Муҳаммад Шариф. Немис (ҳикоя)

У тушган машина Қамчиқ довонидаги чегара назорат нуқтасига етиб келганида маълум бўлдики, тоғ йўли ёпиқ экан. Кеча туни билан қор ёққан, довонда йўлни тозалаш ишлари ҳали тугамабди. Орадан бирор соат ўтмай йўлда машиналар турнақатор бўлди, бир зумда қурут, писта, қўқонпатир, ҳатто узун хитойи термосларда қайноқ чой ва қаҳва сотаётган болалар ва аёллар пайдо бўлди. Ҳайдовчи ва йўловчилар бетоқат, ҳамма қўлтелефонига ёпишган, кимдир бугун манзилига етиб боролмаслиги ҳақида яқинларини огоҳлантирмоқчи, бошқаси ҳали йўлга чиқмаган ҳайдовчи танишига довоннинг ёпиқлигини айтмоқчи. Йўл ўртасида турган милиция ходимини одамлар ўраб олиб тўхтовсиз саволга тутади, у эса безор бўлганидан ҳеч нарса билмаслиги, йўл беш ёки ўн соатдан кейин, балки бугун умуман очилмаслиги ҳақида бақиради. Баъзилар норози тўнғиллаб ортга қайтяпти. У тушган машинадаги йўлдошлар бир овоздан “ортга қайтмаймиз, ишимиз тиғиз, кутамиз, йўл барибир очилади, бир амаллаб довондан ўтиб олсак бўлди”, дейишди. Бу гап унга ҳам маъқул тушди, ортига юз эллик чақирим юриб қайтиб боргандан кўра, ўн соат бўлса ҳам шу ерда кутади, довондан ўтиб, уйига етиб олса бас.
Қор учқунлаб, изғирин шамол эсяпти, ҳар замон елкасига қуролини илиб олган аскарлар ўтиб қолади. Аскарларнинг ихчам калта пўстини, оёғидаги иссиқ этиги, бармоқсиз қора чарм қўлқоплари ўзларига ярашиб тушган, баъзилари қора кўзойнак тақиб олган. Ҳа, бугунги аскарлар қандай кийинишни билади. Улар қуролини-да бошқачароқ тутади, бунда бир виқор, яна бироз димоғдорлик бордек. У ҳарбийда хизмат қилган даврларда бунақа юриш-туришдан асар йўқ эди. У нигоҳи билан довон томон ўтаётган аскарларни кузатиб қўйгач, яна ўйга толди. Бордию йўл очилмай, тунда шу ерда қолиб кетишса-чи? Шамол машинани ўрнидан қўзғатиб юборгудек важоҳат билан эсяпти, ташқарига тамаки чекиш учун  бир зумга чиққанида ич-ичигача музлаб кетди, енгидан кирган изғирин елвизак почасидан чиқади. Ўзини дарров машина ичига урди. Йўл очилмаса, бу туришида ҳоллари хароб бўлиши тайинга ўхшайди. Машина моторини тез-тез ёқиб, печкасини ишлатиб туриш зарур. Туни билан қолиб кетишса ёнилғи етармикин? Ҳайдовчи моторни узоқ ишлатиб туриш йўлкира пулини ошириб юбориши ҳақида огоҳлантирди. Йўловчилар кўнишди, пул жондан азиз бўптими, дейишди бир овоздан. У энди чирпирак учаётган қор зарраларига қараб ўзига тасалли беради, тўхтаяпти, онасининг таъбири билан айтганда, бу қор парчалари “ҳавонинг заҳри” холос.
Болалигида “ҳавонинг заҳри” деган гапни икки сабаб туфайли жуда ёмон кўрарди. Биринчидан, куни билан кўз қувнатиб ёққан қор энди тўхтади дегани эди бу. Иккинчи сабаби эса…
…Болалигида қишлоқ уйларининг томи лойсувоқ бўларди. Қор роса бўралаб ёғганидан сўнг кун бўйи мазза қилиб қорбўрон ўйнаган ака-укалар томга чиқиб қор курарди. Акалари ўқишга кетганидан кейин бунақа ишлар унинг ўзига қолар, том кураш деса, жиғибийрон бўларди.   Қор ҳали учқунлаб турибди, изғирин шамол эсади, у эса томда туриб бақиради:”Бўлди, курамайман бошқа, қор ҳали ёғяпти-ку!” Онаси пастдан туриб танбеҳ беради: “Қор тўхтаяпти, бу ҳавонинг заҳри холос! Эртага қуёш чиқиб кетса, уйга чакки ўтади”.
Ҳа, қор кураш қийин иш. Иссиқ сандалга оёқ тиқиб, телевизорда уруш кино кўриш эмас. Қўллари муз қотиб, қоркуракнинг сопини қорнига қадаб қор уюмларини жаҳл билан сурар экан, узундан-узун том қачон қордан тозаланади-ю, мен қачон  иссиқ сандал кўрпасига ўралиб телевизор кўраман, дея орзу қиларди. Агар шу тобда уруш ҳақида кино берилаётган бўлса-чи, бу ўйдан унинг ичи қизиб, алами ортади.
Том катта эди. Бобоси билан энаси яшаган, бир айвон, даҳлиз ва ичкари хонадан иборат уй, ўзлари турадиган икки хонали ва алоҳида дарсхонаси бор иморат, кейин ошхона ва ундан сўнг омборхона бир-бирига уланиб кетган. Ҳали ҳовлининг нариги четидаги қўйхона ва молхона томи ҳам бор. Яхшиям молхонага туташ ёзги бостирманинг устига ғўзапоя босилган, ҳарнав битта томга бўлсаям камайган. Оёғидаги пайпоғи ивиб, қозони этигнинг ичи худди шолипоядек билчиллама бўлиб қолади, бармоқлари муз қотади, бурни қизариб, қулоқларининг учи ачий бошлайди, шунда у уруш пайти немислар ҳам асирларга бунчалик шафқатсизлик қилмаган бўлса керак, деб ўйлаб қўяди ўзича. Бундай кезларда у нима қилиб бўлса ҳам фикрини чалғитишга уринади.  Қорни пастга кураганида бир жойга уюшга ҳаракат қилади, қор уюми кўтарилиб, тепалик ҳосил бўлади, томдан туриб унинг устига сакрайди. Лекин сакрашдан аввал томдаги вазифасини адо этиши керак –  ётволиб, қоркуракни милтиқдек тутганча ҳар томондан бостириб келаётган немисларни ўққа тутади, “ёвга қарши туришнинг ортиқ имкони йўқ, ўртоқ командир, чекинишга рухсат беринг,” деб бош қароргоҳдан буйруқ кутади. Шундан кейингина томдан қор уюми устига сакраб тушиб, молхона ва сомонхона девори ортига ўтиб, партизан урушини бошлайди. Гоҳо деворга тиккалаб қўйилган маккапоя боғламлари орасига яширинади. Агар шу пайт қоп-қора, кажавали мотоциклини дўриллатиб  кўчасидан немис ўтиб қолса борми, худо берди унга! Томма-том сакраб, деворма-девор ошиб, унинг қораси ўчгунча “ўққа тутади”.  
Телевизор дейилганда у фақат битта нарсани тушунарди – бу фақат  уруш ҳақида кино кўрсатадиган қути, катталар адашиб унда  концерт кўради ёки зерикарли маъруза тинглайди, чўққисоқол чолнинг “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувини томоша қилади, онаси бечора тўқима воқеа асосида қўйилган телеспектаклни кўраётиб пиқ-пиқ йиғлаб ҳам олади. Фақат у эмас, барча тенгдошлари ҳам уруш ҳақидаги киноларга шу қадар ўч эдики, мабодо кино кундуз куни бўлса, уч-тўрт синфдош дарсдан қочиб келиб кўрарди.  Кинонинг бошланиши одатда жуда ҳаяжонли  бўлади: “Мосфильм” киностудияси намойиш қилади… Биринчи ижодий уюшма” баъзан “иккинчи” ёки “учинчи ижодий уюшма”, дерди аёл сухандон жуда жиддий ва таъсирли овозда. Уларнинг ҳаяжони ортади – уруш ҳақидами ёки катталар кўрадиган,  ўпишмачоқ саҳналари бор зерикарли киноми? Мактабда болаларнинг гапи доим шу ҳақда бўларди, агар “иккинчи ижодий уюшма” бўлса, уруш кино бўлади, дерди кимдир. Бошқаси эса, йўқ, “учинчи ижодий уюшма” киноси уруш ҳақида, дерди. Кинонинг кучи шу даражада эдики, учинчи синфга ўтибдики ҳамон китобни зўрға ҳижжалаб ўқийдиган синфдоши фильм титридаги ўрисча исмларни шариллатиб ўқиб ташларди. Бундай киноларни кўраверганидан мактабда ҳам уларнинг юриш-туриши “урушдан” иборат эди. Ярми партизан бўлса, қолганлар “гестапочи” эди. Одатда, мактабдаги уруш-уруш ўйини директор хонасида акаларига ҳарбий таълимдан дарс берадиган “воен.рук” ўқитувчи томонидан росмана калтакланганидан сўнг барҳам топарди, негадир директорнинг ўзи жазолаш жараёнига мутлақо алоқаси йўқ одамдек, кўзойнак тақиб, столга ўмганини бериб газета ўқиб ўтирар, охирида: “Бугунга бўлди, Отабек”, деб қўярди бошини кўтармасдан.  
Уйга келгач, у қош қорайгунча мол-қўйга қарайди, кейин ўзини овутиш учун яна қўлига илинган калтакни қурол қилиб, хаёлидаги душманлар билан отишади. Гоҳо яраланиб йиқилади, ўқ текканда қандай ва қаерга қулашни ҳам билиш керак, ёмон жойга тушса, узоқ ётиб қолади. Баъзан жанг қақшатқич тус олади, у деворга тиккаланган маккажўхори боғларини уриб йиқитади, оғилхона томидаги пичан боғлари билан олишади, кейин ерга тушиб, улкан ёғочдан йўнилган эски охур ичида пистирмада ётади. Душман кўплашиб келганда ўт қирқадиган тўрт оёқли жоди энг зўр пулемётга айланади. Тариллатиб тўрт томонга ўт очади. Жанг авжига чиққанида юз бериши мумкин бўлган воқеа – бу кимдир, акасими, опасими ёки синглисининг келиб қолиши эди. Унинг уруш-уруш ўйини ҳақида бошқаларга айтиб қўйишса, тамом, ҳовлида қиёмат қойим қўпади. Аламидан қўлига илинган нарсани дуч келган томонга  улоқтирар, опалари анҳордан ҳозиргина ташиб келтирган пақирдаги сувни тепиб ағдарар, камига солмадаги сутни улоқтирарди. Кетмон, белкурак, ўроқ ва дасткаллалар ҳар томонга учарди. Товуқлар қақағлаб қочади. Бир сузонғич қўйлари бўларди, оғилдан чиқиб кетса отасидан бошқа ҳаммани қувлаб сузарди, тиккасига калла соларди, калтакдан сира қайтмасди. Бир гал уйдагилар овқат устида унинг уруш-уруш ўйинини калака қилишганда шартта бориб ўша қўйни оғилдан чиқариб юборган, кун бўйи ҳеч ким ҳовлига чиқолмаган, ҳаммалари уйда қамалиб ўтиришган. У эса кечгача кўчада ўйнаган. Кечқурун отаси келиб, “немисдан ҳам баттар бераҳм экансан”, дея сўккан. Бу гап унга жуда алам қилган, ахир ўзи доим немисларга қарши уруш-уруш ўйнаса, яна уни немис деб сўкишса! Мактабдаги ўйинда ҳам кимдир жони қаттиқлигини кўрсатса, уни “немис” дейишарди.   
Аслида эса немис ойда бир-икки марта кўчадан кажавали қора “Урал” мотоциклини дўриллатиб ўтиб қоладиган ўша қўрқинчли дўхтир эди. Уни одамлар “Қозоғистонда туғилган ҳақиқий немис”, дейишарди. Немис дўхтир мактабга болаларни эмлагани келганида бир-икки катта синф ўқувчилари ҳам деразадан ўзини ташлаб қочганини ўз кўзи билан кўрган. Шунданми, чўтир немис дўхтирнинг қораси кўринди дегунча уни ваҳима босади. Пана-пастқам жойлардан мўралаб, қораси учгунча “ўққа тутганидан”  ҳузур топади, топган ҳузури анчага етади.   
Ўша пайтлар машҳур бўлган “Зобитлар” фильми унга қаттиқ таъсир қилган. Айниқса қаҳрамонлардан бири, зобитлар авлодидан бўлган қизнинг немислар қўлига асир тушиб, қийноққа солинган саҳнасини сира унутолмасди. Қизнинг тўзғиган сочлари, оғзининг бир четидан оқаётган қон, азобдан сўлғиган юзи ва бошининг елкасига “шилқ” этиб тушиши сира кўз олдидан кетмас, унга қандай ёрдам берган бўлардим, дея доим ўйлар, тунлари немислар устига хаёлан бомбалар ёғдирарди.
Шундай кунларнинг бирида немис дўхтир мотоциклини дўриллатиб кўчада пайдо бўлди. Бу пайтда у бостирманинг томига босилган ғўзапоя устида кунботишдаги тоғ чўққиларига тикилиб хаёл сурар, қўлидаги қурол-кетмонсопни ҳордиқ чиқараётган аскар янглиғ тиззасига қўйиб ўтирганди. Мотоцикл шовқинини эшитдию, ўрнидан сапчиб турди, бехос қўлидаги “милтиқ” ғўзапоя боғлари орасига тушиб кетди. Вақт тиғиз, немис дарвозага яқин келиб қолганди. У бостирмадан олма шохига осилиб тушди-да, қўлга илингудек қурол қидира кетди. Дурустроқ нарса топилавермади, сомонхонага кириб бешликни олди-да, кўчага чопди. Дарвозага орқа, боғ эшикдан чиқиб борди. Боғ эшик дегани ҳар очиб ёпилганда пахса деворнинг тупроғини дув тўкадиган, мол-қўй кирадиган бир табақали эски ёғоч эшик бўлиб, ошиқ-мошиғига зўрға илиниб турарди. У  эшикни партизандек овоз чиқармасдан очиб, ташқарига мўралади. Худди ўзи, ўша дароз немис дарвоза олдида турар, қўлида юпқа чарм қўлқоп, оғзида ниманидир тинимсиз кавшайди. Немис дўхтир уйма-уй юриб, ким қачон эмланганини текширяпти экан, қайд дафтарига нималарнидир ёзарди. Онаси эса акалари, опалари ва сингилларини номма-ном айтарди.
У атрофга аланглаб, нима қилиш кераклиги ҳақида ўйлади, кейин деворга ёнбошлаб ўсган беҳининг устига чиқиб, қалин шохлар орасига яширинганча душманни ўққа тутишни ният қилди. Ўзича чамалаб, беҳининг ёнбошлаган танасидан югуриб чиқиб, тепадаги шохга осилиб олишни мўлжаллади. Бешликни беҳи тепасидан тортиб олса бўладиган алпозда деворга суяди ва уч-тўрт қадам ортга тисарилиб, югуриб келдию беҳининг сип-силлиқ танасига сакраб оёқ қўйгандаёқ сирпаниб, чалқанча ағдарилди. Бу пайт немис дўхтир мотоциклини ўт олдираётгани боис унинг гупиллаб йиқилганини ҳеч ким эшитмади. Унинг кўзида яшин чақнаб кетди, бир лаҳза осмонга қараганча қотиб қолди. Сўнг илкис келган алам ва ғазабдан сапчиб турдию бешликни қўлига олиб кўчага отилди, немис узоқлаб қолибди. У қўлидаги бешликни қарсиллатиб деворга урди, сопи ғарсиллаб синди. Алами аримади шекилли, таёқни ташлаб, қўлига илинган кесакми, тошми олиб, энди аллақачон узоқлаб кетган немис дўхтирнинг ортидан улоқтира кетди, камига “немис, немис, ханди хох” деб бақирарди.  Ҳали ичкари кириб кетишга улгурмаган онаси унинг бу қилиқларини кўриб ҳуши бошидан учди, бир унга, бир кўча муюлишида кўздан йўқолган дўхтирга, кейин синиб ётган бешликка қаради, бирдан ғазаби қайнаб, ердан синган сопни олди ва унинг қўлидан маҳкам тутганча ичкарига судради.
“Ҳе бола бўлмай кет, қачон ақлинг киради!? Жинни-кетди қилиқларинг билан шарманда қилдинг-ку! Сени бир таъзирингни бериб, ақлингни киритиб қўймасам!” дея қичқира кетди. Онасининг бунақа кучли эканини билмаган экан, оёғини ерга текккизмай уйга судраб элтди,  ўзи милтиқ қилиб ўйнаган таёқни бошида ўйнатди:
“Тавба қилдим де. Айт, қайтиб бунақа иш қилмайман де, тавба қилдим де!”
Бироқ унинг қайсарлиги тутиб, безга ўхшаб тураверди, миқ этмади. Бир-икки туширса туширар, чидайди, немисларнинг қўлига асир тушган партизанлар бундан баттарига ҳам чидаган. Унинг миқ этмагани, бездек туравергани онасини жиғибийрон қилди. Таёқ билан унинг болдирларига урди. Калтак емайдиган бола борми, у ҳақиқий партизан қийноқларга дош берганидек, калтакни писанд қилмай тураверди. Онасининг баттар жаҳли чиқиб, қаттиқроқ урди, чунки бундай пайт бола дегани йиғлаб, бурнини оқизиб, тавба қилдим, қайтиб бундай қилмайман, деб айюҳаннос солиши, ялиниб-ёлвориши керак-да. У эса миқ этмасди. Ахир у партизан, чидаши керак.
“Ҳа кўкармай ўл! Миқ этмайди-я! Таёқ таъсир қилмаяпти шекилли? Тавба қилдим де, айт! Айтмайсанми, мана бўлмаса!” Азбаройи ғазабдан онаси таёқни икки-уч марта куч билан туширди. Йўқ, ортиқ чидаб бўлмасди. Хайриятки, онаси бошидан сирғалиб тушган рўмолини қайта танғиш билан овора пайти у деразадан ўзини ташқари отдию кўчага қараб тумтарақай қочди. Унинг кетидан дарвозагача қувлаб келган онаси ортидан таёқни улоқтирганча қолди. У  қочиб борарардию юраги гупиллаб, қувончдан куларди: ахир йиғламади, калтакка дош берди.
Яхшиям кечқурун отаси келганида онаси эрталаб бўлган воқеа ҳақида ҳеч нима демади. Тунда уйқуси бузилиб кўзини очганда онаси унинг кўкарган болдирига эритилган қўй ёғи сурарди. Эртасига унинг ўйинқароқлиги чегара билмади. Кейинги гал немисни пулемётдан “ўққа тутишни” астойдил дилига тугди.   
Немис дўхтир учта қишлоққа хизмат қиладиган тиббий пунктда ишлайди, унинг исмини болалар билмайди, ҳамма немис дейди. Унинг қачон ва қаердан келгани ҳам болаларни қизиқтирмаган. Немиснинг бўйи баланд, ўзи чўтир, жағи узунлигидан юзи отнинг калласини эслатади, кинолардаги гестапочи немисларнинг ўппа-ўзи. Ҳамиша қовоғи солиқ юради, одамга қаттиқ тикилади. Сувлиғини чайнаётган отдек узун жағларини қимирлатиб доим ниманидир кавшаб юради.
Дўхтир немисдан ташқари яна битта, туман маориф бўлимида ишлайдиган методист немис бўларди. Отаси билим юртида ишлаган учун методист немис билан оғайни бўлиб қолган ва уч-тўрт бор уйларига меҳмонга чақирган. Методист немис девдек эди, дўхтир немисдан ўзгача, гумбаздек қорни, қип-қизил ва тиниқ юзи, осилиб турган бақбақалари уни меҳрибон ва безиён кишидек кўрсатарди.  Гардиши қора, ойналари катта кўзойнак тақиб юрадиган одам эди. Доим жилмайиб турганидан уни немис деб бўлмасди, ортидан “ўққа тутиш” ҳам ноқулай эди.    
У синфдошлари билан илк бор пахта теримига чиқа бошлаган кунлар эди. Кеч кузакнинг совуқ ёмғири томчилай бошлаганида уйга жавоб берилди. У хурсанд эди, чунки қишлоқ мактабида ётган техникум талабалари пахтадан қайтгач волейбол ўйнарди, шуни томоша қилишга боради. Бугун ёмғир туфайли волейбол ўйини бўлмайди, лекин кино қўйиб бериши тайин.  У кўча бошидан бурилдию узоқдан уйларига кўзи тушиб, ҳафсаласи пир бўлди. Эшик  тагига бир арава маккажўхори пояси ағдарилган эди. Отаси адирдан жўнатган, онаси билан синглиси ёмғирга қолмасин деб ташияпти, уни кўриб хурсанд бўлишди, энди тезроқ ташиб тугатамиз деб ўйлашди. Бироқ шу тобда унинг хаёли мактабдаги ётоқда қўйиладиган кинода эди, ҳеч нарса уни ушлаб қололмасди. У онаси билан синглисини алдади, мактабга чақирилганман, тумандан келган штаби бошлиғи ўқувчиларни чақирган деб кетворди. Онаси билан синглиси ёмғир остида маккажўхори боғламларини ташиганча қолишди.  
Мактабда уруш кино қўйишмади, зерикарли бир фильм бўлди. У уйига қайтганида маккажўхори поялари ташиб бўлинган, ёмғирда ивиб кетган онаси кўчани поя қолдиқларидан тозаларди. Онаси ишни тугатиб ичкари уйга кирдию эшик кесакасига суяниб қолди, пешонасидан шода-шода тер оқар, лаблари қуруқшаб кетган, бадани титрарди. Ака-сингил қўрқиб кетишди. Нима қилишларини билмасди. Отаси билим юрти талабалари билан адирда ётоқда, пахта терими тугаса келади. Катта ака ва опалари ҳам пахта теримида. Улар дилдираб турган онасини тўшакка ётқизишди. У тезда қўшни Ойниса холани чақириб келди. Қўшни хотин онасининг пешонасига кафтини қўйиб, капалаги учди. Мен бориб тезда Заҳро кампирни чақириб келаман, бирор чорасини топади, деди. “Йўқ! Заҳро кампирни чақирманг”, деб ёлворди у. Бобоси касал бўлганида Заҳро кампир қандай даволаганини у яхши эслайди. Ўшанда бобоси ўрнидан туролмай ётиб қолганди, нуқул қайт қиларди, сап-сариқ зардоб чиқарди ичидан. Кейин ўша Заҳро кампир келган. Тухум пўчоғини ҳовончада эзиб бобосига едирган. Эсласа, ҳалигача кўнгли айнийди, томоғи ачишиб оғрийди, нега ҳеч ким бу кампирни тўхтатиб қолмади экан ўшанда, деб ўйлайди. Бобоси тухум пўчоғи ейишни бошлагандан кейин тўрт кун ўтиб вафот этганди.
Қўшни хотин немис дўхтир узоқдалиги, табиб кампир қўшни маҳаллада экани, кинна ҳам қилишини айтиб уни кўндирмоқчи бўлди. У бобосининг тухум пўчоғидан қилинган толқонни  каппалаб зўрға ютаётган ҳолатини унутолмасди. Немис дўхтирни чақириб келаман, деди ойна ортидаги зулмат тундан чўчинқираб. Бироқ кинони деб ишдан қочиб кетишдек гуноҳини ювиш, иситмада ловиллаб ёнаётган онасига ёрдам бериш учун энди у ҳар нарсага тайёр эди.
Ноябрнинг совуқ шамоли ва ёмғирида юриш қийин, катта йўлда лип этган чироқ кўринмас, атроф зим-зиё, итлар ҳуради холос. Қўшни қишлоқ йўлида қабристон бор, унинг ёнидан қандай ўтиши ҳақида ўйласаёқ оёқлари қалтираб кетяпти. Бирор улов ўтиб қолсайди, деб ортига умидвор қараб қўяди. Бироқ ёмғир, шамол ва қоп-қора тундан бўлак ҳеч нарса йўқ. Ниҳоят, қабристонга ҳам етиб келди, бир бало қилиб ўтиб олса бўлди. Хаёлига келаётган ҳар хил мудҳиш ўйлардан икки курагининг ўртаси ичига тортилаверганидан оғриб кетди, бироқ ортига сира қарамади, қараса тамом, юраги порт ёрилиб кетадигандек эди. Қўрқса шундай бўларди, курагининг қоқ ўртаси ичига тортиб, музлаб қоларди. Бобоси илк марта сартарошга олиб борганида шундай бўлган. Ўшандан бери сартарош бошида машинасини юргизса, кураги ўйнаб кетади. Қўрқув исканжасида қабристон ёнидан ўтиб қўшни қишлоққа етиб олди. Катта йўл бўйидаги колхоз идорасининг шамолда липиллаб турган чироғи кўринди. Идора қаршисида, йўлнинг нариги бетида бир қатор тизилган оппоқ бинолар бор эди. Томи шифер билан ёпилган бу уйларни катталар “типовой дом” дейишар, уларда колхознинг парткоми, агрономи ва шунга ўхшаш амалдорлар яшарди. Охирги типовой дом тиббий пункт бўлиб, немис дўхтир уйнинг орқа томонидаги битта кичик хонада яшарди. Болалар автобусда йўлдан ўтишганда ҳамма қўли билан ўша бинони кўрсатар ва “ана, немиснинг уйи” дея бақиришарди. Биноларнинг эшик ва ромлари шаҳар уйларига монанд қурилган, қўштабақали эшиклари ойнаванд эди.   
У немис дўхтирнинг эшиги тагига келиб, яна қўрқув билан юзлашди. Бироздан сўнг онасининг иситмада ёнаётган ҳолини эслаб эшикни тақиллатиб ура бошлади, тишлари ҳам такилларди. Ичкаридан, “киравер, эшик очиқ”, деган совуқ ва дўриллаган овоз эшитилди. У эшикни очиб ичкари кирди. Чироқ ўчиқ, хона телевизорнинг ёғдусидан  ёришиб турарди. Кўрсатувлар аллақачон тугаган, экранда шахмат доскасини эслатувчи оқ-қора катакли тасвир турар ва у энг ёмон кўрадиган мусиқа эшитиларди. Телевизорда танаффус эълон қилинганда шу тасвир пайдо бўлиб, одамни зериктириб юборувчи шу мусиқа қўйиларди. Немис дўхтир хонанинг бурчагида, суянчиғи баланд ёғоч курсида чўкиб ўтирар, телевизор экранининг липиллаб ўйнаётган ёғдусида чўтир юзи янада важоҳатли кўринар, боши узра тамаки тутуни эринчоқ сузарди. Хонада тамакининг аччиқ ҳидидан ташқари наъматакли қайноқ қора чойнинг  таъмини эслатувчи ширин ҳид бор эди.  
– Берироқ кел. Кимсан, нима қилиб юрибсан ярим тунда? – деди у бепарво тамаки тортиб. Афтидан, у бемаҳалкелиб-кетувчиларга аллақачон кўникиб кетганди. У остонада тураверди, яқин боришга юраги бетламади.
– Кимнинг ўғли бўласан? – деди немис дўхтир унга синчиклаб назар ташлаб.
– Мен… мен… –  у ғалати ҳиссиёт оғушида қолди. Шу пайтгача отасининг исмини овоз чиқариб айтмаган экан. Кўз ўнгида отасининг доим жиддий турадиган чеҳраси намоён бўлди. Отасининг исми Ота эди, гўё бошқа исми бўлиши ҳам мумкин эмасдек. Қишлоқда уни ҳамма “домланинг малла кенжаси” дерди. Биров сўраса ҳам “домланинг ўғлиман” деб қўяверарди. Отасининг исмини айтиш қанчалар қийин эканини энди билди, бироқ сабабини тушунтириб беролмасди.  
– Онам касал бўлиб қолди, қаттиқ мазаси йўқ, – деди отасининг исмини айта олмаганидан йиғламсираб.
– Онангнинг исми нима? – деб сўради немис дўхтир бепарво.
У каловланиб қолди, онанинг исмини айтиш отанинг исмидан ҳам қийин экан. У нега ота-онасининг исмини айтолмаслигини ўзи ҳам тушунмасди. У ниҳоят қийналиб, қалтираб-жовдираб, бир амаллаб отасининг исмини айтди, айтдию баданидаги қўрқув ва қалтираш йўқолиб, кўзида жиққа ёш немис дўхтирга илтижоли боқди.
– Қўй, йиғлама. Бўпти, юр кетдик, – деди у курсига илинган узун чарм курткасини кийиб. Ташқарига чиқишгач немис дўхтир гуриллатиб мотоциклини ўт олдирди, уни кажавасига ўтирғизиб, устини ёпинчиғи билан ёмғирдан пана қилди. Йўлга тушишгач, у калласини  ёпинчиқ тагидан секин чиқариб ўзи доим қўрқадиган бу одамни яқиндан кузатди: немис дўхтир тунд юзига тасир-тусур урилаётган совуқ ёмғир томчиларига заррача эътибор бермас, ўқрайган кўзларини йўлдан узмасди, узун жағлари эса янаям шиддат билан қимирлаб, ниманидир тинимсиз кавшарди. Шу кетишида у уруш киноларида мотоциклини дўриллатиб босиб келаётган немисдан заррача фарқ қилмасди. Унинг тикилиб қолганини немис дўхтир сезиб қолди шекилли, у томонга бирров нигоҳ ташлагач, чўнтагига қўл солиб, бир сиқим нарса узатди ва кулиб қўйди. У биринчи марта немиснинг кулганини ўшанда кўрди. Узатилган нарса эса чақилган ёнғоқ эди.
Эртасига онасининг аҳволи яхшиланди, юзига қон югуриб, чеҳраси  ҳам ёришиб қолди. Синглиси онасининг ёстиғи олдида қувонганча турар, у эса кеча ишдан қочиб кетганини эслаб онасига яқин боролмасди. Шу пайт остонада немис дўхтир кўринди, эрталабдан қишлоқма-қишлоқ юриб касалларни кўргани чиққан экан. Онасининг иситмасини ўлчаб, кейин, “яхши, яхши”, деганча бир қути дори берди, чиқиб кетишида унга кўзи тушиб, “боланг тузук, кечаси қўрқмай шунча йўл юриб борибди, яхши, гут, яхши” деди. Онаси хурсанд бўлиб уни ёнига чақирди. У эса нима дейишни билмсди.   
– Биласизми, немис, доим ёнғоқ кавшаб юрар экан, – деди ниҳоят.   

* * *

Довон очилишини кутиб турар экан, у ўша кезларни эслади. Немисни, онасини, ўйинқароқлик қилиб онасига ёрдам бермай қочиб юрган кезларини, муштипар онаси умрида меҳнатдан бошқа нарса кўрмаганини ёдга олиб кўзларига ёш келди. Онасининг жанозаси ўтганига беш кун бўлди, ўша куни ҳам қабристонда қор учқунлаб турганди, лекин ҳавода изғирин йўқ эди. У онаси билан видолаша олмади, шаҳардан етиб келолмади. Кўзёшларини машинанинг орқа ўриндиғидаги ҳамроҳларига сездирмалик учун совуқ ойнага бош қўйиб, ташқарига, шамолда капалакдек пирпираб учаётган қор учқунларига тикилди. Иши шаҳарда бўлгани учун қишлоққа кам келар, ҳар келганида кексайиб қолган онаси ҳамон меҳнатдан тинмаганини кўрарди. У онасининг қарови туфайли яшнаб ётган боғни айланар, сархил мевалардан териб ер, йўлак четларидаги тиғиз райҳонларни силкитиб ҳидлар, шу тариқа соғинчини қондирар эди. Онаси эса ўйинқароқ неваралари қилган чала ишни битириб қўйиш билан овора – пиёз ёки сабзи ўтаётган, яхши мева қилса кузда олиб кетасан, дея хурмо тагига озуқа солаётган бўларди. Шаҳарга қайтишида эса қўлига сариёғ ва тегирмон унидан ёпилган нондан ташқари албатта бир халта ёнғоқ берарди.
“Немис дўхтир эсингдами, доим ёнғоқ кавшаб юрарди, шунга сира касал бўлмаган. Ҳар куни ёнғоқ еб тургин, касал бўлмайсан, эсингдан чиқмасин, хўпми”, дерди муштипар она.  Бу гал унга ёнғоқни акаси берди, онаси васият қилган экан. У бир халта ёнғоқни сийпалар экан, кейин тиззасига муштлаб урди: “Немис…немис…немис эканман!” деди томоғига тиқилган аччиқ йиғини базўр ушлаб.

(“Китоб дунёси” газетасининг 2015 йил, 14 сонида эълон қилинган)