвишимиз бекор.
Нима қиларини билмай, боядан бери зерикиб ўтирган бола хатни тўшакнинг қатига тиқиб, секин чиқиб кетди. Чол-кампир буни ҳатто сезмай қолишди.
– Номаъқул гапни қўй, кампир, – деди Ҳайдар ота. – Бир камим энди, шу ёшга кириб, одамларга кулги бўлиш қолувди.
– Кам-кўстини сўрашнииг нимаси айб? Бир дона ёгочимиз бўлмаса, кесагимиз, бўлмаса, бор-будимизни йиғсак, битта товуқкатаккаям етмаса, ёрдам сўраймизда, нимасидан уяласиз?
– Ҳашар қилиб қурамиз, деб майлисда катта кетиб қўйдик, энди бўйнимни эгиб боришим керакми? Иўқ!
«Шалвирамай кет! Оғзингдагини олдириб, раҳмат ҳам дейсан шу туришда», деб кампир хуноб бўлиб кўнглидан кечирди. Ташида эса, бошқа гапни айтди:
– Нима, ҳашар қиламиз, деб сиз айтибсизми? Айтган бўлса, Ўрозмат тегирмончининг ўғли айтган. Узи, ўша маълим жуда маҳмадана… Ким айтади сизни, бир пайтлар колхоз актипларидан бўлган, деб! Ижроқўмгами, райқўмгами айтинг шуни. Эшилсак, эшилаверамизда, биров келиб қумғонимизни ҳайнатиб берармиди.
Хотин киши бари бир хотинлигига бораркан-да. Нима, битта Ҳайдарми колхоз учун жон куйдирган? Дўппи тор келиб қолганида бари бурнини осилтириб, районга чопаверса… Йўқ, буни қаёқдан тушунсин?
– Қизиқсан-а, кампир, ҳе йўқ-бе йўқ, дунёнинг ташвиши сенга тушгандай уввос тортасан. Шошмай тур, олдин кўрайлик, одамлар нима қиларкин, ана ундан кейин бир нима десанг, арзийди.
Зулфинисо кампирнинг сабр косасига бир томчигина етмай турган эди, томдию у тилини тиёлмай қолди:
– Қўйинг-э, қўрқоқлик ҳам эви билан-да! Менга деса, ўлиб кетмаймизми! – дея баралла йиғлаб юборди. – Болаларимни ўйлайман, бошқалардан кам бўлмасин, дейман! Менинг куним уларнинг бошига тушмасин, дейман!
Чолнинг заҳил юзига гуп этиб қон тепди. Тирноғининг учидан миясигача бир нима шиддат билан куйдириб ўтди ва шу ондаёқ, кун иссиқ бўлишига қарамай, эти учди. «Кўнглингдагини айтмаганинг маъқул эди, кампир! – деб изтироб аралаш ўйлади у, – Турмушингдан нолиганинг чатоқ бўлди… Майли, бораман, бормаган ҳам номард!»
Ҳайдар ота бозор-ўчар учун район марказига тушиб турарди, бу кўчадан ҳам неча бор ўтган, аммо ижроқўмнинг янги биносини бунчалик,яқиндан биринчи марта кўриб туриши. Олди кенг майдон, икки тарафи гулзор, ўртада ихчам-ихчам мармар ҳовузчалар. Гулзорнинг нариёғида ранг-баранг машиналар сафда турган аскарлардек бир текис тизилган йўлакдан турфа одамнинг оёғи узилмайди: дўппилилар, шляпалилар, ориқлар, семизлар, тажанглару беғамлар – ҳаммаси юзига жиддий тус бериб, кириб-чиқиб турибди. Ҳайдар отанинг оғзи очилди: «Бари ҳукуматнинг одамлари-да!..»
У шу дамгача ҳийла дадил эди, бинонинг салобати босдими, юрагига ғулғула тушиб, эсанкирай бошлади. Зинадан кўтарилиб, ичкари кираркан, оёғи қалтираётганини сезди. Ақли-ҳушини йиғиб улгурмасидан, остонада кимдир уни тўхтатди:
– Йўл бўлсин, ота?
– Ижроқўмга, болам.
Ўша киши унга бошдан-оёқ разм солиб чиқди ва:
– Оёқ-поёғингизни артиб кирсангиз бўлмайдими, ота? – деди. – Уни қаранг.
Ҳайдар ота оёғига қаради, қизарди. Полга узун зангори гилам тўшалган, ҳаммаёқ тоза, ялагудек. У бўлса… «Калиш – калиш эмас, бир ҳовуч чанг!», деб койинди ичида.
Ҳайдар ота у ер-бу ерини қоқиб, қайта кирганида унга ҳеч ким эътибор бермади, бироқ ўзи ҳамон довдирар эди. Дам калишига, дам бояги кишига қарай-қарай, гиламни босмасликка ҳаракат қилиб, ўтиб кетди.
«Учинчи қаватга чиқасиз!» деган овоз эшитилди ортидан.    .
Учинчи қаватда, сўраб-суриштириб, керакли хонани топди.
– Мумкинми, қизим?
Котиба қиз пешонаси тагидан бир мўралаб қўйиб, ишини қилаверди.
– Ижроқўм билан гаплашмоқчийдим, қизим.
– Киринг. Нега остонада турибсиз, кираверинг, қандай масала билан келдингиз?
– А?
– Нима ишингиз бор эди, деяпман.
– Икки оғиз, ўзларига…
– Ўнда пича кутиб турасиз. Ҳозир бандлар.
Жигарранг, баҳайбат эшикни оҳирта ёпиб, Ҳайдар ота узун йўлак деворларига осилган суратларни томоша қилишга тушди. Шу билан баробар, ўзининг бу ерга келиш сабабларини хаёлан мулоҳаза қила бошлади.
Кеча совхоз ҳисобчиси йўл бўйидан саккиз сотих ер ўлчаб бериб, қирқ сўмини олиб кетди. Бир меъёр шарт-шароитини ҳам тушунтирди: қурадиган уйингизнинг эни шунча бўлиши керак, бўйи шунча, деразалари кўчага қарасин, пойдеворини баланд қилган маъқул, уй ёруғ бўлади ва ҳоказо… Бўлмаса, посилкага ўхшамай қолармиш. Чолнинг дили оғриди, лекин аламини юзига чиқармади. Қарнайчининг иши пуфлашки, пуфлайди-да, деди-қўйди. Ҳозир нима кўп, уй қураётган кўп. Бозорда ёғоч-тахтанинг нархи осмон бўйи сапчиган, эшик-деразанинг эса, яқинига йўлаб бўлмайди: тўртта дераза, иккита эшик олиш учун ярим йил почтачининг қўлига қараш керак. Булар-ку, майли, аввали қишлоқчилик, яъниким, уддасини қилиб битта уйни тиклаб олса бўлади, ахир, бошқаларнинг ҳам сандиқда босиб қўйгани йўқдир. Аммо… .
«Аммо-лекин, ёрдам сўраб келганим чакки бўлди, – дея у ўй ўйлашда давом этди, – эсипастлик қилдим. Арзимаган нарсани деб… Мендақа арзчи сонминг, ижроқўм эса – битта! Бутун бошли районни сўрасинми, бориб менга кесак юмалатиб берсинми?!»
Ярим соатлар ўтказиб, Ҳайдар ота яна иккиланибгина эшикни очди. Бу сафар қиз бошини кескинроқ кўтарди.
– Ишингиз шунақа зарилми? Жудаям шошиб турган бўлсангиз… майли, эртага келақолинг. Аслида, меҳнаткашларни қабул қиладиган кунлари – эртага.
Шошилаётганим йўқ, қизим. Шошилиб қаёқаям борардим. Шундай… Бўпти, пойлаб тураман.
Йўлакнинг томоша қиладиган жойи қолмади. Чолнинг кўнгли бесаранжомланди. Катта гуноҳ қилиб қўйгандек, ўзидан-ўзи хижолат бўла бошлади. Нима қилсин? Пастга тушиб чиқсинми? Яхшиси, эс борида этакни йиғиштириш керак!
Мана шундай каловланиб турганида, қаршисида лапанглаб, ўрта яшар бир киши пайдо бўлди. У чолга яқинлашган сари секинлаб, сўнг ажабтовур қизиқиш билан боқиб ўтди. Беихтиёр кўз кўзга тушиб, Ҳайдар отанинг негадир ғаши келди ва дарҳол юзини ўгирди. Ўтиб кетгач, ортидан кузатиб қолди. У одам тўғри бориб қабулхона эшигини очди ва хушчақчақ товуш билан:
– Салом, Ҳалимахон! Қалай, зерикмасдан ўтирибсизми? Карим Узоқович шу ердамилар? – дея ичкари кириб, кўздан ғойиб бўлди. Зум ўтмай, худди хотини эгиз туққандек, оғзининг таноби қочиб чиқиб келди.
Ҳайдар отанинг тишлари ғижирлади. Негадир шу одамни ёқтирмади, негадир ундан бегонасиради ва туйқисдан қишлоғига кетгиси келди. Бу орада ҳатто нима учун келганини ҳам унутди.
Ун чақирим ерга атай борди, кунини кеч қилди, бу ҳам етмагандек, икки қўлини бурнига тиқиб келаверди. Шундай ҳолда энди кампирининг кўзига кўриниши керак. «Бориб турган ўжар-а! Ўжарки, сурдан баттар!», деб хуноб бўлди чол.
Йўлни кесиб, чойхона тарафга ўтди. Утдию чойхона ҳам, у ерда одатдагидек ғийбатни чойга қўшиб эрмак қилиб ўтирган бекорхўжа улфатлари ҳам ҳозир юрагига сиғмаслигини англади. Ортига қайтди.
Қўрғончани аста-секин қоронғилик қоплай бошлаган, ҳаво кундузгидан сал юмшаган эди.
У то уйига етгунча нималарни ўйлади, қандай қарорга келди – ёлғиз ўзига аён. Бизга кўрингани эса, бошини қуйи солинтириб, нигоҳи билан ер чизиб боргани бўлди, холос.
Зулфинисо кампир бетоқат ўтирган экан, айвон супасидан тушиб, ҳалпиллаб келди.
– Йўлиқдингизми?
– Ҳа-а… – деди чол чўзиб. Ортиқ даражада толиққан ёки бениҳоя қувонган одамнинг товуши шунақа чиқади. – Овқат-повқат қилдингми?
Қампир ҳайрон боқди.
– Беғам бўп кетинг-э! Бирор марта овқат қилмай юрувдимми? Кетганингиздан бери орқангиздан жоним ҳалак, сиз бўлсангиз, овқат, дейсиз.
– Ҳовлиқмасанг ҳам айтаман ўшани. Олдин овқатингни опке, ейлик, гап бўлса – қочмас.
Кампири бесабр жикиллаган сари Ҳайдар отанинг дили яйрар эди.
Бир оғиз гап билан одамнииг кўнглини тинчлантириб қўйиш шунчалик қийинми?
– Мунча содда бўлмасанг, ахир! Ҳукумат идорасини кўрмабманми, ҳукумат одамлари билан гаплашмабманми ҳеч! Ай, сен-а… – Сўнгра кулимсираб ҳикоя қилишга тушди: – Бордим. Эҳ-ҳа, сен у бинонинг ичларини кўрмагансан. Кўрмайсан ҳам! Мен бўлсам. шартта кирдим, тўғри ижроқўмнинг олдига чиқдим. Ҳаммадан тепада ўтираркан. Узи кутиб олди. Ёшгина йигит экан. Бирам хушмуомала, бирам ширинсўзки, гап билан жонни олади, дегин. Одам деган мана шунақа бўлсайкан! Қўшқўллаб, хўш хизмат, деб турибди. Мен ҳаммасини айтдим… – Ҳайдар ота, гўё аслида ҳам шундай бўлгандек, завқ-шавқ билан сўзлар, беихтйёр ўзи ҳам бунга ишониб борар эди. Гапнинг муҳими ҳали айтилмаганига қарамай кампирининг чеҳраси хийла очилган эди. Нйҳоят, чол гапига якун ясади: – Бор энди, овқатни опке!
– Ишқилиб, ёрдамга кўндирдингизми?
Чолнинг ғазаби бурнининг учида пинҳона турган эди, дабдуруст тилига кўчди:
– Уф-ф, бўлди-да, энди! Мунча эзмаланасан? Ердам қилмай кўрсин-чи… Ёрдам қилади! Йўқ деса, мен ҳам қўярмидим!
Шуни айтгач, Ҳайдар ота кампиридан кўз узди. Оёқларини сўридан пастга осилтириб, ёстиққа ёнбошлади. Ток барглари орасидан, кўкда бирин-кетин пайдо бўлаётган милт-милт юлдузларга термилганча, сукутга чўмди.
«Ке, қўй, кампир. Ишимизга бошқаларни аралаштириб нима қиламиз? Сен кўп ҳам қайғураверма! Мана кўрасан, ҳали ҳаммаси кўнгилдагидек бўлади! Шунча йил бирга яшаганимиз билан сен мени билмайсан, Зулфи, мен… Мен сен ўйлагандақа эмасман! Фақат… Ижроқўмни қўй, совхоз ҳам ўз йўлига, билсанг, Одам Ато замонидан бери уй қуриб келаман, лекин биронтаси битмай қолган эмас, битган! Уйни ўзим қураман, Зулфи, ўзим!»
Шу куни чол-кампир иштаҳа билан овқатланишди. Қайнатма шўрва бирам мазали бўлибдики…