Мирзо Аҳад. Наргизанинг бувисиман (ҳажвия)

Султонпошша холанинг қалби ёш. Шу боисданми, у гоҳо набирасининг овозига тақлид қилиб туради. Телефон жиринглади. Хола шошилмасдан олди. Ва “Алло!” – дея ўн етти яшар қизлар овозига ўхшатма қилди.
– Азизам, сени табриклайман, – дея бир йигит телефоннинг нариги томонидан сайрай кетди, – бугун байрамимиз, эсингдан чиқдими, асалим?!
– Қанақа байрам, қанақа асалим?!
– Байрамдақа байрам-да. Мени калака қилма, асалим! Ахир, бугун 14 феврал!
– Дарров “14” келдими? Вақт ҳам оқар сувдай гап. Кечагина ёз эди. Эҳ-ҳей, ёш ҳам ўтиб кетяпти. Айтганча, “14”да қанақа байрам бўлади?
– Сен паришонхотир, ёки мен гўл!… Ахир, 14 феврал – севишганлар куни-ку! Соддароқ қилиб тушунтирмоқчи бўлсам, “Игвес” боғида биргаликда шафтоли терган кун.
– Ҳимм! Сен билан-а?!
– Масхара қилма, хафа бўламан-а!
– Ҳали, хафаям бўласизми? Менинг ҳозир айтадиган гапимни эшитсангиз, билмадим, ҳолингиз не кечаркин, азизим. Сиз айтган ўша “Игвес” боғидаги шафтолини мен умуман емаганман. Чунки, ўша пайтлар қизларнинг розилиги билан эрга бермасдилар, жонгинам!
– Қарияларнинг гапини осмондан олдингми, ё бувинг ўргатдиларми?
– Бошимдан ўтганларни айтаяпман, азизим! Яна бир нарсани айтсам, сочларингиз тикка бўлади. Раҳматли эрим ўлганига йигирма йилдан ошди,
– Наргиз, сенмисан?.. Бунақа гапларни қаердан олдинг?
– Мен унинг бувисиман.
– Ни…ма?!.
Нариги томондан телефоннинг узуқ-юлуқ гудоги келди.