Муҳаммад Зиё. Туш (ҳикоя)

Бу тоғми? Баландликми? Бунинг умуман қизиғи йўқ, муҳим ҳам эмас. Шу ёққа чиқиш керак. Тамом-вассалом. Тирмашганлар кўп, болалару чоллар, жувону кампирлар, йигит-қизларнию асти гапирманг. Ҳаммаси ўша ёққа, нима бор у ёқда, билмайман. Лекин мен ҳам орта қолмай деб юқорига, юқорига ва яна юқорига интиламан. Қани энди натижа бўлса, сал одимлагандай бўламан. Аммо гуп этиб яна пастга қулайман. Бу нимаси, бошқалар қандай уддалаяпти ахир. Атрофга разм соламан. Одамлар бинойидек илдамлашяпти. Бироқ менга ўхшаш гупиллаб йиқилаётганлар ҳам оз эмас. Яна бир марта бор кучим билан ҳаракат қилдим, сал юқорилагандай бўлдим, кейин чунонам дупиллаб тушдимки, кўзимдан олов чиққандай бўлди. Биров кўриб қолмасин дея дарров устимни қоқаман, атрофга боқаман. Шунда эллик қадамча нарида эгнида оқ яктак, соч-соқоли ҳам оппоқ бир мўйсафид менга қараб кулиб турибди. Аччиғим чиқиб ёнига бордим-да:
– Нега куляпсиз? – дедим жаҳл билан. У хотиржамлик билан ёнидан жой кўрсатиб, “ўтир” дегандек ишора қилди.
– Раҳмат, сизга ўхшаб бекорчи эмасман, – дедим
– На салом бор, на алик, бу қанақаси? –деди яна мулойимлик билан.
– Биринчидан, мен сизни танимайман. Иккинчидан, нега сиз мени устимдан кулдингиз?
– Болам, ўзингни бос, мен сенга кулганим йўқ.
– Ўзим кўрдим, баландликдан тойиб йиқилганимда устимдан кулдингиз ё тонасизми?
– Қайси баландликдан?
– Анави тоғдан – дедим қўлим билан кўрсатиб.
– Шуми тоғ деганинг?
– Ҳа, нимайди.
– Нима бор у ёқда?
– Билмадим.
– Унда нега чиқмоқчисан?
– Чиқишим керак. Ҳамма ўша ёққа чиқишни хоҳлайди.
– Нега?
– Чунки у ёқда ҳаёт зўр, мисоли жаннат.
– Йўғ-э, – деди ажабланиб.
Баттар жаҳлим чиқди. Тавба, бу нима бало, худобехабарми? Ё ўзини жинниликка соляптими? Ҳа… Энди билдим, бу чол кучдан қолган, ўзи ҳам чўққига чиқишни орзу қилади. Аммо куч-қуввати етмайди. Шунинг учун ўзини овсарликка соляпти. Мен бўлсам бу билан пачакилашиб вақтимни зое кетказяпман. Боре… дедим ичимда, энди кетмоқчийдим:
– Тўхта, ростдан ҳам шу ёққа чиқмоқчимисан, – деди муйсафид яна ҳам хотиржамлик билан.
– Нимайди?
– Диққат билан қулоқ сол, аввало, бир эшикдан киришдан олдин чиқишни ўйлаш керак. Қолаверса, юқорига чиқиб тушган одамлар қанча, улардан, ўзинг айтмоқчи, «мисоли жаннат» ҳаёт ҳақида сўраб билсанг бўлмайдими?
– Бўл-май-ди. Мен эшитганига эмас, кўрганига ишонадиганларданман.
– Материалистмисан?
Оббо, буни ростдан ҳам томи кетибди-ку, шу замонда материалистга бало борми? Яна ўзини доно қилиб қўрсатганига ўлайми, мен ким, бештакам кандидатман. Хўш, бу чол ким ўзи, минғир-минғир вайсақи, жавоб бераман, сал ёшроқ бўлганда менга қўшилиб, юқорига ҳаракат қилаётган бўларди. На илож, “узумга бўйи етмаган тулки туф сасиқ” деган экан.
– Яхшилаб қара! Тоғми? Чўққими? Тепалликми? – қўлларини ўша ёққа қаратиб деди қария. – У ёққа ўз кучи билан чиқаётганлар мингтадан битта, қолганлари махсус ип орқали кўтарилишяпти. Сен даражангни биласанми ўзи?
Фиғоним фалак бўлди. Шу туришда бўғиб ўлдириб кўйгим келди. Лекин ўзимни базўр тийиб, кўзларига кўзимни тик қадаб: – Ҳа, ўттиз тўққиз ярим, бўладими? – дедим киноя билан.
– Яхши, даражангни билар экансан. Ўзинг билан ҳарорат ўлчагич олиб юрасанми, дейман.
Энди алаҳсираётганига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.
Ий-э, индамасам бу сассиқ чол мени ростдан масхара қилишни бошлади шекилли, яхшилаб қулоғининг тагида бир шавла қайнатиб қўяй дедим-ку, шайтонга ҳай бердим. Шу билан ғижиллашиб қанча вақтим кетди. “Тентак!” Шарт унга терс ўгрилдим-да, келган томонимга қараб кета бошладим. Одамлар бинойидек, илдамлашяпти, бироқ ҳеч қанақа ип ҳам, арқон ҳам кўримайди. “Бу чолни мияси айниган десам, кўздан ҳам қолган эканда”, хаёлимдан ўтказдим. Чолга ачинганимданми, ё бошқа сабабми, ортимга қарадим. Қарадим-у, не кўз билан кўрайки, ўриндиқда чол йўқ. У қайгадир ғойиб бўлганди. Атрофга қарадим. Шунда бир ғалати манзарани кўрдим. Минглаб одамлар юқорига ҳаракат қилсалар-да, бу ёқда миллионлаб одамлар ўзи билан ўзи овора экан. Тавба. Бу қанақаси, булар қачон, қаердан келишди. Нима билан машғул, ҳайратдан жойимда қотиб қолдим. Шунда кимдир ортимдан келиб, қўлимдан ушлаб, юринг, юринг деб, тоғ томонга тортяпди. Қарасам, бир гўзал қиз, ҳурилиқо жилмайиб турибди. Энди баттарроқ
ажаблана бошладим. У эса қаттиғроқ, жадалроқ, “юринг, юринг”…
– Туринг, туринг…
Чўчиб кетдим, кўзимни очсам хотиним қўлимдан ушлаб “туринг, туринг”… деяпти.
– Нима, ёмон туш кўрдингизми? Дадаси, бирам алаҳладингиз-э, – деб қўшимча қилди камига.
“Суф-э, тушим экан”, энди анови сулув билан гаплашмоқчийдим, манов ўсар уйғотиб юборди. Мен хотинимга бироз термулиб қолдим.
Ҳа, тинчликми? – деди хотиним оғзининг таноби қочиб. Худди бир нарсани билиб олгандай, ҳаётдан мамнун бўлиб тишларини оқини кўрсатиб илжайиб турарди. Бу айни ўша ҳолат эди. Шу кулиб туриши ёқмади. Қўлимни терс томони билан юзига бир урдим.
– Нега урасиз? – деб йиғлай бошлади.
Тушунтириб ўтирмадим, тонг яқинлашиб қолган экан, туриб ювиниб-тарана бошладим. У ҳам йиғлаб-йиғлаб майда-чуйдаларини йиғиштира бошлади. Боғчага борадиган ўғлимни ҳол-жонига қўймай уйғотди, йиғлатди, кийинтирди-да, “Биз онамникига кетамиз”, деди ҳали ҳам йиғлашдан тўхтамай.
Онам доим хотин кетаман деса, эр “кетавер” деб бўлмайди. Чунки бу ҳам талоққа сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун секин “майли, бориб кел” денглар деб кўп насиҳат қиларди. Ҳозир шу эсимга тушиб, “кетавер” эмас, аксинча…
– Бор жўна! – дедим зарда билан.
У кўзида ёш билан болани етаклаб чиқиб кетди. Кетса, кетаверсин. Неча марта кетган бўлса, ҳамиша қайнонам ё онам қайтариб олиб келган. Аммо мен ҳеч қачон йигит бошимни эгмаганман, бундан кейин ҳам эгмайман, ялинмаганман. Чунки мен – бу менман. Мен ҳақ, улар ноҳақ. Айб ўзида.

* * *

Ишга бордим, эрталабдан дилхиралик бўлгандан кейин қолгани нима бўларди. Ишхонада ҳам асаббузарлик, шартта бошлиқнинг олдига кириб, мазам бўлмаётгани айтиб жавоб олдим-да, кетдим.
Йўл юрар эканман, бўлган воқеалари таҳлил қила бошладим. Ким ҳақ, ким ноҳақ. Хотин деган эрни тушуниш керак-да. Айниқса, менга ўхшаган бештакам кандидатни, у ким – ўрта маълумотли бир хотин. Аслида, гап маълумотда ҳам эмас. Тушунишда, ҳа, ҳа, эрни тушунишда. Ҳамма бало шунда. Бугун анчадан бери дилхунликка сабаб бўлаётган воқеага нуқта қўйдим. Холос.

* * *

Бир ҳафта ўн кун аввал унинг қишлоғидан икки аёл иш билан шаҳарга келган экан. Ишлари битмай қолиб, бизникида бир кеча қолишадиган бўлибди. Хотиним телефон қилиб, шундай-шундай деб тушунтириб, ош қилмоқчилигини, аммо гўшт йўқлигини айтди. Жаҳлим чиқди. Нима, меҳмон келишини туш кўрибманми? Ўйлаб туриб, ёнимиздаги дўкондан уч-тўртта тухумни қарзга олиб тургин, деб маслаҳат бердим.
Уйда меҳмонлар борлигини билиб, атай кеч бордим. Меҳмонлар билан ҳол-аҳвол сўрашиб, апил-тапил овқатланиб, чарчаганимни баҳона қилдим-да, ётоққа равона бўлдим, ортимдан дарров хотиним югургилаб кириб, меҳмонларга бир-икки маслаҳатингиз керак экан, деди. “Нима, мен маслаҳатчиманми?” – деб жеркиб бердим. Тўғрида, ўтган сафар бир иш билан менинг қариндошларим келишганди. Иши битмай, бир ҳафта уларга қўшилиб мен ҳам овора бўлиб юрдим. Бошлиқдан ҳам қанча гап эшитдим. Ўлганнинг устидан тепган қилиб денг, иш билан келган одамларнинг кўнгиллари кино, театр, истироҳат боғларини тусаб қоладими-э, чиқим устига чиқим. Кимга зарил. Бу сафар унинг қишлоқдошларини етаклаб юришим керак. Аҳмоғинг йўқ. “Бор ишингни қил”, дедим.
Эртаси куни эртароқ ишдан қайтдим. Ўғлим билан апоқ-чапоқ қилиб ўтиргандим. Хотиним овқатга уринаётганди. Эшик тақиллади. Мен очдим. Тағин ўшалар – ишлари битмай яна бир кун қоладиган бўлишибди. “Яхши, киринглар”, дедим. Яна нима дейин. Хотиним ошхонада мени имо қилиб чақирди. Кирдим, яна гўшт муаммоси. Қассобхоналар ёпилиб бўлган. Дўкондан икки юз грамм “варионный калбаса” олдим-да, хотинимга овқатга қўшишини айтдим. Эртасига ишга кетар чоғимда, меҳмонлар бугун қишлоққа қайтишларини айтдилар. Хайрлашдим, қариндошларга, танишларга салом айтишни тайинладим. Ўша кун ишхонада иш кўпайиб жуда кеч қайтдим. Ўғлим ҳам кутавериб ахийри ухлаб қолибди. Уйда меҳмонлар йўқ экан. Сал енгилроқ нафас олдим. Ювиниб-тараниб, энди овқатланишга ўтиргандим, эшик тақиллаб қолди. Очсам, эрталаб хайрлашиб кетган яна ўша меҳмонлар… Улар ҳам хижолат, ҳар ҳолда хайрлашиб кетган. Борсакми? Бормасакми? Бир қарорга келгаунларича вақт ҳам алламаҳал бўлибди. “Ҳечқиси йўқ, тор
тинманглар, худди ўзингизнинг уйингиздагидек ҳис қилинг, уйимизни тўри сизларники, дедим, ноилож. Ахир ота-бобомиз “Буғдой нонинг бўлмаса ҳам, буғдой сўзинг бўлсин”, деб бежизга атишмаган-ку.
Кечки овқат аллақачон тайёр бўлганди, дастурхонга картошка билан қовурилган макарон тортилди. Начора бу вақтда дўконлар ҳам ёпилиб бўлган. Сал эртароқ бўлгандами? Балким бирор тансиқроқ нарса ўйлаб топса бўларди. Энди илож қанча. Пешона экан. Ҳамма дастурхонга қаради. Қани олинглар…

* * *

Бир-икки кун ишдан кеч қайтиб юрдим. Меҳмонларнинг иши битди шекилли, ҳар қалай кўринишмай қолди. Уч-тўрт кун деганда хабар келди. Бу қишлоқдошлар хотиннинг онасига бориб, роса мақтабди. “Қизингиз бекам-кўст юрибди”, дебди. Ҳаммасидан ҳам ўтиб тушгани “Музлатгичида ҳамма нарса бор экан”деб айтибди.
Музлатгични очдим, уч-тўртта булғор қалампир, иккита помидордан бошқа айтарли ҳеч нарса йўқ, бўлмаган ҳам. Пастки қаватида эса битта бонкада гуруч, яна биттасида мош, яна бирида нўхат турар ва яна алламбало нарсалар, жон-поним чиқиб кетди. Миямга “улар устимиздан кулишган” деган фикр келди. Назаримда, музлатгичда гўшт, тухум, сир, колбаса ва яна бошқа тансиқ егуликлар бўлиши лозим эди. Бизникида-чи… Ҳамма айб хотинда, қайси аҳмоқ нўхат-мошларни музлаткичда сақлайди. Тентакми бу… буни хотинимга қандай тушунтиришимни, изоҳлашимни билолмай туриб қолдим. Жаҳлим чиқиб, асабим ўйнай бошлади. У эса ҳамон, парвойи фалак, “Музлатгичида ҳамма нарса бор экан дебди”ни айтибди. Ҳаётдан мамнун бўлиб, тишининг оқини кўрсатиб илжайиб турарди. Шу туришда юзига бир тарсаки туширганимда, нега беайб мени урасиз, деб онасиникига кетиб қолган бўларди. Айни пайтда бунинг сабабини тушунтиришни ҳам хоҳламасдим.

* * *

Бугун тонг-саҳарда мени уйғотганда ҳам худди ўша ҳолат тағин – илжайиб турарди. Беихтиёр яна ўша кунги вақеани эсладим-у юзига қўлимнинг терс томони билан урдим. Тўғри қилдим. Тарбияладим. Барча хатоларни тўплаб биттада нуқта қўйдим-да, жазосини бердим. Ҳаёт мисоли математика, ҳаммаси ҳисоб-китобли, инсон мана шундай бўлиши керак. Барча хатти-ҳаракатларимни адолат тарозисига солдим ва яна ғалаба қилдим. Энг муҳими, ҳар сафаргидай яна ўзим ҳақ бўлиб чиқдим. Шунинг учун ҳам бу менман. Мен ким, бештакам кандидат, ҳали фан кандидати бўлай, ана ундан кейин кўрасиз, бу ҳали ҳолваси. Қани олға.
Ичим қизиб, юрагим ёниб кетаётгандек бўлди. Йўлдаги дўкондан бир литрлик газсиз сув олиб, бир кўтаришда бўшатдим. Таҳлиллардан сўнг ўзимни анча енгил ҳис қилдим.
Соатга қарадим. Тушлик ўтиб кетибди. Анча-мунча йўл босиб қўйганимни энди билдим. Бирор жойда тушлик қиладиган пулимнинг ярмини таксига берсам, уйга олиб бориб қўяди. Бирор егулик тайёрларман, барибир кечки овқатга ҳам нимадир қилиш керак-ку, деган ўйда машина тўхтатдим, манзилни айтдим. Йўлга тушдик. Радиодан берилаётган маъруза қулоғимга чалинди. Шу десангиз, мавзу ҳам “эр-хотин ўртасидаги муносабатлар”га бағишланган экан. Ҳаётдан, ҳадислардан мисоллар келтирилар, унда эрни оила бошлиғи эканлиги, мабодо аёли итоатсизлик қилганда, аввал эр унга ваъз-насиҳат қилиши, унда ҳам ўзгариш бўлмаса, ўрнини бошқа қилиб ётиш, шунда ҳам тарбия олмаса, жонига озор етказмайдиган қилиб, номигагина битта бармоқда уриш, уришдан мақсад калтаклаш эмас, аксанча муносабатлар қай даражага бориб етганлигини билдириш эканлиги ҳақида гап борарди. “… Агар шунда ҳам ўзгариш бўлмаса…”
Ҳайдовчининг “Ока етиб келдик” деган сўзлари хаёлимни бўлди.
Машинадан тушиб, тўғри уйга йўналдим. Ўзимни қандайдир ҳорғин ҳис қилдим. Бу кўп йўл юрганимдан бўлса керак. Уйга кирдим, ҳувиллаб қолибди. Усти-бошимни ўзгартирар эканман қандай овқат тайёрлаш ҳақида ўйладим. Энг осони, тез ва қулайи пиёз билан картошкани қовуриш дедим-да тайёрлашга киришдим. Овқат тайёр, аммо иштаҳа йўқ. Ваннага тушсам, зора енгил тортарман деган ўйда сувга кўмилиб узоқ ётим. Миямдаги ҳар хил бемаъни ўйлар тинчлик бермайди. Нимага бунақаман-а, нега бўлар-бўлмасга жаҳл қилиб ҳамманинг дилини оғритаман. Нега тажангланавераман, оилада ҳам, ишда ҳам ҳамиша ўзим ҳақлигим билан фахрланаман, мағрурланаман. Нимаси ёмон бунинг?. Аслида, ҳақманми? Ёки ноҳақманми? Бу нима деган гап. Агар ноҳақ бўлсам, қандай қилиб ҳамиша ғалабага эришардим. Мен… Мен хатти-ҳаракатларимни нимага ва қайси мезонлар асосида ўлчар эдим. Мени ҳамиша ҳақликка, ғалабаларга етакловчи адолат тарозуси қандай тарози эди. У қайси меъёрлар ёки мезонлар асосида ишларди. Нима, м
эн шунчалик худбин, тубанманми? Наҳотки, шундай бўлсам. Наҳотки….
Ахир унда қандай қилиб ҳамиша ҳақ бўлиб чиқардим, бугун саҳардаги воқеа-чи, нафсиламрини айтганда, тушдаги ўша «ҳурлиқо» билан бир оғиз гаплашсам дегандим. Мақсадим унақа ёмон эмас, шунчаки, унинг нияти нима эканлигини билмоқчийидим, холос. Қолаверса, у чиройли, гўзал, дилбар бўлсаю ўзи “юринг, юринг” қилсаю, кейин ким билади у ёғини яна. Эй…
Инсон ўзини ўзи, бировни алдаши мумкин. Лекин Худони алдай олмайди. Тушимда бўлса-да, чолнинг дилини ҳам чакана оғритмадим. Нима эмиш “бештакам канидатман” эмиш, яхшиям кандидат бўлмапман. Хўш кандидат бўлганимда нима ўзгарарди. Ахир кандидати ё доктор дегани ҳамиша ҳамма ишни тўғри қилади, ҳамиша ҳақ бўлади дегани эсмас-ку. Шундай экан бало боримиди ўша мўйсафидни хафа қилишга, ипмиди, арқонмиди, у кўрибди, сен кўрмабсан. Хўп, билмапман десанг, “Асаканг кетадими?”. Ишхонда ҳам шу аҳвол – каттани-катта, кичикни-кичик демайман. Нуқул сапчиганим-сапчиган. Айбдор бўлсам-да талашаман, тортишаман, енгишаман. Ҳеч бўй бергим келмайди. “Олдимдан келса тишлайман, орқадан келса тепаман”. Тўғриси ҳам шуда, манмансираганим-манмансираган. Нимамга катта кетаман, ким қўйибди менга эррайимчилик қилишга, топвоганим “бештакам кандидат”! Ўлганим яхши бу кунимдан.
“Осмондаги танҳо юлдуз бўлсанг ҳам, осмонингдан туш” дегувчи йўқ. Бордир эҳтимол, уларни ҳам ҳафсалаларини пир қилгандирман. Қачондан буён бундай бўлиб қолдим. Нега, қачон, қаерда ўзгардим. Билолмадим. Нега энди биров “Осмондан туш” дейишини кутишим керак. Ўзим кап-катта, эсли-ҳушли одамман-ку, ўзимга-ўзим “Осмондан туш” деб айтсам-да, ўзгарсам, бари бемаънигарчиликларга чек қўйсам, бўлмайдими? Ким менга тўғаноқ бўляпти. Ҳеч ким…. Ҳеч нима…

* * *

Қанча вақт ўтганини билолмадим сувдан чиқдим, артиндим. Ошхонада ўзим пиширган ош – айланиб ҳам, ўргилиб ҳам ичаверадиган. Аммо яна иштаҳа йўқ. Бир литрлик бонкадаги совуқ чойни симирдим. Кун бўйи туз тотмаган бўлсам-да, қорним тўқ, ажаб… Ўйлар эса яна тинчлик бермайди.
Нега ҳеч нарсадан кўнглим тўлмаяпти. Нимадан норизоман. Менга нима керак эди-ю, мен нимани излаяпман? Нимадан ташвишланишим керак эдию, нима мени ташвишга соляпди. Шунчалар аламзадаманми? Кимдан? Нимадан? Нега? Менга нима етишмаяпти? Мен нима хоҳлаяпман ўзи? Нафасим қиса бошлади.
Мени нима тинчлатиролади? Худога шукур, уйим бор, уйсизлар қанча. Бнойидек ишим бор, ишсизлар қанча. Фарзандим бор, тирноққа зорлар қанча. Яна нима керак? Оллоҳга шукур, тўрт мучам соғ. Агарда сидқидилдан бир ишга киришсам, бу дунёда мен эплай олмайдиган ишнинг ўзи йўқ-ку. Бўлди, бас. Тамом-вассалом. “Бисмилло” деб ётаман-да, агар ўша чол тағин тушимга кирса, узримни сўрайман, эртага бориб аёлим ва фарзандимни кечирим сўраб олиб келаман.