Наби Жалолиддин. Оғриқ (ҳикоя)

Айвондан тушиб, сўрининг олдига етганда оғриқ кучайди. Ўнг қўли билан қорнини чангаллаб, чап қўлида сўрининг ёғоч кўнгурасини тутганча, ярим букчайиб нафассиз туриб қолди. Киндигининг атрофида худди ҳўл латтани сиққан каби бураб пайдо бўладиган бу оғриқ ўнга қарийб йиғирма йилдан бериб азоб беради. Ўқтин-ўқтин тутиб қолади у қурғур, на фасл танлайди, на иқлим. Совуқдан деб даво излади — бўлмади, иссиқдан сақлади — наф бермади. Парҳезга ўтиб кўрди — қани энди тузалса. Ахийри оғриса оғриқи, оғримаса оғримади, демайдиган бўлди. Бундаям Аллоҳнинг бир ҳикмати бўлса керак-да, дейди-қўяди. Ё ҳафсала қилиб дўхтирга бормайди. Бир борганида ўша одамлар зўр деб мақтаган дўхтир қорнини роса уқалади, бир нималарни сўради, ниҳоят: «Қорнингизда колит бор экан», деди. «Қорнимда калит нима қилади?» деб кулди оғриқ орасидан бир туйнук топиб. Кейин билса, «калит» дегани — бу касалликнинг номи экан. Дўхтирнинг ёзиб берган дорилари кор қилмагач, шу-шу у ёққа бормай қўйди. Леки
н дўхтирларни ҳеч дачон ковжамайди, ҳаммаси Аллоҳдан дейди. Бир томони, бу оғриқ деганлари яқин қадрдонига айланиб қолди, деса ҳам бўлаверади. Чунки оғримаган кунлари тушуниб бўлмас ғалати бир туйғу билан эслаб, «қорним оғримай қўйди-я», дея кўнглидан ўтказиб қолади. Оғриқ бошлангудай бўлса, «калитим бураляпти», деб болаларига қизиқчилик қилган бўлади…
Қорни анчадан бери оғримай қўйганди. Бир-икки, нима бало ҳайр-маъзурни насия қилиб жўнавордимикин-а, дея ўйлагани ҳам рост. Кейин-кейин хурсанд бўлди, намозларида шукрона келтирди. Қиш ичи ҳам оғримаганига энди тузалибман шекилли, деган ҳўлосага келувди. Йўқ тузалмаган экан, мана, қўққисдан ушлаб қолдию. Эндигина аср намозини ўқиб, ташқарига чиқаётганда оғриқ турди.
У қорнини чангаллаганча тобора букчайиб борарди. Бу сафар букчайиш тугул инграб юборди, йўқ, тишини тишига қаттиқ босиб, чўзиб ингради, десак тўғрироқ бўлади. Ўзиям қаттиқ оғрийди-да — киндигининг чап ёнида пайдо бўлган оғриқ буралиб, аста-аста ўнг томонига ўтади ва бир муддат тўхтайди. Сўнг яна қайтадан бошлайди ва боягидай давом этади. Оғриқ айланаётганда киндигининг атрофи тошдай кртади. Шунақа буралиб айланишлар икки-уч бор такрорланса бас, анча-мунча бақувват одамнинг ҳам тинкасини қуритади. Гоҳо оғриқ асносида дўзахдаям шунақа оғриқлар бўлса керак-да, дея хаёл қиладию, дарров истиғфор айтади. Баъзан эса узоқ азоблардан сўнг оғриқ тўхтаганида мадори қуриган одамнинг аянчли жилмайиши билан кампирига ҳазил қилиб қўяди:
— Болларингга тўлғоқ тутганида назарингдан қолмовдимми, кампир? Мабодо қарғаб-нетмовдингми? — дейди кампирининг қўлидан бировни қарғаш келмаслигини яхши билгани учун ҳазилдан кейиноқ меҳрли боқиб. — Худди тўлғоқ тутганга ўхшаб оғрийди-я, жонивор!..
Оғриқ қўйворди. Қаддини хиёл кўтариб, бир оз нафас ростлаш учун сурига ўтирди. Кампири ўчоқ бошида эди, шунинг учун унинг тоби қочганини сезмади. Лекин чол рўпарасидаги гилос ортидан гоҳ-гоҳ кўринаётган кам¬пирига умидвор тикилди — оғриқнинг тўхташига худди у сабабчидай ёки яна оғриқ туришини угина тўхтатиб қолиши мумкиндай,  юраги орзиқиб,  мижжалари ачишгандай бўлди. Аҳволимни кўриши билан югуриб келади, дея ўйлади кейин. Келади!.. У айни пайтда кампирининг қайрилиб қарашини, дарров югуриб келишини, бир бор меҳрли боқишини жуда-жуда истаб кетди. Аммо кампиржони  ҳадеганда қарайвермади, чунки у анчадан бери оғриқни унутиб юбораёзган чолининг аҳволидан хотиржам бўлгани учун ўзининг ҳар кунги ташвишлари билан банд эди. Бир томони қарамаганиям дуруст, негаки кампири кейинги йилларда қариликни бўйнига олиб, тобора крвжираб бормоқда. Чолининг дарди яна тутиб қолганини билса, шўғлик безовталанади, оромини йўкртиб, юрагига зўр келади. Кампирнинг касал бў
лиши, борингки, ётиб қолиши, чол учун ўз дардидан оғирроқ туюлади. Чунки ўзбек чоллари ўз кампирлари билан тирик, уларнинг   шарпасини   ҳеч   йўқ  узоқдан   бўлса-да, кўриб туришмаса, жонлари ҳалқумига келади-қолади. Суйишгаям, сўкишгаям кампир даркор, илло чоли тушмагурларнинг жон ришталарининг бир учи кампиршоларнинг жонларига пайванд. Ҳа, буни ҳозирги ёшлар қаёқданам билишсин. Баъзи кексалар тул қолишиб, оғизларидан «кампир-кампир» тушмагудай бўлиб чўзилса, ёш-яланглар   ҳазил-мазах   қилибми,   хиринглашиб   қўйишади. Қаримаганлар  кампирнинг қадрини қаёқданам билсин. Улар ҳам қарисин, илоҳи, белларидан қуввати арисин, ана ундан кейин…
Қолаверса, унинг кампири бўлакча — чолга жуда жон тортишади. Азали шундай. Ўша ёшлик чоғларидаям баъзи аёлларга ўхшаб эрини бегона деб билмасди, тарбияси шундаймиди, негадир ўз жигаридай қайишиб яшарди. Шунинг учун бу ҳам уни жуда-жуда яхши кўрарди. Бир кун кўрмаоа, соғиниб қоларди. Айниқса, жаҳли чиққанида агар кампири ёнида бўлмаса борми, тамом, атрофидаги бола-чақалари қочгани жой тополмай қолишади. Бунга ўрганиб қолишган фарзандлари онасини ҳазиллашиб «дадамнинг дориси», деб ҳам қўйишади. Нима қилсин, ўрганиб қолган-да. Лекин шу пайтгача ҳали бирон марта: «Хотин, сени яхши кўраман», демаган. ўуруғи йўл қўймаган, шекилли-да. Аммо кўп бор айтгиси келгану тилининг учидан қайтаргаи. Бир томо¬ни, айтмагани ҳам дуруст, меҳрнинг, оқибатнинг мазаси қочади. Муомалалари бачканалашиб кетади, ҳар ҳолда у шундай ўйлайди.
Кампири ҳаливери қарамаслигига ишонч ҳосил қилгач, чап кафтини қорнига босганча аста қадамлар билан ҳовли томонга юрди. Кўчадаги катта анҳордан оқиб кирадиган ариқча-ташламани ҳатлаб ўтиб, бир тўхталиб олди, шу озгина силкинишдан ҳам қорним оғриб қолмасайди, деб қўрқиб кетди. Қўрққанича бор экан, бостирма томонга бир-икки қадам ташлар-ташламас, ростданам ҳалиги силкинишдан қўзғалдими ёки ўзи оғрийдиган муддати келганмиди, қорни тағин бурашга тушди. Лекин энди дарров букчайиб олмади-да, бир оз илдам қадамлаб, қўй қўраси олдидаги шохча қирқадиган тўнкага ўтирди ва қорнини чангаллади. Бир-икки қаттиқ бурагач, силласи қуриб, пешанасидан тер чичиқиб кетди. «Ё Аллоҳ, раҳминг келсин!» дея ингради тишлари орасидан. Бироқ оғриқ тўхтамади ва ҳатто, кучайганидан ерга думалаб юборишига оз қолди. Чидамаганидан ғужанак бўлиб, тиззаларини ғажигудай аҳволга тушди.
Дарвозадан томоқ қириб, ўртанча ўғли кириб келди — у ишидан қайтмоқда эди. У ёқ-бу ёқка аланглаб ўчоқ бошидаги онасини кўрди-да, «ҳорманг, буви», деди турган ерида.  Онаси бошини кўтариб:  «Ҳмм, келдингми?», дедию яна нимагадир чалғиди.
— Дадам уйдами? — сўради ўғил.
Онаси бошини кўтариб, чолини унутганлигидан хижолат бўлибми, хиёл каловланиб қолди.
Отаси уларнинг гапларини эшитиб турганлигидан «мен бу ердаман», дегандай томоқ қириб қўйди. Ўғил ўша тарафга юрди, онаси эса тинчликмикин, дегандай узоқдан чолига тикилди.
— Ассалому алайкум, дада. Ҳа, бейда ўтириб крбсиз? — дея отаси билан сўрашган ўғил унинг юзига сарасаф солди.
Чол аллақачон ўзини ўнглаб олганди, чунки мазаси қочганини ўғлига сездирмоқчи эмасди. Шунинг учун:
— Алейкимассалом, келдингми, болам? — деди иложи борича равон гапиришга уриниб.
Бироқ сезгир фарзанд отасидаги ўзгаришни дарров пайқаганди:
— Нима, яна қорниз оғрияптими? — сўради ачиниш оҳангида.
Чол талмовсиради;
— Йў-ўқ, яхшиман, сал-пал…
— Сўрига обориб қўяйми?
— Йўқ!.. Бор, ишингни қилавер, — деди ота бУйрўқ оҳангида.
Ўғил отасининг феълини яхши билганидан индамай ҳовлининг этагидаги ўз уйи томон ўтиб кетди.
Бу пайт эрининг аҳволидан ҳавотирга тушган кампири шу тарафга келмоқда эди. Чолнинг кўнглида ажиб бир эврилиш пайдо бўлди-да, атрофини ўраб бораётган қоронғилиқ ўрнини таскинли бир ҳузур эгаллаб, ҳатто, оғриқ ҳам пасайгандек туюлди. Бу шунчаки узоқ йиллар мобайнида қўша қариган эр-хотинлар ўртасида вужудга келадиган кўникмамиди ёки ростдан ҳам кампирининг бир нимаси бормиди, ҳар тугул, у ёнида бўлса мушкуллари осон кечарди.
— Бу ерда нима қиб ўтирибсиз, одамди кўрқитиб? — дея сўради кампири ҳавотирини эркаловчи бир оҳангга чулғаб.
— Тағин оғриб қолди-да. Эсимданам чиқиб кетган экан! — чол боягидек кучаниб гапирардию, бироқ овози у қадар аянчли эмасди.
Кампири нима қиларини билмай, каловланди.
— Новвотчой қиб берайми? — деди чолига жони ачиганидан худди ўзининг қорни оғриётгандай юзи тиришиб. Лекин новвотли чой унинг дардига малҳам бўлолмаслигини яхши биларди.
Чол ҳам кампирининг аҳволини тушуниб турарди, шунинг учун ўзини бардам тутишга уриниб, деди:
— Бориб қозон-товоғингга қарайвер, кампир, хийла тузукман.
— Илоё, Худонинг раҳми кесин! — у чолига бирпас термилиб турди, сўнг: — Суюққина мастава қиббераман, — дея ўчоғи томон кетди.
Оғриқ қўйиб юборганидан чол ўзини яна тетикроқ ҳис қилмоқда эди. У қорнини беихтиёр қучоқлаб, турли меваларга бурканган ҳовлисига интиқ разм солди. Бу боғни ўзи яратган, ўз қўллари билан яратган. Болаларим ейди, деб ҳамма мевадан ўтқазган. Боғида йўқ меванинг ўзи йўқ. Отаси раҳматли ҳам шунақа эди — ҳамиша кўчат кўтариб ёки қўлидан гулқайчи тушмай, мевали дарахтларни шақлга солиб, қирқиб юрарди. Манави молхонага ёпишиб турган, йўғонлиги бир қулочдан анча ортиб кетган қари ўрикни ҳам отаси эккан. Ўшанда бу ўн беш-ўн олти яшар ўспирин бола эди. Шунгаям мана эллик йилдан ортиқ вақт бўлибди. Ҳозир у олтмиш тўққизга кирди, ўрик эса элликдан ошибди. Ҳа, ўрик ҳам қариди, ҳар йили ғуж-ғуж гуллайдию, бироқ унча ғўра тугмайди. Уям аввалги шаштим бор, деб ўйласа керак-да. Йўқ қарилик барибир ғалаба қилар экан. Бу жониворнинг ҳайбатини қараю!..
Ҳозир негадир ўлимни эслаб, худди бугун ўлиб қоладигандек туюлди назарида. Авваллари ўлимни эслагудек бўлса ҳам гўё эртага эрталаб ишга бориши керақлиги ёдига тушгандай бир туйғу хаёлидан кечардию тезда унутарди. Лекин бугун ундай бўлмади, ўлим хаёли калласининг бир бурчагига ўрнашиб олди-да, уни беором қила бошлади, ваҳимага солди. Эҳтимол ваҳимага солди дейиш бутунлай тўғри бўлмас, чунки унинг учун шу ёшда ўлимдан қўрқиши бачканаликка ўхшайди. Ваҳима эса, ҳамма ишни қила олдимми, бола-чақамга барча гапларимни айтиб улгура оламанми-йўқми, деган каби саволларга ўранган бир инсоний ҳавотир эди, холос. Масалан, катта ўғлини алоҳида уй қилиб чиқарган, ундан кўнгли тўқ. Ўртанчасини ҳовлисининг этагига жойлаган. Манави ўрикнинг рўпарасидан девор қилиб (агар ўғиллари шуни хоҳласа), иккига бўлиб берса, тинчийди. Ҳовли катта, иккаласигаям етади. Катта уй кенжатойга қолади.
Икки қизи эса аллақачон уйли-жойли бўлиб кетишган. Асосий гапларни ўртанча ва кенжа ўғилларига айтиши керак. Бу ҳақда авваллари ҳам кўп гапиргану, аммо ўлим олдидан айтиладигани бўлакча бўлади-да. У бир ғалати бўлиб кетди, ростданам ўлиб қолса-я. Кенжасини унаштириб қўйишган, наҳотки унинг тўйиға етиб боролмаса? Нега мунча ўлимни ўйлаб қолди, оғриб юрган қорни-да, ахир!.. Йўқ, бу сафар бошқачароқ. Кўнглидаям алланечук ҳавотир ғимирлайди… Қанийди, шу кенжатойининг тўйини кўриб, кейин ўлса! Ҳа, айтгандай, у ҳалиям ишдан келмадими? Ё келганини кўрмай қолдими? Йўқ, ўғиллари тузук, ишга кетишда ҳам, ишдан қайтишда ҳам отаси билан кўришиб ўтишади. Ҳали келмади. Нега кеч қолдийкин-а?! У «ё пирим!» деб ўрни¬дан тураркан, қорни оғриб қолишидан қўрқиб гавдасини бутунлай тикламади. Ҳалиги оғриқлар билан анча қуввати кетганидан оёқларини судраб, букчайганча уй то¬монга юрди. Бу орада ўғлини сўраш учун кўз қири би¬лан кампирини қидирди. Бир қулоғи
чолида бўлган кампири унинг қўзғалганини кўрибоқ шу томонга юрганди.
— Кенжанг кўринмадими, кампир? — сўради у инқиллаб ва бу орада сўрининг олдига келиб қолди.
— Дараги йўғу… Ушланиб қолгандир-да. — Кампирининг овозида таскин берувчи оҳанг бор эди.
— Шундай бўса керак…
У сўрига чўзилмоқчи бўлганди, кампири шоша-пиша болишларни тўғрилади.
— Овқатам пишиб қолди, қаерда ичасиз?
— Шу ерга обкелақол…
Унинг мутлакр иштаҳаси йўқ эди. Бу гапни эса шунчаки кампирига жавоб бериши лозим бўлганлиги ва уни ортиқча ҳавотирга солмаслик учун айтди.
Болишга ёнбошлаши билан қорнида яна оғриқ турди. Афти тиришиб, оғриққа ҳамоҳанг кучанганча ўрнидан туриб, сўри суянчиғига суяниб олди. Ё Аллоҳ, бу нима кўргилик бўлди энди? Туппа-тузук юрувди-ю! Бунақада ҳадемай ўрнидан туролмай қолиши мумкин. Унгача шом намозини ҳеч бўлмаса ўтирган кўйи ўқиб олса бўлгани. Қорнидаги буров яна қўзғалди — қорнини чангаллаб, ғужанак бўлиб олди-да, оғриқ якун топгунча инграб турди. Оғриқ ўтиб кетгач эса бир оз ҳансиради.
Билмаган одамга, шўрлик чол шунча азоб тортсаю, бировнинг ҳеч йўқ дўхтир-пўхтир чақирмаслиги ғалати туюлиши мумкин. Аввал ҳам бунақа ҳолатлар кўп бўлган ва баъзиларида «тез ёрдам» чақиришган ёки машинага ўтқазиб шифохонага олиб боришган, чора-тадбир қўллашган, ҳатто, ҳайтовур оғриқ ҳам тўхтаган. Бироқ бу ҳол кўп бор такрорланганлиги ва ҳар сафар ўз муддати етмагунча дарддан фориғ бўлолмаганлиги уни бу ортиқча даҳмазалардан бездириб қўйганки, токи «дўхтир» дейишлари билан дарров рад этади. Шунинг учун оиладагилар ҳам чолнинг хоҳишига қарши боролмайдилар.
Катта ўғлини ва қизларини айткизсамикин-а? Қўққисдан улгуролмай қолса… Уларни безовта қилиб нима авзум (наф) топарди. Ҳаммасидан рози, Худога шукур, барчаларининг тирикчилиги жойида. Мабодо айткизгудай бўлса ҳам, шўрликлар то оталарининг жони узилгунча бесаранжом бўладилар… Ростданам жони узилармикин-а? Тавба, намунча бу фикр хаёлидан кетмай қолди?.. Иимм-мм!.. Яна оғриқ турди…
Кампири хонтахтанинг устига дастурхон солиб, унинг истагига биноан ярим коса мастава олиб келди.
— Кичкинанг келмади-ю, кампир? — деб қўйди у ожиз бир овозда, овқатини кавларкан.
Шу пайт молхона томонда ўртанча ўғлининг шарпаси кўринди. Унинг бир қўлида усти қоғоз билан ёпиғлиқ чинни коса бор эди.
Кампир чолга то кичкина ўғли ҳақида жўялироқ бир гап топиб гапиргунча ўртанча ўғил етиб келиб, салом берди ва косадаги овқатни дастурхонга қўйди.
— Болаларинг минан еявермабсан-да, болам? — деб қўйди чол инқиллаб, лекин ўғлининг бу меҳрибончилиги унинг кўнглини шу аҳволда ҳам эркаловчи бир эпкин билам майин сийпалаб ўтди.
— Сизлар билан ўтиргим келди-да, — деркан ўғли косанинг устидаги крғозни олди — ош экан.
— Мастава обкелайми? — деб қўйди онаси шундоқ ғам мастава қуйиб келиш учун ошхона томонга йўналаркан.
Чолнинг бир оз зардаси қайнади, кенжаси ҳақидаги саволига жавоб бермаганлиги учун кампирини ўдағайлагиси келди. Келдию, рўпарасида ўтирган ўғлидан андиша қилиб, оғиз жуфтлагани ҳамоно тўхтади. Кучаниб қаддини ростлади ва мастава қуйилган косадаги кршиқни олиб, ўғлини ошга ундади:
— Қани, ошдан олайлик-чи! — номигагина татинди-да, яна ёнбошларкан, — ўзинг олавер, — деди кршиқни у томонга суриб.
— Ҳеч бўлмаса, маставани ичинг, дада.
Чол жавоб бериш ўрнига оғриқдан бужмайиб олди…
Овқатланиб бўлишгач, у шом намози тараддудига тушиб қолди. Дастурхонга фотиҳа қилиб, сўри четига базўр суриларкан:
— Жойнамозни ромга солиб бер, кампир, — деди хириллаб. Энди у бутунлай ҳолдан тойганди.
— Ўқимай қўя қолмайсизми, чол? — кампир ачинганини яширолмади.
Чол индамай букчайганича уй томонга юргач, кампир унинг мақсадини англаб, югургудай бўлиб ундан олдин ром (ойнаванд айвон)га кирди. Тўрига жойнамозни тўшаб, пастга тушаётганда, чол инқиллаб келиб, айвондаги сўри четига ўтирди. Ҳансирай-ҳансирай нафас оларкан:
— Кенжанг келмади-я?.. — деб қўйди энтикиб.
— Кўча-пўчада ошналариминан ушланиб қолгандир-да, — дея тасалли берди кампири.
Таҳорат олишга ҳоли келмаганидан ёнбошидаги покиза болишга икки кафтини босиб, таяммум қилиб қўя қолди. Намозни ўтирган кўйи ўқиган бўлса-да, қуввати йўқлигидан, ҳам ўқтин-ўқтин хуруж қилган оғриқнинг зўридан анча қийналди. Намозни тугатиб, ёнбошдаги тўшакка чалқанчасига чўзилди. Қорин пайлари бўшашиб, ёқимли жимирлади ва шу билан оғриқ пасайгандек бўлди.
Орадаи ҳеч қанча ўтмай кампири кириб келиб, чоли ёнига омонатгииа ўтирди.
— Тузукмисиз? — деди сокингина, ҳатто, овози ҳам чолининг оромини бузишидан чўчинқираб.
— Ҳмм… Ўғлинг келмадими? — дея сўрадию, ўғлини кўп сўрайвериши кампирига бачканаликдек туюлишидан истихола қилди ва бу сўроқлашлари ўзининг феълига зид равишда бўлаётганини сезиб, қўшиб қўйди. — Гапим борийди-да…
Кампири эса бу гапни ўзича тушуниб, чўчиб тушди, аммо билинтирмади.
— Кеп қолар… Ўртанчангизниям уйингга ўтиб кетавер, дедим…
— Яхши қипсан… — Чол кўзларини юмиб, тин олди. Мана шу ёқимли сокинлик асносида мунтазам оғриқ туфайли бўм-бўшдек ғовлаб қолган миясида олис хотиралар узуқ-юлуқ гавдаланди-да, отасининг фариштали сиймоси тиниқлаша борди. Раҳматли ажаб ҳотамтойи феълли одам эди. Кўпинча иккала ўғли, айниқса, кенжаси бўлмиш бу билан овқатланишни хуш кўрарди. Агар ўғиллари уйда бўлмаса, гоҳида то улар келгунларича овқатланмай, кутиб ўтирарди. Ҳаммасидан ҳам унинг крвун-тарвуз пишиғи маҳалидаги одатлари қизиқ эди. Бозордан крплаб тарвуз-крвун сотиб олар ва елкасида кўтариб келарди-да, ҳовлидаги ариқчада шилдираб оқаётган сувга ташлаб қўярди. Бирпас нафасини ростлаб олгач, ҳамма болаларини рўпарасига давра қурдириб, ўтказарди-да, белбоғидаги қиндан каттакон пичоғини чиқариб, салкам белкуракдай келадиган панжалари билан болалари тарвуз деса, тарвуз, қовун деса, крвун сўйиб берарди. Ўзи эса бир тилик еса ерди, бўлмаса йўқ, болаларининг шошилиб-шошилиб, кийимларига сувини оқи
зиб ейишларига ҳузур қилиб тикилиб ўтиришни яхши кўрарди. (Отасининг кўзидаги ўша пайтдаги мамнуниятни, таъбир жоиз бўлса, ғуруғни унда тушунмаган, албатта. Унинг ҳолатини кейинчалик — ўзи ҳам ота бўлиб, оталик ҳиссини туйгандан сўнг англаб етган.) Отасининг қиёфасию, танти феъли мана шу кенжасида бор. Шунданми ёки отасига ўзи ўхшолмаганиданми, шу ўғлини бошқачароқ кўради. Кап-катта бўлиб қолган бўлса-да, унинг қилиқларидан ҳали-ҳануз завқланади. Бу завқ бетакрор завқ эдики, уни фақатгина ота бўлганлар, яна тағин ўғил ўстирган оталаргина ҳис қилишлари мум-кин…
Яна оғриқ турди. Юзи бужмайиб, оёқлари қорни томонга букилиб, кўзларини очаркан, унинг ҳаловатини бузишдан чўчиб, ҳамон жим ўтирган кампирига «ана, яна бошланди», дегандай бир қараш қилиб қўйди.
— Тузукроқ жой қилиб берай, — дея ўрнидан турган кампир, уйдан болиш ва тўшак олиб чиқиб, бошқа жой қилди. Сўнг унинг қўлтиғидан олиб, янги жойга ўтишига ёрдам берди.
Хуфтон намозини юзини қиблага қилиб ётган кўйи имо-ишора билан ўқиди. Қариганда намозни қазо қилишдан қўрқди. Чол намоз билан овора бўлган пайтда кенжаси кириб келди-да, тўғри чеккадаги уй томонга ўтиб кетди. Ҳамиша ота-онаси билан кўришиб, сўнг ўтиб кетувчи эди. Кампир унинг индамай ўтиб кетишидан ўзича маъно тушунди — мастми, нима бало?! Чолининг намоз билан андармонлигидан фойдаланиб, ўғлининг ортидан кирди. Кенжаси ростдан ҳам дурустгина маст эди. У уйга гандирақлаб кириб, девордаги чироқ мурватини қўли билан пайпаслаб топиб, чироқни ёқаркан, ортидан кириб келган онасини кўриб, гавдаси у ёқ-бу ёқка тебранганча тиржайди.
— Вой, болам, ичвобсан-у?! — Кампир бу гапни танбеҳ оҳангида айтди.
— Ҳмм, ичдим!.. Бугун ошналарим минан би-ир ёзилдик, був!.. — У ёнбошидаги ўзи ётадиган каравотга ўтирди. — Омма дадам билмасин, бўптими?.. — дея қўшиб қўйди паст овозда.
— Даданг сени сўраётувди-да, болам.
— Йў-ўқ… Бу аҳволда кирмийман. Ҳали келмади, деб қўя қолинг.
Кампир ортига қайтди. Чол эса намозии тугатиб, кўзларини юмганча тез-тез нафас олиб ётарди. У кампирининг кирганини сезди.
— Ўғлинг келмадими?
Кампир ёлғон гапиришга ийманиб, бир оз каловланди.
— Йўқ ҳали келмадию…
Чол ниманидир пайқагандай бўлдию, толиққан шуурига «мастдир-да» деган фикр тўйқус урилди-да, чўзиб, «Худога шукр» дедию, яна кўзларини юмди.
Тинимсиз оғриқдан чолнинг тинка-мадори қуриди. Шу асно бутун танаси ҳам таранг тортишиб, оғришга тушди. Ахийри ранги оқариб, пешанасидан совуқ тер чиқиб кет¬ди. Шу аҳволда ҳам бир неча марта ўғлини сўради. Кампир ҳар сафар «ҳали келмади» дейиш билан бирга фурсат топиб, кенжасидан хабар олиб қайтди — у тиррак қотиб ухларди.
Чолнинг пешанасидан совуқ тер чиқиб, елкаси билан нафас ола бошлаганда кампири қўрқиб кетди, шошиб ўғлининг олдига чиқиб, уни турткилаб юриб уйғотди. Ўғли уйқусираб, «бу аҳволда дадамнинг олдига чиқмайман», деб туриб олди. Ҳақиқатан ундан гупиллаб ароқнинг ҳиди уфурарди.
— Даданг бўмай қолди, болам! — деди охири онаси илтижо қилгандай.
— Хўп, ҳозир чиқаман, — деди онасининг илтижосидан бир сесканиб тушган ўғил.
Онаси чиқиб кетди. У ўрнидан туриб, белигача яланғоч бўлиб ечинди. Сочиғини олиб ташқарига чиқди. Ароқнинг кучидан ғовлаб кетган боши тоза ҳавода хийла енгил тортди, лекин барибир ҳамон кайфи тарқамаганди. Кўксини тўлдириб бир-икки нафас олди-да, ариқча ёнига борди. Сочиғини сўрток устунига илиб, муздек сувга қўл солди. Сўнг сувни шопириб-шопириб, атрофига сачрата-сачрата ювинишга тушди. Мусаффо сувнинг тароватидан танаси тетиклашиб, бутун ҳужайралари уйғона бошлади…
У ҳузурбахш бир кайфиятда ромнинг эшиги олдига етганда онаси қўли билан имлаб уни ортига қайтарди.
— Ухлаб қолди, — деди ўғлига эргашиб ташқарига чиққач. — Эндийла бомдодга уйғонади… Дамингни олавер.
Онаси яна қайтиб, чолининг ёнига кириб кетди. У эса нима қилишини билмагандай беихтиёр сўри олдига келди. Энди уйқу келармиди, дея ўйлади ўзича, аммо ўзида ажиб бир енгилликни ҳис қилмоқда эди. Шу пайт молхона томонда йилтираган тамаки чўғига кўзи тушди ва одам шарпасини сезди. Акам шекилли, деб ўйлади-да, ўша томонга юрди. Ака-ука қари ва қадрдон ўрик остида кўришдилар. Одам шарпасидан уйқуси бузилган мол-қўйлар безовталанди, сигир чўзиб бир пишиллаб қўйди.
— Кеч келдингми? — дея сўради акаси одатий дағалроқ овозда тамакисини сўнгги бор сўриб, қолдиғини бир четга улоқтираркан.
— Ҳмм…
— Уйида кексаси бор одам ичмаслиги керақлигини билардингу!.. — Акаси бу гапларни насиҳатомуз ёки доноларча овозда эмас, шунчаки айтаётгандек гапирарди.
Улар жим қолдилар.
— Ухламадингизми? — дея сўради акасидан жимликни бузиб.
— Қаёқда!..
— Кириб дамингизни олаверинг, ҳадемай ишга борарсиз?.. Дадам ҳам ухлабди.
Акаси индамай нари кетдн. У сўрига бориб, чалқанча чўзилди ва оқариб келаётган осмонга тикилди. Шу қисқа умри мобайнида тунги осмонга кўп бор термилган, лекин ҳеч қачон ҳозиргидек ҳолатга тушмаганди. Шоирлар ҳар нарсадан ўзларича маъно топишади, дейишарди. Ҳозир ўзини ўшаларга ўхшатиб, бир оз кулгиси ҳам қистади. Ана, оқиш осмонда жимирлаётган сон-саноқсиз юлдузларга боқаркан, ўзини жуда-жуда бахтиёр сезиб, жудаям яшагиси келиб кетди. Дарҳақиқат, осмон ниҳоятда бепоён ва шунингдек, улуғвор эди. Бироқ у ҳамда гўдакнинг кулгисидек кўзини яшнатувчи анови юлдузлар ҳам содда ва оддий кўринарди. Худди отасига ўхшаб. Ҳа, отаси у ва ака, опалари учун жуда улуғвор, шу билан бирга тупроқдай содда ҳам оддий эди. У ҳозир айнан шу нарсани хаёлидан ўтказаркан, унинг ҳаётида отасининг катта ўрни ва ўша ўрнининг улкан маъноси бор эканлигини ҳис этди. Барчалари отасини жуда-жуда яхши кўришарди, қадрлашарди ва унга суянишарди. Аммо бу гап ҳеч қачон тилларига чиқма
ган. Таомили шундай бўлгач…
Унинг хаёллари адоғсиз эди. Агар отасининг овозидан ўйи узилмаганда, бу ётиши яна қанча давом этарди, номаълум… Ирғиб ўрнидан туриб, отасига пешвоз чиқди.
— Ассаломалайким, дада. Тузукмисиз?
Отаси хийла бардам кўринарди. Тунги оғриқлардан анча ҳоригани сезилиб турса-да, руҳияти бир қадар тетик эди.
— Кебсану, болам, — деди чол «мен ҳам яхши бўп қолдим» қабилида.
— Таҳоратга сув қиб берайми? — дея сўраркан дадасининг розилик ишорасини олиб, ошхона томонга кетди. Кўп ўтмай обдастада илиқ сув билан қайтиб келди.
Чол таҳорат олиб қайтгач, ром сўрисига чиқаркан, унга ҳам ҳайрат, ҳам хурсандлик билан боқиб турган кампирига деди:
— Кечқурунги овқатингни иситиб тур, роса қорним очди.
Чол бомдод намозининг суннатини эртароқ — азондан аввалроқ ўқир, ундан олдин эса бир неча ракат нафл намозларини ҳам адо этарди. Ҳозир ҳам бомдодгача бир оз вақт бор эди, тунга қарамай, намоз ўқишга киришди. Энди намозни бемалол рисоладагидек ўқиди. Намозни тугатганида кампири дастурхон ёзиб, икки коса илитилган маставани ҳам олиб келиб қўйганди.
Чол-кампирнинг даврасига ўғил ҳам келиб қўшилди. Чолнинг кўзлари олайиб, ичига тортилиб кетган бўлса-да, энди кишига мулойим боқар, юзи ҳам табассумдан ёришиб кўринарди.
— Бу маставани адабини мана энди берамиз-да, кампир! — деди чол овқатини ковларкан, ҳазилкаш овозда.
Овқатни тановул қилиб бўлгунларича қарийб гапирмадилар. Ниҳоят чойга зўр бераркан, чол қаддини тиклаб, деди:
— Биласанми, ўғлим, мен сени нима учун яхши кўраман? Онанг айтгандир?.. — У кампирига бирров қараб қўйди.
Ўғил буни жуда яхши биларди, лекин саволга «йўқ» деб қўя қолди.
— Билмасанг, билиб қўй — сен отам раҳматлига жудаям ўхшайсан, шунинг учун. Акам раҳматлиям, мен ҳам унчалик ўхшамаймиз опоқдадангга.
Чол жим қолиб, бир-икки ҳўплам чой ичди.
— Бирам чанқаябман-да, — деди кейин ўзига ўзи гапираётгандай.
— Чарчоқники-да, — деб қўйди кампир секингина.
— Кечқурун сенга айтадиган гапларим жуда кўпийди. — Энди чол салобат билан гапира бошлади. — Мабодо ўлиб-нетиб қолсам.,.. — Бунақа ҳасратли гапларни гапириш унинг феълига ёт эди, шунинг учун қўшиб қўйди. — Худо хоҳласа, ҳаливери ўлмайман-у… Қирқим чиқиши минан тўйингни ўтказишга қарши бўлмагин демоқчийдим… Мени айтганимни қиласанми, хумпар? — ўғлига ҳазил аралаш зўраки пўписа қилди. — Томорқа ҳақида аввал ҳам гапирганман…
— Бўлди, қўйинг, отаси, кечқурун қўрқитганингиз ҳам етар, — деди кампир эрка бир овозда.
Чол жим қолди. Ўйчан қиёфада бирпас ўтирди, сўнг юзига табассум югурди.
— Акам раҳматли минан бир қизик воқеа бўганди. Амакингни эслайсан-а?..
— Ҳмм.
Чол фикрини жамлаш учун озгина тин олди.
— Бир куни акам раҳматли, у кишининг дўсти… ҳалиги раҳматли Райимжон буванг бор эдию, у киши ва мен Райимжон аканинг ўғлини машинасида шаҳарга касал кўргани бордик. Қиш маҳали эди. Совуқ. Тушгача анча очқаб, совқотиб қолдик. Қайтишда акам ўғлига шўрва ташлатиб қўйганлигини айтиб, уйиға тақлиф қилди.
— Роса қайнагандир, жонивор, — деди  одамнинг ҳаваси келадиган қилиб.
Райимжон ака акамнинг пронтовой дўстийди, улар бир-бирларининг гапларини қайтаришмасди. ҳўллас, акамникига бордик. Ростданам сандалнинг ўти гум, шўрва тайёр экан. Ўғли дастурхон ёзиб, чой-пой қуйгач, бир косадан шўрва олиб кирди. Иккала пронтовой шўрвага шошилмай нон тўрғашди. Биз Райимжон аканинг ўғли икковимиз овқатни яримлатдик ҳамки, улар тек ўтиришаверишса, дегин. Мундоқ разм солсам, иккалови бир-бирига маъноли қараш қилишиб, безовталанишмоқда. Ҳар замонда Райимжон аканинг ўғлига ғалати мўлтирашиб қўйишадими-эй. Бир нарсани сезгандай бўлдим…
Чол мийиғида кулиб, шошилмай чой хўплади. Сўнг томоқ қириб олгач, яна ҳикоя қилишга тушди.
— Акам дангалчи одам эди, биласан. Ахийри чидамади шекилли, Райимжон аканинг ўғлини ҳайдагандан бери қилди.
— Шўрвайни тезроқ ичиб бор, мошинангни у ёқ-бу ёғига қара-чи? — деди бетоқатланиб.
Бола бечора чолларнинг гапига қизиқиб, ҳам сандалнинг иссиғида маза қилиб ўтирган эди, Лекин отасидай бўлиб қолган одамнинг гапини икки қилармиди, шошиб косасини бўшатди-да, чиқиб кетди. У чиқиб кетиши би¬лан акам раҳматли сандалнинг четидан бир шиша арақ чиқарди. Менга «хафа бўмайсан энди, қори», деб қўйди-да, пиёлаларга қўяди. Мен намозхон бўлганим учун истихола қилди шекилли-да… Энди улар пронтовой одамлар, ҳар замонда ичиб туришарди. Шунга ўрганишган-да. Оммалекин намоз ўқишарди…
Чол яна жим қолди. Нималарнидир мулоҳаза қилиб, пича ўйчан турди. Кейин:
— Биламан, сен ичмайсан, — у ўғлига қарамай гапирар, аммо бу гапидан кейин унинг бир безовталанганини сезиб ўтирарди. — Ленин ўғилни отанинг суҳбатидан, отани ўғилнииг дийдоридан маҳрум қиладиган ҳалиги нарсани ичмаган маъқулмикин. Ҳар тугул ичадиган ошналарингга айтиб қўйгин дейман-да.
Ўғил ер қадар эгилиб борарди…
Шу пайт азон овози зшитилди. Чол яна бир пиёла чой ичди-да, дастурхонга фотиҳа қилиб, ўрнидан турди. У бомдоднинг суннати ва фарзига алоҳида-алоҳида таҳорат олишга одатланганди. Буни билган ўғли югуриб бориб, яна янги сув тайёрлаб келди.
Чол янада бардам юриш билан сўрининг олдига борди. Таҳорат олишга чўнқаяркан, ром эшигидан кириб бораётган ўғлига интиқ бир нигоҳ ташлаб қўйди… Ўнг қўлининг чиғаноғига сув оқизаётганда қорни аралаш чап биқинида бир нарса кескин тарзда «шилқ» этди-да, юрагининг остига урди. У бу кучли силтанишдан беихтиёр ўрнидан туриб кетди ва ортига хиёл оғиб, сўри четига ўтириб қолди. «Ла илаҳа иллаллоҳ», дея пичирлади лаблари ва кўзлари ағдарилиб, тагидаги кирчимол тўшакка оҳиста чўзилди…
2002 йил.