Миркарим Осим. Сандиқ соат (ҳикоя)

Навоийнинг китоблари кўпайиб кетгандан кейин уларни тартибда сақлаш учун бир китобдор керак бўлиб қолди. Унга Муҳаммад наққош деган бир кишини тавсия қилдилар.
Муҳаммад наққошнинг қўлидан келмайдиган иш йўқ эди. У тош ва ёғочга ўйиб нақш солар, чилангарлик, дурадгорлик, муқовасозлик ва ҳоказоларни билар эди. У Навоийнинг таклифини жон деб қабул қилди.
Бир кун шоирнинг уйига яқин дўстлари келган эдилар. Меҳмонлардан Хожа Деҳдор токчага тизилган чинни лаган ва кўраларни томоша қилиб:
— Чинни асбоблар ясамоқда ҳеч ким хитойларга бас келолмайдур. — деди. — Аларнинг ҳунарига қойил қолмасдин илож йўқ…
— Рост, — деди Навоий унга боқиб. — Хитой фағфури(чинниси) оламға машҳурдур, аммо ҳафсала қилсалар, бизнинг усталар ҳам ўшандоғ чинни асбоблар ясай биладурлар. Бизда чинни ясамоқ учун керакли оқ лой, оҳактош ва ҳоказолар бор.
— Одам ясаган нарсани одам ясай биладур, — деб гапга аралашди қуйироқда ўтирган Муҳаммад наққош.
— Боракалло, — деди Навоий кулиб. — Мен сиздин шул гапни кутган эрдим. Сиз моҳир бир кулол топиб, шул ишга киришсангиз, Хитой усталаридин ўтказиб чинни идишлар ясай билар эрдингиз.
— Келинг, ҳожи Муҳаммадға оқ фотиҳа берайик, Ҳиротнинг оқ лойидин бизга фағфур идиш-оёқ ясаб берсин, — деди Хожа Деҳдор.
Дўстларнинг далдаси Муҳаммад наққошни ғайратлантириб юборди. У ўзига ўхшаган ишчан ва моҳир бир кулолни топиб, ишга киришиб кетди. Икковлон енг шимариб, оҳактош ва аллақандай шаффоф кўк тошларни ҳовончада янчиб, элакдан ўтказдилар, оҳанрабо ёрдами билан уни темир зарраларидан тозалаб, кейин сувга қориб, роса пишитдилар. Сўнгра бу лойдан кулол дастгоҳида лаган, кўра, бошқа буюмлар ясадилар ва уларни хумдонда пиширдилар. Муҳаммад наққош кўкиш тошларни майдалаб, элакдан ўтказди ва унга алланима балоларни қўшиб, «сир» тайёрлади, идишларни сирлаб, шундай нақш бердики, уларни хитой чинниларидан ажратиб бўлмас, черт¬сангиз жаранглар эди.
Муҳаммад наққош шу иш билан овора бўлиб юрганда кўнгилсиз бир ҳодиса юз берди. У Навоийга зарур бўлиб қолган бир китобни токчадан оламан, деб уни девор тагидаги соат устига тушириб юборди. Соат тўхтаб қолди. Навоий бундан хабар топиб, қаттиқ хафа бўлди-ю, лекин индамади. Наққош уни тинчитиш учун:
— Ишларимдин бўшаганимдин сўнг соатни тузалтиб бергаймен, — деб ваъда қилди.
Орадан бир неча кун ўтгач, шоир наққошни чақириб:
— Сиз менга бир соат қарздорсиз, — деди ҳазил аралаш. — Кеча мен Муборизбек эвида меҳмон бўлғон эрдим. Фарангистондин келган савдогарлар анга сандиқ шаклидаги бир соат совғо қилибдурлар. Илгари араблар бундан яхшироқ соатлар ясар эканлар, кейин бул ҳунарни хотирдин чиқорғонлар. Илму ҳунар қўйдек адашиб, фаранглар қўлига ўтиб кетибдур, эмди йўқолғон қўйни қайтариб олмоқ лозим.
Навоий «сандиқ соат»ни батафсил тасвирлаб, наққошга худди шундай бир соат ясашни таклиф қилди. Муҳаммад наққош индамай ерга қараб қолди.
— Ҳа, нега унингиз чиқмай қолди? Бул ишга қўл урмоққа юрагингиз дов бермаётирми? Кўз қўрқоқ, қўл ботир, деганлар.
— Агар яхши бир темирчи бўлса, ясай биламиз, — деди наққош ўйланинқираб. — Бир уста бор, Сарбонали деган. Ўзи темир, пўлат, жездан қилинатурган жами буюмларни ясай биладур, аммо ўлгудек пулга ўч одам…
— Биз пулдин қочмаймиз, шул иш битса бас, — деди Навоий. — Боринг, ўшал темирчи била келишиб, сандиқ соатни кўриб, андоза олиб келинг. Мен сизга бир мактуб ёзиб берай. Агар шуни уддалай олсангиз, тарихда номингиз қолғай.
Навоийнинг сўзи наққошнинг ғайратига ғайрат қўшди. У билагини шимариб, ишга киришиб кетди…
Орадан икки-уч ой ўтгандан кейин темирчи билан наққош оғир бир «сандиқ»ни кўтариб, Навоийнинг меҳмонхонаси тўрига тик турғизиб қўйишди. Ўша куни кечқурун Навоий наққошнинг ҳунарини кўрсатиш учун ўзининг яқин дўстларини таклиф этди.
Соат роппа-роса етти бўлганда сандиқнинг қопқоғи жаранглаб очилди. Сандиқ ичида темирдан ясалган бир ҳайкал тик турар эди, у қўлидаги темир таёқ билан олдидаги ясси мис парчасига етти мартаба урди ва эшик ёпилди.
— Офарин!
— Ҳожи Муҳаммад беназир уста, — дейишди меҳмонлар ёқаларини ушлаб.
— Ҳар соат сандиқ очилиб, ичидаги ҳайкал, масалан, соат икки бўлғонда икки, уч бўлғонда уч мартаба жом чаладур ва ҳоказо, — деб изоҳ берди Навоий хурсанд бўлиб.