Муяссар Тиловова. Ҳаёт дарахтлари (ҳикоя)

“Бу воқеа жуда қадимда бўлган экан. Подшолару қуллар замонида, тинимсиз урушлар вақтида…
Ўз мамлакатидаги қирғинлардан безор бўлган бир одам бошқа юртга кетишга қарор қилибди ва ёлғиз йўлга чиқибди. Сабаби оиласи, бола-чақаси босқинлар пайтида ҳалок бўлишган экан. Кўп машаққатлар чекиб олис йўлни босиб ўтган одам бегона бир юртга етиб келибди. Лекин кўзларига сира ишонолмабди. Чунки бу ерда ҳам аҳвол ўша-ўша экан. Аммо асл муаммо бунда эмас. Бегона юрт, бегона тупроқ, бегона одамлар ундан ётсирабди. Ўз сафларига қўшишни истамай, ҳар қадамда турткилайверибди. Ҳалиги қочоқ дунё¬да ўзига жой торлик қилаётганини, шундай катта замин бағридан бир парча паноҳ беришни истамаганидан тушкунликка тушиб, бу мамлакатдан ҳам бош олиб кетибди. Лекин энди қаерга кетаётганини билмас, боши оққан ёққа қараб юраверибди. У гоҳ ҳуши ўзида бўлиб, гоҳида ҳолсизликдан, иссиқдан йиқилиб ётар, ўзига келгач эса судралиб яна йўлга тушарди. Боши-ю адоғи йўқ заминда ёлғиз тентирарди. Йўловчи шошилмас, чунки ошиқаётган на манзили, на мақсади бор экан.
Шу зайлда узоқ йўл юрибди. Бир пайт қараса чек-чегарасиз ялангликнинг ўртасида эмиш. Бу ерда битта ўзи қўққайган якка дарахтдан бош¬қа жон аломати кўринмасмиш. Иложсиз йўловчи оёқларини судраганча амаллаб ўша дарахт остига етибди. Ёз ўртаси эмасми, дарахт мевалари ғарқ пишиб ерга тўкилган экан. Қорни оч, чанқаган, ҳолсиз одам мевадан ютоқиб ебди. Лекин танасига куч кирмабди. Чунки чан¬қоқлик силласини қуритган, атрофда эса бир томчи сув асари кўринмасди. Охири, ўлимига кўзи етган йўловчи ҳаётдан умидини узиб дарахт остига чўзилибди, алаҳсирабди. Қақраган лабларини базўр қимирлатиб сув сўрабди. Шу пайт қулоқлари остида кимнинг¬дир майин овози эшитилибди. Аввалига йўловчи менга шундай туюлаётгандир деб ўйлабди, аммо овоз ҳадеганда тинавермабди. Кимдир мана сув, ичиб ол деб чорлармиш. Йўловчи охирги кучларини тўп¬лаб, ортига ўгирилибди ва кўзларига ишонмабди. Ҳалиги дарахт тилга кириб, танасидан томчилаб сув чиқараётганмиш. Йўловчи сувдан симириб ўзига келибди. Дарахт йўловчига чанқаса сув, очқаса мевасидан бериб, офтобда қолганида соя бўлибди. Кунлар шу зайлда ўтаверибди. Токи ўткинчи карвоннинг йўли ялангликка тушмагунча…”.
Ботир ака ҳикоянинг шу ерига келганида тўхтайди, давомини негадир айтгиси келмайди.
— Кейинчи, амаки, кейин нима бўлибди? – дея қизиқсиниб сўрайди бола.
— Охири биз кутганчалик яхшилик билан тугамайди, ўғлим, — дейди у хўрсиниб ва қисқагина қилиб айтиб қўя қолади.
“Хуллас, йўллари ҳали олислигини билган карвон ўтини бирор кунимизга яраб қолар дея дарахтни кесиб, ғўлаларга ажратиб аравага ортганча олиб кетибди”.
Ботир аканинг бу гапини эшитган боланинг ҳайратдан кўзлари катта-катта бўлиб кетади.
— Йўловчи дарахтимга тегманглар демабдими, а?
— Бунисини билмайман. Лекин сув бераман деб чақирган дарахт, кесишаётганларида лом-мим демабди. Танасидан яна чаккиллаб сув сиздирганча индамай тураверибди. Эшитганим шу. Сўрайвериб маҳмадоналик қилма.
Чўпоннинг ўғиллари ҳикояни охиригача эшитар-эшитмас унутиб юборишади. Отасининг бу эртаги уларга зерикарли бўлиб туюлади. Қўшни бола эса жон қулоғи билан тинг¬лар, ҳикоянинг ич-ичига кириб кетарди.
— Ўша дарахтни қаерда ўсганини сиз биласизми? – дейди бироз туриб, суҳбат мавзуси бутунлай бошқа нарсага кўчгандан кейин.
— Қайси дарахтни?
— Ҳалиги йўловчини ўлимдан сақлаб қолган дарахтнинг-да.
— Ҳа уни айтяпсанми? Унга ўхшаган ҳаёт дарахтлари одамлардан қўрқиб, улар яшайдиган жойларда ўсмай қўйибди. Узоқларга, ҳув анави чўққиларга қочиб кетибди, — дея чўпон қўлини тоғ томонга ниқтайди.
— Мен адашиб қолсам-у, ўша дарахтга дуч келсам ёрдам берадими?
— Нимага энди бермас экан? Сен бегуноҳ боласан. Дунёда болаларни ҳамма яхши кўради.
— Ёлғон…
Болакайнинг фавқулодда бу жавобидан чўпон эсанкираб қолади.
— Нега энди ёлғон бўларкан?
— Ҳамма деганингиз ёлғон-да.
У лабини солиб, қовоқларини уяди.
Ботир чўпон бўлса боланинг чиройини очиш учун суҳбатни бошқа гапга улайди.
— Қани, овқатга қара. Бобонг хавотирланиб ўтиргандир.
— Сиз шундай дарахтни кўрганмисиз?
— Йўқ, мен чўққиларгача етиб бормаганман. Йўл узоқ, бунинг устига хатарли. Қўйларимни тоғ этагидаги яйловда ўтлатиб, кейин қайтиб келаман.
— Агар мениям шундай дарахтим бўлганида уни кесишларига қўймасдим.
— Товба, — дея асабийлашишни бошлайди чўпон, — бир гапни ҳадеб қайтараверасанми энди? Совиб қолмасидан овқатингни е.

* * *

Бу гал чўпонникида иштаҳасизгина овқатланаган болакай уйига қайтаётганида вақт тушдан оға бошлаганди. У шошилмас, чунки бобоси ҳали уйғонмаганини биларди. Эринибгина қадам ташларкан, негадир хаёлидан Берди бобо кетмай қолди.
“Ичкиликка муккасидан кетган чол бир чети учган кемтик косага кўзачанинг тагида қолган мусалласни сўнгги томчисигача сириқтириб қуйди. Кўзанинг оғзини яхшилаб ялади. Туртса йиқилгудек бўлиб гандираклашига қарамай, липиллаб турган косани бир кўтаришда сипқорди. Ичиб бўлгач, чуқур нафас олди-да, яккам-дуккам соқоли ва лаб-лунжига ёпишган мусаллас юқини артишга ҳам ҳоли келмай, ёнбошидаги ёстиққа шилқ этиб ағнади. Тахталари ғичирлаб, бир ёнга қийшайиб қолган чорпоя атрофида кўпдан бери куймаланиб юрган болакай бобосининг аҳволига заррача парво қилгани йўқ. Чунки Берди ароқхўрнинг доимги одати бу. Тўйиб ичади-да, ўликдай қотганча соатлаб ухлайди”.
Бундай пайтларда эса набиранинг куни туғади. Узум ачитиладиган бочкалар тўла омбор эшигини тамбалайди-да, кўчага қараб чопади. У узумзорни, омборни ташлаб узоққа кетолмайди. Борадиган ери фақат битта. Тепалик устига чиқиб, атрофни кузатади. Бу ер яхши жой. Қишлоқ оралаб ўтган илонизи йўл, узумзор, бобоси соясида ухлаб ётган катта ўрик, омбор, уйларнинг томлари, онаси ишлаётган дала: ҳамма-ҳаммаси кафтдагидай кўринади. Айниқса, ўзларига яқин турадиган қўшни болаларнинг ҳовлисини кузатиш жуда мароқли. Бу уйда Ботир чўпон, хотини ва уч боласи яшайди. Ботир чўпон тонг ёришмасдан чорвасини ҳайдаб яйловга кетишини, кун ботарда қайтиб оиласи билан супачасида овқатланишини бола кўп кузатган. Ва кейинчалик чўпоннинг уйда эканлигини билса, уларникига борадиган бўлди. Чўпон тоққа кетган пайтларда бундай қилмайди. Негадир унинг хотини ва ўғилларидан бегонасирайди, ийманади. Фақат чўпоннинг ўзигагина эркинсийди. “Эсиз, бекор Ботир чўпонникида туғилмаган эканман…”
Боланинг фикри уйига яқин қолганида негадир ўзгарди. Ортига ўгирилиб, дала томон йўл солди. Далада онаси бор. Бола онасини эрта баҳордан то кеч кузгача ўша ердан топиш мумкинлигини яхши билади. Яқиндагина ғалладан бўшаб шудгорланган ангордан бораркан, Олтин опа ўғлини узоқдан пайқади.
— Ер юткур бобонг яна бўкиб ичдими дейман?
Ўғли ёнига етиши билан онанинг биринчи берган саволи шу бўлди.
Бола жавоб бермади. Фақат бошини сарак-сарак қилди.
Аёл юлаётган ўтини ташлади-да, тақир ерга чўкди. Бошидаги рўмолини олиб ўғлининг тагига тўшади.
— Овқатландингми?
— Ҳа.
— Алдамаяпсанми?
— Йўқ.
Қорачадан келган юзи офтобда куйган, ажинлари баттар чуқурлашган Олтин опа пешонасидаги терни тупроқ чангаллайверганидан ёрилган кафтларида сидириб ташлади.
— Бобонг тағин урмаяптими?
— Сиз жанжал қилиб келганингиздан бери йўқ.
Бола бу гапни айтишга айтди-ю, белидан ҳали кетиб улгурмаган калтак изларини яшириб, кўйлагини пастроққа тортди.
— Яқин орада даданг келмадими? – дея мавзуни ўзгартирди аёл.
— Йўқ, келгани йўқ.
— Шаҳарлик хотинчасига пой-патак бўлиб юргандир-да қишлоқда ўғли, отаси борлигиниям унутиб. Мен у номардни худога солганман. Менга берган азоблари юз карра зиёдроқ бўлиб қайтсин ўзига. Гулдай оиламни бузган мегажинни ҳам қарғаганман. Менга қилганлари ўзигаям қайтмаса розимасман…
Бола онасини овутишни ҳам, овутмасликни ҳам билмайди. Қўй кўзларини мўлтайтирганча жим ўтиради.
Шу тахлит кечган суҳбатдан кейин бола яна уйига қайтди. У ҳар гал онасининг ёнига отланаркан, қандай гап эшитишини, онаси оҳ-воҳ қилишини билиб турарди.
Болакайнинг хаёлидан йўл бўйи Ботир чўпон айтиб берган ҳикоядаги дарахт кетмай қолди. “Агар имконим бўлганида эди, ўша чўққига чиқиб, йўловчи учун, карвондаги одамларнинг гуноҳи учун дарахтлардан кечирим сўрардим, — дея ўйлади у. — Уларни яна биз томонларда ўсишини ўтиниб сўрардим”.
Хаёл билан бўлиб, дарвозалари ланг очиқлигини, ичкарида дадасининг машинаси турганини ҳовли ёнига етганидагина пайқади. Демак, дадаси шаҳардан қайтибди. Одатда, фарзандлар отасини кўрганда хурсанд бўлиб кетишарди, лекин боланинг юраги увишди. Истамайгина ичкари кирди. Бобоси ҳамон ухлар, унинг тепасида тик турган дадаси эса узумзорни кузатарди. Ҳовлида ўгай онаси ва укалари кўринмади. Лекин уй ичидан болаларнинг чуғурлашаётганини эшитиб, улар ҳам келганини билди.
— Эй Ҳикматжон, қаерда юргандинг. Келсак йўқсан, — дея ўғлига пешвоз чиқди Ўктам ака.
Бола индамади. Тунд кайфиятда, нима деярини билмай жим тураверди.
— Дадангни соғинмадингми?
Чорпоядан пастга тушган Ўктам ака ўғлини бағрига босди.
Аммо бола илиқ меҳр, тафтни туймади. Худди бегоналардек отасининг қучоғидан чиқишга уриниб, типирчилади.
 Ётсираётган ўғлининг аҳволини тушунган ота болани бошқа мажбурламади.
— Бобонг роса ичганми дейман? Келганимизниям сезгани йўқ.
Ҳикмат ийманибгина елка қисди-да, отасининг ёнига чўкди.
— Шу йил мактабга чиқишинг керакми?
— Йўқ, ўтган йили боришим керагиди. Бобом узумда ҳосил кўп, йиғиб олайлик келаси йил чиқасан, деб рухсат бермади.
— Майли қўявер, сени ўзим билан олиб кетаман. Шаҳарда ўқийсан. Қишлоқ мактабига чиқмаганинг дуруст бўлибди. Ўзи қишлоққа сени олиб кетиш баҳонасида келгандим. Керакли нарсаларингни ол. Қолганини шаҳардан олиб бераман. Эртага эрталаб йўлга тушамиз.
Отасидан шаҳарга кетиш хабарини эшитган боланинг ранги ўзгарди.
— Мен кетсам бобом ёлғиз қолади, — деди у ниҳоят узоқ ўйланиб тургач.
— Бобонг ёлғиз яшашга ўрганиб қолган. Улфатлариям ёлғизлатиб қўйишмас. Агар ҳалиям мен билган қария бўлса, одам боласидан кўра мусалласни яқинроқ олади ўзига. Сен бобонгни қўй, — дея ўғлининг елкаларидан ушлади Ўктам ака.
 Ҳикмат ерга қараб тураркан индамади, фақат бурнини тортиб қўйди. У отасига шаҳарга бормаслигини, шу ерда қолишини қандай айтишни билмас, бунинг устига Ўктам ака ҳам ўғлидан жавоб кутиб турарди. Шу пайт яхшиямки чорпояда ухлаётган Берди бобо уйғониб қолди.
— Эй ота, кайфингизам бор бўлсин, тарқадими?
Чол Ўктам акага қараб қизарган кўзларини ишқалаганча нимадир деб ғудранди. Ота-ўғилнинг суҳбат билан андармон бўлиб қолганидан фойдаланган болакай секин узумзор томон кетди. У омборни айланиб ўтиб, хилватроқ жойга бориб чўкди. Бола кўпинча бобосидан калтак еган пайтларда шу ерга келиб беркинар эди. Ҳозир калтак егандан кўра қалтисроқ вазият. Энди нима қилсин?

* * *

— Мени-ку бир ўзимни ташлаб кетдинг, энди Ҳикматниям олиб кетасанми?
— Ота, мен сизни ташлаб кетганим йўқ. Шаҳарда биз билан яшанг десам ўзингиз кўнмадингиз. Манави узумзорингизни кўзингиз қиймади.
— Шу узумзорнинг орқасидан шаҳарда ўқидинг. Уни менсимай гапирма.
— Миннат қилманг. Бу бурчингиз эди.
— Лекин сен ўғил бўлиб олдимдаги бурчингни бажарганинг йўқ. Хуллас, гап тамом. Ҳикмат ҳеч қаерга кетмайди. Мен билан қолади.
Уйғонган пайтида кайф сабаб бироз ғўлдираётган чол энди жиддийлашган, гаплари қатъий янграрди.
— Хўш бола сизнинг қўлингизда қолди дейлик, у эртага ким бўлади?
— Ким бўлади деганинг нимаси? Узумзор катта, меҳнат қилса, оч қолмайди.
— Сиз бир нарсани тушунмаяпсиз, ота. Ҳикмат ўқиши керак. Сиз ҳал глобаллашувни, шаҳар маданиятини, турмушини, фан-техникани, манови омборингиздан бошқаям дунёда кўп нарсалар борлигини тушунмаяпсиз.
— Ўқиса, шу ердаям мактаб бор. Сен ўз қаричинг билан боланинг дунёқарашини ўлчама.
Қайсар чолга гап топиш қийинлигини билган ўғил асабийлашиб устма-уст, босиб-босиб сигарет тутатди.
— Сизга қаттиқ ботмасин деб, айтмай тургандим, ота, лекин ўзингиз тилимни қичитяпсиз. Сизни аслида узумзор билан ҳам, Ҳикмат билан ҳам заррача ишингиз йўқ. Фақат омборингиздаги мусалласларингизни ўйлайсиз. Фақат уларнигина яхши кўрасиз.
Чол Ўктамнинг гапларини жим туриб эшитди. Сўнгра салмоқланиб ўзи ҳам бошлади.
— Ҳа отанг ароқхўр одам. Буни тан оламан. Лекин сен ўзинг одамгарчиликдан аллақачон чиқиб кетганингни, ишнинг, пулнинг қулига айланганингни бўйнингга оласанми?
— Ҳозир замон шундай. Ишлаган яхши яшайди.
— Ўт кетсин замонингга. Замон ўзгармаган. Сенга ўхшаган аблаҳлар ўзгартиргансанлар уни. Болани ўз ҳолига қўй. У шаҳарда ўгай она, ўгай укалар билан бир уйда яшаши қийин. Агар билганингдан қолмайдиган бўлсанг, шу дақиқадан болам йўқ деб ҳисоблайман.
Ота ва ўғилнинг орасига совуқчилик тушганига кўп йиллар бўлган. У вақт ўтган сайин маддалаб боравериб, мана бугун оғриқ берди. Оғриқ берганида ҳам бутун танни ачиштириб, тирналаб оғриди.
Ўктам отасига терс ўгирилиб, шахдам қадам ташлаганча уй томон юрди. Ичкарига кириш олдидан эса Ҳикматни чақирди.
— Ҳикмат, қаердасан, ўғлим? Тайёргарлигингни кўр, ҳозироқ шаҳарга қайтамиз.
Бола омбор орқасида кўринмагани билан бу ердан туриб ҳовлидаги баланд овозни бемалол эшитарди. “Шаҳарга жўнаймиз” Отасининг шугина сўзи боланинг юрак-юрагини ларзага келтирди. Ўктам акага қаршилик кўрсатиш бефойда, аммо шаҳарда яшаш… Бу ҳақда ўйлашнинг ўзиёқ болани ваҳимага солади. Онасининг ўгайлашини, укаларининг ётсирашини отасига қандай айтсин? Боланинг назарида у беркинадиган бирор ер қолмагандек эди. Нима қилишни билмай иккиланиб тураркан, унга мақсад сари дадил қадам ташлашга дадасининг навбатдаги чақириғи сабаб бўлди. “Мен Ботир чўпон айтган дарахтлар ёнига кетаман”. Ҳикмат шу жумлани шивирлади-да, узумзор оралаб чопқиллаб кетди. У чўпон кўрсатган чўққилар томонга, ҳаёт дарахтларининг олдига шошарди…
“Ҳикмат йўқолибди”.
Эртасига бутун қишлоққа ваҳимали хабар тарқалди. Одамлар қўлидан келганча излашди, ҳеч қаердан топишолмагач, ҳар ким ўзича тахмин қиларди. Биров дарёда оққан деса, биров бўри ғажиган бўлса керак дерди. Энг тўғри гапни эса чўққилар томонга кўзларида ёш билан қараб тураркан Ботир чўпон айтди: “Ишқилиб, ҳаёт дарахтларига йўлиққан бўлгин-да, болакай”. Аммо унинг шивирлаганини ҳеч ким эшитгани йўқ.