Назар Эшонқул. Хароба шаҳар сурати (ҳикоя)

Бу сурат хонамда қачон пайдо бўлди, қайдан келиб қолди, тўғриси,ҳозир аниқ эслаёлмайман, лекин мен бу суратни кўчадан, хиёбон бурчагига ўтириб олиб, ўтган-кетгандан садақа сўраётгандек ўзининг чизганларини арзон гаровга сотиб ўтирадиган арвоҳдай озғин ва серсоқол қандайдир қашшоқ рассомдан сотиб олган бўлсам керак деб ўзимни овунтираман; унга айнан қашшоқ, серсоқол, тўғриси, буни ҳам билмайман, балким қачонлардир соқол қўйишни орзу қилганим учундир! Сурат қўпол ва дағал дид билан чизилган, бўёқлар пала-партиш чаплаб ташланганди: гўё рассом суратларни ўзининг кийимидан андоза олиб чизгандай уларга ҳам унинг кўриниши каби умидсизлик ва тушкунлик ранглари ўтириб қолган эди.
Суратда ҳали меъёрига етмаган хира бўёқлар фонида вайронага айланган шаҳар бурдаланган жасаддек бўрттириб тасвирланганди. Суратдаги бирдан-бир менга ёқадиган манзара ҳам аслида мана шу хароба эди: бу шаҳарни ким вайронага айлантирган, ким уни ёқиб кул қилган, мен буни ҳам билмасдим, эҳтимол, рассомнинг ўзи ҳам билмагандир. У бозорбп ва одамларнинг эътиборини тортиш учун шунчаки хаёлига келган харобани чизиб ташлаган, таъсир ҳамда ваҳм бағишлаш учун манзарага қўнғир ва сариқ бўёқларни роса чаплагандир. Шаҳарнинг кўчалари ростдан ҳам шунчалик таҳликали тасвирлангандики, суратга қараб туриб, ҳозир мен турган хонага хам шаҳарни вайрон этган босқинчилар бостириб келса-чи, деган хавотирга тушиб қолардингиз: Суратга қараган сайин сизни бошингизга тушиб келаётган қиличдек бир ваҳима чулғар, худди қиш бўйи оч қолган саёқ итлар каби пала-партиш манзараларни кўтариб турган қўнғир бўёқлар тўсатдан юзингиздан қопиб оларди. Дуд буркаган кўчаларни вайрона бинолар босиб қолган, у ер, бу ерда али ўчмаган аланганинг тутуни осмону фалакка ўрларди. Кўнгилни ғаш қиладиган бу таҳлика ва таназзул билан бирга юракни орзиқтирадиган, қараган сайин яна қараверадиган қандайдир мавҳум маҳлиёлик сизнинг қалбингизнинг эшигини тинмай қоқиб турарди. Мен хона бўйлаб кезарканман, баъзан мана шу хароба шаҳар кўчаларида кезиб юргандай ҳис этардим ўзимни. Ростдан ҳам ўша пайтдаги аҳволу руҳиям билан бу хароба шаҳар ўртасида қандай ўхшашлик борлигини ҳи этардим, фақат бу қандайдир ўхшашлик эканлигини тўғриси, билмасдим. Мен суратдаги вайрона шаҳарга ўзимча Турсория деб ном қўйиб олгандим; нега айнан Турсория, буни ҳам ҳозир изоҳлашим қийин, эҳтимол, бу номда ҳеч қандай маъно йўқтир ва бу ном хотиржамнинг қайсидир бурчагида тун қўйнида лип этиб ёнган аланга каби ўз-ўзидан туғилгандир.
Турсорияни қай мақсадда харобага айлантиришган, нега унда тирикликдан дарак берувчи бирон гиёҳ ҳам қолдиришмаган, буни ҳам билмасдим. Мен фақат шаҳарнинг айнан Турсория деб аталишини жуда ҳам истардим. Қачонлардир гўзал ва улуғвор бўлган бу шаҳар атайлаб харобага айлантирилган деган шубҳа бойўғлиси дамо-дам менинг юрагимга келиб қўнарди. Аста-секин бу шаҳар мени буткул лол қилиб олди. Мен энди эртаю кеч фақат шаҳар ҳақида ўйлардим ва тушларимга кириб чиқарди бу шаҳар.
Суратга қараб туриб доимо дуд ва дан ҳидини туярдим: балким, менга шундай туюлгандир, аммо бу оддий тутуннинг ҳиди эмасди, мен бундай ачимсиқ ҳидни кўп йиллар аввал қишлоғимизга ёввойи айиқ қувлаб юриб келиб қолган бир гуруҳ овчиларнинг қурум босган милтиғида ҳис этган эдим ва суратдаги ҳид ҳақиқатан ҳам хозиргина ортлаган уйқум ҳидига ўхшарди: эҳтимол бу ҳид менинг димоғимда шаҳар ақл бовар қилмас хиёнат ва сотқинликдан сўнг вайрон этилган, деб ўйлай бошлагач пайдо бўлгандир?
Нима бўлганда ҳам Турсория бир қарашда кўнгилга ғулу солиб қўярди, бироқ бўёқлар оқимига тикилиб қарасангиз, шаҳарнинг тош деворлари бориб туташган тепалик узра қорачиқдай қизғиш шуълани кўришингиз мумкин эди: балки, рассом эҳтиётсизлик қилиб бу қорамтир ранглар ора бир томчи қизил рангни билмасдан тўкиб юборгандир, лекин суратни илк бор кўрганимда менга бу ранг энди отаётган тонгнинг илк шуъласи бўлиб туюлганди. Харобага қараб қанчалик таҳликага тушсангиз ва ўзингизни ўпирилиб тушаётган ғор ичида қолгандек ҳис этсангиз-да, бироқ барибир кўнглингизнинг бир четида бояги қизил рангдан пайдо бўлган бир тотли ҳис сизни бир муддат хушбахт қилиб қуярди. Суратда мени яна бир нарса ҳайратга солганди — харобалар ичра қурумга ботган увада харсанглар ортида кўзга зўрға ташланар-ташланмас бўлиб шунча ёнғину алғов-далғовдан сўнг ҳам ҳали бус-бутлигича тўхтаб қолган тегирмон парпари кўринарди: паррак ҳали мустаҳкам эди ва бу ўлик шаҳарга фақат шу парраккина умид бағишлаб тургандай эди. Тегирмоннинг эшиги, ён девори қулаб тушганди. Мен хона бўйлаб кезарканман, дафъатан сурат қаршисида тўхтар ва бирдан тегирмон паррагини айлантириб юборишни, шаҳарга оз бўлса-да ҳаёт бағишлашни жуда ҳам истаб қолардим.
Шаҳарнинг кенг тош кўчасида эса ранглар тўполони ора қоришиб қандайдир ғалати, таҳдидли улкан оёқ излари қолган эди. Суратга қараб турган одам издаги тажовузкорликдан сесканиб кетарди, гўё қандайдир, нозик ҳисларга тўла қалбни бир бетайин гап ёки ошкора ҳақорат билан топтаб, янчиб ўтганидек, бу излар ҳам шаҳарни бошдан охир атайин топтаб ўтганди: тўғрироғи, худди ярадор шерни кишанлаб қўйгандек асорат ёки истибдоднинг излари каби кўнгилга талваса соладиган бу излар шаҳарни бошдан-оёқ занжирлаб қўйганди. Бу кимнинг оёғини излари, қандайин юраги тош одам қолдирган бу изларни, кўзи тушганларнинг кўнгилларида бир умр ҳилпираб турсин дея ким бу ўлик шаҳарнинг кўчаларига ваҳм ва қўрқув яловларини илиб чиқди, буни ҳам мен билмасдим, лекин ачон изларга кўзим тушса этим жимирлаб жунжикиб кетарди ва шаҳарни орат қилгани каби бу оёқ ҳар қандай қалбни ўйламай-нетмай топтаб ташлаши мумкинлигини ҳис этардим.
Бу ишлар шу даражада дағал ҳамда қўпол эдики, оёқларнинг эгаси қанчалар сурбет ва жоҳил эканлигини билиш учун изларга бир қараб қўйишнинг ўзи кифоя эди — гўё бу оёқ излари эмас, шаҳарга раҳна солган ёвуз кучнинг зуум ва таназзулдан дарак берувчи дағдағали муҳри эди. Бу излар ўлим ва ўлим истаб изғиб юрган қўшиндек вайрона узра намойишкорона чўзилиб ётарди. Бу оёқлар бир силкишда минглаб одамларни янчиб ташлашга, ўнлаб шаҳарларни вайрон қилишга қодир эканлиги шундоқ ботиқ ва зардали излардан кўриниб турарди. Кўчанинг четидаги қизғиш кўлмакда эса хийла катта, чорсидай байроқ тўшалиб ётаврди, бу — байроқдан кўра кўпроқ фоҳишанинг нахс босган исқирт тўшагига ўхшарди: байроқни ҳам эҳтимол, бу ерларга изнинг эгаси кўтариб ккелгандир? Балким Турсорияни айнан мана шу оёқ излари вайрон этгандир? Дарвоқе, Турсория орзуим ва хаёлимнинг олис, мафтункор манзилига айланган, мен кун-тун Турсория деган юртнинг кўчаларини саросар кезиш билан овора эдим.
Турсория мени қанчалик қизиқтирса, бошқаларни шунчалик ажаблантирарди. Улар тайинсиз бир рассомнинг фазлу иродаси билан вайрон этилган қандайдир Турсорияни деб ташвиш чекиб юришим сабабини тушунмасдилар ва буни шунчаки олифтагарчилик деб ўйлашар ёхуд ғирт сафсатага йўйишарди. Мен уларга Турсория ҳақида, унинг яшил боғлари, зангор осмони, туман қоплаган тош кўчалари, одамзотнинг қудратини намойиш этиш учун қурилган миноралари, шаҳардан узоқларда ҳам ҳиди уфуриб турадиган худди қизлари каби дуркун ва нафис гуллари, қирмизи тулпорлар миниб юрадиган йигитлари, хаёлдан кўйлак қилиб кийган қизлари, ҳилол билан бирга ҳилпирайдиган туғлари, саҳар чоғлари хўрозлардан ҳам олдин одамларни уйғотадиган азонлари ҳамда боланинг кўзлари каби тиниқ ва маъсум дарёлари ҳақида гапириб берар ва буларни Турсория бошқаларнинг ҳам эътиборини тортсин дея кўпинча ўзим тўқирдим. Бироқ менинг бу тажрибасиз ва тарқоқ қўшиним — болаларча чўпчакларим билан одамларнинг бефаҳмлик ва лоқайдлик деворлари ўраб олган, ҳеч нарса билан забт этиб бўлмас, тошдек қотиб қолган қалб қўрғонларини ҳеч қачон забт этолмасдим, аксинча, менинг юрагимдан сўзларга қўшилиб чопиб чиққан ҳаяжон ва умид оҳулари уларнинг бефарқлик кўпчиган кўзларининг тойғоқ қояларидан сакраб ўтолмай бир-бир қулаб тушарди. Ҳамиша гапларим уларнинг энсасини қотирарди. Мен танишларимни ҳеч қачон Турсорияга қизиқтира олмадим: бири иши кўплигини, бири бундай жумбоқларни излайдиган ёшдан ўтганини, бири Турсориядан ҳам муҳимроқ ташвишлари борлигини айтиб жўнаб қолар ёки мени ҳафа қилмаслик учунгина бош силкиб, бепарво тинглашар ва номига лунж шишириб қўйишарди. Уларнинг ҳаммаси менда Турсорияни билмай ўтаётганликлари учун ҳам бутунр умр ғафлат ўрмонини саргашта кезиб юрган сарсон одамлардек таассурот қолдирарди. Мен уларнинг кўзларида, юзларида ғофил ва тушкун яшашга маҳкум этилганларни кўрардим. Улар тирикликнинг мангу ва абадий қароқчиларидан қоча-қоча мана шу лоқайдлик ва танбаллик салтанатидан паноҳ топгандилар ва улар қочиб кирган бошпаналардан ҳам ўзлари каби омонотлик ва харобалик уфуноти анқирди. Одамларнинг Турсорияни билмаслиги мени кўпинча ғазабга соларди. Шундай пайтларда мен умидсизликка ғарқ бўлганча ичкиликка ружу қўярдим — кўчада ярим маст ҳолда ккезиб юрарканман ҳаётнинг ташвишлари парчинлаб ташлаган бу одамлар кўзимга яна ҳам аянчлироқ, ғариброқ кўриниб кетарди, нега улар ўзларидан қолаётган, юзларида лов-лов ёниб турган харобани кўрмаяптилар деб ҳайқиргим келарди.
Жуда катта шов-шув билан бошланган сайлов олди учрашувларининг бирида муносиб номзод саналган таниқли ва кекса шоирдан ҳам тўсатданТурсория ҳақида сўраб қолгандим. Саволим шу даражада ғайритабиий чиқдики, бутун зал бир зум сувга чўккандай жимиб қолди, сўнгра ўзаро шивир-шивир бошланди. Ҳайъатда ўтирган ишончли вакиллар менга ғазаб билан тикилиб туришарди, уларнинг юзларида саросималик кемалари суза бошлаган эди, йиғилганлар мени номзодни атайлаб обрўсизлантириш учун шундай бемаъни савол берди деб ўйлашаётганди. Бироқ шоир саросимага тушмади, у менга тик боққанча бироз нописандлик билан:- Мен, тарих билан етарли даражада шуғулланган одам, сизни бемалол ишонтириб айтишим мумкинки, ҳеч қаерда ҳеч қачон Турсория деган юрт бўлмаган ва у вайрон ҳам этилмаган. Бу чўпчак ва уйдирмадир, — деди.
Зал гулдурос қарсак ичида қолди: менинг ноўрин саволимга жуда муносиб жавоб берилганди, яъни залдагиларнинг назарида шоир мени жангга кирмасданоқ тор-мор қилиб қўя қолганди. Аммо залда ўтирганларнинг ичида фақат менгина ўзимни мағлубиятга учраган деб ҳисоблай олмасдим ва кейинги пайтда мен қайлардадир Турсория деган юрт борлигига заррача шубҳа қилмай қўйгандим. Бўрон кутилаётган денгиз устида учиб юрган оқ чарлоқ каби мен ҳам вақт қуши билан мавжланаётган хаёлларим денгизи устида саргашта учиб юрардим, гоҳи қайсидир томонлардан ёвуз шамоллардан қочиб келган муштипаргина ёз ёмғири менинг хаёлпараст кунларимнинг устидан томчилаб ўтиб, уларни абадият сари етаклаб кетарди. Иттифоқо, у ҳам гарчи тушунмайди деб ўйласам-да, таваккал қилиб, Турсория ҳақида илмий раҳбарим бўлмиш профессорга гапириб бергандим. Бироқ профессор ҳеч бир ажабланмади, ҳатто менга бошқалардек синовчан тикилиб ҳам қўймади, юмшоқ оромкурсига чўкканча қон кўпчий бошлаган ҳорғин кўзларини тикди.
— Ҳа, — деди у бироз жимликдан сўнг мутлақо мен кутмаган хайрихоҳ оҳангда. — Менинг ҳам қачонлардир шундай суратга кўзим тушганди, мени ҳам шунга ўхшаш сурат ўзига ром этиб олганди, — у худди алвасти хотинга ўхшайди, сени мафтун қилиб қўяди-ю, ўзини кўрсатмай устингдан кулиб юраверади. Лекин мен тезда бу касалдан қутилиб олдим ва шундан сўнг ҳаётимда бирон марта ҳам керак бўлганини эслай олмайман, сизга ҳам шуни айтмоқчиманки, ўз ишингиз билан шуғулланинг, бу суратни унутинг, қасам ичиб айтаманки, Турсория сизга ҳаётингизда ҳечам керак бўлмайди, аксинча турсория-пурсорияларсиз яшаш осон ва қулай.
Профессорнинг ҳам қачонлардир мени қийнаган саволлар қийнагани ва у ҳам Турсория каби унут шаҳарни излагани мен учун янгилик эди, бироқ мен унинг хулосаларидан даҳшатга тушдим; наҳотки Турсориясиз яшаш мумкин бўлса? Профессор шунча вақтдан бери Турсориясиз қандай яшаб юрибди? Мен унинг юзига ялт этиб қарадим ва профессорнинг юзида ҳам хонамдаги суратда ҳис этган хароба шаҳарнинг аксини кўриб бир зум тошдай қотиб қолдим. Йўқ, бу ерда ҳеч қандай рўё йўқ эди, профессорнинг қисилган нурсиз кўзларида, ажин босган қаримсиқ юзида, аламзадалик ва иззатпарастлик акс этган лабларида мен бу харобани аниқ кўргандек бўлдим.
Унинг ҳаёти давомида эришган барча муваффақияти, жилд-жилд китоблари, мукофоту ёрлиқлари, шуҳрати-ю, шавкати — ҳар бири бу харобани тасдиқловчи рад этиб бўлмас далолатлар эди. У ҳаёти давомида орқа-олдига қарамай кўриб кетаверган ва бир куни ўзи яратган шаҳарни кўриш, у ерда бирпас тин олиш учун изига бурилса, фақат вамли мунғайиб турган харобаларнигина кўрган. Менинг назаримда, у асли ўз умр шаҳрини қурмаган, аксинча вайронага айлантирган эди, бу нақадар даҳшат деб ўйлагандим мен профессорнинг олови ўчган ўчоқдек тафтсиз кўзларига қараб туриб.
Излаган нарсасини тополмаган, дея охири асли мен ҳеч нарса изламаганман, дея ўзига-ўзи тасалли бера бошлаган, бироқ бу тасаллидан кўнглининг жуда катта қирлари ва қўрғонлари ўпирилиб тушаётганини билган, умри хазонлик сари юз тутган одамнинг юзигина ана шундай кўказак ва жиззаки бўлади. Унинг қатъий ва совуқ хулосаси мени бир зум сархуш қилиб қўйди, гўё бу хулосага ўткир афюн нави сингдрилгану у мени карахт қилиб ташлаган эди.
Профессор менга илмий ишимга оид кўпгина йўл-йўриқлар ва янги чиққан адабиётлар рўйхатини берди ҳамда мени ҳар доимгидай бекатгача кузатиб қўйди. У серилтифот, мулойим, қувноқ эди ва менинг Турсорияни унутиб юборишимга, бу шунчаки ёшликда бўладиган қизамиқдай ўткинчи касаллик эканлигига, ҳамма нарсани унутиб, шу ой ичида илмий ишимни тахт қилиб, қўлига топширишимга заррача шубҳа қилмасди. Бироқ мен унинг гап-сўзларига ва хатти-ҳаракатларига қараб туриб, яна бир нарсани англаган эдим: у ўзининг бой берилган умри билан мени Турсория сари чорларди. Унинг нурсиз кўзларида ва қорачуғларида ўзи боролмаган, йироқ сафарга жўнаб кетаётган ўғлининг изидан тикилиб қолган отанинг нигоҳи ёки янги саргузаштлар излаб олис саёҳатга жўнаётган кеманинг энди ҳилпирай бошлаган елкани янглиғ бир умидбахш чорлов акс этган эди: у менга саф-саф қўшин билан дунёни забт этаман деб кетиб, орадан йиллар ўтгач ёлғиз ўзи тушкун ва умидсиз қайтиб келган мағлуб қўмондонни эслатганди. Хонамга келиб хароба шаҳар сурати билан профессорнинг умрини қиёслагач, мен бунга яна ҳам кўпроқ амин бўлдим ва ҳамма нарсани — профессорнинг ўгитини ҳам, ўзини ҳам унутдим. Гўё суратдан қандайдир довул кўтарилиб чиққандию, профессор менинг миямдаги торларга ишонч билан илиб қўйган, ғози кетган кўйлакдек яроқсиз бўлиб қолган ўгитлар ва насиҳатларни қайларгадир учириб кетганди.
Шундан сўнг мен профессор билан бошқа кўришмасликка, унинг юзидаги харобаликни кўриб кўнглимни яна бузмасликка аҳд қилдим. Мен энди фақат сурат ва ўзимнинг Турсория ҳақидаги хаёлларим билан ёлғиз қолган эдим. Бу сурат нима ўзи, нега у менинг ақлу шууримни банд этиб олди? Эҳтимол, бу сурат бузилган ва ёвузлашган дунёдан мен каби бир мазмун, бир маъно излаб ўтган одамнинг самарасиз умр ҳақидаги ўкинчларидир? Эҳтимол, умр қалъасининг бузилган деворлари ичра тутаб ётган юракнинг аламнок дудларидир?! Ким билади, шундай ҳам бўлиши мумкин-ку! Суратга қараб турар эканман мени дафъатан бир ҳис қоплаб олди: ростдан ҳам бу суратни қандайдир ёт бир рассом чизганмиди ёки уни менинг ўзим чизиб, ўзим сиғиниб, ўзим ваҳимага тушиб юрдимми: Ва суратдаги шаҳарни ҳам менинг ўзим вайрон этдимми?! Бу шубҳани менда биринчи марта рўзномачи дўстим уйғотганди. У билан кечки пайт учрашиб қолиб, бизникига келган вва ҳар хил нарсалар ҳақида гапира туриб, унинг кўзлари бирдан суратга тушиб қолганди. Суратни кўчадан сотиб олганимни айтдим. У менга бир зум синовчан тикилиб турди.
— Яширмай қўя қол, бу суратни сенинг ўзинг чизгансан, тасвирда сенинг услубинг кўриниб турибди, — деди. — Чунки фақат сенгина дунёни мана шундай аянчли манзаралар ичида кўрасан. Одам қандай ўйласа, шундай ёзади, аслида ҳам ҳар бир одам ўз умрининг рассомидир. Бу суратда сенинг умринг акс этиб турибди.Унинг гап оҳангида бироз масхара бор эди, у ҳамиша мен билан бир поғона юқори туриб гаплашарди. У менинг ўттиз ёшга кириб ҳам бирон ишнинг бошидан тутмаганимга, кўпроқ омадсизлигимга ишора қилаётган эди: ўзи ҳеч қачон омадсизлик кўчасидан ўтмаганди — ёзганлари узлуксиз босилиб турар, баъзан унга мукофот ҳам бериб қолишар, рўзномачилар уни энг қобилиятли ва жасоратли ёшлардан деб ҳисоблардилар. У билан тортишиб ўтирмадим ва унга Турсория ҳақида гапириб бердим.
— Нега бошқалар бу нарсага эътибор беришмайди, ҳайронман, — дедим гапимнинг охирида. — Аслида бу ҳаммага кўриниб турган ҳақиқат. Кимга Турсория ҳақида гапирсам, елка қисиб менга насиҳат қилиб жўнайди.
— Бу ҳам манови суратга ўхшаган нарса, — деди дўстим яна шартта гапимни бўлиб, менга ачинган кўзларини тикиб бориши чайқаб қўяркан. — Сен хонангдан манави бузунчи суратни чиқариб ташла. Шу сурат таъсирида ҳамма нарсани кимдир ва нималардир вайрон этган деган хаёлга борадиган бўлиб қолибсан. Мен жуда катта тарихчи олимлар билан танишман, лекин улар оғзидан бирон марта ҳам Турсория ҳақида эшитмаганман. Аслида ҳам Турсория сенинг хаёлингдан бошқа ҳеч жойда йўқ бўлса керак. Сен кейинги пайтларда васвасачи бўлиб қолибсан. Яхшиси, менинг олдимга кўчиб ўт, ҳар қалай, икки киши бўлиб яшаса кўнгил ёзилади.
Мен ғазабдан унга бақи….юборишдан ўзимни зўрға ушлаб қолдим. Уни бекатгача кузатиб қўйдим. Ўша кечаси Турсорияни излаб топмасам бўлмаслигини англадим. Уни мана буларга, менинг устимдан кулганларга, таниқли шоирга, машҳур профессорга оламда Турсория деган юрт борлигини билмай яшаб келаётганларга ўчма-ўч излаб топишим керак, деб ўйладим. Мен Турсориясиз яшаётган профессорга ҳам, рўзномачи йигитга ҳам ачиниб кетдим: назаримда, осмон қуёшсиз яшай олмагани каби одам Турсориясиз яшаши мумкин эмас эди.
Турсория мени яна ҳам кўпроқ қизиқтира бошлади ва мен жилд-жилд китоблар ёзган, лекин кмри бир варақ қоғозга жо бўладиган профессорнинг ўгитлари, газетасини ёлғон-яшиқ уйдирмалар билан тўлдириб юрадиган рўзномачи дўстимнинг таъналаридан сўнг Турсорияни қаердан излашни билардим: афтидан, Турсория профессор умри давомида четлаб ўтган соҳилда қолиб кетганди ва менинг бундан буёнги ҳаётим Турсорияни излаб топишимга боғлиқ эди.Яна бир нарсани билардимки, Турсория мен ҳали дунёга келмасдан бурун вайрон этилган ва мен бу дунёга ташриф буюрган кунимдан бошлаб мана шу хароба шаҳарда яшашга, унинг вайрона кўчаларида сарсону саргардон кезишга мажбур бўлгандим.Турсория менга ҳеч тинчлик бермай қўйди; денгизда адашиб юрган кемани олис-олисларда кўринган маёқ ўзига чорлагани каби у ҳам мени ўзига чорларди.
Гўё умримнинг муқаддас тиғидай у ҳар тонг ва ҳар кеч бошим узра ҳилпираб турар, китоблар, одамлар, шубалар, гумонлар, таъналар, ўгитлар, умидсизлик, тушкунлик билан бўлган ҳамда бўлажак жангларда мени руҳлантирар, узоқ айрилиқдан сўнг сизни кутиб олиш учун йўлга чиққан ва сизни узоқдан кўриб дуррачасини силкитаётган қиз каби харобалар орасидан менга қараб қўлларини силкитарди.
Бир вақтлар бахт ва истиқбол йўлида ҳижрат этишларидек мен ҳам рагимнинг руҳсиз санамлари, маъбудлари қалашиб ётган водийсидан увиллаб ётган, худди ақлу идрокнинг вайронасидек юрагим деворида осиғлиқ турган бу хароба шаҳарни эртанги кунимни яратганим каби қайта тиклашим, тўхтаб қолган тегирмон паррагини юрдириб юборишим керак эди.Кечқурун менга таниш профессор қўнғироқ қилди:- Менга қаранг ука, сиз Х.ни танир эдингиз. Эҳтимол, турар жойини ҳам биларсиз? Икки ойдан бери ҳеч бир хабар йўқ. Илтимос нима гаплигини аниқлаб келсангиз. Агар шу ерда бўлса, менга зудлик билан учрашсин…Гап оҳангидан унинг жуда хавотирланаётгани сезилиб турарди. Мен уни юпатдим: «Ўзи қароқ йигит эди. Юрган бўлса керак. Унақаларни жин ҳам урмайди». У мендан розилик олгач, душанба куни учрашадиган бўлдик.Eртасига мен қачонлардир — уч-тўрт йиллар чамаси олдин борган уйни зўрға топиб бордим. Эшикни кўзлари салқиб қолган, кишига доим шубҳа билан тикиладиган жуҳуд чол очди.
— Ниҳоят, — деди у истеҳзоли товушда бошини чайқар экан, — кетганига қирқ кундан ошди, энди йўқлаяпсизларми:! Зап одамлар борда дунёда, тўсатдан ўлиб қолсанг, суягинг чириб бўлгач йўқлаб келишади! Ҳа, айтгандай, ким келса, мана шу хатни бериб қўйинглар деб айтганди.
Хат бир парча сарғиш тусли қоғозга ажи-бужи қилиб, шошиб ёзилганди: «Мен Турсорияни излаб кетдим. Мени ахтариб ўтирманглар…» Мен бирдан даҳшатга тушдим: яқинда бир шоир ҳам деворга «Мен сўз излаб кетдим» деб ёзиб, ақлдан озиб қолганди.
— Нима гап экан? — сўради уй эгаси менинг юзим оқариб кетганини кўриб.
— Ҳеч гап йўқ. У ўзини излаб кетибди, — дедим изимга қайтарканман.