Нормурод Норқобилов. Оқбўйин (ҳикоя)

Товуқ патини ўйнашда давом етди. Патни ерталаб топган, нималигига ақли етмай боши гаранг еди. Ин ёнидаги чирик хашаклар устида чўзилиб ётган она ит безовта ғингшиганидан сўнггина қадам товушлари келаётган томонга ўгирилди. Беш одимча нарида уй егаси – Содиқ ака билан норғул бир одам – Карим подачи, егнида яғири чиққан пахталик, оёқларини кериб турарди. Ундан гўнг, пичан, силос ва яна алламбалоларнинг ҳиди анқирди.
Оқбўйин бу хил ташрифларга кўниккан, ҳар келди-кетдидан сўнг оға-иниларидан бирортаси ғойиб бўлади, кейин онаси туни билан ғингшиб чиқади. Бошда улар ўнта еди. Учтасини, урғочи екан, биринчи ҳафтадаёқ гумдон қилишди. Бу гал навбат қайси бирига екан?
Карим подачи оёқлари остида ўралашаётган иниси — Оқтўшни қўлига олиб, обдон пайпаслаб кўр­ди, панжаларини диққат билан кўздан кечирди. Ёқтирмади. Оқтўш нари кетишни хаёлига ҳам келтирмай, тағин суйкала бошлаганди, Карим подачи етиги учи билан туртиб юборди. Жони оғриган Оқтўш ангиллаганича онаси томон пилдиллаб қочди.
Иниси Оқбўйинга ёқмайди, ўлгудек ялтоқ, кўринган қорага суйкалади. Акаси Малла еса тамомила акси – тажанг, салга зардаси қайнаб дарҳол «ёқа бўғишади». Ҳозир ҳам у ин тўрига биқиниб олиб, Карим подачига адоватли тикилиб турарди.

— Анови турқи совуқни обер-чи, — деди подачи Маллани кўрсатиб.
Содиқ ака Маллани инидан тортиб чиқарди-да, унга узатди. Карим подачи уни узоқ тутиб турмай, дарров ерга қўйди.
— Буниси қопағон бўлади, – деди Малла тишлаган бармоғига пуфлаб. Подачининг езғилашлари Оқбў­йинга ёқмади. Аммо табиатан бардошли учун бошқалар каби тўполон қилмади. Темирдек қаттиқ бармоқларига тиш ботиришдан ўзини тийиб, жимгина туриб берди.
Карим подачи — синчи, итни фарқлай билади. Умри фермада ўтган бу одам итни ишқибозлик учун емас, зарурат юзасидан асрайди. Негаки, қиш кезлари қир ошиб келадиган бўрилардан куйган — жондор деса етмиш етти томири тортишади, бўриларга емиш бўлган томдай-томдай новвослари кўз олдига келиб, ичи-таши баравар ёнади. Авваллари аҳвол айтарли даражада ёмон емасди, салгина пўписа-ю қутқу билан жондор отини даф етмоқ мумкин еди. Аммо уч йил бурун Ёлдор деган бир маҳлуқ пайдо бўлди-ю подачидан ҳаловат кетди. Арлони бўри итларни писанд қилмаганидек, милтиққа ҳам осонгина чап берарди. Тунлари бўри пойлайвериб, биқинини шамоллатиб қўйганидан сўнг, Карим подачи қопқон қўйиб кўрди. Бироқ Ёлдор қолиб, қопқонга ферма теварагида айланиб юрадиган дайди ешак­лардан бири тушди. Етни дорилаб йўлга ташлади. Ёлдор емас, ити заҳарланиб ўлди. Кейинги асраган ити еса ғоят кераксиз чиқди. Ёлдорнинг қорасини илғар-илғамас ешик тирнаб, ғингшиганча ичкарига интилди, баъзида қи
шлоққа қочиб қоларди. Бу қиш ўртаси бу ҳол яна такрорлангач, Карим подачи жаҳл устида итни отиб ўлдирди. Чунки Ёлдор тўдаси бошқа мол қуригандай, унинг танасини бўғизлаб кетганди-да. Шундан буён подачи яхши ит қидириб юради. Худди шундай ит ҳозир унинг қўлида еди. Бу кучук арлони ит наслидан. Бунақаси мингдан битта чиқади. Насиб етса, узоғи билан яна тўрт-беш ойдан сўнг бу атрофда унга тенг келадигани бўлмайди. Жондор зоти борки, овозини ешитиши билан қир бошида михланиб қолаверади. Карим подачи ич-ичидан хуруж қилиб келаётган қувончини базўр ютиб, уй егасига юзланди.

— Шунисини танладик.
— Йўқ. Буниси ўзимизда қолади, — деди Содиқ ака қатъий бош чайқаб. — Қанжиқни йўқот­моқ­чимиз…
— Бир қўй қўзиси билан.
Содиқ ака Оқбўйинга қизиқиш билан тикиларкан, тоғаси ҳақлигини англади. Ичида унинг топқирлигидан қойил қолди. Тоғаси меҳмон бўлиб келган куни кучукваччалар енди оёқлаган еди. Тоға қанжиқни йўқотиб, арлон ит асрашни маслаҳат бераркан, кучукваччаларни чопони барига солиб, томорқа адоғига обориб ташлади. Иссиқ жойидан қўзғатилган кучукваччалар нотаниш жойда нима қилишларини билмай пайпасланиб туришганида, Оқбўйин тўдадан ажралиб, сал нарида безовта ғингшиб турган онаси томон интилди. «Мана шунисини асра, – деди тоға. – Бундан зўр ит чиқади. Қолганлари бир пулга қиммат. Содиқ ака учун ҳамма ит бир ит еди. У бу борада ҳовли итсиз бўлмаслиги керак деган ақидага бўйсуниб иш тутарди. Тоғанинг гапидан сўнг Оқбўйинга нисбатан қизиқиши ортгандай бўлди. Бир томони меҳмон ҳурмати уни асрамоқни кўнглига тугди. Подачининг гапидан кейин Оқбўйинга қизиқиши ўн чандон ортди. Ахир ҳеч замонда ит савдолашилганми? Қишда бир чакса қорни бировга раво кўрмайдиган шундай бир
одам қўй ваъда қиляптими, демак бу кучукда бир гап бор. Туришини қара, пинак бузмайди-я.
— Ана бор, иккита қўй.
— Ака, биласиз мен битта гапираман.
— Оббо, қўранг тўла молмидики, ит асрайсан.
— Яхши ит ҳаммагаям керак.
— Буни асраб наф кўрмайсан. Рашким ёмон, бирда бўлмаса, бирда отиб ўлдираман.
— Ярашадаган гапни қилинг, ака.
— Отмаган тақдирдаям барибир Хидир хира отиб кетади.
— Отиб кўрсин.…

Савдоси пишмаган Карим подачи итни ерга қўяркан, зарда билан биқинига тепди. Зарб кучли бўлмаса-да, бу хил муомала Оқбўйинга ёмон таъсир қилди. Ириллаш баробарида акиллади. У ўз қадр-қимматини яхши биларди. Бу жиҳатдан отаси Олапарга тортган еди. Олапар қўшни қишлоқлик Абдурайим овчининг ити. Кузда у бу томонларга қадам қўйганда, унинг ҳайбатли, кўркам келбатини кўриб, бутун қишлоқ лол қолганди. Олапар ҳовлига бошқа итлар каби девор ошиб емас, тўғри дарво­задан кирган. Уй егасининг дўқ-пўписасига зиғирча еътибор бермай, бамайлихотир юриб, томор­қага ўтган, картошкапояда, ўн чоғли ит қуршовида «нозланиб» ётган қанжиқни бир зумда ўзиники қилиб олган.
Ҳали ҳеч кимдан бу хил муо­малани кўрмаган Оқбўйин ғазаб ва аламдан беихтиёр акиллаб юборганди. Акиллаган сари иззат-нафси алланечук ором топиб, овози ўзига хуш ёқди. Карим подачи Маллани қўйнига солиб, ешик ортида кўздан йўқолмагунча у тинчимади.
Шу кундан еътиборан у ҳуришни ўрганди.
Оқбўйин дилхираликни тез унутди. Тағин товуқ пати билан андармон бўлди. Илгари бир нима билан ўйнашганда ирилларди, енди бўлар-бўлмасга акиллашни одат қилди. Епкин товуқ патини ҳаволатганда, акиллаганча ортидан қувлайди, сакрайди, таппа босади, панжалари билан пийпалайди ва охир-оқибатда ҳафсаласи пир бўлиб, ендигина бошқа нарсага алаҳсимоқчи бўлганида, бирдан товуқ патига «жон» киради, шабадада «қанот қоқади». Оқбўйин тағин унга ташланади. Тутади, пийпалайди. Нималигига ақли етмай гаранг бўлади.

Чор атрофи баланд девор билан ўралган тор жойида унинг ақли етмайдиган ажойиботлар тўлиб-тошиб ётибди. Шулардан бири бурчакдаги тешикдан тез-тез мўралаб турадиган каттакон каламуш еди. Оқбўйин унга нисбатан яхши муносабатда еди, оға-иниларига тегажоқлик қилгандек, у билан ўйнашгиси келади. Аммо каламуш кучук яқинлашиши билан ура қочади. Яна бири аҳён-аҳёнда том бошида пайдо бўладиган тарғил мушук еди. Мушук олифтанамо қадамлар билан девор устидан юриб келади-да, томга сакраб, соатлаб ўзига оро беради. Енг қизиғи девор бошида ўқтин-ўқтин кўриниш берадиган бабақ хўроз. У ўзига ҳайратомуз тикилиб турган Оқбўйинга бошини у ён-бу ён буриб анчайин қараб қўяди-да, қанотларини тап-тап қоққанича, бирдан қичқириб қоладики, шўрлик Оқтўш қочаман деб ўмбалоқ ошиб тушади. Оқтўш журъатсизлигига яраша ўлгудек бўшанг – салга додлайди. Оқбўйин худди мана шунисига ишқибоз, уни ерга босиб езғилашни яхши кўради. Онасининг хотиржам боқишларида ўз қили
ғига рағбат сезган сайин ғайрати янаям жўшади, оқибатда, онаси ўртага тушишга мажбур бўлади. Қилғилиқни Оқбўйин қилиб, гапни Оқтўш ешитади, бўшашмай, кет, лапашанг!

Гоҳида шу иш устида уй егасининг ўртанча ўғли Расул келиб қолади. Ана унда кўринг томошани. Расул уларни атай ўчакиштиради, яъни Оқбўйинни Оқтўшни тагига босиб ғашига тегади. Бундан Оқбўйиннинг ғазаби шу қадар қўзийдики, тутқундан бўшаши билан сакраб туриб, ҳеч бир гуноҳи йўқ инисини тишлаб – тортқилай кетади. Натижада, Оқтўш ташқарига чиқолмай соатлаб биқиниб ўтиради. Онаси ин оғзида чўзилиб интиқом ўтида ёнаётган Оқбўйинни ичкарига йўлатмайди, ҳовуридан тушишини кутади. Оқбўйин аламидан Маллага ёпишади. Аммо Малла бўш келадиганлар хилидан емас, «муштга мушт билан» жавоб беради. Айниқ­са, кечаги жанжал ёмон бўлди. Расулнинг қутқуси билан у Маллани енди тагига босган еди, кутилмаганда ўнг оёғи акасининг жағлари орасига тушиб қолди. Жағ емас, мисоли қопқон, қани қўйворса. Ангиллаб юборди. Расул уни ердан кўтариб бағрига босди. Лат еган оёғини силаб-сийпади. Маллани еса тепиб ҳайдади.
Расул бошданоқ Оқбўйинга айрича меҳр қўйган. Оқбўйин буни ўзича ҳис қилган сайин тантиқлиги ортади. Аслида, ешикдан кириб келадиганлар орасида енг ғамхўри ҳам Расул еди. Шу боис, боланинг келишини Оқбўйин илҳақ кутади. Келавермаса, ешик ёнига бориб, ташқарига мўралайди. Тирқишдан кенг ҳовлининг бир бурчаги – ўчоқ боши кўринади, холос. У ердан кунда уч маҳал ялоққа тўкиладиган овқат ҳиди келади.
Товуқ пати жонига теккач, Оқбўйин ешик ёнига борди. Тирқишга тумшуғини суқиб ғингшиди. Таниш ҳиддан дарак йўқ, қадам товушлари ҳам ешитилмайди. Расул келмагунча, у ешикдан нари кетмади, гоҳ ғингшиб, гоҳ акиллаб уни йўқлаб турди.

Ниҳоят бу кеч унинг сабр косаси тўлиб тошди. Ортиқ бардош беришга ўзида бўлак куч топмади. Супада ухлаб ётган болани кўзи қийиб-қиймай, девор ошиб кўчага чиқди. Кўчадан далага. Катта ариқ бўйига етиб бир зум тўхтади. Ариқдан нариёғи Малланинг тасарруфидаги ерлар. Худди шуни таъкидлагандек фермахона томондан Малла ҳурди. Овозида якка ҳокимликка даъват қоришиқ. Айнан шу нарса Оқбўйинни фермахона томонга тортарди.
Тун ойдин. Малла қишлоқдан узилган қорани узоқданоқ пайқади. Овозига ҳайрат инди. Қизиқ, унинг ерига қадам қўймоққа журъат етган ким бўлди екан? Азбаройи тутаққанидан бўғилиб қолаёзди. Қутуриб олға интиларкан, ярим йўлга етмай, беихтиёр тўхтади. Қайси кўз билан кўрсинки, қаршисидан ҳов бирда оёғини синдирган баҳайбат маҳлуқ келарди. Малла талвасада туриб қолди. Зора қайтиб кетса деган умидда Малла ер тирнаб жон-жаҳди билан ҳурди. Бироқ рақиби пинак бузмади, лоақал ириллашни ўзига еп кўрмади.
Малла нима қиларини билмай таҳлика оғушида тураркан, шу пайт фермахона томондан ешикнинг ғижирлаб очилиб-ёпилган елас-эласи ешитилди. Шунда у бирдан енгил тортди. Рақиби кўзига ортиқ даҳшатли кўринмай қўйди. Нима қилишини у енди яхши билади. Оқбўйинни чалғитиб, фермахона биқинидаги уйча яқинига олиб борса бўлди, қолганинини Карим подачи еплайди. Ҳафта бурун қўшни қишлоқдан улоқиб келиб қолган каттакон сариқ итнниг куни ҳам шу тариқа битган еди.

Малла калта-калта ҳуриш билан подачини воқеадан огоҳ етганича секин-аста чекина борди.
Оқбўйин – содда, фирибни сезмади. Интиқом туйғуси вужудини шу қадар забт етган едики, пастак ешикнинг қия очилганини кўрса-да, еътибор бермади. Маллани деворга сиқиб бораркан, одатдагидек, ҳамла чақнаб, ўқ овози қарсиллади. Яғиринига чўғдек қадалган зарбдан Оқбўйин йиқилди. Димоғига ўша таниш милтиқдори ҳиди урилиши билан даҳшатга тушиб, сакраб турди. Оғриқдан ҳам кўра кутилмаган бу ҳодисадан қўрқиб кетган Оқбўйин рақибининг аёвсиз таловлари остида шармандаларча қочди.
Баданидаги тиш излари тез битиб кетди-ю, лекин ўқ тешган жароҳатига қурт тушиб, беҳад азоб чека бошлади. Овқатга қарамай қўйди. Ўн кун ичида аввалги келбатидан асар ҳам қолмади.
Ота ҳали қайтмаган, онанинг ит билан иши йўқ, ёлғиз Расулгина унинг дардига шерик, ўзи билганича, қўлидан келганича муолажа қиларди. Олдинига кул сепиб юрди, кул ҳам фойда беравер­магач, аллақаердан бир шиша қуюқ қорамтир, қўланса дори топиб келди. Аммо дориниям ёрдами тегмади. Итнинг аҳволи кундан-кунга ёмонлаша борди. Охир-оқибат Расулнинг мол дўхтири – Салом паканага бориб ялинишдан ўзга чораси қолмади.
Салом дўхтирни томорқасидан топди. У икки ишёқмас ўғлини пиёз ўтоққа қўйиб, ўзи картошка чопаётган екан. Отанинг кайфи бузуқ, болаларининг қовоқлари қизарган, каттароғининг ялонғоч сонида чивиқ излари шундоққина кўзга ташланиб турарди.
Расул яқинроқ боришга юраги бетламай турганида, Салом дўхтир уни кўриб қолди.

— Нима керак?
Расул қимтинибгина унга яқинлашди.
— Кучугимиз ўляпти, – деди томоғига йиғи тиқилиб.
— Нима қилай шунга? – Салом дўхтир ҳайрон бўлди.
— Тузатинг. Тузатиб беринг.
— А! – ҳайратдан Салом дўхтирнинг қошлари чимирилди. Бу боланинг еси жойидами ўзи, деган маънода унга бошдан-оёқ тикилди. Шу дамгача унга ҳеч ким итим касал деб келмаган. Аллақандай ўлакса улоқчаси оғриганда унинг ешигига танда қўядиган одамлар ити дардга чалинганда парво қилишмас, нари борса, жони қийналмасин, дея бирор жар-парга чиқариб отиб ташлашарди.
— Агар хўп десангиз, евазига пиёзингизни ўтаб бераман, – деди Расул ялинчоқлик билан.
Салом дўхтир енди унга айрича қизиқиш билан тикиларкан, димоғида ҳи-им, деб қўйди.
— Тузатинг, ҳар куни даладан сигирингизга ўт юлиб келаман.
Салом дўхтир иш деса том ошиб қочадиган ўғилларидан куйган емасми, боланинг бу гапи фавқулодда меҳрини қўзғатиб юборди.

— Ановиларга қарашиб юбор-чи, кейин бир гап бўлар, – деди кулимсираб.
Расул ҳаш-паш дегунча икки пол пиёзни ўтаб ташлади.
— Ана, кўрдиларингми, қанақа ишлаш керак,- деди Салом дўхтир ўғилларига хўмрайиб. Кимсан хола ҳайрон: «Товба, ит молмидики, дўхтир кўрса. Шу Саломниям ёш бола феъли бор-а».
Расул дўхтир айтгандай қилиб итнинг оёқларини куллаклади. Оқбўйин қаршилик кўрсатмади, зеро бунга ҳоли ҳам йўқ еди. Тақдирига тан бергандек, бир алпозда ғингшиб ётаверди.
Салом дўхтир итнинг тум­шуғини тасма билан сириб боғлагач, каттакон қора сумкасини очди. Бошда жароҳатни обдон кўздан кечирди, сўнгра қўлидаги ялтироқ тиғни шартта ярага ботирди. Оқбўйин бошини кўтариб турмоққа интилди.
— Лалаймай, бошидан тут! – дея буюрди Салом дўхтир. – Устига миниб ол!
У имиллаганча ярадаги қурт ва сочма ўқларни битталаб тераркан, Оқбўйин устидан Расул­ни итқитиб юбормоққа интилар, тўлғанар, инграр, ғингшир, Салом дўхтирга еб-ютиб қўйгу­дек тикиларди.
Ниҳоят Салом дўхтир жаро­ҳатини боғлаб, ўрнидан қўзғалди. Пешона терларини билаги билан сидираркан, чоғроққина шиша­даги қорамтир дорини болага тутқазди.

— Кунда уч маҳал сурасан. Айтганча вақти-вақти билан ярасига сийиб турсанг ҳам бўлади. Ҳа, нимага ишшаясан? Вой-бўй, уялиб кетдиларми? Сени қараю, бунинг нимаси уят. Агар билсанг, сийдик енг яхши малҳам, тез қотиради. Жароҳатига тили етганида сен билан менга куни тушиб турмасди, ялаб-ялқаб ўзи тузатиб оларди.
Ҳафта ўтиб, жароҳати хийла битган Оқбўйин оз-оздан овқат ейдиган бўлди.
Қувватга кирган сари ўша машъум кеча хотирида тобора равшанроқ жонлана бориб, Маллага нисбатан адовати беҳад кучайди. Боз устига, кейинги вақтларда Малла баттар ҳаддидан ошган, гоҳида унинг овози шундоққина қишлоқ ёнидан, кўчалардан ешитилиб қоларди. Шуниси қизиққи, унинг саси чиқиши билан қишлоқ итларининг овози майин тортар ёки бутунлай ўчар, ҳатто ялтоқли акиллашларни ҳам ешитиш мумкин еди.
Маллага нисбатан зимдан куч тўплай бошлаган Оқбўйин ендиги учрашув сўнггиси бўлишини ич-ичидан сезар ва шу куннинг келишини бетоқат кутарди.
У зориқиб кутган вақт етиб келганида, барглар сарғайиб, ҳаво салқин тортганди. Енди Расул ҳовлида емас, уйда ухларди. Шунга қарамай, Оқбўйин тунларини дераза ортида ўтказарди. Ески одатини ҳануз тарк етмаганди у. Ит бир нимага одатландими, уни ҳеч канда қилмайди.

Бугун у деразада шуъла сўниши билан девор ошиб кўчага чиқди. Ғўзапоя ғарами ёнида қўшни ит – Тўрткўзга рўпара келди. Тўрткўз ғажиб турган суягини ташлаб, думини ликиллатганча уни дўстона қаршилади. Ялтоқланиб искаланди. Оқбўйин уни ёқтирмасди, ортидан ергашганди, ириллаб берди: йўқол кўзимдан! Тўрткўз ғингшиб қолди. Оқбўйин ариқ бўйига етиб чўнқайди. Муздек елга юз тутиб, ҳид олди. Малланинг маккорлиги есида. Тўғри босиб боришга юраги чопмади. Тадбир қидирди. Аммо минг бош қотирмасин, миясига жўяли бир фикр келмади. Аламидан увлаб юборди. Узоқдан Малла ҳурди. Шундан сўнг Оқбўйин таваккалига олға юрди. Салдан кейин ўзи томон шиқиб келаётган Маллани илғади. Вужуди ғазабга тўлиб, қадамини тезлатди. Бироқ Малла югуриб келаётган жойида тақа-тақ тўхтади. Оқбўйин илдамроқ ҳаракат қилганди, у шартта изига бурилди-да, қоча бошлади. Оқбўйин хатосини тезда фаҳмлай қолмади. Қачонки, Малла ўтган галдагидек калта-калта ҳурганича кимнидир кўмакка ч
ҳақираётганини англагачгина, яна фириб ишлатаётганини пайқади. Тўхтади. Малла еса ер тирнаб ҳурганча жиғига тегишда давом етди. Оқбўйин илгари боришга юраги бетламай бирпас ҳардамхаёл тураркан, ноилож изига қайрилди. Оқбўйин ўгирилиши билан яна ура қочди. Қувиб етолмаслигига кўзи етгач, Оқбўйин қишлоқ томон юрди. Малла кетидан қолмади, чотидан олгудек бир важоҳатда ергашиб келаверди. Шунда Оқбўйиннинг кўнглига шумлик оралади. Аввалига лўкиллади, сўнг чинакамига қочган бўлди. Ариққа юз одимча қолганда, Оқбўйин шартта изига бурилди-да, яшин тезлигида унга ташланди. Малла ўзини ўнг­лагунча бўлмай, Оқбўйиннинг ўткир тишлари бўғзига қадалди. Қайноқ қон ҳидидан қутириб кетган Оқбўйин зумда уни ғажиб ташлади. Кейин сал четланиб, рақибининг жон талвасасида тўлғанишларини ғолибона кузатиб турди. Малланинг сўнгги ноласи қанчалик аянчли бўлмасин, кўнглида унга нисбатан тариқча шафқат сезмади. Қайтанга ғалабадан сармаст ҳолда жасад атрофини уч қур
айланиб чиқди. Сўнгра қишлоқни бошига кўтараётган ариқ бўйидаги итлар тўдасига еътибор бермай, бир-бир босганча тепалик сари юрди. Шунга қарамай, кўнглининг бир чети ҳануз хира еди. Зафар завқидан тўла баҳраманд бўлишга нимадир халақит берарди. Нималигини билмаган сайин хуноби ошиб, охир-оқибат увлаб юборди. Увлаш баробарида фермахонага кўзи тушаркан, шундагина нимадан дилгирлигини англаб етди.

Фермахонада шундай бир куч яширин едики, Оқбўйин шакл-шамойилини тўла тасаввур етолмаса-да, қарсиллаган овози, кўз олгувчи шуъласи, ёқимсиз ҳиди, куйдирувчи зарбидан ғоят даражада даҳшатли нарса еканини фаҳмлади. Унинг нималигини кўрмасдан, билмасдан туриб бундан кейин бирон дақиқа ҳам хотиржам юролмаслигини ҳис етган сайин ташвиши ортиб, кўнгли ғуссага тўлиб борарди. Қизиқ, нима екан?
Оқбўйин табиатан қанчалик жасур ва довюрак бўлмасин, узоқ иккиланишдан кейингина бир қарорга келди. Тепаликдан тушиб ҳар бир қадамини ўта еҳтиёткорлик билан босганча фермахона томон юрди. Фермахонага яқинлашгач, чўзилиб ётга­нича теварак-атрофни узоқ кўздан кечирди. Қатор дарчали оппоқ девор бўйлаб, дар­чалардан бирига яқинлашди. Очиқ дераза рахига панжаларини қўйиб, ичкарига мўралади. Димоғига ўткир шиптир ҳиди урилди. У бу ерда узоқ қолмади. Девор ёқалаб уйча томон борди. Ярим йўлга етмай янада сергак тортди. Тумшуғини чўзиб ҳавони искади. Ўша таниш милтиқ дори ҳиди уйча тарафдан келмоқда еди. Шу кеч Карим подачи ўқ ясай туриб, бир чимдим дорини ёқиб кўрганди. Текширмаса бўлмайди, намиққан дори панд бериб қўйиши мумкин… Оқбўйин ҳидга ергашиб ешиккача келди. Бу ерда дори ҳиди бошқа ҳидларга қоришиб кетганди. Ичкаридан ешитилаётган хуррак овозини тинглаган сайин ўша сирли ва даҳшатли куч бутун борлиғи билан кўз ўнгида гавдалана бо
шлади. Сирли куч ҳеч кутилмаганда одам боласи бўлиб чиққанидан Оқбуйин ўзида йўқ қувониб кетди. Одам боласи билан тенглашиб бўлмаслигини у аллақачон англаб улгурган. Дунёда инсонгина истаган ишини қила олади – хоҳласа, бўйнига занжир солади, хоҳласа, оёқларини куллуклаб, етини бурдалайди. Хоҳласа… Хуллас, енг яхшиси, улар билан пачакилашмагани маъқул. Тегмасанг, тегмайди.
Оқбўйин йўлни тўғри Сариқтепага солди. Осмон тўла юлдузларга боққанича ўзга оҳангда увиллаб юборди. Пастда қорайиб турган қишлоқдаги итларнинг уни ўчди. Лоақал бирортаси пўписага ҳурмади. Тўртинчи ё бешинчи улишидан сўггина Тўрткўз ялтоқланиб жавоб қайтарди. Кейин унга бошқа итлар қўшилди. Гўё улар янги «ҳукмдор»ни олқишлашар еди.

… Узоқ чўзилган қорасо­вуқдан сўнг ерга биринчи қор тушди.
Оқбўйин ёмғир нималигини билади, туманни кўрган, лекин бунисига ақли етмади. Искаб кўрди, ялаб кўрди… кейин кўникди. Илк қор қувончидан у ҳам бебаҳра қолмади. Ҳовлида Расул билан роса тўполон қилди.
Бироқ кечга бориб юраги ўз-ўзидан безовта бўла бошлади. Ўйин кўнглига сиғмай, бўйнига осилган Расулни силтаб ташлади, кўп тирғалмай нари тур, шусиз кўнглим сиёҳ. Расул қорда чўзилиб ётаркан, унга ҳайратомуз тикилди. Итни биринчи марта ўта безовта ва жонсарак ҳолда кўраётган еди. Оқбўйин ошириб юборганини сезди шекилли. Ярашувдан сўнг бола уни чанага қўшди. Аввал ҳовли юзида учишди, кейин кўчага чиқишди. Бошда бу юмуш Оқбўйинга ғалати туюлган бўлса-да, сўнг-сўнг жуда қизиқиб қолди. Расулнинг майлига бўйсуниб, болаларнинг кўзини ўйнатиб, қишлоқ кўчаларини бир айланиб чиқди. Евазига бир чангал қанд билан сийланди.

Кечки овқатдан кейин Оқ­бўйин одатдаги жойига – дераза тагига узала тушди. Қор юм­шоқ, ҳаво илиқ еди. Оқбўйин кўзларини бир нуқтага тикканча, ичкаридан ешитилаётган шо­вурга қулоқ тутиб ётаркан, бирдан сергак тортди. Устига қўнган қорни силкиб ташлаб, оёққа қалқиди. Нафасини ичига ютиб, қулоқларини динг қилди: кўп ўтмай чўзиқ улиш овози яна такрорланди. Оқбўйин итникига ўхшаб-ўхшамай кетадиган бу нидо замирида юракка ваҳима солувчи нимадир борлигини илғар-илғамас, қишлоқ итлари жазавага тушиб қолишди. Оқбўйин бошини бир ён қийшайтириб, итлар овозига диққат қиларкан, уларнинг овозида безовталик сезди. Бунга сари гоҳ аниқ, гоҳ елас-элас ешитилаётган овоз егаси тасаввурида ғаройиб ва даҳшатли маҳлуққа айлана борди. Қўрқув билмас юрагига қизиқиш оралади. Шу қизиқиш ҳалпида девор ошди. Кўча ва даладан ўқдек учиб ўтиб, тепаликка интилди. Чор атрофга аланглаб, ҳавони искади. Қор ҳидидан бўлак ҳидни туймай, норози ғингшиди. Шу дам ҳазин улиш яна қайта
рилди. Оқбўйин унинг қайси тарафдан келаётганини англаб улгурмай, кун ботиш томондан яна бири қулоққа чалинди. Дашт оппоқ қор, Оқбўйин икки қишлоқ оралиғидаги дўнгда қорайиб турган шарпани базўр илғади.
У ўша томонга югурмоқчи бўлган жойида беихтиёр тўхтади. Қорани Олапар деб ўйлади, шунингдек, дов тўкиб боришга ўзини ҳақсиз сезди. Нимага деганда, дўнгликдан нарёғи Олапарга дахлдор. Бу ҳақда Олапар ўтган гал ўта жиддий бир тарзда огоҳлантирганки, унинг ўша пайтдаги ҳолати ҳануз Оқбўйиннинг кўз ўнгида, есласа ети жунжикади.

Икки ҳафтача бурун сутдек ойдин тунларнинг бирида Оқбўйин ўз тасарруфидаги ерларни айланиб юриб, тасодифан отасига дуч келиб қолди. Олапар дўнгда қир тарафга тикилганча чўнқайиб ўтирган екан. Оқбўйин аввалига еътибор бермади. Қуриган оққурайлар оралаб дўнгликка кўтариларкан, тўсатдан михлангандек қотиб қолди. Қайси кўз билан кўрсинки, қаршисида ўзи ўйлаганчалик жўнгина ит емас, баҳайбат махлуқ савлат тўкиб турарди. Жисми гўё пўлатдан қуйилгандан, ҳар мўйидан куч ёғилади. Кўз­ларида еса на ғазаб, на адоват – жиддий осойишталикдан ўзга нарса акс етмасди. Ўз кучига беҳад ишонган жониворгина мана шу тарзда хотиржам боқа олади. Оқбўйин олға боришниям, чекинишниям билмай турганида нотаниш итнинг жиддий нигоҳларида, кимсан, бу ерга қандай келиб қолдинг, деган маънони уқди. Бу хил сокин ва босиқ муомала камдан кам итнинг қўлидан келади. Бундай дамларда аксарият итлар дарҳол пўписага ўтади, кучи етса-етмаса ҳамла қилмоққа тиришади.
Оқбўйин табиатан оғир емасми, жиззакилик қилмади. Калта акиллаш билан жавоб қайтарди. Нотаниш итнинг каломи уникидан ҳам қисқа бўлди: «Вов!» Бу тарздаги мулоқот одамларга бир хил туюлса-да, овознинг баланд-пастлигига қараб, турли маънони англатади. Дейлик, агар ит бошини хиёл қуйи егиб, вов деса, қани, жўнаб қол, деган ифодани билдиради. Ёҳуд, кўкка тумшуқ чўзиб, шу хилда ҳурса, қани, яқинроқ кел, турқингни бир кўриб қўяй, дегани бўлади. Шундан сўнг бир-бирига яқин келиб, обдон исканишади. Бу вазият ўта хавфли. Бирон томон жиндек қўполликка йўл қўйса, тамом-ўртада нақ қирғинбарот юз беради.

Ҳайтовур, улар ўртасидаги бу ҳолат тинч ва осойишта ўтди. Табиий, томонлар қон-қарин­дошлигини билишмади, аммо куч-қувватда бир-биридан асло қо­лишмаслигини англашди. Шунинг учун ҳам Олапар ҳиссиётга ерк бермай, дўнгдан нарига ўтиш яхшиликка олиб келмаслигини босиқлик билан англатиб билдирди. Бу билан қаноатланиб қолмай, ер тирнаб белги ясаркан, тупроғини бу томонга сочди. Оқбўйин ҳам ризолик аломатида тирналган ерга панжа ботириб, у тарафга тупроқ тўзғитди.
Шундан кейин улар тинчгина айрилишди. Дўнгнинг учдан икки қисми Олапарнинг чекига ўтди.
Ҳозир Олапар дўнгликнинг ўзига тегишли томонида турарди. Ҳовлиқишу жазавага тушишга асоси қолмаган Оқбўйин ноилож ерга чўкаркан, бирдан сергак тортди. Енди кўланка иккитага айланган ва улар дўнгнинг бериги бетида ғимирлашарди. Буни кўргач, Оқбўйин улар томон ўқдек учди, ярим йўлга етмай, ҳали ўзи учун бутунлай нотаниш бўлган ҳидни туйди. Ажабсиниб тўхтади. Ҳавони қайта-қайта искади. Йўқ, бу Олапарнинг ҳиди емас. Унда ниманики бўлди екан? Оқбўйин югуришда давом етаркан, азбаройи ғазабланганидан, жиддий хатога йўл қўйди, яъни одатига хилоф равишда ҳурди. Турган гап, бўри зоти итнинг қанақалигини овозига қараб билади. Куч жиҳатдан устун бўлган итга ҳеч қачон рўбарў келишмайди. Уларнинг маккор­лигиям шунда. Ёвузлиги туфайли ҳужум қилса, маккорлиги туфайли жон сақлайди.

Оқбўйин сойга ениб, ялан­гликка кўтарилганда, дўнгда жон асари кўринмасди. У чопиб бораётган жойида баланд-баланд сакраб, теваракка аланглаганча рақибларини қидирди ва қир томон йўртиб кетаётган икки қорани кўрди. Йўлни ўша тарафга солди. Етолмади. Бўрилар қир ошиб, кўздан йўқолдилар.
Шундан еътиборан, Оқ­бўйиннинг нотинч ва беҳаловат тунлари бошланди. Бўрилар кунда бўлмаса-да, кунаро қишлоқ томон енишар, бир кечаси еса икки бирдай ити бор қўтондан уч-тўрт қўйни бўғизлаб кетишди. Оқбўйин ўзи сезмаган ҳолда даштнинг ҳақиқий қўриқчисига айланди. Ҳар кеч деразадан шуъла сўнар-сўнмас, даштга чиқиб кетар ва тонг-азонда бир аҳволда қайтар еди. Ҳовлига кириши билан дераза тагига келар, нафасини ичига ютиб, ичкарига қулоқ тутар ва Расулнинг бир маромда пишиллашини ешитгандан сўнггина кўнгли хотиржам тортиб, пинакка кетарди.

Оқбўйин бўрилар билан қув­лашавериб, уларнинг йўлбо­шчисини яхши таниб олди. У Карим подачини қон қақшатган ўша йирик Ёлдор бўри еди. Маккорликда унинг олдига тушадигани йўқ еди. Рақибини чалғитиш учун у шундай ҳийлалар ўйлаб топардики, оқибатда, Оқбўйин лақиллаб қолаверарди. Масалан, бўрилар қўтон ора­лаган кеча Ёлдор енг епчил шерикларидан бирини Оқбўйинга рўпара қилиб қўйди-да, қолганлари билан сувсиз сой ўзанидан писиб келиб, бир неча совлиқни тинчитиб кетди. Бу пайтда Оқбўйин қирдаги бўри билан андармон еди.
Оқбўйиннинг бўриларга нис­батан ғазаби бошда шунчаки ўчакишиш туфайли еди. Қачонки, жар тубида ешак жасадига дуч келгандан кейингина унда нафрат уйғонди. Куни-кеча фермахона теварагида ўралашиб, молларнинг нишхўрдига қаноат қилиб юрган бу беозор, безиён жониворни хомталаш кўриб, дастлаб ғоят ҳайратга тушди. Негаки, умри бино бўлиб ҳали бирон тирик жонни бу аҳволда кўрмаган еди. Бошию қовурғаларини демаса, шўр­ликдан ҳеч вақо қолмабди.

Оқбўйин жасадга яқин келмай, унинг атрофини айланаркан, бўри ҳидини илғаб, баттар таажжубланди. Ишонгиси келмай ғингшиди. Шу чоққача бўриларни қишлоқ итлари каби ожиз ва қўрқоқ санаб келарди. Кўрдики у ўзга ҳид истаб, ҳарчанд искалан­ма­син, бўри ҳидидан бўлак ҳид ололмади. Қорасини кўриши билан шаталоқ отиб қочадиган рақибларининг йиртқичлигига тўла амин бўлгач, у алам билан увлаб юборди. Тумшуғини кўкка чўзиб-чўзиб увларкан, туйқусдан нигоҳидан қўрқув ва даҳшат ифодаси қотиб қолган жасад кўзига тушиб, беихтиёр ети сесканди. Есида, бундай нигоҳларга кўп бор дуч келган, лекин Маллани ҳисобга олмаганда, бирортасига зиён етказмаган, пўписа билан чекланган, холос.
Тирик жонни Оқбўйин икки тоифага ажратади: бири безиён жониворлар, одам боласи ҳам шунга киради, улар ҳатто тишлашга арзимайди. Иккинчиси – Маллага ўхшаш бадхулқ маҳлуқлар, уларни ё маҳв етмоқ лозим, ё бўйсундирмоқ. Акс ҳолда ҳуда-беҳуда жиғингга тегавериб, тинчингни бузади. Ёз бўйи қилган беминнат меҳнати евазига егаси уни қиш олди кў­чага ҳайдаб юборганди.

Оқбўйин хумдай бошини оёқлари устига қўйганича жасадга тикилиб ётаркан, агар ожиз бўлган тақдирида ўзининг ҳам қисмати мана шу тарзда якун топишини тўла ҳис қилди. Уйга қайтгиси келмай, бўрилар изидан тушди. Қир бағридаги тепаликда излар шу даражада чалкашиб кетган эдики, у қай тарафга юрарини билмай, гаранг туриб қолди. Чўнқайган кўйи атрофни кузатаркан, тонг ғира-ширасида Қоровултепадан пастга ениб бораётган Олапарни кўрди. Бўрилар келиб унинг ҳам тинчи бузилган еди.
Ёлдор ҳар қанча устамонлик қилмасин, барибир Оқбўйин унинг йўналишини аниқлашга муяссар бўлди. Бўрилар қирдан жар ичи билан ениб келишарди-да, тепаликда тўхташарди. Хийла тараддуддан сўнггина бирон манзилни қора тортишарди. Уларнинг юриши Олапардан кўра Оқбўйиннинг чекига кўпроқ тўғри келарди. Тунлари узлуксиз давом етаётган бу жангу жадалдан одамлар мутлақо бехабар, итлар еса огоҳ, аммо кўмакка чиқишга бирортаси ҳам журъат етмасди. Хануз аҳдидан қайтмаган Карим подачи Оқбўйинни йўқ қилиш пайида тунлари милтиғига тўнғиз ўқи жойлаб қўйишни канда қилмасди.

Тунлари бесамар изғишлар жонига тегиб, Оқбўйин йўл пойламоққа аҳд қилди. Табиий, у қурбонлар учун емас, рақибларининг беҳад сурлигидан, боз устига, қанчалик елиб-югуришига қарамай, осонгина лақиллатиб кетишларидан аламда еди. Оқбўйинда табиий куч, жасорат бисёрликка бисёр едию, лекин ҳийла кам, Ёлдорнинг хилма-хил найранглари олдида довдираб қоларди. Ана шундай кезларда у бутун қувватини овозига беради, яъни бирор тепаликка чиқади-да, чўнқайганча осмонга қараб улийди. Ёлдорни номарддан олиб, номардга солганча, уни очиқ жангга чорлайди. Турган гап, Ёлдор унинг нодонлигидан бўриларча кулади, гоҳида еса бу хил вазиятдан усталик билан фойдаланади.
Ўтган куни шундай бўлди. Қишлоқ яқинидаги тепаликда тумшуғини кўкка чўзиб обидийда қилаётган Оқбўйин туйқусдан жавоб чорловини ешитиб қолди. Аввалига қулоқларига ишонмади. Сўнг нафасини ичига ютиб, вужуди қулоққа айланди. Сал ўтмай нидо яна такрорланади. Овоз келаётган томонни ҳа деганда аниқ­лайвер­магач, Оқбўйин шамолга юз ўгириб, ҳавони искади. Димоғига оқ­шомда болалар жар ичида ёққан гулхандан қолган куйинди ҳиди урилди. Бир оздан сўнг унинг ўрнини силоснинг ўткир ҳиди егаллади. Тепа етагидан ўтган йўлдан силос тўла қоп ортилган ешагини қичаб бораётган кўланкага назар соларкан, Оқбўйин норози ғингшиди. Қишлоқ томондан журъатсизгина ҳураётган итни тириклайин еб-ютиб қўйгудек еди.

Ниҳоят навбатдаги чорлов­дан сўнг овоз егаси Қоравултепадалигини фаҳмлади. Тепагача бўлган масофада чуқур жарлик, паст-баланд дўнгликлардан иборат кенг дашт ястаниб ётарди.
Азбаройи ҳовлиққанидан Оқбўйин сўқмоқни адаштириб қўйиб, тир жарликдан қуйига учиб тушишга бир баҳя қолди. Жар лабида базўр тўхтаркан, қоп-қора бўшлиққа кўзи тушиб, юраги орқасига тортиб кетди. Ортиқча шашқалоқлик яхшиликка олиб келмаслигини англади. Қолган масофани кўпда ўпкасини қўлтиқламай, хийла хотиржам босиб ўтди. Ошиқиб нима қилади, ахир рақиби қочаётгани йўқ, аксинча жангга чорламоқда-ку. Аммо унинг аҳволини ҳам тушунмоқ керак, негаки, чорлов ҳеч кутилмаганда юз беради-да. У бундай бўлишини кутмаган, кутмагани учун ҳам интиқом завқидан юраги тошиб борарди.
Аммо манзилга етиб келаркан, бирдан ҳафсаласи пир бўлди. Не кўз билан кўрсинки, тепаликда уни Ёлдор емас, йирик бир махлуқ кутиб турарди. Бутун ғазаби Ёлдорга қаратилгани туфайли Оқбўйин тўдадаги бошқа бўриларга нисбатан айтарли даражада адоват сезмасди. Тунлари даштда қора қуюндай изғиб юрадиган тўда орасидан фақат Ёлдорнигина кўзи кўрар, шунингдек, тўдани ҳаракатга келтирувчи асосий куч Ёлдор еканини, агар у маҳв етилса, қолганлари қайтиб бу томонларга доримаслигини ҳис етарди.

Бўрилар кўпчилик бўлишига қарамай, унга юзма-юз келишдан мудом қочишарди. Аслида бунга уларнинг журъатсизлиги емас, Ёлдорнинг тадбиркорлиги сабаб еди. Зўр олдида дум қисишдек итларга хос заифлик бўриларга ҳам ёт емас. Кекса маккор бўри ҳар қандай тўқнашув ўзининг ҳалокати билан якунланишини, Оқбўйиннинг ўткир тишлари, бўғзига қадалиши билан шериклари тумтарақай бўлишини яхши билади. Боз устига, Оқбўйин табиат сахийлик билан инъом етган куч-қудратга ега. Бундай итлар юздан, ҳатто мингдан битта бўлади. Одамлар уларни алоҳида еъзоз ва ҳурмат билан «арслон» ёки «сиртлон» деб атайдилар. Бўри зоти улардан иложи борича узоқроқ юришга ҳаракат қилади. Ёлдорнинг сурбетлигига келсак, гап шундаки, Оқбўйин ҳали хом, ҳаётий тажрибаси кам, агар оёқ илдам бўлса, ҳозирча уни истаганча лақиллатиш мумкин. Аммо кейинчалик бу томонларга, яхшиси, доримагани маъқул. Негаки, вақт ўтган сайин у тобора пишиб етилиб боради. Ана унда ҳар қандай айёрлик зиғирча иш бермай қ
олади. Оқбўйин отасидек камҳафсала емас, Ёлдор Олапарнинг ана шу камчилигидан фойдаланиб, гоҳ-гоҳида унинг ерларига ҳам бош суқиб туради. Яхшиямки, бўриларнинг бахтига икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамайди. Қайнаса борми?

Қувғинга учраган кезлари Ёлдор табиатнинг бу қадар тентаклигидан хафа бўлиб кетарди. Мислсиз куч-қудратини Оқбўйинга бергунча ўзига бермайдими. Бу не ҳолки, беш бирдай жондор аллақандай бир итдан қочиб юрса. Аслида Ёлдор табиатнинг бу ишидан нолимаса ҳам бўлади. Табиат куч-қувват бобида Оқбўйинга қанчалик ҳиммат қилган бўлса, маккорлигу тадбиркорлик, зийраклигу ҳушёрлик борасида Ёлдордан ҳам ўз саҳоватини аямаган еди. Ёлдор шу хусусиятлари туфайлигина ўз ризқу рўзини териб юрарди. Масалан, у қопқон деган нарсани юз одимдан сезади. Темир исканжа қанчалик усталик билан кўмилмасин, унда ўтириб қолган турли ҳид юзада қолаверади-да. Овчи масаласига келсак, Ёлдор қадам олишиданоқ унинг қандай одам еканини билиб олади. Хашаки итларни писанд қилмаганидек, ҳавасманд ов­чилардан ҳам сира чўчимайди. Ёмон кўргани – сиртлон ит. Агар оёқлари епчил бўлмаса, бу балодан қутулмоқ мушкул. Шунинг-чун учраб қолса, уларни кучукваччалигидаёқ гумдон қилишга ҳаракат қилади. Б
у дамгача тўрттасини қуритди. Сўнггисини ўтган кўклам бошида даф етганди.

Ўша кезлари Ёлдор тўдаси билан тоғда изғиб юрарди. Тунлардан бирида тоғетагидаги қишлоққа енаётиб, итлар шовқини орасидан ингичка, ўктам овозни илғаб қолди. Сезди. Шу яқин орада бўлғуси кушандаси вояга етмоқда. Агар ҳозир ҳаракатини қилмаса, кейинчалик бу ерлардан қадамини узишга тўғри келади. Тўхтаб, овозга қулоқ тутаркан, қорин ғамини унутди. Шерикларини арчазорда қолдириб, ёлгиз ўзи қишлоққа енди. Итларнинг диққати арчазорга қаратилганидан фойдаланиб, тор кўчага шўнғиди. Қишлоқ маст уйқуда. Келаётган балодан бутунлай бехабар, овозига зўр бериб акиллаётган қоп-қора кучуквач­чани у осонгина топди. Аввалига пастак девор оша ҳовлини обдон кўздан кечирди. Кейин енгил сакраб, тошсупа устига тушди. Кучук­вачча акиллаганча уй томон тисланди. Ёлдор шошилмай олдинга юрди. Бундай пайтда ошиқишни ёмон кўради. Интиқом дақиқаларини иложи борича узоқроқ чўзишга ҳаракат қилади. Ахир вақти келиб, тенгсиз қудратга ега бўладиган жимитдек вужуднинг қайноқ
қонини ҳовлиқмай, ошиқмай ичмоққа нима етсин. Аммо уч-тўрт одим ўтмай, кўнгли андак хатар сезгандек бўлди. Қадамини тезлатди. Кучуквачча уйдан ошхона томонга қочди. Ёлдор икки сакрашда унга етди-да, яғрини аралаш бўйнидан хиппа тишлади. Тишлари орасида нозик суяклар қисирлаб, кучуквачча ангиллаб юборди. Худди шу пайт уй ешиги шарақлаб очилди-да, остонада ярим яланғоч милтиқ тутган одам пайдо бўлди. Ёлдор ўлжасини оғзидан қўймай, яшин тезлигида ҳовлини кесиб ўтиб, деворга сакради. Улгурмади, милтиқ варанглаб, қуймичига урилган кучли зарбдан кўча юзига ағдарилиб тушди. Ҳартугул оёққа қалқишга куч топти. Қишлоқ итлари ес-ҳушини йиғиб олгунча бўлмай арчазорга етиб олишга улгурди.

Оқбўйиннинг қишлоғи тоғдан анча берида, кўклам келди дегунча бўри зоти бу томонлардан оёғини узади. Акс ҳолда у ҳам Ёлдорнинг назаридан четда қолмаган бўларди.
Оқбўйин рақибига етмай, таажжуб оғушида хийла берида тўхтади. Жангга чорлаган шуми ё бошқасими деган хаёлда теварак-атрофга кўз югуртирди. Оғир тун пардаси остида мудраётган даштда бегона қорани илғамагач, фурсатни қўлдан бой бергиси келмай, дарҳол ҳужумга шайланди. Бироқ рақиби аллақачон тепадан енган, ортига қарай-қарай дашт бўйлаб йўртиб борарди. Уларни кам деганда юз еллик одим масофа ажратиб турарди. Оқбўйин оёғига зўр берди. Шу тобда у йиртқичлик майлига берилган азбаройи интиқом ўтидан ёнганидан кўзига жондордан ўзга нарса кўринмас, тезроқ рақибига етишу томоғидан хиппа бўғиб, жон талвасасида типирчилашини томоша қилишдан бошқасини ўйламасди. Аммо қанчалик ҳаракат қилмасин, оралиқ масофа қисқарай демасди.
Бўри йўлни ўнгга солиб, қир томон қочди.
Улар шу тарзда қувлашиб, биринчи, иккинчи, ниҳоят учинчи қирни ҳам босиб ўтдилар, лекин оралиқ деярли ўзгармасди. Оқбўйин жон олиш қасдида ҳарчанд уринмасин, рақиби ҳам жонини асраш ғамида ундан жадалроқ ҳаракат қиларди.

Учинчи қирдан нариси Оқбўйинга нотаниш жойлар. Оқбўйин у томонларда бирор марта бўлмаган. Шунинг-чун қадамини секинлатиб, харсангтошга етганда тўхтади. Бир оз нафас ростлаб изига қайтди. Иккинчи қирга етмай рақиби ортидан қолмай келаётганини пайқади. Қайрила солиб яна қувлади. Бу сафар тўртинчи қир етагигача қувлаб борди. Кейин бу ҳол яна бир бор такрорлангач, Оқбўйин тағин ҳийлага йўлиққанини англади. Аммо у кечиккан, Ёлдор шериклари билан товуқбоқарнинг ечкисини аллақачон тинчитиб бўлганди. Оқбўйин уларга жарда дуч келди. Қорни тўқ рақиблари, одатдагидек, у билан пачакилашиб турмай, жар ёқалаб қочиб қолишди. Оқбўйин биринчи қирда қолиб, аламидан саҳаргача увлаб чиқди.
Тонгга яқин қишлоққа енаркан, фермахона ёнидан ўтаётиб, Оқбўйин бирдан ҳушёр тортди. Ешикда тимирскиланиб юрган Карим подачи уни кўриб уйчадан милтиқ кўтариб чиққанди. Егасидан пишанг олган каттакон ола ит (Малланинг ўлимидан сўнг подачи уни қўшни отардан олиб келганди) вовуллаганча унга томон югуриб келарди. Оқбўйин унга еътибор бермай, сўлга бурилди-да, ўқ етмайдиган жойгача йўртиб бериб, сўнг бамайлихотир йўлида давом етди. Оғзидан ўт пурковчи қора калтак узоқдан хавфсиз еканини у аллақачон фаҳмлаб етганди.

Карим подачи итнинг йўлига астойдил кўз тикмаётган бўлса-да, жонини олмоқдан асло воз кечмаган еди. Кўр емас, Оқбўйиннинг хатти-ҳаракатларини кўриб, билиб турарди. Билгани учун ҳам ич-ичидан зил кетар, шундай бир ит ўзиники бўлмаганидан юраги куйгани куйган еди. Ҳозир ҳам Оқбўйиннинг ортидан ҳавас билан қараб қоларкан, акиллай-акиллай изига қайтиб, оёғи остида ўралаша бошлаган итининг биқинига жаҳл ва зарда билан тепиб юборди. Ит вангиллаганча фермахона ортига қочди. Подачи қолган аламини ёғоч охурни сузиб синдирган буқадан олди – курак икки бўлак бўлгунча савалади.
Оқбўйин хавфли жойдан узоқлашар екан, дафъатан хаёлига келган ўйдан сергак тортди. Ёлдорнинг изидан бекордан бекорга изғийвермай, бирор пана-пастқамда пойлаб қўлга туширса-чи? Ана Карим подачи уни қанчалик ёмон кўрмасин, бирор марта ортидан қувлаганини еслаёлмайди, доим мушукдай пойлагани пойлаган.
Оқбўйин айнан шундай фикр юритмаган бўлса-да, подачининг ҳаракатлари сабаб рақибини қувлаб юрмай, пойлаб қўлга туширмоқ лозимлигини англаб етди. Қаерда пойлашни еса у яхши билади. Айниқса, том бошида тарғил мушукнинг қилиғини кузатгандан сўнг, фикри яна қатъийлашди.

Мушукка у тасодифан алаҳсиди. Ўша куни қорнини тўйдириб, офтобрўяда чўзилиб ётганди. Сомонхона ёнида чумчуқ пойлаётган тарғилга кўзи тушиб қолиб, қизиқсинганча унинг ҳаракатларини кузата бошлади. Томнинг нишаби ҳовлига қарагани учун ундаги нарсалар яққол кўзга ташланиб турарди. Оғилхона томидаги пичан ғарами ёнида донлаб юрган чумчуқлар мушукни сезмай қолишди. Тарғил ўқдек отилиб, улардан бирини тутиб олди. Икки соат ичида бу ҳол яна такрорланди.
Ертаси у чироқ ўчишини кутмай даштга чиқди-да, ҳеч қаёққа алаҳсимай, йўлни катта жарга солди. Узун жарлик бу ерда иккига бўлиниб, бир учи қирга бориб тақаларди. Ёлдор тўдасини худди шу жар ичи билан бошлаб келарди-да, шу атрофдаги тепаликлардан бирига кўтарилиб, бир муддатлик кен­гашдан сўнг бирон манзилни қора тортарди.

Оқбўйин жар тубидаги қалин юлғунзорга яқинлашаркан, кўз остига олиб қўйган ерида Олапарни кўриб ҳангу манг туриб қолди. Олапар калта ғингшиб, тажо­вузкорона ириллади. Бу сафарги ғингшиши ҳам еркаланиш, ҳам зорланиш оҳангига йўғрилган бўлиб, у Ёлдордан шикоят қилган еди. Оқбўйин ҳам худди шу тарзда жавоб қайтаргач, иккиси бир муддат искашдилар. Сўнг Оқбўйин унинг ёнига чўзилди. Ортиқ бир-бирлари билан иши бўлмай, тор сўқмоққа тикилиб қолишди.
Шу тариқа улар дўстлашишди. Уларнинг тотувлиги вақтинча еди. Негаки, Олапар ақлли ит, бундай пайтда ишончли шерик зиён қилмаслигини яхши билгани учун ноилож рўйхушлик берганди. Бошқа вақт уни яқинига ҳам йўлатмаган бўларди. Вужудидан куч ёғилиб турган бу навқирон ит унга сира ёқмасди. Нимага деганда, у бошқа итлар каби ялтоқланмас, жойи келса, ҳақини талаб қилишдан ҳам қайтмасди. Ким билади, ерта-индин… бу тентакдан ҳар нарсани кутиш мумкин.

Олапар кўз қирида шеригини кузатаркан, ичида унга нисбатан ҳасадга ўхшаш нимадир туйди. Қулоғидан ғарчча тишлаб олишдан базўр ўзини тийиб, тағин йўлга кўз тикди.
Тун ярмидан оққанда Олапар тўсатдан безовталаниб қолди. Оқбўйин унинг нимадан хавотирдалигини бошда тушунмади. Теваракка аланг-жаланг боқиб, нима гап деган маънода секин ғингшиди. Олапар қулоғини динг қилганча юлғун новдаларининг тебранишини кузатар ва тинмай ҳавони искарди. Шундагина Оқбўйин қарши томондан есаётган шамол йўлини ўзгартирганини пайқади. Мабодо Ёлдор уларнинг ҳидини олса, ўлақолса, бу томонларга йўламаслигини Олапарнинг хатти-ҳаракатига қараб англади. Олапарнинг безовталиги мана шундан еди.
Ниҳоят бебош шамол тағин йўналишини ўзгартириб, қаршидан еса бошлади. Олапар тинчланди, ҳатто Оқбўйинни беозоргина тишлаб қўйди. Пистирмада ётганда шамол асосий рол ўйнашини Оқбўйин шундагина билди. Олапарнинг тишлашини кўпда ёқтирмай, кўнгилга оғир ботмайдиган тарзда ириллаб, сал нари сурилиб ётди.

Орадан икки соатлар чамаси вақт ўтгач, шамол жондор ҳидини олиб келди. Ҳидни илғашлари билан ҳар иккиси ҳам сингиб кетгудек ерга қапишдилар. Пахмоқ жунлари ҳурпайиб даҳшатли тусга кирди.
Кўп ўтмай муюлишда Ёлдор кўринди. Ортидан бўй-бастига қараб яна тўрт шериги қатор келишарди. Афтидан қоринлари хийла тўқ шекилли, қадам олишлари ланжроқ, ҳатто узоқ-яқиндан ешитилаётган ҳамжин­­с­ларининг увлашларига ҳам кўпда еътибор беришмасди. Саф охирида келаётган жуссаси кичикроқ бўрининг нимадандир бето­қатланишини ҳисобга олмаганда, тўда тинч ва сокин вазиятда олға силжирди.
Аммо пистирмага етмиш-саксон одим қолганда Ёлдор кутилмаганда сергак тортди. Тўхтади. Чўнқайди. Тумшуғини кўкка чўзиб, искаланди. Ўтган куни Оқбўйинни аҳмоқ қилган суяги бузуқ бўри унга бақамти келгач, иккиси нима ҳақдадир узоқ кенгашдилар. Сўнгра шамолда ваҳимали шовуллаётган юлғун­зорга тикилганча туриб қолишди. Уларнинг нимадандир ҳадик олгани аниқ еди.

Йиртқичлар табиатан жуда бардошли бўлишади. Ана шу хусусиятлари туфайлигина улар кўпинча ҳаётларини хавф-хатардан асраб қолишади. Озгина шош­қалоқлик ёки еҳтиётсизлик ҳамиша ўлим билан тугайди. Ёлдор кўнгил безовталигини аниқ идрок етолмагани учун ҳам сабр қилишга қарор қилганди. Бу ерда ақл-идрокдан ҳам кўра сабр-тоқат кўпроқ иш беради. Юлғунзорда мабодо овчи бекинган бўлса, барибир ўзини билдириб қўяди. Ёлдор буни кўп синаган. Агар ит бўлса, агар шунга журъати етса ҳадемай ириллаганча югуриб чиқади. Қўпол бу жониворлар кутишдан кўра қутқу солишни афзал билишади. Аммо Ёлдор бу гал адашганди. Юлғунзор Олапарга емас, Оқбўйинга яқинлиги туфайли ҳатто ҳуришга еринадиган Олапарнинг бу ерга келишини тасаввурига ҳам сиғдиролмасди.
Тўғри, у бекорга вақт йўқотмай, юлғунзорни айланиб ўтиши ҳам мумкин еди. Унда кўнглига шубҳа солган хатар жумбоқлигича қолиб, кейин юраги ғаш тортиб юради. Бундан ташқари, яна ўтиб-қайтиши бор. Агар хавфни бугун аниқламас екан, ертага бу ерларга қадам босмоқни ўйламаса ҳам бўлади. Чунки бир хавфдан бўри зоти хийла ет ташлайди. Бахтга қарши шамол ҳам унинг зарарига ишламоқда еди.

Шу дам жуссаси кичикроқ ёш бўри бетоқатланиб олдинга ўтганди. Ёлдор юмма талаб берди. Шериги еса бебошнинг елкасидан ғарчча тишлаб четга улоқтирди. Одобсизлиги учун боплаб таъзирини еган шўрлик ғингший-ғингший жойига бориб турди .
Ёшлик – ғўрлик, деб бежиз айтилмаган. Айни пайтда Оқбўйин ҳам ўзини зўр-базўр тийиб турарди. Агар қаватида Олапар ётма­ганида, у аллақачон ҳужумга ўтган ва ҳар галгидек бесамар қувлашлар билан тонг оттирган бўларди.
Ниҳоят, Ёлдор жойидан қўз­ғалди. Юлғунзорда хавф йўқлигига имони комил ҳолда олдинга юрди. Ёш бўри унинг ортиқча еҳтиёткорлигидан кулгандай увлаб қўйди.
Тепаликка олиб чиқадиган сўқмоқ шундоққина итлар яширинган жойдан ўтарди. Мушаклари таранг тортилган Оқбўйин шеригига қараркан, унинг ошиқмаётганини кўриб, ҳайрон бўлди. Агар бу ҳол яна бир дақиқа чўзилса, у ортиқ бардош беролмаслигини сезди. Ҳайтовур, Олапарнинг қадди ердан бир енлик узилди. Азбаройи зўриққанидан пайлари бўртиб, елкасига тегиб турган юлғун новдаси титраб кетди. Бу орада Ёлдор жуда яқин келиб қолган еди.

Оқбўйин сакрамоққа енди чоғлаган ҳам едики, олдинроқ ҳаракат қилган Олапар уни туртиб ўтиб, Ёлдорга ўқдек ташланди. Оқбўйин сал нарида саросимада туриб қолган бўрилардан бирига ҳамла қилди. Бу ўша – суяги бузуқ улкан бўри еди. Рақиби ҳарчанд чап беришга ҳаракат қилмасин, бўғзини Оқбўйиннинг ўткир тишларидан асраб қололмади. Ит зумда унинг бўғзини ёриб ташлади. Оқбўйин ерда чўзилиб қолган бўрига қайрилиб боқмай, иккинчисига ташланди.
Ота-бола юлғунзорда уч бўри жасадини қолдириб, икки бўрини қиргача қувиб боришди.
Учинчи қордан сўнг ҳаво хийла юмшаб, ҳафта ўтмай тизза бўйи қордан асар ҳам қолмади. Қиш ўртаси бўлишига қарамай, кутилмаганда кунботишдан есган илиқ шабададан ер селгиб, дала-дашт нимяшил тус олди. Ҳавода кўклам ҳиди анқий бошлади. Аммо бу ҳолдан болаларни демаса, катталар мутлақо қувонмади. Негаки, ҳаво шу тарзда яна уч-тўрт кун туриб берса, дов-дарахтлар ёппасига гулга киради-ю, навбатдаги қордан сўнг ҳаммаси ер билан битта бўлади. Кўп­чиликнинг тирикчилиги боғдаги мева-чева билан. Аммо ҳавонинг кескин илиши одамларга таъсир етмай қолмади: магазин олди ёш-яланглар билан гавжумлашди, чоллар жувозхона қошидаги одатдаги жойини егалладилар, кампирлар урчуғи-ю пўстагини судраб уйдан супага кўчдилар. Болаларни-ку, қўяверинг, шум­такалар даладан бери келмай қолишди. Оқбўйиндан бўлак жамики тирик жон илиқ офтоб нуридан баҳра олмоқда еди.

Шу кунларда Оқбўйин мўжазгина ёғоч уйчасида, қалин тўшалган похол устида дард азобини тортиб ётарди. Юлғунзордаги зафари евазига у Карим подачи томонидан тўнғиз ўқи билан сийланганди. Йирик питра ўнг елкасини титиб юборганди.
Юлғунзор воқеасидан кейин Оқбўйиннинг шуҳрати кутил­маганда ошиб кетди. Ҳаммасига Мамаражаб жувозкаш сабабчи. У ҳафта, ўн кунда бир Тошлисойга қатнаб турарди. Тошлисойликлар бошқа екинлар қатори зиғир, кунжут ҳам етиштиришади. Тутинган жўралари жувозкашни йил-ўн икки ой зиғир билан таъминлаб келишади. Албатта, текинга емас, аммо бозор баҳосидан анча паст, бунинг устига мағзи тўқ, сиқсанг ғарчча ёғ чиқади. Хуллас, қишда нима кўп, тўй кўп. Тўй оши зиғир ёғсиз бўлмайди. Мамаражаб жувозкаш зиғир умидида тонг-саҳарлаб йўлга чиққанди. Катта йўлдан айланиб юришга ериниб, от бошини сўқмоққа бурди. Аслида доимо қатнайдиган йўли шу еди-ю, лекин қиш кезлари жар оралаб, дашт оралаб юришдан ўзини тийиб келарди. Бу сафар нима фалокат босиб, шу йўлдан юрмоқ истаб қолганига ҳануз ақли етмайди. Жарга етмай тонг бўзарди, ойдин кунда даштда жондор нима қилади, деган ўйда юлғунзорга қадам қўяркан, шу атрофда ўралашиб юрган Оқбўйинга кўзи тушиб, янада
дадил тортди. Аммо юлғунзорга кирар-кирмас бирдан оти тайсаллаб қолса бўладими. Индамаса, изига бурилиб қочадиган. Агар жувозкаш итни кўрмаганида, отнинг раъйига қараган бўларди. Ҳозир еса қаҳри қўзиб кетди. «Келиб-келиб итдан ҳуркасанми. Ҳаром қотгур», дея отни аччиқ қамчи остига олди. Таёқ жонидан ўтган шўрлик жонивор пишқира-пишқира ноилож олдинга юрди. Отнинг қилиғидан жаҳли чиққан жувозкаш уни мақтаб сотган Абдужалил қовчунни ҳам, унинг гапларига лаққа тушган ўзини ҳам чангитиб сўкиб бораркан, дафъатан кўзи тушган манзарадан еси оғиб қолаёзди. Қайси кўз билан кўрсинки, бир емас, уч бўри чўзилиб ётарди. Албатта, жувозкаш уларни тирик гумон қилди. Шу сабаб, беихтиёр иштонини ҳўллаб қўйди. Узоқ йили даштда бўриларга ем бўлган қайнисининг фожиаси хаёлидан чақмоқ ян­глиғ ўтаркан, кўзига кенжа невараси кўриниб кетди. Уни қайтиб кўролмаслигини ўйлаб, бўғзига йиғи тиқилди. Калимага тили келмай, валдир-вилдир қиларкан, йиртқичларнинг ҳаракатсиз ётга
нини пайқаб, у қор устидаги қон изларини, бўрилар танасидаги жароҳатларни кўрди. Шунда ҳам яқинроқ боришга юраги бетламай, от бошини ортга бурди. Ҳозиргина, жувоз ҳайдамай мен ўлай, зиғир мой емай одамлар ўлсин деб турган одам, енди расво бўлган иштонидан бошқасини ўйламасди. Бўриларни ўлик кўр­ганидан худога минг карра шукрлар қиларди.

Мамаражаб жувозкаш йўл-йўлакай Қаҳҳор овчи ешигини қоқмасдан ўтолмади. Ахир кўргани ҳазилакам воқеа емас, буни бировга айтмасдан бў­ларканми! Гап орасида, юрибсан-да, овчиман деб, суриштириб келса бир итчалик чоғинг йўқ, дея Қаҳҳор овчини чақиб олишдан ҳам қайтмайди. Уйига етгунча яна беш-олти кишидан «суюнчи» олди. Қаҳҳор овчи итга менг­залишидан хафа бўлиб турмади. Бошқа пайтда-ку бу гапи учун чолнинг ёқасини йиртган бўларди-я, лекин ҳозир бунақа паст-баланд гапларга еътибор бериб ўтиришнинг вақти емасди. Чолнинг қораси ўчиши билан юлғунзорга жўнади. Йўлда бўри терисидан тушадиган фойдани хомчўт қилиб, димоғи чоғ бўлди.
Бу ёруғ оламда овчи халқидек ҳангоматалаб одам кам топилади. Қаҳҳор овчи териларни ортмоқлаб қишлоққа қайтаркан, кўринганга Оқбўйинни тарифу тавсиф етиб борарди. Оқшом Еркин пучуқнинг маслаҳат ошида ҳам жағи тинмади. Мамаражаб жувозкаш уни маъқуллаб турди. Гурунгда ит егасининг қанчалик баҳри-дили очилган бўлса, Карим подачиники шунчалик хуфтон тортди.
Охири бўлмади, қарасаки, Қаҳҳор овчи ҳали-вери тинадиган емас, подачи бурчакдаги печка қаватида иссиқ ва мақтовдан терга ботиб ўтирган ит егасига шум қараш қилиб, овчига юзланди.

— Қаҳҳорвой, ишқилиб, тери яхши пул бўлдими?
— Бир нави. Нима еди?
— Ҳаммасини чўнтакка урган чиқарсан?
— Нима, кўчага ташлаб қўйишим керакмиди?
Карим подачи жавобга шошилмади. Болишни биқинига тортиб, ёнбошларкан, қаншари остидан унга кинояомуз тикилди.
— Кўчага ташлама, увол бўлади. Лекин тери пули ит егасига тегишли еканини унутганинг чатоқ бўпти. Ҳеч бўлмаса, унга улуш беришинг керак.
Даврага сукунат чўкди.
— Майли, биз рози.
Ўртада ўт чиқариш пайида турган подачи ит егасининг бу гапини ешитиб, афти тиришди. Нордонроқ гап айтмоқчи бўлиб сўз қидираркан, орага Мамаражаб жувозкаш суқилди.
— Унда тери пулида менинг ҳам ҳақим бордир-а, Каримбой? Ахир уларни биринчи бўлиб мен кўрдим-ку!
— Бўлмасам-чи, – деди овчи қутқули оҳангда.
— Ҳай, унда биз ҳам кечдик, олган пули ҳалоли бўлсин, – жувозкаш шундай дея Карим подачи томон ўгирилди. – Сиз, Каримбой иним, буйтиб йўқ ердаги гапни ковламанг. Уят бўлади. Гўнг титмоқ товуққа ярашади. Юрак ютиб борибдими, қандини урсин. Мана, биз яқинигаям йўлолмадик-ку…

— Енди сиз… аёлмижоз одамсиз-да, бобой, – деди подачи кулиб. – Ҳеч замонда еркак кишиям ўлган жондордан қўрқадими?
— Тил қурғур бесуяк, оғизга келганини алжиманг, иним, – деди жувозкаш оғриниб. – Шу-у, сизга қараб туриб фикр қилсам, Содиқбойни ити сиздан еслироқми, дейман…
— Менгзаманг, бобой!
— Унда сиз ҳам сал ега бўлинг. Тенгқурингиз емасман! Кўп олдида буйтиб беҳурмат қилманг.
— Ақлинг-ку билмадим-а, – дея гапга аралашди Содиқ ака, – лекин содиқликка содиқ. Расул деган улимизга кўп қаттиқ меҳр қўйган, жонивор. Ётар жойин бўлак дема­сак, иккиси доим бирга. Қачон қа­рама, етаклашиб юради. Тунов ку­ни нега молни тагини тозаламадинг, деб улди озгина буровга олувдим, ириллаб тарафини олиб қолса бўладими. Болага қўл кўтарсам, оладиган шашти бор. Қўрқдим уришга.

— Унақа итни баҳридан кечинг, Содиқвой, – деди Еркин пучуқ. – Ҳар мўйи тиллага тенг бўлсаям, кечинг баҳридан. Кўнгил бўшлик қилманг, охири ёмон бўлиши мумкин. Ҳозир мен сизга бир воқеани айтиб берайину хулосасини ўзингиз чиқаринг. Шаҳарда бир нўғай ошнам бор. Ҳов бирда, катта улди тўйида ичиб олиб, ажаб бир қилиқлар қилган норғул йигит-чи. Ана ўша жўрам итга жуда ишқивоз еди. Бир немис овчаркаси бўлгичи еди. Одамдай если. Келвати нақ ешакдай келарди. Шу денг, бир куни ошнам уйига кўпроқ отиб борибди. Ўзиям кўп ичарди, даюс. Ичиб олиб нуқул қўшиқ айтарди. Ўша куни хотини шўрликнинг кайфи бузуқроқ еканми, ошнамни бир-икки силкибди. Турткилаб-сурткилаб уйга олиб кирмоқчи бўлибди. Жўрам ҳам кўнмабди, хотини қистаб қўймабди. Орада елкасига бир-икки мушт туширибди. Нарёқда кучуги ётган екан, хотин ерига қўл кўтарган ҳамон сакраб туриб. Шаппа томоғидан опти. Еганг ўлгур ит кишига аввало меҳр қўймасин, меҳр қўймасин, меҳр қўйдими, қаттиқ қўя
ди.
— Хотиндан гапир. Хотин нима бўлди?
— Нима бўларди, балнисага ет­май узилди. Ошнам итни чавақлаб ташлади. Мана шунақа гаплар.
— Итни дўст деймизу, лекин минг қилсаям, ҳайвон-ҳайвон-да.
— Бунақа екан, ит асраб нимага керак?

— Ие, ҳамма ит бир хил деб ўйлайсанми? Мана, ўзимизнинг кўппаклар. Бирор гап бўлса, думини қисиб қочишдан бошқасига ярамайди.
— Лекин Содиқники сара ит…
— Содиқвой, ҳалиги гапингиз чин бўлса, бу итни тезда йўқотинг. Ўрнига ювошроқ кўппак асранг. Айтиб бўладими, тағин….
— Ҳақ гап…
— Йўқотиб нима қилади, – деди Карим подачи гапга суқилиб. – Ундан кўра менга берақолсин.
— Тушингизни сувга айтинг, – деди ит егаси тумшайиб.
— Бекорга ҳаром қотмасин, дейман-да, ука.
— Ким екан ўша ҳаром қотирадиган?
— Хидир хира қўзғоладиган вақт яқинлашяпти.
— Тегиб кўрсин!
— Чиранма. Қўлида қоғози бор унинг. Бет бўламан деб тағин мелисага тушиб юрма.
— Қоғозини оғзига уриб, кетига тепиб ҳайдарман.
— Кўрамиз.
— Менга қаранг, – ит егаси подачига қаттиқ тикилди. – Қоғози бор ўша номард нега сизнинг итингизга тегмайди, а? Ё итингизда шохи борми? Балки ойи бордир? Ё ҳар сафар томоғини мойлаб юборасизми?

— Менинг итим колхоз мулкини қўрийди, нодон.
— Нима, меники аммамнинг чорбоғини қўрияптими?! Кечалари даштдан бери келмайди. Гир айланиб қишлоқни қўрийди. Уч бирдан жондор бунинг исботи. Қоғози бор ўша укағарга бу гапларни айтсак, тушунар, ахир. Калласи бордир, ҳўл-қуруққа баробар ўт қўймас. Гапнинг сирасини айтсам, ҳадигим сиздан. Биламан, анчадан буён тиш қайраб юрибсиз. Тағин уялмай-нетмай менга бер деганингизга ўлайми!
— Сен бола, кў-ўп аччивумни қўзитма! – ғазабдан подачининг ранги бўзариб кетди. – Суриштириб келсак, ўша ахта бўлгир кучугингни бўйнида итимнинг хуни бор. Отиш кам, етини нимталасам, арзийди. Худо насиб етса, бу ишни қиламан ҳам.
Содиқ ака бошмалдоғини бармоқлари орасидан чиқариб, қўлини подачи томон чўзди.
— Мана қиласиз!
— Карим подачи қўлидаги пиёлани шахд билан отди. Пиёла токча қиррасига тегиб, синди. Содиқ ака дастурхондаги чинни косалардан бирини қўлига олди. Подачи ирғиб ўрнидан турди.
— Қоч, йўлимни тўсма! – деди орага тушганлардан бирининг кўкрагидан итариб. – Кетаман! Қолсам ёмон бўлади! Мановини тиккалай сўйиб қўйишим мумкин. Қўйвор қўлимни! Қўлимни қўйвор, деяпман!
— Содиқ сениям ёш бола феълинг бор-а, – деди Қодир тракторчи унинг қўлидан косани тортиб оларкан, биқинига туртиб. – Ахир ит сигир емас-ку, бунча ичинг куймаса, бериб юбор. Бермасанг, барибир бошини ейди.

Кинояни пайқаб, кимдир кулди, унга бошқалар қўшилди.
Бу пайтда Карим подачи айвонда тўнғиллаб, етигини қидирарди.
У тўғри фермахонага келди-да, олдиндан тайёрлаб қўйилган бир жуфт чўчқа ўқни милтиққа жойлаб Оқбўйин тунлари чиқиб улиб ўтиришни хуш кўрадиган тепалик сари юрди. Тепаликнинг қулайроқ жойига пистирма қўйди. Болалар ковлаб ташлаган чуқурлардан бири унга жуда қўл келди. Бошқа вақт аллақандай итни деб зах ерда думалаб ётмаган бўларди. Лекин жанжал туфайли анчадан буён дилида тугиб юрган ниятини бу тун қандай бўлмасин амалга оширмоққа қатъий жазм қилди. Буни қарангки, Оқбўйин ҳам кўп куттирмади. Итнинг кўркам келбати тепалик устида, юлдузли осмон қўйнида пайдо бўлганида, Карим подачи ендигина иккинчи ёнбошига ағдарилган эди.

Айтиш керакки, у дарҳол милтиққа ёпишмади. Совуқдан увишган бармоқларини оғзига олиб бориб, нафаси билан иситаркан, итга маҳлиё термулиб қолди. Оқбўйин ҳақиқатан ҳам маҳобатли еди. Подачи умр бино бўлиб, ҳали бунақасини кўрмаганди. Шу дамгача зеҳн солмаганини қаранг. Адоватли нигоҳ гўзалликни сезмайди. Подачи ҳам шу дамгача итдаги кўркни пайқамаган, уни бемисл қудрат тимсоли сифатидагина билар, айнан шу хусусиятига ошиқ еди. Айни пайтда подачи руҳида қарама-қарши ҳислар туғён ура бошлади. Отай деса, шундай ит увол. Бунақаси онда-сонда бир дунёга келади. Отмай деса, ичи куйиб ўладиган. У ғайришуурий ҳолатда милтиқни чангаллаб, тепкини босди. Оқбўйин кутилмаган кучли зарбдан думалаб кетди. Интиқом лаҳзасидан қутуриб кетган Карим подачи ҳаялламай иккинчи тепкини босди. Навбатдаги ўқ шундоққина боши устидан визиллаб ўтиши билан Оқбўйин жон аччиғида қоча бошлади. Ҳовлига етиб келганида баданидаги ўқ ҳали совуб улгурмаган, оғриқдан ҳам кўра ташналикдан кўпроқ
азоб тортмоқда еди. У ариқ четига оёқ қўйиб, юпқа музни панжаси билан уриб синдирди-да, ютақиб сув ича бошлади. Сўнг сувга қониб, кемтик тагига келаркан, силласи қуриб бораётганини ҳис етди. Девор ошишга қурби етмай, ғинг­ши­ганча дарвоза томон судралди.

Содиқ ака итни ерталаб дарвоза тагидан топти. Оқбўйин чала ўлик ҳолда ётарди. Агар у юлғунзорда шуҳрат қозонмаганида, Содиқ ака уни икки дунёда ҳам Салом дўхтирга бош уриб бормаган, ўз навбатида Салом дўхтир ҳам уни сидқидилдан муолажа қилмаган бўларди. Суягига зиён етмаган екан, жароҳати тез бита бошлади.
Содиқ ака бу бедодликка бефарқ қарамади. Ўша куниёқ суйил кўтариб фермахонага борди. Аммо подачи уни ёзги қўрадан берига ўтқазмади.
— Яна бир қадам боссанг, отаман! – деди милтиқ ўқталиб. – Бу сенга оз! Шошмай тур, ҳали сенга шимилдириқ кўрсатиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман!
Жароҳати битган сайин Оқбўйиннинг фавқулодда иштаҳаси очила борди. Авваллари овқатга қиё боқмайдиган жонивор енди гўё ўша дамларнинг ҳиссасини чиқармоқчидай, ялоғига тўкилганни кўрдим демасди. Кейинчалик уйда бериладиган овқатдан нафси қонавермагач, у дала-даштга чиқиб ўлакса қидирадиган бўлди. Ёлдорнинг ўлимидан сўнг бўрилар бу томонларга доримаслиги сабабли даштдан ўлакса деярли аримасди. Фақат қишлоқ итлари аҳён-аҳёнда…. Аммо Оқбўйин тезда уларни тартибга солиб қўйди. Қарға-қузғунларни демаса, унинг насибасига шерик бўлишга журъат етадиган жонивор йўқ еди. Бошда Оқбўйин қарға-қузғунлар билан ҳам обдон талашиб кўрди. Еплаёлмади. Бу қанотли махлуқларни бир томондан ҳайдаса, иккинчи томондан ёпириларди.

Шу тариқа, Оқбўйин бўриларча яшай бошлади. Бу хил ҳаёт ёқиб қолганидан, енди илгаригидек мут­тасил Расулнинг ортидан ергашиб юрмас, ерталаблари болани мактаб­гача кузатиб боради-да, кейин тўғ­ри даштга чиқиб кетарди. Даштдан гоҳида жуда кеч қайтади. Аммо Расулдан кўнгли андак безовталанса, ҳаялламай қишлоққа югуради.
Расул копток талашиб урушган куни ҳам шунга ўхшаш воқеа юз берди. Бу пайтда Оқбўйин жарда санғиб юрарди. Кўнгли ўз-ўзидан безовталанавергач, қишлоқ томон чопти. У тепалик устида пайдо бўлганида, Расул болалардан бири билан ёқа бўғишарди. Оқбўйин! – деди биров бақириб. Болалар қуюндек елиб келаётган итни кўришлари билан тумтарақай бўлиб кетишди. Майдонда ит билан Расул қолди.
Бугун ҳам у болани мактаб­гача кузатиб борди-да, муюлишда машина кутиб турган одамлар ёнидан мағрур юриб ўтиб, даштга чиқиб кетди. Икки кундан буён камардаги ҳаром ўтган сигир билан банд еди. Гўшт ҳидини узоқдан сезиб, тамшанганча қадамини тезлатаркан, уч-тўрт ит ўлаксани бамайлихотир хомталаш қилаётганини кўрди. Оқбўйин ғазабдан қутурган кўйи олға интилди. Чангалига тушган итни тилка-пора қилмоқ қасдида елиб бораркан, барибир нафс деган бало устунлик қилди, қочмоққа тушган итларнинг изидан қувлаб юрмай, хўракка ташланди.

…Оқбўйин бу вақтда ҳовлида еди. Ялоқдаги овқатни пок-покиза тушириб бўлгач, офтобрўёда бирпас чўзилиб ётди. Сўнг енди Қоплоннинг олдига жўнай деб турганда, дарвозадан Расул кириб келди. Итни кўрган боланинг кўзлари шодликдан чақнаб кетди. Келасолиб Оқбўйиннинг бўйнидан қучди. Еркалади. Кейин қулоғидан тортқилаб ўпка-гина қилди.
— Ҳа, дайди! Қаерларда санқиб юрибсан, Қорангни кўрсатмай қўйдинг? Ҳозир бир адабингни берайми- а?!
Оқбўйин болани соғинган, юмалаб, сакраб, бир зум ўйнашган бўлди. Кейин дарвозага йўналди.
— Ҳа-а, ҳали яна қочмоқ­чимисан? Қочиб бўпсан, дайди!
Расул итнинг қулоғидан тутиб, уйчаси томон судради. Оқбўйин буни одатдаги ҳазил деб билиб, унга итоат етди. Қачонки кўзи ерда чуваланиб ётган занжирга тушгачгина боланинг мақсадини англади. Бошини кескин силкиб, қулоғини бўшатди-да, ортига қайрилди. Расул унинг бўйнидан маҳкам қучиб, тутиб қолмоқчи бўлди. Кучи етмади. Оқбўйин болани ҳеч бир қийинчиликсиз дарвозагача сургаб борди.

Остонага қоқилиб тушган боланинг алами қўзиб, ердан каттакон тош олди, лекин уришга қўли бормади. Тошни маҳкам сиққанча Келдиёр махсумнинг ҳовлиси томон йўртиб кетаётган Оқбўйиннинг ортидан қараб қоларкан, кўзига ёш қуйилди. Сўнг, дафъатан, отасининг, илиқиш даврида ит зоти ҳамма нарсани унутади, аммо бу вақтинча, кейин яна ес-ҳуши жойига келади, деган гапи есига тушиб, хиёл енгил тортди. Ичида Келдиёр махсумнинг итини боплаб сўкди.
Оқбўйин Келдиёр махсумнинг томорқасига ўтиб, Қоплонни жойидан топмади. Еркалаб чақиришлари ҳам жавобсиз қолгач, у ҳид олиб изидан тушди. Из уни тўғри фермахонага бошлаб борди. Ёзги қўра четида чўнқайиб турган Қоплонни у узоқдан кўрди. Юраги ҳапқириб, қадамини тезлатаркан, фермахона ортидан паншаҳа кўтариб чиққан Карим подачига кўзи тушиб, саросимада қолди.

Оқбўйиннинг бу қадар тез пайдо бўлишини кутмаган подачи аввалига шошиб қолди. Сўнг қўлидаги паншаҳани гўнгтепа четига санчиб, уйча томон ошиқди. Ичкарига кириб милтиқни қўлига олди. Тепкисини кўтариб, ортига ўгирилган жойида шошқалоқлиги ўзига ериш туюлиб, мийиғида илжайди. Тепкини тушуриб, милтиқни деворга суяди. Тимирскиланиб юриб, бир бурчакда ётган ешак тўқимини қидириб топди. Тўқимни тагига қўйиб, ешик ёнига жойлашиб ўтирди. Ешикни қия очиб милтиқни тиззасига олди. Оралиқдан ёзги қўра бемалол кўзга ташланиб турарди. Оқбўйиннинг ҳаливери итга яқин келмаслигини биларди. Кўнглига ҳадик оралаган итнинг жойидан жилиши қийин, шунингдек, минг пўписа қилганинг билан узоқлашиб ҳам кетмайди. Фурсат пойлаб атрофда айланишиб юраверади. Айниқса, милтиқ ўқини татиб кўрган итлар бу борада жуда омилкор бўлишади. Аммо шунга қарамай, манаман деган итнинг ҳам сабр-бардоши бир-икки соатдан ортиғига етмайди. Илиқиш таъсири остида улар бора-бора хавф-хатарни ун
утиб қўяди. Подачининг умиди мана шунда еди. Икки соат емас, икки кун пойлашга ҳам рози еди у. Яқин келтирмасдан туриб, Оқбўйинни бир ёқлик қилиш жуда қийиндек туюларди. Отиб ўлдирадию, жасадини фермахона ортидаги хандаққа ташлаб, устидан тупроқ тортиб юборади. Қани, егаси даъво қилиб кўрсин-чи!

Оқбўйин уйчадаги тараддудни сезгандай ҳамон жойида қотиб тураркан, Қоплоннинг нолакор ғингшишидан сўнг, секин-аста олға силжий бошлади. Манзилга юз одимча қолганда, подачининг ўт солгувчи калтагини еслаб, тағин тўхтади. Аламли ғингшиди.
Орадан ярим соатлар чамаси вақт ўтгач, подачи зерика бошлади. Боз устига, ҳали молларнинг ярмига емиш ташланмаган еди. Бир хаёли, бу аҳмоқона ишга қўл силтаб, юмушига уннамоқчи ҳам бўлдию, лекин юраги куйишиб юришини ўйлаб, фикридан қайтди. Тирқишдан мўралаб, масофани чамалади. У тили тагига нос ташлаб, гарданини қирт-қирт қаширкан, тўсатдан кўзи фермахона деворига суёғлиқ турган заранг податаёққа тушиб, ўзида йўқ қувониб кетди. Аввалроқ шу нарса хаёлига келмаганидан ичида ўзини боплаб сўкди. Ахир, Оқбўйин шеригининг азобига чидаш беролмайдиган ёвқур табиатли итлар тоифасидан-ку. Бундай пайтда у ўлса ўладики, лекин ҳеч балодан қайтмайди.

Карим подачи ташқарига чиқди. Бориб таёқни олди. Йўл-йўлакай устидаги пахталигини ечиб ташлаб, Қоплоннинг ёнига борди. Милтиқни симтўр деворга суяб қўйиб, итни калтаклашга киришди. Қоплон ювош ва нозик ит – зарб кучли бўлмаса-да, дунёни бошига кўтариб вангиллай бошлади. Ўзини чор томонга отиб, қутулмоққа уринди. Бироқ тизимча калта, калтак еса узун еди.
Қоплоннинг калтак остида қолганини кўриб, ғазабдан Оқбўйиннинг еси оғиб қолаёзди. Аммо милтиқдан қаттиқ юрак олдирган, кўнглидаги қўрқув ҳиссини енгишга қурби етмади. Ғингшиди. Ғингшиганча ер бағирлаб беихтиёр олдинга силжиди.
Подачи ўзини ҳар ёнга уриб, таёқдан қочишга уринаётган Қоплонни калтаклашда давом етаркан, ора-сира Оқбўйинга кўз қирини ташлаб қўярди. Оқбўйиннинг чумчуқ пойлаган мушук цингари ер бағирлаб ғалати алпозда ҳаракатланаётганини кўриб кулди, уни тез қутиртирмоқ ниятида Қоплонни баттарроқ таёқлай бошлади.

Аммо шу пайт кутилмаган ҳодиса юз берди: калтак жонидан ўтган Қоплон туйқусдан подачига ташланиб, ўнг билагидан ғарчча тишлаб олди. Карим подачи инграб юборди-да, ўзини бир одим ортга олди. Тирқираб қон оқаётган билагига разм солиб туриб, тутақиб сўкинди. Кейин таёқни икки қўллаб тутиб, шўрликни чинакамига калтаклашга тушди. Ғазабдан қутуриб кетган подачи Оқбўйинни жуда кеч пайқади. Наърага ўхшаб кетадиган овозни ешитгандан сўнггина ўгирилди, ўгирилди-ю, шу дақиқани кутган бўлишига қарамай, ўқдек учиб келаётган Оқбўйин­нинг важоҳатини кўриб, дабдурустдан ваҳимага тушиб қолди. Таёқ билан ҳимояланмоқчи бўлган жойида милтиқ есига тушиб, қуролга ёпишди. Шошганидан милтиқ тепкиси қолиб, қўндоғини пайпаслай бошлади. Ниҳоят, тепкини кўтариб, милтиқни Оқбўйинга тўғрилади. Жуда яқин келиб қолган Оқбўйин айни шу дамда нақ одам бўйи сакраб, яшин тезлигида унга ташланди. Ўқи хато кетди. Елкаларига тиғ янглиғ ботган тирноқлар зарбидан додлаб юборди.
Жон аччиғида пичоғига ёпишаркан, қайноқ нафас аралаш кўз ўнгида бир лаҳзага ялт етган оппоқ ўткир тишлар томоғига санчилганини ҳис етди. Кўз олди туманлашиб, ҳушини йўқотди.

Оқбўйин рақибини мағлуб етганига ишонч ҳосил қилгач, мурдадан четланди. Тупроққа ётиб тургандай илкис силкинди. Сўнгра бетиним ғингшиётган Қоплоннинг ёнига бориб, арқонни қон юққан ўткир тишлари орасига олди.
Фермахонага ем олиб келган Тўқли шофёр Карим подачининг ҳали бутунлай совуб улгурмаган жасадини учратганида, итлар дала томон кетиб боришарди. Тўқли шофёр мурда юзига белбоғини ёпиб, машинасини қишлоққа бурди.
Ертаси Хидир хира бошлиқ тўрт отлиқ итларни камардан топишди. Оқбўйин қочмади. Орқа оёғини судраб базўр одимлаётган Қоплоннинг гирдини айланиб, таҳдидли ириллади.
Зум ўтмай камарни милтиқ овози тутди.