Нўъмонжон Раҳимжонов. Жимжит жолалар (қисса)

ЙЎҚЧИЛИК ҚУРСИН

Тўрақул шундай ҳикоя қилганди:
Онам вафотидан кейин дадам чўкиб қолди. Ҳар икки гапининг бирида ойимни эслатиб туради. Ўкинчлари ўртанган кўнглимни ўпириб кетгандек бўлади. Кейинги пайтда эса хаёли паришон одат чиқарди. Сукут сақлаб узоқ вақт ўйга толиб қолади. Анча фурсат ўтгач, ниманидир эслагандек, жудаям зарур гапи қолиб кетадигандек қўққисдан шикаста овозда гап бошлайди.
– Опангни уйи нотинч бўлсаям, бошида эри бор. Борники бежолик, йўқники ночорлик. Рўзғори бут… Энди, фарзанд кўришса, чақалоққа гиргиттон бўлиб, жанжаллари ҳам барҳам топармиди?
Гап айланиб, менга тақалишини биламан. Эски шаҳар бозоридаги ёймачиликда ўзимга тегишли супрадек жой бор; эски-туски, темир-терсак сотаман.
Дадам, гап кўп, умр оз, дегандек хира тортган кўзларини мендан узиб, узоқ тин олади. Кейин ҳар доимги саволини қайтаради:
– Ўзингни ишинг қанақа? Ёймада ул-бул ўтиб турибдими? Ҳали паттачи, ҳали участковой, дегандек “қув-қув” йўқми, ишқилиб? Зора, биринг икки бўлиб, пенсиямга қўшсак, йиғилармиди, дейман-да. Сени уйлашга етса кошкийди, болам.
Дадам аввалгидек кесиб-кесиб гапирмайди, кексалик – хасталик экан, мени синдириб қўйди, дейди. Яқиндан бери ҳар икки сўзида қўли калталик ҳақида бир нималар дейдиган бўлиб қолди. Совуқ жимликни дадамнинг синиқ овози бузди.
– Камбағаллик бедаво касаллик экан, болам. Одамни тириклай ер ютибди, деган гапларни кўп эшитардим. Аслида, одамхўр ботқоқ бу – қашшоқлик экан…
Шу пайт кўча эшиги тарақлаб очилди. Супадаги эзгин суҳбатимиз бўлинди. Дадам чўчиб тушди, терс ўгирилиб орқасига қаради. Кўзлари тикчайган қуда хола, ортидан кўзини ердан узмай кесак санаганча хомуш опам ҳовлига кириб келишди.
Дадамнинг юзидаги маъюслик ўрнини ташвиш эгаллади. Қути ўчиб, “оббо, бир балони бошлаб келмаётган бўлсин-да”, деди пичирлаб. Дадам иккимиз шарт ўрнимиздан туриб, пешвоз тараддудландик. Қуда хола саломимга алик ҳам олмади. Супага яқин ҳам йўламади. “Ҳе” йўқ, “бе” йўқ, томдан тараша тушгандек гап бошлади:
– Бу, дейман, қизингизни қайси деворнинг кавагида катта қилгансиз?
Дадамнинг кўзлари кичрайиб, қовоғи “пир-пир” уча бошлади. Жаҳли чиқса шунақа, ўзини базўр тутади, кўзлари қисилиб, соқолини тутамлашга тушади.
– Нима гап ўзи? Қанақа айбли иш қилиб қўйди? Мундоқ ётиғи билан тушунтиринг!
Қуда холанинг танглайи тепки билан кўтарилганми, овозини баралла қўйиб дийдиёсини бошлади:
– Ҳаҳ, кўрмаганни кўргани қурсин-а. Келин деган чимхўр бўларди. Тўйдим дейишни билмайди-я. Нафси ўпқон. Еб тўймаган, ялаб тўярмиди? Қозонни қатирмочиниям юлдуз кўрсатмайди.
Опам ерга кириб кетгандек кичрайиб муштдеккина бўлиб қолганди. Бошига гурзи тушгандек гарангсиб бир дадамга, бир менга, бир қуда холага жавдираб қарайди.
– Йўқ, унақамас, ёлғон! – дея олди ночор оҳангда.
Катталарга гап қайтариш гуноҳи азим, дейишган бўлса керак-да, опам юкиниб, ютиниб, зўрға тили айланганди. Сезиб турибман, дадам портлаб кетгудек эди, ўзини қил учида тутиб турарди.
– Унақа эмасдир, қуда, – деди сўлиш тортиб, ич-ичидан зил кетди. – Жуда ошириб юбормаяпсизми?
– Сепли келин – эпли келин, дейишгувчи эди, – қуда хола фалсафа сўқишга тушди. – Аслида, бахтини эплаб ушлаб қолиш сепининг қўлида. Ўзи, қизингиз келин бўлиб тушганда қуриб-қақшаб уйимга кириб келганди. Йўғини бор қилиб ўраб-чирмаб олгандим.
Дадам қуда холанинг беандишалигидан қизариб бўғриқиб кетганди. Жаҳли алангаланиб бораётганидан ҳар бир сўзи ўт сочгудай чарсиллай бошлади.
– Банда бергани кўримли, Худо бергани тўйимли. Ишқилиб, Худойим бераридан қисмасин, қуда. Кам-кўсти битиб кетаверади. Эр-хотин қўш ҳўкиз. Йўғингизни йўндириб беришади. Ҳали ҳаммаси олдинда. Худойим икковининг юлдузини бир-бирига тўғрилагани рост бўлсин. Ували-жували бўлиб, қўша қаришсин.
Қуда хола ялпайди:
– Бир кўришдаёқ қизингизни ёқтириб қолибди-да, ўғлим тушмагур. Асли, ордонагина қолсин, шу ёқтириши ҳам. Йигит киши ниманиям биларди. Уйланадиган ёшда димоғи том битади-қолади, йўқса, тезакни бурнини тагида тутатсанг, атиргулни иси деб қабул қилармиди?
Дадам узоқ жим қолди. Кейин, ўзини-ўзи койигандек жудаям шикаста силқинди.
– Айб манда, тенг-тенги билан, дейишгувчи эди. Икки ёш бир-бирини ёқтирибди-ю, деб рози бўлаверибман-а. Асли, лойимиз бошқа-бошқа жойдан олиб қорилган экан…
Опамни бир ой тиниб-тинчиб ўтирганини эслай олмайман. Қуда холанинг шаллақилиги етмагандек поччамизни ҳам, акашак бўлгур, қўли чиқиб қолди. Ойда бир-икки калтак еб, юзининг бирон жойини кўкартириб ё моматалоқ қилиб келади. Уч-тўрт кун ўтиб, хиёл ўзига келгач, дадам олиб бориб қўйиб келади. Андишага боради, фалончини қизи қайтиб келибди, дейишса, маҳалла-кўйда нима деган одам бўлдим, дея дардини ичига ютади. Охири…
Аср намозидан кейин ота-бола энди чойга ўтирган эдик, эшигимиз олдига машина келиб тўхтади. Югуриб бориб очдим. Икки киши опамни машинадан кўтариб чиқиб, айвонга ётқизишди. Отамга юзланишди: “Худони иродаси. Палакат-да… Ажални аритиш банда ихтиёридан ташқарида экан…”
Ерга қараб, битта-битта юриб чиқиб кетишди. Ўқ заҳри-оғриғи теккандан анча ўтиб билинганидек кўча эшиги ёпилгач, дадам билан баравар айвонга отилдик. Опамнинг томоғига ботган арқон изларини кўрдим-у, “шилқ” этиб, чўккалаб қолдим. Дадам ўкраб йиғлаб юборди:
– Йўқчилик қурсин, қизим. Йўқчиликнинг касрига қолдинг. Камбағаллик бошингга етди.
Дадамнинг дув-дув кўзёшлари оппоқ соқолини сийпалаб юва бошлади. Елкаси титрар, бошини чайқаб-чайқаб, кафтларини тиззаларига шапатилаб урар, вужуди лов-лов ёнарди:
– Афсус-афсус… Вой, болам-а… Кўргилигинг шумиди-а… Шўрлик қизим… Ношуд отангни кечир, болам! Бахтингни бутун қилолмадим. Билмай қолибман, замона зўрники, томоша кўрники экан… Зоримиз бор-у, зўримиз йўқ. Худога солдим…
Дадамнинг овози чиқмай қолди, чўнқайиб ўтирганча жим қотди. Энгаша бориб, опамни ёнига жимгина бош қўйди. Карахтликдан ўзимга келганда дадамнинг кўзлари юмилган, қўл-оёғи совиб қолганди.
Эртаси куни бомдод намозига уйимиздан бир йўла иккита майит чиқди. Дадам билан опамни ойимнинг икки ёнига қўйдим.

ДАРАХТЛАР ТИК ТУРИБ ЎЛАРКАН…

Тўрақулнинг отаси дов-дарахт тилини биладиган, сирлашиб сўзлашадиган боғбон эди. Бир бурда ҳовлисига шиғил гилос экканди. Айни ҳосилга кирган ларзон маҳали. Боқий дунёга рихлат этди-ю, гилослар ҳам бирин-сирин қурий бошлади. Отасининг йили ўтгунча ҳовлиси тик туриб ўлаётган дарахтларга тўлиб кетди. Шундоққина кўзи ўнгида кўм-кўк барг­лари сарғайиб, қовжираб адо бўларди. Қўни-қўшнию узоқ-яқиннинг оғзи тегиб турарди-да. Бола-бақрани-ку, қўяверасиз, гилос пишиғи оёқламагунча оёқлари ер искамасди.
Дарахтлар сим-сим йиғлади. Мукка тушиб, юзини одамлардан яшириб, ерга юзтубан гурсиллаб йиқилиб уввос тортди. Фақат кўзёшларини одамлардан яширарди. Кўкрагини тупроққа бериб, юм-юм йиғлади, аччиқ-аччиқ нола чекди. Тушларини бир умр ерости сизот сувларига айтиб келганди. Эндиликда жигаридан силқиган дардларини тупроққа топширарди.
Дарахтлар ҳам ичикаркан-да? Аччиқ айрилиқ, қаттиқ соғинч дарахтларни ҳам ич-ичидан кемириб, илвиллатиб қўйди, шекилли. Гилос дарахтлари тик туриб қовжирарди, жизғанак тортарди. Ўзини оловга топширарди.

ЎЗИМНИ УШЛАБ ТУРИБМАН

Тўрақул улуғсифат кўриниш учунми, соч-соқолини қиртишламай қўйганига ҳам анча бўлди. Бозорчи шериклари селкиллаган тўрва соқолига ишора қилиб, бир гал “Распутин” деса, яна аллакимлар “Маркснинг худди ўзи бўпсан”, дейди. Уларнинг кимлигини билмаса ҳам катта одамлар бўлса керак-да, деб ичидан семириб, ҳемралиб қўяди.
Бугун ҳам ҳаворанг “Айген” елим халтасини қўлтиқлаб “иши”га ошиқиб кетаётган эди. Катта бозор дарвозасининг чап биқинидаги япасқи тош менинг иш жойим, дейди ўзи. Асфальт йўлкадан бир-икки қарич баланд бўлгани боисми, “Тўрақулнинг тахти”, дейди шериклари. Сабаби, “ходовой”, гавжум жой. Ўтган ҳам, кетган ҳам бир нима ташлаб ўтади. Тонг саҳардан қош қорайгунча шу “тахти”дан тушмай тиланчилик қилади. Эртароқ келиб ўтириб олмаса, жойига ишқибоз гадойлар кўп. Кейин бульдозер билан суриб бўлса ҳам уларни эгаллаган жойидан кўчира олмайсан.
Анчагина униққан қийиқчаси бор. Юз-қўлини артадиган сочиғиям, егулик ул-бул топса, дастурхони ҳам шу. Қийиқчани олдига ёзиб қўяди. У иккала очиқ кафтларини эслатади. Кўзларини ғира-шира очиб-юмиб, болалигида бобосидан эшитган, ҳар куни минг марта такрорлайверганидан ёд бўлиб кетган хиргойисини бошлайди. Лекин нимагадир овозини баландлатишдан чўчийди. Сўзларини ялаб-ямлаб, эшитилар-эшитилмас овоз чиқаради.

Пешонангда неки борин кўрарсан,
Хом сут эмган, эй банда.
Отда чопдинг, яёв қолдинг, ошиқма,
Борар манзилинг қайда?
Қул бўлма-ё, қул бўлма,
Ҳей-ё, ҳо, ёронлар.

Тўрақул хаёлларига маст, эланиб кетаётган эди. Сочлари елкасини энлаган мухбир қиз йўлини тўсиб, қўлидаги микрофонни оғзига тутди:
– Амаки, бугун кашандаликка қарши кураш куни. Сиз сигарета чекасизми?
– Чекканда қандоқ. Попирис тугул насвой ҳам чекаман.
Гапини тасдиқлагандек носқовоғини қўлига олиб кўрсатди.
– Қачондан бери чекасиз?
– Дадам билан попукдек опамни бир кунда ерга қўйдим. Дардни аритар деб ўшанда бошлаганман. Яна кун чиқардан кун ботаргача тик оёқдаман. Беш вақт намозни ўқий олмадим, рўзани ҳам тутолмаганимдан бери чекишим ортди. Эндиликда ароқ ичадиган бўлдим. Ўғирликни ҳам кўнглим тусаб турибди. Йўлтўсарлик қилсаммикан, деган ниятим ҳам йўқ эмас. Фақат ўзимни ушлаб турибман.
Мухбир қиз бошқа савол бермади. Ранги ўзгариб нари кетди.
Тўрақул тутоқиб кетди:
– Ҳе, саволларинг билан қўшмозор бўл. Нега кўнглимни титкилайсан? Ўртанган кўнглимга нега ўт қалайсан? Нега дардимни дастурхон қиласан, алвасти?

БАҚАТЕРАК

Тўрақул пахсадан қурилган бир уй, бир даҳлизли бўйрадек ҳовлида ёлғиз яшайди. Пул сарфлаб қорин тўйдирганини, энгил-бош сотиб олганини ҳеч ким кўрмаган, ўзи ҳам эслай олмайди. Кундузи бозорда бирда юк ташиб пул топса, қайтишда эшикма-эшик юриб тиланчилик қилади, ош-нон сўрайди. Кимдир пул-мул, битта-яримта нон чиқариб беради. Ора-сира эски-туски кийим ҳам бериб қолишади. Фикри-зикри пул тўплашда. Тўплаб… орзули дунё экан-да, бу кунидан кўра охиратдан умиди катта. Жаннат ариқларидан оққан сутдан, шарбатдан ичиб, ширин-шакар мевалардан тотиб, ҳуру ғилмонлар орасида бўлишни орзу қилади. Жума намозида имом жаннат ҳақида сўз очгудек бўлса, тани-жони қулоққа айланади.
Қанча кўп савоб иш қилсанг, жаннатга етишиш шунчалик осонлашаркан, деган гап унга қанот бағишлайди. Ўзини осмону фалакда учиб кетаётгандек, жаннат остонасига етиб қолгандек ҳис қилади. Фақат бехаражат бўлса-да… Харажатга сира-сира тоби йўқ. Мабодо, чўнтагидан пул чиқарса, жон риштаси “чирт” узилгандек, ичи бўм-бўш, ҳувуллаб қолгандек бўлади. Шундай асноларда ичидаги одами қўққисдан бош кўтаради: “Ҳамма нарсага пул сарфлайверасанми, галварс, текини йўқ эканми?” Шу заҳоти киссасига суқилган қўли тақа-тақ тўхтайди.
Кўчат экиш кони савоб эканлигини эшитгач, Тўрақулнинг ороми бузилди. “Парник”чилар қуриган дарахтларни илдиз-пилдизи билан қўпориб олиб кетгач, ҳовлиси чўлга ўхшаб қолганди. Заранг, шип-шийдам ҳовлисини юмшатиб кўчат экса, ғижир-ғижир савоб тагида қолиб кетади. Қўшнисидан белкурак олиб чиқиб тақир ерни ўйишга тутинди. Мевали дарахт кўчатларини қидира бошлади. Кўчат кўп, лекин… текинга ким ҳам берарди. Девонанинг ишини ўзи қўллабди, дейишгани шу-да. Кўчама-кўча эшик санаб тиланчиликда юрган кунларининг бирида бузилган ҳовлига келиб қолди. Қийшайиб, илдизи очилиб қолган хивичдай ниҳолга кўзи тушди. Қаттиқроқ тортган эди, ўқ илдизи билан суғурилиб чиқди. Зинғиллаб олиб келиб ҳовлисига экди. Кўчат атрофига доира пушта тортди, суғорди.
Кўчатга меҳри орта борди. Кунора сув қуяди, чакичлагандек тагини юмшатади. Энди беш вақт намозини ҳам уйда ўқийдиган бўлди. Айлансаям, ўргилсаям кўчатига гиргиттон. Узоқ-яқинда ҳаяллаб қолмайди, оёғини қўлига олиб уйига учиб келади. Остона ҳатлаб ҳовлисига кирган заҳоти кўчатдан хабар олади. Тўрақулнинг пайпаслашига яраша азбаройи соат сайин, кун сайин гуркираб ўсди. Чивиқдай танаси дастлаб башмалдоқдек, сўнгра кетмон дастасидек ва яна кейин болдирдай йўғонлашди, энига тўлишиб, бўйига чўзилди. Орадан уч-тўрт йил ўтди, айни нишона қиладиган пайтда барглари сўлиш тортиб сарғайгандек туюлди. Тўрақулнинг ичи ачишиб, хавотирга тушди. Девор-дармиён қўшниси Қамбарали подачини чақириб чиқди.
Умрида биринчи марта уйига одам чақириши, бегона одам оёғи илк бор ҳовлисида ер искаши эди. Қамбарали кирар-кирмас кўзлари аланг-жаланг бўлиб кетди. Умрида дарахт кўрмагандек гоҳ кўчатга, гоҳ эндигина кўриб тургандек Тўрақулга тикилади.
Кўчат савлатли дарахт нуқсини олган. Кўкимтир танасидаги пўстлоқ ёриқлари ора-сира тўқсариқ тусга кираётганди. Одатда чинор танаси кўнғир тусга мойил, барглари шапалоқдай-шапалоқдай бўларди. Қайрағочнинг қобиғи қорамтир эса-да, палахса-палахса пўсти жигаррангга қоришиб кетарди. Бунинг барглари ғалати, уч-учидан қайчилангандек. Узоқ тикилди, лекин навини аниқлолмади. Тўрақулнинг дилини хира қилмаслик учун “ғиқ” этиб оғиз очмади. Ўргимчак оппоқ тўр ташлагани боис дарахт барг­лари нафас ололмай қовжирай бошлаган эди. Илдизига қурт тушмаслиги учун ўғитлаш, дори сепиб баргларини ўргимчак тўридан ҳалос қилиш лозимлигини айтди, йўқса, қуриб қолади, деб маслаҳат берди.
– Уч-тўрт сўм сарфламасангиз иложи йўқ, шунча меҳнатингиз увол бўлади-я.
Тўрақулни электр токи ургандек қўл-оёғи зириллаб бир силтаниб тушди. Лекин жаннатга етишиш иштиёқи устунлик қилди. Жони етти жойидан узилиб кетса-да, қуртга қарши ўғит сотиб олди, илдизига солдирди, ўргимчакка қарши дори септирди. Шу куни кўнгли таскин топиб туш кўрди. Фаришталар қанот қоқиб дарахт атрофида учиб юрган эмиш, сават-сават меваларни одамларга тарқатаётганмиш. Қанча кўп эҳсон қилса, саватлари шунча тез тўлармиш. “Меваси ларзон дарахтни Тўрақул эккан, барака топсин, ниятига етсин”, деган дуолар эшитилармиш. Шу маҳал булутларга тўш урган дарахт шохида илиниб турган калит сирғалиб-сирғалиб пастга тушаётганмиш. “Бу сенга, жаннат эшигининг калити, тутиб ол”, дермиш кимдир. Тўрақул иккала ҳовучини очди, калит бармоқлари орасидан қумдек шувиллаб ўтиб кетди. Оёқлари остига “дўқ” этиб тушди. Қараса, думалаб-думалаб ўзидан узоқлашаётган эмиш. Юрагини ҳовучлаб ўзини отди, энди тутай деганди, гурсиллаб йиқилди, уйғониб кетди…
Тўрақул биров билиб қолмасин, дегандек эшитилар-эшитилмас “шукур, шукур”, деб қўйди; узоқ пичирлаб дуо тиловат қилгач, кафтини юзига тортди. Кўчатга бўлган муҳаббати янада ортди.
“Ҳа-ҳу” демай кўчат ҳайбатли дарахтга айланди. Танаси йўғонлашиб кетганидан қулочи аранг етарди. Бир тарафга қийшайганини ҳисобга олмаганда савлатидан одам ҳуркийди. Лекин ҳосилдан дарак йўқ. Биттаям нишона қилмаса-я, данакдек ҳам мева тугмаса-я! Қўшнилардан кимдир, “э, бу бақатерак-ку, унда мева нима қилсин”, деганда ҳамма умидлари чилпарчин бўлди. Тушида кўрган мевалари ерга сочилиб, тупроққа қоришди. Кўзларига “ғилт-ғилт” ёш қалқди. Қадди-басти букчайгандек сезди ўзини. Додлаб, ўкириб йиғлагиси келди. Сарф-харажатларини ким қоплайди, савобни-чи, савобни ким беради?
Оғир ўйлар гирдобида ухлаб қолди. Яна туш кўрди. Ёзнинг жазирама иссиғида тумонат одам дарахт соясида роҳатланиб ўтирган эмиш. Яна минг-минглаб одам ўзини сояга ураётганмиш. Боши осмонга етган дарахт соясига келаётган одамларнинг кети узилмасмиш. Қўлларини очиб дуо қилишаётган эмиш: “Бу, барака топгур Тўрақулнинг дарахти, нега ўзи кўринмайди”, дейишаётганмиш. Тўрақул ҳам кўпчилик қатори қўлини дуога очди. Энди юзига тортаман, деганда қоп-қора кўланка дарахтдан узилиб тушди. Ҳовучини тўлдириб ёнбошлаб ётиб олди. “Мунча оғир, зил-замбил-а”, деган ўй хаёлидан кечди. Қўлларини силкитиб, итқитиб юбормоқчи бўлди. Кафтидан узилмади. Қайтага тобора катталашиб, елкаси оша буткул танасини босиб борарди. “Ҳай, ким бор, манови касофатдан қутқаринглар”, дея жон ҳолатда типирчилай бошлади. На қўлида, на оёғида мажоли бор. Энди кўланка ғўдайиб елкасига чиқиб олганди. Уни эзиб-эзғилаб ерга қапиштириб борарди. Айюҳаннос солиб бақира бошлади: “Вой дод, қутқаринглар, кўланкани дастидан дод, ўлдириб қўяди”. Лекин овози ичида бўғилиб ўлиб қолганди, ташқарига эшитилмади.
Тўрақул босинқираб, чўчиб уйғонди. Жиққа терга ботганди. Бошини кўтарди. Ҳовлисидан ғўнғир-ғўнғир овозлар эшитилаётганди.
– Қўшни, ҳой қўшни, уйдамисиз?
Бу Қамбарали подачининг таниш товуши. Қўшнилар билан қўл олиб кўришган бўлди. Ҳалиям туш таъсиридан халос бўлолмаганди. Боши карахт, кўнгли ғаш. Бир томонга қийшайган бақатерак уч-тўрт хонадонга хавф солиб соя ташлаб турарди. Оғирлигидан илдиз-пилдизи билан қуласа борми… Худо асрасин-а! Тўрақул қўшниларнинг муддаосини дарров фаҳмлади. Бақатеракнинг ичи ғовак-пўк бўлади. Қаттиқроқ шамол кўтарилса борми, чайқалиб оғирлигини кўтаролмай карч узилиб тушиши ҳеч гапмас. Хатарнинг олдини олиш ташвиши қўшниларни бу ерга бошлаб келганди.
– Дарахт экиб кўп савоб иш қилгансиз-да, қўшни, – салмоқланиб гап бошлади Қамбарали. Лекин бақатерак дейишга нимагадир ботинмади, тили бормади. – Ўтирсанг соясидан, ўтин қилиб ёқсанг иссиғидан баҳра оласан. Савобига яраша анча-мунча пулиям бор. “Парник”чилар шох-шаббасигача бутаб, кесиб, саранжомлаб олишади, хизматиям, харажатиям ўзидан. Баҳорда бир жуфт хурмо кўчатиниям экиб беришади.
Савоб билан пул дарагини эшитгач, Тўрақулнинг ичи ёришиб кетди.
– Майли, – деди дадилланиб – Дарахтнинг боши очиқ, савдоси ўзи билан….

ПИСМИҚ

Тўрақулнинг олис тоғ қишлоғидан тоғаси йўқлаб келди. Катта шаҳарда ёлғизланиб чақилиб қопсан, жиян, юр кетдик, жигарларинг орасида ўзингга келиб қоларсан, деб қишлоғига олиб кетди. Тенг-тенги билан, дегандек ўзидек сағир қизга уйлаб қўйди.
Тўрақул шаҳар ҳидига ўрганган эмасми, қишлоқда узоқ қололмади. Оёғи орқасига тортаверди. Нима бўлса ҳам туғилиб ўсган жойи, кўнгли эски маҳалласига чопаверди. Узоқдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка яхши дегандек шаҳар уйига қайтди.
Маҳалладагилар Тўрақулни “нон емас”, “эл бўлмас”, “писмиқ”, “одамови” ва яна нима балолар дейишмайди. Бир қанча лақаб орттирган. Нималар деб тўнғиллашмасин, Тўрақул ўзини эшитмаганликка олади. Лом-мим деб оғиз очмай, ишшайиб қўяди. Норозиликми, жаҳлми, эътирозми – англолмайсан.
Қийин-қийин, хотинига қийин. Шўрлик, кўникиб кетди. Ундан чиқиб қаёққаям бордим, дейди мунғайиб. Урмаса, сўкмаса, ичиб келиб тўполон қилмаса, вақти-бевақт овқатинг шўр, маза-матрасиз, жири-жирдони йўқ, деб жанжал кўтармаса… Шундай хаёлга берилади-ю, лекин кўнглининг бир чеккасида ғашлик, хавотир бор. Барибир, эрини тушунмайди. Бирда бўлмаса бирда тилиям, қўлиям чиқиб қолади, дея юраги ҳалак. Рости, бирдан-бир айби – индамаслиги. Ҳаммадан ўзини олиб қочади. Уйдаям, икки-уч одамни орасига кирсаям нимадандир қимтиниб, бегонасираб туради. Ўз хонадонига ҳам суратдек кириб, суратдек чиқади.
Тўрақул одамларга қўшила олмай ётсираб юрганидан ўзиям ўнғайсизланади. Лекин чорасини тополмайди, “нега шунақа”, дея жўяли ўйлаб кўришга эса эринади.
Хотини ҳам эрига илимилиқ. Ёмон дейишга тили бормайди. Ҳақи кетиб қоладигандек яхши ҳам деёлмайди. Пешонам экан-да, дейди оғир тин олиб. Ҳа, дарвоқе, овози қанақалигини ҳам тайин-тийиқ билмайди. Бирон марта овозини баландлатмаган бўлса, ўдағайламаса, дўқ-пўписа қилмаса. Ҳозир, нималардир элас-элас эсига тушди. Тўрақул жилла қурса бирон марта дарғазаб тутоқмаган, севинчи ичига сиғмай қийқирмаган. Ажабо, жаҳли чиққанда эри қанақа қиёфага кираркин? Шодланса-чи? Қувончини қандай изҳор қиларкин? Бирга кечган йилларини эсларкан, феъли-атвори бирин-сирин кўз ўнгидан ўта бошлади.
Тавба, бирор марта хандон отиб кулмабди-я. Пиқирлаб ҳам, қиқирлаб ҳам қўймабди. Юзим шудгорланган даладек ажин босиб кетади, тез қариб қоламан, дейди. Қариликдан қўрқади. Ажин – умрнинг эгови, деб билади. Кўпайса, ташвишинг ортади. Ҳаддан зиёд ортиқча ҳаяжон одамни ич-ичидан кемиради, соғлиғини емиради, дейди.
Яна маст бўлиб қолишдан қўрқади. Ҳушёрхонага тушса, мелиса “нега хурмачангга сиққанича ичмайсан, хумпар” дея тепкиларкан, деб эшитган. Ўша ваҳима иккала қулоғидан кириб катта қўрқувга айланган. Мушт нималигини тасаввур ҳам қилолмайди. Панжалари бирон марта мушт бўлиб тугилганми-йўқми, аниқ эсида йўқ.
Бирон юмуш билан нари-верига йўли тушгудек бўлса, яёв бориб, яёв қайтади. Автобус кўчама-кўча тентираб юриб одамни адаштириб кетади, деб чўчийди. Ўша қўрқув ҳисси сабабмикан, гузаргами, дўконгами чиқса, йўлкани бир чеккасидан бориб изига қайтади. Боришдаям-келишдаям ўнг қўлдан юрдим. Четга чалғимадим, дейди.
– Вой, нега мунақасиз, – дейди хотини жизғанак тортиб. – Жудаям ғалатисиз-а, шунча бирга туриб тушунолмай ғафлатда ўтаманми, деб хавотирдаман.
Тўрақул оғир сўлиш тортади.
– Ичимда катта қўрқув бор, – дейди ютиниб. – Ўшандан ёмон қўрқаман. Муддаоси нима, билолмайман… Қаттиқ қўрққанимдан ўзимни-ўзим билолмай қоламан… Қаёқдан ҳам билардинг… Ўзимни-ўзим таний олмай қоляпман-ку. Ўзимга қолса, шундай бўлай дебманми? Буям Худоданмикан, деб қўрқаман. Яна, қайдам…

ОРЗУ, ХАЁЛ, ХАЁЛ…

Тўрақул маҳаллада чиқинди уюмларини титиб чарчади. Бугун кечикиб чиққани учунми, топгани бир қучоқ қоғозу икки ўрам латта-путта бўлди. Салқин жойга бориб ёнбошлади. Кўнгли ғаш. Попирис тутатиб, чуқур-чуқур нафас олди. Ўзига ўхшаш чиқинди титкиловчилар кўпайиб кетганидан нолиб, кеч чиққани учун ўзини-ўзи койиди. Хаёли қочди… Кўп қаватли бинолар орасига қурилган чиқиндихонага қарасанг, кўзинг ўйнайди. Картон қоғозларни гапирмасаям бўлади. Антиқа ичимликлардан бўшаган шиша идишлар, алюмин ёки мис буюмлар, бузуқ коляска ёки велосипедлар. Уларнинг орасида яроқлиси қанча!
Коляскалардан бирортаси қўлига тушиб қолса Тўрақул арава ясаб оларди-я! Арава роса иш беради-да, ўзиям! Бозорда юк ташиб, қадамида пул топарди. Лекин… у жойга яқинлашиб кўр-чи! Бозорда ҳар қарич ернинг эгаси бор. Қанийди, шунақа жойга ишга ўрнашиб олса, маош бермаса ҳам ишлайверарди.
Орзу, хаёл, хаёл…
Хотинга оғиз очса, балога қолади. “Энгил-бошингни бут қилишни ўйла, еб-ичиш ҳам бир ҳолатда. Қанақа лавангсан, ўзи?” Сенсираб, одамни қора ер қилади.
– Кар ўзини овутар, қўлтиғини совутар, дегандек ҳалиям хомхаёлларингни қўлтиқлаб юрибсанми, – дейди бобиллаб. Мундоқ ёлчитиб орзу қилишгаям қўймайди. Қандоқ кунларга қолдик…

БИР ҲОВУЧ УШОҚ

Тўрақул тушмагур, ўзига етгунча ғаламис. Тунов куни кўчадан келса, хотини супадаги хонтахтага ёзуғлик дастурхонни йиғиштириб олиб гулзорга қоқаётган экан.
Туппа-тузук кириб келувди-я. Чеҳраси ҳам очиққина эди. Бирдан феъли айниди-қолди. Нега кўнгли шунақа хиралашиб кетади? Ўзини кўпда тушунмай қолади. Қўққисдан бир нима ичини кемираётгандек бўлади. Қитирлатиб ковлайверади, ғивир-ғивир чўқилайверади. Нега шунақа экан, ўзиниям ғаши келиб, ғижиниб, портлаб кетай дейди. Кўкрагини шартта иккига ажратиб, ичига биқиниб олган кемирувчини эзғилаб-эзғилаб, бурдалаб ташлагиси келади.
Чувалчанггами, қуртгами ўхшаган ўша ичкемар ғивирлаб, ўрмалаб бошига ўтади. Кейин майда-майда ҳужайраларни писта чаққандек битта-битта териб ея бошлайди. Қитир-қитир товушлар бошини тешиб чиқиб кетгудек зирқиратади.
Ҳозир ҳам шунақа бўлди. Остона ҳатлаб ҳовлига кирар-кирмас хотинини кўрган заҳоти бошида оғриқ турди. Кўнгли қисилиб, феъли айниди-қолди.
– Вей, молфаҳм, нега дастурхонни қоқасан? Уйни ризқини шунақа қилиб совурасан-да. Нон ушоғини териб, толқон қилиб қўйсанг ўласанми?
Хотини чўчиб тушди. Тўрақул юзи-кўзи демай, аралаш-қуралаш сўкина бошлади:
– Нега бирим икки бўлмайди десам, ҳамма айб сенда экан. Энди билдим. Топганимни қурт-қумурсқага едириб ётган экансан.
Хотиннинг ҳам авзойи бузилди. Тўрақулга тегиб нима кўрди? Худони берган куни аҳвол шу. Заҳарига ичиб келсаям, ичмагандаям – бир гўр. Кеча уйга келмади. Ҳушидан кетгунча ичгандан кейин, икки қадам беридаги уйи­ни топиб келолармиди?
Тўрақул ғоз юриб супага яқинлашди. Хотиннинг қўлидан дастурхонни юлиб олди. Мункиб кетган эди, қулочкашлаб тушириб қолди. Хотини чирқиллаганча қолди:
– Қўлинг акашак бўлгур. Яна куйдирган калладек тиржайишига ўлайми?
Тўрақулнинг қулоғига гап кирмасди. Ғулдираниб супага чиқди, бир нима деб сўкинди-да, ўзини кўрпачага ташлади. Бир зум ўтар-ўтмас бирда хуриллаган, бирда чийиллаган хуррак товуши ҳовлини тутди.
Хотини ўтириб қолди. Дабдурустдан кўзларидан ёш тирқираб қуйилди. Бу нима кўргилик, бу нима ҳаёт?! Рўзғорида нима бор, нима йўқ, билмаса. Нимага, нимасига ичади? Аламиданми, хорлигиданми, нимага ичкиликка муккасидан берилган? Бу қанақа одам ўзи? Ё одам қиёфасидаги махлуқми? Ким билан яшаяпти ўзи?
Хотини кўзларидан юм-юм ёш қуйилар, саволлар юрак-бағрини ўртар, куйдирар, жавобсиз саволлар издиҳомида қоврилар, жизғанак ўртанар, адойи тамом бўлаётгандек ерга чўкиб борарди.

ИШОНЧНИНГ ЎЛИМИ

Хаёл қурғур Тўрақулни не-не кўчаларга олиб кирмайди, қайтариб олиб чиқмайди, дейсиз. Йўқ, аслида нима бўлганди, хаёл кўчасида бало бормиди? Тўхта-тўхта, сабр қил-чи. Шошмасдан, бир чеккадан эсла. Нима бўлганди аслида? Бошидан бошлагин-чи!
Кеча “оқ сигирнинг сутидан” ичганмиди-йўқми? Бугун Қосим тараша қўймади, “сариқ сигирнинг сутидан” олмасак бўлмайди, бошим тарс ёрилиб кетяпти, деди.
Эндигина йўл четидаги “тахтига” чиқиб, ғижимланган латтадек шалвираб турувди. Зора ўзига келса, тийраклашса, дазмоллангандек бужмайган афти-ангори ҳам эпақага келса!
Бир кружка пиво ичгани эсида, ўлибдими унутиб. Эс-ҳуши жойида эди-я. Кейин Қосим тараша жуфт бўлсин, деди. Яна ичишди. Кейин яна биттадан сипқоришди. Тағин “оқ сигирни сутидан” аралаштириб юборишди, чоғи. Тараша бир шиша “оқ сигирни сутидан” олиб келди. Икки стаканга лиммо-лим қилиб қуйди. “Қани, олдик, ўзиям давлат чизиғидан бўлди”, дегани эсида.
Ҳа, ҳа, кейин… Қулоғига дукур-дукур товушлар элас-элас чалинди. Қоп-қора, баҳайбат кўланкалар кўз ўнгидан лип-лип ўта бошлади. Э-ҳа, эслади. Эсламай эсини ебдими! Дастлаб, “тур ўрнингдан, югур! Чоп деяпман, моғор босиб ётаверасанми?! Қани, кимга айтаяпман? Тоғмисан ё гуваламисан, деганда ўша, букир тоғлар ҳам битта гапини икки қилмади. Қадди-бастини ростлагандек, оғир чўккан нортуядек бир силкиниб олди. Кейин мўйсафидлардек тиззасига таяниб қаддини ростлади. Тойчоқлардек дикир-дикир сакраб, чопиб кетди.
…Ана, тоғлар ҳалиям чопиб бораяпти. Гумбур-гумбур, қалдир-қулдур, гулдур-гулдур товушлар элас-элас эшитилади.
– Бўлди, тўхта! Энди, жойингга бориб ёт! Шаҳарда сенларга нима бор? Одамлар тинчини бузасан, ухлатмайсан! Тек тур жойингда! Би-р-р теп-паман, ўша тоғ-поғингга бор-риб тушасан.
Тўрақул қулоқсиз, бевош тоғни тепмоқчи бўлиб сирмалди, оёғини кўтарганча балчиққа чалқанча йиқилди. Ер билан осмонни энлаган, кўз олдини тўсиб турган ҳайбатли қоп-қора тоғ зумда ғойиб бўлди. Тоғ-тош бир қоп ёнғоқдек шалдир-шулдур шовқин кўтариб, қоронғиликка сингиб йўқолди.
Шариллаганми, шовуллаганми, шағиллаганми, англаб бўлмас ғалати товушлар қулоғига илашди. Тўрақулнинг жаҳли чиқди, ғазаби қайнади. Қайси бетавфиқ оромини бузади? Ҳаловатига халал берадиган ким у? Хийла фурсат ўтар-ўтмас энди рўпарасида ғала-ғовур шаршара қўл қовуштириб қуллуқ қилганча бош эгиб турарди. Шаршара тилга киргандек бўлди:
– Тўрақул ака, сиз ўзимизни жигар бўласиз-а.
Тўрақул ердан кўзини узиб бошини кўтарди. Кўпик аралаш, устунга ўхшаш узун бир нарса рўпарасида тош қотиб типпа-тик турарди.
– Ман шаршараман. Бир оғиз сўзингиз, буюрсангиз бас, тақа-тақ тўхтаймиз, дарё ҳам оқмай қўяди.
Тўрақулнинг амирона кўнгли бир ҳаприқиб тушди. Ҳа, энди, айтганини елиб-югуриб бажармаса, кимга керак бу шаршара-ю, дарё дегани. Оқиб қаёққаям борарди? Нима каромат кўрсатади? Оқаверади, оқаверади, бир куни яна қайтиб келади-да олдига.
Тўрақул балчиққа ботиб ётганича ғўлдираниб қўйди. Кўнгли таскин топгандек, хийла ором олгандек, кулала тушган оёқларини узатди. Кўзларини зўр-базўр очди, бояги оппоқ шаршара ҳалиям рўпарасида қимирламай турарди. “Ҳа, не-не-га ғўд-дайиб қолдинг”, демоқчи бўлди-ю, лекин овози чиқмади. Дами ичига тушиб кетганини ўзи ҳам сезди чоғи, овозини кўтарди:
– Ни-ма де-моқчисан?! Ти-ла тил-ла-гингни!
Шаршара бир нима дедими, демоқчими, англолмади. Бўғиқ шағиллаган товуш билан қаттиқ чинқириқ овоз қўшилиб, қулоқларини қоматга келтирди. Оппоқ шаршара кўзига балодек кўриниб кетди.
– Тинч қўясанми, йўқми? – ғудранди Тўрақул. – Намунча шанғиллайсан! Бир-р теп-па-ман…
Тўрақул оёқларини ҳолсизгина қимирлатиб қўйди. Кейин балчиқда узала тушиб, икки кафтини бирлаштириб бошига қўйди-да, уйқуга кетди. Узун симёғочдаги чироқдан тушиб турган ипдек ингичка ёруғликда бетон новдан жилдираб оққан ариқ суви шаршара бўлиб кўриниб кетди, шекилли.
Тўрақул сабр-қаноатини мужиб-мужиб еб тугатди. Кўнгли ҳувуллаган ҳамёнидек бўм-бўш, шип-шийдам. Куни-кеча ловуллаб ёнган ўсмирлик, йигитлик юлдузлари битта-битта сўниб ҳовучига тўкила бошлади. Энди улар бир пайтлардагидек оташин эмас, куйдириш тугул кафтини ҳам қиздирмаяпти. У ўзига ишончини йўқотганди, “оқ сигир”ни, “сариқ сигирни сутидан” бўлак ҳамма нарсага қўл ювиб қўлтиғига уриб қўйганди. Ишончини буклаб-буклаб жиғилдонига суқиб қўйди…

ПЕШОНА ТЕРИ

Тўрақул пешонасидан терни сидириб ташлади. Маржон-маржон томчилар ингичка бармоқлари орасидан силқиб ерга тушди. Оёқлари остида шишалар бир-бирига урилиб шақур-шуқур овоз чиқаргандек бўлди. Мудроқ, нурсиз кўзларини яйдоқ дарахтдан узиб оёғи тагига қадади.
– Ё қудратингдан, ё кароматингдан… Бу не мўъжиза?
Ҳолсиз нигоҳи дабдурустдан чарақлаб кетди. Кўзлари катта-катта очилди. Шалвираган қўл-оёқларига куч-қувват югургандек бўлди. Кўзларига ишонмасди. Қайта-қайта юмиб очди. Йўқ, ростга ўхшайди.
– Ё алҳазар, тушимми-ўнгимми?
Тўрақулнинг пешонасидан тўкилган нўхатдек-нўхатдек тер томчилари ерга тушар-тушмас ароқ тўла шишаларга айланиб қоларди. Битта эмас, иккитамас, беш-олтита, шекилли. Қатор тизилган, қилқиллаган лиммо-лим ароқ шишалари гижинглаган тойчоқдек бош кўтариб ғоз турарди. “Аканг қарағай, биз бўламиз-да ҳар қанақа ғум каллаларни эпақага келтирадиган”, дегандек шивирлаб, имлагандек ҳам бўляпти.
Ҳалиям Тўрақул акангни ўзи зўр-да! Тўрақул акангни ўзи катта хазина. Мана, ўз кўзинг билан кўриб турибсан-а, пешонасидан томган тер ароққа айлангандан кейин қолганини қўявер. Қовоғарини инидек ғувуллаётган бошини ростлаб олсин, ана ундан кейин кўрасан. Ақлман дегани дарёдек оқиб келса борми, жағи ирвайган хотини доим шунақа жавраса-жаврайверсин, чакак уники, ўзи билади. Ўша, жағи очилган ботинкасидан бошигача пулга кўмилиб кетади.
Тоққа чиқмасанг дўлона, жон койитмасанг жонона қайда, дейишгани рост. Мана, тер тўккан эди, ароқлар турна қатор.
Шундоққина қўлини узатса бас, етади. Томоғи ҳам қақраб кетди. Битта истаканни тўлдириб отиб юборади. Ҳе-е, ўқимаган-а. Эринмаган экансан, истаканни юқ қилиб ўтирасанми? Қопқоғини очасан-у, шишани ўзидан сипқориб қўяқоласан-да. Ана, ҳақиқат!
Ҳа, дарвоқе…. Тўрақул оёқлари остида тизилиб турган шишалардан биттасига қўлини узатди. Шу пайт… шу пайт…. Тўрақул кўзини яйдоқ дарахтдан узиб, оёқлари остига қарашга ҳам улгурмади. Типпа-тик турган дарахт сояси бирданига ариққа йиқилиб тушди.
Ҳаҳ, Тўрақул, Тўрақул-а, ҳалиям хомсан-да. Бу қўлми ё косовми? Маҳкамроқ ушласанг бўлмайдими? Бир шиша ароқники ушлаб қололмаган, ариққа қулатиб юборган қўл қўлми?! Шартта чопиб ташласанг ҳам жонинг ачишмайди. Ҳаҳ, нотавон, ҳақиқатни адойи-тамом қилдинг-да! Қўлмиш-а, қолган шишаларни ҳам юмалатиб юборди-я. Бирин-сирин ариққа қулаб, сувга ботиб кетди. Эҳ, шунча ҳақиқатни сувга чўктириб юборди-я. Энди кимнинг гирибонидан тутади?
Тўрақул қаддини ростлаб балчиқдан турмоқчи эди, мункиб кетди, юз тубан ариққа қулади…

СОЯ

Тўрақул суви лиммо-лим ариқ ёқалаб кетаётган эди. Сояси сирғилиб сувга тушиб кетди. Энгил-боши жиққа ҳўл. Таъби хиралашди. “Ҳей, соя бўлмай ҳар нарса бўл-а, бошга битган бало экансан. Қачон қарамай, орқамдан ишкал чиқариб юрасан”. Кўнглидан минг хил ўй кечди. Ташлаб кетай деса, кўзи қиймади. Ўзининг сояси. Ўгирилиб қараса, “миқ” этмайди. Етти қават кўрпача солинган беланчакда ёнбошлаб олгандек сувда ялпайиб ётибди.
– Соянгни опичлаб олсанг бўлмайдими, – деди пилчиллаб балчиқ.
Тўрақулнинг ғаши келди. Қўлини узатиб, пичинг аралаш деди:
– Туринг, хўжайин. Ҳали борадиган жойларимиз, қиладиган ишларимиз кўп.
Соянинг дарди-дунёси ичида экан, тутоқиб кетди:
– Турмайман, ҳеч қаёққа бормайман. Қўлингдан келганини қил.
Жаҳл аралаш сенсираб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди.
Соя олди-орқасига, ён-верига қараб олди:
– Қачонгача изингдан эргашиб юраман. Ҳамма “фалончининг думи”, деб устимдан кулгани кулган. Хўрлигим келади-да. Тирик бўлиб тўрда ўтирмасам… Етар, бас, ортиқ чидолмайман, тоқатларим тоқ бўлди.
Тўрақул аввал гарангсиб қолди, кейин кулгиси қистади:
– Ҳей, кимлигингни биласанми, ўзи? Менинг соямсан-а! Ахир, менсиз ҳолинг нима кечади? Менсиз кўрарга кўзинг, ўйлашга бошинг, сўзлашга тилинг, юришга оёғинг, ушлашга қўлинг, эшитишга қулоғинг бўлмаса? Ўзингга бир қарасанг-чи? Нафас оламан, десанг бурнинг ҳам йўғ-а.
– Сендан ажралсам бас, ҳамма нарсам бут бўлади. Шу сувда илдиз ота­ман, дарахтга айланаман. Шох-бутоқларимдан фавворага ўхшаб сув оти­лади. Барглар ўрнидан томчилар томиб туради. Ўтган-кетган толиқса кўланкамда ҳордиқ чиқаради, чанқоғини босади, билдингми?
Тўрақул тажанглашди:
– Ўзинг соя бўлсанг, кўланканг ўзингдан ортмаса керак.
Соянинг овози янада дадиллашди:
– Кўланка, деб мени кўп ҳам камситаверма. Сен билан гаплашаётган эканман, демак, одамлик сиёқига киряпман-да. Сен ҳам соянгни кўнглингдан қидир. Кўмир ер остида, зулмат қўйнида туғилгани учун қора бўлиб қолган, деб ўйлайсан-да. Асло, беҳуда хомхаёллар бу. Одам бўлсанг ҳам ҳеч нарсани билмас экансан. Одам бўлиб дунёга келдим, деб ғўдайиб юравергансан-да.
Тўрақулнинг хуноби ошиб кетди. Ўзининг сояси шунчалик ғалва орттириб, ғавғо солиб турса. Урса – урилмаса, тепса – тепилмаса… Қопга солиб сувга чўктираман, деса ҳам чўкмайди. На отилади, на йўқолади. Изига ёпишиб олган. Тавба, мунчалик ёпишқоқ, мунчалик хира, мунчалик шилимшиқ соя бўладими?! Яна одамман, деганига ўласанми? Бу дарди-бедавони нима қиламан, ундан қандоқ қутуламан? Гоҳ у, гоҳи бу ёнимда липиллаб қолади. Бир қараса, орқамдан шўлтиллаб эргашади. Гоҳида ўпкасини қўлтиқлаб олдимга тушиб чопқиллаб қолади. Кўрсанг – кўргудек, билсанг – суйгудек, ўлса – куйгудек ҳамроҳ бўлмаса. Ҳамсояликка ярамаса. Радди бало-я. Буям бир кўргилик.
Тўрақул силталаниб нимадир демоқчи эди, соя сув тўлқинида бир ҳимралиб, узала тушиб ёнбошлаган қаддини хийла ростлаб олди. Узатган оёқларини йиғиштириб, чалиштирди. Кейин, зум ўтмай толиқдими, ё ўтириши ўзига ёқмадими, икки кафтини бошига ёстиқ қилиб чалқанча тушиб ётган кўйи сермалди, қаддини ростлаб, чордана қуриб ўтирди.
– Кўп ҳам одамман деб керилаверма, – сўз бошлади соя. – Бино қўйиб, ўзингни унутиб қўйма. Ҳамма ота-онасини унутмагандек, мен ҳам аслимни, кимлигимни яхши биламан. Асли, хўжам ўзингсан, Тўрақул. Қара, кап-катта одам бўлиб қолдим. Қадди-бастимни кўряпсанми, тоғни толқон қулгудек куч-қувватим бор. Айт-чи, қайси Қоратоғни қайириб берай?
Эсингдами, Тўрақул. Бешинчими-олтинчими синфда ўқиётган кезларинг эди. Этагингни тугиб, иштончан мактабга чопқиллаб кетаётган пайтингда онанг шўрлик неча марта “ҳай-ҳай, уят бўлади-я, болам”, дея қайтариб қолганди, иштонмиди, шалвармиди, кийгизиб юборганди. Бетийиқ эдинг-да, ўзинг ҳам. Эсингдами, ҳали сўфи азон айтмасдан бурун қоронғи саҳарда туриб, тўппа-тўғри оғилхонага югургилаб қолардинг. Ювуқсиз юзингни сигир елинига ишқалаб-ишқалаб эмиб қўярдинг. Қорнингни пўпалоқдай чиқариб олгач, “туя кўрдингми, йўқ” дегандек ҳамма айбни гунг бузоққа тўнкаб кетаверардинг. Уни арқондан бўшатиб, ҳеч нарса билмагандек, яна ўрнингга кириб ётиб олардинг.
Бомдод намозидан кейин сигир соққани борган онанг шўрлик оғилхонада шаталоқ отиб юрган бузоқчани кўриб, “вой, эсим қурсин-а, кечқурун эмдиргандан кейин тагидан айирмаган эканман-да”, дея бўш челакни даранг­латиб оғилхонадан қуруқ қайтарди. Шомда ҳам даладан сигирни елинини шалвиратиб қайтариб келардинг. Онанг юмшоқ аёл эди-да. Қаттиқ-қуттуқ гапиришни билмасди. “Вой, тўймагур-эй, арқонласанг ҳам бўшалиб, эмиб қўйибдими”, деб қўя қоларди. “Қайдам, – дердинг муғамбирлик билан. – Бузоқ-ку, ечилишга ечилмади. Арқони йўғон, узиб кетолмайди, қозиғи ҳам қаттиқ қоқилган эди. Сигирнинг ўзи елини тўлиб кетгач, боласини олдига келиб эмизиб кетадиган одат чиқарибди, шекилли”, дердинг.
Асли қувлик-шумлик қонингда бор. Неча йил сигир тутиб, бузоқ боқиб, уйингдагилар сут-қатиққа ёлчимади-да. На ота-онангга, на жигарларингга оқликни раво кўрмадинг-ку. Ўшанда сени қарғиш урган, биласанми? Сени ҳеч қачон қоранг ўчмайди. Қоранг кўринмайди ҳам. Афти-ангорингни, танангни қоралиги ичингга уриб кетган. Қарғиш теккан мўндисан, мўнди!
Тўрақул ўз соясидан шунчалик дашном эшитаман, деб сира ўйламаганди.
– Одам бўлатуриб, одамлик сиёқинг йўқ, – дея ҳалигача мени тепкилашади, кўзимни очиришмайди. – Тўрақулнинг фиғонидан тутун чиқиб кетди. – Кўланка одамга айланиб нима қилиб берардинг? Нима каромат кўрсатардинг?

ТЕКИННИНГ ШЎРВАСИ ТАТИМАС

Қарғаларнинг оғир ва бўғиқ қағиллаган товуши эрта тонгни уйғотиб юборди. “Қағ-қағ”, “қағ-ғ, қағ-ғ-ғ”, “қағ-қағ”. Тўрақул ёстиқдан бошини кўтариб, уйқучан кўзларини уқалаб-уқалаб, ғира-шира осмонга тикилди. Тумонат қарға шимолга қараб учиб кетаётган эди. Нималардир эсига тушгандек бўлди. Кўнглидан тотлими, ўйчанми, нималардир кечди. Дастлаб кўзларида нур йилтиради. Сўнгра хиёл намланди. Чеҳрасига ним табассум бўлиб кўчди. Иягига ботган ажинлар титрагандек, жон киргандек тўлқинланиб қўйди. Ҳаяжони шудгор даласини эслатган пешонасидаги қават-қават ажинларига кўчди. Титроқ тўлқин ғадир-будур ажинларини силаб ўтдими, пешонаси дазмоллангандек текис уннади қўлига.
Кўнглини ёриштириб келаётган ўша туйғу, ўша ширин ҳис нима эди? Қарғаларнинг “қағ-қағ” товуши кўнглини бир ағдариб ташлади. Кўзи юмуқ хотираларини уйғотиб юборди. Ҳаҳ, нималардир эсига тушгандек бўлувди-я. Ўша ширин ғулув нима эди, ўзи?
Хаёлидан ялангоёқ соялар чопиб ўта бошлади. Э-ҳа, йўнилмаган таёқ югуртирар ялангоёқ. Соялар нега зир тирқираб қолди? “Ҳа” дегани хўжаси, “бе” деган бўжиси йўқми? Ана, ана, бир хилларининг бошида қулоқчин телпаги ҳам бор, бир хилининг сочи тўкилган, баъзи сояларнинг боши тўла жингалак соч, айрим соялар – тақир кал бош. Оёғидан ўт чақнагани қанчадан-қанча. Эшакка тескари миниб олганлари-чи, эҳ-ҳе, лўкиллаб кетаётганини айтмайсанми? Оёғини қўлига олиб чопиб бораётганлари сон мингта. Худди қовоғарининг ини бузилгандек. Инига чўп суқилган, тўзиган чумолилардек бесаранжом.
– Ҳали туз ҳам тотмовдим-а, – дейди семиз соя елпиниб.
– Менга қара, биродар, – дейди ўпкасини қўлтиқлаган бошқа бир соя. –Қаёққа кетаяпмиз, нимага чопаяпмиз?
– Ҳов анави дўконда оқ сурп беришаяпти дейишди-ку, шунгадир-да, яна қайдам, – деди ёнидаги соя бошини қашиб.
Тўрақулнинг кўланкаси ҳамсояларидаги ҳайронликка тиниқлик киритмоқчи бўлди, шекилли, салмоқланди:
– Бир ўрамдан беришаётган экан, тағин текинлигини айтмайсанми?
– Бе, қўйсангчи, ҳозир текинга мушук офтобга чиқмайди, – зарда билан жавоб берди серсоқол семиз соя.
– Йўқ, ростдан айтвомман. Ўз кўзим билан кўрдим, – кўзлари ич-ичига ботган Тўрақулнинг сояси хижолат тортиб, беҳол сўз қотди.
– Вой, менга қара, – семиз соя қўлини пахса қилиб силтанди. – Лақма лаққиларни топиб олдим, нима десам ишонаверади, деб ўйлама. Текинга ҳаво йўқ-ку, оқ сурп дейсан-а. Қайтага нега кечаси узайиб кетганини ўйласанчи, пандавақи.
Семиз соянинг гапи Тўрақул соясининг ғашига тегди. Аччиқ гаримдори чайнаб олгандек афти бужмайди:
– Ол-а, топган гапига ўласанми? Ахир, қишда кундузи қисқа, кечаси узун бўлади-да. Шуниям билмайсанми, ким айтади сани ўқиган деб?
Семиз соянинг пешонаси тиришди. Ажинлари бир-бирига мингашиб майишиб кетди. Ловуллаган чўғни босиб олгандек бир сесканиб тушди.
– Қаёқдан катта оғиз бўлиб қолдинг? Куни-кеча лой еб, тезак териб юргандинг. Сен орқалаган бир қоп гапнинг тузи бор-да, бизники бетамизми? Одамларни жин урибди, деб эшитардим. Лекин сояларни ажина чалишини энди кўриб турибман.
Тўрақулнинг соясига бу даҳанаки тортишув ёқмади, ўйиндан ўқ чиқиб, ростакам ёқалашишга айланиб кетишидан чўчиди. Соялар орасидан сирғилиб чиқиб, ўзини четга олди. Катта асфальт йўлда ҳансираб бричка арава тортиб кетаётган бесўнақай сояга яқин борди. Салом бериб, гап қотди, у сўйлоқ тишлари орасидан тупугини сачратиб жавоб қайтарди. Нимагадир келишишди чоғи, ғўлабирдай соя қўлидаги зил-замбил пақирни бир чеккага қўйди, белига урилган эгар-жабдуқни ечди, бўйнидан бўйинтуруқни чиқарди. Тўрақулнинг сояси берган тугунчани қўлтиғига қисиб, қанор қоплар уйилган аравадан узоқлашди.
Пақирнинг ичи тўла бўғиқ, синиқ, ингичка, йўғон, дўриллаган хилма-хил товушлар. Қопларга яқин борди. Худди сомон ниқталаб шиббалангандек қоплар ҳам товушларга тўла эди. Бақирган, чақирган, ўкирган, йиғлаб-сиқтаган, кулган-қийқирган, ашула айтган турфа товушлар қоплардан бош кўтарарди.
Тўрақулнинг сояси бричка аравани орқасига қайтарди, ҳовлисига киритиб, эшигини тамбалаб ортига қайтди.
Соя Тўрақулга яқин келди. Пинжига кириб кетгудек эркаланиб ялтоқланди, ҳимо билан қўлтиғига қапишди. Қошлари чимирилди. Нима қилсаки, Тўрақулга ёқса, нима айтсаки, Тўрақулнинг кўнглини олса. Лекин Тўрақул анойилардан эмас. Сиртдан қўй оғзидан чўп олмагандек лаванги, лапашанг кўрингани билан ер остида илон қимирласа билади.
– Хўжайин, ҳов хўжайин!
Тўрақул тоқатсизланиб ён-верига кўз югуртирди. Ҳеч нарса кўзига илинмади. Бир маҳал қўлтиғида нимадир ғимирлагандек бўлди. Тикилиб қараса, ўзининг сояси.
– Ҳа, қаёққа гумдон бўлувдинг? Ерни тагига кириб кетдингми, осмонга учиб чиқдингми? Изсиз, овозсиз йўқ бўлиб қоласан-а. Нима дейсан?
– Ҳа, энди… тирикчилик-да, хўжайин. Рўзғор бўлак бўлгандан кейин ҳар ким ўз аравасини ўзи тортаркан. Хирмонингни ўзинг шопириб, тегирмонингни ўзинг торт, дейишган-ку.
Сояси лўкиллаб, энтикиб, ҳансираб чопиб бораётган кўланкаларга ишора қилди.
– Нариги маҳалладаги дўконда бир кийимликдан оқ сурп беришаётган экан, текинга… ошиқиб, улоқиб қолишгани шундан…
– Нима-нима, текин дедингми? Текинга хўрозлар қичқирмай қўйганига аллазамонлар бўлди, каллаварам. Текинмиш-а…
Сояси Тўрақулнинг нафси ўпқонлигини яхши биларди. Текин кафан топилса оёғини узатиб ётиб оладиганлар хилидан.
– Энди, ёмон кунингизга яхши ният қиласиз-да, хўжайин. Текин экан, олиб қўяверайлик. Сиздан ош-нон сўрамаса. Сандиқнинг бир чеккасида тураверади. Кўнгил тўқи-да. Кейин, ўлимлик умрингизга умр сўрайди.
Тўрақул ловуллаб кетди. Қўтир отни емга ўргатсанг тўрва тешади, дейишгувчи эди. Кейинги пайтда қадам олиши ўзгарди, гап-сўзлариям совуқлашибди. Даромади гапни айтганмиш-а. Ҳе, ниятинг ёқангга ёпишсин.
– Қопларда нималарни ортмоқлаб юрибсан, юкинг оғир-ку?
Сояси саволни кутиб тургандек бидирлаб кетди:
– Қашшоқнинг машшоғи кўп бўларкан. Ҳаммаси қийқириқ товуш. Шовқин-сурон деб ўйламанг, тағин. Чумчуқларнинг чирқиллашидан мусичанинг кув-кув-в-вигача, товуқларнинг қақиллашидан хўрозларнинг қичқириғигача, отларнинг кишнашидан эшакларнинг ҳанграшигача, чилдирма гижбадабангидан ноғора така-тумларигача, ҳаммасидан бор.
Соясининг сўзамоллигидан энсаси қотди:
– Бошимга ураманми ортиқча даҳмазани. Ана, обориб Бўзсувга оқизиб юбор. Зора товушларни ютиб балиқларнинг ҳам тили чиқса.
– Унақамас, хўжайин, – сояси куйиб-пишиб тушунтиришга тушди. – Бу товушман дегани тирикликнинг тиргаги, ўлигингиз эгаси. Ҳеч кимни бир ёшга боғлаб қўймаган-ку. Қариганда ҳассамиди, қўлтиқтаёқмиди, дегандек кунингизга ярайди. Қолаверса…
– Ҳа, яна нимаси қолди? Одамни хит қилиб юбординг. Керакмас деяпман-ку.
– Энди, хўжайин, эртами-кечми, барвақт қий-чув бўлиб қолса, орқангиздан йиғлаб қоладиган ўғил-қизингиз йўқ. Манави қопдагиси ғиж-ғиж йиғи. Ҳеч қанақа гўяндага ҳожат қолмайди. Қоп оғзини очиб юборилса бас, атрофингизни кўзёшлари-ю ўкирик йиғи-сиғи тутиб кетади.
Тўрақул тутоқиб кетди. Таъзирини берай дегани билан тутқич бермайди. Қолаверса, кўланкани тепкилаб барака топиб бўларканми? Бир кунмас-бир кун қўлимга тушарсан, дегандек қаҳрини ичига ютди.
Тўрақулнинг сояси билан гапи қовушмади. Иккови икки томонга ажралиб кетди.

СОЯНИНГ ХИЁНАТИ

Тўрақул уйдан эшикка чиққиси йўқ эди. Шайтон йўлдан урдими, ажина чалдими, ўзиям тайин-тийиқ билмайди. Фалокат оёқ остида деганлари шудир-да, йўлакдан ўтиб эндигина кўчага чиққанини билади, “ғарч” этказиб бошини босиб олса бўладими? Ҳа, худди шундай бўлди, этагинимас, почасинимас, чақин ургандек шунчалик тез содир бўлдики, ўзиям билмайди, қўққисдан бошини босиб олди. Қаттиқ чинқириқдан чўчиб тушди.
– Вой-дод, ўз эгам пошнасининг тагига олиб эзди-я! Ҳей, бошинг бўламан-а, нодон…
Паришонлик қурсин, хаёли чалғитмаса, гадой юрмаган кўчаларга олиб кириб кетмаса, шунақа қилармиди? Ўзига қолса, ўша қадамини босмасди-я.
Сояси хиёнат қилди. Эгасининг боши саждага эгилгандаям сояси қурғур, не-не сотқинликка бош қўшмади. Ҳозир эгасининг пошнасидан ўзини олиб қочса бўларди-ку! Жўрттага шунақа қилади. Боши билан оёғини уриштириб қўймоқчи эди. Мана, муддаосига етишди. Ана энди товон билан бош олишувидан чиққан оловда исиниб, тараллабедод юраверади.
– Ўз бошини эзғилаб, ерга қапиштирган одам эмас, жаллод, – айюҳаннос кўтарди сояси. – Чап кўзи ўнг кўзини ўйиб олди-я. Киприклари қилт этишга ҳам улгурмади. Қорачиғини айтмайсизми, бир зумда лўққайди-қолди.
Сояси кўзларининг қонини ичиб, ёғини ялаб олди. Барибир, нафси қонмади. Тамшаниб қўйди.
Тўрақулнинг дарди-дунёси зимистон, ич-ичига чўкиб кетди. Бошини чангаллай, сочларини юлай деса, соч ҳам, бошнинг ўзи ҳам йўқ. Ўзи кетса минг гўрга, бадар қорасини кўрсатмаса ҳам майли! Гумдон йўқолиб кетавермайдими? Тушларини, хаёлларини ҳам қўйнига солиб ғойиб бўлганига ўласанми?
Танасига ўйлаб қараса, шу бошидан авваллари ҳам бир рўшнолик кўрмабди. Доимо бир ишкал, бир ғавғо чиқариб юради. “Бошга тушганини кўз кўраркан-да”, дея ҳамма қилғиликларини ичига ютди. Қаёққаям борарди. Яхшими, ёмонми, ўзининг боши, қўни-қўшнилар, маҳалла-кўй шу бош дастидан кўзини очиришмади-ку. “Хом калла”, “пўкак бош”, “қовоқ бош”, “шовур-шувур қути”, “чала чипқон” …яна нималар дейишмади? Маломатдан боши чиқмади-ю. Ҳаммасига чидаб келди.
Аслида, ҳар қанақа бало дегани Тўрақулга яқинлашишга зирилларди. Тўрақул шунақанги балойи азимки, ажиналарни чалиб йиқитган, шайтонларга “ҳайф” берган аканг қарағай бўлади. Битта-яримта баломиш-а. Юзтаси келмайдими! Олдига солиб тирқиратиб қувламаса Тўрақул отини бошқа қўяди. Қанчадан-қанчасини этагини орқасига тугиб, зир қақшатиб қувиб юборганди. Ҳар қанча бало Тўрақулни қўлидан омон қутулганига шукур қиларди. Энди соясининг бу қилғилигига сираям чидолмасди. Қайси балога гирифтор бўлди, соясига эргашиб боши ҳам Тўрақулни ташлаб гумдон бўлди-я.
– Йўқ бошда ақл нима қилади?
Соясининг аччиқ истеҳзоси қулоқлари остидан шанғиллаб ўтди. Тўрақул чўчиб тушди, совуқ ургандек вужуди сесканди. Оғир ўйлар гирдобида қолди.
Энди бошсиз ҳоли нима кечади? Кўрарда – кўзи, эшитарда – қулоғи, айтарда – сўзи эди; бировнинг раъйига юрай деса ширинми, аччиқми, нордонми – таъм биларда тили, нафас олишу чиқаришда, бадбўйми, хушбўйми – ҳид биларда бурни, ҳамма-ҳаммаси шу бошида эди-ку. Бало дегани ёпишмасин экан. Бир йўла бор бойлигидан ажралиб ўтирибди.
Тўрақул тукидан тирноғигача қайғу ботқоғига ботиб борарди. “Эҳ, қайғуларим, мушфиқ жигарларим, – у ўзи билан ўзи гаплаша бошлади. – Бошингизни ким силайди энди? Ўлиб-нетиб кетсанг, ким қабрингга йўқлаб келади? Руҳингни ёд этиб, ким дуои фотиҳа ўқиб туради? Ким? Ким? Ким?”
Пайраҳадан чўғ қолмайди, тўғри. Лекин ўкинчлари юрак-бағрини ўртаб юборди. Дўстингни ўнг қўлим деб билсанг, душманингни чап қўлим деб бил, дегувчи эди у. Бошининг қилиб турган ишини қайси бирига йўяди? Қайси гуноҳлари учун мунчалик жазо?
Баҳорнинг салқин шабадаси элитдими, оғир ўйлар тоши босдими, ё ҳадсиз хаёллари толиқтирдими, Тўрақул эснай-эснай пинакка кетди. Раҳматли онаси билан собиқ боши тушига кирибди. Онасининг кўзи ёриётган эмиш. Чақалоқ йиғиси қолиб, бўғотга осилган мов мушукнинг чинқириғига ўхшаш товуш онасини чўчитиб юборди, вужудини совуқ терга ботирди.
Боласи баданида оқ доғларни кўрган заҳоти она кўнглидан нималар кечмади экан, ёлғиз Оллоҳга аён. Она барибир она-да. Меҳри ийиб кетиб, боласининг бошини силади. Қай кўз билан кўрсинки, ҳовучига оппоқ қазғоқ тўлиб чиқди. Ижирғанишга ўхшаш нохуш сезги миясига чақиндек урилди. Беихтиёр қўлини силтаб, ҳовучини қоқиб ташлади. Орадан хиёл фурсат ўтиб, яна боласининг бошини силади. Яна оппоқ қазғоқ ҳовучини тўлдирди. Қават-қават қазғоқ қаердан кела қолди, билмади.
Онасининг бармоқларига силлиқ соч эмас, қуруқшоқ, оппоқ, юмшоқ бир нима уннади…
Боши бир силтаниб, ёстиқдан кўтарилди. Ҳозиргина кўрган тушини қўйнига яшириб пилдираганча соясига эргашди. Қараса, Нур қўлида учи айри қилич билан сояни олдига солиб қувлаб кетяпти. Сояси серкепак қазғоқли бошини қўлтиғига қисганча қочиб боряпти. Нур эса қувлайверди, қувлайверди. Яна овозининг борича бақириши-чи! “Ўликнинг соясини ушланглар! Кечаги тушимни ўғирлаб кетди. Унинг қўлиям, кўнглиям эгри. Тушимни олиб қочди. Ушланглар уни! Итнинг нафаси у! Касофати урмасин тағин”, дермиш.
Тўрақул чўчиб уйғонди. Жиққа терга ботибди. Уят, ўкинч, алам чирмовиқдек чирмаб олганди. Ота тийиғини кўрмаганди, она йўриғига юрмаганди. Кимнинг қарғиши урди? Нега боши қочиб кетади?
Тўрақул хаёлан боши билан суҳбатлашишга тутинди. “Сенга нима бўлди? Айб гуноҳнинг қариндоши экан-ку! Иснод ҳам унинг томирими? Ёки қорнинг қаерда тўйса, кўзинг хиралашиб дилинг кирланадими? Хотирангни ўшанда унутиб қолдирдингми? Уйқуга ботганда кўз нурингни йўқотгансан-да. Йўқса, ўзингни топиш учун, аслингни таниш учун соянгни қувалаб юрасанми? Кунинг соянгга қолдими? Тутолмасдан, тонгларни шомларга, кунларни тунларга улаб, уйқунгни бошида мижжа қоқмай тонг оттирасанми?”
Тўрақул бошини йўқотиб қачонгача сир бой бермай юради? Бошсиз ҳам яшаб бўларканми?

“Шарқ юлдузи” журнали, 2015 йил, 2-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!