Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон. Оддий ҳақиқат (ҳангома)

…одамлар қайнаган катта шаҳарда
одамларни соғиниб юрсанг.
Шавкат Раҳмон

Бир ажиб ҳол: миш-мишларга боқсам, чеврада кўзга илинарли одам қолмабди. Тасаввур қиляпсизми, одам йўқ! Сув бўлмаса, қурғоқчилик бўлади, нарса бўлмаса, йўқчилик бўлади, пул бўлмаса, камбағалчилик бўлади, емак бўлмаса, очарчилик бўлади, Одам бўлмаса-чи?!
Ҳамма нарса бор, одам йўқ… бор-йўғи тўрттагина товушдан тузилган шу сирли сўз (ОДАМ)ни оғиз тўлдириб айтишга ийманадиган бўлиб қолди киши – ўзи йўқ нарсани қандай айтасиз, ахир?!
Бир акамиз ҳикоя ёзибдилар. Қаҳрамонлари қанот боғлаб бутун шаҳар узра учиб чиқади, биронта одамни кўрмайди! Кўчалар ҳувиллаган, у ер-бу ерда қоғозлар, латталар, сувқоғоз парчалари учиб юрибди… Бинолар ўрнида турибди, дарахтлар жойида ўсяпти, ҳаммаёқда ҳаёт изи бор, аммо шу ҳаётнинг гултожи бўлган одам йўқ! Ҳеч қаерда! Ҳатто ўша ҳикоянинг ўзини ўқийдиган ва қадрига етадиган кимса топилса-чи…
Иккинчи бир ўртоғимиз ёзишича, ербетида кечаётган ёқимсиз ишлардан безган биттаси юмронқозиққа ўхшаб ўра кавлаб, ертагига кириб кетган эмиш. Ўшангаям, мана, ўн йиллардан ошибди, лекин нимага ертагига кириб кетганини одам бўлиб мунда-ай тушунтирмас ҳам эмиш. Яқинлари ялинишибди, ёлборишибди, ҳеч кимга қулоқ солмабди, ўртага Ҳурматли Кишиларни ҳам қўйишибди, йўқ, сира ербетига чиқмас эмиш. Ҳа? (десангиз,) Акам чилла ўтирган эмишлар.
Бекор гап, бу ўртоқ ё бизни овсар деб ўйлайди, ё туппа-тузук эсли-ҳушли тўпламни чалғитмоқчи – унинг иши чилла эмас, аниқ чилла эмас! Чилла бунақа чўзилмайди, чилла қирқ кун кечади, У одам ертагига кириб кетганига ўнйиллардан ошибдими, бу ерда бошқа бир гап бор – мана сизга чуваланган калава! Илмий ташкилот (ИТ)лар қаёққа қараяпти ўзи? Оғизларини очиб ўтиравермасдан − томоқларига кепакчивин кириб кетади! − калаванинг учини ахтаришса бўларди!
Бошқа битта ҳикояда бир тентак Қишлоқ этагидаги кулбасини ўзига гўр қилиб олиб, ювинчсиз-кафансиз кириб кетганимиш. Шу кириб кетганича, Қишлоқ уни эсидан ҳам чиқариб юборганимиш…
Бири биридан сирли, бири биридан қўрқинчли миш-мишлар… Бу миш-мишлар нима демоқчи ўзи? Ербетида одам зоти қирилиб битди: кимлардир чилла баҳона ертагини макон тутган – нималарнидир кутиб пуси-иб ётибди; яна бошқалари ҳовли-уйларини мозорга айлантириб, тириклай гўрга кириб кетган – қиёматни пойлаяпти… демоқчими?!
Оллоҳ-Оллоҳ, одамларга нима бўлган ўзи? Ербети нимага торлик қилиб қолди? Юраги нега сиқиляпти? Кўнгли нималарни тусамоқда? Ўтаётган кунига рози бўлиб, думини йиғиштири-иб яшайвермайдими?
Қандай яхшийди, юрган эди одамлар тирикчилигини қили-иб… шаҳарлар гавжум эди, игна ташласанг ерга тушмасиди (Наби ёзувчи айтишича, ерга тушмаслигига сабаб – ризқ ахтариб юрган биронтаси у игнани шартта илиб олиб, ўша заҳоти уйига суриб юборармиш).
Ундай десак, кўча тўла юрганлар ким? Булар одам бўлмаса, одам қани? Уларни кўрмаяпмизми ё икки оёқли инсон мустақил тур сифатида чинданам йўқолиб кетдими? Йўқ. Ана, юрибди одамга ўхшаб. Тепадан игна ташлаб кўринг-а…
Ўзи ёзувчи халқи ғирт қитмир бўлади, худди бошқа мавзу қуриб кетгандек ё ёзадиган гапи қолмагандек, йўқ ердан масала чиқариб юради. Гапни қаранг: чеврада пичоққа ярарли бутун одам қолмаган эмиш. Қўйиб берсангиз, топсаю пичоққа яратворса. Бутуни бўлмаса ҳам, яримталари юрибди-ку, дейдиган эркак йўқ.
Хуллас, бу ҳикоялару бу миш-мишлар бир куни жонга қаттиқ тегди. Ишни ўзим ўрганмоқчи, ўрганиб, тагига ўзим етмоқчи бўлдим. Оёққа шиппакни илдиму шартта кўчага отилдим.
(Аслида, калава учини ўтирган чиллахонамда ёки ётган гўримда ахтарсам ҳам бўлаверарди, нега деганда, одамсиз кўчада менга нима бор. Лекин бу ўринда кўчага чиқиш ҳолати муҳим, унга алоҳида урғу берилгани шундан − оёққа шиппакни илишда ва кўчага шартта отилишда шиддат ва жонкуярлик бўртиб кўринади. Ҳолат қанча бўрттирилса, шунча қизиқ. Узр.)
Шундай қилиб, кўчада…
…аҳвол ўша-ўша – ғиж-ғиж кимса, тиқилинч… ҳамма қаёққадир шошади, елади-югуради, ғовур-ғувур қилади, аммо биров-бировга қарамайди, биров-бировни танимайди, туртиниб йиқилиб тушсангиз, тапир-тупур босиб кетаверади, одаммисиз демайди, кўзлар олазарак, кимнингдир тепадан тўсатдан игна ташлаб қолишини пойлайдими ё? Ҳар эҳтимолга қарши оёғи тагига қараб юради, ниманидир ахтаради.
Булар ким? Қўймасдир, балиқмасдир, ахир! Айтмоқчи, бу ғиж-ғижлик “ким?” сўроғига жавоб бўладими, “нима?” сўроғига жавоб бўладими? Бу гавжумлик кимларданми, нималарданми ҳосил бўлган?
Катта йўл бўйида, бу жумбоқ тагига етолмай, гарангсиб турган паллангиз бошига айланма чироқ қўндириб, белига белдамча бўёқ тортган алламбало мошин шовқин-сурон билан ўтиб қолади. Карнайи оламга ғулғула солиб, ўшқиради:
− Ўн олтию эллик тўққиз, тез йўлни бўшат! Сенга айтяпман!!! Пиёдалар, сенлар ҳам кўздан йўқолларинг, ҳозир бу ердан Бозорқўм ўтадилар!..
Саволингизга жавоб дарров чиқақолади: ҳа, булар “ўн олтию эллик тўққиз”лар, “пиёдалар”, “бозорқўмлар” экан, дейсиз.
Дейсиз-да, ғалвадан узоқроқ туриш учун шоша-пиша дуч келган дарвозага ўзингизни урасиз. Енгил нафас оласиз. Бир оз ҳушингизга келганингиздан кейин теварагингизга қарайсиз. Қарасангиз, ҳалиги Бозорқўмнинг бозорига кириб қолган бўласиз.
Дўкон қаторлари ҳам, майдонлар ҳам гавжум. Ҳамма одамга ўхшайди, лекин ҳеч бири иккинчисини одам ўлароқ йўқламайди: бири олувчи, бири сотувчи, бири чойчи, бошқаси паттачи, ўртада арава тортувчилар ҳам бор. Бақиргани бақирган:
− Ҳой калла, нари тур!
− Ҳой салла, бери тур!
− Кўзингга қарасанг ўласанми, мол?!
− Пў-ўш, арава!
− Қо-оч, арава!..
Ва ҳоказо. Одаммас у, арава у, мол у, калла у, салла у…
Жиғибийрон бўла бошласангиз, зумда тепангизда одмироқ кийиниб олган Биттаси қийшайиб пайдо бўлади:
− Ҳа, тинчликми? – дейди кўп маъноли ўқрайиб. Маъмуриятга тегишли панжарали бир эшикни кўрсатиб, им қоқади.
Бозорқўмнинг бу хосхонаси қанақа хона эканини ва бу одми кийинган Биттаси сизни нимага у ёққа таклиф этаётганини англамаган бўлсангиз-да, негадир ўтакангиз ёрилай дейди, юрагингиз ҳовут олади. Эс борида этакни йиғиштириш лозимлигини тушуниб қоласиз ва тез бозордан оёқларни узасиз.
Энди бошимни қаёққа суқсам экан, деб ҳовлиқиб кетаётганингизда манглайига “Дўхтирхона” ёзуви осилган бинога кўзингиз тушади. Томирингизни ушлаб кўрсангиз, юрак уришингиз чатоқ… йўқ, урмаяпти, чоптирилган қўқонарава ғилдирагидай дукирлаб ётибди! Қафасини ёриб чиқай дейди. Жон ҳалпида ичкари отиласиз.
Эшик тагида бир қоровул кампир ўтирибди. Ёши тўқсонларнинг нари-берисида. Қоқсуяк жасадига оқ халат кийиб олган. Шунчаки ўтирмаяпти, ўзига ҳокимият тегиб қолганидан маст! – кайфини суряпти:
− Кимга келдингиз? Йўқлар! Кейин келасиз!
− Сизга йўл бўлсин?
− У ёққамас, бу ёққа!
− Бу ёққамас, у ёққа!
− Ўтиринг! Туринг!.. – деб ётибди.
Сизнинг ҳам қаршингиздан тўсиб чиқади:
− Ҳой касал, қаёққа? – дейди гупириб.
Довдирайсиз.
− Касалмасман мен, одамман, соппа-соғ одамман, − деб ғўдранасиз.
Қоровул кампир ўзиникидан қолмайди:
−  Касалсиз! Касал бўлмасангиз, бетта нима қип юрибсиз?! – деб дўқ уради.
− Юрак дўхтирига бир кўринмоқчийдим… – дейишга мажбур бўласиз.
− Ана, айтдим-ку, сиз касалсиз, жиддий касалсиз, сизнинг юрагингиз чатоқ! – деб касалингизга аниқ от қўяди қоровул кампир.
Чорасизликдан кўнақоласиз:
− Ҳа, касалман, юрагим нимагадир типирчилаяпти, − дейсиз. Ихтиёрсиз равишда товушингиз йиғламсираброқ чиқади.
Кампир бир оз юмшайди.
− Бизда ҳамма касал, соғи йўқ, − дейди дардингизга шериклигини билдириб.
“Сиз ҳам соғ эмассиз, момо! Сизнинг миянгизга қурт тушган!” деб бир чимчилаб олгингиз келади-ю, чимчилашга илингудай этнинг ўзи йўқ тўқсон ёшли бу кампир қурғурда.
Ҳа, момо ҳам ёшлигидан катта бир дардга чалингани аниқ, чалинганидаям биратўла оғир – мансаб дардига, унинг ҳам кўпларда учрайдиган юқумлисига чалинган. Ҳавоси ҳалиям пасаймаганидан, бир замонлар улуғ-улуғ даргоҳларнинг мафкура бўлимларида қандайдир югурдак вазифасида ишлагани билинади. Роса тиришганига қарамай бўйидан тепага кўтарила олмаган, кейин ҳойнаҳой биронта хотин-қизлар қўмитасига ўтиб олиб ёшини қаритган. Аниқ шундай! Тўртта хотинни у ёққа етаклаб, олтитасини бу ёққа етаклаб ўрганиб қолган эмасми, нафақага чиққанидан кейин уйида юраги сиқилавериб, роса мўлжаллаган-да, мана шу ерни топган. Яхши-да, буйруқ бериб ўтиради. Бу ерга келувчи ҳамма унинг буйруғига бўйинсунади. Шўрлик касаллар “Дўхтирхонанинг энг каттаси шу бўлса керак”, деб ўйлайди. Ўзини тутишидан қоқсуяк эгнига оқ халат ташлаганига ҳам камида ўттиз-қирқ йиллар бўлиб қолган-ов…
Ҳаҳ, нотавон кўнгил-а! Бола-чақанинг роҳатини кўри-иб, оёғини узати-иб ётмайдими уйида…
…деганингиздан фойда йўқ. Иложсиз кўнасиз: “Менга нима?” дея қўл силтайсизу кампир кўрсатган иккинчи қаватга чиқасиз. Сўнг ўнгга − йўлакнинг ўрталарига борасиз ва чап томондаги 7-хона эшигига қарайсиз: “Юрак амалиёти бўлими” ёзувини ўқийсиз.
Амалиёт? Бирданига-я?
Кирсангиз, худди кўксингизни ёриб, юрагингизни суғуриб олиб ташлайдигандек ваҳмага тушиб, ўйлаб ҳам ўтирмай орқага қайтасиз.
Буларга ишониб бўладими? Булар учун сиз одаммассиз, касалсиз, касаллардан биттасисиз. Керак бўлса, шартта юрагингизни олади-да, ўрнига йўл чеккасидами, ахлат қутисидами ўлиб ётган ит ё мушукнинг буйрагини қўйиб чиқариб юбораверади. Ё занглаган қандайдир темирга алмаштириб қўяди. Сизникини эса, дуч келган бирор четэлликка кўкига пуллайди…
Э-э, йўқ, ошна, юрак ҳозирча ўзимизга ҳам керак, дейсизу қочасиз. Пастда яна дарддошингиз кампирга йўлиқасиз. Энди оғзини жупламоқчи бўлиб турганида ўзингизни эшикка урасиз. Шўрлик мафкурачи-қўмитачи кампир ортингиздан:
− Учрашдингизми? Нима деди? Буларнинг биттасигаям қулоқ солманг, ўрикнинг сувидан ичиб юринг. Мана, менда бор, бир истакан ичиб кетасизми? − деганича қолаверади.
Катта кўчага чиқиб олгач, ичингиздан тўлиб бир уф чиқади. Енгил тортасиз. Ўнгга юраймикан, чапга юраймикан, деб бошингиз қотиб турганида икки ёнингизда иккита азамат йигит пайдо бўлади.
− Ҳа-а, худди бонкани ўмариб чиққан ўғрига ўхшаб ҳансираб турибсан бу ерда? − дейди биттаси сиқиб келиб.
Иккинчисига қарайсиз. Униси ҳам худди шундай дегандай туюлади сизга. Ё иккаласи бир пайтда гапирдимикан? Ҳарҳолда, бу сўзлар бирваракайига иккала қулоғингиздан жаранглаб киргандай бўлади. Ўзингизни йиғиштириб олиб улгурмасингиздан иккала томондан бир пайтда иккинчи гулдурос товуш келади:
− Кимсан?!
Айтгандай, шаҳарда одам зоти қирилиб битган бўлса, унда мен кимман? Булар ким? Нимага дуч келган Азамат дуч келган кимсанинг кимлигини суриштириши керак?
Саволларингизга тезда жавоб топа олмайсиз, миянгиз секин ишлайди, умуман ишламай қолади миянгиз.
− Юрган бир одамман… − дейсиз нимагадир хижолат чекиб.
− Одаммисан, йўқми − текширамиз, аниқлаймиз! − дейди Азаматлар. Оддий гапниям негадир дўқ билан гапиради. Кетидан яна гулдиратиб: − Рўмолчанг борми?! – деб қолади.
Оббо, рўмолчани нима қилади? Нимага ёнимда албатта рўмолча олиб юришим керак?
− Йўғиди, уйдан шошиб чиқиб келаверибман, – дейсиз шалвираб. – Кейин, менинг бурним унча-мунчага оқавермайди, ўшанга кўпинча рўмолча олиб юрмийман, − дейсиз баттар хижолат бўлиб.
− Қанақа одамлигингниям, бурнинг оқар-оқмаслигиниям аниқлаймиз. Қани, олдимизга туш-чи!
Олдиларига тушишингизга зарурат қолмайди − икки қўлтиғингиздан олиб, оёғингизни ерга теккиздириб-теккиздирмай диконглатиб, қаёққадир сургалай бошлашади. Елкаларингиз зирқирайди.
− Ҳов, мен сизларга ғўламанми, одамман ахир! − деб кимлигингизни билдириб қўймоқчи бўлсангиз, биқинингиз муборак муштлардан иккитасини ейди.
− Ўзингни бос, бўлмаса, қаршилик кўрсатди, деб керакли жойга топширвораман, энангди кўриб ётасан! − деб ўдағайлайди биттаси… йўқ, иккаласи.
Ҳартугул, олиб бораётган жойлари яқин экан. Қаттиқ исканжаларидан тезроқ қутуласиз.
− Кўзлари жойида эмас, шубҳали туюлди, унинг устига чўнтагида рўмолчасиям йўқ. Бурни оқмасимиш, − деб ўзларидан каттароқ бошқа Азаматга топширади иккаласи.
− Бурни оқмаслик айб саналмаса керак!.. – дейсиз ўзингизча чиройли лутф қилдим деб ўйлаб.
Катта Азамат катталигидан ташқари, қўлдан ҳам берган экан, гарданингизга ёмон бир мушт тушади.
− Сен мен билан ҳуқуқ талашяпсанми?! − дейди. Сўнгра салмоқланиб ўрнидан тура бошларкан, оёғи тагига бир сўкинади-да, узун эснайди. – Яхшиликча ўзинг тан ол: бурноқмисан, суллоҳмисан – на-амасан? – дейди бошқача бир ҳузур ила. Эснаш чоғи икки ёнга керилган гурзидай муштларини аста-секин юқорига ҳаволатиб туриб, ҳар эҳтимолга қарши яна бир марта иккала елкангизга туширади.
− Битта рўмолчага шунчами, эй одам?! Сиздиям бола-чақангиз бордир?! − деган маънисиз ҳайқириқ чиқиб кетади оғзингиздан.
− Мен Азаматман, шунга ойлик оламан! Сен эсанг, бурноқсан, тушундингми?! Устига устак, чўнтагингда рўмолчанг ҳам йўқ!
Урди Худо! Бурноқ эмаслигингизни, рўмолчани тасодифан олмай чиққанингизни кимга ва қанақасига исботлай оласиз бундай бир паллада? Кўчада лаллайи-иб юрибсизми, унинг устига, қаёққа юрайин экан, деб иккиланиб туриб қолдингизми, камига чўнтагингизда бир парча латта ҳам йўқ − қип-қизил бурноқлигингизга бундан ортиқ далил бўлмаса керак!
Қўрқиб кетасиз. Бу ердан тез қутулмасангиз, осмон устиданми, ер тагиданми бурноқ топиб келасан, деб иккитасини кўчага чиқариб, ўшандан бери йўл пойлаб-зерикиб ўтирган манави Катта Азамат қўйми ё эчкининг ичак-чавоғини бўйнингизга илиб қўйиши ҳеч гап эмас.
− Ўртоқ Азамат ака, мен тинчгина уйимда ётганидим, қайси шамол сургалаб кўчага олиб чиқди, билмай қолдим. Чинданам бурним оқмайди, бурним оқмаслигини хоҳлаган дўхтирингиз текшириб кўраверсин… Лекин кўнгил тортганда арақ-парақ ичиб тураман, ўшанда бурнимдан сал сув келмаса, бошқа пайт доим қуп-қуруқ. Ишонмасангиз, қўшниларимдан биронтасини чақириб сўранг: мен тозаман, ҳеч кимга зиёним йўқ, ўртоқ Азамат ака…
Ароқни эшитиб Катта Азаматнинг кўзлари намиқади, кўнгли юмшайди.
− Зиёнинг бўлмаса, туришингдан, фойданг ҳам йўққа ўхшайди сенинг, − дейди нималаргадир ишора қилиб. − Масалан, доим ўзингни ўйлайсан, бизни ҳеч ўйламайсан!
− Мени қўйворинг, фақат сизни ўйлашга сўз бераман, ўртоқ Азамат ака!.. Аксига олиб, уйдан қуруқ чиқибман.
− Йўқ, сени энди шундай қўйиб юборолмайман. Анови иккала Азамат нима деб ўйлайди − сени берган, мени олган деб ўйлайди. Хатга тушдингми, энди хат билан чиқасан беттан, − дейди-да, қаёққадир сим қоқади: − Алў, идорами? Бурноқлардан биттасини қўлга олганидик… − деб гап бошлайди-ю, давомини айтмай, дарров тилпонни ўчиради. − Айтгандай, ўзимизнинг ҳам дўхтиримиз бор, лақаби “Баковул”, бизда эксперт бўлиб ишлайди. Олдин ўша текшириб кўрсин, кучи етмаса, ўткирроғини чақирамиз.
Сўнг бошқа рақамларни теради.
– Баковул оға, бир кириб кетолмайсизми?
Ҳаял ўтмай, хонага кўркамгина бир йигит кириб келади. Кирасолиб, осмондан тараша тушгандай:
– Нима бу, кўчаларда тентираб юрибсиз?! – дейди кўзингиз тубига тикилиб.
Туйқус миядан мушт еган каби каловланасиз.
– Тентираб юрганим йўқ… уйда тинчгина ўтирганидим, нима палакат босдию кўчага чиқиб кетганимни билмай қолибман… – дейсиз дудуқланиб.
– Соқол-чи? Соқол қўйиб олибсизми?
– Ука, тушунадиган одамга ўхшайсиз… – деб ғудрана бошласангиз, бирдан Баковул сўзингизнинг белига болта уради:
– “Ука” деманг! Биринчидан, мен укангизмасман, эксперт-дўхтирман! Иккинчидан, сиз ҳам акаммассиз, бурноқсиз, тушундингизми, рўмолчангиз ҳам йўқ!
Капалагингиз учиб кетади
– Баковул ака, инсоф қилинг… шу… мен бурноққа ўхшайманми, а, яхшилаб қаранг, ўхшайманми?.. Фақат, бугун нимагадир рўмолча олиб чиқиш эсимдан чиқибди, холос. Соқол ҳам соқолмас, айтдим-ку, беш-олти кундан бери кўчага чиқмаганидим, бетимни жун босиб кетди.
– Ҳа… – дейди эксперт-дўхтир. Иягини ғижимлайди. Бир сизга, бир Катта Азаматга қарайди. Яна бир марта чўзиб “Ҳа-а” дейдию: – Роса айёр экан, аниқлаб бўлмади… Хуллас, бу ёғи ўзингизга ҳавола. Нима дейди: эти сизга, суяги бизга, – деб хонадан чиқиб кетади.
“Суягингизнинг эгаси”га ортидан мўлтираб қараб қоласиз. “Этингизнинг эгаси” эса, сиздан бир нарса чиқмаслигига кўзи етибми, энди нима қилсам экан, деган маънода жичча ўйланиб қолади. Сўнг дарров ҳушёр тортади:
– Аслида, ўйланиш бизга хосмас, биз луббой ишни шартта ҳал қип қўяқоламиз, – дейди ўзини оқлаганнамо оҳангда. Жичча ўйланиб ожизлигини билдириб қўйганига xижолат чекади. – Илигингни қоқмоқчийдим-у… бахтинг бор экан, бола, эксперт-дўхтиримиз сендан манқа топа олмадилар. Аммо-лекин арақни вақтида эслатиб қолдинг, бизнинг тилда у “спиртли ичимлик” дейилади… Майли, катта эксперт-дўхтирларни овора қилмай қўяқолай. Зув чиқ-да, қорангни ўчир! – дейди кўзидан олов пуркаб.
Ўзи бугун омадингиз кептурибди. Аниқ! Бўлмаса, бунақа жойдан биров бунақа онсон қутулиб чиққан эмас! Тағинам анави Баковул деганлари инсофли дўхтир экан, аниқлаб бўлмади, деди, бошқалар аниқларди, бурнида манқаси бўлмаса ҳам, ўйлаб ўтирмасдан бор деб хулоса берарди. Ана ундан кейин бу Азаматларнинг ҳунарини кўрардингиз… Худо сақлади.
Энди туёқлар тез шиқиллатилмаса бўлмас. Нарироқ бориб, ўзни сал босиб, яхшилаб ўйлаб олинади − нима қилиш, қаерга бориш ўшанда маълум бўлади.
Яна эски ҳол: ўнгга юрайми, чапга юрайми? Айтгандай, уйингиз қайси томонда бўлса, ўша ёққа юрасиз-да. Лекин… уйингиз қаёқда?
Қаерга келиб қолдим ўзи, деб турганингизда қаршингизда бир мошина тўхтайди.
– Мижоз, ташлаб қўяйми? – дейди кирачи ойнагидан бошини чиқариб.
Буниси энди ўлганнинг устига тепган дейилади. Ажабланиб қарайсиз. Шу кирачига ҳам бир мижозсиз, холос. Албатта, уям нари борса бир кирачи-да…
Хафсалангиз пир бўлади. Кирачига жавоб ҳам қилмасдан, бошингиз оққан томонга буриласиз-да, юра… йўқ, судрала бошлайсиз.
Кўнглингиздан, бир бошга бир кунда шунча ҳодиса… кўп эмасми, деган ўй кечади. Пиёда бўлдингиз, арава бўлдингиз, касал бўлдингиз, бурноқ бўлдингиз, мана, мижоз ҳам бўлдингиз, аммо одам бўлмадингиз… Хўрлигингиз келади, эзилиблар кетасиз.
Гавда эгик, бош ундан-да эгик, кўзлар ер чизади; икки қўл чўнтакда, оёқларни тўғри эмас, чалиштириб ташлайсиз, гўё теваракда кимса йўқ, бир ўзингизсиз; кимгадир елкангиз тегиб кетганига ҳам, у кимдир орқангиздан “Ҳов, кўр!” деб ҳақорат қилганига ҳам парво қилмайсиз, бир ўнг томонга, бир чап томонга тиш орасидан чирт этказиб тупук учириб қўясиз, сиз дунёни унутгансиз, дунё сизни танимайди…
Ие, нега танимайди? Нега танимаслиги керак? Мен шу қадар ҳеч кимманми? Майли, отимни билмасин, майли, мени олдин ҳеч қачон кўрмаган бўлсин, лекин одамман-ку! Одам одамни таниши, одам одамга Одамга ўхшаб муомала қилиши керакмасми?! − дейсиз йиғлагудай бўлиб.
Туйқус туртиниб, ёмон мункийсиз, ўйларингиз сочилиб кетади. Аспалдан икки қаричча қовурғали темир чиқиб қолган экан. “Э лаънати!” деб юборасиз. Лаънатингиз шиппагингизнинг бир тасмачасини узиб юборган темиргами ёки йўлкага аспални пала-партиш босган шалтоқи аспалчиларгами аталганини ўйлаб ўтирмайсиз, эгасига етишидан кўнглингиз тўқ. Фақат, кайф-баракамни учириб юборди-я, деб ғашланасиз. Нимани ўйлаётувдим ўзи? Ҳа, одамларни…
Одамлар…
Яшаши қизиқ бу одам боласининг: эрта билан туради, бет-қўлини ювади, унда-мунда нонушта қилиб, уйидан чиқади. Қаёққа боради, борар ери белгилими, йўлида тўғри кетяптими – кўп ҳам ўйлаб ўтирмайди. Аммо ҳар куни шу: эрта-саҳардан, болам-чақам деб, умид билан, бир тишлам нон топиш илинжида, остохона сакраб кўчага чиқади – насибасини излайди. Бирнима топса, боши кўкда! Тез уйига сурворади. Топмаса, қайтгиси келмайди, тимирскиланиб юраверади. Қанийди, ҳеч йўқ бир игна топилса, дейди. Кечани кеча, кўчани кўча демай изғиб-санқиган одам, ўйлайсиз, бекорга юрибдими? Сира умидини узмайди, ўзига аталганини излайверади. Уларга ҳам битилгани бор, албатта. Фақат, қайсидир кавакка яшириб қўйилган бўлади. Гап ўша кавакни топиб, қўлни чўзиб олишда қолган, холос…
Ана, ўзимизнинг Бозорқўмларни олинг. Нимага уларга доим йўл бўшатиб яшаймиз? Чунки уларни чексиз ҳурмат қиламиз. Нимага ҳурмат қиламиз? Чунки Бозорқўмларнинг ташвиши катта. Тўғри, мундай ўйлаб қаралса, у катта ташвишининг бир учи айланиб-ўргилиб келиб бола-чақасининг оғзига ва ё ўзининг қорнига уланган бўлиб чиқади. Биламиз, лекин айб санамаймиз. Нимага айб санамаймиз? Чунки Бозорқўмлар катта кишилардир, қоринлари ҳам катта бўлади. Дарҳол енг шимариб тирикчилик кетидан тушишлари шундан. Бўлғуси Бозорқўмларнинг ризқи зинага сепилган бўлади. Биринчи зинадагисини териб еб бўлганидан кейин иккинчисига чиқади, иккинчи зинага кўпроқ, учинчисига ундан ҳам мўлроқ сепилган бўлади… Тепалагани сари ризқининг кўпаяётганини кўриб, иштаҳаси очилиб, яна, яна тепалагиси келаверади. Атайлаб шундай қилинган, чунки зинанинг ҳамма босамоғига дон бир хил сепилса, ким ҳам тепага талпинарди.
Пиёдалар, аравалар, чойчилар, паттачилар, касаллар, бурноқлар, кирачилар, мижозлар… қоринлари кичик бўлганидан улар “Кичик одамлар” дейилади. Уларнинг дони энишга ва тобора сийрак сепилади – ҳансираб излайверади, излаган сари эниб бораверади… Тиним билмай елади, югуради, охири теваракни кўрмай қолади. Ёнгинасида тепага ўрлаб кетган зинани ҳам, бу зиналардан чопқиллаб ё судралиб чиқиб бораётган бўлғусиларни ҳам илғамай қолади. Илғаса-да, парво қилмайди. Зотан, илғади нима, илғамади нима. Бурни катагига қўнган пашшани қўришга ҳафсала йўғ-у, зинага қарайдими?! У ўзининг донини топиши керак, унга аталгани энишга сепилган.
Бозор деганлари, ўзи, айни шу катта-кичик қоринлар учун чиқарилган – қимирлаган жон бор, тўрт танга топсам дейди. Бир-бирининг қўлига қарайди, кўзини аланг-жаланг қилиб, ўзига аталганини соғиниб ахтаради. Ўзиникини юраги билан сезади, шаппа ташланади, олади, чўнтагига тиқади, орқасидан эҳтиёт шарт жилмайиб қўяди – хижолатликдан чиқмоқчи бўлади гўё. Омади чопганлари зина сари чопади, қолганлар яна энишга ёйилади.
Кечқурун каттаю кичик ҳамма уй-уйига келади, қаршисига чопқиллаб чиққан бола-чақасини қучоғига олиб эркалайди, ёноқларидан ўпади, эртаклар айтади. Хотини пиширган овқатларни ҳузурланиб ейди, телевизор кўради, суякларини қисирлатиб керишади, кейин  ухлайди. Ухлаганида хурраклар отади, тотли-тотсиз тушлар кўради.
Албатта, бу савдолар бари уйғоқларга ва тирикларга хос. Ухлоқ ё ўликлар зарарсиз борлиқлардир. Улардан ҳеч кимсага зиён йўқ. Ҳамма қилғилик уйғоқлар ва тириклардан чиқади. Кулгили. Тирикликда ё уйғонишда нима сир бор экан, деб тагига етолмайсиз. Тириклар ва уйғоқлар ўзларининг одам эканини унутади гўё.
Хуллас, ғирт томоша… “Э Одамзод!” деб юборгингиз келади.
Бунақаси кўрилмаган. Кўрилган бўлса ҳам, кўрганлар аллақачон ўтиб кетган, ҳозиргилар билмайди. Хуллас…
…шу дам оламни мошина ғилдиракларининг чий-чийи, ўткир сигналларнинг бип-бипи босиб кетади. Чала-ярим ҳушингизга келасиз. Катта йўл ўртасида нимага ва қачон қаққайиб туриб қолганингизни эсламайсиз, бу мошиналар сизни уриб юбормаслик учун қий-чувлатиб зўрғалатдан тўхтатилганини ҳам англамайсиз. Ҳайдовчилардан кими мошинаси ичида ўтирганича қўлларини пахса қилиб, кими ойнагидан бош чиқариб, лекин бари оғир-оғир сўзлардан тош ясаб сиз томонга отаётган бўлади. Нима бўлганини энди секин ажрата бошлайсиз. Юрагингиз орқага тортиб, чотингизнинг орасигача бижирлаб кетади. Аммо гарангсиб, илдам ўзингизга келолмайсиз. Чайқалиб тураверасиз. Биттаси мошинасидан шартта тушиб, устингизга бостириб келаверади. Урса керак, деб ўйлайсиз. Лекин ҳимояга тайёрланиш хаёлингизга келмайди, бу ҳолда ўзингизни барибир ҳимоя қила олмас эдингиз ҳам.
– Кўз борми, одам?! – дейди у ўдағайлаб. Лекин урмайди. Қўлтиғингиздан олади-да, тўхтаб турган мошиналарни оралатиб, чеккага судрайди. – Худо сақлади, ака. Бўлмаса, битта сизни деб, қаранг, қанча мошина бир-бирига кирарди. Нима хаёл сураётувдингиз ўзи?..
Индамайсиз. Индаёлмайсиз. Ичингиздагиларни қандай тушунтирасиз, ахир? Йигит ўзи куйиб, ўзи гапираверади:
– Ўн одимгина нарига борганингизда, давлат кўрга ҳассадай қилиб атай чизиқ тортиб қўйибди, ўша чизиқдан ўтардингиз – бу кўргилик йўқ эди. Давлат бекорга йўл чизмайди, ака, кўзингизни очинг, хўпми? – дейди ва сизни кўчанинг нариги бетига ўтказиб қўйиб, ўзи мошиналар оломони ўртасида қолиб кетган уловига қараб чопади.
Гулхона панжарасига суянганча нафасингизни текислар экансиз, бирдан кўзларингиз чақнаб кетади:
Нима деди? “Одам” дедими? Ҳа, шундай деди! Аниқ “Одам” деди!
Бу сўз қачонлардан буён биринчи марта ишлатилганини эслайсиз. Завқингиз қўзийди. Ҳозиргина даҳшатли палакатдан зўрға қутулиб қолганингиз ҳам эсингиздан чиқади. Кўнглингизни аллақандай сурур эгаллайди. Миянгиз тиниқлашади.
Одам! Қандай чиройли, қандай соғинчли, қандай ёқимли Сўз! Ҳатто бемалол оғизларни тўлдириб айтса бўлади! Ахир, бу улуғвор унвонга Одам боласи ҳартомонлама лойиқ. Чунки у энг биринчи галда Одамдир! Одам бўлиб туғилган, Одам бўлиб қолажак! Фақат, бунинг учун у ўзини ҳамиша Одам ҳис этиши, бир-бирига энг олдин Одам ўлароқ боқиши, бир-бирида энг олдин Одамни кўриши керак. Бундан ортиқ ҳам эмас, бундан кам ҳам эмас!..
Мана шунақа гаплар.

Бир ҳисобга, оёққа шиппакни илиб, чиллахонангиз ёки гўрингиздан шартта отилиб кўчага чиққанингиз яхши бўлган экан. Нари-бериси билан ярим кунда кечган воқеалардан оддий бир ҳақиқатни англаб етасиз.
– Эй одамлар, мен ҳам бир одамман, ахир! Биз ҳаммамиз одаммиз, азиз ва мукаррам Одам қилиб яратилганмиз! – деб ҳайқириб юборасиз.
Бу гаплар ҳушингизга ёқиб тушади, яна бир марта қайтарасиз. Кўчада етти яшардан етмиш яшаргача ҳамма қотади. Бир муддат анграйиб, оғзингизга қараб қолади. Ҳатто мошиналар тақа-тақ тўхтайди. Ҳеч ким сигнал чалмайди. Биров бировни сўкмайди, қўлини пахса қилмайди, очиқ чеҳра билан юзингизга термилади, яна нима деркин, деб оғзингизни пойлайди. Сиз эса, унутилган бу оддий ҳақиқатни учинчи бор баралла такрорлайсиз ва… айтган сарингиз, яна айтгингиз келаверади. Овозингизга қўшилиб кайфиятингиз ҳам кўккача юксалади гўё.
Оёқларингиз қушдай енгил бўлиб қолади. Дадил ва илдам юра бошлайсиз. Қаёққа бораётганингизнинг аҳамияти қолмайди. Уйингиз қаёқдалигининг ҳам энди қизиғи йўқдай сизга. Зотан…
…илмий изланишингиз ҳарҳолда натижа берди – ҳаммаси тушунарли бўлди.