Неъмат Арслон. Альмаматер дарахтининг меваси (новелла)

1

…Мен Оверда кутиб турардим. Таважжуҳ ҳолатида. Атрофда одам кўп, аммо мен ёлғиз. Аслида таважжуҳ сўзининг мазмуни бироз бошқачароқ. Бу ҳолатга кирган одам ёлғиз бўлади ва у ҳеч нарсани эшитмайди, ҳеч нарсани кўрмайди деган тасаввурдаман. Начора, мен шундай бўлишини хоҳлайман. Қадимий Қаршининг “Овер” деб юритиладиган бу ҳудудида бундан анча йиллар аввал ночоргина бир тикувчилик корхонаси бўлган. Унинг пастқам ва нимқоронғи хоналарида кийимлар бичилган, тикилган ва… оверловка қилинган, яъни чокланган. Бу сўзнинг тилимиздаги атамасини топганимдан қувониб кетдим. “Чокланган!” Чок – алоҳида икки бўлакнинг бирлаштириб тикилган жойи. Орамизда севги ҳақида ҳали бирор гап бўлмаган, шунга қарамай, қачондир бир кун бизнинг бечора қалбларимиз ҳам муҳаббат ришталари билан чокланадигандай ва бир-бирига қўшиб мустаҳкам тикиладигандай.
…Аммо ўша куни у келмади. Мен ҳар доимгидек Оверда кутдим.
Дарвоқе, ҳозир бу корхона йўқ, қаршиликлар лафзида унинг номигина сақланиб қолган, холос. Биринчи марта бу сўзни бир такси ҳайдовчисидан эшитдим. Тушунмадим. Унинг “Оверда тушасизми?” деган сўроғини хаёлан миямда айлантириб кўрдим. Овер… бу сўз менга ёқинқираб турарди. Нима бўлса ҳам тушиб қолдим. Шу сўзнинг шираси учун тушдим. Эски Овер ўрнида замонавий бинолар қад ростлаб турган бу минтақа ҳозир мен учун жуда қадрдон. Чунки уни шу жойда учратганман ва бизнинг қалбларимиз шу жойда “оверловка” қилинишидан умидвор бўлганман. Бахт ва бахтсизликнинг ёнма-ён юришини ҳам шу ерда мушоҳада қилганман.

2

…Бугун ҳам унинг келиши гумон.
Шундай бўлса ҳам узоқ кутдим. Чорраҳанинг кесишган бурчагида, дарахт соя­сидаман. Умрида кўп азобларни кўрган бу дарахт. Унинг эгри-бугри танасида инсон қўлининг беҳад кўп изи бор. Арра, теша, болта, дасткола излари… Кимдир мих қоққан, кимдир чопқи билан қиртишлаган. Унинг дағал-дўққи, эгриланиб ўсган танасида инсон хаёллари ва ниятларининг қотиб қолган изларини ҳам кўриб турардим. Шунча тазйиқларга қарамай, дарахт мени ўз фарзандидай қабул қилди. У жазирама қуёш тафтидан инсонни ҳимоя қилаётганидан хурсанд. Бу фақат оналарга хос. Она энг дилозор, энг ноқобил фарзандини ҳам қаноти остига олади. Агар бола ношуд ва дардманд, бошқаларга нисбатан бахтсиз бўлса, она биринчи навбатда шу фарзандига меҳр кўрсатади. Мен эса биринчи даражали ношудман. Уйим йўқ, пулим йўқ, мансабдор ҳам эмасман. О, аслида булар ҳаммаси ўқувчининг жиғига тегадиган ҳавойи гаплар. Аммо мен чин қалбдан, юрагим гурс-гурс урган ҳолда айтяпман. Дарахт эса фикримга қўшилгандай билинар-билинмас овозда шивирлаб, ҳамдардлигини изҳор этарди. Ҳатто мени сийлашга ҳам жазм этди. Елкамга тўп этиб урилган зарбадан ўзимга келдим. Болалар коптогидай бир нарса елкамга урилиб оёқларим остига тушди. Мева! Ҳеч ким, ҳатто бирон бир жонивор ҳам емайдиган, шумтака болалар қийқирганча тўп ўрнида тепиб тепкилаб юрадиган мева. Қўлга олдим уни. Оғир, залворли. Кўкимтир рангда. Бурнимга босиб ҳидладим, ваҳоланки, унинг ҳеч қандай ҳиди йўқлигини билардим. Ерга урилган томони бирозгина эзилибди. Эзилган жойларида оппоқ, қуюқ, сершира сут. Унинг тахир сутини оғизга олиб бўлмаслигини ҳам азалдан биламан. Шундай бўлса ҳам бармоғимнинг учи билан олиб ялаб кўрдим ва бошим узра юксалиб турган яшил соябонимдан яшириб секингина четга туфлаб ташламоқчи бўлдим. Уни ранжитгим келмасди. Ахир у ўзида борини берди… Четга тупураётиб кимдир мени кузатиб турганини пайқадим. Жуда ноқулай ҳолат. Кўчада тупуриш – маданиятсизлик. Лабимда кўпикланиб турган сут билан уни ютишни ҳам, ташлашни ҳам билмай, бош кўтариб қарадим. Унинг келганини пайқамай қолибман. Ёшгина жувон мени таҳқир назари билан кузатиб турарди. Кафтим билан лабларимни артарканман, нима маънодалигини ўзим ҳам билмаган ҳолда бош тебратар ва жилмайишга уринардим. Жувон иддао қилгандай илкис бир ҳаракат билан юзини четга бурди. Қулоғидаги оғир олтин исирға бир муддат силкиниб, дарахт япроқлари орасидан сизғириб ўтаётган риштаи Марямдек бир қатим нурни атрофга сочиб ташлади. Ҳеч шубҳасиз, менинг буришиб турган юзим жувонга ёқмаган эди. Томоқ қирдим. Жувон менга бу сафар кўз қири билан қаради. Чап қошининг чеккасига томон тортилган ингичка учи юқорига кўтарилиб, жувоннинг дилида ва тилида турган заҳарни сочишга тайёр турарди. Бу ҳолат менга ғазабнок арини эслатди ва мен ўзимни тутолмай кулиб юбордим. Ҳеч шубҳасиз, жувон мени ақли ноқис одамлар жумласидан деб ўйлаётганди. Майли, бундан хафа эмасман. Жувонинг “ғазабнок ари”ни ифодаловчи ҳолати узоқ чўзилмади, у бутунлай тескари ўгирилиб олди.
– Сиз каминани нотўғри тушундингиз, – дедим ўзимга ўзим гапираётгандай бир оҳангда.
– Фф-у! – деган жавоб бўлди.
– Мен тартиб-интизомли одамман.
– Кўриниб турибди.
– Бу дарахтнинг сути тахирлигини билардим…
– Билсангиз нима учун ялайсиз?
– Албатта, унинг ҳурмати учун! Ҳа, фақат унинг ҳурмати учун.
– Кимнинг?
Мен бошим билан дарахтга имо қилдим. Жувоннинг кўзларида ишончсизлик аломатлари зуҳур этди. Шу ҳолатда у анчагина чиройли кўринарди. Унинг буғдойранг юзи, бироз чўккан ёноқлари, оғиз-бурни атрофидаги нозиккина қавссимон чизиқларнинг ҳар бир кунжида унга шукуҳ бағишлаб турган ўша ишончсизлик. О, Худойим, аёл зотига жиддийликдан бошқа ҳамма нарса ярашади деган хаёл шууримдан ўтди.
– Кимнинг ҳурмати учун? – саволини такрорлади жувон мендан кўз узмай.
– Дарахтнинг.
– Уф-ф! – қўл силтади жувон, сўнгра бекатга келиб тўхтаган машинага бир қараб олди-да, сўради:
– Бу қандай дарахт ўзи?
Дарахтнинг номини билмасдим. Ногоҳ тилимга келган сўзни айтиб юбордим:
– Альмаматер.
– Сиз немисмисиз?
Жувоннинг лабларида ўйнаб турган табассум беозор эди, бу менга ҳам юқди.

3

Орадан бир ҳафта ўтиб яна учрашдик. Ўша жойда, ўша дарахт паноҳида. Биз саломлашмадик. Бир-биримиздан бегонасираётгандаймиз. Жувон телефонда ким биландир гаплашди ва икки-уч марта менга қараб қўйди. Ҳар сафар менга қараркан, лаблари кенг ёйилиб жилмаярди. Унинг ширин табассуми кимга аталгани мен учун қоронғи. Телефонини сумкачасининг киссасига жойлаштираётиб зериккан қиёфада менга қаради. Бу Овердаги бекатда иккинчи учрашувимиз. Қани менинг аввалги журъатим?
Жувон ўзи ўтириши керак бўлган “Дамас”ни тўртинчи марта ҳам ўтказиб юборди. “Это кое-что…” дедим ўзимга ўзим. Чунки бекатда тўхтаб ўтаётган машиналарда бўш ўрин кўп эди.
– Сиз бу дарахтнинг номини эслаб қолдингизми? – сўрадим дабдурустдан дадил туриб.
– Альма…
– Ҳа, ҳа… альмаматер. Хотирангиз кучли экан.
– Қандайдир ёқимли экан номи.
– Лотинча бу сўз.
– Маъноси нима?
– Сут берган она.
– Шунинг учун унинг сутини ялаётган экансиз-да.
– Бу сўзни талабалар университет маъносида ишлатишади.
– Йўқ, сут берган она дейилгани маъқул.
– Ҳа, унда эркалаш маъноси ҳам бор.
Жувон хўрсиниб қўйди. Ҳаётининг фақат аёлларгагина хос бўлган қайсидир лавҳаси ёдига тушганди афтидан. Кейин дарахтга қаради. Шох ва новдаларда беҳисоб “тўпча”лар. Ерда ҳам бир қанчаси тупроққа қоришиб ётибди. Жувон ҳақида кўп нарса билгим келарди. Назаримда унинг ҳаёти таассуротларга бой эди. Савол беришга чоғландим, аммо сира кутилмаганда бекатга келиб тўхтаган “Дамас” томон одимлади у. Машинага чиқиб дераза тагидан жой оларкан, мен турган томонга қаради. Унинг шошқин нигоҳида мен ғарибга аталган илиқ бир нарса борлигини пайқадим. Машина узоқлашиб борарди. Бошимни қуйи эгдим, кўзларимни юмдим…

4

Оёғим ердан узилди. Шиддат билан юқорига томон кўтарилиб бораяпман. Қоронғилик. Ҳеч нарсани кўрмайман, ҳеч қандай товушни эшитмайман. Назаримда йиллар, асрлар менинг ёнимдан лип-лип этиб ўтиб бормоқда. Бу ҳар доим мен машқ қиладиган таважжуҳ ҳолатининг ўзига хос жиҳатларидан бири. Баъзан ердаги ҳаётнинг узуқ-юлуқ парчалари намоён бўлади, аммо уларни хаёл пардасидан сидириб ташлайман. Ерга қайтгим келмайди. Чунки бош билан ҳудудсиз само қаватларини ёриб коинотнинг чуқур қаърига кириб бориш ва бу ҳолатнинг узлуксизлиги, ҳеч қачон тугамаслиги жуда ёқимли. Бу ҳолатнинг мангу давом этиши учун ўтмиш ҳаётимдан ҳеч нарсани эсламаслигим керак. Қандайдир ёруғ юлдузга бориб урилдим. Балки бу метеоритдир… Яна йиллар, асрлар ўтди. Юлдузлар пастга томон шиддат билан тушиб боришарди. Хира туманлик пардаси ортида бир бўлак музга ўхшаган нарса оқариб кўринди. Бу ой бўлса керак деб ўйладим.
…Кўзимни очдим. Шифт. Қорга монанд ёруғлик таратувчи бурама лампочка. Тепамда оқ халатли аёл. “Ўзига келди”, – деди у кимгадир қараб. Унинг кимга гапираётганини билмоқчи бўлдим, аммо кучли оғриқ сўнггида яна қоронғилик қўйнига шўнғидим. Бу ҳолат бир неча бор такрорланди. Ва ниҳоят, шифохонада эканлигимни англадим. Юзим танғиб ташланган. Бошимни пайпаслаб кўриб кайфиятим тушиб кетди…
Бир ой деганда чиқдим шифохонадан. Милиция формасидаги бир йигитдан бошқа бирор киши ҳолимдан хабар олмади. “Милиция сержанти Носиров”, – деб таништирди ўзини йигит ва саволга тутди. Унинг талаби билан тушунтириш хати ёздим ва ҳеч кимга даъвом йўқлигини билдирдим. Кейинроқ мени машинаси билан уриб кетган ҳайдовчи амнистия билан оқланиб… тўғрироғи, суд бўлмай иши тўхтатилганини эшитдим. Мен учун бунинг ҳеч қандай қизиқ жойи қолмаган. Ундан кўра ойнага қараб юзимни томоша қилиш мароқлироқ. Юзим бамисоли қайрағоч дарахтининг танасидай ғадир-будур. Бурним чап томонга қийшайиб қолган, иягимда чандиқнинг чуқур изи. Ёноқларим пачақланган, чап қошимнинг ярми йўқ… Чап ёнга бироз оғиб чўлоқланганча хона ичида кезинаман.

5

Орадан тўққиз ой ўтди. Тошкентда малака ошириш курсида ўқияпман. Баҳор. Турли вилоятлардан бу ерга турли қиёфадаги одамлар келишган. “Абдулла Авлоний”нинг кенг ҳовлисида машғулотлардан кейин сайр қилиб юрган касбдошларимни деразадан кузатишни яхши кўраман. Орадан бирор ҳафта ўтиб бу машғулотни тўхтатдим. Чунки қора дўланалар гуллай бошлаганди. Бундай паллада уйда ўтириш гуноҳ. Институт дарвозасидан чиқиб чап томонга юрдим. Чамаси эллик-олтмиш қадам нарида бир тўп қора дўлана дарахти бор. Ҳали унинг олдига етиб бормасимданоқ ҳавонинг муаттар бир ҳидга тўйинганини ҳис қилдим. Бошим айланиб кетди. Бу дарахт гулларидан тараладиган ачқимтир ҳид менга жуда ёқади. Ачқимтир, аммо жуда муаттар. Қора дўланалар гуллаган дамларда бу дунёни ташлаб кетиш сира мумкин эмас. Дарахт малака ошириш институтининг ҳовлисига яқин жойда. Бу ўқув даргоҳини кўпинча оддийгина қилиб “Абдулла Авлоний” деймиз. Дарахт деворга тақалиб ўсган. Унинг тагида тўхтаб кўзларимни юмдим, ўпкамни тўлдириб нафас олдим. Атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб таважжуҳ ҳолатига кирдим ва бошим билан дарахт гуллари орасига шўнғидим. Гуллар ва мен… Бошқа ҳеч ким ва ҳеч нарса йўқ. Олам фақат гулдан иборат. Саватчаларда даста-даста бўлиб жойлашган сон-саноқсиз гулларнинг ҳар бири ўз ҳолича ҳавога атир пуркайди. Ариларнинг бир маромда ғувуллаши… О, қани энди бутун умр шу жойда, шу гуллар орасида, шу ҳолатда қолсам!
Ногоҳ кимдир тирсагимдан тутди. “Қори ака, йўлдан ўтказиб қўяйми?” – деган овоздан борлиққа қайтдим. Рўпарамда ёшгина бир аёл турарди. Уни танидим. Унга раҳмат айтмоқчи бўлдим. Аммо кўзларим очилганини кўрган аёл дарҳол йўлига равона бўлди. Бу Сайёра эди…

6

…Сайёра енгилгина кийиниб чиқди. Япон шифонидан тикилган калта енгли кўйлаги эгнига қуйиб қўйгандай турар, аёлнинг қоматига жозиба бахш этарди. Унинг назарида гўё оламдаги бор нурлар шу кўйлакдан таралар, шу кўйлак гуллари атрофга атир пуркарди. Себзор кўчасига етганда бироз иккиланиб туриб қолди. Кўнглида дугонасига хабар бермай ёлғиз сайр этиш истаги туғилди, бунга арзирли баҳона ҳам топилди. Дугонасининг гапдонлиги, ҳадеб икки-уч йил аввал рўй берган севги тарихини куйиб-пишиб гапиравериб жонига тегиб кетганлиги ногоҳ шу лаҳзада – дугонасининг дарвозасига бир неча қадам қолганда ёдига тушиб, индамай ортига қайтди-ю, ложувард осмонда ҳаволаниб юрган кабутардек эркин ҳис этди ўзини.
Йўл-йўлакай атторлик молларига тўлиб кетган дўконларга бирров кириб чиқди, сўнгра тайёр кийимлар растаси бўйлаб юрди. Ва… ва бирдан дилида яшириниб ётган истак аслида бу эмаслигини, бирор нарса харид қилишдан кучлироқ нимадир безовта қилаётганини англаб қолди-ю, кўнгли қўмсаётган нарсанинг нималигини тушуниб етмай, йўлдан адашган кишидек кадамлари сустлашди. Ниманидир қаттиқ қўмсарди. Ана шу қўмсаш уни Анҳор бўйига етаклади. Одам кам, хилватсаро бу гўша дастлаб чўчитди уни. Баҳайбат акас ва эман дарахтлари хаёл оғушида. Анҳор суви уларнинг хаёлини бузишга журъат этмаётган каби ёки бу сокинликдан бирор нарса англаб олмоқчидек сокин оқар, кўчаларни тўлдириб сирғалаётган машиналар ва одамларнинг аралашиб кетган гувраниши элас-элас эшитиларди. Одатда гуруҳ-гуруҳ бўлиб сайр этиб юрадиган ёшлар кўринишмайди. “Одамлар бозорларда, Чорсуда, Отчопарда, – мулоҳаза қилди Сайёра. – Бу жойга аввалроқ келмаганимни қара-я, қандай тинч, осойишта”.
Темир панжаранинг қора бўёқли сиртини бармоқларининг учи билан сийпалаганча, ўйинқароқ бир кайфиятда сув оқими бўйлаб бораверди. Анҳор кўпригининг баҳайбатлиги эътиборини тортиб ва бундан ҳайрати ортиб, айни пайтда шундай баландликдан ўзини сувга йиқилиб тушаётгандай ҳис қилганча юраги ҳаприқиб бораркан, хиёбондаги энг чекка ўриндиқда ўтирган кишини дафъатан пайқамади. Унга кўзи тушганда эса юраги “шиғ” этиб кетди. Эркакнинг чекка сочлари оқарган, худди қулоғига икки дона оқ атиргул қистириб қўйилгандай. Ёши эллик беш-олтмишларда. Қошлари чимирилиб бурун қирраси томон интилиб тургани сабабли пешонанинг ўртасида ловия катталигидаги тугунча. У сигарета тутатиб ўтирар ва афтидан ниманидир қаттиқ ўйларди. Ўриндиқ суянчиғи устида қора ёмғирпўши, ёнида шу рангдаги шляпа. Шляпа устидаги суйрисимон чуқурчада бир қути сигарет. Унинг устида бир қути гугурт. Сайёранинг нигоҳи буларнинг барчасини бир сермаб ўтди-да, эркакнинг ғамгин қиёфаси устида тўхтади. Эркак нигоҳини ердан узмасдан ва ҳайкалдай қотиб қолган ҳолатини ўзгартирмасдан яна сигаретга қўл чўзди. Бегона эркакнинг рўпарасида туриб қолганидан ўнғайсизланиб шошилганча йўлида давом этди. Уч-тўрт қадам ўтиб ортига қаради. Ўз хаёллари оғушида ўтирган эркак танишга ўхшарди. Танишдай ва ҳатто жуда қадрдондай.

7

Орадан уч кун ўтиб яна анҳор бўйида, ўша жойда, ўша алпозда ўтирган ҳолатда учратди уни. Ҳаво бироз айниб, шамол эсар, дов-дарахтлар норози бир қиёфада бош тебратиб турарди. Олдидан ўтаётиб, эркакка кўз қири билан назар солди. Бу сафар эркакнинг қўлида қандайдир қоғоз бор. “Гап бу ёқда экан-да, – ўйлади Сайёра. – Демак, бу одамнинг оиласи узоқда. Хатнинг мазмуни эса таҳликали. Балки хотини рашкчидир…”
Эркак варақ қатини очаркан, кўзини бирдам қоғоздан узиб рўпарасида қотиб турган аёлга қаради. Нигоҳларнинг қисқа, оний бу тўқнашувида кўз кўзга тушди, холос. Сайёра шошқин қадамлар билан узоқлашди. Эркакнинг кўзлари қорамиди, қўнғирмиди, англолмай қолди. Хатни ўқиб бўлади-ю, йўлга тушади, майли, борсин-да тезроқ уйига, деди Сайёра ўзига ўзи. Аммо охирги гап гўё “кетмаса яхши бўларди”, деган фикрнинг шуурида бош кўтариб қолишидан чўчигандай бир тарзда айтилдики, ўз хаёлидан ўзи уялиб кетди. Анча жойга боргандан сўнг яна ортига қаради. Эркакнинг хат ушлаган қўли тиззаларидан пастга мажолсиз осилиб турар, бармоқлари учида қоғоз оқариб кўринарди.
Жувоннинг қадамлари сустлашди. Йўлдан четга ўтиб панжарага суянди. Пешонасини темир панжаранинг совуқ сиртига бир лаҳза босиб турди. Сўнгра хиё­бон четидаги ўриндиққа омонатгина ўтирди. Энди хат ерга тушиб ётар, енгилгина эсаётган шамол уни варақлар, аммо учириб кета олмай титкиларди.
Қуёш уфққа томон оғди. Дарахт япроқлари аввалгидан кучлироқ шовуллар, новдалар тобора қаттиқроқ силкинар. Ниҳоят эркак ўрнидан қўзғалди. Ёмғирпўшини ва шляпасини кийди-да, бошини қуйи солган кўйи хиёбон бўйлаб битта-битта қадамлаганча Сайёра ўтирган томонга қараб келаверди. Қиз тараддудланиб қолди. Дастлаб ўрнидан туришга, тезроқ жўнаб қолишга чоғланди, аммо шу сониянинг ўзида фикридан қайтиб, сумкачасини тиззалари устига олганча кавлаштира бошлади. Эркак яқинлаб келиб ёнидан ўтаётганда ўзини шу иш билан машғулдек кўрсатди. Аммо уни пинҳона кузатишда давом этди. Эркак шошилмай қадамларди. Оёғида қишки ботинка, тумшуғи ингичкароқ, тагчарми қалин, аскарларникидай. Чап оёғини босганда тагчармнинг нола қилгандай ғирчиллаши эшитилади. Шимининг пойчаси ботинка товонидан пастроққача тушиб ерга тегай деб турибди.

8

Эркак кўздан пана бўлиши билан ўрнидан сакраб турди ва узоқда оқариб кўринаётган қоғозга томон юрди. Йўлнинг ярмига борганда, сира кутилмаганда шиддатли шамол эса бошлади. Чанг-тўзон кўтарилди. Тепада гувранаётган кучли оқимнинг ер бағирлаб ўтаётган эпкини йўлакда ётган қоғозни Анҳор томон учириб кетди. Сайёра энди ҳавода чирпирак уриб айланаётган ва тобора узоқлашиб бораётган икки варақ қоғоз ортидан югуриб борар, қандайдир сирли бир куч уни чорларди. Қоғоз шамол қанотида учиб бориб соҳил панжарасига ёпишди ва уни қувлаб келаётган аёл билан хайрлашаётган каби шалдираб силкина бошлади. Сайёра бутун вужуди билан хатга интилди, қўл чўзди, аммо шамол ундан чаққонлик қилиб, қоғозни панжара симидан юлқиб олди-ю, учириб кетиб Анҳор сувига улоқтирди.
Сайёра ёмғирда ивиб хонасига қайтди. Даставвал сумкачасидан сигерета қутисини олиб кўздан кечирди: сўзларини қизиқиш билан ўқиди. Уни дераза токчасига, бошқа худди шундай қутичалар олдига қўйди-да, жавондан иссиқроқ кийимларини олиб кийди. Эти жунжикар, қайноққина чой ичгиси келарди. Елкасига тивит рўмолини ташлаб ошхонага ўтди. Бухоролик аспирант йигит газўчоққа чойдиш қўйиб, қайнашини кутиб турарди.
– Мана, меникидан дамлаб олақолинг, – мулозамат қилди йигит. – Кутиб ўтирасизми? Ана, қайнай деб қолди. Икковимизга ҳам етади.
– Раҳмат, – жавоб қилди Сайёра.
Йигит яна бир-икки гап ташлаб кўрди-ю, унинг сукут сақлашидан ўзича маъно сезиб бошқа индамади. Касбдошининг чойнагига қайноқ сув қуйиб бераркан: “Ҳаёт шу экан-да”, – дея хўрсиниб қўйди.
Орадан ярим соатлар ўтиб даҳлизчада журъатсиз босилаётган қадам товушлари эшитилди. Эшик оҳиста тиқиллади. “Яна “Абушқа”ни сўрайди”, – хаёлидан ўтказди Сайёра. Китобни олди-да, эшикни қия очиб: “мана” деди. Йигит китобни оларкан, раҳмат айтди ва қаддини хам қилганча, оғир қадамлар билан ўз хонаси томон кетди. Йигитнинг мақсади икки оғиз гаплашиш, китоб эса баҳона эканлигини тушунарди Сайёра. Аммо рўйхушлик бермади.
Унинг руҳиятида нимадир ўзгарган, нимадир етилган ва яна нимадир бўй кўрсата бошлаганди. Хона деворига қараса ҳам, китоб варақласа ёки идиш-товоқ ювишга тутинса ҳам мутлақо бегона, лекин айни пайтда “минг йиллик қадрдон” ўша ғамгин қиёфа кўз ўнгида намоён бўларди. Каравот панжараси орасидан қўл чўзиб интилганча сигарет қутичасидан бирини олди, ёзувларига, рангига, айлана ичидаги отлиқ кишининг ҳайкалига қаради ва секингина бурнига яқинлаштирди. Ҳидлаб кўрди. Бу қизил қутичани ҳам ўриндиқ ёнидан ўтиб кетаётиб ўт-ўланлар орасидан топиб олган ва “уники” эканлигини биларди. Ногоҳ эшикнинг тақиллаши Сайёрани чўчитиб юборди. Юраги ҳаприққанча ўрнидан отилиб турди, тезроқ ҳаракат қилмаса “У” кетиб қоладигандай шошиб эшикка қўл чўзди.
– Китобингизни олиб келгандим, – деган товуш эшитилди ташқаридан.
Сайёра алам билан уф тортди. Эшикни очди ва индамай китобни оларкан, аспирант йигитнинг истеҳзоли нимтабассумидан ўзига келди.
– Сигарет қутиси?..
– Ҳа, чекаман. Нима, мумкин эмасми? – терс гапирди Сайёра.
Шошилиб эшик томон борганида сигарет қутисини қолдиришни унутган экан. Йигит лабларида қотиб қолган ўша истеҳзоли табассум билан индамай бош тебратди-ю, шахдам қадамлар билан ортига қайтди. Унинг ҳаракатида зарда ва кескинлик яққол кўриниб турарди.

9

Анҳор бўйи Сайёранинг муқаддас манзилига айланиб қолди. Энди у ғамгин қиёфали одам ўтирган ўриндиққа яқинроқ бориб оғзига бир дона нордон “Дьюшес” қандидан соларди-да, сумкачасидан китобини олиб ўқишга тутинар, дунё бехабар қўшнисининг сигарета тутатишига қарар, унинг газетани кўздан кечириши, сўнгра қандайдир қалин журнални варақлашини ҳеч қачон эътибордан четда қолдирмасди. Ғамгин қиёфали одам баъзан нималарнидир ёзарди ҳам.
Кўк, қизил қутичалар ўн олтитага етди. Ҳар сафар ғамгин қиёфали одам кетиши ва кўздан пана бўлиши билан Сайёра унинг ўрнида пайдо бўларди. Бу ўриндиқда ўтириш ўнғай, орқа суянчиғи ётиқроқ, бемалол ястаниш мумкин. Оёқ ва бел толиқмайди. Ҳалиги хат ғамгин қиёфали одамнинг ҳаётида у қадар муҳим аҳамият касб этмаганини аллақачон тушунганди Сайёра. Чунки у ҳеч қаёққа кетмади. Балки ўша қоғозда бутунлай аҳамиятсиз битиклар бўлгандир?
Улар ўтирадиган ўриндиқлар орасидаги масофа етти қадамча келади. Шу боис ғамгин қиёфали кишининг юз ифодаси аниқ кўринади. Унинг узунчоқ юзи, чап томонга бироз қийшиқ ўрнашган қирра бурни, иягидаги чандиқ ва яримта қоши қизга жуда чиройли, ҳатто бир қадар савлатли кўринади. Фақат лаблари юпқа ва ҳамиша қаттиқ қимтилган. Оғиз ўрнида икки чети пастга томон осилган қавссимон иккита чизиқ. Бу “қавс”ни унчалик чиройли деб бўлмайди. Журнални ўқиётганда бармоқлари билан чекка сочини тортқилаб туради. Қошлари чимрилган, юзида гоҳ изтироб, гоҳ ўкинч акси. Бир сафар унинг юзи ёришиб кетди. Четлари пастга осилган “қавс” тўғриланди. Ғамгин қиёфали одам, Сайёра уни танигани ва ”дўстлашгани”дан буён, илк марта жилмайди. Аммо ғамгин қиёфа лабларнинг бундай хиёнати ва ўзаро битишувини пайқамай ўқишда давом этди. Аёл бир муддат нигоҳини ундан узмади. Шу бегона одамнинг юзидаги ҳар бир чизиқни ва ҳар бир ифодани хотирасида узоқроқ сақлаб қолиш мақсадида астойдил тикилди. Қулоғининг солинчоғи катта. Қулоқ ичида ўсган юнглар қорайиб кўриниб турибди. Уларнинг айримлари юзи томон қайрилиб, чекка сочига қўшилиб кетган. “Сочи Бетховенникига эмас, Бальзакникига кўпроқ ўхшайди, – хаёлидан ўтказди Сайёра, сўнгра лаҳза ўтмай фикридан қайтди. – Йўқ, Ойбекникига ўхшаркан”.
Эркак оёғини чалкаштириб, тирсаги билан ўриндиқ суянчиғига таянганча Сайёра ўтирган томонга ярим ўгирилган кўйи журнални тиззаси устига қўйиб шошқин ҳаракат билан чўнтагидан ён дафтарини олди. Энгашиб нималарнидир тез-тез ёза бошлади. Ана, ўрнидан туриб анҳор томон юрди. Хиёбонни кесиб ўтиб панжарага суянди. Ортига қайтиб яна ўрнига ўтираётганда Сайёрага қаради. Қошлари ўртасидаги чизиқлар чуқурлашиб, чизиқлар орасидаги тугунча бўртиб чиқди. Ниманидир эслашга уринарди афтидан. Сайёра нигоҳини ундан узиб ерга кўз тикди. Қаддини ростламоқчи, кўксини кўтариб орқага суянмоқчи бўлди-ю, журъати етмади. Аксинча, энкайиб олди. Шабада майин-майин эсар, тамаки тутунининг ўткир ҳиди Сайёранинг димоғига уриларди. Бу ҳидга кўникишни истарди аёл ва бутун иродасини тўплаб чуқур-чуқур нафас оларди.

10

Эртаси кун Сайёра ўша жойни бўш кўрди. Лекин унинг ўриндиғига бориб ўтиришга ҳадди сиғмади. Келиб қолар деган умидда эски бир журнални варақлаб ўтирди. Ўқтин-ўқтин “ўқиш”дан бош кўтариб атрофга алангларкан, Анҳорнинг нариги бетида кимнингдир шарпасини пайқагандай бўлди. У томонда одамлар ўтиб-қайтиб туришарди. Ҳалиги шарпа ўзини панага – дарахт танаси ортига олгани аёлнинг диққатини тортди. Юзини журнал варағи билан тўсганча ўша томонни кузата бошлади. Шарпа беркинган жойидан қўзғалиб танаси айри бўлиб ўсган дарахт ортига ўтди.
Ғамгин қиёфали одамдан эса ҳамон дарак йўқ. Сайёра бўм-бўш ўриндиққа ғамгин нигоҳ ташларкан, ногоҳ Анҳорнинг нариги бетида пайдо бўлган шарпа ёдига тушди-да, атрофга аланглади. Дарахт танаси ортида жигарранг кийимнинг учбурчак этаги кўриниб турарди. “Э, бордир-да бирортаси” хаёлидан ўткарди у ва ўзини чалғитиш мақсадида яна журналга тикилди. Қуёш дарахтлар ортига ўтиб беркинди. Соялар қуюқлашди, салқин тушди. “Келмайди” аламнок айтилди бу сўз. Соатига қаради. Ўрнидан турди. Кетишга чоғланаркан, яна унинг ўрнига кўз ташлади ва шундагина майса устида ётган қизил рангли қутичага кўзи тушди. Устидаги шаффоф целлофани ҳам тушиб кетмаган. Шошқин ҳаракат билан қутичани сумкачасига солди.
Орадан тўрт ой ўтди.

11

Аспирантлар уйи ҳамишагидек хира чироқлари, магнитофон чинқириқлари ҳамда илм толибларининг шовур-шувури билан ўзининг дунёда мавжудлигидан дарак бериб турарди. Узун даҳлиз эшиклари олдида қўшнилар уймалашиб туришар, шанғиллаб гапиришар, бор овозлари билан кулишар, хуллас, сунъийлик эвазига бўлса-да, ўз димоқларини ўзлари чоғ қилишга уринардилар. “Қачондан буён шовқин-сурон ёқмай қолди менга?” Ўз шуурига ўзи савол берди Сайёра хонасига кириб эшикни зичлаб ёпаркан.
Дераза токчасидаги қутичалардан бирини олди. Энди нима ёзилганини ёддан билгани учун ёзувларни ўқимай қўйган, қутичага ҳавас билан қараб, ҳидлаб, яна жойига қўярди. Бу сафар ҳам ҳидлаш учун қутичани бурнига олиб бораркан, унинг ичидаги қоғозга кўзи тушди. Бармоқларининг титроқ ҳаракати билан олди уни. Ихчам қилиб букланган қоғоз… Хат!.. Қутича ичида хат бор эди. Бу қоғоз ўзига тааллуқли эканлигини ва бу хатда ҳаётини ағдар-тўнтар қилиб юборишга қодир куч яширинлигини ички бир туйғу билан туйди Сайёра. Ғамгин қиёфали одамнинг қараб-қараб қўйиши, юз ифодаси, қошларининг чимирилиши, пешонасида ўйнаб турадиган чизиқлар аниқ-тиниқ кўз олдига келди. “Ҳар ҳолда унчалик билдирмаса ҳам менга эътибор қилган экан, бефарқ кўриниши бекор экан” деган хулоса билан хатни очди ва қуйидагиларни ўқиди:
“Эй, нотаниш Хилқат! Мақсадингни англат. Агар мени севиб қолган бўлсанг, бекор қиласан. Орамиздаги фарқ жуда катта. Ўйлаб кўр. Атрофингда шунча ёш йигитлар бўла туриб, мендек ёши ўтиб қолган кишини севишга нима мажбур этди? Жавоб хати ёзма. Анҳор бўйига келмай қўйсанг, шунинг ўзи йўллаган жавобинг бўлади.
Салом билан нотаниш одам”.

12

Сайёра яна ўша япон шифонидан тикилган кўйлагини кийди. Бу либосда ўзини дадилроқ сезарди. Айтадиган сўзларини такрор-такрор хаёлидан ўткарди ва сумкачасини елкасига илиб шахдам одимлаганча йўлга тушди. Не кўз билан кўрсинки, ғамгин қиёфали одам худди аввалгидек ўз ўрнида ўтирарди.
– Жавоб хатини ёздим, – деди Сайёра унинг рўпарасига келиб тўхтаркан, таъна ва гина барқ уриб турган нигоҳини ундан узмай.
– Қандай хат? Кимга? – сўради оҳиста ўгирилиб қараркан, ғамгин қиёфали киши.
– Сизга.
– Қани?
– Мана! – ўзига ишора қилди Сайёра.
– Тушунмадим…
Сайёра унинг ҳайратга тўла тиниқ кўзларига қаради.
– Сиз бу жойни сотиб олганмисиз?
– Қаерни?
– Шу анҳор бўйини-да.
Аёлга завқ билан қаради ғамгин қиёфали киши. Бош чайқади, лабларига унсиз табассум югурди. Сўнгра чуқур хўрсинди-да, сўради:
– Ёзувчига шайтоннинг ҳам раҳми келади деган гапни эшитганмисиз?
– Шайтоннинг нима даҳли бор?
Сокин, ярим синиқ овоз билан айтди аёл бу гапни.
– Мен пулдор эмасман. Тўғри, шу жойда оқшомги фурсат бироз ўтиришни яхши кўраман. Одатланганман. Ҳавоси тоза. Хилват. Ҳеч ким фикрлашимга халақит бермайди. Шу жойда ўтирсам миямга яхши фикрлар келаверади. Лекин бу жойни сотиб олмаганман.
– Сиз ёзувчимисиз?
Ғамгин қиёфали киши тасдиқ маъносида гуноҳкорона бош эгди.
– Менинг бу ерга келишимни тақиқлаш ҳам шу жойда хаёлингизга келганда-а? – табассум қилди Сайёра.
– Тақиқлаш… бу нима деганингиз? Ахир мен сиз билан бирор оғиз ҳам гап­лашганим йўқ-ку. Келаверинг, эртага бу жойни яна бутунлай сизга ташлаб кетаман, – деди ғамгин қиёфали киши аёлнинг гапини ҳазил фаҳмлаб.
Сайёра ялт этиб унга қаради. Юзидаги табассум сўнди. Бошини қуйи солиб жим қолди. Титроқ бармоқлари билан кўйлак белбоғининг учини асабий тарзда ғижимлай бошлади.
– Ҳеч нарса тушунмадим, – деди ғамгин қиёфали киши сокин бир ҳаракат билан чўнтагини кавларкан. – Саволларингизга жавоб бердим, аммо ҳеч нарсага фаҳмим етмади.
– Шуниси маъқул. Энг муҳими, мен ҳақиқатни англадим.
– Менга ҳам англатинг-да, унда…
Қоронғи туша бошлаганди бу пайтда. Сайёра иккиланди. “Эртага кетмасангиз…” – дейишга кўп уринди. Аммо бу сўзларнинг ҳар бир товуши қўрғошиндан қуйилгандай оғир. Айтолмади. Кўзёшларини аранг тийиб турарди. Эртаси кун бўйи хонасидан чиқмади. Қўшниси ҳам эшикни қоқмай қўйди. Фақат ҳар замон, ҳар замонда ўта эҳтиёткорлик билан қадам босиб ошхона тарафга ўтгани эшитилиб қоларди.

13

Ёзнинг димиққан оқшомларидан бирида аспирант йигит яна “Абушқа”ни сўраб остонада пайдо бўлди. Сайёра ғамгин қиёфали киши билан бўлган суҳбатдан кейин дарахт ортида яшириниб турган кишининг кимлигини ва хатни ким ёзганини тушунганди. Шу боис тўрт ой қутича ичида яшириниб ётган хатни китоб орасига солди-да, индамай узатди. Индамай эшикни ёпди ва қайтиб келиб ўрнига ётди. Кечаги суҳбатни ипидан-игнасигача қайта эслади. Унинг жавоб­ларини, ҳолатини, қиёфасини такрор-такрор кўз ўнгидан ўткарди. “Менга ҳам англатинг-да, унда”. Ғамгин қиёфали кишининг сўнгги гапи шу бўлди.
Ногоҳ сапчиб ўрнидан туриб кетди Сайёра ва беихтиёр нидо қилди: “Ахир унинг қўлида ҳалиги бор эди-ку, ҳалиги… Альма… альмаматер! Альмаматер дарахтининг меваси! Нега хаёлимга келмади?!”
Сайёра шошқин бир ҳаракат билан кийина бошлади. Балки бугун ҳам келган ва ҳали кетмагандир деган илинж билан даҳлиз бўйлаб югуриб бораркан, кофтасини тескари кийиб олганини ҳам сезмади. Қош қорайганда манзилга етиб келди. Троллейбусдан тушиб анҳор бўйига томон энаркан, юраги ҳаприқиб, бутун вужуди билан олға интилди ва оқшом қоронғисида қорайиб турган гавдани кўрди…

* * *

Ўша қорайиб турган гавда, ғамгин қиёфали ўша одам мен эдим. Қўлимда альмаматер дарахтинингнг мевасини ушлаб турардим.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 5-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!