Нурилла Чори. Бўрон тинган кеча (ҳикоя)

Фармон тоғамга

«…Жонузоқ араб сал гуппироқ одам эди. Унинг назарида, бу ёруғ дунёда атиги иккита ҳурматга лойиқ одам бор эди: бири – галатепалик раис Раим Ғайбаров, иккинчиси – қамашилик раис Норбўта Шароф».
Мурод Муҳаммад Дўстнинг
«Лолазор» романидан

Ҳу-ув, у давронлар бошқача эди. Ҳар мардумнинг дили тили билан бир эди.
Бошпуртсиз Жонузоқ араб ҳар сафар Ўртақўрғонга карвон тортганида Норбўта Шароф бўталар бўйнидаги қўнғироқ садолари эшитилмай, лўкиллаган нортуялару йўловчилар чанг йўлга сингиб,- лой изларга ботиб кетмагунча ортидан қараб қоларди.
Ихтиёр ўзида бўлса Кўҳиқофда дев бўлишга орзуманд араб бир кетганида ҳилолни тўлдириб ё бўлмаса, баркашдек ойни нимталаб Элсаройнинг сойида бўй берарди. Ана шундай кеча-кундузларда карвону сарбонга илҳақ Норбўта Шароф ич-этини ер эди. Карвон йўлига кўзини тикмаслик учун ўзини овутиш баҳонасида эл оралаб тўю томоша кўрар, юрт кезиб ҳол сўрарди. Шу одати кейин-кейин унинг аъмолига айланиб кетди.
Бу кунда у ёлғиз эмас, эгиз юрарди. Алплиги Алпомишга тортган, келбати Қоражонга қора берган Шоҳимардон пирнинг боласи, Чим саройининг Шаймардон полвони ёнида бўларди. Билганлар полвонни Ибрайим (Иброҳим) аминнинг боласи, билмаганлар Норбўтанинг полвони дерди. Аммо иккиси-да рост эди.
Пешин… пешиннинг пешинлигини билиш-да қийин пайт… Этагини йиғмаган куздан қаҳрланган қиш қиличини қибладан туриб яланғочлаган. Қор кишининг қовоғини-да очирмайди, очгандаям ўн-ўн беш одим нари кўринмайди. Қулоққа от пишқириғи ва гунгур-гунгур овоз эшитилади. Овознинг қор парчаларидай олис-олисдан келаётганини пайқаш унчалик мушкул эмас. Гоҳ аниқ эшитилган сасдан гоҳо садоям бўлмайди. Яна бирпасда от дупурлари бўронда туртиниб ўчоққа ўт қалаётган, ош дамлаб эт қайнатаётган аҳли Қизғалдоқнинг диққатини тортади.
Шу бўронда отасидан мирохур нисбасини мерос олган Ташкан кал элга дастурхон ёзиб мирохурлигига муносиб бўлмоқчи, юрт кезиб тотган нон-насибасини оқламоқчи, кўп қор кўриб, сочини оқартирган аламни кўкайидан суғуриб отмоқчи, эл олдида тўққизинчи қизини «улим» деб елкасига қоқмоқчи!
Ташкан босар-тусарини билмаган Бойсаридай бой ҳам, Бойбўридай шой ҳам эмас, ёнида маслаҳат бергувчи Я(Ё)ртибойи ҳам йўқ. Унинг бисотидаги бойлиги минг қўйлиникидан-да зиёда. Кўнглининг бениҳоя кенг-лиги, жўрабозу ошнабозлигини айтмаганда, Қалдирғочдек қизларидан бошқа ҳеч вақоси йўқ. Мирохурнинг элга ва Эгамга бир ёққан томони бордирки, шу кунда Галатепаю Терсотадан, Хўжасоату Сангижумондан, Қувкаллаю Бақаҳовуздан, Накурту Арпали даштидан от ўйнатиб, пою пиёда мисли бўрондай меҳмон ёғиляпти.
Кўз кўрар, товуш етар оралиқ масофа ташлаб ёш-яланг тизилган. Улар келгувчиларнинг от-уловини ушлаб, тўй баҳона тикилган ўтовга чорлайди. Ўтовда Бухор мулла, Тиркаш кўса, Эшон Ташкан мирохурнинг қаватида меҳмонлар билан хушлашади, хешлашади.
Шу пайт кимдир ташқарида меҳмонлар талаш бўлаётганини айтди. Тиркаш кўса чўрт кесиб, бу меҳмонлар Қулмирзага (Қулмирзанинг ўзи бўлмаганда унинг исмига шайтон лақабини ҳам тиркарди) тобин эканини айтди.
– Ҳўв, Тиркаш бува, бизга қўноқ йўқми? – деб ичкарилади муртига қор инган қорувли йигит, унинг гапи тугар-тугамас.
– Меҳмоннинг ҳали қадами узилгани йўқ, – деди Эшон беписанд назар ташлаб.
– Сабр қилинг, эндигиси сизники, – деди тасбеҳ ўрнига бармоқлари бўғимини санаётган мулла.
– Учинчи марта шундай деганларингиз! Биз тўй берганимизда мирохур иззатли чавандозларни кузатган.
– Сиз ҳам иззатлисини кузатасиз, полвон, – деди кўса сийрак соқолини гўштдор панжалари билан тутамлаб.
– Мирохурнинг қайси меҳмони иззатсиз экан?! Менга меҳмон беринг, бошқасини билмайман. Меҳмонсиз ўтовдан чиқмайман, – дея ўтириб олган йигит ўзимизнинг Бозирган чавандоз бўлади.
Бу тортишувлардан кўнгли кўтарилган Ташкан ташқарилади, одамлар орасидан сийлиқди . Кўзидан ёш қалқиб, тошди… Елкаси нортуянинг ўркачидай силкинди, қайта-қайта учиб-учиб тушди…
Қор билан юзини ювиб қайтди. Ўтовни қуршаб турганларнинг суҳбати қулоғига илинди.
– Кўпкари бермаса, мирохурнинг мирохурлиги қаерда қолади?!
– Кўпкари бўлмасаям кураш беряпти-ку!
– Энди, айтаман-да, отбознинг қилган ишини?
– Мирохур улли бўлсам, кўпкари бераман, кўпкарига Норбўта Шароф баковул бўлади, деб ният қилган экан. Бугун Норбўта Шароф қариган. Кўпкарига оралаши қийин.
– Ораламаса баковуллик қилиб бўлмасмикан?
– У баковул бўлган кўпкарида чавандозлар билан биртан чопган, дейишади.
– Mирохурга ҳалол билан ҳаромни ажратиб берадиган бошқа одам йўқ эканми?
– Бор. Раим оқсоқол!
– У ҳам қирчанғи чол-да, энди. Кейин, Норбўтанинг устидан от ҳайдамайди у.
– Нима бўлгандаям, отларнинг ўпкаси пишмайдиган бўлди-да. Кўпкари йўқ!
– Кўпкари бўлганда нима?! Полвоннинг тақимидан улоқни узиб оладигани борми?
– Балки Норбўта Шароф олишда Шаймардонга товоқни олиб бераман, деб баковулликка рози бўлгандир-а?!
– Шаймардон Норбўтасиз давраларнинг товоғини ҳам бировга бермаган. Кейин, ғирромлиги бўлса, мирохур уни ошна тутмасди.
Ташкан томоқ қириб тортишувни бўлди: – Мен Норбўта бува баковул бўлади, деганман. Шаймардонга зот бераман, деб олиш қилаётганим йўқ. Жонинг бўлса, элнинг ориман, Қизғалдоқ меники, деб кўкрагингга урсанг, полвон билан олиш, ол! Ўзим чиқсам уят бўлар… Меҳмонлар мирохур ноқис экан, полвонга зот бергиси келмай, бутига тармашди, демайдими?! Ҳали йўлдаги кишига шунча гап! Тағин қулоғи қизиб, Норбўта Шароф биздан гиналамасин, бўзанинг полвонлари!
– Ака, ғафлатда қолибсиз, оқсоқол бошли элсаройликлар Бозирган полвонникига аллақачон қўноқ бўлди…
Шомга бориб бўрон тинди. Қибла қонталаш тусга кирди. Ерни қоплаган қор тўпиқдан ошади. Ҳар қадамдан ғирчиллаган овоз чиқади. Совуқ суяк-суякка игна санчаётганига қарамай, барча бу кунги бўронни кўрмагандай, писанд этмагандай. Қишлоқда қанча ўчоқ бўлса, ҳаммасига ўт қаланяпти. Бу билан улар мирохурнинг тўйи, деб Тангрининг куҳна иморатини қизитмоққа урингандай.
Хуфтон кирди. Ойсиз, юлдузсиз, қор оқартган бир кеча. Кураш бошланишига илҳақ оломон баковулнинг овозига маҳтал.
– Биродарлар! Ташканбой бойлардан бой, беклардан бек йигит! Сазаси учун шайтоннинг бўйни узиладиган имонли, эътиқодли йигит. Худонинг ҳовлисида жонлиқни ҳаром қотирмаган. Ҳалоллаганини сизу менсиз тотмаган. Бугун бир баҳона билан барчамизни йиққан. Азалдан элга бераман, деган ҳотамтойнинг баҳонаси кўп. Нима бўлгандаям, «ўмганласам, суягувчи, қулоғим битса, ортимдан чақиргувчи, чўбин отимни етакловчи шу эл», деб билган мирохурнинг берганини ҳалоллаб, кўпнинг ризолиги билан оласиз, полвонларим! – деди ўрта бўй, юзидан нур ёғилган, овози ўктам бир чол майдонда туриб. – Даврада ҳалолни мен айтаман! Виждонини йиқитган ғирром полвон бўлса, Элсаройни аҳмоқ қилмай келсин, тўйчининг «товоққа ташлайман», деган туяси билан жандасини ҳозир бериб юбораман!
– Номарду нокасни полвон деманг, ундайлар бизнинг орамизда йўқ! – ҳайқирди оломон.
Полвонларга Тангри таолодан куч-қувват, йигит пиридан йўл сўраган баковулнинг овози янада ўктамлашди:
– Полвон, отингиз нима?
– Жолпон!
– Сизники-чи, полвон?
– Ортиқ!
– Ов-в, халойиқ! Ортиқ полвон билан Жолпон полвон элнинг катта полвони бўлсин! Ҳозир ҳам кам эмас, тиши бутун, ризқ-насибаси мўл, ўнгирини аёл тутмаган, кураги ер кўрмаган зўр полвонлар! Бу полвонларга тўйчи бир сўм пул, Ташман туя уч сўм пул, Тоштемир полвон бир чопон атаган. Ҳалоллаб ўйин кўрсатиб, олишсин. Нима дейсиз, қора кўзли қанотларим? – деб элга юзланди Норбўта Шароф.
Давранинг ҳар томонида меҳмон полвонлар Сайфининг алласича келмайдиган қишлоғи шаъни учун енг шимаряпти. Бир-бирини ботирим, деб майдонга ундаяпти. Аҳли Қизғалдоқ эса, бу курашда Шаймардондан бошқа полвон йўқдек, у билан тирашадиган бир мард излаяпти. Белидан мадори кетиб, кўзи тина бошлаган оқсоқоллар мурти сабза урган ҳар кишидан умидвор: термилди, тикилди, тамшаниб, милкини сўрди. Охири, ким майдондан мағрур қайтса, ўзларига жиклаб , қон-қариндош чиқара бошлади.
– Эшон, боя Йўлдош калнинг ули билан олишган ким?
– Кўса, кўзингга нима бўлган, изиллоқлик Ўроқнинг боласи-ку!
– Ҳа, Тоштемир бекорга унга тўнини тикмаган экан-да. Улар тоға-жиянлашади-я?
– Мен билмайман, ўзлари билишмаса…
– Нима дедингиз, Эшон? – деб суҳбатга аралашган мулла дафъатан- жойидан ирғиб турди: – Ўроқнинг ўзи қани?!
– Арзининг уйига қўноқ тушган экан, иззатини қилмаганми, курашга қарамай кетибди. Мирохурнинг ҳам номига яхши бўлмади.
– Эшон, жиғилдон билан гапирманг! Бир юмуши чиққандирки, кетган!
– Улини олиштираман, деб келган одамнинг нима иши чиқиши мумкин, сўфитўрғай!
– Ўв, Эшон, тилингнинг тагидан тилча чиқармай. Қулматни топ, шундан бошқа бари «оғироёқ».
– Шу сағирга бунчалар ишонмасангиз? Бори бир ялоқхўр бўлса, – деди Тиркаш кўса.
– Ошна, сизни элнинг кўса деганиям эъзоз экан-ку! Асли икки кўзи милтиллаган бир қоп гўшт экансиз!.. Менга Ўроқ керак. Сизларга керак бўлмаса, Қизғалдоққа керак! Ҳўв, Қулматбой болам, бери кел, Қулматбой! – деб бўғзига зўр бера бошлади мулла даврага термилиб турган жуссаси муштдек ўспиринга. – Болам, Қулматбой, Қулмуҳаммадбой, ҳозир Изиллоққа – Бўри тўпдан Ўроқнинг уйига борасан. Сиздан Ташкан мирохур хафа, де. Бормасангиз мирохурнинг кўп йиллик тугуни яна чийралиб қолар экан, дегин. Бухор мулла айтди, дегин. Майли, манови Тиркаш буванг билан Эшон бувангнинг авлод-аждоди номидан гапирсанг ҳам майли. Чоп, тўйхонаю қўноқ тушган уйлардаги истаган отингни мин. Фақат Норбўта Шарофнинг тўриғига тегмасанг бўлгани. Чоп, болам! Чоп!
Ойдин кечада оппоқ қор узра от чоптириб бораётган йигитча ортидан Бухор мулла бир муддат қараб қолди. Сўнг қайтиб жойига ўтира олмади. Бу орада бироз сепсиб қолган, бир хил жуссали, бир хил қувватли полвонларнинг ўртамиёна курашидан зериккан давра Шаймардон полвоннинг чакмонидан тутишга ким журъат этишини кутарди.
Тик туриб полвонларга разм солаётган муллани тобора яқинлашаётган от дупури даврадан суғуриб олди. Оғзидан оппоқ буғ чиқариб, пишнаб турган отнинг жиловини маҳкам чангаллаганча, келгувчиларни: «Ўроқбой полвон, яхши келдингизми, сизни давра кутиб қолди-ку, шундай курашниям ташлаб кетадими?!» – деб қаршилади.
– Мулла бува, нимага бунча зарур бўлдим?
– Сиздан бошқа биров Шаймардоннинг ёқасидан ушлаёлмайдиган кўринади, иним.
– Эй, бу нима деганингиз бўлди? Мен олишга ишқибозман. Ўзим тенгим- билан ҳам олишаман, тўғри. Катта полвонлар билан қачон олишувдим?
– Полвонжон, бунда Қизғалдоқнинг ори турибди!
– Қизғалдоқнинг ори бўлса, менга нима! Қизғалдоқ сизники…
– Нима десангиз ҳам мозоримиз бирлигини унутманг! – деб кўзининг ости билан қаради мулла.
– Мулла бува, оталар қабрини босиб ўтадиган Кўкаманнинг кўкайидан оламан. Лекин полвонни қишлоғингиздан топганингиз яхши эди.
– Полвон, ўзингиз оталар ётган жойни оёқости қилдирмайман, деб турибсиз-ку. Бошқа одам излаб нима қиламиз? Сиз бола эдингиз, билмайсиз. Отангиз, бу мозорис-тонга Элсаройдан бир аёлни суягим, деб олиб келиб қўйганди…
– Эшитганман, мулла бува, эшитганман! У киши аммамиз бўлади.
– Эшитган бўлсангиз, уларни оёқости қилиб қўясизми? Шуларни билсангиз яна нимага терсланасиз?
– Майли, сиз айтгандек бўлсин, – деб чуқур нафас олди Ўроқ махсум.
– Қўрқманг, полвон, сизни Шаймардон йиқита олмайди. Айтганимдай бўлмаса, Бухор тилидан кофир дейсиз! Даврада Шаймардон полвоннинг қўлини баланд кўтариб, талабгор излаётган баковулнинг қаватига юрак ютиб биров яқинлашмади. Бундан элсаройликлар қанча мамнун бўлса, қизғалдоқликларнинг боши шунча хам эди. Шу боис, Ўроқ махсумнинг даврага кирганини биров билмай қолди.
Норбўта Шароф Шаймардон полвоннинг талабгори Ўроқ полвон эканини элга эълон қилди. Уларнинг чакмони устидан баковулнинг ўзи белбоғ боғлади. Томошаталабларнинг бутун вужуди кўзга айланган: лаб жуфтламай, киприк қоқмай даврага тикилади. Полвонлар аввал қўшқўллашиб саломлашди. Сўнг Шаймардон ўнгдан давра айланди. Рақиби унга эргашди. Бир-бирига юзланганча чап оёғидан ўнгини ярим қадам олдинга ташлаган полвонлар бироз энгашди. Гўё қанот қоқиб турган хўрозлардай бир-бирига тикилди.
Шаймардон полвон рақибига тикилганча… ўн яшар болага айланди.
…Пешиндагидек бўрон қўпган кун. Унинг пешонасидан бир одам ўпди. Маҳкам қучоқлаб, манглайини манглайига тиради ва: «Бу оламнинг савдоларини бир кун ўзинг ечасан, менга осон тутма, отангни ҳам кутма. Шу кунгача ғайридин олиб кетган бирор одам қайтмади. Кишининг молига тегинма. Қўлинг ҳалол, нима иш қилсанг-да, бир кун биз томонга Худойқул деб излаб бор. Етимни Яратган яхши кўради, бошини ёрмайди. Ўзингни эҳтиёт қил…» – деб, икки қоп сомон остидан фақат боши кўриниб турган оқ бурун, олақашқа саманга марҳумани юклади. Шаймардон биянинг ортидан йиғлаб чопди. Йиқилди, қорга ағанади. Шу ётганча олдинга тикилиб қолди. Тим қора дум қорда судралиб борарди…
Аввал сарбон, кейин бия, сўнг қорда қолган дум изи бўронда кўринмай кетди. Бияни етаклаб кетган одам – бодомқовоқ, қийиқкўз, ўсик қош, кенг бурун, кулча юзли, буғдойранг одам эди. У қартайиш ўрнига ёшариб, кичрайиб, бугун қаршисида турибди.
Шаймардон бу одамни икки марта излади: аввал урушга кетиш арафасида дараклаб келди. Билдики, бия етак-лаган сарбон элнинг мулласи экан, ўтиб кетибди. Онаси омонатини топширганида «ур-тиқ», «от-от» замон эди. Ота-си ҳам шунинг қурбони эканини кейин англади. Иккинчи марта урушдан қайтгандан сўнг қидирди. Худойқулдан қорахат келди, деб эшитди. Шу билан тоға томиридан, она авлодидан умидини узиб кетди. Худойқулнинг эл ичра Ўроқ отини олганини эса, кимсадан эшитмади. Бугун у қаршисида!..
Полвоннинг қомати «алиф» бўлди. Рақибининг ёқасини тутишга чоғланган қўллари тўқсонга тўқнашиб, асога кучи келмайдиган илклардай шалвираб қолди. Бирдан ортига тисланиб, қўлини осмон қадар кўтарганча «курашмайман» ишорасини берди.
Давра – ҳангу манг. Нима бўлганини ҳеч ким билмай қолди.
Осмон тоқидаги узун пардек булутнинг қишлоқ тепасидаги жойи тугундек. Гўё сомонйўлида бораётган «нортуялар» ҳориб, давра устида чўккан. «Йўловчилари» эл-улусни кузатган, кузатгану шу кузатишда жим тарқалаётгандек эди. Оломон ҳам қандай йиғилган бўлса, яна шундай тарқади.
Туни билан қўноқхоналарда Ўроқ махсум ва Шаймардон аминнинг тақдиридан гурунг қизиди. Қишлоқ аҳли бомдодда Шаймардон полвоннинг қабристонда қироат билан фотиҳа ўқиётганини эшитди.
Қизғалдоқдан қайтаётган отлиқлар орасида икки киши унсиз сўзлашдилар. Норбўта Шарофнинг кўзлари «олишганда отангни аяма, дейишарди. Бу ёғи қандай бўлди, Шаймардон?» деганини уққан полвоннинг кўзлари «Бир кун бу танни тупроққа топширар бўлсам, манзил-маконимга қўяр одамнинг қандай ёқасидан олай, оқсоқол?!» дерди.
Оқсоқол бўлса кўнглида, «Полвон, сен эмас, мен йиқилдим. Умримда бировнинг ёқасидан олмаган, кишининг ёқасини жуфтламаган мулладан йиқилдим-а! Мулладан! – дерди. – Давраларда юрсам-да, бақириб-бақириб турсам-да, қарибман… Қарибман-да, а?! Бир алдаркўса мениям, сениям, бизга қўшиб тоғангниям йиқитди. Энди у бу гапларни тўйлардаги давраларда эмас, азада ҳам қироат қилиб ўқийди. Шуни айтиб ўтади… Уҳ, оқ чалворли, кўнгли қора кас…»
Маҳзун суҳбат тилга кўчиб, кўнгилга чўкиб борарди:
– Оқсоқол, бу оламда тоға нега бунчалар мукаррам?
– Полвон, бу оламни-ку қўятур, зимистон, қоронғу лаҳад туққан жиянни тўрга ўтқазиб сийлаган ҳам юраги ёлдор баҳодир тоға эди-ку! Эр йигитни гўрдан олиб тахтга чиқазгани учун лаҳадга қўйиш ҳам унинг зиммасида қолгандир, балки. Элсаройда Норбўта Шароф бўлсам-да, улар нималарга таяниб яшайди, билмасам, полвон!
Оқсоқол узоқларга кўз тикиб, карвонга, карвоннинг эмас, Жонузоқ арабнинг йўлига қарарди. Қани энди, у кўринса. Келса-ю, кўрган-кечирганидан айтса. Норбўта ҳам кўнглининг черини ёзса, ёзса-ю, дилида бирор тугун қолмаса, чув тушган алами қалбини тирнамаса, кўкайида ҳам, карвон йўлларида ҳам чечаклар кўкласа, бу олам кўм-кўк бўлиб, кўкариб кетса… Олам яшарса, Норбўта Шароф ёшарса, Шаймардон эмас, мен олишаман, деб даврага отилиб кирса… Эҳ, қани энди шундай бўлса! Шундайлар бўлса…