Наргиза Асад. Кўзмунчоқ (ҳикоя)

У қизи билан уйга кирибоқ стулга ҳорғин чўкди. Бугун иш ҳар доимгидан ҳам кўп бўлди. Ўзи йил якунида ҳисоботлар йиғилиб қолади.
Деразанинг бир табақасини очди. Хонага кирган кузнинг салқин ҳавоси юзларига хуш ёқди. Енгил тин олиб, қизариб ботаётган офтобга, ёрилган анордек олланган самога бир зум тикилди.
Шу пайт ёнида кийимларини алмаштираётган қизалоғи:
— Ойижон, кўзмунчоғимни йўқотиб қўйибман, — деди мунчоқ кўзларига хавотир иниб.
— Шундай де. Энди нима қиламиз? — деди бошини сарак-сарак қилиб.
Дилфазо эса ўнг қўлига тикилганча ўйланиб турди-да, сўнг хафа бўлиб:
— Ойижон, сиз ҳам мендек вақтингиз кўзмунчоғингизни йўқотиб қўйганмисиз? — деди ўзини оқламоқчидек. Бундай саволни кутмагани учун Дилҳаё бир лаҳза нима дейишини билмай каловланиб қолдида, кейин:
— Ҳа, йўқотганман, болалигимда йўқотгандим, қизгинам, — деди ва хаёлида ўтмишидаги воқеалар хотиранинг қоронғу бурчакларидан чиқиб тиклана бошлади…
Дилҳаё ота-онасининг ёлғиз фарзанди эди. У энди эсини таний бошлаган пайтлари. Отаси негадир ойисини бесабаб койийверарди. Бунда кўпроқ бувисининг ҳиссаси борлигини анча кейин билди. Шундай кўнгилхираликлар содир бўлганда онаси индамай ичкари уйга кириб кетар, деразанинг ёнида туриб, олисларга узоқ тикилиб, кўз ёшларини артарди. Тўрт-беш ёшлар чамасидаги Дилҳаё онасининг қайси айби учун гап эшитаётганини тушунмаса-да, унга ачинар, чучук тиллари билан «Ойи, йиламанг» деб онасининг пинжига кирарди. Ўшанда болалигига борибми, ойиси юкли бўлмаётганлиги учун бувисининг кесатиқли гапларини, дадасининг бор аламини онасидан олиб, жанжал чиқаришини тушунмас, нега олдингидек тинч-тотув эмасликларини мурғак қалби англай олмасди.
Кўклам кунларидан бирида қўрадаги совлиқлардан бири болалади. У биринчи марта бунақа кичкина қўйчани кўриши эди. Бирам чиройли, бирам жажжики, момиқ юнгларини силагинг келади. Қоп-қора кўзлари қуралай, ора-сира тамшаниб онасига талпинишини айтмаганда, нуқул жим ётади. Бувисининг айтишича, қўзичоқ чала туғилганмиш. Ахир, бут-бутун-ку! Қўл-оёғи, бурни, кўзи жойида, қимирлатиб қўядиган кичкинагина қулоқчалари ҳам бор. Дилҳаёга эрмак топилди. Энди ҳар куни тонг отиши билан қўзичоқнинг ёнига югурар, энди бўй чўзган гиёҳларни юлиб унинг оғзига тутарди. Қўзичоқ борган сайин кучга тўлар, оёқларида туриб, унинг қўлидаги емакка талпинарди. Дилҳаё ўзига шундай ҳамроҳ топилганидан хурсанд, энди ўйинларига хуши келса қўшадиган, хуши келмаса яқинлатмайдиган болаларга ялинмас, бурчакда туриб қўшни ака-сингилларнинг ўйинларини ҳавас билан кузатишга унда на вақт, на тоқат қолганди.
Қизалоқ учун овунчоқ топилганидан уйдагилар, айниқса, онаси мамнун. Кўчадаги ўртоқларидан хафа бўлиб, йиғламсираб кирган дамларда онасининг кўнгли бузилиб, уни бағрига босар, «Қўявер, оппоғим, сенинг ҳам уканг бўлса, уларга қараб ўтирмайсан, ўзларинг маза қилиб ўйнайверасизлар», дерди овутиб. Мана, энди ўша болаларнинг унга ҳаваси келади. Чунки унинг Кўзмунчоғи бор. Дилҳаё қўзичоққа шундай ном берди. Бошида дадасидан, бувисидан сўради. Кимдир, Қашқа деса, яна кимдир Қоравой деди. Охири ойиси ўйланиб турди-да, «Кел, уни Кўзмунчоқ деб атаймиз», деди ўзи топган топилмадан болаларча қувониб.
Шу тариқа унинг кўпинча ўзи билан ўзи ўйнайдиган бироз зерикарли, бир хил бошланиб, шу тахлит тугайдиган кунларига мазмун кирди. Болалиги қувончли кунларга, серфайз лаҳзаларга тўлди. Кўзмунчоқ у билан деярли ҳар дақиқа бирга, сакраб-сакраб орқасидан қолмайди. Пешонасидаги оқ қашқасини айтмаганда, тим қора эди. Дилҳаё ўйинқароқлик қилиб ҳовлидаги гулзорга яшириниб олса «бэ-бэ-э»лаб, у ёқдан бу ёққа юриб уни ахтарар, бошини гуллар орасидан чиқариши билан ёнига чопиб келиб ирғишларди. Назарида қўзичоқ гапга тушунар, шу боис қизча ўзининг хаёлларини, орзуларини соатлаб унга айтиб ўтирарди.
Баҳор-у ёз ҳаш-паш деганча ўтиб кетди. Куз келиб, ишкомдаги хусайни узумлар қуёш нурида ял-ял ёниб пишган, боғдаги олмалар бири қизил, бири ним пушти бўлиб кўзни оладиган паллалар. Шундай кунларнинг бирида бувиси дадаси билан супада ўтириб анчагача суҳбатлашишди. Улар нима ҳақида гаплашаётганини билиб бўлмас, бироқ негадир дадаси бир унга, бир Кўзмунчоққа қараб-қараб қўяр, афтидан у чорасиз қолганди шу тобда. Бувиси эса, қўлларини силтаб-силтаб дадасига алланималарни тушунтирарди. Онаси нон ёпаркан, ора-сира тандирдан узоқлашиб, уларга хавотир билан қараб қўярди.
Эртаси дадаси уни тиззасига олиб, эркалади, сочларини силаб меҳр билан ўпиб қўйди. Нега бундай қилаётганини у тушунмаса-да, нимагадир кўнгли ийиб, кулимсиради, чулдираб Кўзмунчоғи ҳақида гапира кетди. Бугун у бироз ўйчан, мулойим тортган. Қизига, унинг тўлиб-тошиб қўзичоғи ҳақида гапиришига қулоқ солиб тургач:
— Дилҳаё, қизим, бугун… уни, бозорга оборамиз, майлими? — деб сўради, овозини пасайтириб. Дилҳаё аввал кимни деб сўрамоқчи бўлди-ю, аммо гап нима ҳақида бораётганини тушуниб:
— Кўзмунчоқними? Нега, нега, ахир?..
Унинг ёноқларида ёш думалади. Жажжи елкалари силкиниб, кишини ларзага соладиган бир ҳолатда қолди у.
— Энди сен улғайиб қолдинг, ҳадемай мактабга борасан. Кейин Кўзмунчоғинг ҳам катта қўй бўляпти, уни сотсак, сенга яна қўзичоқ олиб берамиз, — деди дадаси кўндиришга уриниб.
Дилҳаё эса дадасининг тиззасидан тушиб ерга ўтириб олди ва ростмана йиғлаб, ялинишга тушди:
— Дадажон, илтимос, ундай қилманг, менга бошқаси керакмас, уни бозорга олиб кетманг, хўп денг…
Шу пайт келиб қолган бувиси унинг кўз ёши тўкиб ўтирганини кўриб ғазабланиб, қошларини чимирганча гапира кетди:
— Ҳой, аҳмоқ қиз, нега йиғлайсан, сенга ука керакми ё мана шу савил қўйми? Уни Қайрағоч бувага атаганмиз, қурбонлик қилсак, Худо сенга ҳам ўғил ука беради. Ўшани ўйнатасан кейин.
Сўнг кўзи билан ер чизиб ўтирган дадасига ўқрайганча:
— Сен ҳам мундоқ гапирсанг-чи, одамлар бола учун жонини беради, сен-чи, битта қўйни баҳридан ўтолмаяпсан. Ўзи сен ҳам анави латтачайнар хотинингга ўхшаб…
Остонада пайдо бўлган ойисини кўриб бувиси яна авж олди:
— Гап тамом, бугун туш маҳалига етказиб бор, чоллар келади, яхши ният билан шу ишни қилсак, ниятимизга етамиз, — деди ва эшикни «тақ» этиб ёпиб чиқиб кетди.
Дилҳаё мўлтираб бир дадасига, бир онасига қараркан, нима деярини билмай, йиғларди. Онаси рўмоли билан мижжаларини артиб, оҳиста деди:
— Келинг, ўрнига тоғасиникидаги қўйни олиб борайлик, буни вақтинча акамникига қўйиб турамиз. Қизимиз тағин ичикиб қолмасин.
— Қўйсанг-чи, онамни алдаб бўлмайди, билсалар сенинг ҳам, менинг ҳам кўзимизни очирмайди, Дилҳаёга бугуноқ янги қўзичоқ олиб бераман.
Уларга илинж билан қараб турган Дилҳаё энди кескин:
— Йўқ, керакмас, бошқа қўзичоқ боқмайман. Барибир бир куни уни ҳам сўясизлар. Бувим ҳам, сизлар ҳам ёмонсизлар, — деди.
— Дилҳаё, бу нима деганинг, — деди онаси йиғламсираб.
У эса араз билан уйдан чиқиб, Кўзмунчоқнинг ёнига югурди. Оғилхонага кириб, бирдан таққа тўхтаб қолди. Кўзларига ишонмай, у ёқ буёққа аланглади. Юрагига ваҳима оралаб, қўллари билан оғзини ёпиб:
— Кўзмунчоқ! — деб бақириб юборди.
Аввал олмазорга, кейин бедаси ўриб олинган томорқага югурди. Бироқ қўзичоқ ҳеч қаерда йўқ эди. Шунда хаёлига келган машъум ўйдан бир чўчиб тушди-ю, Қайрағоч бува даласига чопди.
Бувиси аллақачон бир неча киши билан қўзичоқни зиёратгоҳга келтирган ва дарахтга боғлаб қўйганди. Дилҳаё қўзичоғини кўрганидан ҳаяжонланиб:
— Кўзмунчоқ! — деб у томон ошиқди. Қўзичоқ ҳам қизчани таниб, бўйнидаги арқонни узгудек «бэ-бе-ээ»лаб унга талпинди. Дилҳаё худди минг йилдан бери қўзичоғини кўрмагандек, уни ачомлаб, бўйинларини силаб эркалади. Қўзичоқ қизчани искай-искай, дикирлаб, гўё арқонни уз, бу ердан кетайлик дегандек типирчилади. Шу чоғ кимдир шартта уни қўлидан тортиб турғазмоқчи бўлди, ўгрилиб қараса, бувиси дарғазаб турибди:
— Холмат, бор манавини уйга олиб бориб онасига топшир, қамаб қўйсин, — деди қўшни йигитга тайинлаб.
Боягина севинч порлаган нигоҳларига бир зумда ўкинч, алам соя ташлади. Қаҳр билан боқиб турган бувисига, «Кўтармасам ҳам ўзинг юрасанми?» дегандек саволомуз тикилиб турган қўшни йигитга қараркан, қатъият билан «Ўзим кетаман!» деди. Сўнгги марта Кўзмунчоқни қучаркан, кўз ёшлари қўзининг қоп-қора юнгларига тушиб, ерга думалади. Кейин даст ўрнидан турди-да, ортига қарамай тез-тез юриб кетди.
Шу куни у беғубор, беташвиш, покиза хаёлларга ошно болалик олами билан хайрлашиб, катталарнинг тушунарсиз, ғалвали, бир-бировини ноҳақ гап-сўзлар билан адо этадиган ҳаётга кириб қолгандек сезар, буни тушуна олмасди. Бу аслида бола қалбидаги бир исён эди…
Дилҳаё болалигида кечган ўша олис манзаралар занжиридан чиқар экан, юлдузлар билан чарағон осмонга тикилди. Эртага ҳаво очиқ бўлади, деган фикр ўтди кўнглидан. Шунда ичкари уйдан қизи Дилфазонинг шодон қийқириғи эшитилди:
— Ойижон, қаранг, кўзмунчоғимни топдим, капалакли кўйлагимнинг чўнтагида экан!
Дилҳаё чўккалаб дилбандини бағрига босиб:
— Ростданми, қани-қани, вой қандай яхши бўлибди, — деди астойдил хурсанд бўлиб. — Энди уни йўқотма, сира йўқотма, хўпми, — деди қувончдан киприклари -намланиб.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 37-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!