Нигора Жалолиддин қизи. Унутилган эски чориқ (ҳикоя)

Мунисхон ушбу даргоҳда иш бошлаганида эндигина институтни битириб қайтган эди. Атиги икки йилгина тўқувчилик цехида технолог бўлиб ишлади, орадан бир ой ўтгач, турмушга чиқди. Қўшни туманга келин бўлиб тушди. Ўшанда эри Салоҳиддин пойтахтдаги йирик банклардан бирида ҳисобчи бўлиб ишлар, уйга жуда кеч қайтарди. Шу боис шаҳардан ижара уй топиб, Мунисхонни ҳам ўзи билан бирга олиб кетишга қарор қилди. Гарчи ўзи иш бошлаган корхонага, айниқса, бир-биридан хушчақчақ тикувчи қиз-жувонларга ўрганиб қолган келинчакка эрининг қарори ёқмаса-да, қарши боришга журъати етмади.
Мана энди қадрдон даргоҳга орадан йигирма йил ўтиб, қайтиб келди. Эри шу шаҳардаги банклардан бирига бошлиқ этиб тайинланди. Мунисхон ҳали қариб қолгани йўқ, айни ишлайдиган вақти, боз устига, ўз соҳасининг билимдони. Ўн беш йил пойтахтда қўшма корхонада, янги технологиялар асосида ишлаб, чархланди. Дизайн бўйича мутахассисликка ўқиб, малакасини ҳам ошириб қайтди. Бу ерда то ўз фирмасини очгунига қадар биринчи иш бошлаган жойида ишлашни истади. Шу баҳона шаҳарнинг паст-баландини билиб олади.
Институтни битириб, ана шу корхонада янги иш бошлаганида Маҳфуза билан жуда қадрдонлашиб кетишганди. Бугун разм солиб қараса, бировнинг ўн гапига битта жавоб қайтармайдиган оғир-вазмин Маҳфуза анчайин йўғонлашиб, димоғидан қор ёғиладиган ҳолатга келибди. Аввалига қадрдон дугонасини танимаганга олган аёл ҳатто кадрлар бўлимининг бошлиғи даражасига етибди. Илгари оддий тикувчи эди. Ҳаёт ўзи шундай, яхши от кейин чопаркан…
–Ҳмм-м, сиз бизда яна ишламоқчимисиз? Нега, пойтахтда сиғиштиришмадими? Ишлаб нима азоб сизга, пенсиянгизга атиги ўн йилгина қолибди. Ана, эрингиз банкир, ўғилларингиз олий ўқув юртларида ўқишаркан, ҳовлингиз, машинангиз бор экан, тушунмадим…
Маҳфузанинг аввалгидек димоғида минғирлаб гапириши қолмабди. Мунисхон ўзига қадрли бўлган дугонасини дабдурустдан таниёлмади. Бу ростдан ҳам ўша ўзи билган Маҳфузами ёки бошқа? Наҳотки, бу ўша бўлса? Бировнинг ҳовлиси, машинаси, эри билан унинг нима иши бор? Айтганларича бор экан. Маҳфузани таниб бўлмайди. Тавба, у азроилдан қўрққандек қўрқадиган эри Ҳолиқ ҳам ўзгарибди. Хотинининг ишхонасига тинимсиз келиб турар, кўпинча тушлик кўтариб келадиган эркакнинг ювош тортиб қолганини кўрган Мунисхон бошида хурсанд бўлган экан. Ҳар ҳолда, илгаригидек хотинини уриб-сўкиб турса ёмон-да. Воажаб, наҳотки дунёи дун шунчалар ўзгарувчан? Ёки одамлар ўзгарганми?
Мунисхон ишхонада Маҳфузанинг бошқа ишчиларга ҳам беписанд гапиришини сира ҳазм қилолмасди. Жуда ғалати, яхшиямки, бу аёлнинг олий маълумоти йўқ, катта даргоҳларда бошлиқ бўлиб ишламайди. Атиги ўн киши билан ишлайди. Йўқса, ўзини вазири аълам ҳис этаркан. Унинг нега бунчалик ҳаволаниб кетгани Мунисхонни ўйлантириб қўйди.
Кейин билса, бошлиқнинг ўнг қўли, яъни ким ишга кеч келади, ким эрта.. кимнинг эри, кимнинг ўйнаши.. ҳамма-ҳаммасини оқизмай-томизмай етказиб тургани учун сийланиб, мукофот пуллари олиб тураркан… Мунисхоннинг ундан батамом кўнгли қолди. Бошлиғи аёл киши бўлгани боис Маҳфузанинг куни туққандир, эҳтимол. Аслида илгари оддий тикувчи бўлиб ишлаган, маълумоти бўлмаган аёлнинг кадрлар масаласи билан шуғулланиши ҳам ғалати.
Эски чориғини унутган дугонасининг шарофати билан қанчадан-қанча яхши ишчилар бўшаб кетибди. Буни бошқалардан эшитган Мунисхон аввалига ишонмади, кейин ички муҳитга мослашиб, вазиятни тушуниб етди. Собиқ ҳамкасабалари ора-сира учрашиб қолишганида, “Сиз ҳар гал кўришганимизда Маҳфуза тузукми, ҳаёти яхши бўлиб кетдими, дея жонҳалак бўлардингиз. Опа, дугонангиз сиз жон куйдиришга арзимайдиган хилидан, ювош қўй кўрингани билан ичидан пишган, қўйинг ўша ғизғизонни. У ҳақиқий кўрпача, ким бошлиқ бўлса, майингина тўшалади-қўяди…”, дейишларининг сабабини теран англаб етгандек бўлди. Разм солиб қараса, бу даргоҳда Маҳфузанинг бирор яқин дугонаси йўқ экан. Эри ўша-ўша ҳеч қаерда ёлчитиб ишламайди, қизини амаллаб ўзининг биқинига тикувчи қилиб ишга жойлаштириб қўйган. Ҳа, одамни синамоқчи бўлсанг, амал бериб кўр, деганлари шу бўлса керак-да…
Кенжасининг кечаси билан иссиғи тушмай, Мунисхон эрталаб ишга кириб келгунича беш дақиқа кечикибди. Шуни дарҳол “келди-кетди” дафтарига йирик рақамлар билан қайд этган Маҳфузага вазиятни тушунтирди, аммо бўлмади. Интизомда гўё қаттиққўл бошлиғига эса доим янги ғоялар билан юрадиган, кези келса, маҳсулотлар сифатсизлигини рўйи рост айтадиган ишчисидан қутулишда арзимаган мана шу қайднома қўл келди…
Кўп ўтмай, Мунисхон ўз фирмасини очди… У озгина муддат ишлаб, тор муҳитдаги томошаларга чидолмаган, айниқса, кибр ва риё нуқси уриб қолган Маҳфузанинг ва калтабин бошлиғининг кирдикорлари ҳоритган ўша корхона касодга учраб, бутунлай ёпилиб кетди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, Мунисхоннинг ишлари юришиб, фирмасига ўн чоғли қизларни ишга олди. Тиккан маҳсулотлари, буюртмалари ҳажми тобора кенгая борди. Қизлар ҳаттоки келин либосларини тикишнинг ҳам ҳадисини олишга муваффақ бўлишди. Танловларда ғолиб бўлган қизлар энди эса зўр бериб навбатдаги танловда иштирок этишга ҳозирланишмоқда.
Кунлардан бир куни Мунисхоннинг эшигидан ҳорғин қиёфадаги Маҳфуза кириб келди. Кутилмаган такаллуфдан карахт бошлиқ уни ўтиришга таклиф қилди. Унинг овозидаги мулойимлик Мунисхонни лол қолдирди, тавба, ишдан бўшаганига салкам йил бўлибди ва битта шаҳарда яшашади, лекин у билан бирор маротаба тўқнаш келмабди. Маҳфуза иш сўраб келган экан. “Майли, мени олмасангиз ҳам қизимни ишга олинг, эримнинг қорвулликдан топган ойлиги кам-кўстимизга етмаяпти, болалар улғайиб қолишди, ўртоқжон”, деди зўрға овози чиқиб. Ходимлар билан жанжаллашиб қолган кезларида овози чақмоқдек чиқадиган аёлнинг попуги пасайиб, шашти тушиб кетгани Мунисхонни ўйлантириб қўйди. Ахир, бу аёл корхонани остин-устин қилиб ташлашга қодир эди, бошлиқ унинг ҳар битта гапига ишониб, қанча яхши ходимларнинг ризқи қийилганди-ку?
Воажаб, Мунисхон Маҳфузанинг ранги баттар сарғайиб, кўзлари киртайиб қолганини кўриб раҳми келиб кетди. Лекин ўзига қилган ёмонлиги эсига тушиб сергакланди. Унга раҳм қилиб бўлмайди. Сал ўнгланса, яна қанчадан-қанча бегуноҳларни чақади… буни билмаганида ҳам майли эди…
–Дугонажон, сизга битта илтимосим бор…
–Вой майли, агар харажати бўлса уялмай айтаверинг. Ёки бўёқми, оҳакми… таъмирталаб жойлар бўлса, эримнинг қўлидан келади… текинга қилиб беради…- ҳовлиқди Маҳфуза.
–Йўқ, йўқ, шукр, тикув хоналаримиз чиннидай, таъмирга муҳтожлигимиз йўқ, харажат-паражат ҳақида сўз бўлиши мумкин эмас. Сиздан бошқа бир илтимосим бор… агар кўнглингизга олмасангиз… Бизга ҳақиқатан ёш қизларимиз, яъни тикиш-бичиш, тўқишга уқуви бор қизлар керак… демоқчи бўлганим шуки, сиз ўша вақтларда… эсингиздами, Ҳолиқ ака билан роса қийналиб рўзғор бошлаган даврлар… шу пайтдан қолган бирорта эски чориғингиз бўлса эшигингизга осиб қўйишингизни илтимос қилмоқчиман, холос. Мен доим даҳлиздаги кийим иладиган шкафимизга қийналган кезларимизда кийган битта эски костюмимни осиб қўяман. Ўша костюмни ҳам менга бирга ишлаган Сайёра опамиз берганди. Баъзан ўзим билмай ҳаволаниб кетсам, меҳрибон опам илинган ўша буюмни кўраман… кейин дарров ҳаётда ҳар қандай ҳолат бўлиши мумкинлиги эсимга тушади, дугонажон. Шундан одамларга ҳам бир хилда муомала қилишни, бир кўзда кўришни ўргандим. Ишонинг, бунинг ҳаммаси яхшиликка экан. Бекорга ота-боболаримиз эски чориғингни унутма, дейишмаган. Ўшанда… таъна қилаяпти, деб ранжимангу, мени сиз сабаб бошлиқ ноҳақ айблаган, ойлик маошимдан ўн эмас, қирқ фоизни қирқиб ташлаганида дилим оғриганди. Чунки сизнинг қизингиз ишга ярим соатлаб, баъзан ярим кун кеч келсаям бу инобатга олинмасди. Сиз ҳам иш вақтида ўз шахсий муаммоларингизни ҳал қилишдан бўшамасдингиз. Қолган ишчиларнинг ана шунга жиғибийрони чиқарди. Мени ишдан бўшатаётганда, сизга ер думалоқ, балки яна учрашиб қолармиз, дегандим оғриниб. Сиз ҳеч қачон, дея юзимга эшикни шартта ёпдингиз… энг ёмони, бошлиқ сизнинг гапингизга ишониб, мени интизомсизликда айблади, узримни эшитмади. Ваҳоланки, бир кун аввал йиғилишда мени керакли мутахассислигим, тажрибам катталигини таъкидлаб, рағбатлантиришини айтганди… Майли, озгина ҳаяжонга берилдим, эртага қизингиз ҳужжатларини олиб келсин. Ҳозирча уни ишга олишим мумкин, қизларимиз жудаям беғубор. Қизингиз ана шундай беғубор муҳитда қайта тарбияланса зора, сизнинг соянгизда орттирган чақимчилик, дангасалик иллатини ташласа нур устига нур, ҳунарли бўлса дейман, чунки у ҳали ёш…
Маҳфуза лом-мим демади. Бўшашганча эшикдан чиқиб кетди. Мунисхон елкасидан тоғ ағдарилгандек ўзини енгил ҳис этди. У шу тобда бир вақтлар бошлиқнинг пинжига суқилиб олиб, кўнглига чексиз озор етказган собиқ дугонасининг юзига айбини айта олганидан бахтиёр эди…