Назокат Азим. Тенгсизлик (ҳикоя)

Тенгсизлик” билишимча, Назокатхоннинг дастлабки  машқларидан. Лекин бундан бехабар одам уни бемалол  насрда анча-мунча қўли келиб қолган муаллифнинг асари дейиши мумкин. Демак, аслида қизимизнинг зуваласида ёзувчилик иштиёқи бўлган-у, китобни кўп ўқиб, ҳаётнинг паст-баландини кўп кўргачгина юзага чиққан:ёзмасанг бўлмайди!
Менга ҳикоядаги замон манзараларига тийрак, шўх назар билан қараш, баъзи ижодкорларга хос бўлган сийқаликлардан дадил қочиш, тасвирдаги нозиклик (ўзиям Назокат-да!) хислатлари маъқул кўринди.
Назокат ёзувчи экан! Яхши адиба бўлиб етишсин!

Эркин Аъзам

1

Мен ўсиб-унган “маҳалла” баланд ва ҳашаматли эди. Мантиқозонни эслатувчи “маҳалла”миз ўн икки қаватли, минорасимон бино бўлиб, унинг ҳар бир қавати улкан қасқонга ўхшарди. “Қасқон”да  доира бўйлаб жойлашган хонадонларни эса ширин, тузсиз, аччиқ, катта, кичик, думбали, ёғсиз, кўкатли мантиларга қиёсласа бўларди.
Биномизнинг қулф-калит нималигини билмаган яккаю ягона дарвозаси тўқсон олти хонадонга кириб-чиқувчиларга доимо очиқ эди. Кимдир дарвоза табақаларини тепиб ўтар, кимдир эҳтиёткорлик билан очар, кимдир бу дарвозага парво ҳам қилмас, кимдир уни ҳатто жўнгина қилиб, “эшик” деб ҳам атарди.   
Иккита музқаймоқни лаззатнинг чўққиси деб биладиган, бир куннинг ўзида ҳам тсиркка, ҳам ҳайвонот боғига боришни буюк бахт, деб ўйлайдиган ажойиб бир даврларда юксакликка ошно ёш қалбларимиз, бир қарашда, оддийгина бўлган эшикка нисбатан “дарвоза”дан ўзга сўз қўллашимизга йўл қўймасди.
Ўша даврларда дарвозамиз ва унинг атрофи  “ҳақиқат кўзгуси” вазифасини ўтарди. Формула, тенглама, шиор, қарғиш, сўкиш шаклида муҳаббат, рашк, нафрат каби туйғулар битилган ёзувлар  саккиз ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган маҳалла аҳлининг қадр-қимматини белгилар, хаёлда ёки ҳақиқатан шаклланган муносабатларни элу халққа намоён қиларди. Ҳарф таниганимдан бери камолот сари интилувчи ёш жамоанинг энг инобатли фикрлари битилган мазкур оммавий ахборот воситасини мунтазам равишда кузатиб борарардим. Ўлсам ҳам биров олдида тан олмайдиган зўр ҳаяжон билан аввал ўз номимни, сўнгра мундайроқ ҳис-туйғулар оғушида яқинларимнинг исмларини  қидирардим-да, сўнг лоқайдлик ичра бошқа, менга умуман боғлиқ бўлмаган ёзувларни ўқишга киришардим. Бундай номаларнинг энг кўп  нусхага кўчирил¬ганларидан бири — “М + З = С” тенгламаси нафақат дарвоза олди-орқасини, балки бешинчи қаватимиздан то саккизинчи қаватга элтувчи зиналар атрофини ҳам кўркамлаштирган эди.
Биласиз,  кўп қаватли уйларда қўшнилар зинахона¬ларга бўлиниб кирди-чиқди қилишади, аммо бизда қўшничилик ишлари қаватларга ажралиб амалга ошириларди. Юқорида келтирилган тенглама эса бешинчи қават билан саккизинчи қаватни қўшничилик доираларидан чиқувчи муносабатлар билан  боғлаб турарди.
Аммо, келинг, бир бошдан…
Ифоданинг биринчи қўшилувчиси Моҳидил  билан битта қаватда турардик.  Уйларимизнинг эшиги ёнма-ён бўлгани етмагандек, яна  икки оиладаги кир ювиш тадбирларидан кейин тоғораларда пайдо бўлувчи бужмайган кийим-кечаклар ҳам махсус умумий айвончага осиларди. Онам кир осганларида этакларига ўралашиб юрадиган чоғларимдаёқ Моҳидилни кўриб қолсам, бўлди, жанжал-тўполон билан унга ёпишиб олардим.  Унча-мунча дарсларини акам ё опамга бажартиргани уйимизга кирганида ҳам, ойиси чиқиб олиб кетмагунча, уни қўйиб юбормасдим.
Ўзим ҳам бир неча баробар ортиғи билан уларникига жавоб ташрифлари буюришни ёдимдан чиқармасдим. Чунки, биринчидан, Моҳидилнинг ака-сингиллари бўлмаганлиги учун, фақат ўзига тегишли алоҳида хонада кечадиган  ўйин-кулгуларимиз тартиб, вақт каби шарт-шароитлар билан чегараланмасди. Иккинчидан, ота-онам мактабга чиққанимдан кейин, битта-яримта бошқотирма ўйинлардан ташқари ҳеч қандай ўйинчоқлар билан мени сийламай, китобни эрмак қилишимга имконият яратишгани сабаб, Моҳидилнинг юмшоқ-қаттиқ жониворлар, ухлайдиган, гапирадиган, сув ичадиган қўғирчоқлари; уларнинг уйлари, машиналари, гаражлари ва ҳоказолари билан лиқ тўла хонаси катталар орасидаги зерикарли ҳаётимга  ранг-баранглик киритарди.
Аммо, биласиз, ҳаёт лаззатлари ҳисоб-китобни яхши кўради. Толеимга Моҳидил билан дўст бўлиш ёзилган экан, дарров бу саодатим учун товон  тўлашимга тўғри келди. Кўча-кўйда ҳам, уйида ҳам меҳмонга шайланган қизалоқдек ясаниб, кўйлакларига мос сочбоғлардан тақиб юрадиган Моҳидилга бўлган содиқлигим орқасидан, менга бахтиёр ёшлигимнинг энг қора доғларидан бири бўлмиш, ҳатто ҳозиргача дилимни тилка-пора қилувчи лақаб тақилган эди: Зулик-хуник, Зулик-хуник!..
Шундай қилиб, мазкур лақаб эгаси “М”нинг юқорими, пасткими кўрсаткичи ҳисобланарди, холос.
Тенгламанинг иккинчи қўшилувчиси эса саккизинчи қаватда яшовчи Гуля опанинг ўғли Зикир эди.
Ўғли  Зикирни кийимларига монанд ширинсухан ва сертабассум Моҳишга қўшиб қўядиган Гуля опа, мени унча хушламасди.  Зикирнинг қўлига пул тутқазиб, “ўзинг якка борма, Моҳишка билан музқаймоқ еб келинглар”, дея уларни қўл ушлатиб дўконга жўна¬тишлари менинг ҳасадимни келтирар эди. Шўхликни ҳаддан ташқари ошириб юборган чоғларимизда Моҳидилни олдига чақириб, “кийимларингни қара, шу иш сенга ярашадими?” дея дугонамнинг бошини силашлари, менга эса қовоғини солиб, “Зулхумор, уйингга бор. Ювиниб чиқ!” деб турткилашлари  жаҳлимни чиқарарди.  
Аммо мен нафақат Моҳидил ўйлаб топган ўйинларда, балки Гуля опа томонидан ташкил этиладиган музқаймоқ ейиш шодиёналарида ҳам фаол иштирок этишни канда қилмасдим. Битта майизни қирқ киши бўлишиб еганини муболаға дегувчилар, билингки, икки болакайнинг битта музқаймоқни паққос туширишида ҳам ҳикмат кўп. Чунки шахсий кузатувларимга қараганда, кимдир тезда оғизга солинмаса, эриб адо бўлувчи мана шу бахтни қўлида маҳкам ушлаганча ейди, кимдир аҳён-аҳёнда  ялайди…

2

Орамизда саккиз  йиллик фарқ бўлган опамга нисбатан  менга ёш жиҳатдан ҳам,  маънавий  жиҳатдан (яъни тантиқлик даражаси бўйича)   ҳам анча  яқин бўлган Моҳидилни аввал ойиси  опамга қўшиб мактабга юборарди, кейинчалик, опам мактабни битиргач,  мени Моҳидилнинг ўзи мактабга олиб борадиган бўлди.
Адашмасам, айни ўша пайтлардан бошлаб, саккизинчи қават саҳнида эшикларимизнинг очилишини кутиб турадиган Зикирнинг зиналарни дупурлатиб сакраб тушиши эшитиларди. Сўнг  у мактабга етгунимизча уч қаватга тенг масофанинг текисликдаги проекциясини сақлаган ҳолда  бизни  мактабгача кузатиб борарди.
Моҳидилдан икки синф пастда ўқиганлигим учун дарсларим эртароқ тугардию дугонамни кутиш баҳонаси билан мактаб ҳовлисида арқондан сакраш, чизиқда дикирлаш каби ўйинларни маромига етказиб турардим. Баъзан  бў ўйинларимизга Зикир ҳам қўшиларди. Қор-ёмғир туфайлими, попкамдаги битта-яримта “уч” туфайлими,  ўйинга ҳушим бўлмай турган пайтларда, Зикир ёнимга келиб мени гапга соларди. У билан суҳбатларимиз тахминан: “— Моҳидил қани? —Дарсда. —Уйга қачон кетасизлар? —Ишинг нима?” тарзида қисқа ва қўрсроқ шаклга эга бўлса-да, юқори  синфдаги бўйи узун, сочлари доимо теккис таралган, шериклари цингари елкасига ранг-баранг хуржун эмас, тўртбурчак портфел осиб юрувчи хушрўй боланинг айнан мен билан гаплашиши синфдошларим ўртасида ўзгача ҳурмат қозонишим учун етарли эди.
Каттароқ синфларга ўтганимизда Моҳидил мусиқа оҳангига унча-мунча қўл қимирлатадиган қизлар қатори мактабимизда очилган рақс тўгарагига танлаб олинди. Уни энди машғулоти тугагунча кутадиган бўлдим.  Дугонам пойлайвериб зериккан итоатгўй кўзларимга раҳми келибми ёки қизларга хос сезгирлик билан шу атрофда ўралашиб юрган Зикирдан ҳар эҳтимолга қарши мени нарироқда тутиш учунми,  каминани ҳам таниш-билишчилик билан тўгаракка ёздириб қўйди-ю, мен бечоранинг ҳалиги лақабим ўз долзарблигини янги куч билан намоён қила бошлади: Зулик—хуник, Зулик-хуник!..   
Жисмоний тарбия дарсининг меъёрларини аранг “уч”га бажара оладиган “чаққонлигим” билан рақс ҳаракатларини бетиним бузишим орқасидан эшитмаган даккиларим қолмаганига қарамай, икки йил ичида тўгарагимиз олди бўлмиш тўртта раққосанинг бирига айландим, Моҳидил эса ҳамма одобли қизлар юбка кийганда “мини”да, ҳамма шимга ўтганда “шортик”да юрувчи, “гап-сўз” деган балоларни писанд қилмайдиган жасур қиз бўлиб етишди.      
Орада Моҳидилнинг отаси оиласини ташлаб, бошқа аёлга уйланди, мен эса келин ва куёвларга эга бўлган ҳурматли оиланинг кенжатойи сифатида “бир оз эрка бўлса ҳам, яхши қиз” деган янги мақомни олдим.
Моҳидил мактабни битириб, санъат инсти¬тутигами, маданият университетигами ҳужжатларини топширди. Унинг ижодий имтиҳонларнинг ўзидаёқ йиқилгани оиламизда ҳар томонлама ўрганилганидан сўнг, менга махсус ўқитувчилар ёлланадиган бўлди, янги кийим-кечаклару ортиқча театр-киноларга қўшиб, рақсга ўхшаш “бекорчилик”ларим ҳам таг-туги билан кесиб ташланди.
Кейинги бир йил ичида опамни эрга беришимиз, акамнинг уйлантирилиши билан боғлиқ ташвишлар; менинг ўқишга муккасидан кетишим Моҳидил билан алоқаларимизнинг сусайишига олиб келмаган бўлса ҳам, ҳар қалай, кейинги ривожига тўсқинлик қилди.   

3

Шундай бўлишига қарамай, бир куни Моҳидил уйимизга бир сават олма кўтарганча кириб келди. Ҳамжиҳатлик билан икковлон мураббо  тайёрлашга киришдик.
Мен ювиб бераётган олмаларни чаққонликча пўстидан халос этаркан Моҳидил мақсадга кўчди:
— Зулхумор, бугун-эрта  бирор иш-пишинг борми?  
Моҳишнинг сўзларни жуфт-жуфт қилиб гапириш одатига тақлидан:
— Олма-полма олиб келмаганингда ҳеч нарса билан шуғулланмаган бўлардим, — дедим. Дедим-у, кеча домлам эртагача ечишни буюриб кетган олтита масала каби “ҳеч нарса”лар ёдимга тушди.
— Битта иш бор эди, — деди у. — Ҳам дам олиб келамиз, ҳам оз-моз пулли бўлиб олардик.
— Зўр-у! Шунақаси ҳам бўларканми? — дея қўлимни сочиққа  артганча Моҳишга тикилдим.
Моҳидил эса спиралсимон ленталарга айланган олма пўчоқларидан кўзини узмай юрагини ёрди:
— Сенга айтмоқчи эмасдим… Аммо иложим йўқ. Мен бир-иккита қизлар билан рақс дастаси тузганман… Уч-тўрт ойдан бери ресторан-песторанларда рақс тушяпмиз. Ўқиш-пўқишга киришга ҳали вақт бор, бир нарса билан шуғулланиш керак-ку! Аксига олиб, бугун битта шеригимиз касал бўлиб қолибди… Ёрдам-пордам бермасанг бўлмайди.  
Менинг ҳайратим янаям ошди. Вой, Моҳидил-эй!  Зўр дугонам бор-да!.. Аммо нима учун шу пайтгача бундай муҳим нарсалардан хабарим йўқлиги бирдан хаёлимдан ўтди-ю, ичимдан отилиб чиқаётган завқни бекитиш учун қовоғимни солиб олдим.
— Мен бора олмасам керак, — дедим, унинг қизиқарли ҳаётига ҳавасим келса ҳам ясама беҳафсалалик билан. — Бизникиларни биласан…
— Биламан. Аммо зўр буюртма эди-да… Битта бойваччанинг Чорвоқдаги далаҳовлисига боришимиз керак. Икки соатда бўшаймиз. Кейин ўзимиз ҳам чўмилиб-пўмилиб қайтамиз. Ҳар биримизга эллик доллалардан тўларкан. Ўзинг ўйлаб кўр! Бу унақа-бунақа пулмас. Ҳар доим ҳам шунча тўлашавермайди.
Бунча пулни ҳатто қўлимга ҳам ушламаганлигимдан довдираб:
— Ярим йилдан бери рақс билан шуғулланмаяпман, чиқиб қолган бўлсам керак, — дедим иккиланиб.
— Қўйсанг-чи, Зулхумор, рақс ҳам велосипеддек гап, бир марта ўрганган одам…
— Ойимга нима деймиз?
— Бизнинг дача-пачамизга кетяпмиз деймиз-қўямиз.
— Сени ойингдан сўрасалар-чи?
— Улар касалхонадалар. Келганларида ҳақиқатдан ҳам дачага борган эдик, деб пишитиб-нетиб қўйсам бўлди, — деди Моҳидил.
У иккиланаётганимни кўриб, энг нозик жойимдан ушлади:
— Кийим-пийимларингга қара, опангнинг эски-тускисини кийиб юраверасанми?
— Сингилнинг фожеаси ҳам шу-да, — дерканман, икки йил бурун урф бўлган узун тумшуқли туфлимнинг йўлакда пойма-пой  мунғайиб туришига ўксиб қарадим. Лекин барибир кўнмадим, бошимни сарак-сарак қилганча, Моҳидилнинг гапларига ҳам, туфлимга ҳам бошқа аҳамият бермасликка ўзимча аҳд қилиб,  арчилган олмаларни тўғрашга киришдим.
Моҳидил ишини тўхтатиб, суянчиқсиз курсиларимиздан бирига ўтирди.  
— Зуля, илтимос, “йўқ”  демагин. Ўлай агар, бошқа иложим йўқ.   Ойим ўтган йилги опрециядан кейин ҳеч ўзларига келолмаяптилар. Ҳар ой касалхонадалар. Ҳозир шу буюртмадан қуруқ қолсам… — деркан, Моҳидилнинг кўзига ёш келди.
Эллик доллар… дарс ўрнига дам олиш… ўйин-кулги… яна бу ёшлар…  Ўлай агар, менинг кўнглим бўш эмас… Аммо ёшлигимизда сингиллари бор қизларга ҳаваси келиб,  ёғин-чочиндан кейинги сайрларимиздан сўнг “бўтиг”имдаги лойларни чўп билан тозалайдиган, ранг-тусимни бўғиб қўювчи опамдан қолган қора сурма ўрнига афт-ангоримга ярашувчи тўқ жигарранг қалам совға қилган, доимо мени нафосат сари ундовчи дугонамнинг менга зор бўлиб тикилган нигоҳига дош беролмадим. “Хўп, майли” дея иккита тасдиқ юкламасини бирдан қўллаб юборганимни ўзим ҳам сезмай қолдим.
Моҳидил сакраб ўрнидан турди-да, юзимдан чўппилатиб ўпди.
— Гап битта, — деди у. — Кечқурун бизникига чиқсанг, қизлар келишади, рақс-пақсларни озгина қайтариб олишинг керак. Костюм-постюмларни ҳам олиб келганман.  Ювиб, дазмоллаб қўямиз. Эрталабга тахт бўлиб турсанг, ўнларда жўнаймиз…
Сўнг олмаларни чаққонлик билан тўғраб катта тоғорамизга жойлай бошлади.
Банкаларга жойлаштирилган мураббони кўриб, пишган олмадек юмшаган ойимдан икки тўй хизматида ҳориган, яна репетиторларнинг  қўлига тушиб хўп азобларни бошидан кечираётган қизларининг бир кунгина дам олишига рухсат олиш анча осон кечди.

4

Йўловчиларнинг мавқеи уларнинг машинада эгаллаган ўринларидан билинади. Орқа ўриндиқнинг ўртасида, одатда, ёши кичик одам ўтиради — бу мен, албатта. Хореография билим юртини битиришганига қарамай, келажакда қўшиқчи бўлиш орзусида ёнаётган Фотима ва Зуҳралар икки тарафимдан жой олишган. Улар кечалари Моҳидилнинг дастасида пул ишлашаркан, кундузлари консерватория ўқитувчиларидан  таълим олиб, эстрада қўшиқчилиги факултетига кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўришар экан.   Моҳидил машина эгасига энг яқин одам сифатида ҳайдовчининг ёнидаги жойни эгаллаган. Ҳайдовчимиз эса  саккизинчи қаватда  яшайдиган қўшнимиз — Зикирвойнинг ўзлари.  Моҳидил эрталаб уни менга “дастамиз продюсери” деб ўзича бошқатдан таништирган бўлса-да, у шароитга қараб турлича вазифаларни бажараркан. Баъзида ҳозиргидай аравакашлик қилса, баъзан қўриқчи, баъзан хазиначи, баъзан маъмур, мижозлар бўйича директор каби катта-кичик мансаблардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга м
аъсул ходим сифатида қизларнинг оғирини енгил қилар экан.      
Бундан ташқари Зикир камгап Зуҳрага тегажоғлик қилиб, Моҳидилни ярим чин, ярим ҳазил рашкини келтириб ҳам турар экан.  
Зикир йўл бўйи Зуҳрага “Зуҳруша, битта ашула айтиб бер!”, “Зуҳратик, қўлингдан битта ушлай, кейин катта ашулачи бўлиб кетганингда “шу юлдузу Зуҳрони қўлидан ушлаганман” деб мақтаниб юраман” каби илтимослар қилар, Моҳидил эса унинг елкасию билагига тарсиллатиб-тарсилаттиб шапалоқлар туширарди. Зикир  тарсакилардан баттар қувониб кулар, “Зуҳа, бунга аҳамият берма. Моҳидил кеча мени мантига рашк қилган, ишонасанми? Мантинг ўзингданам ширин чиқибди, деганимга ҳам калтак еганман”, деб яна Зуҳрага гап отишни авжига чиқарарди.   Зуҳра эса унинг суюқ-қуюқ гапларига “хумпар”, “вой, хумпар”, “хумпар-эй!”, “ўл, хумпар” каби  қисқа ва лўнда жавоблар берарди.
Ҳар хил тузли-тузсиз гап-сўзлар билан Чорвоққа етиб келганимизда  қуёш тик  бўлганди. Зикир “иш юзасидан” бир кунга олинган дадасининг машинасини қирғоқ томонга эҳтиёткорлик билан буриб тўхтатди.
“Кимўзар”га сувомбор томон чопарканмиз, орқада кимдир қоқилиб  йиқилганини эшитдим. Қарасам — Моҳидил. Дугонам оёғини ушлаганча инграётган эди.  Энди унинг олдига бориб ёрдам бермоқчийдим, Фотима қўлимдан тортиб, мени олдинга судради-да, қулоғимга: “классик приёмлардан бирини маҳорат билан бажарди, қўявер”, деб шивирлаб, қиқирлаганча  мени сувга итариб  юборди. Қўққисдан сувга тушганимдан энтикиб, нафасимни аранг ростлагач, атрофга қарадим. Тоғлар, тепаликлар, баландликлар… Харсанг тошлар, шағал, қум… Сал нарироқда   эса Зикир… Зикирнинг қўлида Моҳидил… Моҳидилнинг  узун қора сочлари йигитнинг мушаклар ўйнаган елкасини силагандек енгил ҳилпирар — гўё икки ёшнинг туйғуларини биздан яширишга уринарди.
Ҳар баҳор ҳовлингиздаги ўрикнинг гуллаганини кўргансиз. Аммо “ажойиб кунларнинг бирида” килоси икки минг сўмлик мева соладиган дарахт кўнглингизга шундай ажиб илиқлик бахш этадики, унга маҳлиё бўлганча, қандайдир мўъжизага қарагандек тикилиб қоласиз! Мен ҳам шалаббоси чиққан кўйлагимни тартибга солишга уринарканман, Моҳидил билан Зикирдан кўзларимни узолмайман. Улар гўё бир тана бир жондек кетиб боришар, қийин масаланинг моҳиятига етиб, “севги” деб аталмиш мавҳум “икс”нинг қийматини ниҳоят топган ўқувчилардек бахтиёр эдилар.      
Уларнинг кайфиятлари опа-сингилларга ҳам ўтдими, ёки тоғнинг ҳавоси ҳаммамизга бирдек кўтаринкилик бахш этдими, билмайману, лекин Фотима ҳам уларга қараб:
— Мана буни қўшиқ деса бўлади… — деб қолди. — Шеър билан куй  бир-бирига мос келса…
Зуҳра ҳам опасининг гапини маъқуллади:
— Хумпарлар-эй…

5

Соат олтиларда машина атрофида сочилган ашқол-дашқолларимизни йиғиштиргач, атир-упа халталаримизни чиқариб бўянишни бошлаб юбордик. Упамни олиб энди юзимга суркашимни биламан, Фотима бир нима сурилган нам пахтани бурнимнинг тагига суққанча танбеҳ бера кетди:
— Фонограммага тушолмайдиган ҳаваскор бўлмай кет! Биринчи, мана бу билан эрталаб сурган бўёқларингни артиб ташла!  Тери ҳам дам олиши керак. Бунақа кетишда ўттиз ёшингда юзинг ажинга тўлади.
Қўлидан пахтани олиб артарканман:
— Нима бу ўзи, Фотима опа? — деб сўрадим.
Опа-сингил менга ҳайрон бўлиб тикилишди.
— Хумпармисан, нима бало? — деди Зуҳра биринчиликни қўлга олиб.
Фотима эса халтасидан мўралаб турган чиройликкина идишга ишора қилиб:
— Лосон, — деди.
Сўнг киприк ёпиштиришга киришаркан, менга “насиҳат” қила бошлади:
— Хали айтганларимиз эсингдан чиқмасин, мижознинг дарвозасидан киришимиз билан, мен Лорага, Зуҳра Норага, Моҳидил эса Камилага айланади.
— Энг асосийси, ўзингнинг отингни эсингда тутсанг бўлди. Тағин Карина деб чақирсак, ким экан деб анқайиб-панқайиб ўтирмагин, — деб шеригимизнинг гапини давом эттирди Моҳидил.
Сўнг  опа-сингиллар   орасида нимадан иш бошлашимни билмай турганимни кўриб,  мени ёнига ўтқазди-да: “кўзингни юмиб тур”, “гапирма”, “қошингни кер”, “лабингни тилинг билан ҳўлла”, “оз-моз оғзингни оч”  каби буйруқлар  билан ўн беш дақиқа ўтар-ўтмас ўн олти ёшлик жамолимни йигирма бешга тенглаштирди-қўйди.
Бўяш давомида ота-онам қўйган исмимнинг уларга нимаси ёқмаслигини изоҳлашга ҳам улгурди:
— Қоида шунақа.  Ресторанда ҳам,  клуб-млубларда ҳам ҳеч ким ҳақиқий исмларимизни билмайди. Бундан ташқари,  у ердагилар  бизни фақат бўянган, ясан-тусанган ҳолда кўришади…  Агар сени рақс шайдоларидан бирортаси кўча-кўйда таниб-нетиб қолгудай бўлса ҳам, — деди истеҳзо билан Моҳидил, — исмингни эслай олмайди, чунки исмлар ўхшаш: Камила-Карина, Лора-Нора…  Кейин “мени  кимдир билан адаштиряпсиз, шекилли” дейсан, айниқса, олдингда хижолат-сижолат бўладиган одаминг бўлса… Барибир раққоса, қўшиқчи-пўшиқчиларга муносабат яхши эмас. Бундай найрангларсиз бошинг балодан чиқмайди… Бўлди, Зулик-хуник! Бир тамоша қилинг-чи ўзингизни…   
Ойнага қарасам, ҳақиқатдан ҳам Зулик-хуник менга қараб турибди. Афт-ангоримнинг табиий ранги тугул, қовоғимни солсам ҳам, йиғласам ҳам юзимга ажабтовур хушчақчақлик бахш этиб турувчи сепкилларимдан ҳатто ном-нишон қолмабди. Қошларим куя суркалгандек қоп-қора. Киприкларимнинг нотабиий узунлиги, қовоқларимнинг жигаррангнинг уч хил тусида дўрдайиши унча-мунча китоб кўрган кўзларимни қандайдир бемаъно қилиб қўйгандек. Аввал қизил қалам билан янги шакл чизилиб, кейин бўялган лабларимнинг чўччайишини энди ҳақиқатдан ҳам лақабимдаги зулукка ўхшатса бўлади. Аччиғим чиқиб, ойнани Моҳидилга отиб юбордим:
— Моҳиш, тентакмисан? Нима қилганинг бу? Ғирт анундақа қизларга ўхшаб қолибман-ку!
Моҳидил  отилган ойнани чаққонлик билан тутиб олди.
— Ўзинг тентаксан. Нима, соп-содда кўзлариму онаси ўпмаган лабларим билан Моҳиш саҳнага чиқариб қўяди, деб ўйладингми? — деди у менга синчковлик билан қараркан. — Учрашувга кетмаяпсан, билиб қўй! Мақсад — саҳнада чиройли кўриниш, қолгани билан  иш-пишинг бўлмасин.
Атрофимда  ўтирган Фотима-Зуҳралар ҳам парвойи фалак мени томоша қилишаркан, каттаси  ярим ҳазил, ярим чин макияжимга баҳо берди:
— Зуля, санъат музейига бормаганмисан? Ўзингга энг ёқадиган расмнинг яқинига бориб қарасанг, суратлар  алқаш-чулқаш бўлиб кетади, узоқроққа ўтиб томоша қилсанг, улар яна ўзига келади. Сен ҳам ҳозир ўшанақа расмдексан.
Унинг эътирозларга ўрин қолдирмайдиган тушунтиришидан сўнг, Зуҳранинг “Мана шунақа, хумпарлар …” деб бошланган гапини эшитгим ҳам келмади. Мендек “санъат асари”ни яратган “муаллифим”га ўқрайишдан ортиқ ҳунарим ўтмаслигини тушуниб, машинадаги жойимни эгалладим.

6

Баланд деворлар билан ўралган каттагина ҳовлига кирамиз.
Бирдан бошланғич синфдаги устозим қўлимизга олишни ҳам қатъиян маън этган “Диктантлар тўплами”ни ўғринча очиб ўқиётганимдаги ҳаяжон ва  саросима мени чулғади.
Атрофга қарайман. Кираверишда бирор геометрик шаклдан кўра кўпроқ лотинча “С” ҳарфини эслатувчи саёзгина ҳовуз.  Тубидаги тошларга бойланган нилуфар гулларини масхаралаётгандек жипирлаган балиқчаларнинг ўйноқлаши сув бетидаги сокинликка путур етказолмагандек, бизнинг бу ерларда дикирлаб пайдо бўлишимиз ҳам на бировни саросамага солади, на тинчини бузади. Ялангни гўё тартибсиз равишда бир неча қисмга бўлган бир қанча тош йўлкачалар ҳовли ўртасига солинган уч қаватли қасрчага олиб бораркан, ердан бир қарич кўтарилган фонусларни гоҳ айланиб ўтади, гоҳ тўқнаш келиб иккига ажралади. Ерга ётқизилган кўм-кўк чимнинг бир текисда ўрилган “олифта”лигини ҳисобга олмаса, бинонинг бор кўркини яширмаслик учун аҳён-аҳёнда экилган одам бўйидан пастроқ буталар, шохлари тарвақайлаган баҳайбат гуллар, пакана арчалар, “катта” одамнинг камтар хизматкорлари каби боадаб. Йўлакчаларнинг у ён-бу ёнидаги бўйи мана шу арчалардан паст бўлмаган хумлар ҳам қориндор бўлишларига қ
арамай, баъзилари дарз кетганлиги, баъзилари эса рангларининг ўчиқлиги орқасидан камсуқумликда юқоридагилар билан баҳслашади.  
Зикир кўриниши билан бизни ичкарига киритган, юзларига мўмин-қобиллик ярашмаган икки йигитдан бири йўл бошлаб, ҳаммамизни қасрча ичидаги эллик беш ёшлар чамасидаги аёлга топширди. Аёл эътирозларимизга аҳамият бермай йигитнинг қўлидан юкларимизни бир қисмини юлқиб олди-да, татарча чаққонлик билан иккинчи қаватга қараб кетди. Ҳаммамиз унинг орқасидан ўзимизни зинага урдик. Моҳидил тепада аёлга етиб олгач, бизга иккинчи қават ноқулайлигини, ҳар битта рақсга алоҳида кийиниб чиқишимиз учун хонамиз иложи борича саҳнага яқин бўлиши кераклигини тушунтираркан, мен панжарага осилиб пастдаги каттагина меҳмонхонани томоша қилишга тушдим.  Чап томондаги кичкина сунъий шаршаранинг атрофини ўраб, хонани шартли равишда иккига бўлган оқиш диван-креслолару худди шу рангдаги пахмоқ гиламдан бўлак замонавий жиҳозлардан холи бу хонада кўргазма уюштирилгандек эди. Бу ерда ҳам ҳовлидаги цингари эски хумлардан бир нечтаси ўз одмилиги билан гердаярди. Девордаги токчаларга, ч
ҳетроқдаги узун-қисқа курсию столчаларга терилган турли ҳил ҳайкалчалар, қанақадир қадимги идиш-товоқлар, мис патнислар, лаганлар, қумғон ва кўзаларга тушган кўзим қайси бирига диққат қилишини билмай сарсон эди.
— Яна бир қоида, — деди Моҳидил мени пастга судрар экан, —  мижозларнинг нарса-парсаларига анқаймаслик керак.
Хола эса энди узр сўрай бошлади:
— Вой, мен ўлмасам, сизларни хўжайиннинг меҳмонлари деб ўйлабман, ҳозир сизларбоп жой ҳозирлайман, — деганича, яна ўша чаққонлик билан биринчи қаватдаги хоналарнинг бирига равона бўлди.
Бизга ажратилган хонага кириб, кийимларимизни алмаштирарканмиз, қора ойнали деразадан ташқарига мўралаб, рақсга тушишимиз керак бўлган жойни чамалашга киришдик. Қасрнинг биз ҳали ўтмаган орқа тарафидаги ҳовлидан беш-олти қарич тепароқ қилиб кўтарилган, диаметри беш-олти метрли рақс майдончаси деразадан кўриниб турарди. Майдонча билан каттакон тўртбурчак чўмилиш ҳавзаси орасига қўйилган думалоқ стол атрофида ўнтача эркак базму-сафо қилишарди.  
Семиз, озғин, пакана, новча, келишган, хунук одамларни ўз атрофига йиққан дастурхон турли хил таомлару ичимликлар билан лиммо-лим. Дастурхоннинг бўшаб қолишидан  қўрққандек стол атрофида айланиб юрган икки йигитча дамба-дам ликопларни алмаштириб туриш, қадаҳларни тўлдириш билан овора эдилар. Тўлдирилиши заҳоти оҳанрабо каби бир-бирига урилувчи қадаҳлар зарбидан ҳосил бўлган “столнинг тортишиш кучи” “рақс шайдолари”ни дастурхондан бир қадам ҳам нари жилдирмасди.

7  

Ярим соатдан кейин дастуримизни бошлаб юбордик. Аввал Моҳидилнинг ўзи чиқиб “Настарин”га тушди, кейин биз докапарангларимизни силкитганча, секин унга қўшилдик. Босиқроқ ўйинлардан бошланган номерларимиз, аввал Хоразм рақсига алмашди, кейин лўличасига оғишди. Стол атрофидагиларнинг баъзилари курсиларини саҳнага қаратиб ўтириб олишди, баъзилари туриб томоша қилишга киришишди. Улар ора-сирада пул узатишар, қизлар чаққон ҳаракатлар билан бармоқларининг учида беш юзталик, мингталик қоғозларни суғуриб олишарди. Эгизаклар бир-икки марта столни айланиб, пул чиқариш нияти бўлмаганларни ҳам “соғиб” келишди.
Навбатдаги рақсга Моҳидил иккаламиз либосхонамизда тайёргарлик кўрарканмиз, шеригим опа-сингилларнинг ликиллашини кузата туриб, менга пўписа қилди:
— Стол-пстолнинг олдига умуман яқинлашма, эшитдингми? Сен ўзингни қанақа тутишни билмайсан. Тағин қовун-повун тушириб юрмагин!
Мен испанча юбканинг этакларига ўралашиб, ўзимни тартибга соларканман:
— Кўзим учиб тургани йўқ ҳалиям. Аммо ҳов анови семизни кўрдингми? Ўйин тугаши билан орқамдан ёпишиб, столга таклиф қиляпти, — дедим.
— Бунақа пайтда уларга терс гапириб-нетиб бўлмайди. Ҳаммаси ичиб олган. Семизингга “хўп, яна бир соатлик дастуримиз бор, кейин гаплашамиз”, дегин.
Мен унга ҳайрон бўлиб қарайман.
— Анқайма, кийин тезроқ. Иккита рақсимиз қолди. Ўйнаймизу, орқа-порқароқдаги эшикдан  секин жўнаб қоламиз…   
— Унақа десам, — дейман ташвишланиб, — яна бир соат рақсга тушмагунимизча пул беришмаса-чи?
— Сиз хавотир олмай қўя қолинг энди! Пул-муллар ҳали киришимиз билан олиб бўлинган. Олдиндан тўламаса, биров рақсга тушармиди? Ҳаммасини олганмиз, даврада тушган пул-мулларни ҳали қайтаётганимизда биргалашиб машинада бўлишамиз.   
Охирги рақсни тугатиб, ҳаммамиз хонанинг ўртасидаги катта катга уюлган кийимлар орасидан футболкаю жинсиларимизни топиб киярканмиз, Моҳиш энди эгизакларни шошилтиришга киришди:
— Тез-тез бўлинглар, қизлар! Жуфтакни ростлаш керак. Ановилар, — деди у столдагиларга ишора қилиб, —  қоппа-қотиб қолибди.
Сумкасига костюмларни шошилмай тахлаётган Фотима, ҳар доимгидек синглиси иккиси номидан гапира бошлади:
— Зикир “хўжайиннинг шахсий студияси бор экан”, деяпти. Кейинчалик клипимизни ёзишга ёрдами тегиши мумкин эмиш. Бугун қолишсин, гаплашиб оламиз, деганмиш. Кейин яна рақсга тушсак, пулни икки баравар қилиб беришаркан. Зикир келишиб қўйибди. Биз қолсак керак.
Моҳидил икки муштини оғзига тираганча Фотиманинг гапларини эшитаркан, тобора бўшашиб бораётган бармоқларини ёйиб, юзини ишқалади. Юзидаги бўёқлар бир-бирига чапланиб, энди ҳақиқатдан ҳам дугонамнинг санъат музейидаги расмлардан фарқи қолмади.  Хаёлга ботгандай секингина деразанинг олдига бориб, бир оз ташқарига аланглагач, “кўринмаяпти бу ёқда”, деди-да диваннинг бир чеккасига ўтирди. Бир оздан сўнг мени “продюсер”имизни чақириб келишга жўнатди.
Ташқарига чиқишим билан ҳалиги семиз кишига дуч келдим. Пойлаб турганми, нима бало?
— Карина, Карина, девочка нимфетка…, мармеладка.., конфетка,  — дея хиргойи қилганича, у мен томонга кела бошлади. — Вай-бў, исмингиз ҳам жисмингизга мос экан.  
У менга паншахадек қўлини чўзди. Менга тобора яқинлашаётган дўрсиллама панжаларга кимёвий реактивларга қарагандек, бир оз ҳайро-о-о-н бўлиб қарадим-да, дарров юзимга кимё ўқитувчимизда синаб кўрилган “бечора қиз” (бунда лаблар бир оз тепага кўтарилади, қовоқлар очилади, кўзлар иложи борича катталаштирилиб, уларда илтижо аралаш ҳурмат акс эттирилади, киприклар эса мусичанинг қанотларидек титрашга тушади)  ифодасини бердим.
— Зикир акамни кўрмадингизми? — дедим сўнг маъюсгина.
Н2Одан бошқа нарсани билмайдиган бошимни “уч”ли аттестат балосидан сақлаб қолган жонсарак нигоҳиму ўтсиз овозим “семиз”нинг ҳам чўғини анча сусайтирди чоғи, у “ҳозир топамиз, ҳозир топамиз…”  дея лапанглаганча қаергадир йўқ бўлди. Мен эса қасрча деворларини йўлак билан бирлаштирувчи бостирма тагига ўзимни олдим.
Шу пайт дастурхон ва дастурхон атрофидагиларга хизмат қилиб юрган “сунъий йўлдошлар” ўтиб кетишаркан, уларнинг гаплари қулоғимга чалиниб қолди:
— …  устидан ҳамма машмаша, — деди улардан бири патнисини чертаркан.
— Ўзиям свежий экан-да! — маъқуллади шериги.     
Уларнинг орқасидан “семиз” ҳам Зикирни елкасидан қучганча қайтиб келди.
— Братишка, бугун қолмасаларинг бўлмайди. Вай-бў, мазза-ку! – деди семиз киши иршайганча.
— Ака, гаплашиб кўраман, — деб жавоб берди Зикир каловланиб.
Менга кўзи тушиши билан  “ичкарига кир” дегандек ишора қилди-да:
— Айтинг, хўжайин хафа бўлмасинлар… Насиб қилса, бошқа сафар.., — дея “музокара”ни давом эттирди.    

8

Зикир кириши билан Моҳидил эшикни тарсиллатганча ёпди-да, уни кўкрагидан  итариб диванга ўтқизди.
— Менга қара, Зикир, ҳозиргина менга “хўжайин” маданият институтининг проректори-мроректорими экан, ўқиш-пўқишга жойлаштириб қўйиши мумкин экан, деяётган эдинг-ку, энди медиа магнатга айланибди-да? Йўқ дедим, шекилли, эшитмадингми? Қизларнинг бошини нега қотиряпсан?
— Моҳиш, сен қолгинг келмаса олиб бориб қўяман, гап йўқ. Қизлар қолишади. Ҳеч ким зўрлаётгани йўқ. Ким хоҳласа қолади. Пулини ҳам двойной беришади. Нимаси ёмон?
— Моҳиш-поҳишлама, бу ерда. Ўзингни гўлликка ҳам солма. Мен мана бу иккитасига ўхшаган аҳмоқ эмасман. Ҳали хола биз билан адаштирган қизлар келмади. Бизни ўшаларнинг ўрнини босишга чақиришяпти. Балки сенга ҳам қўшиб-пўшиб берамиз, дейишгандир? Қўшмачилигинг учун, а?
Зикир бошини ҳовучлаб бир пас индамай ўтирди-да, кейин тилга кирди:
— Моҳиш, қўйишмаяпти, мен ҳам нима қилай? Дарвозани ёпиб қўямиз дейишяпти. Бир кун минг кун эмас-ку? Пулини ҳам берамиз…
Моҳидил яна тутоқди:
— Бўлди қил. Пулинг ҳам, ўзинг ҳам… — Кейин ҳозир Зикир билан пачакилашишнинг мавриди эмаслигини тушунди шекилли, ҳовурини маъданли сув билан ўчириб, сўради: — Иккаласи қолса уларга етарканми?
Бу гаплардан кейин Фотима ялингансимон оҳангда:
— Вой, биз қолмаймиз, Моҳиш. Мен ахмоқ буларни бошқача тушунибман, — дея кийимларини кўрилмаган чаққонлик билан йиғиштиришга киришди. — Зикирнинг нотани бузиб ашула айтиши хаёлимга келмабди.
Зуҳра эса:
— Хумпар, барибир хумпар экан! — деб, эгнидаги рақс кўйлагини йиртгандек ечиб ташлади.
Моҳидил уларга аҳамият бермасдан Зикирга қаради. Зикир пийпаланиб:
— Ҳа, бўлади, шунга ҳам хурсанд бўлишади, — деди
— Бўлмаса, бунақа, ҳозир чиқасан-да, иккитаси қоларкан, қолганларини шаҳарга элтиб-нетиб қўйишим керак, дейсан. Тушундингми? Кейин машинани тайёрлаб турсанг, биз чиқамиз. Булар ҳам бизни кузата-пузатаётган одамдек ташқарига чиқишади. Ҳаммамиз тез машинага ўтириб олганимиздан кейин, газни босасан.

9

Режа ўхшади. Моҳидил иккаламиз орқа ўриндиққа жойлашганимизданоқ, эшикни ёпмасимиздан эгизакларнинг бири олдинга, иккинчиси орқа ўриндиққа сакраб ўтиришди-да, дарвоза ёнидаги сархуш йигитларнинг ҳуштакларию қийқириқлари остида жилидик. Катта кўчага чиқиб, энди нафасимизни ростлаётган эдик, орқадан машиналарнинг тўхтовсиз сигнали эшитилди. Моҳидил бизларни итариб тиззаси билан ўриндиққа тескари ўтираркан, иккита машина изимиздан тушганлигидан хабар берди. “Мерс”, деб қўйди  Зикир.  Барчамизнинг “газни бос, тезроқ, етиб олишади” каби бақир-чақирларимиз остида Зикир бор ҳайдовчилик уқувини ишга солса ҳам, ўн дақиқа ўтар-ўтмас, орқадаги машиналардан бири олдимизга чиқиб олди. Икки “немис”нинг  ўртасида қолган ўзбек уловимизни  тўхтатишдан бошқа чора қолмади.
Мен машинамизни ўраб олган йигитларнинг важоҳатларидан қўрққанимданми, жаҳл устидами “инсон ҳуқуқлари”, “конституция”, “қонун олдида жавоб беришади” дея валдирай бошлаган эдим, Моҳидил тирсаги билан белимга бир туширди-да:
— Ўчир. Одамга ўхшасанг-чи! Башаранг-машарангни ёриб қўйишмасин тағин. “Семизинг”нинг важоҳатини кўрмаяпсанми?  Ҳеч ким машинадан чиқмасин! Ҳозир ўзим гаплашаман улар билан, — деганича ўрнидан қўзғалди.  
Машинадан тушиши билан уни ўраб олган йигитлар билан бир нарсаларни гаплашгач, икки дақиқа ўтар-ўтмас олдимизга қайтиб келган Моҳидил бизга қарамай  Зикирдан:
— Пул-муллар қани? — деб сўради.
Зикир ёнидаги ўриндиққа ишора қилиб:
— Жойида, — деди.  
Фотима машинадан ташқарига чиқмай, қўл тормози устидан  ҳатлаб орқага ўтиб олди. Моҳидил ўриндиқни кўтариб пийпаланаркан, икки соат олдин стол атрофида бизларни табассум билан олқишлаган кишилардан иккитаси ҳайдовчи томондаги эшикни очишди.
— Укам, ҳаммаси кўнади, деб қўювдинг-ку! Келишув нима бўлди? Қани, соққаларни буёққа чўз-чи! — деди бўйи пастроғи.  
Бўйи узуни жиртакироқ экан: ранги бўзарган, қўллари қалтираган Зикирни ёқасидан ушлаб машинадан ташқарига судради. Моҳидил қўлига бир ҳовуч пулни олиб, Фотиманинг “Борма! Қайт, Моҳиш, қайт!” дейишига қарамай, Зикирнинг кетидан югурди.
Зуҳра ҳам:
— Хумпар, бало борми у ёқда, — деганича қолди.
Шу пайт Моҳидилнинг ортидан сакраб машинадан чиқиб олганимни билмай қолдим. Нима бўлса ҳам лақабим бекорга қўйилмаган-да!
Аммо тушишим заҳоти яна ҳалиги семиз кишининг қўлига тушдим. Бу сафар у нам қўли билан билагимдан қаттиқ ушлади.
— Вай-бў! Каринахон! —деди мен кутмаган мулойимлик билан.
У ёқ-бу ёққа ўзимни ташлаганим билан унинг исканжасидан қутулиб бўлармиди?! Шимимнинг чўнтагига бир нарса солиб қўйганидан кейин, ўзи мени машинамизнинг ичига итариб ўтқазаркан:
— Яна келинглар, албатта, — деб қулоғимга шивирлади-да, машина эшигини ёпди.
Мен “семиз”нинг қулоғимга сал-пал тегиб кетган ҳўл лабларидан бир сескандиму, жунжикиб қалтирай бошладим. (Узр, қўрққанимдан бўлса керак, машинадаги шерикларимнинг на юз ифодаси, на ҳаракатлари эсимда. Ўша пайтда ё мен уларга аҳамият бермаганман, ё улар беозорлик бўйича қўзичоқ билан баҳслашишган, ё у ҳам, бу ҳам эмас: машина салони қоп-қоронғи бўлган). Фақат бир оздан сўнг Моҳидил югурганча келиб ўзининг эрталабки ўрнига эмас, бизнинг олдимизга ўтирганидан сўнг сал ўзимга келдим. Хурсанд бўлиб, унинг пинжига тиқилдим. Орқасидан  Зикир ҳам  шошилиб ўз жойига сакраб ўтирди. Таъқиб қилувчиларимиз йўлни бўшатишгач, Зикир машинасини илдамлатди.
Машина кеча қаърига киргани етмагандек, яна узоқ вақт сукунат ичига ғарқ бўлгандек эди. Тўрт киши сиқилиб анча жойгача бориб қолганимиздан сўнг, охири тинчликни Зикир бузди:
— Моҳиш, машинани тўхтатайми? Олдинга ўтириб оласан.
Моҳидил индамай мени қучоқлади. Фотима бир Зикирга, бир Моҳидилга қаради-да,  “ўлсак ҳам мусиқа билан ўлайлик” дея ҳали келган йўлидан қайтиб, олдинги жойига ўтиб олгач, магнитафонни ёқиб юборди.
“Хип-хоп” оҳанглари остида шаҳарнинг яқинлагидан дарак берувчи иссиқ шамолга юзимни тутарканман, муҳожирликдан она юртига қайтаётган сайёҳдек бетоқатланаман, фикрларимни жамлай олмай бесаранжом хаёлларга чўкаман.
Ўшанда нималарни ўйлаганим, албатта, ҳозир умуман эсимда йўғ-у, лекин  пойгадан сўнг сергакланган кўнглим, ғайратини тонггача кеча қаърига яширган кўчалар каби маъюслашгани ҳамон ёдимда.
Шаҳарга кирганимизда кун аллақачон тунги кўйлагини кийиб олган, кўча-кўйда одам сийраклашган эди.  Ташқарида қолганидан ўпкалаб бошини эгиб олган кўча фонуслари зулматга қарши курашларда хиралашган маъюс нурлари билан безори машиналарни бепарво кузатарди. Шинамгина уйларга жойлашиб олган чироқлар  деразалардан шўх жимирлар, машина фаралари билан ўйнашиб бетиним кўз қисарди.  Кўча фонусларии эса уйли-жойли қариндошларига қарагиси ҳам келмай, уҳ тортганча, бошпанасиз тақдирига қасдма-қасд қуёшнинг оташин нурларидан ҳориган асфалт қучоғига ўз шуъласини ташларди.
Маҳалламизга етиб келганимизда соат ўн иккилар чамаси эди. Моҳидилнинг Фотима-Зуҳралар билан узоқдан-узоқ хайрлашётганини кўриб, уйимдагиларнинг қовоқ-тумшуқларига тезроқ тўйиш илинижида югурганимча тепага чиқиб кетдим…    

10

Эртасига кундузи Моҳидилдан хабар олгани кирдим. Кўзларининг таги қоп-қора, ранги ҳам синиқ, ғижим халати ҳам “кўрк”ига “кўрк” қўшиб турибди. Ошхонасига кирсам, қумғонига совуқ-чой ҳам қўймаган. Бош-поши оғриятган бўлса керак, дея ташхис қўйганимча, уй бекалигини қўлимга олиб, нонушта тайёрларканман, олдимда бепарво ўтирган дугонамдан ҳол-аҳвол сўрадим. У эса жавоб бериш ўрнига индамай қўшни хонага чиқиб кетди-да, бир пасдан сўнг қўлимга пул тутқазди.
— Моҳиш, пулларни кеча бериб юбординг-ку ановиларга. Нима, ўз пулингни тарқатяпсанми? — деб эътироз қилдим.
Моҳидил аранг илжайди:  
— Опачанг ҳали ўз пулини тарқатиш даражасида бойиб кетгани йўқ. Сол чўнтагингга. Ваъда-паъда қилганимча бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда…
Пулини олмасликка уринаётганим унга жон киритди, чоғи:
— Мени пулнинг ҳаммасини бериб юборадиган аҳмоқ-пахмоқ деб ўйладингми? — дея қўлимни қайтарди. — Қоронғида пулларни ғижимлаб-ғижимлаб ташлаганимни кўргандирсан. Бари бир қўлларига тушиши билан санаб олмасди. Унинг устига улар учун пулдан кўра, келишув муҳимроқ эди.
У кўзига келган ёшни мушти билан артди. Яқин қариндошини кўмиб келган одамдек ажиб бир ғуссада бошини эгди:
— Зикиржон олдиндан ҳам сал-пал бошқача ваъда берган экан…
Унга пиёлада сув узатдим-да, олдига ўтириб чаккасидан оҳистагина ўпарканман, шу пайтгача унинг юзида менга сезилмаган титроқ лабларимга кўчгандек бўлди.
Моҳидил сувни ичиб бир оз ўзига келди, ҳатто, унинг аҳволидан йиғлашга шайлигимни сезиб, “қайғурма”, дегандек бурнимнинг учини чертиб  ҳам қўйди.
Моҳишнинг озгина бўлса ҳам чеҳраси очилаёт¬ганидан хурсанд бўлиб пулларни ололмаслигимнинг сабабларини тушунтиришга киришдим:
— Моҳиш, биласанми, мен бу пулларни барибир ишлата олмайман, — дедим биринчи “иш ҳақ”имдан кўз узмасдан. — Бирор янги нарса сотиб олсам, барибир, ойимми, дадамми кўриб қолиб, пулни қаердан олдинг,  деб сўроқ қилишади. Кўчада еб-ичишга ҳам яқин-ўртада вақтим йўқ. Ўзи кеча кеч келганимдан кейин, энди умуман ҳеч қаёққа чиқаришмайди.
— Кийим-пийим сотиб олмоқчийдинг-ку, — деди Моҳидил.
— Бирор жойга борадиган бўлсам, сенинг кийимларингдан олиб тураман.  
Моҳидилнинг барибир пулларни мен томонга сураётганини кўриб:
— Ўзи менга бировларнинг нарсаси жуда ярашади, сездингми? — дея давом эттирдим.
Сўнг чўнтагимдан кеча семиз солиб қўйган юз долларликни чиқариб Моҳидилга узатдим.   
— Мана буни сенга бериб қўйишимни сўрашувди.
— Ким? — ишонқирамади дугонам.
— Семиз киши. Сизлардан пулларни олиб қўйишаётганда берди.
— Сенга берган бўлса, пул сеники, — деди Моҳидил қатъийлик билан. — Ё бундан жирканяпсанми?
Нима дейишимни билмай дугонамга қарадим. Одам пулдан ҳам жирканарканми? Онам ёшлигимиздан пулни асраш керак, унга нон сотиб оламиз, шунинг учун нонни қандай кўзимизга суртсак, пулни ҳам шундай қадрлаш керак, деб ўргатганлар. Бу пулни нима учун ололмаслигимнинг асл сабабларини ҳатто ўзим ҳам тушунмасдим. Балки бу менинг биринчи иш ҳақим бўлгани учундир. Биринчи ойлик… Биринчи ойлик ҳақида орзу қилмаганнинг ўзи бўлмаса керак! Мен ҳам биринчи ойлигимдан дадамга, ойимга, акамга, опамга қанақа совғалар олишим кераклигини неча маротаба хаёл қилганман. Энди мана олдимда ўша мен орзу қилган ойлик турипти-ю, уни на бировга кўрсата оламан, на бирор совға-салом сотиб ололаман. Агар шу пулларни оладиган бўлсам, пул нималигини тушунган пайтимдан бери кўнглимга туккан орзум чилпарчин бўлади.
Хаёлимдан шунақа нарсалар ўтган бўлса ҳам, бу гапларни нимагадир Моҳидилга айтишдан тортиндим, гўё бу гапларни айтсам, у хафа бўладигандек туюлди. Кейин ўзимни “бечора” қилиб кўрсатишдан ҳам уялдимми-эй, билмайман. Унинг устига кечаги семизнинг ҳўл лаблари теккан қулоғим… Ҳар қалай ўспиринликдаги “идеализм” одамгарчилигимдан юқори келди.
— Ҳа, жирканаман, — деб эшикни тарсиллатиб ёпганча  чиқиб кетдим.  

11

Ўша куни дарвозамизга, зинахонамиз деворларига битилган машҳур  “М + З = С” тенгламаси қип-қизил тирноқ бўёғи ёрдамида мадордан қолиб йиқилаётган тўғри чизиқ ҳамда менинг шижоату ғайратим билан тенгсизликка айлантирилди. Энди дарвозамиз атрофи, зинахона деворларида  “М + З  = С” ёзувини ўқиш мумкин эди.
Кечқурун бешинчи қаватимизни супуриб турганимда тепадан таниш дупур-дупур овозлари эшитилди. Супургимни ташлаб бир уйга кириб кетгим ҳам келди-ю, аммо томошага ўч феълим холис ниятимдан баланд келди.
— Моҳиш қани? —менга кўзи тушиши билан сўради Зикир.
— Уйида.
У девордаги ёзувга қараб яна савол берди:
— Ким қилди буни?
Мен у билан гаплашгим келмаётганини англатиш учун:
— Ишинг нима? — деб супуришни давом эттирдим.
Зикир бир оз серрайиб тургач:
— Мана энди бу ёзув ҳақиқатга айланибди,  — деб қолди.
Мен бошимни кўтардим-да, ҳайратланиб Зикирга тикилдим. Зикир ҳафтада икки бор уйимга келиб дарс берадиган домлам каби меҳрибонлик билан тушунтира кетди:
— Мана, қара. “Моҳидил”  қўшув “Зикир” баробар “севги”, дейлик. Агар ушбу тенгламадан Моҳидилнинг  қийматини топадаган бўлсак, севгидан Зикирни айириш керак бўлади, тушундингми?..
Албатта тушундим, бекорга ярим йилдан бери “Ахборотнома” тестларини ечмаётгандирман! Яъни, М  + З = С бўлса, у ҳолда М  +  С — З бўлади.
— Севгидан айрилган Зикир қанақа қилиб Моҳидилга тенг бўлади? — давом эттирди айрилувчига айланган “қўшилувчи”. —  Демак, тенгликдан кўра, тенгсизлик ҳақиқатга кўпроқ тўғри келади.
Ажойиб севги назарияси! Қанийди унинг амалиётга талқини ҳам шунчалик осон бўлса!  
Энди Зикир фақат олдинги қаторлардаги фаол ўқувчиларгина эмас, орқа партадаги бедаволар ҳам эшитиши учун баланд овозда гапиришга одатланган умумтаълим мактаби ўқитувчисидек овозини баландлади:
— Зулиша, сен барибир тушунмайсан. Бир сизларни синаб кўрмоқчийдим-да!
Унга ишонқирамай турганимни кўриб, у янги далиллар келтиришга тушди:  
— Моҳишкани шундай қилиб ресторан, клублардан қайтармасам бўлмасди. Ўзинг кўрдинг-ку у ёқдаги аҳволни. Моҳишга неча марта шу ишингни қўй дедим, кўнмади! Мен нима қилай, унга гап таъсир қилмаса?
— Бўлмасам нега бизни машинада қувишди?
— Зуличка, ўзинг эшитдинг-ку!.. Анов семиз билан гаплашиб қўювдим!.. Пулларингни бир қисмини қайтариб бераман дегандим, озгина “гонка” ўйнашга рози бўлди, — деди Зикир, овозини яна ҳам кўтариб.   
Шу пайт эшикнинг ғичирлаб очилгани эшитилди.  Остонада кўзлари йиғидан қизарган Моҳидил пайдо бўлди. Моҳидилнинг юзида афсус-надомат эмас — нафрат, алам эмас — ғазаб бор эди.
— Алда, яна алда! —деди у Зикирга ўшқириб. — Қайтардинг. Боплаб қайтардинг! Энди ўйнамайман.
Кейин менга  қаради, Зикирга яна бир бор ўқрайди-да:
— Сизлар билан ўйнамайман! — деб эшигини қулфлаб зинадан югуриб пастга тушиб кетди.

12

Орадан йиллар ўтди.
Моҳидил турмушга чиқди. Айтишларича, иккинчи хотин бўлиб…
Зикир уйланди. Айтишларича, ўзидан ўн ёш катта бир тиллафуруш аёлга…
Аммо буларнинг ҳаммаси гап-сўзлар, холос. Одамларнинг гапининг қаери рост, қаери ҳақиқат эканини билиб бўлмайдиган даврлар ҳам келди, охири! Ахир “ҳақиқат кўзгу”сида номларимиз акс эттириладиган ёшдан анча ўтиб қолганмиз!    
Зинахонамизу дарвозамиздаги ёзув-чизувлар, тенглама-тенгсизликларга келадиган бўлсак, улкан “мантиқозон”имиз деворлари, ниҳоят, тирноқ бўягичимиздан анча катта бўлган чўткаларни кўриш бахтига муяссар бўлди! Бир авлод солномаси ёпилиб, тарихнинг янги саҳифаси очилди!
Аммо яқинда Моҳидилни кўчада учратиб қолдим. Йўлни кесиб ўтаётсам, ҳадеб машина сигнал чалаверди. “Кўринишим зўр, шекилли, бугун” деб энди гердайиб ўтиб кетмоқчийдим, қарасам — юзининг ўртасидаги кулгичини ўйнатиб Моҳидил машинанинг ичида кулиб ўтирибди.  
Саноқсиз ўпичлару тинимиз қучоқлашишлардан сўнг, у мени университетга ташлаб қўядиган бўлди. Орада ўзимиз ҳақимизда гаплашиб, умумий танишларимиз ҳақида ғийбатлашиб кетарканмиз, ушбу ҳикоя жанри бўйича орқамиздан битта машина қувиб сигнал чала бошлади. Бу сафар бизни эски “Жигули” таъқиб қиларди. Аввал Моҳидил бунга аҳамият ҳам бермади. Менинг бетоқатланаётганимни кўриб: “Йўлда бўлиб туради. Бизнинг йигитлар рулда аёл киши ўтиришига ҳалигача ўрганиша олмаяпти”, деди. Институтимиз  эшиклари олдидаги светофорнинг қизил чироғига тўхтаганимизда “Жигули” чап тарафимизда тўхтади-да:
— Кеннойи, мошиналар зўру! Биззаям ҳайдардик! — дея ҳайдовчиси  шилқимлик қила бошлади.
Моҳидил менга ҳар доимгидек бир нима деб ақл-пақл ўргатиб турган эди, гапини келган жойида тўхтатди-да, ҳалига болага шартта қайрилиб:
— Менинг бошимдан ўтганлар сеникига тушганда, сен ҳам ҳайдардинг, — деди-да, дераза ойнасини ёпиб қўйди.
Ҳайдовчи гапнинг бунақа бурилишини кутмаган, шекилли, машинасига газни аямай босди-да, чапга қайрилиб кетди. Мен эса беихтиёр Моҳидилнинг  йўлга қадалган  кўзига тикилдим. Яна ўша кўз ёшлари… Ажабо! Тагида машина, қўлию билакларида қўш-қўш узуклар…
Моҳидил бекатга яқинроқ жойда машинасини тўхтатди. Яна қучоқлашдик.  Дугонам ручка қидириб машина салонидаги қутиларини пича титкилади-да, уйининг телефон рақамини ёзиб, чўнтагимга солди. Учрашиб туришга ваъдалашаётганимизда, у ёзиб берган қоғозни олиб сумкамга жойларканман, қоғознинг ичидан кўкиш рангли пул мўралаб турганига кўзим тушди. Пулни кўрмагандек, бамайлихотир Моҳишнинг лабларидан уч марта ўпдим.  Бироқ ичимдаги қора ғашлик бурушувларию тиришувларини юзимга кўчаётганини сезарканман, мени қандайдир хижолатлик чулғади. Моҳидил машинасини жилдирди. Мен эса одоб юзасидан машина кўздан бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда олдимдан йўқолишини кутмасданоқ дугонамдан ва балки, ёшлигимдаги лақабимдан қочиш учун орқамга қарамай кетдим. Университетимиз зиналаридан тепага чиқарканман, ёмғирдан сўнг ерни ёриб чиққан замбуруғдек пайдо бўлган ғурурга ўхшаш ғалати бир балоибад, кўнглимнинг қайсидир чеккасида туриб, нафасимни бўғаётганини сеза бошладим.