Муҳиддин Тинибеков. Қасам (ҳикоя)

Бу дунё шафқатсизлик ёмғири билан суғо­рил­ган. Агар шундай бўлмаганида лойсувоқ томлару, пастқам оғиллардан иборат, ҳеч нарса битмайдиган бийдек адирликлар қўйнида туғилган бўлармидим? Улкан тоғ этагидаги етимча қишлоқда етти ёшимда отасиз қолган бўлармидим? Агар шундай бўл­ма­ганида ҳозир амакимнинг уйида унинг молхонасини суваш учун арқонда зил-замбил лой тўла челакни тепага тортиб турган бўлармидим?
Нега энди шундай бўлиши керак? Нега биз амакимнинг бўсағасидан бери келмаслигимиз керак? Агар бу дунёда адолат бўлганида мен амакимнинг уйида ер ағдариб, янтоқ босган бедасини ўриб, сомонхонасига ташиб, қирқиб, кейин чанг ютиб уларни жойлаб юрган бўлармидим? Онаизорим қўл­ла­римдаги тиканларни бирма-бир териб ўтирган бў­лармиди?
Агар бу дунё адолатсиз бўлмаганида амаким эр­талабдан бақириб-чақириб ҳаммани ишга кўмиб, ўзи отига миниб, катта қорнини эгар қошига жойлаб жўнаб қолган бўлармиди?

* * *

Бизнинг қишлоқ тоғ этагини макон тутган. Унга кенг адирлару бийдек далалар ҳамроҳ бўлган.
Бу жойлар ёз гармселига ошён бўлган. Бу жойлар куз шамолига ошна бўлган. Бу жойлар қиш қаҳ­ратонига ўралган.
Қиш қаҳратонларида биз дераза ортида тизиламиз. Жунжикиб тирсакларимизни дераза токча­сига тираймиз. Мўлтиллаб осмондан тушаётган қор­­­ларни кузатамиз.
Тун бағрида от кишнайди. От устида амаким кў­ринади. Онам ўрнидан тура бошлайди. Митти син­­гил­ларимнинг кўзлари чақнайди.
Сингилларим типирчилаб қолади. Митти калишчалар илиниб-илинмай қолади. Қор калишчаларни қучади. Пилдираган оёқлар онам ортидан чопади. Чаплашган оёқчалар амаким сари интилади. Меҳр сари интилади. Сингилларим от оёғини қуч­гудек бўлишади…
Амаким онамга нимадир уқтиради. Эгилиб нимадир беради. Амаким от жиловини буради…
Амаким уйига етиб боради. Қизларини бағрига олади. Қорнини осилтириб тўрга ўтади. Жойлашиб ўтирса қизлари елкаларига осилади.
Қизлар кенг елкаларни қучадилар. Елкаларни қучиб ўйноқлайдилар…
Биз эса…

 * * *

Бир куни амаким мени, укам ва сингилларимни, ўзининг қизларини трактор тележкасига ўтқазиб нўхат юлишга олиб кетди. Бизнинг қишлоғимиз жойлашган бу бийдек қир-адирлар ва далаларда лалми нўхатдан бошқа нарса битмайди. Баҳорда ер шудгорланиб нўхат экилади. Шу билан у бошқа парвариш қилинмайди. Ўзи униб, ўзи ўсади. Саратонга келиб етилади. Саратонда одамлар бир-бирларига кўмакдош бўлишади. Бир-бирларини ҳашарга айтишади. Элчилик дейсиз. Сиз ҳам ҳашарга борасиз. Азонлаб ҳар хил ўтлар ва янтоқлар орасига қадам босасиз. Улар орасидан нўхат палагини қидирасиз. Топиб поясидан тортасиз. Уларни бир жойга йи­ғасиз. Даста-даста қилиб кетаверасиз. Тушга яқин гармсел туради. Лабларингиз ва баданингизни қов­жиратади. Нўхат палаги тортилганда силкинади. Силкинишдан нўхат тугуни ёрилади. Ичидаги нўхат донаси узоқларга отилади. Лабларингиз ва томоғингизни қуритган гармселга энди узоқларга отилиб асабингизни қуритаётган нўхат доналари қўшилади. Шу тарзда кунингиз ўтади. Кечга бориб силлангиз қурийди.
Очиқ далада тунни ўтказасиз. Ер сизга илиқ тафт беради.
Азонлаб яна ишга киришасиз. Яна гармсел ҳи­дини туясиз. Шу тарзда ишлайверасиз. Бийдек даладаги қийинчиликлар одамларни бирлаштиради. Одамларни ҳамнафас қилади. Одамларни ҳамфикр қилади. Қачондир иш тугаб, кетиш тараддудига тушганингизда бу жойлар, бу бепоён далалар, бу одамлар сизга қадрдон бўлиб қолади. Нимагадир… кетгингиз келмай қолади.
Мен бундай нўхат ҳашарларида кўп иштирок этганман ва бундай ҳашарлар менга оғирлик қил­майди.
 
* * *

Амаким бизни ташлаб, туш пайтига яқин сув ва егулик олиб келишларини айтиб ўзи ишига кетди. Биз туш пайтигача ғайрат билан ишладик. Анча-мунча нўхат юлдик. Ўзимиз билан олиб келган сувимиз тугади. Ваъда қилинган егулик ва сув эса тушда ҳам, тушдан кейин ҳам етиб келмади.
Жазирама иссиқда гармселда қолган биз болаларнинг бошимиз қотди. Иссиққа ва очликка чидаш мумкин, лекин ҳам иссиқ, ҳам сувсизликка одам зоти чидай олиши мушкул.
Биз саратоннинг гармселида лабларимиз қақ­раб, сувсизлик ва очликдан тинкамиз қуриб, нима қилишни билмай қолдик. Мен ака-сингиллар ва ама­­киваччалар орасида энг каттаси бўлганим учун уларнинг ҳаммасига жавоб бериб юбордим. Уларга аввал адирлар ошиб биринчи учраган қишлоққа тушинглар, қишлоқда сув ичиб кейин сой бўйлаб ўзимизнинг қишлоққа етиб олинглар деб тайинладим. Ўзим эса юлинган нўхатларга қоровуллик қилиб, амаким юбориши лозим бўлган егулик ва сувни кутдим. Улардан эса дарак бўлмади. Қош қорайиб қоронғу туша бошлагач ҳолсизлик ва ташналикка чидай олмай бу кенг лалми далаларга энг яқин бўлган қишлоққа отландим.
Қоронғу тунда, ким бу, деб пешвоз чиққан биринчи уй эгаси қудуғидан сув тортиб берди. Қақраган лабларим ва бутун вужудимни муздек сув билан қон­дирдим. Уй эгаси менинг кимлигимни, қаердан келиб қолганимни обдон сўраб-суриштирди. Кимлигимни билгач, яқиндагина бригадир амаким ба­қириб-чақириб, бировларни сўкиб, елиб-югуриб юр­­­га­нини, ҳойнаҳой сув ва егуликлар билан нў­хат даласига бизлардан хабар олгани кетганлиги­ни, менинг ҳам тезда ўша ерга етиб борганим маъ­қуллигини уқтирди.
Мен нўхат даласига эмас, бошқа томонга – меҳ­рибон онаизорим, жимитдек сингилжонларим, оёқ ва қўллари узун, нозик ва ўжаргина укам ёнига, қадр­дон қишлоғимдаги энг азиз уй томонга йўл олдим.
Қоронғулик. Зим-зиё дунёдаги ёлғизлик…
Адолатсизликлар қурбони бўлган менинг вужудим хору зорликни ҳис қилди. Аста титрай бошлади. Аста-секин бу титроқ бутун вужудимни қоплади.
Само ҳам менинг вужудим каби титрамаса керак. Само ҳам титраса, менинг кўзларимдан оқаёт­ган ёш каби ёмғир ёғдирмаса керак…
Энди мен амакимга хизмат қилмайман. Энди одамларнинг гапига кирмайман. Энди мен ўзим ва онаизорим, укам, сингилларим учун яшайман. Мен катта одам бўламан. Мен обрўли одам бўламан. Мен энди қасам ичаман! Мен энди ҳеч қачон амакимнинг номини тилга олмайман. Улуғ одам бўлиб амакимдан ҳол сўрашга келаман…

* * *

Мен энди обрўли ва бахтиёр одамман. Тиббиёт институтини тамомлаб жарроҳ бўлдим. Кечаю кундуз ишлай бошладим.
Кечалари билан операция хонасида тунимни ўтказиб, кундузлари бемалол ишлаш болалигимда гармселларда тобланган, шамолларда пишган, қаҳратонларда чиниққан, лойсувоқларда қотган ба­қувват жисмимга фақат ором бера олиши мумкин.
Онамнинг умри қисқа экан, мен бир-икки йил ҳам ишламасимдан туриб оламдан ўтди. Ўз ҳа­ракатим билан укам ва ҳар иккала синглимни уйли-жойли қилдим. Укамга фермер хўжалиги очиб бериб, ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турдим. Ўзим бир хонали уйга ҳамда учта фарзандга эга бўлдим. Бундан ортиқ бахт борми?!
Амаким аёли оламдан ўтиб, тўрт нафар қизи билан қолди. Қизларини узатиб ёлғиз қолди. Ёлғиз қолиб кўпам яшамади. Жанозасига бирров бориб келдим.
Ука ва сингилларим турмушидан кўнглим тўлиб хотинимнинг қистовлари ҳамда уч нафар фарзандларим келажагини ўйлаб бир хонали уйимни уч хоналига айлантириш учун пул жамлай бошладим. Фарзандларим улғаймасдан туриб кенгроқ уй-жой қилиб олмасам кейинчалик имкониятим бўл­маслиги, ташвишларим кўпайиб кетиши мумкин. Чунки сингилларимнинг бешик тўйидан тортиб то эртанги кундаги катта тўйларигача менинг зиммамда, уларнинг ҳеч кимдан кам бўлмаслигига, ўк­синмаслигига бор кучим билан ҳаракат қиламан.
Укам фермер бўлгани билан ўзидан ортмайди. Ҳар йили қандайдир ишлар бошлаб, нималардир экиб даромад олиш пайига тушади. Мендан ҳам пул олиб кетади. Лекин нимагадир иши юришмайди. Мен берган пуллар ҳам қайтиб келмайди. Сингилларим мени алқаб, укамдан бир оз норози бўлиб, жиззакилиги тутиб юради, бир қишлоқда турганимиз билан ҳеч бир нафи тегмайди, ундан ёрдам сўраш у ёқда турсин, гап қотишга ҳам ботина олмаймиз, қирра бурунларига мос ингичка лабларидан фақат заҳар-заққум гаплар чиқади дейишади. Мен шунга қарамай уни яхши кўраман. Ундан меҳрим ва ёрдамимни аямайман.
Бир куни укам уйимга келиб ҳар йили майда ишлар билан шуғулланиб, нимадир экиб ундан даромад олишга ҳаракат қилишлари ҳеч қандай самара бермаётганини, энди каттароқ ишлар билан шуғулланмоқчилигини, бир нечта трактор со­тиб олиб ҳам ўзининг, ҳам бошқа фермерларнинг ерларини шудгорлаб бериб катта даромад қилмоқ­чи­лигини, бунинг учун кўпроқ пул кераклигини, ҳар йили берадиган пулларим бошқа акаларнинг укаларига берадиган ёрдамлари олдида урвоқ ҳам эмаслигини, кўпроқ пул берсам, бойиб кетишини, олган қарзларини насиб бўлса қайтариб беришини айтиб мендан катта миқдорда пул сўради.
Мен унга пул йўқ эмас, борлигини, бироқ у айт­ган пулни топа олмаслигимни, бунинг устига ўз режаларим борлигини тушунтира бошладим. Ўр­та­мизда бир оз тортишув кетди.
Тез жаҳли чиқиб кетадиган, жиззаки укам пул сўраса қарзга сўраётганини, менинг сингилларимга ён босганим ҳолда унга ён босмаслигимни рўкач қилиб аввал ўдағайлашга, кейин сенсирашга ўтди. “Сўрасам қарзга сўраяпман, қайтаришни ваъда қилаяпман… Агар бермасанг, қасам ичиб айтаманки, акам деб сенинг номингни тилга олмайман!..”
Бундай тус олган тортишувдан жаҳлим чиқди. Жаҳлим чиқиб шаҳд билан ўрнимдан турдим. Бироқ ўрнидан кўтарилган савлатли гавдамни оёқларим тутиб тура олмади. Сабаби, улар қалтирай бошлади. Қалтироқ бутун баданимга ёйилди. Бўшашиб жойимга ўтириб қолдим. Кўзларим тинди. Бошларим айланди. Оғзимдан бир гап чиқмади. Онгим ғуборлашди.
Шунча йиллар давомида турмуш қийин­чи­лик­­­­ларига чидаб келаётган алп қоматим, бундай ис­нодларга дош бера олмади. Укам эса мени таҳ­қир­лашда, агар пул бермасам акам деб номимни эсламаслиги ҳақида қасам ичишдан тўхтамади.

* * *

Вужудим титради. Кўз олдим қоронғулашди. Оламни зулмат қоплади.
Само титради. Само ёмғир ёғдирди. Кўзларим­ни намлади.
Вужудим бир қизиди. Бир совиди. Қоп-қора тун қўйнида муаллақ қолди.
Бу тун азобли бўлди… Бу тун дўзах бўлди…
Қани энди бу тун ўрнида саратон туни бўлса. Нўхат даласидаги қадрдон тун бўлса. Қани энди бу тун ўрнида қаҳратон туни бўлса. Амаким от ўйнат­ган – бизни йўқлаган тун бўлса. Қорлар рақсга тушган изғиринли тун бўлса…
Тун бағрида амакимни кўрсам. Бориб отининг жиловини тутсам. У менга бир қиё боқса. У менга бир оғиз сўз қотса…
Талабалик кезларимдаги онаизоримни кўрсам. Менга пул тутган қўлларини кўрсам. Унинг ортидаги улкан тоғни кўрсам – амакимни кўрсам.
Отам ўрнидаги отамни кўрсам…

“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 8-сон