Наби Жалолиддин. Fассол (ҳикоя)

Эшикни эллик ёшлардаги аёл очди. Турмагини бўшроқ танғиганмиди ёки уйдалиги учун парво қилмаганми, қулоқлари устидаги соч толалари тўзғиган. Эгнида танасини ярашмайроқ сирган гулли халат.
Келгувчиларга бошдан-оёқ разм солгач, ҳаловатини йўқотишни истамаётгандек боқди.
– Келинглар… – деди чап қўлида халатининг ёқасини тўғрилаб.
– Ассаломалейким… – Ёши етмишга оға бошлаган паканага мойил қотма киши қўлини кўксига қўйиб, жилмайди. Пачоқ юзи тиришлар ичра қолди, жағининг учидаги сийрак соқоли йилтираб кетди. – Ёзувчимизнинг уйи шуми?
Аёл, қўйиб юборса, меҳмонлар кириб оладигандай, ўнг қўлида эшикни маҳкамроқ тутиб, олдин, янгилиги билиниб турган, аммо елкалари осилган, енг­лари икки қат ҳимарилган одми костюм, оҳорли дўппи кийган гапиргувчига, сўнгра ёнидаги замона ёшларидек борлиғи чақнаган, қарашлари мағрур йигитга кўз ташлагач, ниҳоят нигоҳи халталарда тўхтаб, юзи табассумга чоғланиб, ғижимланди.
– Ҳа, шу… Ҳой, дадаси, сизни сўрашвотти!.. – шошиб эшикни нари туртди.
Пешона сочлари сийраклашган, хонаки кийимдаги бақалоққина эркак кўрингач, аёл ўзини орқага олди.
– Ие, келилар-келилар!.. – эркак қулоч ёзди. – Нега остонада турибсизлар? Қани, ичкарига! – У соқолли кишини ўзига тортиб, қучоқлади. Қўллари банд йигитнинг елкасига кафт босди. – Қани-қани, марҳамат!..
Соқолли оқшайганроқ пойафзалини ечиб, уялдими, қалашган оёқ кийимларининг орасига суриб қўйди. Ёзувчининг гап оҳангидан елкаси кўтарилди. Ҳатто бир неча йилдан буён Тошкентда юрган ўғлига уни ундай, буни бундай қил, деб ақл ўргатгиси келиб кетди.
Мезбонга эргашишди. Таомилда келгувчи қўлидагиларни ё кираверишда қолдириши ёки уй эгаларига бериши керак, лекин йигит ҳаяжонланганиданми, отаси амр қилмаганигами, халталарни қўяй демасди.
Меҳмонхонага ўтаркан, соқолли ўзини хобгоҳга кираётгандай ҳис этди. Унинг наздида, айвондан ичкариси ўта сирли, шахсий ҳудуд. “Дом”да эса бу фарқсиздай. Унда қоришиқ ҳид бўлади: дераза, эшиклар баравар очилмаганидандир-да. Ҳамма ҳам буни сезавермайди. Соқолли хаёлидан уялди.
Ёзувчи меҳмонларни диванга ўтқазди. Ё стол меъёрдагидан баланд ёки диван пастроқ эди – гулли дастурхон соқоллининг жағи билан тенг бўлди. Уй эгасига маза: стулда ҳам енгил либосда эмин-эркин ўтирибди.
– Қани, омин!.. – Ёзувчи дуога қўл очди.
Одатда меҳмон ёки ёши улуғлар шундай қилгувчи эди.
Йигитнинг кийимлари этидан қочгандай бўлди.
– …Тинчлик-омонлигини берсин!.. – Ёзувчи шод эди, юз-кўзи ёнарди. Гапираркан, тез-тез бир ёққа қарар, кетма-кет ютинарди.
Соқолли фотиҳадан сўнг юз-кўзини, тутамга кирмас соқолини қайта-қайта силади. Туси бўзарди. Гап тополмай, чайналди. Улоқни ёзувчи олди:
– Хуш келибсизлар! Қалай, яхши етиб келдиларингизми?.. Онаси, чой!.. Қишлоқлар тинчми? – Меҳмонларга “Қишлоқданмисизлар?” – дегандай қараш қилди.
– Тўғри-и… Биз қишлоқ… – соқолли йигитга кўзи тушиб, томоқ қириб олди. – Мен қишлоқдан… келдик… Қишлоғимиз тинч. – Яна йигитга қараб қўйди. – Худога шукр.
– Онаси, чой!.. – Аммо ёзувчининг чой ичгиси келмаётгани аниқ эди. Шунга қарамай, “башорати” тўғри чиққанидан гапи бутунлашди: – Ана, айтдим-ку!.. Қишлоқнинг одамлари бўлакча бўлади. Содда, самимий… Қалай, қишлоқлар тинчми? – Дарвоқе, бу ҳақда сўровди-ку.
Соқолли бунга эътибор бермади, ҳатто сезмади ҳам.
– Раҳмат, тинч. Ҳамқишлоқларимиз салом айтишди.
– Омон бўлишсин. – Ёзувчи “ғилқ” этиб ютинди. – Ҳозир қишлоқларимиз обод, шаҳардан қолишмайди. Намунавий уйлар, дейсизми… Қанийди, ўша жойларда яшасанг! Онаси, чо-о…
Аёл чойнак билан пиёлаларни эрининг олдига қўйиб, қўли кўксида мулозамат қилди:
– Яхши ўтирибсизларми? Уй ичилар тинчми?.. Адаси, мастава қивотувдим, сузаверайми?
Соқолли шошиб эътироз билдирди:
– Йў-йў, овора бўлманг!.. – Шунинг ортидан “Тошкентли-да, тили ширин – “вотти-вотти”, – деган ўй хаёлидан ўтди.
– Сал туриб обкеларсиз, онаси, – ёзувчи дастурхондаги қанд-қурсга қаради. – Меҳмонлар нафас ростлаб олишсин, – дея биринчи пиёлани соқоллига, иккинчисини йигитга узатди-да, ўзига чой қуймади.
Аёл “хўп бўлади”, дея қошини билинар-билинмас чимириб, чиқиб кетди.
Соқолли қайноқ чойдан ҳўпладию, чучмал таъмни ҳис этди, ўхшамайроқ томоқ қириб, деди:
– Тошкентликлар памил чой ичишади-да, а? – Мезбонга озор беришдан сақланиб, тағин чой ҳўплади.
– Дарвоқе, сизлар кўк чой ичасизлар шекилли, а? – Ёзувчи “мен ҳозир”, дегандай ҳаракат билан ўрнидан туриб, ошхона томон йўналди. Хотини косаларни артарди.
– Озгина қайноқ сув қуйиб, овқатни кўпайтирдим, – деди токчадан шиша олаётган эрининг ниятини англаб. – Шу ўлгурни ичмай туринг, меҳмонларнинг олдида уят бўлар.
– Бўпти-бўпти, сезишмайди, – ярим пиёлани сипқориб, афтини тириштирганча газак қидирди.
Хотини ликобчадан бир паррак бодринг олиб узатди.
– Овқатийизи сузаверинг. Меҳмонларга қуюқроқ бўлсин. Айтгандай, аввал битта кўк чой дамлаб беринг, – дея меҳмонхонага қайтди.
– Саломалейкум, яхши ўтирибсизларми? Ҳозир кўк чой келади. – Оғзини кафтида артиб, бир-икки тамшанди. – Хўш, халқнинг аҳволи, кайфияти қалай? – сўради ўзини жиддий кўрсатишга уриниб. – Биз ёзувчилар буни билишимиз керак.
Меҳмонлар, айниқса, каттаси ҳамон ўзини ўнғайсиз сезар, дам-бадам у ён-бу ён қўзғалиб, томоқ қирар, юзи янаям кичрайиб, ёзувчига умидвор тикиларди.
– Бу менинг ўғлим… Шейда университетта ўқийди.
– Э-э, шунақами? – Ёзувчи йигитга виқорли боқди. Аммо унинг қараши ёқмади, чаккалари хиёл тортишиб қўйди. – Қайси университетда ўқийсиз? – деб юборди ўзидан ташқари кўйда.
– Аграрда…
Ёзувчи кейинги сўровига имкон топилганидан дадиллашди:
– Шундайми?.. Агроном бўларкансиз-да..
– Йўқ! – Йигитнинг овози қўпол чиқди. – Иқтисодчи бўламан.
– Ҳа, тузук. – Ёзувчи кайфиятини бузмаслик учун отага қайрилди. Бирдан бояги саволи эсига тушди: – Хўш, халқнинг аҳволи, кайфияти қалай? Буни биз билишимиз керак.
– Кайфиятимиз яхши. Тинч-омон яшаяпмиз, – ота бунақа суҳбатни кутмаганмиди, баттар эсанкиради, ҳатто зерика бошлади. Лекин ўйлаб қўйган гапларини айтмаса бўлмасди: – Маҳалламизда бир домла яшайди. Ўзимизи шаҳарда университетда ишлайди. Яна кўп ўқийди… Газита, журнал, китоб… Менгаям обкебериб туради газита, журналлардан… Китобларам… Менам ўқишни яхши кўраман. Бир куни бир журнал берди, “Шарқ юлдузи”йди шекилли. Ашинда сизи ҳикоянгиз чиққан экан, “Fассол” деган…
Ёзувчи бирдан қаддини тиклаб, чойнак кўтариб кирган хотинига “кўрдингми”, дегандай боқди.
Йигит ўрнидан қўзғалиб, чойнакни олди. Шоша-пиша чойни қайтаришга тушди.
– Хўш-хўш, кейин-чи? – Ёзувчи хотинига яна виқорли назар ташлади. – Ҳикоя қалай экан?
– Яхши-и… Ўғлим, ановиларни ол! – Ота хийла дадиллашди. Халтадан иккита патир чиқариб, дастурхонга қўйди. – Манови довонни патири…
– Ие-ие… – Ёзувчи қулочини кериб, гўё хижолат бўлди. – Овора бўпсизлар-да!..
– Манови ўзимизнинг уйдан… – Ота энди нон, мева-чевалар чиқарди. – Қоганини келинаянгга бер! – деди ўғлига, ошхона томон ишора қилиб.
Йигит халталарни ошхонага элтиб, жойига қайтди. Отасига чой узатди.
Ёзувчи очила бошлади.
– Уйингизни роса қидирдик, – деди ота қайноқ чойдан ҳўплагач, ҳузурли тамшаниб. – Ахийри ўғлим топди. Тилпонда сўрадингми?..
Йигит боши билан тасдиқлади.
– Ке, шу одамди бир кўриб кетай, дедим-да…
– Хўш-хўш… Мухлиснинг эътирофи – ёзувчининг бахти!.. “Fассол” ҳақида гапирётувдийиз. – У патирни ушатиб, бир тишлам оғзига солди.
– Мен ғассолман-да… – Отанинг юзи чарақлаб кетди.
Ёзувчи таққа қотди, патир тутган қўллари муаллақ қолди. Томоғидаги луқмани ютиш учун қийналиб ютинди: бўйин томирлари бўртиб, қизарди, кўзлари олайди.
Унинг аҳволидан бехабар ота айтарини қўймасди:
– …Бизда ювғич, дейишади. Биз ҳақимиздаям ёзишибди, деб тоза хурсанд бўлдим. Сизга раҳмат, сизга қойил! Ҳақиқатда халқни биларкансиз!..
Аёл учта косада овқат олиб кирди.
Бўғзидаги азобдан қутулган, қизарса-да, енгилроқ нафас ола бошлаган ёзувчига ғассолнинг дастурхондаги пиёлага тегиб турган қўллари ўликникидай кўринди. Нажот илинжида унинг юзига қаради – мурданикидай! Ичидан нимадир қалқди. Ўрнидан сапчиб, хотинига “меҳмонларга бер”, дегандай имо қила, нариёққа отилди.
У ошхонадаги сув ташламасига энкайганча, бўғриқиб ўқчиётганда хотини кирди.
– Ҳой, сизга нима бўлди? – дея шошиб эрининг елкасидан тутди.
Ёзувчи кучана-кучана оғзи бурни аралаш юзига сув урди.
– У ўлик ювувчийкан!.. – деди ичидан ниманидир чиқариб юбормоқчидай.
– Нима-а?! – Аёл тебраниб кетди. – Ким?!.. Нега?!.. Нега ўлик ювувчи?!.. Кимни айтяпсиз?!..
Ёзувчи ҳўл қўлларини кўтарганча, аланглади.
– Анови меҳмон!.. – деди сал енгил тортиб. Хотини тутган сочиқни юзига босди – ёғ қоришиқ ғалати ҳид келди.
– Вой, ўлай! Нега ўлик ювувчи бўлади?!.
– “Fассол” ҳикоямни ўқиган экан…
– Ҳмм… Сизга айтувдим-а, ҳар нарсалар тўғрисида ёзманг, деб. Мана, ёзганингиз пешонангизга урилибди.
– Арақни ол!
– Ҳой, меҳмонларнинг олдида?..
Ёзувчи пиёлага яримлатиб арақ қуйди. Ҳўплади, лекин ютмади. Fарғара қилиб, оғзини чайгач, “ғилқ” этиб ютди. Кескин нафас чиқариб, яна ярим пиёла “урди”.
– Дадаси, меҳмонларга у-бу деб қўйманг! – деди аёл ҳадиксираб.
– Демайман!.. – меҳмонхонага ўтди. – Саломалайкум!.. – Жойига ўтираркан, қошиқни тутди. – Қани, овқатга қарайлар!
Ота-бола ўзларини бировнинг тўнини кийиб олгандай ҳис этишарди. Ота беихтиёр овқатга қошиқ солиб, ўғлига “сен ҳам ковла”, дегандай қаради. Бекор келибмиз, ёзувчининг кайфиятини буздик, дея ўйлади. Димоғига ёқимсиз ҳид урилди: арақми? Йўғ-э, ўзи “дом”ларда шунақа ҳид бўлади-да…
Ёзувчи хўриллатиб овқат ичди. Ҳар ҳўплаганда отанинг қўлларига қарарди: мурданикига ўхшайди-я!..
– Шунга… биз ҳақимиздаям ёзишаркан, деб хурсанд бўлдим-да, – чайналди ота.
Ёзувчи унга қарашдан олдин ўғлига кўз ташлади: ёқмади.
– Ҳмм… – Гўё пишқирди. Шунинг ортидан овқат ҳўплади: хуш ёқди. – Ҳикоям тузукми, ишқилиб?..
– Тузук, – ота ниятига етгандай дадилланиб, таомдан тотинди. – Сизларда совуқ сувда ювишарканда, а?
Ёзувчининг ҳафсаласи пир бўлди.
– Ҳа, энди, одам кўп… Катта жой!..
– Биз сувни илитволамиз. Тахтада ювамиз. Майитнинг яқинлариям ёрдам беришади. Ҳикоянгиздаги грант  суви сал ўхшамабди.
– Хўш-хўш?.. – Ёзувчи чекишни ёқтирмасди. Аммо ҳозир бир тортим бўлса, йўқ, демасди. Чунки тошкентча кичкина косани бўшатиб, чой ичишга ҳам улгурганди.
– Кейин… Йўғон майитни думалатиш ҳам…
Ёзувчига бу гап ёқмади – ўзини жонсиз ҳолда тахтада ётгандай ҳис этди. Ота буни сезмади.
– …Йўғон майитнинг белига белбоғ солинади. Маҳрамлари, яъни яқинлари кўтариб туради. Шуна-а қиб ювилади-да. – Меҳмон ёзувчининг нигоҳидаги совуқликдан эсанкиради.
Аёл кириб, эрининг бўш косасини олди-да, меҳмонларнинг ҳали яримламаган идишларига умидвор нигоҳ ташлади. Шунинг асносида эрининг елкасига тегиниб, “тузукмисиз, дадаси”, деб қўйди.
Эр тебраниб, хотинига қаради. Энди кўнгли ғилқимасди. Аёл кафти билан оғзини тўсганча отанинг қўлларига тикилди.
Ғассол ўғлининг беозор туртишини сезмасликка олди, мақсадини англамади.
– Бошқа нарсаларийзиям ўқиганман – бир-иккита, – у яна суҳбатга чоғланди: – Омма “Fассол” барибир бошқа. Биронта ёзувчи бунақа асар ёзмаган. Пақат…
Ёзувчи ғассолнинг гапларидан руҳланиб, кекирди. Фақат “пақат” ёқмади.
– Энди-и, биз ҳамма нарсани халқдан оламиз, – дея тили билан оғзининг “девори” ва аксарияти сунъий тишларини тозалашга уриниб, “чиққиллатди”. – Сиз ўша, нима десам экан, касбингизни – ғассоллигингизнигина, – бирпас каловланди, – ўйлайсиз. Биз эса, бутун халқни!.. – Қулочини кериб, атрофидаги нарсаларни ютиб юбормоқчидай кўпчиди. – …умумбашариятни ўйлаймиз! Бошқа диндагилар балки ўликни, – ичида ижирғанди, – ювишмас ҳам. Биз эса, ҳаммани ўйлаб ёзамиз. Буни сиз, хафа бўлмангу, – қошлари керилиб, кўзлари мастона сузилди, – тушунмаслигингиз ҳам мумкин. Бу табиий…
– Тўғри айтасиз, – росмана хижолат бўлди ғассол. – Биз оми одаммиз. Лекин сиз ўзбексиз, мусулмонсизу!…
– Ну и что?!.. – Унинг гапини бўлди ёзувчи. – Ахборотингиз учун, ўзбекнинг энг зўр ёзувчилари мени мақташган. – Ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғини тепага нуқиди. – Масалан, Шукур Холмирзаев! Танийсизми?..
Ўғил энди отасини дадилроқ туртди. Fассол унга саволчан назар ташлаб олгач, сўради:
– Ким у?
– Ким?
– Аши-да, кимийди… Холмирзаев? Мен ёзувчилардан Муҳаммад Юсуфни биламан. Эрта ўлиб кетди, раҳматли!..
Ёзувчининг ҳафсаласи пир бўлди. “Сен билан гаплашяпманми?”, дегандай қўл силтади.
– Онаси-и, косаларни олинг!
Аёл остонада пойлаб тургандай зумда пайдо бўлди. Овқати яримлаган косаларни оларкан, эрининг елкасига билинар-билинмас суйкалиб, жилмайди.
– Балки ижод қиларсиз…
Ёзувчи тебранди.
– Дарвоқе, ижод!.. Ҳа!.. Лекин меҳмонлар бу ерда турганда?..
Аёлнинг нигоҳи ғассолнинг қўлларида эди.
Туртишдан хиёл оғган ота:
– Мен Тошкентга бир ишман келовдим, – дея тилини ямлади. – Ишимни битириб, ўғлимга аши ёзувчини топиб бер, дедим. Адрисийзи топовди, бугун бозор куни, деб келовурдик. Узр, безовта қилдик! Ижоддан қўйдик… Омма “Fассол”ни зўр ёзгансиз!..
Ёзувчи ўрнидан турди.
– Сизлар бемалол чой ичиб, ўтириб туринглар. Ман ҳозир!.. – Хотинининг ортидан ошхонага ўтди. Қўлларини чайиб, юзига сув урди. – Вой, нега келишади, а, улар?! Бошқа ишлари йўқми?! Тағин ўлик ювувчиймиш! Fассол-а!.. Яхшиям Кафкамасман! Ҳозир ўлиб қоламан! – дея тутоқди. – Ўзимни ўликдай ҳис этяпман. Қутқаринг мани улардан! Илҳомлари кеб қолдилар, денг!..
– Ўзингизни босинг, дадаси! Ҳозир кетишади. – Аёл меҳмонхонага қайтганда, терлай бошлаган ғассол костюмини ечишга уринар, юзида надомат балққан ўғил “ечманг, дада, шамоллаб қоласиз”, дерди костюмнинг ёқасидан тутиб.
– Саломалайкум, яхши ўтирибсизларми? – Аёл туришга шайланган мижозларга гапирган официантка ҳаракатлари билан дастурхонни тузатди. – Кўк чойларийиз борми?
– Бор, келиная, – деди ўғил отасига умидвор боқиб.
– Бу кишим меҳмонсиз туролмайдилар!.. – Аёл нонларни, пиёлаларни, дас­турхон четини тўғрилаган бўлди. – Уйимизда ҳар куни меҳмон!.. Лекин, ахир у кишим ёзувчилар… Ҳатто болалар ҳам халақит бермасин, деб, эр-хотин мана шу икки хонали “дом”га кўчиб олганмиз. Ҳозир илҳомлари келиб қолди. Сизлар бемалол кўк чой ичиб ўтириб туринглар!..
– Йўқ, келин! – дея уни тўхтатди ғассол. – Биз турамиз. У киши – улуғ одам, халқни ўйлаб ёзади. Бошқа сафар гаплашармиз. Қани, омин!..
– Вой, бугун қолсайлар бўларди! – деди аёл қўлларини дуога очиб. – Ҳали замон бўшайдилар.
– Раҳмат, келин! Биз энди борайлик, – ғассол эшик томон юрди. Ўғлининг кўмагида пойафзалини кияётганда, бировнинг хобгоҳидан чиққандай енгил тортди…
Ёзувчи ошхонада пешонасини муштига қўйиб ўтирарди. Чап кафтининг олдида – шиша. Хотинининг шарпасидан бошини кўтариб, онасига эркаланаётган боладай деди:
– Кетишдими?
– Кетишди! Энди кириб ухланг!
– Хўп. Анови нарсаларни қўшниларга бериб юборинг! Қишлоқдаги мухлислари олиб келишибди, денг. – Ўрнидан туриб, кийимини еча бошлади. – Ваннани тайёрланг! Би-ир ўзимни ювиб олай!.. – Сўз ўйини ўзига хуш ёқиб, мастона иршайди.
– Ҳа, ҳазилингиз қурсин-а!.. – деди хотини унинг елкасига шапатилаб.
Бу пайт ота-бола зинапоядан тушиб боришар, ўғил тиззалари базўр букилаётган отасига кўмак беришга уриниб, қўлтиғидан олганча, оёқларидан кўзини узмасди.
– Эҳтиёт бўлинг, дада! Хўппа, ана шундай!.. Оёғингиз оғримаяптими?!..
– Йўғ-е, болам. Шундай одам билан гаплашдигу!.. Ёзувчи-да, иши кўп, дарди кўп… Халқ дарди! Яхши одамлар экан-а, ўғлим!.. Айтгандай, биронта китобидан олмабмизу… Ҳа, майли, ўзимизнинг домладан топармиз…

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 9-сон