Назар Эшонқул. Сибизға воласи (миф-ҳикоя)

Қамишлар шовурига қулоқ тут!

Гўё ўз қилмишларини қуёшдан яширмоқчидай қалқонлари билан юзларини офтобдан тўсганча найзаларини қуёш нурида ялтиллатиб, шаҳарнинг тош кўчаларини худди ноғора чалишаётгандай бир маромда ҳарбийчасига тўқиллатганча эринчоқлик билан келаётган учта соқчи ва оқсоқ дарбон аллазамонлардан бери сарой учун унут манзилга айланган бизнинг кўчамиз бошида кўринишлари биланоқ мен ва навбат кутиб турганлар, кўчада ўз юмушларию ташвишлари билан банд одамлар, орзу ва хаёлларини тепкилаб ўйнаб юрган болалар, дарвозалари олдида ҳаётнинг ёрқин хулосалари ва сабоқлари битилган саҳифалардай бужмайган афт-ангорлари, мусибату ҳасратдан букилган таналарини офтобда тоблаб ўтирган чоллар, ҳаммамиз, тақдир изми бизнинг сартарошхонага ва менинг ҳаётимга қараб бурилганини тушунгандик. Энди менинг навбатим келганди. Бунга шубҳа йўқ эди. Бу шумоёқ дарбон соқчилари билан қайси кўчада пайдо бўлса, ўша кўчада сартарошхоналар ёпилар, кейин у билан кетган сартарошларни забонлари сеҳру жоду қилингандек гунг ва гаранг маҳкумлик кутиб турар, бу дарбон билан бирга кўчаларга фалакнинг аччиқ ва адолатсиз ҳукми ҳам кириб келишини шаҳардаги она сути оғзидан кетмаган гўдаклар ҳам билиб қолишганди. Ҳар доимгидек кўча бошида уларни даставвал болалар кўришганди ва улар қийқириб, кўчани ва бизни шум қисматдан огоҳлантирганча сартарошхона томон югуриб келишарди. Бу кўчада мендан бошқа сартарош қолмаганди. Навбат кутиб турган мижозлар бирин-кетин туриб, уй-уйларига тарқай бошлашди. Бундан кейин бу ерда навбат кутиб туришларидан ҳеч қандай маъно қолмаганини, ҳатто менинг кейинчалик тақдирим нима бўлишини ҳам улар яхши билишарди. Баъзилари келиб елкамга дўстона уриб, ҳамдардлик билдиришгандай бўлди. Уларнинг кўзларида “Пешона экан!” деган ифода бор эди. Баъзилари эса бошқа сартарош излаб шаҳар кўчаларига тарқаб кетишди. Уларнинг бугун сартарош топишлари амри маҳол. Илгарилари ҳар муюлишда кўзга чиққан чипқондек сартарошхоналар қад кериб турарди. Сартарошларнинг кўпчилиги иш йўқлигидан пашша қўриб, бир-иккита мижози билан кун узоғи ҳасрату ғийбат қилиб кун ўтказишар, даромад камлигидан, сартарош зоти кўпайиб кетиб, туфласа касбдоши бошига тушишидан нолишгани нолишган эди. Мана энди эса шаҳарда сартарош зоти камайиб, анқонинг уруғига айланиб бораяпти. Анови келаётган оқсоқ дарбон ва навкарлар сартарошларни кун аро бирма-бир олиб кета бошлагач шаҳарда сартарош қаҳатчилиги пайдо бўлди. Олиб кетилган сартарошлар қайтиб бу ҳунарини қилолмасди. Искандар ҳузуридан қайтганларнинг телбага айланишар, худди жин чалгандек одамлар кўзига кўринишдан қўрқишар, овлоқларда пусиб, тўғри келган ерга ағнаб ётишар, уларга нима бўлганини на ўзлари, на яқинлари изоҳлай олишар, бир тушунарли сўз айтмай нуқул тушунарсиз оҳангда ғўнғиллашар, ваҳоланки тўрт мучаси соғ, ҳамиша қон сизиб юрадиган оғизларини айтмаса, ўзлари тишлайверганидан узиб олгудек даражага келган тиллари ҳам жойида, фақат улар нега бу хил дардга мубтало бўлишганининг сабабини шарҳлаб берадиган марднинг ўзи йўқ эди. Баъзилари ростданам ақлдан озганини намойиш этиб, бир тўда болаларга қўшилиб кўча чангитиб юрадиган бўлишди, баъзиларини жиннихонага жойлаштиришга тўғри келди. Искандар саройидан ҳали ҳеч ким соғ чиқмаган, сабабини ҳеч ким аниқ билмасди. Аммо бизга миш-мишлар орқали етиб келган гапларга қараганда, Искандар шу даражада илоҳий зотки, унга бандасининг қўли тегса, ақлдан озиши турган гап, унинг Ахурамаздага хос салобати, юзидан, бошидан таралаётган нур ҳар қандай одамни гунгу гаранг, забонсиз қилиб қўяди. Бу улуғворлик ва залворга дош беролмай мияси чаноқ ичида биқирлаб қайнаб-тошиб кетади. Соч ва соқол ўрнида нурлар таралиб туради, сартарошлар бу нурларни устара тиғларига оламан деб, ҳушларидан айриладилар, дейишарди. У нури илоҳийдир, у нури зиёдир, у коинот ва олам мукаммаллиги намунасидир. Ақлдан озиш, бир умр гунгу лол бўлиш, ҳайрат ва завол топиш, унинг шамсиқамар талъатига қиёслашнинг, Унга нафақат тиғ текизиш, балки, қарашнинг ўзи етади бу дунёдан қўл силтаб, руҳ ва хулё дунёсига ўтиб кетишга. У шундай мукаррам, шундай илоҳий қудрат тимсоли. Шу сабабли Искандарнинг сочини икки марта олган сартарошни ҳали ҳеч ким бу мамлакатда кўрмаган, бу Қуёш ўғлига иккинчи марта сартарошлик қилишга ҳеч кимнинг ақл-идроки дош беролмаган. Ҳар қандай ирода бу сиймо олдида мумдай эриб кетади, худди қуёш нурида эриб кетган қиш сумалагидай. Шунинг учун йилма-йил эмас, кунма-кун сартарош уруғи камайиб, ноёб ҳунарга айланиб қолди. Сартарошга бўлган талаб кундан кун ошиб, охири одамлар соч-соқол олишни ўзлари ҳам ўргана бошладилар. Илгари болаларини сартарошлик ҳунарига ўргатинг деб эшик олдида навбат кутиб туришарди. Энди ҳеч ким боласини бу ҳунарга ўргатгиси келмасди. Ахир фарзанди сартарош бўлиб етишса, бир куни бошқа сартарошларнинг куни бошига тушишини билишарди-да. Баъзи сартарошлар Искандарнинг рўйхатига тушмасдан шаҳардан ва мамлакатдан бош олиб кетишди. Мана, энди эса навбат менга келиб турибди. Менинг қисматим қандай бўлади? Буни чекка-чуккада, уйларининг деразаларидан менга ачиниб қараб турганлар ҳам, менинг ўзим ҳам яхши биламиз. Дарбон ўз соқчилари билан кўча бошида кўринганда сартарошхонада йигирмага яқин мижоз навбат кутиб турар, яна шунчаси навбат олиб, ўз ишлари билан кетганди. Мен кейинги ойларда кечаю кундуз тиним билмай ишлашимга тўғри келаётган, гарчи ҳориб-толиб қолсам ҳам касбимга ва мижозларимга бўлган ҳурматим сабаб уларнинг биронтасини соч-соқолини олмай қайтаролмасдим. Аслида ҳам шу. Мижозини норози қилиб жўнатишга сартарошнинг ҳаққи йўқ. Биз устара билан ишлаймиз. Бизнинг пирларимиз ва маъбудларимиз ана шунга ўргатган. Мана, ҳозир ҳам соқолининг ярми олинган мижозимнинг сартарошхона рўпарасига келиб тўхтаган дарбонни кўриб типирчалашига қарамай ишимни охирига етказишга қарор қилдим. Соқолни қайта-қайта қиртишлаб олдим, қўлларим билан бирон чала жойи қолиб кетмадимикин деб силаб-текшириб кўрдим. Кейин ҳўл латтада артиб, мушк суриб қўйдим. Мижоз қутулганига шукур қилиб, ирғиб туриб, ҳақимни ҳам бериш эсига келмай, оёғини қўлига олиб қочиб қолди. Унинг кўзида қўрқув ва хавотир аланга олган, энди ана шу аланга билан кўчамизни, маҳалламизни, бутун шаҳарни ёқмоқчидай шашти бор эди гўё. Бу пайтда дарбон ва навкарлар сартарошхонамнинг эшигидан бош суқишаётганди. Дарбон сатрошхонага кўз югуртириб, ҳеч ким қолмаганига ишонч ҳосил қилгач, оқсоқланиб, ичкарига кирди ва буйруқ оҳангида деди:
– Ахурамазда инояти билан сенга Искандарнинг соч-соқолини олишдек шарафли вазифа юкланди. Ҳозироқ асбоб-анжомингни олиб йўлга туш.
Мен бундай паллада нафақат оилам билан хайр-хўшлашишга, балки энди кўчада биронта танишим билан бош ирғаб, имо-ишора қилишга ҳам ҳаққим йўқлигини билардим. Қисматимга Искандарга сартарошлик қилиш шон-шарафи учун қурбон бўлиш маҳкумлиги ёзилганди.
Уч навкар ва дарбон ҳамроҳлигида саройга қараб кетарканмиз, шаҳар кўчаларининг ҳар икки томонида одамлар тўпланиб, бизни кузатиб туришар, уларнинг аксарияти ҳамдардлик билдириб, бош ирғаб қўяётганини, бошқа мени ҳеч қачон ҳозиргидек худди бир ишни қойиллатиб қўйишга кетаётгандай мағрур ва масрур ҳолда кўришмаслигини, бир-икки кундан сўнг телбаларга қўшилиб, кўчаларда болалар билан чопиб, минғирлаб юрганимга кўзи тушишларини, мен каби шаҳардаги барча сартарошларни шу йўлдан шу тахлит кузатиб, кейин уларнинг жунун ўйнаган қиёфаларинигина кўришга ўрганиб қолишганини муҳокама қилишаётганини сезиб турардим. Айримлар эса гарчи эртанги ёздиғим ўзларига беш қўлдай аён бўлса-да, менга надомат билан боқиб туришарди. Уларнинг қарашларини ҳам тушунгандек эдим. Улар Искандардек мукаррам зотнинг қаршисида туриш, балки унинг танасига тегиш, юзи ва танасидаги илоҳий қувватдан, майли, кейин ёқиб кул қилишса ҳам бир неча сония бўлса-да баҳра олишдек бахтга мушарраф бўлиш айнан менга насиб қилганидан ич-этларини ҳасад кемириб турар, шу сабабли атрофдаги хайрихоҳлик билан гувиллашаётган оломонга норозилик билдиришгандек, менга еб қўйгудек тикилишар, баъзида ошкора тарзда асбоб солинган чарм халтамнинг абгорлиги, уст-бошимнинг юпунлиги, бўйим калталиги, сартарош бўлатуриб, сочларимга тартиб берилмагани, умуман, камчилигу нуқсонларим, кўрса тиланчи уяладиган кўринишда Искандардек мукаррам зотнинг олдига бориш илоҳларга қанчалар ҳурматсизлик экани ҳақида жим ёки ошкора ғайирлик билан муносабат билдиришарди.
Уларни тушунса бўлади: Унинг муътабар чеҳрасидан фароғат олиш, муборак мўйларини қўлларида ушлаш, абад ва азал акс этган кўзларига боқиш, фалакнинг марҳамати ва муруввати билан тўйинган нигоҳларидан баҳраманд бўлиш бахти шунча одамлар ичида фақат менга насиб қилган эди ва мен ҳам хаёлан ҳузурига борсам, унинг қиёфаси тафтидан кўзларим қамашиб қолади, у менга бани коинот қудурати акс этган кўзларини тикади, мен эса таъзим қилиб, ўзи билан юз кўришишдек бахтга каминани мушарраф этганидан миннатдор бўлиб, оёқ-қўларини ўпаман, токи ҳолдан тойгунча этакларини кўзимга суртиб, оёқ изларини ўпаман, унинг ана шу мунаввар чеҳрасини кўриш учун телба бўлсам нима бўлибди, ахир бу коинот туҳфасига менга ўхшаганлар икки дунёсини ҳам ҳадя қилиб юборса бўлади деб ўйлардим ва ана шу хаёлимдан ҳамда Искандарни кўриш, унинг каромат тўла чеҳрасига боқиш бахтидан ҳалитдан масту мустағриқ бўлгандек, кўринган ҳар кимсага бахт ва сурур билан боқардим.
Саройга киришимиз билан улкан қушнинг қанотига ўхшаш қўш табақали дарвоза ёпилди. Қаршимда баҳайбат ибодатхонани эслатувчи сарой намоён бўлди. Ҳаммаси оддий ва жўн эди. Бу ерда ақлни оладиган ҳеч нарса йўқ эди. Фақат ортиқча ҳашам ва салобат мени лол қилиб қўйганди. Ҳар бир қадамда худди ер соти илоҳлари манзилидек совуқ руҳият ва сароб каби жимжима тўшалиб ётарди. Дарбон мени арши аълога олиб чиқаётгандек олтин зиналардан юқорига бошлаб борар, мен эса атрофимдаги нақшлару оппоқ нафис мармарлардан ҳайратда қолганча унинг изидан ёш боладек эргашиб кетаётгандим. Зина охирида, эшик олдида бизни салобатли, сочи қиртишлаб олинган, умрида қуёш кўрмагандек танаси кўкимтир тусга кирган одам кутиб олди.
– Эй, муҳтарам эшик оғаси, сартарош келди! – деди дарбон унга эгилиб таъзим қиларкан.
Эшик оғаси бош ирғади, мени бошдан оёқ кузатиб чиқди. Мен ҳам уни кузатдим: бир умр яшаган ер остидан ҳозиргина чиқиб келиб, кўзлари қамашаётгандек қуёш тафтидан ўзини тортиб турарди. Аммо ҳар бир ҳаракати аниқ, ҳисобли эди.Кейин У “изимдан юр” дегандек нигоҳи билан ишора қилиб, ичкари бошлади. Биз яна гўё оддий пиллапоялар эмас, аршу аълога олиб чиқадигандек ҳаддан ошиқ зебу зийнат берилган зиналардан кўтарилдик, гўё осмону фалакни суягандек маҳобат билан қад кериб турган улкан устунлар қалашиб ётган хоналардан, даҳлизлардан, бўлмалардан ўтдик. Назаримда умрим бино бўлиб бунчалик кўп юрмагандек эдим. Гўё дунёнинг бу чеккасидан нариги чеккасига бораётгандек, – Искандарники бўлса керак, – турли ҳолатлари акс этган ҳайкаллару бош қолиплари қалашиб ётган йўлак бўйлаб узоқ юрдик. Ниҳоят катта, ҳашамли, ўртада олтин тахт турган хонага кирдик. Тахт ёнидаги нақшинкор курсида ўрта бўй, калтабақай, юзларига илоҳий бўёқлар сурилган, бошига узун кулоҳ кийган киши ўтирарди. Кулоҳдан билдим, бу Искандар эди. Фақат угина Ахурамаздага хос шунақа кўк кулоҳ кийишга ҳақли эди. Дарбон мени бу ҳақда ҳам огоҳлантирганди. “Токи соқолини олгунингча, Искандарнинг бошидаги кулоҳ ечилмайди. Русуми шунақа. Соқол тўла олингач, коҳин келиб, бошдаги кулоҳни олади, Искандарнинг бошига муқаддас булоқ сувини сепади, бу пайтда сен бошингни эгганча миқ этмай ўтирасан” деганди. Бу ерда мен гувоҳ бўлаётганларим ташқарида кезиб юрган афсонаю миш-мишларга ҳечам тўғри келмасди. Бу ер илоҳий зот яшайдиган меҳробдан кўра жиноятчилар устидан ҳукм ўқиладиган ва қатл этиладиган майдонни эслатарди. Искандарда ҳам ҳеч қандай маҳобат йўқ, худди еб ўтирган нони тортиб олинган қаландардек юзида аламзадалик қотиб қолган, на нур, на илоҳиёт тараларди. Бу мени бироз ажаблантирди. У қаёққадир шошилиб турганини билдирмоқчидек елкасига қизил духоба ташлаган ҳолда соч-соқол олдиришга тайёр бўлиб турарди. Ҳозиргина унинг елкасига духоба ташлаган коҳин мен киришим билан тожни ушлаганча нари кетди. Афтидан, бу ерда ҳар бир сония ўлчовли эди. Ҳатто менинг қадамларим ҳам ҳисобга олингандай, эшикдан кириб, остонага биринчи қадамни ташлашим билан тож бошдан олинган, ўрнига кулоҳ кийгизилган эди. Бунчалик батартиблик мени бироз эсанкиратиб қўйди. Бу ерда ҳар бир босилган қадам ҳисобли экан, унда бутун маҳоратимни ишга солиб, белгиланган муддатда ишимни якунлашим керак. Эшик оғаси менга “бошла” дегандек яна нигоҳи билан ишора қилди. Мен ҳаммасини тушундим. Бу ерда изоҳ сўраш, суриштириш ортиқча, тилу забон ожиз. Дарҳол ишга киришдим.
Искандарни ташқарида хушсурат, алпқомат, икки елкасига иккита фаришта қўниб туради, сиймоси тонг офтоби каби шафақ таратади, деб таърифлашарди. Кўз олдимда анчайин хунук, юзи гезарган, кўзлари ўлжа кўрган бўриникидек совуқ, кишига ҳамиша шубҳа ва гумон билан боқадиган бадбуруш кимса турарди. Хизматкор, эшик оғаси, иккита хос соқчи ва коҳин менинг ҳар бир ҳаракатимни синчковлик билан кузатишарди. Бунга ажабланмаса ҳам бўлади. Улар Искандарни ҳар қандай суиқасддан асрашлари керак. Аввал бир сидра кўпик билан соқолини олдим. Буни менга дарбон йўлда тушунтирганди. “Искандарнинг олдин соқолини олиб, кейин сочига ўтасан. Тартиб шундай”, деганди у. Мен соқолни қиртишларканман, чандиқларни тилиб юбормаслик учун бутун маҳоратимни ишга солардим. “Искандар Ахриманнинг кўплаб ёвуз кучлари билан олишиб, юзида ўша улуғвор жангларнинг излари қолган, жуда эҳтиёт бўлишинг керак, мабодо биронтасидан қон кетса, бошинг кетади”, деганди дарбон. Кўклам жилғалари тилимлаб ташлаган адирни ва селдан сўнг ёрилиб қолган қатқолоқни эслатадиган юзни мўйлардан тозалаб бўлгач, енгил тортдим. Энг оғир иш орқада қолганди. Энди буёғи осон. Сочни бир пасда қириб ташлаш мумкин. Соч олиш бўйича бу мамлакатда менинг олдимга тушадигани йўқ. Қолаверса, дарбон мени соч олишнинг мураккаблиги ҳақида огоҳлантирмаган. Демак, қийин иш ортда қолди. Мен олдинги сартарошлар нега ақлдан озар даражага етганликларига бироз ажабландим ҳам. Искандарнинг на ўзида, на юзида, на хатти-ҳаракатида ақл оладиган ҳеч нарса йўқ. Оддий, ҳатто териси ўта жўн, қурумсиқ, худди калатакесакнинг терисини эслатадиган озгина бадбўй ҳид ҳам анқирди. Бунинг нимаси уларни ақлдан оздирди экан?! Искандар худди қадимги маъбудлардай хўмрайиб, жим ўтирибди. Демак, ишимдан норози эмас. Мен енгил тортдим. Соқол олиб бўлинганини билдириш учун эшик оғасига ўгирилдим, у коҳинга қаради. Коҳин Искандарга яқинлашди. Мен худди дарбон тушунтиргандек, ерга чўкканча, таъзим қилиб, бош эгиб турдим. Коҳин кийимларининг шитирлашигина қулоғимга чалинарди. Кейин юзига пуркалаётган сув товуши келди, изидан Искандар сувдан қултумлаб ичиб қўйди. Дарбон бу сувни муқаддас “мада*” суви деб айтган эди. Бу сувни ичган ва унда чўмилган абадий яшайди, абадий ҳукмронлик қилади. Искандарнинг қудрати шундаки, у бобомнинг бобоси даврида ҳам ҳозиргидай навқирон кўринишда бўлган, набирамнинг набираси даврида ҳам мен кўриб тургандай кўринишда қолади. У бу дунёга абадий ҳукмронлик қилиб, бизни адолат ва равнақ, ҳидоят ва тараққиёт сари етаклайди. Бизни залолат ботқоғидан халос қилиш учун юборилган фалакнинг инояти, саховати, ҳиммати ва шафқати у. Бу унут заминда жудолик уқубатига ғарқ қилинганлар учун илоҳий дийдор тажассуми. У бошимизда балқиб турган қуёшимиз, мангу меҳробимиз, Ахурамазданинг талъати, йўқ, йўқ, у орамиздаги Ахурамазданинг ўзи. Шафқат ва иноят учун, мурувват ва марҳамат учун, саҳро жизғанагида қолган қалбларимизга оби ҳаёт бериш, чанқоқ дилларни қондириш учун олдимизга тушган…
Салдан сўнг коҳинннинг қизил ридоси мендан узоқлашди. Шундан коҳин Искандарни соч олдиришга тайёрлаб бўлганини сездим. Эшик оғаси елкамга туртди. Мен энди сочни ола бошлашим мумкинлигини англадим ва халтамдан соч устарамни олиб, уни қайишга бир икки қайрадим. Искандарнинг олдига келиб, сочни пешона қисмдан бошлаб олмоқчи бўлиб, олд томонга ўтдим ва қай йўсин қиртишлаш қулайлигини билиш учун сочга разм солдим.. Ва шунда бутун баданимни қалтироқ босди. Кўрганларимга ишонмай, эшик оғасига қарадим. Эшик оғаси мендан кўз узмай қараб турар, унинг кўзида ҳеч қандай ажабланиш йўқ эди. Ваҳоланки, мен кўрганни у ҳам кўриб турарди. Кейин коҳинга қарадим. У ҳам худди ҳайкалдай, ҳеч нарса юз бермагандай қотиб турарди. Улар учун мен кўриб турганларим одатдаги манзара эди. Ҳа, кўзларим алдамаганди. Искандарнинг сочлари орасидан тўрт энли шох ўсиб турарди. Қўлларим қалтиради. Лабларим пирпиради. Қўлимдан устара тушиб кетди. Оқ мармарга жаранглаб тушди. Қўрқиб кетдим. Ҳозир Искандар ғазабга келади, бошимни танимдан жудо қилади деган хаёл ўтди миямдан. Аммо негадир бу ҳолатимга ҳеч ким эътибор бермади. Искандар тушиб кетган устарага қайрилиб ҳам қарамади, қолганлар ҳам пинагини бузишмади. Шундан билдимки, улар бунақа ҳолатга ўрганиб қолишган. Нима қилиб бўлса ҳам ўзимни босиб олишим керак эди. Чуқур нафас олдим. Кўзларимни юмиб, бир пас турдим. Бу менга дадиллик берди. Кейин пешонамда борини кўраман деб, сочни ола бошлади. Кўзим шохга тушганда қўлларимда қалтироқ турар, аммо дарҳол ўзимни чалғитиб, нима қилиб бўлса ҳам бу ердан соғ-омон чиқиб кетишни ўйлардим. Ниҳоят сочни олиб бўлдим. Шохнинг атрофини ҳам тозаладим. Искандар бошини кафти билан силаб кўрди, кейин жилмайди. Бу саройга келганимдан бери биринчи марта жилмайиши эди. Коҳиннинг ҳам юзига табассум югурди. Демак, ишим буларга ёққан. Коҳин келиб, Искандарга тож кийгиза бошлади. Тождан олдин шохни ёпиш учун қалпоқча кийдиришди. Кейин унга яна ўша сувни тутишди. Мен серрайиб қотиб турардим. Эшик оғаси келиб елкамга қўл қўйди. Шунда бу ерда ишим тугаганини, ҳаммаси яхши ўтганини англадим. Устарамни ва халтамни йиғиштирдим. Эшик оғаси билан яна ўша узун йўлаклар, айланма даҳлизлар ва сирли бўлмалар орқали орқага қайтдик. Зинага қайтиб чиққанимизда дарбон пастда соқчилари билан кутиб турарди. Эшик оғаси ҳақимни бераркан, менга ўта совуқ оҳангда шипшиди: “Сен бу ерда кўрганларингни унут. Бирон кишига гулласанг, ўзингнинг ва яқинларингнинг жони олинади, моли ғорат бўлади. Шуни билгилки, уйингнинг деворида ҳам, юрган йўлингда ҳам қулоқ бор. Оғзингдан чиққан товушни ҳам бизга етказишади. Тилингни тийсанг яшайсан. Аксинча бўлса, ўша заҳоти анови жаллод қаршингда пайдо бўлади.” У имо билан сарой четидаги супада ойболтасини кўтариб, худди “қани, навбат кимники?” дегандек олдидаги кундани айланиб юрган бадбашара, баҳайбат, одамдан кўра девга ўхшаб кетадиган барзангини кўрсатди. Жаллод ҳар дамда болтасини бир силтаб оларди, гўё бу билан хаёлидаги маҳкумнинг бошини танасидан жудо қилаётгандай бўлар ва унинг болтасидан атрофга ваҳимали “шув…шув” деган сас тараларди. Ҳаммасига тушундим. Менга бу ерда кўрганларим ҳақида гапириш таъқиқланаётган эди. Аввалига соғ-саломат чиққанимга хурсанд бўлиб, бажону дил бош ирғадим. Дарбон билан дарвоза томон йўл олдим. Энди буёғи озодлик эди. Бу ердан соғ-саломат чиққанимга шукурлар қилиб, қушдай учиб борардим. Мен озод эдим. Менга ҳам, забонимга ҳам, сезишимча, ақл-идрокимга ҳам ҳеч нарса қилмаганди. Демак, шунча сартарошлар ичида фақат мен бу саройдан ақл-ҳуши жойида бўлиб чиқиб кетаяпман деган хулосага келдим. Бу тақдирнинг сийлови, тангриларнинг инояти, Искандарнинг марҳамати эди. Ҳаёт янаям гўзал кўриниб кетди кўзимга. Саройдан уйимгача қушдай учиб бордим.
Аммо янглишган эканман. Икки кундан кейин кўрганларим кўз олдимдан кетмай қўйди. Қаёққа қарасам, бошдаги шох кўринарди. Устига устак аёлим, болаларим ва яқинларим менга саройда кўрганларимни айтиб беришни талаб қилиб, ҳоли жонимга қўймас, мен эса уларга нима дейишни билолмай лол эдим. Бу ҳақда гапирай десам болаларим ва яқинларимнинг бошига кўзим тушар, бирдан фикримдан қайтардим. Ҳар бурчакда жосус маъбудлар менинг оғзимни пойлаб тургандай бўларди. Бирдан тилимни тишлардим. Шу тахлит кунлар ўтди. Менга ҳеч нарса ёқмас, ичимга кириб олган Искандарнинг сири менга тинчлик бермас, аммо уни ошкор қилишдан ҳам қўрқардим. Айтсам тилим, айтмасам дилим куядиган ҳолатга тушгандим. “Эй, одамлар, Искандарнинг шохи бор!” дейишим билан ўзимнинг ва яқинларимнинг бошига нима кунлар тушишини тасаввур қилиб, юрагим орқага тортиб кетарди. Тилни тийиб кўрганларинг, бошингдан кечирганларинг, гувоҳ бўлганларинг ҳақида лом-мим демай юриш бунчалик оғирлигини илгари билмаган эканман: ахир менга тилим, забоним бутун бўла туриб, кўрганимни кўрмадим, билганимни билмадим дейиш, худди гунгу кар одамлардек яшаш, бир умр тил тийиб юриш, бошқача айтганда, Искандар учун тилимни, борлиғимни қурбон қилишим керак эди. Аммо жим юриб ҳам бўлмасди. Жим юриш ақлдан оздирарди, телба қиларди. Худди ичимга жин кириб олгандай эди. Бу жин эртаю кеч хаёлимни Искандарнинг бошида турган шох билан банд қилар, у ҳақда кимгадир айтиш, бу сирни очиб, фош қилиш истагини уйғотар, кўринган ҳар бир одамга “Айт, айт” деётгандай туюлар, бу истак баъзида мени шунчалик қистовга олардики, бутун баданим қақшай бошлар, бошимга оғриқ кирар, пайларим тортишиб, худди тутқаноқ тутаётгандай қалтироқ ва азобдан букилиб қолар, ичимдагини айтиб, ҳаммасидан бира тўла қутилиш истаги пайдо бўлар, бироқ мени бу истакдан эшик оғаси болаларим ва яқинларимнинг жонини қилга осиб қўйган огоҳлантиришигина сақлаб қолар, чорасизликдан букилиб олиб, аъзои баданимни қақшатаётган оғриқни босаман деб ғужанак бўлиб олар, ичимда гўё бутун шаҳарни, бутун мамлакатни ёндирадиган аланга ловуллаб, мени тафтида қовуриб-қовжиратиб тургандай туюларди. Ичимдаги оловни ҳеч нарса билан ўчириб бўлмасди. Ўчириш учун фақат ичимдагини айтишим керак. Лекин бу мамлакатда бировга бу ҳақда гапириш ўлим билан баравар эди. Биронтага энди гап бошлайман дейишим билан шундай ёнимда кундани айланиб юрган жаллод пайдо бўлар ва ойболтасини баланд кўтарарди. Уни кўриб тилларим танглайимга ёпишиб қолар, калима келмас, кийимларимни совуқ тер ҳўл қилиб юборарди. Бу қандайдир тавқи ланъатга ўхшарди: қачон ичимдагини айтаман десам, вужудимда худди бўрон каби қалтироқ бошланар, ўша заҳоти қаршимда жаллод пайдо бўлар, “қани, бошингни кундага қўй” деётгандай кўзларини лўқ қилиб тикилар, жонҳолатда тилларимни тишлаб олар ва уни кўрмаслик учун кўзларимни юмар, токи ичимдаги қалтироқ пасайгунча шу ҳолатда қотиб тураверардим. Тушларимда ҳам ойболтанинг “шув…шув” этган товушини эшитиб ётар, гўё ойболта бошимиз устида сермалаётгандай ухлаб ётган болаларимнинг бошини танам билан тўсганча, ётиб олардим. Менинг туш ва ҳуш аралаш бу ҳолатим аёлим ва болаларимда қанчадан қанча норозиликлар, ажабланишлар уйғотмади дейсиз. Кейинчалик улар ҳам мени бошқалар каби ақлдан озган деб ўйлай бошлаганини кўзларидан, юзларидан билиб турардим. Одамларгина эмас, маъбудлар ҳам Искандарга хизмат қилиб, нафақат сўзларни, ҳар бир товушимни етказиб туришибди. Айғоқчи шамоллар ҳам атрофимда гап олиш учун гир-гир айланиб юрибди, жосус дарахтлар тунлари деразамга суяниб, тушларимга қулоқ тутади. Бепоён осмон “кўнглинг кир сенинг” дегандек кўзларимга лўқ бўлиб тикилади, уйим атрофида чигирткалар, қурвақалар навбатчилик қилади. Ҳаммасининг мақсади мени гапга солиб, кейин бориб чақиш ва хонумонимни куйдириш. Кимга қарамай, бошқа мақсад кўрмайман. Ичимдагини айтишга, дардимни ёйишга муносиб қулоқ, муносиб ҳамдард йўқ. Худди телба каби кун узоғи шаҳар айланиб юрар, бирдан бўшалиб кетмаслик, гапириб юбормаслик учун тилимни маҳкам тишлаб олардим. Тилимга ишонмасдим. Тўсатдан сирни очиб юборса, кейин болалариму яқинларимни кўз олдимда қатл этишса… Қатл манзарасини тасаввур қилиб, худди тилим мендан қочиб, айтиб қўядигандай, тилимни узиб ташлагим келарди. Тилим яра бўлиб, оғзимдан қон оқиб юрадиган бўлди. Ҳамма қўлини бигиз қилиб мени кўрсатишар, мени ҳам ақлдан озди деб ўйлашарди. Одамларни кўрдим дегунча менда айтиш истаги кучаяр, ўзимни зўрға босиб, тилимни тишлаганча оғзимдан кўпик ва қон сачратиб улардан узоқлашардим. Бора-бора ичимдаги истак кучайиб борар, аммо қаршимда бирон танишим ёки бирон ёт одам пайдо бўлди дегунча, қулоғим тагида ойболтанинг “шув” этган товуши ҳам эшитила бошлар, у бошим узра сермангандай туюлар, унинг зарбидан олиб қочаман деб бошимни эгиб олар, танишим бу ҳолатимни кўриб, мени ҳам бошқа сартарошлар каби тузалмас хасталикка йўлиққан деб ўйлагани унинг ачиниш ва ажабланиш тўла кўзларидан шундоқ кўриниб туради. Бора-бора болтанинг товуши кучайиб борди. Қаерда бўлсам у мени таъқиб этар, бир лаҳза бўлсин тинч қўймасди. Гавжум жойларда истак авж олар, қалтираб, тилимни тишлаб, ўзимга оғриқ бериб, зўрға қочиб қолардим. Охири чидолмадим. Оломондан ўзимни олиб қочиб, овлоқ кўчаларга, одамлар йўқ жойларга чиқиб кета бошладим. Одамлардан узоқда бу истак ва болта товуши озроқ бўлса ҳам пасаярди. Энди мен шаҳарнинг ҳувиллаб қолган кимсасиз кўчаларини телбалардай кезиб юрардим. Бу ерларда ичимдаги қалтираш, қўрқув босилар, оғриқ юмшарди. Шунда ҳеч ким тушунмайдиган оҳангда худди итлардек алам билан увиллаб-увиллаб қўярдим. Гўё шу билан ичимдаги дарддан бутун дунёни хабардор қилмоқчидай эдим. Аммо дунё гунг ва кар эди. У мени тушунмас, увиллашларимга эътибор бермас, атрофимдан мени масхара қилаётган вақт ва оломон билан бирга қўшилиб ўтиб кетарди.
Бир куни дард янаям зўрайди, қайга борсам, ўтирсам ҳам, турсам ҳам болта товуши таъқиб қила бошлади. Нима қилиб бўлса ҳам ундан қутулишим керак эди. Қулоғимни кар қилгудек жаранглаётган бу товушга ва танамни қақшатаётган оғриққа бир чора излаб, шаҳардан қочиб далага чиқиб кетдим. Далада юриб-юриб, охири бир пайтлар болалагимизда мол боқадиган тўқайга келиб қолдим. Узоқларда тоғ ястаниб ётарди. Аввалига ўша тоғларга қараб ичимдагини айтгим келди. Аммо атрофимда айланиб-ўргилиб, барларимни ва сочларимни ўйноқлаётган шаббода товушимни Искандарга етказишдан қўрқардим. Нажот истаб атрофга алангладим. Бирдан эсимга тўқайдаги қудуқ тушди. Болалигимизда биз ундан садо қайтиши учун исмимизни айтиб чақирар, салдан кейин қудуқ тубидан исмимизнинг ғалати оҳангдаги акси қайтиб келиб, бизнинг кулгимизни қистар, ичагимиз узилгудай кулиб, яна бақираверардик. Бошимизни қудуққа тиқиб қанча қичқирсак ҳам овозимиз ташқарига чиқмас, қудуқ тубига изсиз сингиб кетарди. Мана энди яна ўша қудуқ олдида турибман. Агар унга бошимни тиқиб қанча бақирсам ҳам қудуқдан бошқа ҳеч ким, на шамол, на осмон, на қушлар эшитмаслиги аниқ. Атрофимга қараб олдим. Товушим етадиган кенгликда, тепамда ҳеч зоғ йўқ эди. Шунда қудуқ бошига келдим, бошимни қудуққа тиқиб, худди болалигимдагидек бор овозим билан шунча кунлар айтишни менга таъқиқлашган, шунча кунлар хаёлимни банд қилиб, мени телба қилган сирни бақириб-ҳўнграб айта бошладим: “Искандарнинг шохи бор. У Ахурамазда авлоди эмас, у Ахриманнинг зурриёди экан. Унинг шохи бор экан!!!” Хуморим чиққунча бақирдим. Кўзларимдан ёш потирлаб оқарди. Бу севинч ёшлари эдими ёки қайғуми, билмадим. Лекин ҳўнграб йиғлар ва яна бақириб, Искандарнинг шохи ҳақидаги сирни қудуқнинг тубига ошкор қилардим. Ичимни куйдираётган, мени телба қилган сиримни айтадиган, майли, у жонсиз ва тубсиз қудуқ бўлса ҳам дардимни эшитадиган топилганидан ўзимда йўқ бахтиёр эдим. Ҳар бақирганимда баданимдан, бошимдан оғриқ, касаллик арир, вужудим енгиллашар, танамга қувват ва ҳаёт қайтар, энг муҳими мени таъқиб қилиб юрган болта товуши ҳам мендан узоқлашиб борарди. Охири у тиниб, қулоғимга оддий шанғиллаш кела бошлади. Шу куни кечгача қудуққа Искандарнинг саройида нимани кўрган ва ҳис қилган бўлсам, ҳаммасини айтиб бердим. Шу йўл билан ўзимни муқаррар телбаликдан асраб қолдим. Ичим бўшалган, олов тафти босилган эди. Ичимда нимадир чиқиб, қудуқнинг тубига думалаб кетгандай, шуурим, вужудим яланғоч бўлиб қолгандай эди. Аммо саломат, тетик эдим. Танамга яна қувват ва ҳаёт қайтганди. Бутун дардимни, сирни ва кўрган-кечирганларимни шу ерга ташлаб шаҳарга қайтдим…
…У шаҳарга кетди. Кейинчалик эшитдик, уни Искандарнинг жосуслари ва маъбудлар қаҳру ғазабга тўлиб излашибди. Аммо уни бошқа ҳеч жойдан топишолмабди. У қудуққа келиб дардини айтгач изсиз ғойиб бўлибди. Айғоқчилар из ва ис олиб тўқайга ва бизнинг олдимизга ҳам келишди, улар қудуқ тубларини ҳам титкилашди, аммо бу пайт бизни қамиш барглари ўз ҳовучига яшириб қўйганди. Биз эса қамишнинг баргида узоқ ухладик ва бир куни қамишга айланиб, қудуқ тубидан ўсиб чиқдик. Ўша йили қурғоқчилик келди. Аммо бизнинг томиримиз сувга тегиб турарди. Биз тез бўй чўздик. Бўйимиз қудуқдан ташқарига чиқиб, олис ва ваҳимали шаҳарларни ҳам кўра оладиган даражага етди. Осмонга интилган дўстларим билан бирга шамолда тебраниб, ҳар ўтган-кетганларга нимадир деб шовуллардик. Аммо бизни ҳеч ким тушунмас, ҳеч ким шовуримизга қулоқ тутмасди. Орадан ойлар ўтиб, тўқайга турли томонлардан қисматларига дунёни ўзгартириш битилган чўпон болалар кела бошлашди. Олдин ўйин илинжида тўқайни, кейин бизнинг атрофимизда айланишди. Бўлиқ, тарсиллаб турган танамизни ушлаб кўриб, бир-бирларига нимадир дея бошлашди. Ўткир пичоқларини чиқаришиб, бизни бўлаклаб кесишга тушишди. Кейин улар биздан сибизға ясашди. Энди биз қамишдан оҳангга айлангандик. Сибизғани чалиб кўришганда биз ичимиздаги ҳамма нарсани тўкиб солдик. Чўпон болалар ўзлари ясаган сибизғаларни йўл бўйи бошқа болаларга тарқатиб кетдилар. Болалар эса тун-кун сибизға чалишар, сибизғадаги оҳанг эшилиб буралиб одамларни огоҳ қиларди:”Искандарнинг шохи бор… Искандарнинг шохи бор…” Тез орада биз ўсган қудуқдан чиқмаган бошқа сибизғалар ҳам пайдо бўлди. Кейин яна бошқалари. Турли макону манзилларда ясалган бу сибизғалар ҳам бизга ўхшаб, шох ҳақида нола қиларди. Шундан кейин билдик, сартарошнинг қисмати мангуликка маҳкум қилинганди: у ҳали ҳануз дунё кезиб юрар, қаерда қудуқ бўлса, унга ичидаги сирни айтар, Искандар жосуслари кўмиб улгирмаган қудуқлардан қамишлар ўсиб чиқиб, сибизғага айланарди. Болалар эса тун-кун сибизға чалишар, сибизғадаги оҳанг эшилиб-эшилиб одамларни огоҳ қиларди: “Искандарнинг шохи бор… Искандарнинг шохи бор…”

*Мада, бошқача номи хаома – зардуштийлик динида муқаддас сув. Бу сувни ичган абадий яшайди деб ҳисобланган.

«Ёшлик» журналининг 2012 йил 5-сонидан олинди.