Наргиза Асад. Домла учун тузоқ (ҳажвия)

Аудитория талабалар билан тўла, кимдир конспект тўлдириш, кимдир қўл телефони билан гаплашиш, яна кимлардир уч-тўртта бўлиб ҳангомалашиш билан банд.
Кириш учун қўнғироқ чалинганига ўн дақиқадан ошяптики, ҳали Аслоний деганларидан дарак йўқ. Жойимга ўтириб, дарсни такрорлаш, имтиҳонлар вақтида янада баҳоларни ошириш илинжида дафтаримга кўз югуртира бошладим. Шу маҳал, эшикнинг “тақ-қ” этиб ёпилганидан талабаларнинг ҳуши учди. Қарасак, қўлларини чўнтагига солганча, Аслоний кириб келяпти. У стол олдига келиб бир зум кичкина кўзлари билан талабаларга қирғий қараш қилди-да, сўнг гуруҳдошимиз Шерзодга деди:
– Хўш, ҳаммаси жойидами? (ҳамма талабалар демоқчи бўлди чоғи).
– Ҳаммаси ест, домла, – деди Шерзод ҳам беўхшов тиржайиб.
Аслоний жавобдан қониқди шекилли, узун бир хомуза тортгач, сабоқни бошлади. Қани, ёзишга улгурларинг, дея тўнғиллаб қўйди у китобга қараб маъруза қиларкан. Яна ўша-ўша нақ қирқ дақиқа қўлимиз толиб, конспект ёздик, қолган йигирма дақиқада унинг ўзи нималарнидир дафтарига қайд этиб ўтирди. Бу орада авжланган талабаларнинг “пичир-пичир”, “қиқир-қиқир”ини Аслоний домла одатига кўра стол устига “тақ-қ” эттириб кафт билан уриб гўёки тинчлантирган бўларди. Ниҳоят у қўлларини чўнтагига тиқиб, талабалар оралаб юрди:
– Хўш, ўтилган мавзу бўйича ким бизга гапириб беради? Ҳмм… демак, ҳеч ким талабгор эмас, шундайми?
Аслоний домла дарғазаб ҳолда журнал варақлашга тушди.
– Мен гапирмоқчиман, – аранг сас берди Муқаддас.
– Давай, бошла.
У ўтилган дарсни қўшимча маълумотлар асосида айтиб берди. Биз эса уни ўқитувчидан эшитгандек, чанқоқлик билан тингладик. Кейин мен ва бошқалар ҳам чиқиб баҳоландик. Шундан сўнг танаффусга қўнғироқ чалинди. Аслоний хонага қанчалик бемалол, хотиржам кириб келган бўлса, энди аксинча тезлик билан олди-орқасига қарамай “зип” этганча чиқиб кетди. Ортидан бир гуруҳ бўлиб эргашган биз талабаларни гуруҳбошимиз эшик олдида тўхтатди.
– Ўзим гаплашдим, овора бўлиб юрманглар.
У иршайиб, бармоқларини саноқ сони қилиб кўрсатди.
– Вой, бунча қиммат, – дея чинқирди кимдир. Яна кимдир минғирлаган кўйи чўнтак кавлашга тушди.
– Э, қўйиб берса бўлди-да. Биз учун ҳеч сарсон бўлиб юрманг, ўзимиз эплаймиз, – дедик дугонам иккимиз Шерзодга, сўнг кафедра томон илдамладик.
Борсак, Аслоний домла кафедрада талабаларни қабул қилмасликларини айтишди. Бир аудиторияга борганимизда у ердан ҳам ҳозиргина чиқиб кетганини айтишди. Шу билан уч-тўрт кун Аслоний бизга қорасини кўрсатмади. Кўрса ҳам кўрмаганга йўйиб, олдимиздан “шип” этиб ўтиб кетадиган бўлиб қолди. Қарасак, сессия деганлари якунланаяпти ҳамки, биз ҳали ҳам Аслоний билан гўё қувлашмачоқ ўйнаб юрибмиз. Охири, бир кун унинг йўлини тўсдик.
– Домла, баҳойимизни қўйиб берсангиз қўйиб беринг, бўлмаса, арз қиламиз,– дедик дангал.
– Ким қўймайман деяпти? – Аслоний ўзини бепарволикка солди. – Нима, Шерзод билан гап-лашмадингларми?
– Йўқ, сиз домламизсиз, биз сиз билан гаплашамиз;
Аслоний бир оз ўйланиб турди-да, кейин, имо қилди:
– Қани, юринглар-чи.
Биз бинонинг бурчагидаги хоналардан бирига бориб Аслоний билан рўпарама-рўпара ўтирдик.
– Хўш, нимани гапирасизлар, – деди у кесатиқ оҳангда.
– Нимани ёздирган бўлсангиз шуни-да, – дедим мен.
– Сиз савол беринг, биз жавоб берамиз, – деди дугонам ҳам.
Шундан кейин Аслоний домла эзмаланиб савол бера бошлади. Биз ҳам бўш келмадик. Сўнг чарчадими ёки ўзи ўйлаган натижа чиқмаслигига кўзи етдими, ҳарқалай:
– Ўзи сизларга неччи баҳо керак? – деди тажангланиб.
– Албатта беш-да, – дедик бир овоздан.
– Йўқ, тортмаяпти, бешга тортмаяпти, – деди салмоқланиб Аслоний.
– Нимага энди, ахир ҳамма дарсингизга қатнашган бўлсак, конпектларимиз тўлиқ, баҳоларимиз етарлича бўлса, – деди дугонам бироз қизишиб.
– Гап ундамас. Бу фанни ҳеч ким бешга билмайди, бу шунақа мураккаб фан, буни тушуниш қийин, – деди домла файласуфона бош чайқаб.
– Бизга талабалар даражасида баҳо қўйинг-да…
Домла ҳануз минғирлашдан қолмади.
– Тортмаяпти, барибир тортмаяпти…
Мен энди унинг ўзини тарозига солиб ўтиришига тоқат қилолмай шарт ўрнимдан турдим.
– Майли, домла, бўлмаса мен ҳозир чиқиб бирортасидан қарз олиб келай. Тушунарсиз, талаба зоти ўзи шунақа-ку, бир-биридан олди-берди қилиб яшайди.
Аслоний менга синовчан кўз ташлади:
– Яхши, ўзларингдан қолар гап йўқ. Борақол, фақат бошқаларга айтиб юрма, яна талабалар ичида ҳар хил гап тарқалиб юрмасин.
– Йўғ-э, домла, ўйламанманг, ахир устоз Мансур Эргашовичдан сўрасам йўқ демас, улар талаба халқини жуда яхши тушунадилар-ку, тўғри эмасми? – дедим эшикни ташқарига очарканман.
Проректоримизнинг исми шарифини эшитиб Аслонийнинг ранг-қути ўчди. Пешона чаккалари бўртиб, қизириб, ўрнидан секин, лекин важоҳат билан тураркан:
– Нима-а! – дея чинқириб юборди. Сўнг бўшашибгина синов дафтарчаларимизга қўл чўзди. – Қани, қизлар, бера қолинглар. Мансур Эргашовични безовта қилишга ҳеч ҳожат йўқ.