Наби Жалолиддин. Ота (ҳикоя)

Ҳов наридаги кўприк устида қий— чув қилиб ўйнаётган болаларнинг овози хаёлини бўлди. Дарё узра йўл солган бу кўприк унинг болалик пайтларида ҳали қурилмаганди, одамлару от— уловлар кечувдан ўтишарди. Йилларнинг шитоблигини қарангки, қирқ йилнинг нари— берисида қурилган мана шу кўприк ҳам гўё азалдан бор бўлгандай туюлади. Тинмай қийқираётган анови тирмизаклар бу ҳақда ўйлаб ҳам ўтиришмайди, уларга ўйин топилиб турса бас. Нима, сен бола бўлмаганмисан, дея янди ўзини ўзи, ўйнамаганмисан? Ўйнагандаям барчани бесаранжом қилиб ўйнардинг — шўх эдинг— да. У билинар— билинмас жилмайди. Мана шу тезоқар дарёнинг бу бетидан нариги бетига ҳатто ўн— ўн икки яшарлигидаям бемалол сузиб ўта оларди. Энди эса гоҳо сувга қўл солгани ҳам ўйланиб қолади. Тавба, ҳозирги анҳору дарёларнинг сувлари бирам совуқки… Авваллари соатлаб сувдан чиқмасди. Ё одам қариганда эти юпқалашиб кетганидан шундай туюлармикан— а?.. Дарёнинг нариги соҳилига интиқ тикилди. Ҳозир ҳам сузиб ўта олса
керак. У яна жилмайди: хаҳ кўнгил қурсин— а, қариликни ҳеч тан олгиси келмаскан— да. Ўнг оёғининг пайлари бир тортишса букилмай қолади— ю, дарёда сузармиш. Уёғини сўрасангиз, ҳатто  кечасиям жунпайпоқ кийиб ётади. Шу пайт ўнг оёғи ҳудди мени эсингдан чиқарма, дегандай хиёл зирқираб қўйди. Оёғини узатиб, тиззасининг атрофини кафти билан бир пас уқалади. Сўнг чап қўлидаги тасбеҳини билагига ўтказиб, «ё Оллоҳ», дея бироз кучаниб ўрнидан турди. Ҳали белини тўла тикламаёқ ўнг қўли билан қаймоқранг чакмонининг этагини қоқди ва тасбеҳини ўнг қўлига олиб, ортига қайрилди— да, пича энкайган кўйи қияликдан кўтарила бошлади. Кўтариларкан, дўпписини гўё ечмоқчидай бир қўзғатиб, тўғрилаб қўйди.
Ҳалигина узоқ ўтирганидан оёқлари увишиб, юриши оғирлашган чол дарвозадан дадил қадамлар билан кириб келди. Ҳовли анча катта, уйлари жуда унақа ҳашаматли бўлмаса— да, серхона эди. Ҳамма нарса ўз ўрнида — саранжом— саришта, кўзга ҳунук кўрингувчи бирон нарса йўқ.
У сўриток остидаги улкан сўрининг бир четига келиб ўтирди. У ёқ— бу ёққа қараб, калта оқиш— кулранг соқолини силади. Шундай катта даргоҳда ҳеч ким қолмадими, нима бало?.. Зум ўтмай, четроқдаги уйдан кампири чиқиб келди.
— Нимча ( намунча) ҳаммаёқ ҳувиллаб кетибди? Чурвақаларинг қани? — деди у кампири ёнига етиб келмасидан, гўё ҳозир болаларнинг шовқин— сурони бўлмаса нафаси қисиб қоладигандай бетоқатланиб.
Кампири ҳам келиб, сўрига ўтирди.
— Иккита тирмизагингиз кўчада ўйнаяпти. Келин жижисиминан уйда, иш тикяпти — деркан юзига ярашиқли жилмайди. — Ўзи уйимизда шугина одам бор холос. Жа ҳувиллаб кетаётган бўлсайиз невара келинийзи обкеволайлик.
Кампирининг эркалик билан айтган бу гапи чолга маъқул кўринди.
— Тўғри айтасан… — кейин нимадир эсига тушгандай сўради, — Ўғлинг қани?
— У бекорчиполвон ё ухлайди, ё дилбузар кўратта. Уйда эркатойиз, қайда бўларди. — Бирдан кампирнинг юзи жиддий тус олди.
Чол ҳам буни пайқади.
— Ҳмм, тинчликми?
— Дарров сиқилиб қолмангу, отаси, Ҳамидиллойиз иш кўрсатиб қўйибди. — деди кампир унинг кўзига хавотирли тикиларкан.
У сергак тортди.
— Нима қипти?
— Кеча хотинини урганакан, онасиникига кетиб қопти.
— Нимага урипти?
— Чаларағ эшитишимча, арзимаган гап экан. Қўшнининг товуғини деб…
Чол бирон тадбир ўйладими, бир пас жим қолди, сўнг:
— Ўғлийни чақир, мошинани юргизсин.— деди буйруқ оҳангида. — Бориб келинийни уйига обкеб қўй— да, мошинани менга жўнат. Ўзим бориб, аши хотин урадиганминан би— ир гаплашиб қўяй.
Кампири итоаткорона бош эгиб, ўрнидан турди.
Унинг етти ўғил, бир қизи бор. Энг кенжаси қиз. Ҳамидулло дегани олтинчи ўғли. Ўзи ҳайдовчи, киракашлик қилади. Емоқ— ичмоғи жойида, жуда унақа эр— хотин уришадиган аҳволда эмас. Умуман унинг хонадонида— ю фарзандларининг ўртасида бир— икки  енгил— елпи қўйди— чиқдиларни ҳисобга олмаганда ҳеч қачон жанжал бўлмаган. У шундай тарбия берган, чунки азали бақир— чақир қилиб етти маҳаллани бошига кўтарадиган оилаларни ёқтирмайди. Аҳиллик, барака— хотиржамликда, дейди…
Тўнғич ўғли мана шу хўжаликда раис, ота касбини қилиб, ер билан ошно тутинди. Иккинчи ўғли катта одам — вазир, Тошкентда яшайди. Кейинги икки ўғли — муаллим. (Уларнинг бири мактаб директори.) Ундан кейингиси газетада ишлайди — журналист. Кенжаси бўлса, ғирт бекорчи, отаси олиб берган машинада кўча кезгани— кезган. Шу баҳона чол— кампирнинг хизматини ҳам қилади. Отаси уни жуда унақа тергайвермайди — кенжатой— да, майли, эси киргунча яйраволсин, дейди. Аслида энг эркаси битта— ю битта қизи — Гулираъно, яъни чолнинг «Чаман қизи». Уни турмушга беришган, ўзидан тинчиб ўтирибди…
Кампири билан ўғли чиқиб кетишгач, ҳайҳотдек ҳовлида бир ўзи қолиб, қулоғи баттар ҳувиллади. Невараларни обкелтирмасам бўлмайди шекилли, дея ўйлаб қўйди. Бу нохуш сукунатдан қутилиш учун ўрнидан туриб, чакмонини ечди— да, кетмонни олиб,томорқага тушди. Кенг томорқанинг ярми анорзор эди. Қолганига турли мевачевалар, уларнинг остига эса кунлик зарурий егуликлар экилганди.
У кўйлагининг енгини шимариб, эски одатича кафтига туфлади— да, «ё бисмилло», дея хиёл авж олиб қолган помидор кўчатларининг остини чопишга тушди…
Кенжаси онаси билан қайтиб келганида у эндигина аср намозини тугаллаганди.
— Келинийзи уйига ташлаб келдим. — деди кампири нафас ростлаш учун сўри четига ўтираркан.
Бу орада жижисини кўтариб уйдан чиққан кенжа келин базўр эшитилгувчи мулойим овоз ила қайнонасидан сўради:
— Нима овқат қиламиз, буви (она)?
Кампир эрига қаради.
— Қанақа овқат қилайлик?
Чол дарвоза томон ўйчан юраркан, оҳиста қўл силтаб, деди:
— Билганларийни қилийнар…
У ўғли Ҳамидуллонинг дарвозаси олдида тўхтаган машинасидан ҳали тушиб улгирмасидан икки кичкинтой набираси югуриб келиб, унга ёпишдилар.
— Ҳаҳ, тойчоғларим, бормисилар? — чол набираларининг пешонасидан ўпиб,  йўлдаги дўкондан олган бир жуфт конфетни, уларга тутди. — Манови сизларга, ширинларим. — икковини икки ёнида етаклаб, дарвоза томон юрди.
Кенжаси аллачон машинадан тушиб, дарвозахонада отасини кутиб турган акасига ҳазиломуз қилиб, хабар берди:
— Приздент келяпти, ака, бардам бўлинг!
Ака— укалар оталарини орқаворотдан ҳазиллашиб Президент, дея аташарди. Буни чол ҳам билади, гоҳо бу гап қулоғига тушиб қолса, индамай мийиғида кулиб қўяди холос. Ҳа, нима, отасини Президент дейишса ёмонми?
Чол невараларининг етовида майда қадамлаб дарвозахонадан кириб бораркан, пешвоз чиққан  Ҳамидулло билан кўришди.
— Бормисан— е, болам? Нима, бу бизикида кўринмай кетдинг?
Ўғил юз— кўзу боши билан қандайдир ишоралар қилди— ю, аммо бирон сўз айтолмади. У отасига ҳам ҳадик билан, ҳам хижолатли мўлтираб қўярди.
Сўрига ўтирдилар. Уйдан сўлғин қиёфадаги келини чиқиб келиб, кўришди. Юзларига фотиҳа тортдилар.
— Тинчликми, ўғлим? — дея сўз бошлади чол бир пас жим тургач, мулойим овозда.
Ҳамидулло ҳам, тик турган келини ҳам ерга қарадилар. Кенжаси оҳиста ўрнидан туриб, кўчага чиқиб кетди. Жанжал товуқдан чиқибди. Қўшнининг товуқлари уларникига ўтиб, янги экилган экинларни чўқиб ташлаганига чидолмаган келини қўшни аёлга қаттиқроқ гап қилибди. Уёғига хотинларча даҳанаки жанг бошланибди. Ишдан келиб, воқеадан хабар топган Ҳамидулло хотинига тушунтирмоқчи бўлибди:
— Қўни— қўшни билан бунақа қаттиқ уришиб бўлмайди, хотин.— дебди.
Ҳалиям ховуридан тушмаган хотини эрининг гапидан баттар тутоқиб, бидиллаб берибди:
— Сиз доим мени сўковрасиз. Ашинчун қўшнилар ҳам ҳовлиқиб, бизи тепалаб ўйнаяпти. Бўлмаса, унинг товуғи меникига кирди. Шундаям паст келай демайди— я!..
Хуллас, хотин у дебди, эр бу дебди. Ахийри Ҳамидулло ўзини тутолмай, шапалоқ тортиб юборибди.
Чол бу гаплардан хабардор эди. Ҳали кампири  айтиб бердими ёки бу ёққа келишаётганда кенжаси етказдими, ҳозир эслолмайди.
— Қўшниминан уришма, деганинг маъқул, болам. Оммалекин бунинг учун хотинийни урганинг, чакки. — Чол бир тўхталиб олди.— Аёл кишига қўл кўтариш энг номаъқул иш. Айниқса, мановиларнинг олдида. — У икки ёнбошида юз— қўлларини шилта қилиб, конфет сўраётган невараларига ишора қилди.
Келин ўз қилмишидан хижолат бўлармиди ёки доимо адолатли ҳукм чиқаргувчи қайнотасининг гаплари ва эҳтимол унинг қилмиши учун бирон сўз айтолмай мунғайиб ўтирган эрининг аҳволи таъсир қилдими, баттар эгилиб борарди.
— Тирикчилигийнар яхшими ишқилиб? — сўради чол ўғлига қаттиқроқ тикилиб.
— Яхши. — деди Ҳамидулло секингина, — Камчилигимиз йўқ.
— Унда уришмайнар. — Худога шукур деб яшайнар. Бўлмаса, уйинардан барака қочади. Яна тағин бизи уруғимизда бунақа жанжалкашлар йўқ. — Чол бир муддат жим қолди, сўнг, — Ўғлим, яна бир марта хотинингга қўл кўтарсанг, мен сендан қаттиқ ранжийман, бўптими?
Ўғил ерга қараганча боши билан тасдиқ ишорасини қилди. Келин эса, қайнотасининг фақат ўғлигагина танбеҳ берганидан адои тамом бўлганди — бунинг ўрнига яна бир шапалоқ есам майлийди, дея қақшаб турарди.
— Бўпти, бўлмаса, мен қайтдим. — дея юзига фотиҳа тортган чол ўрнидан турди. — Мени ширин болларими бизникигаям олиб ўтиб турийнар. — деди невараларининг бошини силаб.
— Ош еб кетинг, ота. — дея олди келин аранг, жуда паст овозда кўзини ердан узмай.
— Раҳмат, қизим, бошқа сафар.
Чол машинага ўтирганда қулоғига яна ҳалиги ҳувиллаш урилгандай бўлиб,юраги малолланди.
— Бозор куни ўн бирга ҳамма акаларийни бизникига майлисга тўпла. — деди у кенжасига ҳазиломуз, аммо болаларини, уларнинг бирга ўтиришларини соғинганлигини билинтирмади. — Ҳаммасини чақир.
— Хўп бўлади, шеф. — дея эркаланган кенжатой уловини юргизди…
Якшанба куни эрталабданоқ катта ҳовли гавжум бўла бошлади. Чолнинг ўғиллари, келинлари болаларини етаклашиб, бирин— кетин кириб келишди. Унинг кутгани шу эди — қулоқлари болаларининг шовқинига тўлса, уйига файз кириб, бағри ҳам тўларди.
Келинлари уй ичида қайноналарини қуршадилар. Кичкинтойлар ҳовлининг у ер— бу ерида ўйин билан банд бўлсалар, гоҳ кўчага югуриб қоладилар.  Ўғиллари эса унинг ёнида — катта сўрида давра қурдилар. Дастурхон тузаётган кенжаси бирдан ғоз туриб, ўнг қўлини кулгили ҳолатда чаккасига олиб борди— да, чолга қараб ҳарбийча овоз билан қаттиқ— қаттиқ гапира кетди:
— Жаноб приздент, министрийиздан ташқари барча ўғилларийиз жам бўлдилар. Министр чет элдайкан. Чаманингиз қиз бола бўлгани учун айткизмадим. Ҳисобот берувчи — кенжатой.
Ҳаммалари кулдилар. Чол ҳам ўғлининг қилиғидан завқланаркан, қўшиб қўйди:
— Чаманни айткизмадим, деб ховлиқма. — ота бу ҳазили билан кенжатой ўғли ва ёлғиз қизининг тегишишиб кенжаликни талашишларига ишора қилаётган эди. — Чинакам кенжани бувийни ўзи чақиртирган. Ҳали замон келсин, адабийни беради.
— Сиз борсизу, ота. Биз ахир сизи лашкарийизмиз. — Кенжаси чойни қайтараркан, тағин эркаланди.
Шу асно ота— болалар ҳазил— ҳузул ила бир— бирини чиндан ҳам соғинганликларини сездириб ўтирардилар.
— Министр чет элга кетибдими? — чол пастга қараб майин жилмайди, бағрини эса соғинч хиёл тирнаб ўтди.
— Давлатчилик— да, ота.— деб қўйди тўнғич ўғли таскин бергандай.
— Гапинг тўғри — давлатчилик. — Кейин хотирага берилди ва жуда кўп бор айтган гапини балки юзинчи бор яна ўшандай эҳтирос ила такрорлади. — Қара— я, ҳамма гапга фаришта омин деркан— да. Кичкиналигида нуқул министр бўламан, деб кулдирарди. Мана, ростданам министр бўп кетди…
— У пайтда боллар билган энг катта амал шу эди— да. — дея кулиб гапга қўшилди журналист ўғил, — боллар бош секретар, биринчи секретар деганларини билишмасди. Ўша пайтда президентлик бўганда, акам ҳам президент бўламан, деб юриб, ростданам президент бўп кетармиди.
— Биламан, ҳазил тайпа (ҳазиллашиб демоқчи) қилиб мениям приздент дейишасан. — Чол жиддийлашди, — майли— ю, акаларинг катта одам, приздентимизга яқин юради. Шу одамди уйида машнақа деб ҳазиллашишаркан, деган гап пошшомизни қулоғига тушса, акангга гап тегиб қомасин тағин.
Энди ҳазилни унча хушламайдиган директор ўғли деди:
— Гапийиз тўғри— ю, ота, оммалекин приздентимизи ота, сизи бўлса, приздент десак, буни нимаси ёмон?
— Барибир қиймати ўзгармайди— ю, денг! — дея гап қўшди ўқитувчи ўғил, жилмайиб.
Чол Ҳамидуллога қаради — у тунов кунги воқеа таъсиридами, бошқачароқ бўлиб ўтирарди. Шунинг учун ота шу ўғлига қарата деди:
— Қани, дастурхонга қарайнарчи. Ол, Ҳамидилло! Сенам гапириб тур, болам.
— Билассу, ота, биз шопир одам, унча гап билмаймиз. — Ҳамидилло отасининг кайфиятини бузиб қўймаслик учун сўзини ҳазилга бурди. — Гапиришти, мана журналистларга, домлаларга чиқарган. — деди кулиб акаларига ишора қиларкан.
— Оласан— а!.. Ҳа, гап билмайсан— а! Кўчада абтаматсану, жа бейда сиполик қиласан. — дея аксилзарба берди журналист.
Барча кулди.
Чол яна министр ўғлини эсладими, гапининг пайнови тағин ўша ёққа бурилди:
—  Министримизи синбдош ошнаси бору —  Жўравой…
—  Ҳм— м… — отасига чўғ ташлади раис.
—  Аши бир куни нима дейди, дегин!
—  Нима дейди? — кенжатой яна отасига эркаланди.
—  Кенжа ўғлим нуқул приздент бўламан дейди. Ошнам министр бўламан довриб, министр бўп кетди. Мени болам ҳам шунақа деб юриб, приздент бўп кетса— я, дейди, қара. — Чол ўз гапи ўзига нашъа қилиб, кулди. — Яхши ният яхши— да, дедим. Кечроқ кўрган етти— саккиз яшар  ўғли бор экан— да.
—  Яхшиларга интилса, яхши бўлатта. — деди журналист тагдор қилиб. — Аммо яшаш жа оғир бўп кетди— да…
—  Газитада бўлакча ёзассу, ака. — қитмирона тиржайди Ҳамидилло.
—  Ҳа, энди у газита— да … — деб қўйди журналист ўзини оқлагандай.
— Бу гапинг хато, болам. Кўрдийми, сен ўз ишингга юракдан, ҳалол ёндашмайсан. Ўзингга ўзинг ишонмайсан. Манаши бизи  миллатти энг катта қусури. — Чол эндигина авж пардага чиқаётганда дарвоза томонда гўдагини кўтарган қизи кўринди.
— Ана-ана, Чаман қизим келди! — дея шодон ҳайқириб, ўрнидан турди.
Кенжа ўғил ҳам шаҳд ўрнидан қўзғолиб, шошиб синглисининг қўлидан боласини олди ва унинг отаси билан бемалолроқ кўришолиши учун имкон яратди.
Ота қулочини ёзиб, қизини бағрига олди.
— Келдиймией, опоқ қизим? — дея унинг пешонасидан ўпди.
Чаман қиз ҳам меҳрибон бағрга киргач, эҳтиросландими, отасининг пинжига баттарроқ суқилиб, кўзи ёшланди:
— Соғиниб кетди-им, отажон! — деди чийиллаб, ҳам кулиб, ҳам йиғларкан.
— Ие-ие, она қизим, кеб кетганингга энди икки ҳафта бўлди-ю. — отаси унинг юз-кўзларини силади.
— Барибирамта!.. — Чаман қиз отасининг қучоғидан эркалик билан суғирилиб, йилтираган кўз ёшларини кафтида артди ва бирин-кетин акаларига қўл узатди.
— Ҳа, раис бува, қалайсиз? Ўзимми домла акаларим!.. Ҳа, ёзувчи, ёзиб юрибсизми?.. Буниси энди таксист акам. Мановиси бўлса, самазванетс… — У бу гапи билан кенжа акасининг кенжаликни талашишига ишора қилаётган эди.
— Бор-бор, уйга кир, бу ерда мен кенжаман. -дея кенжа ўғил зўраки пўписа қилди.
— Мен обший кенжаман, билдиз!
Бу орада қайнонасига эргашган келинлар уй эшиги олдида Чаман қизни кутиб туришарди…
Аёллар уйга кириб кетишгач, шовқин ҳам тинди. Эркаклар давраси эса гап бўлинганлиги учун бироз сукутга толди.
— Нима деётувдим? — сўради чол болалари билан росаям гаплашгиси келаётганлигини яширмай.
— Менга гапираётувдийз? — деди журналист отасига ёрдам бериб, — Нима бўгандаям,бизда сўзимиз ишимизга тўғри кемайди-да, ота.
— Хўш, нега шунақа? — энди ота йўқотган гапини топиб олди. — Чунки, масалан, мана сен. Ўзинг бир нарсани ўйлайсан-да, бошқа нарсани ёзасан. Ёзаётган нарсангга ўзинг ишонмайсан. Ишонмасанг, ёзма. Ҳатто биронта амалдорга ҳамду санони ҳам ўзинг ишонмасанг, ёзмагин. Ана, унда гапимиз билан ишимиз тўғри бўлади.
Журналист ўғил отасига яна нимадир демоқчи эди, у кишининг ўйланиб қолганини кўриб, ўзини тийди.
Бироздан сўнг чол яна гапга тушди:
— Пайғамбар алайҳиссаломда бир ҳадис бор экан: «Ким нимани ният қилса, албатта аши ниятига етади», дейдилар ул зот. Демак, энг аввало ниятни яхшилаш керак экан. Сизларчасига айтганда, олдин режани, мақсадни тўғри тузволиш лозим. Бизда кўпчилик ҳудди эртага ҳаёт бошқачароқ бўладигандек, аши бошқача ҳаётниям биров қуриб берадигандек, бугунга ишонмай яшайдилар. Йўқ, болларим! Масалан, силар менинг атрофимда бирлашиб, ниятийизни менинг яхши ниятимга тўғрилаб яшасайнар, меҳнат қилсайнар, ана унда уйимизда барака, тинчлик бўлади. Яъни, бу дегани, қадамийзи менинг қадамларимга тўғриласайнар соз бўлади.Худо ниятимизга қараб бераверади.
Журналист ўғил отасининг файласуфона гапларига қойил қолиб, чой хўпларкан, бошини силкиб қўйди. Тўнғич ўғил эса донишманд отасига меҳру фахр билан жилмайиб боқиб турарди.
Фарзандларининг ошкора меҳри чолни яна-да сўзамол қилди.
— Бугун мен силарга бошман. Эртага ҳар бирийиз ўз болларийизга бош бўласизлар ва улар ўз ниятларини сизнинг ниятларийизга тўғрилайдилар. Болажонларим, ўзбекнинг бирлиги, кучи оилада. Энг аввало оилага суянинг, ишониш мумкин. Бу миллатимизи энг катта фазилати. Ахир ўзларинг ўйла, министр аканг катта раҳбар, бутун юртни сўраб турибди. Аммо менинг қошимда бош эгиб ўтиради. Бирон гапимни икки қимайди, тўғрими? Ҳатто ўзига зиён етса ҳам менинг айтганимни қилишга уринади. Шуни билийнарки, отасига итоат этгувчи миллатни ҳеч қачон енгиб бўмайди!..
Сўнгги гап таъсирида ҳамма жим қолди. Бу жимликни ахийри кенжатой бузди:
— Бу гапларди қайси китобдан ўқидийз, ота? -деди у қизиқчилик оҳангида.
— Ҳаёт китобидан, болам, ҳаёт китобидан.-деб қўйди чол нигоҳидаги ўй чуқурлашиб.
Дастурхонга ош тортилди.Ака-укалар болаликларини эслаб, ошни ҳазил-ҳузул билан «талашиб-талашиб» едилар. Ота эса қулоғини батангга келтирган ҳалиги ҳувиллашлардан қутилиб, бағри яйраб ўтирарди…
Дастурхонга фотиҳа ўқилгач, ота яна ўктам овоз ила гап бошлади:
— Болларим, бувинг икковимиз силарни жуда-жуда яхши кўрамиз. Силарга жонимизни беришгаям тайёрмиз. Лекин жонимиз битта, ҳаммайизга етмайди. Ниятлари улуғ одам учун битта жонни қурбон қилишдан осони йўқ. Жон беришдан ҳам муҳимроқ, оғирроқ ишлар бор дунёда. Қанийди қучоғим ҳаммайнарди қучишга етсайди, барийни бир бағримга босиб, маза қилардим!-Чол гаплари тобора сохтага ўхшаб бораётганлигини сезиб, хижолат торта бошлади. — Менинг гапларимдан ҳайрон бўмайнар, болларим. Сизларминан би-ир гаплашгим  келди-да. Ўзи уришмайнар, бир-бирийнарди эҳтиёт қилийнар, бизикига тез-тез кеб турийнар, демоқчийдим. Умр оқар дарёдай бир гап -шув этиб ўтади-кетади.
— Омма бугун зўр майлис бўлди-да, — деб қўйди кенжатой хиринглаб.
Шу билан ҳаммалари кетишга шайландилар. Охирида қолган Чаман қиз келиб, отасига суйкалди.
— Бугун қосам майлими, отажон?
— Уйингдагиларга айтганмисан?
— Ҳм-м…-деди қизи эркаланиб.
— Унда қолақо. — Чол унинг пешонасини силаб қўйди.
У хушнуд кайфиятда аср намозини ўқигач, тасбеҳининг доналарини сура-сура қадрдон ошиёни -дарё бўйига йўл олди. Салмоқли қадамлар ила соҳилга етиб келиб, ўт-ўлан босган қияликдан бироз ёнбошлаб пастга тушди ва суйри жойдаги ажриқ устига ўтирди. Бу суйрилик уни оёқлари букилганида ҳосил бўлгувчи оғриқдан хийла халос қиларди, гўё бирон ўриндиқда ўтиргандай  бемалолроқ ҳис этарди ўзини… Қизиқ, дала ишларидан бўшаб, пенсияга чиқди-ю шу ерга қатнашни одат қилди. Нега шундайлигини ўзи ҳам билмайди, гоҳо қариганда шунақа бўлади  шекилли-да, дея ўйлаб қўяди холос. Айниқса, бирон нарсадан диққати ошиб, юраги сиқилса ёки нимадандир дили қувончга тўлса, дарров шу ёққа қараб йўл олади.Соҳилга келади-ю шитоб оқаётган сувга термилиб ўтираверади ва ҳалигина бошидан кечирган воқеаларни хаёлан бошқатдан яшайди. Дилига оғир ботган озорли воқеа бўлса, айбдорларни кечиради, ўзи йўл қўйган хатоларни илғайди ва бундан ҳам баттар бўлиши мумкин эди-ку, дея ўзи
га таскин беради. Мабодо қувончли воқеа  бўлса ҳам бу шодликни жунбушга келмасидан олдин бағрида совутиб олишга ҳаракат қилади. Ҳар икки ҳолатда ҳам истиғфор айтиб, тасбеҳ ўгиради. Нима бўлганда ҳам оқар сувда қандайдир ҳикмат бор — хаёлни ўғирлайди. Эҳтимол бу ҳам уни барча каби инсон умрига ўхшатадими?
Ҳозир ҳам тез оқаётган бўтана сувга тикиларкан, кўзлари тинди ва ўз-ўзидан юрагини ожизроқ бир ваҳм чулғади. Гўё мана шу лойқа сувнинг бағрига сингиб кетаётгандек ҳис қилди ўзини ва нафаси қисаётгандек туюлиб кетди. Ҳа, сувнинг қудрати ҳам шунда-да, у одам боласига ҳаёт бахш этгани каби ҳамиша унинг юрагини қўрқувга ҳам солиб келган. Сув шундайин бир мўъжизакор неъмат. Ана, бутун бир дарё кўнгилга ваҳм солгани билан ундаги сувнинг тез оқишидан пайдо бўлган майда тўлқинчалар нигоҳни ёқимли сийпалайди, киши вужудига ҳаловат солади. Тўлқинчалар… Бирдан ўша тўлқинчалар бағрида кичкина қўл кўрингандай бўлди. Чол ўша ёққа диққат билан тикиларкан, ўнг томонидаги кўприк устида турган болаларнинг чинқириғи туйқус қулоғига урилди.«Ё Оллоҳ..» дея ўрнидан туриб кетди ва ҳалиги қўл кўринган ёққа қаттиқроқ тикилди. Унинг миясига яшиндек урилган фикр тўғри чиқди -оқиб бораётган ёш бола эди. Чол беихтиёр қўлидаги тасбеҳини ерга ташлади, қирғоқ ёқалаб
оқин сари югура бошларкан, чакмонини ҳам ечиб, улоқтирди ва қадамини яна-да тезлатди. У жон халпида югураркан, болага етиб олишига ишонган жойда ўзини сувга отди. Гоҳ сув юзида қулоч отиб, гоҳ остида сузиб, болага етиб борди. Етти-саккиз ёшли болакай анча сув ютиб улгирганди чоғи, кўзлари қинидан чиққудай бўлиб типирчиларди холос.
Чол болакайнинг ёқасидан тутиб, қирғоқ сари суза бошлади. Шу асно оқин кучли бўлгани боис ўз манзилидан анча олислаб борарди. У кексалигини ҳам унитиб, бор кучи билан сузарди. Ниҳоят соҳилга етиб, болани қирғоққа чиқарди. Титраб-қақшаётган болакай ингичка бармоқлари билан ёнбошидаги ўтларни чангаллаб, «ҳиқ-ҳиқ» қилганча силтанарди. Шу пайт ҳали сув ичида бўлган чол оғир ва изтиробли бир инграниб, сув остига чўка бошлади. Қирғоққа талпинган ўнг қўлининг бармоқлари баралла ёзилиб, қотди ва  сувга бутунлай ғарқ бўлган танаси ортидан ғойиб бўлмоққа тушди. Ҳамон беўхшов қалтираётган болакай бир қўли билан ўтларни чангаллаганча чол томонга энкайиб, ҳудди уни сувдан суғириб олишга урингандай ҳаракат қилди. Аммо чол аллақачон оқим бағрига тушиб, анча нарида кўздан йўқола бошлаганди. Унинг оёқ пайлари совуқдан тортишиб қолганди…
Болакай эса титраб-титраб йиғлар ва совуқдан такирлаётган тишлари орасидан йиғи аралаш «Оқиб кетди! Оқиб кетди!» дея чийилларди. Кўприк томондан чопиб келаётган бир тўда болалар унга хийла яқинлашиб қолишган, уларнинг ортидан «Ўғлим-ўғлим!» дея ҳаллослаб келаётган министр ўғилнинг ошнаси бўлмиш Жўравой эса ҳали олисда эди.
Чол бўлса, майда тўлқинчалар бағрига сингиб улгурганди. Фақат ҳов нарида — жуда узоқда, тикилиб қараган одамгина пайқаши мумкин бўлган масофада оқиб бораётган дўпписи элас-элас йилтираб қўярди.