Носиржон Жўраев. Домла (ҳикоя)

Тут пишган кезлар. Осмон оқариши билан беш-олти туёқни олдимга солиб, далага ҳайдайман. Ўт-ўланни нами қочмай едирган дуруст. Намиққан мовий бахмалдек хира осмонга тикилиб ётаман. Ётган кўйи сўнишга кечиккан юлдуз қолдимикан деб қидираман.
Қуёш кўтарилишига ҳали бирон соат бор. Шу пайт ҳаддан ташқари жимликни тут шохининг шиғиллаб сидирилиши, кейин “хаҳ, тўкилмагур” деган товуш бузди. Ўша томонга қарадим. У киши қишлоқнинг энг зиёли одами, умри ўқитувчилик билан ўтган Ҳалим домла эди. У пишган тутларни бир кафт-бир кафт териб ерди. Қараганимни сезиб, “Қалайсиз, ўғлим?” деди. Бировни “сен” демаган бу одамга жилмайиб бош ирғадим. Орқамни шудринг ивитиб, ўтириб олдим. Сўнг ўйлана бошладим. “Каллаи саҳарлаб тут ейиш шартмиди? Эт жунжикиб турганда муздай мева ёқармикан?”
Аммо Ҳалим домла ҳар бир тутни авайлаб узар, йирик-йирикларини роса томоша қилиб, кейин оғзига соларди.
Чорак соатча тут еди, мен эса унинг хотини ўтгандан кейинги ўн йиллик умрини, энг оғири, бефарзандлигини ўйладим.
Фурсат ўтиб, доғли кўйлагидан хижолат тортиб ёнимга чўкди.
— Домла, яхшимисиз?
— Шукр, ўзингиз-чи, чарчамадингизми?
Овози ҳам беозор бу инсонга тағин кулиб жавоб бердим.
Домла анча муддат тек ўтирди — гапирмади ҳам, қимирламади ҳам. Ул-бул нарсани сўрай дедиму хаёлини бузгим келмади. У қотма елкаларини бир учирди-да, сўнг гапирди:
— Иликузилди пайтда нафақанинг кечикканини қаранг, ўлмагур.
Бу гап мен учун майда кўринаётган ҳолатни кескин катталаштириб юборди, кўп нарсани равшан қилиб қўйди. Домланинг ҳорғин кўзи, салқиган қовоқлари, ҳиёл очилган оғзи, хунук буришган қўллари — бари менга битта тушунча берди. Домла оч эди.
Иккаламиз ҳам бошқа гапирмадик. Қуёш кўринганда туриб, кетди. Шу куни ўзимни йўқотиб қўйдим, бошимга “тўқ-тўқ” этиб нимадир урарди. Орияти зўр бир одам тут еб, жон сақлаяпти.
Эртаси атайин белимга нон тугиб бордим. Аммо домладан дарак бўлмади. Уни кутиб пешингача қолиб кетдим. Қайтишда эски маҳалладан — уйининг олдидан ўтдим. Уй сукутда.
Кечга томон онам гап топиб келди: “Ҳалим домла ётиб қолибди”. Кейин мендан сўради: “Белбоғдаги нонни емабсан-ку?” Индамадим. Ўша кўришувда менга чидаму сабрни ўргатиб қўйган бу одам кўз олдимдан кетмай қолди.
Домла икки кунда ўтди. Маъракадан келгач, онам шунақа деди:
— Бечора яхши одам эди. Дардини топишолмапти.
Негадир бақириб юбордим:
— Топишолмайди ҳам!
Онам менга нима бўлганини тушунмасди.

2003 йил