Муҳаммад Исмоил. Қалбимдаги қизил атиргул (ҳикоя)

У пайтда университетнинг сўнгги курсида ўқирдим. Кичик курсда ўқийдиган Зиёда эс – ҳушимни ўғирлаганди. У ётоқхонада турар, ҳар куни эрталаб ўқишга кетаётганимда эшигига бир дона қизил атиргул қистириб ўтардим. Атиргулларнинг ҳаммаси деярли бир хилда чиройли ва муаттар эди. Ҳар тонгда тиқилинч автобусда одамларнинг қарашидан ҳижолатда кўзимни деразадан узмасликка ҳаракат қилар эканман, атиргулнинг хушбўй ҳиди димоғимга урилар эди. Бир куни ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, гулни эшикка қистирмоқчи бўлганимда, ўша қиз ичкаридан чиқиб қолди.
— Вой, нима қилаяпсиз? – деди у худди ҳеч нарса билмайдигандай.
Тўғриси, ўша пайтда қочиб кетишнинг иложи бўлганда, албатта бошим оққан томонга қочган бўлардим. Лекин, бунинг сира иложи йўқ эди.
— Ўзим, — дея ғўлдирадим.
— Бу гуллар кимга ахир, — деди у бироз зардали, бироз илтижоли овоз билан.
— Наҳотки билмасангиз, — дедим кўзларим жовдираб. У бошини қўйи эгди. Шунда, қайси дугонаси унинг кўнглига шубҳа солди экан, дея ўйлай бошладим. У назаримда ўша лаҳзаларда ожиз, ўксик ва чорасиз эди.
— Бу гуллар фақат сиз учун, — дедим. Мен ортиқча гапиролмасдим. Чунки, юрагимдаги энг катта сирни очаётгандим. Бу сир шу қадар ардоқли эди-ки, бу сирни фақат шу қизнинг ўзигагина, у мендан илтижо қилиб сўрагандагина айтишим мумкин эди. Аммо, у хонасига кириб кетар экан, аксинча “Кетинг” дея фармон берди.
Орадан кунлар ўта бошлади. Бир сония бўлсин, ортидан эргашишдан ўзимни тиёлмасдим. У қаерга борса, мен ўша ерда эдим. У ким билан нимани гаплашганини сўраб олар, нимаики истаса муҳайё қилар, фақат унинг ўзи билан гаплашишга юрагим бетламасди. У гоҳида ғамзали қараб қўяр, гоҳида умуман бепарво эди. Лекин у ҳам мени яхши кўришини ич – ичимдан ҳис қилардим. Гоҳида қиз бола ҳам шу қадар мағрур бўладими, дея ҳайратга тушардим.
Ёзги таътил ҳам бошланди. Ўқишим тугади, қишлоққа жўнадим. У ҳам амалиётни ўташ учун ўз вилоятига кетди. Онам: “- Мана ўқишинг битди, энди уйлантирайлик”, — дея маслаҳат солдилар. Зиёдани кўрмаганимга ўн кундан ошгани учун жоним ҳиқилдоғимга келиб турганди. Ойимга, “Ўйлаб кўрайлик-чи !” – дедимда, сафарга отландим.
У жуда олис қишлоқда турар экан. То унинг уйини сўраб боргунимча, келганимдан бутун қишлоқ аҳли огоҳ бўлди. У мени дарвозаси олдида кўриб, эсанкираб қолди. Ичкарига таклиф қилди. Мен бироз овлоқ жойда гапни пишитиб олармиз деган умидда, таклифига унамадим. У кийиниб чиқиш учун уйига кириб кетди. Лекин, биз борадиган, одамлар кўзидан пана жойнинг ўзи йўқ эди. Қишлоқ ўртасидан ўтган ариқ кўприги устида учрашадиган бўлдик. Мен айтадиган гапларимни ичимда такрорлаб турардим. Ҳали ўн дақиқа ҳам ўтмай, уч – тўрт қишлоқ боласи атрофимни ўраб олди. Улар нима сабабдан, кимнинг олдига келганимдан огоҳ бўлишган эди. Бир пастда ёқалашиб кетдик. Мен ҳозир улар ўнта бўлса ҳам ҳеч нарсадан қўрқмасдим. Менга у қизга рўбарў бўлишдан, шу ўнта бола билан уришиш осонроқ эди. Лекин, кўп ўтмай, оғзи бурним қон бўлди. Бу ҳолатда энди ким билан учрашаман дея, баттар жаҳлим чиқиб кетди. Катта-кичик тошларни олиб, аямай ота бошладим. Болалар бирма – бир тисарилиб, ўзларини четга олишди. Мен шу бўйи, шу ғазабда, қизнинг уйига юриб кетдим. Атрофимдагилар орқамдан кела бошлашди. Кимдир гап етқазган шекилли, уйдан қизнинг отаси чиқиб келди. Бир қўлимда тош, кўйлагим қон, шимим чанг – тупроққа беланган эди.
— Мен қизингизнинг олдига келдим, уни яхши кўраман. Унга уйланаман, — дедим дарғазаб.
— Уйга киринг, меҳмон, — деди отаси фарғонача илтифот билан. Мен унинг отасини ғойибдан ҳурмат қилар, у ҳақда жуда кўп яхши гапларни эшитгандим.
— Қизим менга сиз ҳақингизда ҳеч нарса демаганди-ку, — деди.
— Чақиринг қизингизни, — дедим ўзимни босолмай. Шунда, боя мен билан урушган болалар ичидан бири чиқиб:
— Чақиринг уни, — деди. – У энди меники, бизни унаштиришган.
Ишнинг бу қадар чаппа кетганидан ўзимни тутолмай қолдим.
— Мен яхши кўрган қизни-я, ахир у мени яхши кўради. Мен уни севганман, қучоқлаганман, ўпганман… – дедим, лўлилик қилиб. Аслида сўнгги гапларим ёлғон, уни ҳеч қачон қучоқламаган, ўпмаган эдим.
— Ит сув ичган билан дарё ҳаром бўлиб қолмайди, — деди у безбетларча.
— Ҳаром билан ҳалолнинг фарқига бормайдиган ит сенсан, — дедим ўзимни тутолмай.
Шу пайт ичкаридан Зиёда чиқди. Унинг кўзлари жиққа ёшга тўлганди. Отасининг ёнига келди-да, менга қараб:
— Кетинг, — деди. Бу сўз барча жанжалимизга хотима ясаган эди. Билмадим, ўшанда қандай тилим айланди, уни қаттиқ сўкиб, ортга бурилдим. Автобусда кела – келгунча йиғлаб келдим. Орадан ўн беш кун ўтиб, ўзим мутлақо билмайдиган қизга уйландим.
У тўйимдан бир кун олдин, дугонаси билан бир даста гул ташлаб кетди. Қоғозга ўроғлиқ “Ўтган кунлар” китоби ичидан қуриб қовжираб қолган бир дона атиргул чиқди. Мен ўзим қачонлардир унга совға қилган атиргулни танидим…
Орадан йиллар ўтди. У ўғлининг исмини Аҳмад қўйди. Мен эса қизимга Зиёда деб, ном қўйдим. Унинг номини шу қадар севардимки, бу номдан гўзалроқ, жозибалироқ, айтсам юрак – юрагим сирқираб кетадиган бошқа – биронта ном мен учун йўқ эди.
Орадан йиллар ўтди. Бир куни юрагим оғриб, шифохонага тушдим. Уйдагиларга ва умуман ҳаммага сафарга кетдим, деб хасталигимни яширдим. Оғир операцияга киришим керак эди. Бундай азиятли синовдан фақат бир ўзим матонат билан ўтишим, атрофимдагилар қийналмаслиги шарт эди.
Шифтга қараб ётар эканман, кўзимнинг икки томонидан дув – дув ёш тўкиларди. Наҳотки, энди бари тугаса, дердим. Танимдаги азоб бир оғриқ берса, дилимда яна бир оғриқ бор эди:
— Наҳотки, бу дунёга келиб муҳаббат нималигини билмай ўтиб кетсам – дердим.
Шу бўйи бошим тошдай қотиб, ухлаб қолибман. Юзимни кимдир силаётганидан уйғониб кетдим. Кўзим юмуқ, кимнинг қўли эканлигини билолмасдим. Умуман, билишни ҳам истамасдим. Менга яқин одамларни бир – бир кўз олдимдан ўтказа бошладим. Эслаганларимнинг биронтаси ҳам кўзимни очириш учун истак уйғотмасди. Менга ҳеч кимнинг қўли керакмас эди. Балки, қизим келдимикан дея, ичимда бир қувонч ярқ этди. Юзимда ўзгариш рўй бера бошлади.
— Туринг, Аҳмад ака, — деган нотаниш овозни эшитиб, баттар ҳафсалам пир бўлди. Овоз яна ҳукмфармо равишда янгради:
— Туринг, уйқучи!
Кўзимни очдим-у, қаршимда у турганини кўрдим. Кўзларимга ишонмадим. Унинг ёнида бир болакай ҳам бор эди. Мен ҳайрон бўлиб, бошимни кўтардим: — Ия, сизмисиз?!
— Ҳа, мен. Бу ўғлим Аҳмад.
Биз алламаҳалгача гаплашиб ўтирдик. Мени қандай топиб келганини, ҳаёти қандай кечаётганини суриштирдим. Суҳбатимиз саккиз соатга яқин давом этди. Биз илк бор танишганимиздан то бугунга қадар неча бор кўришиб, неча бор суҳбатлашган бўлсак, ҳаммасини йиғиб келганда ҳам саккиз соат чиқмасди. Ўн беш йил ўтибгина илк бора бемалол гаплашиб ўтиришимиз эди. У кетар олди сумкасидан яна битта қуриб қолган атиргул олиб узатди… Мен атиргулни танидим. Бу мен қачонлардир унинг эшигига қистириб кетган атиргуллардан эди.
— Мен сизга жуда кўп атиргул совға қилганман, ҳаммасини бирма – бир олиб келсангиз, ҳаётимнинг охиригача улгурармикинсиз, — дедим ҳазиллашиб.
— Мен улгурмасам, ўғлим Аҳмаджон қизингизга совға қилиб улгурар, — деди у.
— Айтиб қўйинг, мабодо қизимни бошқага унаштириб қўйсам, кечикиб юрмасин, — дедим мен ҳам.
— Йўқ, уни сиздан кўра уддабуронроқ қилиб тарбиялаяпман. Сиз билан ҳозирдан таништириб қўяётганим ҳам бежиз эмас, — деди у.
— Илоё, шу кунлар насиб қилсин, — дедим ютиниб. У кетди. Шифохонада анча вақт ётиб чиқдим-у, лекин тўлиқ соғайиб кетишимга умид йўқ эди.
У бирма – бир икки бора келтирган иккита атиргулни уйимнинг ҳеч ким билмайдиган жойида сақлаб қўйибман. Мабодо, бир кун ҳаётдан кўз юмадиган бўлсам, уларни бошим устига қўйишади.
Зиёда эса, тақдир тақозоси билан фарзандларимиз бир – бирларига кўнгил қўйишса, никоҳ тўйлари куни неча йиллардан буён ўзида сақлаб келаётган атиргулларни уларнинг сандиқларига сеп сифатида қўймоқчи.