Нафиса Тоштемирова. Қобиқ (ҳикоя)

Мен боламга ухлатувчимас,
Уйғотувчи алла айтаман.
Гулжамол Асқарова

У ҳамма болалардай йиғлаб туғилди. Кўзларини очди. Она жуда бахтли. Саккиз йилдан бери кутилган фарзанд. Ота хурсанд. Ўғил бўлганда, нур устига аъло нур эди, деб ўйлайди ичида. Момо ҳам якка-ю ёлғиз ўғлига ачинган бўлди. Наслимиз давомчиси ўғил бола эмас, деб қайғурди… Бахт етаклаб келди, бахтли бўлсин деб Бахтигул деб исм қўйишди.

* * *

Қизчанинг тили чиқди. Аввал “дада” деди, кейин “момо”, кейин “она”. Той-той қилди. Қизига отасининг меҳри кундан – кунга ортди. Бахтигулнинг сочлари жингалак эди. Айтишларича, сочи жингалак қизлари отаси яхши кўрармиш…

* * *

Бахтигул мактабга борди. У ҳаммадан аълочи эди. Табиатни яхши кўрарди. Хаёл суриш унинг учун эрмак. У шеърлар ёза бошлади.
Бир куни ўқитувчи синфга кириб, назорат дафтарини топширмаганини айтди. Бахтигул:
– Мен топширган эдим, – деди. Бу гап шусиз ҳам асаблари таранг ўқитувчининг фиғонини фалакка чиқарди. Қизча ҳақ. Унинг дафтарини бир синфдоши дафтарлар орасидан олиб қўйган эди. Бахтигул уйга йиғлаб келди. Она деди:
– Қизим, қиз боланинг шаъни худди шишадай. Синдими, қайтиб тиклаб бўлмайди. Бир ёмон бўлдингми, яхши былмайсан. Бундан кейин ўқитувчиларингга гап қайтарма!
Бахтигул ёш бўлса-да тушунди.

* * *

Коллежга ўқишни давом эттирди. Бир куни кутубхонага кирса, иккита ўқитувчи унинг яқин дугонаси ҳақида ғийбатлашар, уни ҳар кўйга соларди. Ўзини тутиб туролмади:
– Устоз, у сиз айтаётгандай қиз эмас.
– Сенга ким қўйибди ,менинг гапимни муҳокама қилишни. Бунча бетгачопарсан. Қиз бола ҳам шунақа бўладими? Ҳе-е-е, сенга тарбия берган ота-онагни…. – бақириб кетди ўқитувчи.
Бахтигул чидолмади. Чиқиб кетди. Яна уйига йиғлаб борди. Онасига бўлган воқеани оқизмай-томизмай айтди. Она деди:
– Қиз боласан, орқа олдингга қараб юр, деб неча марта айтганман. Эртага битта – яримта коллежга сўраб борса, ўша ўқитувчинг нима дейди? Нима қиласан гапга аралашиб? Ўша дугонанг сен учун шунча қайғурадими?
Онадан ҳам нажот чиқмади…. У дугонасини яхши кўрарди…

Коллежда ўқиб юрганида кўнглига ажиб ҳис оралади… У илк марта “Муҳаббат” ҳақида шеър ёзди. Қувонганидан онасига кўрсатди. Она “даданг кўрмасин” деб қоғозни ўчоқда ёниб турган оловга ташлади. Шеър эмас, қизнинг юраги ёнди. У энди шеър ёзмади…

* * *

Совчилар келишди. Уни севганига беришмади. Нима эмиш, танимаймиз эмиш! Узоқ жойга қиз бермаймиз, – дейишди. Қариндош – уруғ, таниган –билганинг бўлса яхши, дейишди. Қиз жон – жаҳди билан ўқишга берилди. Институтга кирди. Совчилар қатнови сусайди. Она хавотирга тушди. Гарчи ота қизим ўқисин деса ҳам, онанинг Бахтигулни тезроқ узатгиси келди. Қариндошга узатдилар.
Ўқиш билан оилани эплайман, деб анча қийналди.
Қариндошлар ўқишини йиғиштирсин, деди. Улар айтгандек бўлди. Ўзбекчилик, оила ҳамма нарсадан азиз. Онасига бир – икки “қийналдим” деганди, қайнона келинига гапирди:
– Келин деган тилини тийиб юради. Бахтигул наҳот, онасига ҳам дардини айтолмаса…
У ғазабини ичига ютди. Бир куни эри ичиб келди. Қайнона қайноналигини қилди. Эри хотинини урди. Қайнона қараб турди. Аввал иккита, учта тарсаки, кейин яна , яна… Бахтигул нима қиларини билмади. Яна онасига ёрилди. Она маслаҳат беришдан нарига ўтмади:
– Тағин дадангга айтиб юрма. Сув келса симир, тош келса кемир. Бахтигул “Хўп” деди.
Тарсакилар муштга айланди…
Муштлар тепкига айланди…
Охирида ҳаммаси жамланди…
Ота ҳам билди. Ичи ачиди. Эллик йил шу кунларни кутдимми, деди. Қудалар аразлашди. Бахтигул охирги қарорини айтди:
– Ажрашаман!
Она сочини юлди:
– Одамлар нима дейди. Эрдан қайтган, дейди. Ўзбекда ажрашиш гуноҳ, уят, қизим. Бахтигул ҳомиладор эди… Энди нима қилади… Барибир ажрашади. Она айтди:
– Болангни тирик етим қиласанми? Эртага катта бўлиб, дадам қаерда, деса нима дейсан?
У кўнди. Чидашга қарор қилди… Умр бўйими, йўқми… буни билмайди. У секин пичирлади:

Мен боламга ухлатувчимас,
Уйғотувчи алла айтаман!

“Шарқ юлдузи” журнали, 2013-йил 6-сон