Мурод Мансур. Жудолик диёри (2-китоб)

ИЗН ИСТАБ…

Аввало: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Сўнгра: Жудолик диёрида кечган бу тарихнинг давоми ва уни Аллоҳ қодир этганича ёзганимиз хусусида. Умидим бор, шояд Аллоҳ чиройли этса.
«Қиссаларнинг гўзали Қуръон қиссаларидир», то абад тилдан тушмагай. Қолганлари унутилиб, алал-оқибат йўқолишга, ўчишга маҳкум. Улар қусурли банданинг қусурли сўзи, битиги, холос. Фақат… фақат шулар орасида Аллоҳ таборак ва таоло Ўзи изн бериб, жиндек юқтирганлари, Ўзи хуш кўриб, ихлос тўнини ёпган ва қабул безаклари ила безаб, кам-кўстини тўлдирганлари ҳам борки, ана ўшалар яшаб қолуви, ўқиганларга ҳар гал чиройли кўринуви ва то қиёматга қадар мўминларнинг қўлидан тушмаслиги мумкин.
Демак, Аллоҳ азза ва жаллага хуш келадурган бир нималар битмак мумкин?..
Ахир, меҳр-мурувват, силаи раҳм, етимларнинг бошини силамоқ цингари чиройли амаллар, шаҳидлик шаробини тотмоғу ҳидоят топмоққа ўхшаш гўзал ажрлар ҳали тугаб битмаган. Бу ҳақида қанча гўзал ривояту қиссаю тарихлар мавжуд. Нафас ютмай эшитганмиз уларни. Қолаверса, энг мушкул дамларда динию иймонини кафтида лахча чўғдай тутиб, тоғ-тошларга чиқиб кетган, ўз диёрларидан ҳижрат этганларнинг Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога ҳам хуш келгувчи жудолик тарихлари-чи?!.
Билмам, нотавон кўнглимга қачон, қайдан илашди бу ҳавас, жудолик диёри тарихининг илк китобини ёзиб тугатиб ҳам таскин топмадим. Битганларим айрилиқ қўшиғининг дебочаси, холос эди гўё. Ҳали олдинда зўр имтиҳонлар, сарагу пучакка ажралишлар тургандек эди. Кимга жаҳон аҳли аёллари ҳавас этса арзигулик сабри жамиил, кимга шаҳидлик мартабаси ато этилуви мумкиндек, кеча жаҳолат ва разолат дунё-сида зўр саналиб юрганлар эса ниҳояти бир қоқилув ила адолат тарафга юз беруви, ҳидоят топмоғи мумкиндек эди, валлоҳи аълам.
Шундан бери ўзимни бу юмушга чоғлар эдим. Тунги дуолариму тонгги илтижоларимда сўрардим. Ҳафталаб, ойлаб «тирноқ»лаб бир нималар топган-жамлагандек бўлардиму… ўшал қайғули қисса тасаввуримда мунглиғ эртакдек жонланиб келиб, уни бировдан қизғонгандек, худди уч-кетини йўқотиб қўядигандек шошиб-энтикиб ёза кетардим. Аммо надоматлар бўлсинким, бу ҳол бир ой ва ё ундан ортиққа чўзилмай яна аро йўлга кириб, қаён борарини билмаган мусофирдек туриб қолардим. Ич-ичимдан сезиб турибман, нимадир монелик қиляпти. Нима қилсам, тизгинни қўлга оламан? Яна ўша самимият, ўша ёниқ ҳислар, ширин бир титроқ қайта меҳмон бўлиб келади — билмасдим, билолмасдим.
Ахийри топдим! Ёлғиз Ўзидан сўрамоқ лозим экан. Мурод дорам — умидим бор, деб илтижо этсанг, албатта, барояд, ё раб — илоё, етгин, жавоби берилгуси экан!
Биласиз, «Жудолик диёри»нинг биринчи китобида чин кўкламни соғинган боғлар мисоли алдамчи насимларга учиб қолган қавмим жудоликларидан ҳикоя этган эдим, энди эса, унинг нажоти учун бош тикиб чиққан бир ҳовуч кишилар — ботир акаларимизнинг аламли қиссаларини давом эттирмоққа йўл излаб, изн истардим.
Акаларимизни жиндек бўлса-да, танийсиз. Эшитгансиз улар ҳақда. Улар ўз юртларига сиғмаб эдилар. Улар иймонларини қутқармоқ-чун энг аямли нарсалари — моли, ҳоли, жигарларидан айрилиб, ватанларидан жудо бўлиб, бўлак диёрларга бош олиб кетмиш эдилар.
Ана ўшал ҳижрат юрти — Тангритоғ томонларда Дориламон бир диёр қуриб, уни маскан тутмоқ-чун курашган ўша ботурлар қиссаси мана, неча йилдирки, оғиздан-оғизга, наслдан наслга эртакдай кўчиб келмоқда. Забт этилмаган иймон қалъасию ҳаловат диёри мисол, ҳижрон қўшиғи каби!..
Ё, қодир Аллоҳ! Ўзинг изн бер, шул қўшиқнинг давомини ёзмоғимга, Ижозат эт, Ватанию динини деб тоғларга чиқиб кетган, иймонини асраб қололган биродарларим қиссасини бу ёқда қолганларга етказмагимга. Самимиятлар ато этиб, илҳому кушойишлар бер, аввало Ўзингга, қолаверса, жумла мўминга манзур бўларли бир нима битмагимга. Уни Ўзинг мумтоз эт. Суюкли қил. То қиёмат қадар яшаб қолгувчи асарлар жумласига қўш.
Ҳасбияллоҳу ва неъмал вакил — Ўзингга таваккул айлаб, раҳмат ойи — Моҳи рамазон ичи бошладим ва бу тарихни ўқиган наслларга сенинг ҳидоятингни соғиниб, китобнинг бу қисмини «Нажот фариштаси» деб атаб, ёзилажак учинчи китобини «Рушди ҳидоят» деб белгиладим. Илоҳо, ниҳоясига адашмай осон етмагимга Ўзинг мушаррафлар айлагайсан. Омин я Роббил оламийн.

МУАЛЛИФ
Рамазони шарифнинг бешинчи кунлари.
Тошкент, фазилатли «Қозигузар» маҳалласи

ЖИНДЕК ИЗОҲ:
Асарнинг аввалини ўқиб, давомини кутмоқда бўлган азиз ўқувчиларимга маълум бўлсинким, Султонмурод ва Маҳфуза тарихининг жудолик юртига тегишли қисмини аввалгидек Мақсуд ҳикоя қилиб, ўртадаги воқеаларни Аллоҳ изн берганича ўзим тўлдириб бормоқни ихтиёр этдим.
Аллоҳ ўзи бу муробитларни ҳаммамизга суюкли этиб, ўқиганлар қалбига рушди ҳидоятини солсин. Уни битмагимга илҳом берган ва шоштирган нарсани ҳам айтиб қўя қолай.
Бу Алихонтўрам Соғуний жанобларининг бир оғиз каломлари — «Эй бор Худоё, агар менга жаннатингдан насиб этган бўлсанг, ботурларимсиз киргизмагил», деган дуолари бўлди.
Фаришталар омин деган бўлсин. Омин я Роббил оламийн.

Мурод МАНСУР,
1 март, 1999 йил

Биринчи бўлим

ЎША БИРАВНИНГ МАҲФУЗАСИ

1. КИМНИНГ ЭРКАСИСИЗ, ЁДГОРМУРОД?

Мезбонқоғоз жимитдеккина-ю, жуда бежирим эди.
Ёзувлари ҳам бир бошқача, ишқилиб менинг тишим ўтмайдурган бир имлода эди. Мен бунақасини умрим бино бўлиб, энди кўриб турардим.
Тавба, Чаман ака шунақа зўр одам бўлиб кетган эканми — хорижларга чиқадурган, чет элликлар билан борди-келдилар қиладурган?! Узоқ-узоқ йўқ бўлиб кетиши… шунданмикан?
Аммо ташриф қоғозини ўнгариб, қувониб кетдим. Бу ёғи — ўзбекона эди: Жаноб Чаман Убайдуллоҳ ўғли. Манзил-мавоземиз: Тошканди азим, Қумлоқ мавзе, 17-Зарқайнар кўча (Калковуз ёқалаб ўтгайсиз), 58. Телефунумиз… ва ҳоказо.
Ол-а! Кўзимни боғлаб қўйсалар, топиб борарман! Талабалик йилларим қаерда турибман?! Кечалари дарс қилиб ўтириб, уйқу босиб келганида Калковузга шўнғиб-шўнғиб олишларимиз ёдимга тушиб кетган эди. Ўша ерда туриб, Чаман акани учратмаган эканманми?
Эртасига ишга ўтибоқ сим қоқишга тушдим. Аммо мен кўзга тўтиё этиб, тераётган рақамларим ҳеч уланмасди. Ахийри ишга уннаб, чалғиб кетибман. Индинига бир қисталанг топшириқ билан Андижонга жўнатиб юборишдию шу билан ёддан кўтарилибди. Чаман ака шу ҳафтанинг ичи қидириб топсин, деб тайинлагани ҳам бир бўпти, менинг алаҳсиганим ҳам…
Шанба куни ҳамма юмушларни йиғиштириб, излашга тушдим. Бу сафар қўнғироғим улана қолиб, телефонни ширинтойгина болакай кўтарди;
— Алуё, Сиз ким бўлутсиз? — дерди у ширин бир тилда жовурлаб.
— Сен танимайсан, — дедим.
У болаларча ижикилади:
— Нега танумасканман?
— Чунки кўрмагансан-да, — дедим. У гаплашган саринг гаплашгинг келадиган — ёқимтой эди.
— Ҳич келмаганмусиз? — деди у эркаланиб.
— Йўқ, оковси, бормаганман.
— Унда қаердан билутсиз телуфунимизну?
— Биламан-да…
— Ҳа-а, алдоқчи, биларкансиз-ку…
— Унда нима дейиш керак?
— Ундаму?.. Хассалому алайкум, — деди у қарз саломини эслаб.
— Валлайкум ассалом! Кат-то йигит бўлинг, — дедим мен эриб. — Отингиз нима эди, той бола?
— Маниму? — деди у тенг кўриб гаплашаётганимдан тантиқланиб. — Ману отум…
— Хўш?
— Отум о-от, — деди кутилмаганда тегажоғланиб.
— Йилингиз тойчоқ! — дедим мен ҳам.
У қиқирлаб кулди ва гаплашгични тушириб юбориб, бир нималар тарақлаб кетди. Бола уни ола, «фуф-фуф»лади:
— Алуё, кечирас, тушуб кетту. Эшитопсизму?
— Синмадими, ишқилиб?
— Йўқ, синмапту.
— Хайрият. Эҳтиёт бўлинг-да, той бола.
— Хўп бўладу, — деди у одоб билан. Нимагадир у баъзан-баъзан «бўладу-келаду»лаб қолар эди .
Мен сўрашимни қўймасдим:
— Отингизни айтмадингиз-ку, той бола?
— Манму?
— Ҳа-да.
— Ману отум, — деди у дона-дона қилиб, — Ёд-гор-муро-од. (У эркаланиб, бошини бир чиройли буриб қўйганини… яққол тасаввур этдим.)
— Ў-ҳў, зўр-ку, Чиройлийкан! — дедим беш кетиб.
— Сизнуки-чи? — деди у қизиқиб.
— Меники Мақсуд.
— Сизнукиям чиройлуйкан, — деди ҳаваси келиб. — Сиз бизнукига ҳичам келмаганмусиз?
Борганман, дея қолсаму… ана, келганакансиз-келганакансиз, деб сакраб-қувнай кетса! Бўлади-ку, шунақа болалар: бирпасда элакишиб, сирачдек ёпишиб оладиган…
— Йўқ, оғайни. Худо хоҳласа, энди бораман, — дедим уни севинтиргим келиб. — Боравурайми?
— Келунг-келунг-келунг! — деб ўйноқлади у.
— Ким бор? Ёлғиз ўзинг зерики-иб ўтирибсанми?
— Бувижон борлар, опоқум борлар. Чақирайму опоқумларни? — у шошиб қолганидан гаплашгични ташлаб, ташқарига чопди. — Опоқу! Асал опоқу! Амақум чақироптула.
Ана, холос! Ҳалитдан амаки ҳам бўлиб қолдим! Мен мийиғимда кулиб, уни ўйлардим: ким экан, бу ширинтой? Чаман аканинг ўғли десам, «опоқу»лаб турипти? Ё нумерда адашдиммикан?
Бу орада кимдир келиб, гаплашгични кўтарди:
— Лаб-бай?! — деди аёл киши чарс овозда, гўё бошимдан қайноқ сув қуйгандек қилиб. Унинг бир оғиз сўзи шундай заҳар-заққум аралаш эдики, ҳушим учиб, калаванинг учини йўқотиб ҳам қўйдим.
— Гапиринг! — деди у боягидан ҳам терсроқ қилиб.
Адашиб тушибман шекилли, деб ўйлаб:
— Чаман аканинг уйлари…масми? — деёлдим зўрға.
— Уйлари!.. — деди аёл «Нимайди?!» деган каби. Тавба, аёл киши ҳам шунақа чарс бўларканми! Иложи борича юмшоқ сўрашга унналдим:
— Кечирасиз, опой. — Мен уни бошқа миллатдан деб ўйлаб, қовун туширибман.
— «Опой»изга бало борми?! Гапиравуринг гапиззи?! — деб жеркиб берди у.
— Кечирас, — Дамим ичимга тушиб кетган, тезроқ кимлигимни айтмасам, гаплашмай қўяқолиши ҳам мумкин эди. — Чаман ака тунов куни сўраб борганаканлар. Мен Мақсудман, оғайниларининг укаси, — дедим.
Аммо аёл юмшаш тугул, вой, шунақами, деб қўймасди. Бунга сари юрагим пўкиллаб, дедим:
— Эшитяпсизми, мен…
— Эшитяпман, — деди у «кар эмасман!», деган каби. — Топиб келаласизми?
— Бороламан. Аммо ўзлари, қатталар?
Аёл гапни калта қилди:
— Келсангиз — биласиз.
Во-оҳ, ана сизга опоқу!.. У гаплашгични илди-қўйди. Фақат болакайнинг «Ким, опоқу? Адамлани ўртоқлариму?», дегани чала-ярим эшитилиб қолди.
Бечора, ҳар битта қўнғироққа чопиб бораётгани, «алуё, кимсуз»лаб ижикилаётгани… шунданми экан? Адажонисини ичикиб кутаётган у тойчоқ — кимнинг эркаси экан?..
Калковуз ёқасидаги қатор толлар қийғос сочпопук чиқариб юборган эдилар. Шамол бу ерда ҳам улар устида қувлашмачоқ ўйнаб чарчамас, ҳали новдаларига осилиб ҳалинчак учар, ҳали аллақаёқларга изғиб кетар эди. Жаладан кейингидек бўтана сув қирғоқларгаю толларнинг йўғон қора илдизларига бош уриб ҳалопларди. Шаҳарнинг ичида, яна жинкўчалару томи-томига туташиб кетган маҳаллалар оралаб шундай катта сув оқиб ётганига ақлим бовар қилмай анҳор ёқалаб, айтилган жойни излаб борардим. Ёнгинамдан тандирдан янги узилган нон ҳидини анқитиб, велосипедли болакай ўтиб кетди. Олдида нон савати — бозорлигию кўзи томда, варрак соғаётган болакайларда. Ўзи эса шувиллаб боряпти. Қойил! Осмони-ҳафтимдан дардараклари дариллаб варрак овози келади, аммо ўзини илғаб бўпсиз!
Болакайлар оламни унутиб, қийқиришарди:
Шамо-ол, бағринг камо-ол,
Варрагимни осмонингга о-ол.
Яшавор! Булар ипни бўшатгани сари осмон варракни ютиб боряпти…
Кўча охирлаб, Калковуз аллақандай ташландиқ боғ-майдонга кириб борадиган жойда эса… астаъфируллоҳ, уни қаранг! Чақмоқ урибми, ёнибми, батамом ку-йиб тушган, баҳайбат ёлғиз дарахт кўринар, у ёнғоқ десам ёнғоққа, қайрағоч десам, қайрағочга ўхшамасди. Шунақа абгорки, куйиб кўмир бўпқопти.
Мен қаерга келганимни билолмай гарангсиб турарканман, якка тавақали эшик ортидан аёл кишининг ўқдай овози янграб қолди:
— Акбар-ув, балогинага йўлиққур-ув?!.
— Кетвотман. — Тол тагида кўринган бола челагини кўтаролмай инқиллаб, икки эгилиб келарди.
— Ҳу, қирилибгина кеткур! Ман нимага юборувдим, отгинанг ўчгур? — Аёлнинг ўзи кўринмаса ҳам қарғиши қия очиқ эшикдан ўқдай чиқар эди.
— Мана, опкевотман.
— Ҳу, опкемай кет. Самовар эриб битди-ку.
Бола сув тўла пақирни у қўлидан бу қўлига олган сари ўша томонга обкашдек эгилар, ҳар қадамида пақир тўпиғига урилиб, сув чайқалар, чайқалгани майли, иштонининг ёни шалаббо бўлиб борарди. Қадамимни тезлатдим:
— Қани, менга беринг-чи, саритой.
Юзларига сепкил тошиб, шу сепкили ўзига ярашиб тушган болакай қаддини ростлаб, афтимга тикилди. Кемшик тиши уни яна ҳам беғубор қилиб кўрсатарди.
— Бизаникига кевотсизми? — деди қизиқсиниб.
— Шунақага ўхшайдими? — дедим жилмайиб.
— Ростиззи айтинг. — Кемшиктой энди бу томонимдан айланиб ўтди.
Мен челакни олиб, унга эргашавердим:
— Яхшиси, ўзингдан сўраб қўяқолай: сен Чаман амакини танийсанми?
— Нега амаки бўларканлар?!. Тоғамла-ку!.. Ҳе-ҳей, Сизни қаранг-у! — У олдимга тушиб ўйноқлади.
— Тоғанг? — Мен ҳайратланиб қарадим унга. Боланинг сап-сариқ юзида қилча ҳам ўхшашлик… кўринмасди. — Ростингни айт?
У боягидек ирғишлади:
— Бизаникига кевотганакансиз-ку… — Сўнг ҳалиги якка тавақали эшикка қараб чопди. — Ойи, бизаникига келишвотти, бизаникига…
Бу орада мен остонасига катта харсангтош ётқизилган эшикка етиб қолган эдим. Қия очиқ эшик ортида эса, бир қўли тиззасида, бир қўли билан ҳовли супураётган қора нимчали, рангпар жувон кўринарди. У ҳам кўзи менга тушиб, чимирилиб қаддини ростладию супургини йўлга ташлаб, бурилиб кета бошлади. Юпқа лаблари хунук қимтилиб кетдими-эй. «Кўзим учиб турувди ўзимам» дегандек. Мен тўхтаб қолган жойимда… ноилож болага эргашдим.
Эшик алмисоқдан қолган, офтобда ўнгиб-оқариб кетгани билан ҳовли жуда катта, юқоридаги болохонали узун уйга боргунча ишком тагилаб аллақанча юриш керак эди. Ҳали токи очилмаган ишкомлар неча қатор бўлиб, бир ёни ҳалиги ташландиқ майдонга туташиб кетган. Тепада гир атрофини қари қора толлар ўраган овлоқ ҳовуз ҳам кўриняпти. Тагида қорашақшақлар учиб-қўниб, ора-чира бир чиройли шақиллаб-сайраб қўядилар.
— Энди бера қолинг, — деди болакай остонадан ўтишимиз ила пақирнинг бандидан тутиб.
— Сен шошма, — дедим мен уни аяб.
Биз поядан кўтарилган сўри таги билан пастак ошхона томон юрдик. У ерда иккита ғишт устида қўнқайган самовар бурқсиб, ўтхонаси жизиллар эди. Кемшиктой чопиб бориб, самовар карнайини олиб ташлади-ю, қопқоғини оча туриб, қўли куйиб «отиб» юборди.
— Ҳазир бўл. — Мен сувни солиб, қопқоғини ёпиб бердим.
Шунгача ҳам бояги чимирилган аёл кўрина қолмасди. У тепадаги уйга кириб кетганча… кетиб борарди. Элакишиб бўлган бола қўлимдан тортқилаб, қистай бошлади:
— Сиз юравуринг, у ёқда опоқбувимла борла. Кирмасайиз хафа бўладила.
— Ким дединг?
— Ойтўра бувимла…
— Шунақами? — дедим ичим ёришиб келиб. — Шошма, сенинг отинг… Акбармиди?
У ажабланиб тикилди:
— Қаёқдан биласиз?
— Ёдгормурод-чи, у қаерда? — дедим баттар ҳайратга солиб.
— Ҳе, сизни — алдоқчи, бизаникига кевотганакансиз-ку, ҳаммовзани биларкансиз-ку, — деб у беғубор илжайди, сўнг яна қисташга тушди. — У ўшатта, опоқбувимлага қараб ўтирибди.
— Оббо, той болалар-эй, катта йигит бўлиб, қараб ўтирибди дегин? — Мен уларни алқаб қўйиб, ўсмоқчиладим: — У сени укачангми ё?.. — Ўзим эса бу аёлга қолган болаларнинг шўри қурсин, деб ўйлардим. Танимаган одамга шунча димоғ-фироқ, буларни нима қилмаскан? Чаённинг ўзи-ку?
Ҳовлининг ўртасига бориб қолганимизда катта уйнинг эшиги очилиб, ҳалиги жувон кўринди. У ковшандозда калишини кияркан, елкасидан қора илондек сирғалаб тушаверган сочини зарда ила орқасига отиб, менга қараб юрди. Қўлида бир парча қоғоз.
Мен беизн кириб келаётганимдан хижолатга тушиб, тўхтаб қолдим: тўхтамасам, чақиб олиши ҳам тайиндек эди. Аммо у чимирилиб келиб, қаршимда тўхтади-ю, томдан тараша тушгандек қилиб:
— Мана, шунга келганмисиз? — деди қўлидагини узатиб.
Мен тахта бўлиб қолгандим. Қоғозни қандай олганимни ҳам билмайман.
— У ёғини ўзингиз биларкансиз! — Жувон менсимагандай бурнини бир жийириб қўйиб, боя супургисини ташлаб келган жойга қараб юраверди.
Ол-а, хўп одамига учрабман-ку! На салом бор, на алик, на мулозамат… Мен хатчани ўқишимни ҳам, кетишимни ҳам билмай анг-шанг қолган эдим. Кўз олдимдан эса, бояги қоп-қора дарахт кетмасди, тавба.
Бир маҳал қарасам, Кемшиктой тирсагимдан тортқилаб, қулоғимга шивирлаяпти:
— Сиз юравуринг, опоқбувимланинг олдиларига киравуринг. — У кўз қисиб, нимадир демоқчи бў-ларди.
Ноилож эргашдим. Шундаям ҳалиги аёлдан хавфсираб турибман. Назаримда, ҳозир ундан эшитадиганимни эшитиб оладигандекман. Ниҳоят, болохонага чиқиладиган ёғоч зинанинг ёнгинасидаги каталакдай бир уйга бурилдик. Унинг ковшандози ҳам ичкарисида эди.
Мен холамгиларникида туриб, ўқиб юрган кезларим шу атрофдаги кўп уйларга кирганман. Бош суқ-ганингизданоқ гуп этиб, минг йиллик зах тупроқ ҳиди димоғингизга урилаверади. Неча қайта тезлаб ҳам ундан қутулиша олмайди. Ковшандоз четига қирраси билан териб чиқилган мусулмон ғиштлар ҳам бу уй қадимдан қолганидан дарак бериб турар, аммо ундан таниш зах ҳидига қўшилиб, яна аллақандай мушк-анбар ҳидлари ҳам уфурарди.
Мен мўъжаз хонага кирибоқ унинг тўридаги хонлар замонидан қолган қуббали руҳ каравотда оппоқ чойшаблар ўртасида ўтирган ҳалимдеккина кампиршога ҳайратланиб тикилиб қолибман. У қиблага қараб тасбеҳ ўгириб ўтирар эди. Қўлим ўз-ўзидан кўксимга қараб кетиб:
— Ассалому алайкум, холамойи, — дедим.
Мен ўзимни яқин олганимча бор эди: ажинлариям бир ажабтовур нур билан тўлган кампиршо чиндан ҳам холаларимгами, кимгадир ўхшаб кетар эди. У киши тасбеҳ ўгиришдан тўхтаб, бош силкидилар:
— Ваалайкум, келинг, болам. Ўта қолинг.
Деразага яқин ердаги сандалнинг кўрпаю говра-пўшлари ҳали йиғилмаган, ўртадаги бўйрадеккина намат устида бир болакай даханини муштчасига тираб ётволганча, расмли китоб варақлаб, оёқчаларини ўйнатиб қўяр эди.
У бизни кўра сакраб турдию менга осмондан тушган одамга тикилгандай тикилди-қолди. У юз-кўзлари жудаям таниш, ҳатто шу индамай туришидаям аллақандай ёқимтой эди.
— Вой, келдизму? — деди у чапак чалиб.
Танидим, у мен билан симда гаплашган болакайнинг ўзгинаси эди. Овозиям, ўзиям — ширин болалар бўлади-ку, ўшанақа эди.
У жилмайиб, қўлчасини узатди.
— Ман Ёдгорман. Сиз…. Сиз телефунда чақируб эдиза? Топдимму? — деди у сакраб-қувнаб.
— Топдинг, — дедим унинг қўлчасини кафтларим орасига олиб, кейин ўзини бағримга тортдим-да, пешонасидан ўпиб қўйдим. — Чиндан асалтой экансан.
— Йўқ, мен Ёдгортойман. Аям қўйганлар, — деди у мақтаниб.
— Аянг чиройли от топган эканлар, — дедим мен.
— Нега той бўларкансан? Ёдгормуродсан, — деди мени бошлаб кирган кемшиктой.
— Ҳа-ҳа, у Саритой. Мен эсам, Ёдгормуродман! — тан олиб қучоғимда ўйноқлади бола.
— Яна ҳам яхши,— деб бошию елкаларини силадим.
— Чиқиб ўтиринг. Чақирмайсанми, бўтам, — деди кампир тасбеҳини йиғиштириб, ёнига қўяркан. Лекин ўзи оқ чойшаб ичидаги оёқларини (йиғолмасми) ўша-ўша узатиб ўтирар, аллақандай ўнгарилолмас эди. Каравотнинг бош томонида улуғ китоб солинган жилд билан йўл-йўл матодан тикилган найсимон бир нарса осиғлик. Униси тушунарли, лекин ёнидагиси нима экан, билолмай, танча ёнига чўккаладим. Буви ўша ўтирган кўйи момиқдай оппоқ қўлларини дуога очдилар:
— Илоҳо омин, сийлаб кепсиз, сизни Оллоҳимнинг ўзи сийласин. Ғанимат дунёда оқибатлилар қаторида қилсин, Оллоҳу акбар.
Кампир оппоғойимларни эсга солиб, кўнглим ийиб келди. Беихтиёр буларнинг дуоларини олиб қолиш катта давлат эканини ўйлаб, у кишининг юзларига тикилдим. Тикилардиму ўйлардим.
Юзларидан таралаётган бу тароватли нур қаердан чиқиб, ҳеч адо бўлмаяпти? Бу жойларнинг қадим зах ҳидларини ҳам унуттириб, уни мушк-анбар бўйларига тўлатиб ўтирган ҳам балки шу оқ-оппоқ кампиршонинг ўзидир?
— Яхши келдизми, ўғлим? Уй ичилариз билан яхшимисизлар? Ойиз, келиним омонмилар? — Кампир худди қариндошлардек яқин олиб, тавозе ила ҳол-аҳвол сўрар эди. Мен эсам ҳамон ийиб бораётирман бу мулозамат, бу сўрашишлардан. Бир лаззат олаётирманки, қўяверасиз.
— Раҳмат, ўзиз бардам-бақувватгинамисиз?
— Ўзига минг қатла шукр. Кўрсатганига шукр. Туролмасам ҳам, мана, ўтирибман-ку: эплаганча ибодатларимни адо этиб… намозларимни ўқиб… Ҳар одамлар бор-бошини бир кўтаришга зор, қўлини қимирлатишга, ўнгарилишга интиқ. Ўшандан асрасин. Ҳеч бандани ибодатдан қўймасин. Сўнгги нафасигача чиройли амалларга ҳамроҳ этсин, илоҳим.
— Нима, оёғизми?.. — дея олдим мен.
— Буми, бир ёғи қаричилик, қолаверса, кўргилик экан: кўп бўлди ўтириб қолганимга. Савил, иккаласи ҳам кетган, жонсиз, — деди буви чойшаб устидан ўша жонсиз нарсани сийпаб қўйиб. — Шунисигаям шукр. Қўл-оёғимни бирдан олганида нима қилардим? Буям бўлса, Худойимнинг марҳамати. Манави жужуқларнинг бахтигами, бошқагами — мени тирик ушлаб турибди. Бўлмаса, булар кимнинг қўлида қолардию ким буларнинг бошини силарди! Билмадим, мендан кейин буларнинг ҳоли нима кечади? Чаманнинг юриши ундай, Асалнинг феъли бундай… Онаси бояқишнинг-ку, пешонаси шўрдан-шўр экан. Менга суяниб қолишди булар. Ўзим эса ёлғиз Оллоҳга суянгулиман. — Буви овози ўзгариб, кўзларида ёш айланди. Сўнг шишин-қираган бармоқларини ўпиб, учаётган кўзларига суртаркан, Ойтўра буви ҳамд айтиб шивирлади: — Ал-ҳамдулиллоҳ, алҳамдулиллоҳ: ишқилиб, яхшиликка бўл-син.
Мен эсам дардим бошқа ёқда: Чаман акамни сўрай олмай доғдаман. Қачон қайтадилар дегим бор-у, кампирнинг дардини янгилаб қўйишдан истиҳола этиб турибман. Ниҳоят, у киши қайрилиб сўрадилар:
— Асал опчиқиб бердими Чаманимнинг омонатини? Ё гаплашгиси ҳам келмай…
— Бердилар, — дедим бояги қоғоз ёдимга тушиб.
— Нима дебди, кўрдингизми?
— Йўқ, ҳали, — мен чўнтагимни кавлаштирдим.
— Ўқунг-ўқунг, — деб қистаб, ўтирган еримда елкаларимга суйкалди Ёдгормурод, — Опоқбувимам эшитсунла.
— Сен тинч ўтир, Ёдгор. Уят бўлади: меҳмонга шундай ёпишадиларми? — деди танбеҳ бериб у киши.
— Ҳечқиси йўқ, укачамдай гап, — дедим мен.
Лекин Ёдгормурод бир оғиз сўздан:
— Хўп, опоқбувижон, хўп, — деб ёнимга қўндоқдек бўлиб ўтириб олган эди.
Мен хатчани топиб, қатини ёздим. У икки энликкина эди-ю, ичи тўла жумбоқ эди. Худди Чаман аканинг ўзидек:
«Мақсуд, кутдим-кутдим, келмадинг, — деб ёзган эди у. — Бир рижойим: ойимларга учрамай кетма! Худонинг хоҳлаши шундай экан, кўришолмадик. Ноумид бўлма, ғафлатдаям қолма. Кеннойингни сенга, сени Худога топширдим. Қолган гапларни айтишади. Чаман аканг».
«Қанақа кеннойим? Кимни айтяпти?…» Нима гаплигига ақлим етмай бошимни кўтарсам, буви ярим қайрилганча юзимга тикилиб турибдилар:
— Сиз Султонмурод ошнасининг кими бўласиз?— Афтидан, акамга ўхшатолмай турар эдилар.
— Холаваччамиз… — дедим тўғрисига кўчиб.
— Ҳа-а… — деб бош силкидилар-да, Ёдгормуродга юзландилар: — Айтмоқчи, анув кунги хатни нима қилдинг? Эҳтиётлаб қўйганмисан?
— Қайсу? Анув берганизму? Турибду мимит чойнукда, — деди бола пилдираб ковшандозга тушаркан.
— Оптушақол, болам. Шошма, — деб тўхтатдилар-да, менга қарадилар. — Ўзингиз бирга чиқа қолинг. Болага иш буюр, кетидан ўзинг югур бўлмасин.
— Яхши, — мен туриб Ёдгорга эргашдим-у, аммо ўзимнинг ичим қуриб боряпти. Чаман ака ҳам қизиқ: айтадиганини мана шу хатда айтиб қўя қолмайдими! Кимдан яширади? Анув чирсиллаган заққумойданми?
Бу орада биз ташқари чиқиб, алмисоқдан қолган ёғоч зина билан кўтарила бошладик. Опоқбувининг ширин невараси — Ёдгормурод зинани тўпиллатиб чиқиб бораётиб, дам-бадам орқасига қайрилиб, мени қистайди:
— Юравуринг, фақат эҳтиёт бўлунг, бошиззи урволас…
Мен унинг ширинлигидан ҳам бурун ақлига беш кетиб бораётибман: мана, кимни пакана пари деса бўлади! Қолаверса, юзи бунча иссиқ, бунча таниш? Ўғил бола ҳам шунчалик кўҳлик бўларканми? Ҳар гапига бир тегишгим келарди.
— Урволсам-чи? — дедим атай.
— Ғурра бўладу, — деди у қайрилиб, сўнг ўша ғуррани тасаввур этиб, қиқирлаб кулди.
— Ғурра ҳам кўрк, — дедим ҳазиллашиб.
— Бўлмаса, урвола қолунг, — яна қиқир-қиқир кулганча зинани тўпиллатиб чиқиб кета бошлади. Ростдан бошимни уриб оладигандек энгашарканман, сўрадим:
— Сизлар шу болохонада турасизларми?
Ёдгор қайрилиб тўхтади:
— Сиз билмайсиз-де. Зўр бу ер!
— Йўғ-э…
— Кўрмагансиз-де, Калковузнинг оқишину… боғларимизну… Бу ёқдан кўрсангизму!..
— Томга чиқволиб, дегин?
— Ҳа-де. Сиз чиқунг аввал, — у эшикни очиб, калишчасини чечиб қолдирди, — келунг-келавуринг.
Мен пастак эшикдан энгашиб ўтиб, мўъжазгина хонага оёқ қўйдиму ҳовлига қараган дераза пастида у айтганидан ҳам фарахли бир манзарага кўзим тушиб, «воҳ», деб юбордим: чиндан зўр-ку!..
Ростдан болохонамисан, болохона эди. Бу ердан ҳовли бир ажойиб кўринарди! Зеболаниб десамми, кафтда тургандек десамми, ишқилиб, таърифласа, таърифлагудек эди. Ҳали токлари кўтарилмаган яланғоч ишкомлару бояги кўчадаги сочпопук чиқариб юбориб энди барг ёзиб келаётган қатор толлару унинг тагида сариғ илондек тўлғониб оққан Калковузгача — бари-бари ажойиб, бир жонли сувратга ўхшар эди. Уларнинг барига соатлаб тикилиб ўтирмоқ мумкин эди. Бу ердан ҳатто анув куйган дарахт ҳам бор бўйи-ла кўриниб турса-да, лекин ажабки, боягидек ёмон таассурот қолдирмас эди. Нега, тушуна олмадим.
— Жойни хўб топган экансизлар-ку!
— Ёқдиму сизга?
— Ёққанда-чи! — Шундай деб ўгирилдиму ногаҳон кўзим уйнинг тўридаги деворга тушиб, қотиб қолдим. У ерда ҳозир кўрганларимдан юз чандон чиройлироқ нарса осиғлиқ турар эди.
— Ия, Марғу кеннойим-ку!.. — деб юборибман.
Мен йўқотиб қўйган кишисини учратган одамдек гангиб қолган эдим.
— Ким дейсуз?
— У киши-ку! Кеннойимлар-ку! Бу сувратни… қаердан олгансизлар? — дедим ҳеч нарсага тушунолмай. Ўша ой деса, ой дегудек, сулув деса сулувлардан ўтгудек, ким малак деб атаган, ким парилар мамлакатидан деб таърифлаб эси кетган… хусну жамол эгаси… Каттабоғ гўзали, менинг азиз кеннойимнинг суврати бу ерда нима қилиб турибди? Қандай келиб қолибди буларникига? Ҳеч ақлим бовар қилмасди.
— Ману аямлар-ку бу… — деди Ёдгор илжайиб.
— Сенинг аянг? — Менинг эсим жойига кела бошлагандек эди.
— Бўлмаса, ким эканлар, менинг аям бўлмай?
— Чинингни айт? — дедим дарвоқе дейиш ўрнига.
— Сиз яхшилаб қаранг… — деди у. Сўнг болаларча қиқирлаб кула бошлади. Унинг кулгуси шундай беғубор эдики, тавба, мен тан берсамоқ у сакраб-қувнаб кетадигандек эди. Ё Оллоҳ, яна адашганимни қаранг. Мен сувратга қайта қараб, ичим жизиллаб кетди. Чинданам унинг қулоқ юмшоғи остида тирноқ юзидек, нозикдан-нозик нори бор эди:
— Дарвоқе, бу кеннойимиз-ку! — деб юбордим. Қаранг-а, у бизникида бирозгина туриб, кейин изсиз йўқолган Маҳфуз кеннойимнинг катта қилиб олдирилган суврати эди! Ойим ҳали-ҳали куйинадилар: қаерларга сиғди экан, ё ватанига қайтиб кетдимикан, деб. У бўлса… Мен худди шундай жажжи юзни яна қаердадир кўрганимни эслаб, ялт этиб болага қарадиму ҳамма нарса оп-ойдин бўла қолди! Мен оми нега бу боланинг ҳусни бунчалар ўткир, деб ўтирибман! Гап бу ёқда экан-ку!
— Сен… сен ҳали? — дедим дилимдагини тилимга чиқара олмай ва аста бориб чўккалаганимча икки тирсагидан тутиб, бағримга тортдим.
— Сиз ростданам… танийсизму аяжонимларну? — деди у шодланиб.
— Ҳў-ҳў, таниганда қандоқ! — дедим унинг елкасига қоқиб ҳам эркалаб. Ва девордаги ўша аяжонисига қараб, баттар тонг қолдим. Ё тавба! Тушимми-ўнгимми? Бояги суврат ўрнида энди… тамомила бўлак сиймо юз очган эди. Сувратдан…
Ажаб ҳол! Ҳатто кўзларимни ишқаб қўйдим. Йўқ, ўша-ўша: девордаги ойнаванд гардиш ичидан («ё субҳоноллоҳ, қандай мўъжиза бу?») мен соғиниб, ичикиш даражасига борган одам — Султонмурод акам (!) қараб турарди. Нима бу, саробми, жоду? Эсим оғиб, болага қарадим.
У иссиқ жилмайди:
— Сиз ҳайрон қолманг, бу ўзу шунақа! Шунақа ишлунган!..
— Қанақа… иш-ланган? — Мен ҳеч нарса тушунмаётган эдим, ҳатто бошимни тўлғаб-тўлғаб қўяр эдим.
— Шунақа-шунақа, — деди у сакраб-қувнаб, мен тушунолмаётганимдан қиқирлаб кулиб, — бир қарасангиз аям, бир қарасангиз у кишу, яна бир қарасангиз амақум кўринадулар.
— Қайси амакинг?
— Вой, Сизну қаранг-ув. Туринг-туринг. Бу ёқдан қаранг,— деб у қисташга, тирсагимдан тортқилаб, уйнинг бу чеккасига бошлашга тушди. — Сиз ўзиз кўрунг.
Мен у айтган томонга ўтиб (ё қудратингдан!) сувратда тамомила бошқа одам — Чаман акани кўриб, баттар ҳайратда қолдим: бир сувратгардиш ичидан уч киши уч ҳолатда кўринар эдилар! Тағин ҳеч беками-кўст! Бир-бирига қуралашиб ҳам кетмаган! Халақит ҳам этмайди! Дафъатан, ажиналарнинг иши эмасми, деган хаёлларга бориб қоласан киши. Аммо бу «ўзи шунақа ишланган»миш! Тавба, ким ишлатади? Чаман аками ё Маҳфуз кеннойимнинг ўзи? Унда… унда бунинг оти нега Ёдгормурод? Кимдан ёдгор? Наҳот ўша… ивир-сивир гаплар ҳаммаси рост?
— Аянг?.. — дедим-у, у ёғини сўрашга ҳолим ҳам, мажолим ҳам келмай, аммо ич-ичимдан бир титроқми, нимадир туриб, боланинг кўзларига тикилдим. Аянг қаердалар дейишга қани тилим айлана қолса! Айланмасди. Аммо у тушунди. Тушуниб, кўзларини олдию, мунғайиб билагини силай бошлади.
— Ётуб қолдула, — деди овози ўзгариб, — Ману… Ману юборишмаяпту.
— Қаерда, шу Тошкентдамилар, ахир?
У кўнгли тўлиб, четга қаради:
— Ҳм…
— Вой сению, боядан бери айтмайсанми?!— Секин қаршисига чўккалаб боягидек елкаю тирсакларини силадим. — Қаерда эканликларини биласанми ўзинг?
Ёдгормурод бош тўлғаб тисарилди ва қўлимдан бир алпозда сирғалиб чиқди-да, тўғри токча томон бориб боя ўзи айтган олма гулли жимит чойнак ичини тимирскилашга тушди. Ундан икки буклоғлиқ бир қоғоз олди.
— Мана, кўрунг.
— Ҳаммаси шунда айтилганми?
— Билмасам…
— Ҳа, дарвоқе, бу бувинг айтган омонатлари-я?..— дедим ўзимга келиб. Сўнг шошиб қоғоз қатини ёздим.
«Мақсуд, менинг сендан бўлак ишонганим йўқ, — деб битилган эди хатда. — Акангнинг дарагини эшитиб, жўнаб кетяпман. Ўзинг тушунасан-ку, унинг менга кимлигини! Сен бизнинг бошимизга тушган кўргуликларни билмай эшикдан қайтиб кетмагин, деб (Асал опамга қолса, шундай қилишдан ҳам тоймайди!), ойимларга учрагин, деб тайинлаб эдим.
Маҳфуздан кўнглим тинч эмас. У оғир дардга чалиниб қолди. Зўрға стационарга жойладим. Лекин у ёққа бормасам ҳам бўлмайди. Тўғриси, ҳозир бормасам, бир умр армонда қолишим мумкин. Акангнинг дараги чиқиб қолди. Аммо сен унга зинҳор билдира кўрма! Юраги чиқиб, кўтара олмай қолмасин. Асал опамга-ку, исини ҳам сездирма. Сезса, ишни бузади у жодугар.
Сендан ўтиниб-ўтиниб-ўтиниб сўрайман! Маҳфуз кеннойингни ёлғиз қўйма. Ёнидан жилма. Ва буни, (кеннойинг бизникида эканини ҳам) ҳеч кимга айта кўрма! Мен қайтгунимча поччадан ҳам, ойинглардан ҳам яшириб тур.
Шундай қилиш керак! Қайтгач ҳаммасини ўзим тушунтириб бераман. Акангнинг унга (Маҳфузга) аталган мактублари бор, кўрсатаман. Ўшанда сенга ҳамма нарса аён бўлгай.
Ёлғиз ўзингга ишондим. Мендан бемаслаҳат ёхуд берухсат бирон ишга қўл ура кўрма. Ёдгор онасини соғиниб, жуда-жуда ичиккан. Хархаша қилса, яна кўрсатгани олиб бориб юрма.Ундан кўра, ўзингларникига — далага олиб кет. Шу яхшироқ: ҳам овунади, ҳам бехавотир. (Ойимларга тайинлаганман, биладилар.) Ишқилиб, уларни сенга, сени Худога топширдим. Менинг йўқлигимни билинтирма. Иложи борича тез қайтишга ҳаракат этаман. Чаманг аканг».
Ана, холос! Ёлғиз ўзимга шунча омонат! Фақат бир нарсага ҳеч ақлим етмасди. Бу суқсурдай болакайни нимага аясининг олдига олиб бормаслик керак? Аҳволи оғирлиги учунми ё бошқа сабабданми? Агар кеннойимнинг ўзи сўраб қўймаса-чи? Ўшандаямми? Ҳаммасидан «ўтиниб-ўтиниб-ўтиниб сўраши» қизиқ эди. Нега бунчалик қаттиқ тайинлаяпти? Ниманинг ошкор бўлиб қолишидан чўчийди? Боланими ё Маҳфуз кеннойимни? Ҳеч тушунуксиз. Худди сир ошкор бўлиб қолса, фалокат устига фалокат ёғиладигандек, улардан ажраб қоладигандек… ёзибди хатни.
Секин кўз қиримни ташласам, болакай интиқиб тикилиб турибди. Бир оғиз сўзимдан сакраб-ўйноқ-лабам кетиши, йиғлабам юбориши мумкиндек. Чин-данам аяжонисини ичикар даражада соғинибди. Бир оғиз сўзимга муштоқ. Юр десам, чопиб кетгудек! Аммо Чаман акадан берухсат нима ҳам қила олардим?!
— Нима дептулар, амақум?
— Сени далага, бизникига олиб кетарканман.
— Ур-ре, талага кетарканмуз! Ўйнагани борарканмуз!— Ёдгормурод бир ажиб қувнаб, қўзичоқдай сакраб ўйноқлай кетди. Шодлиги шунчалик: гир айланиб чопадими-эй, икки ёнига шатта уриб, шаталоқлар отадими-эй. — Ҳе-ҳей, талаларга чиқарканмуз, чучмўмалар терарканмуз…
Кейин тиззамни қучиб, қўлларимдан тортқилаб, бир нималарни ижикилашга тушиб кетди-ку…
— Сиз талада турасизму? Сизларда ҳам варраклар борму?
— Бизда учиришсин-да! Ка-атта-кон қуроқлар кечасиминан дариллаб чиқсин-да!
— Ву-уй, кечасуман денг? — Унинг киприклари узун-узун, кўзлари жавдираб ёнарди.
— Кечасиминан.
— Ипиниям узмайдиму?
— Узмайди.
— Биров тегмайдиямму?
— Тегмайдиям.
— Қандай яхшу, — деди у чапак уриб.
— Бир учиришганча уч кунлаб учиб ётади, — дедим мен.
У ақлига сиғдира олмай афтимга термулди:
— Уч кунлаб?.. Ву-уй…
— Ҳа-да, у шунчаки варрак эмас-да, — мен қулочимни ёйдим. — Мана бундай келар-ов. Уни тушириб олиш ўзимас. — У афтимга термулганча қолган эди. — Ипини узган қуроқларни ҳўв қаёқлардан топиб келишади.
— Қаердан топиб келишаду? — қайтариб сўради у.
— Қайсинисини сойнинг нариги ёғидан, қайсинисини ёнғоқзордан. Нималарга илиниб-урилиб, дабдаласи чиқиб кетган бўлади. Қайтадан ясашади.
— Зўр экан, — деди у беш кетиб, ҳам чиройли бош силкиб. Кейин яна боягидай тирсагимга тармашиб, шоширди. — Отлар-чи, отларам борму?
— Бор, — деди мен унинг кўнглига қараб.
— Минишадиму болалар?
— Минишади. Истасанг сени ҳам миндиришади. Бедапояларга опчиқишади. Сойларга оптушишади.
— Яна нималар бор, айтинг, айта қолинг, — деб қистарди у.
— Ариқ бўйларидан ялпизлар, бинафшалар терадилар. Тепалардан эса қўзиқоринлар.
— Қўзиқорун? Нима у?
— Ҳў, уни ўтга тоблаб емабсан, бу дунёга келмабсан. Борсанг, кўрасан.
— Борганум бўлсун, борганум бўлсун, — деб ўйноқлади у. Сўнг пастга ошиқа туриб, қайрилди: — Ҳозур-ла кетамузму?
— Кетамуз, — дедим мен унинг ширин тилига менг-заб, — фақат опоқбувинглардан сўрайлук.
— Сўраймуз, сўраймуз, — деди у ошиқиб.
Мен эсам, бу сирли гўша — болохонадан тушиш лозимлигини, бу хонадоннинг дуогўйи бўлиб ўтирган анаву оқ-оппоқ кампиршодан ижозату дуолар олиб кетишимиз лозимлигини билиб турсам-да, қўзғола олмас, тўғрироғи, девордаги бояги антиқа сувратдан кўз узолмас эдим.
Сувратдан эса ўн тўрт кунлик ойдай балқиб, Худо ҳуснидан қисмай бахтдан қисган кичик кеннойим қараб турар, негадир кўзлари ёшланиб-ёшланиб келаётгандек туюлаверар эди менга.
— Журинг, сўраймуз, — Ёдгормурод қайтиб, қўлларимдан тортқиламоққа тушди-ю, мен унга эргашарканман, кеннойимнинг рухсори лип этиб кўз ўнгимдан ғойиб бўлиб, шу заҳоти унинг ўрнида бошқа азиз қиёфа — мен қачонлардан бери йўқотиб қўйган Султонмурод акам сувратда юз очиб, жилолмайин ҳам қолдим: яна бир қадам боссам, у ҳам йўқолиб, Чаман акам чиқиши тайин эди.
Мен эсам, бу ажиб сувратда фақат акаму Маҳфуз кеннойим кўринишларини истардим.
Аммо шу тоб бояги кирган жойимиздан аёл кишининг қаттиқ-қаттиқ овозлари келиб, тўхтаб қола қолдик. Асал опа уйни бошига кўтариб, шанғиллар эди:
— Итниям, битниям қўяверинг. Нима, бу карвонсаройми сизга?! Ана, биттаси шунча туриб, нима каромат кўрсатди? Етимини ташлаб кетади ҳали! Итдан бўлган қурвонлиққа ярамас…
— Ҳай, секинроқ, уялгин, ахир, — ўтинарди кампир.
— Нимадан уяламан? Нега уяламан? Ўз уйимда ҳам уялайми?!
— Ҳой, Худодан қўрқмаган, ҳой, одам иси ёқмаган! Чаман эшитса, нима дейди?! Жилла қурса, мендан уял. Ўз онангдан уял.
— Нима, Чаманиз? Бировнинг хотинини ўз уйига обкеб ўтирган у киши покдомон-у, мен қора бўлдимми? Мен ёмон бўлдимми?
— Ўчир, — деди она, — ҳаммани ўлдириб, сил қилиб, бездириб, ўзинг сўппайиб қолмоқчимисан бу уйларда? Худодан қўрқ! Шу феълинг билан-ку, ҳеч ерга сиғмадинг. Тирноққа зор ўтиб боряпсан. Яна одам исини ёқтирмай қаерга сиғмоқчисан? Қачон одам бўласан?
— Бўлмайман! — деди Асал, остона хатлаб улгурмаган асрандисининг кетига тарсаки тушириб.
— Бўлмасанг, бўлмай ўт!
Титраб кетдим. Ва беихтиёр болакайни бағримга тортдим. Шунчалик бўлиб кетган эканми у жодугар? Ўшандай хокисор онанинг юзига тик қараган инсон… буларнинг бошига нима кунларни солмаяпти экан? Қандай сиғдилар экан бояқишлар бу уйга? Опкетганим бўлсин бу дўзахдан! Қутқарганим бўлсин бу азоб «фариштаси»дан! Ва ўзим ёқа ушладим: Бу қандай гўшаки, манзил-мавозеки, бир ёнда оқ-оппоқ бўлиб, юзларидан нур, сўзларидан дуо ёғилиб, раҳмат фариштасидай оқ кампир ўтирса-ю, бир ёқда ҳар сўзидан чак-чак заҳар томиб, чирсиллаб анави «фаришта» ҳукмини ўтказиб юрса! Яхшиям, кампир бор, ширин сўзи, дуолари бор! Ундан кейин нима бўлади бу хонадон? Булар топган манави бошпана? Тўзиб битадими? Бекорга касалхонага тушмаган экан Маҳфуз кенно-йим! Бечора, қандай чидади экан бу эговга, Худонинг бу бошли-кўзли балосига? Унинг заҳар-заққум сўзларига? Чаёндек чақишларига? Ўзининг ёзуқлари, бошига тушган мусибатлар кам эканми?
Кўзим ёшланиб келиб, ҳамма нарса чаплашиб кетди. Бола ҳам, пастга кетган зина ҳам, оёқларим ости ҳам… Фақат кўз олдимда бўйи баравар куйиб кетган анув қора дарахт турар эди!..
Биз не алпозда, ҳатто миқ этмайин зинадан бир-бир тушиб бордик. Минг истиҳолаю андишага ботиб ўтирган кампир бизни кўра жонланиб, шошиб қолдилар:
— Вой, тушдингизларми, болам. Тополдингизми омонатини? Сизниям ташвишга қўйдик, — дердилар иккала кафтларини ўша жонсиз тиззаларидан узмай.
— Ташвиши борми, мана, оптушдик. Энди жавоб берсангиз… — деб ямландим мен.
— Киринг, ўтиринг, бир пиёлагина чой олиб келсин. Шундайин кетасизми, болам, — деб Ёдгорга юзландилар у киши. — Сен нима қилиб жим турибсан, опкир акангни…
Бола ҳам бирдан жонланди:
— Опоқбуви-чи, опоқбуви! Биласизму, биз қаерга кетяпмуз! — деб ўзини бувининг тиззаларига отиб бижирлай кетди. — Талага кетмоқчимуз. Ростакам варраклар учиришадуган ерларга. Биласизму, ким айтуб кетибду?
— Биламан, болагинам, биламан, — деди буви унинг куракларини силаб-эркалаб. — Амакинг тайинлаган. Сен зерикиб қолмагин деган-да.
— Нега айтмадуз? Яшуруб экансуз, — аразлашга, сакраб каравотни лопиллатишга тушди болакай. — Алдаб экансуз!..
Буви унинг курагига қоқиб, пешонасидан ўпди.
— Ҳар нарсанинг мавруди бор, болам. Вақти билан чиқасизлар ҳам. — Болакай мунғайиб қолган, нажот кутиб, афтимга термуларди. — Аввал аянгдан хабар олсинлар. Кейин опкетгани келадилар. Тузукми, тойчоғим?
Бу гапдан мен ҳам, Ёдгормурод ҳам индай олмай қолгандик. Ҳатто мен жиндек мулзам тортиб:
— Тўғри айтадилар. Сен отланиб тур. Эртага ўтиб, индинга опкетгани келаман, — дедим юпатиб. — Бўп-тими?
Ёдгормурод мўмин экан, аразини ташлаб, очила қолди:
— Индинигаму?
— Индинга, — деб мен ҳам қайтиш тараддудига туша бошладим.
Буни кўриб, буви ўтирган жойларида жонсарак алангладилар:
— Борадурган бўлсангиз… бирон нима бериб юборсам бўларди? Шошманг, — у киши ўгирилиб, ёнларидаги токчадан эски чийдухоба жилдни олдилар-да, унинг ёнчиғини кавлаштириб, бир нима излай бошладилар. — Мана, жилла қурса, шуни ола кетинг, вақти-вақти билан ҳидлаб турса ҳам руҳи енгил тортади.
Нима экан, десам, у кишининг оппоқ кафтларида бир ажойиб бўй таратиб қалампирмунчоқ шодаси турабди. Уни оларканман, бўйидан ўзим ҳам ғалати бўлиб кетдим. Мен гўё болалик даврларимга қайтиб, қалампирмунчоқ бўйининг сирли оламига тушиб қолгандек эдим. Шундай енгил эдимки, курагимдан қанот ўсиб чиқаётгандек эди…
Кейин Ойтўра кампир билан қандай хайрлашдим, яланғоч ишкому сўрилар тагидан ўтиб, хайҳотдек ҳовлидан қандай чиқиб бордим, якка тавақали эшикдан қандай ўтиб, Калковуз бўйидаги кўчага тушдим — билмайман. Хаёлим жойида эмасди гўё. Фақат оқ кампирнинг истиҳола билан «Келиб туринг, болам, йўқ бўлиб кетманг, Ёдгормуродимни ўкситиб», дегани айланиб-айланиб келишини айтмасам, бошқа ҳеч нимани эслай олмасдим.
Анча нари бориб, ўгирилиб қарасам, мени болохонага бошлаб чиққан ўша ширин, ўксик болакай якка тавақали эшик остонасида оёғини саланглатиб ўтирар, тўхтаб қайрилишимни кутар, жиндак имо қилсамоқ, учиб келадигандек, мен билан кетворадигандек эди. Шамол ҳам энди толлар устидан тушиб, уни олиб кет, олиб кет, деган каби нуқул ҳувиллаб юзларимга уриларди, юргани қўймасди. Менинг эса ич-ичимдан бир йиғи босиб келяпти. Нима бало, эр етиб, бўй тортиб ҳам бундан қутулолмасам?! Етимларнинг кўнгли ўзи шунақа ўксик бўладими, ўша булоқнинг кўзлари сал нарсага очилаверадими, ўзимни тутолмасдим. Қаерданам Чаман акани бу хонадонга излаб келдим? Ёдгормуродни, Ойтўра бувини кўрдим? Болохонага чиқдим? Маҳфуза кеннойим — (ўша Каттабоғдаги ҳовлимизда ярим йилгина туриб, кейин дом-дараксиз кетган, биз изини ҳам тополмаган ўша тангритоғлик келин) сўнгги пайтда паноҳ топган жойга кира қолдим? Машъум тақдиридан хабар топдим? Девордаги у ажиб сувратга кўзим тушди? У нима эди? Нега у
ч ёндан уч киши кўриниб турарди?.. У рўёмиди ё Маҳфуз кеннойимнинг ўзи ишлатганмиди атай? Ҳеч ақлим етмасди. Чин десам чинга, рўё десам рўёга ўхшамасди бу тарих, бу тақдир. Яқинроқ келинг, мен бу фироқ қиссасини, тақдир аталмиш буюк имтиҳон тоғидан тоймай, тий-ғончиқ йўлларига кирмай ўтиб борайтурган акаларим, кеннойиларим тарихини Сизга илиндим. Оллоҳ уларни не мушкул-мушкулотларга солди ва олтиндай тоблантириб чиқарди — ўзингиз бир кўринг. Шояд ибрат олсак, ўшалардек яшай билсак…

Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.