Нормурод Норқобилов. Орият (ҳикоя)

У қизга ёмон кўргани учун эмас, унинг падари бўлмиш Муса фермерга нисбатан юрагида тўнғиб қолган алами туфайли тош отди. Тош отгандаям номардларча, яъни кўча юзида ўз майлида суманглаб юрган ювош малла итни баҳона қилиб тош отди. Сўнг эса жони азобда қолган шўрлик қизнинг фарёди остида жуфтак ростлади.
Акс ҳолда…
Акс ҳолда нима бўларди?
Муса фермер, ўзидек ювош тўриқ отини аччиқ қамчилаганча, мисли қуюндек елиб келармиди, ё қизнинг илдам юришли, ғайратда тенгсиз энаси — Норгул чаққон келиб, ёқасини чоклармиди? Ё… Нима бўлганда ҳам вақтида қочиб дуруст иш қилди. Ана энди эса, қиз томоннинг ҳовуридан тушмоғини кутиб, тутзорда теккина биқиниб ўтирмоғи лозим. Сўнг дуч келар бўлишса, айтмоққа баҳонаси тайёр — итни урмоқчи эдим, бехос тегиб кетди.
Ўша “бехос”лик туфайли навниҳолгина, бироқ ғайрат бобида энасининг ғирт акси бўлмиш, ҳалим табиат, беозоргина қизнинг манглайи тарс ёрилди. Аслида уни уриш нияти йўқ эди. Бари ҳеч кутилмаганда юз берди. Қиз, оёқлари остида сув тўла челаклар, қаршисидан лоп этиб чиққан дугонаси билан хушҳол суҳбатлашиб турарди. Шу пайт, фалокат босиб, нарида искаланиб юрган ит улар ёнига бориб қолса бўладими. Бола қишлоқда “тухум ўғриси” дея ном олган бу жониворни кўпам жини суймасди, кўзига чалинди дегунча, қўлига илинган нарса билан “сийлаш”га уринарди. Бу сафар қўлига илингани тошу кесак бўлди. Отган тоши итнинг яғрини оша кўча юзига тарс этиб тушгач, қиз, чеҳрасида ўша сокин табассум, нима гап, дея у томонга ялт этиб қаради. Бояқишнинг ана шу боқиши боланинг кўнглида бадкир бир ниятни — отанинг ўчини қизидан олмоқ истагини туғдирди. У кафтидаги кесак тандир кесаги янглиғ тошдек қаттиқ эканини теран ҳис этаркан, кутилмаганда юзага келган қасос онидан ҳаяжони тошиб, ўз навбатида, бундан бадхоҳларча суюниб, ҳануз қизлар яқинида ўралашиб юрган ит бир ёнда қолиб, “ғаним” манглайини нишонга олди.
Мана энди қилмишининг оқибатини ўйлаб, тутлар соясида, бўлиқ ўт-ўланлар орасида тиззаларини қучганича, маҳзун хаёлга чўмиб ўтираркан, бугунги қилиғи одатдаги шўхликка эмас, балки ўта жиддий тўполонга сабаб бўлмиш безориликка йўйилишини англаб, идрок эта боргани сари кўз ўнгида қуйидаги кўнгилсиз манзара тобора кўпчиб, ёлқинланиб борарди: ана, кўча бошида манглайи танғилган қизининг қўлидан тутганча Норгул чаққон пайдо бўлди, улар қаватида, ҳар сафаргидек, бир тўда ҳангоматалаб қишлоқ болалари, қизнинг онаси табиатан илдам, шиддаткор эса-да, аммо аксарият қишлоқ аёллари каби шанғи эмас — кўчани бошига кўтариб ўтирмай, тўғри ҳовлига бостириб киради: “Улинг қани?!”, дейди ғазабини зўр-базўр босиб, лаб-даҳани қалтираганча. Қизнинг рафторидан дарров барига тушунган энаси, одатдаги дийдиёсини бошлайди: “Бола эмас, бало бўлди бу, отаси ўлгунча, менгина ўлсам бўлмасмиди”, дейди. Сўнг қаршисида ўқдек қадалиб, еб-ютишга ҳозир турган аламзаданинг кўнглини юмшатиш илинжида дейди: “Ҳали кесин, қўлгинамга тушсин, ўзим жонини суғуриб оламан уни!” Бироқ боласи тушмагур осонгина жон суғуртириб қўядиган анойилардан эмас, томорқаларида бир эмас, уч туп ҳайбатли халоскори — бобомерос ўрик дарахти бор, хавфни сезиши ҳамон улардан бирига маймундай тирмашиб чиқиб олади, калтак тутган энаси дарахт тагида қолаверади, қарғаб-сиқтанганча.
Бу кеч тағин дарахтга тирмашишига тўғри келишини ўйлаб, у ичидан зил кетади. Қизиқ, яқингача буни ор деб билмасди, қайтамга ўзининг эпчиллигидан масрурланиб юрарди. Шу бир оқшом девор ёқалаб қатор тушган ўрик дарахтларидан бири ҳовлисига соя ташлаб турадиган ён қўшниси Чори доно деганлари уни суҳбатга тортдию ўшандан бери бола дарахтга тирмашишдан номусланадиган бўлиб қолди. Бироқ, ҳамма бало шунда эди-ки, энанинг қўлидаги калтак ҳар қандай номусу ордан устивор келарди — ҳар сафар қандай қилиб дарахтга тирмашганини сезмай қоларди. Бунақа пайтда Чори доно тайинли бир сўз айтмаса-да, аммо, сени қараю, деган маънода таассуб-ла бош чайқаб қўйишни сира канда қилмасди. Унинг айни шу қилиғи болага нақ айилдек ботарди.
Боланинг мавжудлигини гўё сезмагандек, Чори доно илгари унга ортиқча эътибор бермасди. Ўша оқшом дарвозаси биқинидаги оғоч ўриндиқда ширакайф ҳолда, ичидаги дарду ҳасратини кимга тўкиб-сочарини билмай, ўзи айтмишли, олам ва одам ҳақида ўй суриб ўтираркан, эшигидан бўй кўрсатган болани катталар ўрни ва қаторида кўриб, уни ёнига имлаб чақирди. Сўнг, одатига кўра, саломга алик олмоқни насия айлаб, хийла шикаста оҳангда салмоқлаб гап бошлади:
— Ўйлаб кўрсам, иним, бу оламда одам боласидан разилроқ махлуқ зотининг ўзи йўқ экан! Агар билсанг, ўтган оқшом анову ярамасларнинг олдига боримни тўккандим, янгангни чириллатиб, иккита товуғини қозонга босгандим… Ейишди, ичишди… Бугун эса… мана… мени унутишди! Боясароқ Соли узундан эшитдим, бўлак ерда бўлак одамлар билан тоза маишат қилишаётган эмиш. Йў-ўқ… дўст эмас улар менга! Хай, бунинг нима деб аталишини биласанми? Билмасанг билиб қўй, бу — хиёнат!
У яғир дўпписини энсасига суриб, бошини кафтлари орасига олади. Шу созда бир муддат тургач, ҳолатини ўзгартирмаган кўйи, зора номард жўраларимдан бирортаси қорасини кўрсатса, деган илинжда бармоқлари орасидан кўча адоғига назар ташлайди. Кўзи кенг дашт қўйнига сингиб бораётган отлиқ — Муса фермерга тушгач эса уни бу томонга доримай қўйганини эслайди.
— Бу… Муса фермер кеп турибдими?
— Йўқ.
— Ана, яна бир хиёнат! — Чори доно гўё дарди аригандай дарров қоматини ростлайди. — Ахир, отанг гўрга кирмасидан бурун тўкин дастурхон тўри уники эмасмиди? Нега индамайсан, уники эди! Мана энди, отанг йўқ — дўстлариям йўқ! Етимларнинг ҳолидан хабар олиш йўқ, бари четдаги одамга айланди. Бу — хиёнат! Бошқача атаб бўлмайди буни! — У соқоли қиртишланмаган иягини чангаллаб, ғижимлаб тағин кўча адоғига қарайди. Афсуски, интиқ кутишлари бесамар — жўралари унутишган уни. Бундан баттар алами қўзийди, тиззасига мушт тушириб дейди: — Йў-ўқ, мен уларни икки дунёдаям кечирмайман! Эртан бир қоп ёлғон тўқиб олдимга келишса, кўрасан, ҳаммасини итдай уриб ҳайдайман! Ҳа, тепкилаб ҳайдайман! Сенам Муса фермани тепкилаб… э, йўқ, кечирма! Асло кечира кўрма! Нега деганда, хиёнаткорларни кечириб бўлмайди!
Гап ёмон — боланинг Муса фермердан қаттиқ кўнгли қолди. Шу дамгача, отаси ҳаётлигидаги каби, унинг отда дарвозадан кириб келиши ва уловини бурчакдаги охур ёнига қантариб, сўнг қўлидаги букланган қамчи билан тўни барини қоқиб-суққанча, ошиқмай, кенг ҳовли киндигида бўй ростлаган қайрағоч остидаги баланд супа томон юришини болаларча соғинарди. Қизиқ, отаси тириклигида ҳафта сайин келиб турарди, энди эса қорасиниям кўрсатмайди. Доно қўшниси ҳақ — отасига хиёнат қилди у! Кўзи тириклигида лаган-лаган ошини еб, вафотидан сўнг унутди уни! Шуларни хаёлидан ўтказаркан, Муса фермерга нисбатан боланинг юрагида кучли адоват ҳисси пайдо бўлди. Бу орада Чори доно гурунгни баттар қиздириб, дедики, худди сендай пайтимда Саҳат бригадир энамни қамчилади, нега даштга чиқмадинг деб. Энам, энамга жўр бўлиб икки опам қашқирдай ув тортиб йиғлайди дегин. Бошда улар қаторида мен ҳам ув тортдим, кўзимнинг оқавасини тоза оқиздим. Сўнг бирдан танамга ўйлаб қолдим, шошма, ахир мен эркакман, йигитман-ку, дедим. Ўзимга ўзим, ув тортмай ўл, дедим. Ҳафта чора қидириб, охири ўч олмоқнинг йўлини топдим-да, тутзорга биқиниб, унинг келишини пойладим. Шомга қолмай отда ўтиб қолдилар, акам, минг қўйли бойдай гердайиб. Шу десанг, тутларнинг панасидан туриб, солдим бошига тош билан! Худди ўқ теккандай отдан тўнкарилиб тушди! Э-э, нимасини гапирай, ўт эдим, олов эдим, сенга ўхшаб дарахтга тирмашиб, қочиб юрмасдим. Ёмонлик қилишга ҳадди етган ҳар қандай касни, ким бўлишидан қатъий назар, боплаб адабини бериб қўярдим. Хиёнатни-ку асло кечирмасдим! Ҳозир ҳам шу — сира кечириш йўқ!
Бу гурунг кўклам ўртасида бўлиб ўтганди.
Ҳозир эса ёз боши.
Чори донодан улги олган бола шундан бери эшикларини унутиб қўйган Муса фермадан ўч олиш қасдида ёнади. Оқшом олди тутзорга биқиниб олиб, неча бор унинг йўлини пойламади дейсиз. Афсуски, барча уринишлари беҳуда — ҳар сафар отда даштдаги фермадан қишлоққа қайтаётган ғанимининг сокин, ўйчан чеҳрасига кўзи тушиши ҳамон бўғинлари ўз-ўзидан бўшашиб, қўлидаги тошни отмоққа ҳоли ва чоғи етмай қоларди. Сўнг тутзор ёқасига чиқиб, олислаб кетган суворий ортидан аламнак тикилиб қоларкан, ғазаб ва нафрат деганлари икки томонлама бўлмай туриб, қарши томонга қўл кўтариш ғоят душворлигини ўйлайди, Худодан Муса фермерга ўзига нисбатан қаҳр беришини сўрайди. Кўча-кўйда рўпарў келиб қолар бўлса, атай қовоғини солишга уринади. Аммо, қани энди, Муса фермер унинг тумтайишларига эътибор берса — кўзи болага тушиши биланоқ худди айбдордек, хижолатомуз кулимсираб, сўрашмоққа тушади. Сўрашганда ҳам бошқалардек сўз деганини қалаштириб ташламайди: “Қалайсан?” дейди. Қолган лутфини қарашлари орқали ифода этади: “Катта йигит бўлаяпсанми, энанг, укаларинг яхши юрибдими, ишқилиб, ҳеч нарсадан зориқиш йўқми?” Шу орада чўнтак кавлашга ҳам улгуради ва, ширинлик олиб ерсилар, деган гапни қуйидаги йўсинда ифода этади: “Иниларингга…” Хайрлашаркан, нигоҳида ҳамиша ушбу маъно акс этади: “Ҳа-а, дўстгинамнинг ули-я! Шу бўй-бастингни отанг кўрмай кетди-да!” Хуллас, бутун учрашув давомида унинг бор айтган гапи шу икки сўз бўлади: “Қалайсан?”, “Иниларингга…”
Унинг бу ҳолати ўтмишни эсига солади. Отасининг тўрт-беш оғайниси бўлиб, улар орасида энг камсуқум, энг камгапи Муса фермер эди. Яна бир айро жиҳати, паловни ўлгудек яхши кўрарди. Ошни катта-катта ошамлаб ерди. Сўнг бир четда гурунгга қулоқ тутиб, мийиғида жилмайиб ўтираверарди. Ўта хокисор ҳамда ўта хушфеъллиги учунми, бола уни бўлакча яхши кўрарди. Мабодо шу кунларда йўқлаб, атиги бир бора дарвозада кўриниш берса борми, бола қалбида алам ҳиссидан асар ҳам қолмасди.
Афсуски, у қорасини кўрсатай демасди.
Бола тутзорда биқиниб ўтираверишдан зерикди. Бироқ ҳозир уйига бориш аждаҳо комига тушишдек бир гап — энаси бугунги қилмиши учун асло аяб ўтирмайди. Аммо оч қорин билан яна қанча биқиниб ўтириши мумкин? У бирдан қишлоқнинг жарга туташ қисмида турадиган аммасини эслаб қолди. Аммаси энасининг ғирт акси — ҳар қандай ҳолатда ҳам аввал қорнини тўйғазиб, сўнг тергайди.
Амма оқил ва оғир аёл — сўзни беҳуда исроф қилмайди. У ҳафтада бир узун енгида, ойда бир чоғроқ бўз халтада ул-бул кўтариб, ҳовлига кириб келаркан, қўшни қишлоқда турадиган жиккак холаси каби қилган яхшилигини ҳеч вақт миннат қилмайди. Қўлидаги тўла бўз халтани супа четига қўяркан, негадир, ҳамиша қандайдир ийманиш оҳангида дейди:
— Мановуни… бўшатиб берасизми, келин.
Кўтариб келган тўрт дона тухуми учун синглисини алқайдиган энаси аммасига қолганда бир оғиз лом-мим демайди. Мижжалари хиёл намланиб, супа четида оқариб турган халтага наридан кўз ташлаб қўяркан, аммасини эмас, бутунлай ёт бир кимсани назарда тутгандай, хўрсинганча, аста дейди: “Барака топсин!” Бўз халтани эна қолиб, ҳамиша бола бўшатади. Унда мош, гуруч ва бошқа нарсалардан ташқари, албатта, алоҳида тугилган озгина ширинлик бўлади.
Бола уни укалари билан талашиб-тортишиб ейди.
У яшил бўёғи униқиб кетган дарвозадан кириб борганида, аммаси ишком соясида кўрпа қавиб ўтирган экан. У болага кўз қирини ташлаб, ошхонада куйманиб юрган келинига қисқагина қилиб, чалоб, деди-да, тағин ишида давом этди. Бола унинг авзойидан бугунги воқеадан бохабарлигини дарров фаҳмлади ва юраги сиқилиб, сўри четига омонатгина чўкди.
— Тепароққа чиқ! — деди аммаси қўлидаги игна-ипдан кўз узмай. — Бу… нима ишлар қип юрибсан?
— Ҳеч нима, — бола тамшанганча ошхона томонга қараб қўяркан, тезгина ютадиганини ютиб, ура қочишни ўйлади.
— Хў-ўш, бу… нега энди Зарнигор қизнинг бошини ёриб юрибсан? — дея сўроқни бошлади амма, қачонки бола қўлидаги емакдан бўшаган косани дастурхон четига қўйгандан сўнггина тиззасидаги кўрпани нари суриб, қаддини ростларкан, оғир тин олиб.
Бола қия очиқ дарвоза томон кўз ташлаб, оёғини қўлга олишни хаёл қиларкан, ейилган таом ҳақ-ҳурмати бир муддат сабр қилиб ўтирмаса, уят бўлишини ўйлаб, шаштидан қайтди. Биладики, қилган гуноҳи учун аммаси уриб-сўкмайди, нордон гаплар билан сийлаб, тузлаб қўя қолади. Муҳими, бундай пайтда одоб сақлаб бош эгиб ўтирмоқ лозим. Қилмишидан уялган, кўзини ёшлаган киши бўлиб, ора-сира атай шўлқиллатиб бурун тортиб қўйса-да зарар қилмайди. Аммо бу сафар бурун тортишга улгурмади, ҳайрати ошгандан ошиб, дастлаб англагани шу бўлди-ки, бугунги қилмиши ҳеч қанақа ваҳимага сабаб бўлмапти, яъни қизнинг онаси уйларига дов тўкиб бормабди. Воқеа қуйидагича: — Амма касал овсинини кўриб қайтаётса, шўрлик қиз қонига беланиб, кўчада йиғлаб турган экан, уни уйига бошлаб кирибди, бошини боғлашибди. Болани айблаш ҳеч кимнинг хаёлига келмабди. Қиз “Итга отилган тош менга тегиб кетди”, дебди. Буни дугонаси ҳам тасдиқлабди. Қисқаси, бу ҳодисадан энасининг мутлақо хабари йўқ. У эса, ахмоқ бўлиб, кечгача тутзорда биқиниб -ўтирибди-я. Вой, тентаги-ий!
Ўзига нисбатан ҳеч қанақа хавф йўқлигига тўла ишонч ҳосил қилгач, амманинг койишлари болага малол кела бошлади. Қараса-ки, аммаси уни ғирт нодонга чиқараяпти. Ахир, у нодон бола эмас, ғанимдан ўч олмоққа қодир йигит-ку! Қачонгача бу аёл уни бола ўрнида кўради? Эя, қўли қийшиқ мерган деяптими? Ахир қишлоқда мендан ўтадиган мерган йўқ-ку. Керак бўлса, чумчуқнинг кўзидан ураман! Ия, иштони сўкилган шумтакаси нимаси?! Тағин, шу қизни сенга обераман, деганига ўласанми! Тавба, хиёнаткорнинг қизига уйланиб, эсимни ебманми мен! Уф-ф, тағин қўли қийшиқ мерган дейди-я!
— Ҳечам қўлим қийшиқ эмас! — деди охири боланинг сабри тўлиб. — Отаси учун ўч олдим! Тўғри-да, отам тириклигида кунда шунда эди, энам пиширган паловни лаганлаб ерди! Энди эса қорасиниям кўрсатмайди. Хиёнаткор у! Шунинг учун ит баҳона қизига тош отдим! Ҳали ўзиниям тошбўрон қиламан!
Амма қаршисида ўзи билган бола эмас, кутилмаган мўъжиза туфайли, тўйқусдан эр йигитга айланган ўзга бир кимса тургандек анқайиб қолди. Шу анқайишда жиянига бошдан-оёқ зимдан кўз ташларкан, унинг ҳозирги ҳолатида марҳум инисининг сиймосини кўргандек бўлди. Бир муддатдан сўнг, ҳа-а, бу улғайибди, болалиги қолмабди, деган тўхтамга келди-да, зардали оҳангда деди:
— Тул хотиннинг уйига номаҳрам эркак кириб-чиқиб юрса, қишлоқда нима гап-сўз кўпайишини биласанми? Ё эл оғзига элак тутиб юрмоқчимисан?
Анқайиш навбати энди болага етди — Муса фермернинг келиб-кетишида бирор ёмонликни кўра олмаганидек, киши оғзига элак тутиб юришини ҳеч тасаввурига сиғдиролмади. Қизиқ, элакда ун эланади, буғдой эланади… қанақасига уни киши оғзига тутиб юриши мумкин? Аммам мени калака қилаяпти-ёв!
— Барибир ўчимни оламан! — деди ўжарлиги қўзиб, элак масаласига ақли етмаганини сездирмаслик учун.
Амма қавиётган кўрпасини тиззасига тортиб, сукутга ботди, недир сўраш ниятида қошига келган келинини имо билан нари ҳайдади. Сўнг болага синчков тикилганча, айтар сўзини ичида узоқ мулоҳаза қилди. Охири бир қарорга келди шекилли, қатор ишком устунларидан бирига осиб қўйилган бўз халтага ишора қилди.
— Анову бўз халтани танияпсанми?
Аммасининг дарвозадан шу бўз халтани кўтариб кириб келишлари эсига тушиб, бола хижолатомуз бош эгди.
— Ҳи-и, нима бало, тилингни ютдингми, сасинг чиқмай қолди? — дея замзама қилди амма. — Ҳозиргина жуда бурро эдинг-ку!
— Танидим, сизники… — дея минғирлади бола, бўлак нима деярини билмай.
— Ҳа, у меники, — деди амма. — Аммо ичидаги нарсалар Муса тоғангники. Шўрлик, жўрамнинг сағирлари ҳеч нимага зориқмасин, ҳарна арқонга қил қувват, дея ҳар ой мен орқали силарга озиқ-овқат киритади. Манову жар ичидан отда кеп, анову дўнгда хуржинини бўшатиб кетади. Мен уларни бўз халтага жойлаб, силарга элтаман. Ҳар келганида, сувга ташладим, балиқ билсин, балиқдан ўзга бирор жон билмасин, хайми, янгажон, деб кетади. Мана энди, сен билдинг.
— Йўғи-ий, амма…
— Бу гапдан боланинг эси оғай деди.
— Мен ўйлабманки, сиз… сизники бари!
— Йўқ, енгимдагиси меники… — Амма узун, кенг енгини аввал намойишкорона силкиб, сўнг ҳимаради. — Бўз халтадаги бари уники! Энди бор-да, миясига тош билан туширавер! Ахир сенда уят борми! Агар озгина уятинг бўлганида, қизини қизил қонига белармидинг!
— Нега ўзи… — бу савдонинг тагига етолмай, болапақирнинг боши қотади. – Нега ўзи обормайди, амма? Уйимизга ўзи оборса бўлади-ку.
— Жуда билгинг келаяптими? — Амманинг зардаси қайнаб, қош чимиради.
Бола кўзлари жавдираб, бош ирғайди.
Амма бу гал феълига хос бўлмаган ўта қўрс оҳангда дейди:
— Ўзи оборса, одамлар уни энанг билан гап-сўз қилади…
Бола ниманидир англаб, ниманидир англашга эса чоғи етиб-етмай ташқарига чиқди. Тўғри Муса фермернинг кўчасига борди. Аммо муюлишдаги оғоч дарвозага яқин бормоққа юраги бетламади. Юраги бетламади эмас, юзи чидамади. У олға жилишга истиҳола қилиб, кўча юзини супураётган манглайи танғилган қизга бир зум тикилиб тураркан, қалбида унга нисбатан чексиз акалик меҳрини ҳис этганча, ўз кўчаси томон қайрилди.
Кўча бошидаги бўйрадек ялангликда Чори доно ўзининг ўша “хиёнаткор” улфатлари билан яримтани майдалашиб, вағиллашиб ўтирар, айни шу тобда Муса фермер бўз халтанинг навбатдаги ташрифини назарда тутиб, қишлоқ дўконидан марҳум дўстининг болаларига ширинлик — ҳолва харид қилмоқда эди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 13-сон