Неъмат Аминов. Қассоб бобонинг ити (ҳажвия)

Ола ғунажинимиз бу йил ҳам қисир қолди. Дадам: “Энди бўлмади. Болаларим, оққа етамиз деб кўзларингиз оқараёзди, бу зормондани сўйиб жойига жой қиламиз”, дедилар. Эрта бозор деган куни уйимизга қассоб келди. Мол сўядиган киши жуда салобатли бўлади дердилар, унчалик эмаскан: қора тиринка яктакли, ҳаракатлари чаққонгина чол. Ўсиқ қошлари ва соқол-мўйлови оппоқ. Тўғри, кўзлари бир оз ола, яна шу ола жойига андак қон қуйилган. Мен у киши билан ҳайиқмасдан кўришдим. Ҳа-да, ҳеч қўрқадиган жойлари йўқ. Ўзлари ҳам жуда шўх эканлар, ҳар гапга бир кулдирадилар. Чой-нондан кейин дадам ғунажинни етаклаб келишга буюрдилар. Ўзлари бостирма остида кетмон билан чуқур қазишга киришдилар. Ўтпояга қараб кетдим. Йўл-йўлакай, бир пайтлар кўзимга балодек кўринган ғунажиннинг раҳмини еб борардим. Юрагим ачишиб, кўзларимдан ёш тўкилди. Жониворни етаклаб қайтганимда, қассоб бобо тўрт букланган шод хуржундан кир бир латта олиб, белларига осдилар. Бу халатлари бўлса керак. Кейин
икки-учта пичоқ олиб, қўрғошин рангидаги темирга “хиш-хиш этиб” қайрай бошладилар. Титроқ қўлларим билан ғунажиннинг ипини дадамга тутқаздиму, орқага чекиндим. Бостирма ёнидаги оғилда кўзларимни чирт юмиб қулоқ солиб турдим. Бир пайт қассоб бобомнинг “ҳаҳ” деганлари-ю, “гурс” этган овоз, яна бир оздан кейин қаттиқ хириллаш эшитилди. Увв! Этим увишиб кетди.
Оғилдан қўрқа-писа чиққанимда қассоб бобо гўштидан терисини айираётган эдилар. Негадир қўрқувларим аста-секин йўқолди.
— Бери кел, болам, — дедилар қассоб бобо, — ма, мана бу оёғини тутиб тур.
Шунда ҳам қўрқмадим. У кишига кўмаклашавердим. Дадам, ойим ҳам бизга ёрдамлашдилар. Қассоб бобо қаттиқ йўталиб, бир четга тупургач:
— Келин, иссиқ сув тайёрланг, — дедилар. Ойим: “хўп, мана… ҳозир”, деганларича ошхона томон кетдилар. Шу аснода дадам ҳам топшириқ олдилар.
— Тошвой, қонни сингдиришга бир оз латта, ичак-човоққа тоғора келтирсангиз.
— Хўп, хўп!
Қассоб бобо атрофга бир қараб олдиларда қуймичга пичоқ солдилар. Қўйнинг калласидек гўшт кесиб олиб яқингинадаги хуржунларининг очиқ турган кўзига итқитдилар.
Ҳайрон бўлиб қарадим.
— Ҳайрон бўлманг, болам, чап биқинида ҳаром мағзи бўлади, шуни итимга кесиб олдим.
— Итингиз борми, бобо?
— Ҳа, болам, итим бор. Отими, оти Кўктой!
— Номи яхши экан, зўрдир-а?
Қассоб бобо итларини мақтай-мақтай гардандан, шонадан, яна бир-икки ердан “ҳаром жой”ларини олиб хуржунга ташладилар. Дадам билан ойим иссиқ сув ва латта олиб келишди. Қассоб бобо негадир энди “ҳаром жойни” топа олмай қолдилар. Бирпасда гўшт уч бўлакка ажратилиб, айвон шифтига қоқилган илгакка осилди. Қассоб бобо: “Мана бу, қўшнимиз — Ҳамробойга” деб икки килоча гўштни алоҳида матога ўрадилар. Қон чуқуридан алланималарни пичоқ учи билан олдилар. Кейин ичак-човоқлар билан ўрарканлар: “Мана булар итимизга”, дедилар. Ҳаммаси хуржунга жойлаштирилди. Қарасам, менинг шу ерларда ивирсиб юрган Олапаримга ҳеч нарса қолмайдиган.
— Қассоб бобо, “ҳаром жойлардан” менинг итимга ҳам кесиб беринг, ҳай…
— Оббо, болам-эй, болам, — дедилар қассоб бобо, бир дадамга, бир ойимга қараб — сенинг итинг анави чуқурдаги қондан ҳам бемалол тўяди.
Ҳеч нима демадим. Сўнг ўйлаб кетдим. Қассобларнинг итига мазза-да, емиши фақат гўшт. Менинг Олапаримга шунча гўшт бўлса борми? Э-ҳа…
Қассоб бобо икки кўзи тўлган хуржунни дадам ечиб келган эшаги устига ташлаётиб, тайинладилар:
— Гўштни ларёкка топшириб пуллаб олгач, эртага ўғилчани юборинг, қўшнидан гўштнинг пулини олиб бераман.
Икки кундан кейин қассоб бобоникига бордим. Тўғриси, пулдан ҳам кўпроқ Кўктойни кўриш орзусида эдим. Ташқари ҳовлига киришим билан айвон остида тумшуғини олдинги оёқларига тираб ётган, бир қулоғи кесилган итга кўзим тушди. Қизиқ, менинг келганимни ҳам сезмади-э. Ичкаридан атлас кўйлак кийган семизгина бир жувон чиқди. (Қассоб бобонинг қизлари деган эдим, кейин билсам, хотинлари экан). У қўлидаги товоққа солинган суякларни ит олдига келтириб тўкди-ю, менга эътибор ҳам бермасдан ичкарига кириб кетди. Ит суяк ғажишга тушди. Шунда Кўктойни кўрдим. Бу ит эмас… Агар шу ит бўлса менинг Олапаримни шер деса бўлади. Қорни ичига ботиб кетган, жунлари ифлос, қовурғалари билиниб турибди. Шу ҳам ит бўлдими?.. Йўқ, бу ит эмас, анчайин бир кучук… Э, тўхта, кеча қассоб бобо мол сўйганларида “ҳаром жойи” деб олган гўштларида сира суяк йўқ эди-ку… Эссиз гўшт, эссиз гўшт! Агар шунча гўшт менинг Олапаримга бўлса эди… Эҳ-а!..
Ичкари дарвозадан икки қадам юриб овоз бердим:
— Ҳо, қассоб бобо!