Миркарим Осим. Алжабрнинг туғилиши (қисса)

I

— Шаҳри Багғдодга соғ-саломат етиб келганингиздан беҳад хурсандман, яна кўришадиган кун бор экан, — деди уй эгаси — марвлик Холид ибн Абдумалик кенг пешонали ёш меҳмон билан қучоқлашиб кўришар экан. — Абу Абдуллоҳ Муҳам¬мад ибн Мусо жаноблари қачон етиб келар эканлар, деб йўлингизга мунтазир эдик. Алҳамдулиллоҳ, яна дийдор кўришар эканмиз, минг қатла шукурки, аввалгидек тетик ва бардам экансиз.
Кўпдан буён кўришмаган икки дўст, ҳол-аҳвол сўрашиб бўлганларидан кейин кўрпачага ўтирдилар. Узун яктакли, қотмадан келган уй хизматкори уларнинг олдига дастурхон ёзиб, баркашда турли ноз-неъматлар ва икки коса шарбат келтириб қўйди. Соч-соқолига оқ оралаб қолган ўрта ёшли мезбон хурсандлигини яшира олмай, “қани, олсинлар” дегандек, томирлари бўртиб чиққан қўли билан дастурхонни кўрсатди.
— Марв шаҳрида менга эмакдош бўлган ёр-дўстларни соғиндим, — деди ёши ўттиздан ошган, қалин қошли меҳмон нон тишлаб, беҳи шарбатидан ҳўплар экан, — Аҳмад ал-Фарғоний, Аҳмад ибн Абдуллоҳ, Мусо ибн Шокир ва унинг ўғиллари сиҳат-саломат юрибдурларми?
— Алҳамдулиллоҳ, ҳаммалари эсон-омон, сизни кўришга, суҳбатингиздан баҳраманд бўлишга муштоқдурлар.
Улар дастурхон устида Хуросонда бирга ўтказган кунларини, бошларидан кечирган воқеаларни эслаб, суҳбатлашиб ўтиришди. Мезбон тилининг учида турган гапни айтиш учун пайт пойлаб турарди.
— Кечикиб келишингизнинг сабаби нима?— деб сўради у негадир ўзини ноқулай сезиб. — Халифа ҳазратлари ҳам: “На учун Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Мусо кечикди, уни зудлик билан ҳузуримга жўнат, деб Хоразмшоҳга мактуб юборган эдим-ку”, деганларини икки маротаба эшитдим. Нима ҳодиса юз бердики, шаҳри Бағдодга қадам ранжида қилгингиз келмади? ;
— Бунинг сабабини сизгагина айта оламан, — деди меҳмон ўйланқираб. — Маъмун Хуросон қўшини би¬лан Бағдодни босиб олганидан сўнг ўз иниси Аминни қатл эттирганини, Озарбайжонда бошланган зардуштийлар қўзғолонини шафқатсизлик билан бостириб, асирларни ўлдираётганини эшитиб, бу ерга келишга оёғим тортмай қолди. Оташпарастсан, деб бегуноҳ одамларни бола-чақаси билан қириб ташлаш — ўта золимлик-ку!
Холид ибн Абдулмалик оқара бошлаган бошини қашиб, мийиғида кулиб қўйди-да:
— Сизга ал-Мажусий деб лақаб қўйганлари бежиз эмас экан, оташпарастларга бу қадар хайрихоҳ эканлигингизнинг сабаби энди маълум бўлди, — деди.
— Ҳа, бобом раҳматли зардушт дини раҳнамоларидан бири эдилар. Араб саркардаси Қутайба бинни Муслим Хоразмни босиб олганидан кейин ҳаммани зўрлаб ислом динига киритди. Хоразм ёзувини билатурган одамларни ўлдиртириб, қадимий китобларимизни ёндириб юборди. Эски эътиқодларига содиқ бўлган бобом жон сақлаб қолиш учунгина араб тилида калима келтиришга мажбур бўлган эканлар.
— Ўтган ишга салавот, — деди уй эгаси меҳмоннинг чақнаган кўзларига кулимсираб қараб, — айтилган сўзни, отилган ўқни қайтариб бўлмас, деган мақол бор. Харобага айланган Хоразм яна обод бўлиб, қаддини ростлаб олди, яна билим уруғлари ўсиб чиқа бошладику!
— Юртимизда эски маданият қўри бор эди-да! Қутайба бинни Муслим ёниб турган маърифат ўчоғини сўндиришга уринди, аммо бидъат-хурофот кули остида маърифат чўғлари қолган экан.
— Боракалло, халифа Маъмун саройига тўпланган олимлар яна илм-маърифат гулханига ўт қалаб юбордилар. Хоразм яна олимлар етиштира бошлади, ёпилиб қолган маърифат дарвозаси очилди. Келинг, кечаги кунни ёдлаб, бугунги кунни заҳарламайлик, имкониятлардан фойдаланиб қолайлик.
— Рост, мен ҳам шул мулоҳаза билан йўлга чиқишга мажбур бўлдим, — деди меҳмон қалин қошларини кериб қўйиб.
— Қаерда бўлсангиз ҳам халифа ҳазратлари сизни топтириб келтирар эдилар. Вазири аъзам ал-Афзал ибн Саҳл жаноблари ҳам сизни сабрсизлик билан кутаётган эдилар.
— Ҳа, ул киши Марв шаҳрида сарой вазири бўлиб турганларида менга хайрихоҳ бўлиб, кечалари мендан ҳинд ҳисобини ўрганур эдилар. Шул сабабдан бўлса керак, менга бир мактуб йўллаб, дарҳол пойтахтга етиб келишимни илтимос қилдилар. Шунинг учун тўғри келиб ул кишининг ҳузурларида бўлдим. Кечикиб келганим учун норози эканликлари афтларидан билиниб турар эди. Сир бой бермай, мени яхши қабул этиб, икки-уч кун ўтмай алоҳида ҳовли топиб беришни ваъда қилдилар. Ҳозир карвонсаройда турибман.
— Меникига кўчиб келақолинг. Сиз учун алоҳида хона бор.
— Ташаккур, сизни безовта қилишни истамайман. Карвонсарой ҳужрасида ором олиб, ўзимга келиб олай.
Улар аллавақтгача гаплашиб ўтириб, ўтган во¬қеаларни эсладилар.
Маъмуннинг отаси халифа Ҳорунаррашид ўзининг эроний вазири Жаъфар ибн Яҳёни арзимаган бир гуноҳи учун қатл эттирган эди. Шундан кейин унга қарашли Эрон ва Хуросонда норозилик бошланади, у ер-бу ерда исёнлар кўтарилади. Ҳорунаррашид уларни тинчитиш учун ўзининг эроний жориясидан бўлган тўнғич ўғли Маъмунни Марв шаҳрига — шарқий вилоятларнинг марказига катта ҳуқуқлар билан ҳоким қилиб юборади. Маъмун эронийларга имтиёзлар бериб, Хуросон ва Ўрта Осиёда етишган олимларни ўз атрофига тўплай бошлайди, ҳар тарафдан кўҳна китобларни топтириб, кутубхонасини бойитади. Хоразмлик ёш олим Муҳаммад ибн Мусо унинг буйруғи билан шар¬қий Афғонистон, шимолий Ҳиндистонга бориб, риёзат ва астрономияга доир бир талай илмий асарларни олиб келади.
Орадан кўп вақт ўтмай Ҳорунаррашид оламдан ўтади. У иккинчи хотинидан бўлган Аминни тахт вориси қилиб тайинлаб кетган эди. Отасининг бу ишидан норози бўлган Маъмун тишини тишига қўйиб сабр қилиб туради, секин-аста туркий халқлардан аскар тўплаб, пойтахт Бағдодни босиб олишга тайёрлана бошлайди.
Маъмунга эргашиб Дажла бўйига келган Холид ибн Абдумалик кўрган-кечирганларини баён қилар экан, Хоразмийнинг кўзи ўнгида даҳшатли манзаралар бирин-кетин ўта бошлади.
Бағдод шаҳри бўсағасидаги қонли жанглар, шаҳар қўрғонига шоти қўйиб чиқаётган қийиқ кўзли жангчиларнинг “урҳо-ур” деб қичқиришлари, у ер-бу ердан кўтарилган алангалар, кўксига найза санчилган аскарларнинг инграши, аёлларнинг дод-фарёдлари…
Ниҳоят, халифа Амин енгилиб, шаҳардан қочди. Уни тутиб олиб, акаси олдига судраб келдилар. Эгнида йилтироқ пўлат совут, бошига дубулға кийган ака қиличининг дастасини чангаллаб, дарҳол укасининг калласини олишни буюрди.
Маъмун Помир тоғларидан Испаниягача чўзилган ўлкаларга ҳукмдор бўлиб, ўзини халифа деб эълон қилганидан кейин  бир қўли билан у ер-бу ерда бошланган халқ қўзғолонларини бостира бошлади, иккинчи қўли билан атрофига олимларни тўплаб, илм-фан учун кўплаб маблағ сарф қилишга киришди.
Байтул-ҳикмат, яъни донишмандлар уйини ташкил қилиб, ҳинд, юнон, сурёний тилларида ёзилган кўҳна китобларни йиғдира бошлади.

II

— Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Мусодек буюк олимнинг қаторимизга келиб қўшилганидан беҳад мамнунмиз. Марҳамат қилиб Байтул-ҳикмат калитини қўлга олсалару ҳужралардаги китобларни тартибга келтиришга ёрдам берсалар, ёш олимлар ва толибул илмлар у кишининг маслаҳати билан ҳар илмга доир китоб¬ларни айрим ҳужраларга жойлаб, рўйхатга олсалар… — деб гапида давом этди, тўрда, фил суягидан ясалган нақшли курси устида ўтирган Маъмун. — Шойи, атлас чопон, юпқа жун чакмон кийган, бошларига юмалоқ оқ салла ўраган олимлар катта уйнинг девори тагига солинган кўрпачаларда қўл қовуштириб ўтирар эдилар. Устидаги зардўз чопони кўзни қамаштирадиган оқ юзли, ранги тоза халифанинг ўнг томонидан жой олган ал-Хоразмий унинг гапини маъқуллаб, бош эгиб қўяр эди.
— Марв шаҳридан сандиқларда келтирилган ҳинд тилидаги асарлар тартбисиз ҳолда. Улардан энг муҳимларини араб тилига таржима қилишни Абу Абдуллоҳ Муҳаммад бинни Мусо жанобларига, аструнумиё ва аструлухиёга доир китобларни юнон тилидан таржима қи¬лишни Яҳё бинни Мусога топширсак… — Ёш хали¬фа оғзидан чиққан баъзи сўзларни тушунмай пешоналарини тириштириб ўтирган ёш олимларга қараб:— Юнонийлар аструнумиё деб илмул фалакни, аструлухиё деб илми нужумни айтадилар, астр — юлдуз демакдир, — деб қўйди.
Унинг донишмандлигини тан олган олимлар индамай бош эгиб қўйдилар.
Ўзидан уч ёш кичик бўлган Маъмун билимдонлигини кўз-кўз қилаётганлигини фаҳмлаган ал-Хоразмий эса ерга қараб қолди.

* * *
Байтул-ҳикмат калити қўлига теккандан кейин ал-Хоразмий ёш олимлар билан бирга Ҳиндистон, Эрон, Искандариядан келтирилган китобларни тартибга сола бошлади. У кечқурун чарчаб уйига келар, овқатланиб, мизғиб олгандан кейин ярим кечагача ўтириб ишлар, ҳинд тилидаги кўҳна китобларни мутолаа қилар эди. Икки-уч йил ичида байтул-ҳикматдаги китоблар жой-жойини топди, шундан кейин у хотиржам бўлиб, ҳинд ҳисоби билан шуғуллана бошлади.
“Ҳиндлар сонларни рақамлар билан ёзишни кашф этганлар, аммо “1” сонининг аҳамиятини тушуниб етмаганлар, — деб ўзи билан ўзи гаплашар эди, беш шам ўрнатилган қандил ёруғида ишлаб ўтирар экан у. — Ахир икки — иккита бир, уч — учта бир, тўрт— тўртта бир ва ҳоказо. Ҳиндлар жорий қилган тўққизлик саноқ тартиби билан катта сонларни қўшиш, айириш, кўпайтириш ва тақсим қилиш амримаҳол…”
Хоразмийнинг хизматига доим тайёр бўлган, иш буюришини кутиб ухламай ўтирадиган хизматкори хўжайинининг баъзан ярим кечагача ўзи билан ўзи гаплашиб ишлаб ўтирганига ҳайрон қолар: “Нега мунча ўз жонига азоб беради-я! Мияси айниб қолмасайди. Кундуз кунлари ишлагани етмасмиди. Подшо шундоғ ҳам унга маош бериб турибди-ку!” — деб ўйлар эди.

III

Теварак-атрофдан деҳқонлар, кўчманчилар келиб, бозор қиладиган Дажла наҳри бўйидаги қишлоқ Абул Аббоснинг ўғли халифа Мансур замонида катта шаҳарга айланган эди . Юз минг қул эртадан-кечгача ишлаб халила учун шоҳона кўшк ва саройлар, мулкдорлар, амалдорлар учун баланд ғиштин иморатлар, савдогарлар учун мағозалар  қуриб, шаҳарни икки қават қўрғон билан ихота этган эдилар. Кейин Дажла устига кўприк қурилиб, сўл қирғоғида катта бозор, усти ёпиқ расталар вужудга келди.
Халифа Маъмун эрта баҳорда бошланадиган тошқиндан кейин Дажла бўйидаги сарой боғига чиқиб истироҳат қилар эди.
Шаҳарнинг шимол томонидаги бу боғ қишин-ёзин кўм-кўк хурмо, лимун, шамшод ва сарв дарахтлари билан қопланган эди. Хиёбонларда нозланиб юрган товуслар ранг-баранг патларини ёйиб, ўз гўзалликларини кўз-кўз қилар, дарахтлар тагида ўтлаб юрган кийиклар бегона одамни кўрганда пишқириб, кўланкаси қуюқ дарахтлар орасига кириб кетар эдилар.
…Юрт ташвиши, улуснинг можаросидан чарчаган халифа тўлқинланиб оқаётган Дажла дарёсига қараб, созанда ва хонандаларнинг хонишини тинглаб ўзига келди. Кейин яна юрт ташвиши юрагини кемира бош¬лади. “Бобак қўзғолони борган сари авж олаётир, бошқа элатлар ҳам озарийлардан ўрнак олиб, исён туғини кўтармасмикинлар? Бизга қарашли мамлакатларга фитна ўғриси кирмаётганмикин?” деб ўйлади у юраги сиқилиб ва дарҳол чопар юбориб, вазири аъзамни ўз ҳузурига чорлатди.
— Шаҳар тинчми, юрт осойиштами? Нима янгиликлар бор? — деб сўради у, сарой боғига зудлик билан етиб келган ал-Фазлнинг саломига алик олиб.
— Пойтахт тинч, сиздан миннатдор бўлган шаҳар аҳолиси дуойи жонингизни қилиб ётубдурлар.
Маъмун, одат тусига кириб қолган бу гапларни такрорлайверманг, дегандек қовоғини уйиб қўлини силтаб қўйди.
— Юқорига чиқиб, ёнимга ўтиринг, ҳеч нарсани яширмай мамлакатнинг хорижий ва доҳилий ишларидан мени хабардор қилинг.
Соч-соқолига оқ оралаган бўлса ҳам, ҳали тетик ал-Фазл ибн Саҳл қоматини тиклаб, зинадан дарё бўйидаги шийпонга кўтарилди-да, ўзидан анча ёш халифанинг ёнига тиз чўкди.
— Жанобларига тобе ҳукмдорлар ўз вақтида бож-ҳирож тўлаб турибдурлар, — деди у нафасини ростлаб, — аммо Ўтрор шоҳи итоат ипини узиб, ўз вазифасини ўташдан бош тортаётир.
— Яъни бож-хирож тўлагиси келмаётир, а? Ундоғ бўлса чорасини кўриш керак.
Маъмун оппоқ қўлини кенг пешонасига тираганича ўйга толди.
— Афсуски ҳозир унинг устига қўшин юбора олмаймиз, — деди у бир оздан кейин вазирга қараб. — Аскарларимиз озарийлар исёнини бостириш билан овора. Вақтинча муроса йўлига ўтиш керак. Ҳукмдор ҳар вақт қилич ва қамчинни ишга солавермайдур, баъзан итоатдан бош тортган тобеларини яхшилик билан йўлга солишга мажбур бўладур. Сиз Ўтрор шоҳига совға-салом юбориб, “бир йиллик хирож сеники, келаси йилдан бошлаб, ўз вазифангизни ўташдан умидвормиз”, деган мазмунда мактуб йўлланг. Агар бир санадан кейин ҳам оёғини тираб туриб олса, унга қарши қорлуқлар хони Жабғуни қайраб солурмиз, душманни унинг ғаними қўли билан бартараф қилмоқ керак. Хўш, яна қандай янгиликлар бор?
— Турк Афшин озарийлар билан Жанг қилиб, бир минг асир олибдур.
— Офарин. Афшинни жанги жадалга” рағбатлантириш керак. Жанг олиб борган кунлари унга ўн минг дирҳам, уруш бўлмаган кунлари икки ҳисса кам маош тўлаб турмоқ зарур. Асир олинган ўтпарастлар бола-чақалари билан қиличдан ўтказилсин. Фармонимни ёзиб олинг.
— Бош устига, сизнинг ҳар амрингизга тобе, буйруқларингизни бажо келтиришга тайёрман. Сиздек улуғ ва адолатли халифага хизмат қилганим учун ўзимни бахтли сезаман. Ҳимоятингиз остида маърифат кучлари жаҳолат деворига раҳна солмоқда, илму фан ривож топмоқда…
Вазирнинг хушомадгўйлиги халифага эриш туюлса ҳам, негадир ундан юраги ором олар эди.
Халифа халқ қўзғолонларини бостириш тўғрисида гапираётганида қовоғини уюб муштини қисар, олимларнинг кашфиётлари тўғрисида гапираётганида юзи ёришиб, ундан нур ёғила бошлар эди. Фурсат топганида илми нужум билан шуғулланадиган ал-Фазл бу ҳолни кўриб: “Маъмун жуда мураккаб, бир-бирига зид хислатлардан таркиб топган одам, — деб ўйлади. — Унда нур ва зулмат, латофат ва касофат бор. Шуни тан олиш керакки, у олимларга ҳомийлик қилиб, уларни ўз қаноти остига олган, аҳмоқ ҳукмдорларгина илм аҳлига нисбатан адолатсиз бўладилар”.
Шийпон ёнида қад кўтарган сарв дарахтлари унинг кўнглидан ўтаётган фикрларни илғаб олгандай бош чайқаб, шивирлашиб қўяр эдилар.

IV

Ал-Хоразмий ўн битта шам қўндирилган қандил ёруғидан хонтахта устига эгилиб, мушкул бир ҳисоб масаласини ҳал қилаётганида кўча эшикни биров аста тақиллатди. “Ким экан шу бемаҳалда келган?” деб, у қаламни довот ёнига қўйди-да, аста ўрнидан турди. Унинг хизматкори ўз ҳужрасида хуррак отиб ухлаб ётар эди. Аста-аста қадам босиб, эшик ёнига келди-да:
— Ким у? — деб сўради,
— Мен — Феруз. Маткарим дарвозабоннинг ўғли.
Аллома ўз юртдоши Маткаримни яқиндан танир эди. Овози нотаниш йигитнинг яхши ният билан келгани билиниб турарди. У эшикни очиб, рўпарасида чор-пахилдан келган қора чакмонли йигитни кўрди.
— Ассалому алайкум!
— Ярим кечада нима қилиб юрибсан? — деди саломга алик олишни ҳам унутиб қўйган уй эгаси.
— Бошпана излаб келдим… Сиздан бошқа паноҳимиз йўқ… Қутқаринг! — Йигит энтикиб гапирар эди.
— Ичкарига кир!
— Менинг… шеригим ҳам бор, — деди узоқроқда ийманиб турган ҳамроҳининг қорасини кўрсатиб.
— Ким у?
— Фўлодбекнинг қизи… Ёқутой… Ҳайрон қолганини яшира олмаган уй эгаси:
— Ия! — деб юборди. — Майли, киринглар! Меҳмонхонага кириб, ипак гилам устига ўтирганларидан кейин мезбон қора чакмон кийиб, йигит қиёфасига кирган оқ юзли, қора қош қизга ҳайрон бўлиб қаради.
У бир-бирини севган бу икки ёшнинг бошидан кўп можаролар ўтганини, бошқа жой тополмай уникига қочиб келишганини англади.
Eс-ҳушини йиғиштириб олган Феруз уй эгасининг унга меҳрибонлик билан қараётганини кўргач, дадилланиб воқеани баён қила бошлади…
… У фарғоналик Фўлодбекнинг ўғли Ҳаёт билан тенгдош бўлиб, уларникига тез-тез келиб турар эди.
Улардан икки ёш кичик бўлган Ёқутой акаси ва унинг қалин дўсти Феруз билан бирга чиллак ўйнар, ўқ-ёй отишар, чарчаганларидан кейин ҳовли ўртасида қад кўтариб турган ҳурмо дарахти остига солинган шолча устида ўтиришиб овқатланишар эди.
Ёқутой қўрқув нималигини билмайдиган қиз бўлиб, баъзан ўзи тенги ўғил болалар билан олишиб қолар, ҳар сафар улардан устун чиқар эди. Отаси унинг жасурлигидан мағрурланиб: “Бу мардлик унга мендан ўтган, асли ўғил бўлиб туғилиши керак эди-ю, адашиб қиз бўлиб туғилган”, деб қўяр эди.
Феруз билан бу қиз ўртасидаги дўстлик бора-бора бошқача тусга кира бошлади. Улар бир-бирларини кўрганда суюниб кетар, бошлари осмонга етгандек бўлар эди. Отаси эса қизининг ҳусни очилиб кетаётганини кўриб, хурсанд бўлиш ўрнига ваҳимага тушар, “унинг таърифи саройгача бориб етмасайди”, деб қўрқар эди. Ўша вақтда ҳарамга Бағдоднинг энг чиройли қизларини канизак қилиб олар эдилар.
“Феруз эс-ҳушли, уддабурро йигит, киройи куёвинг шундай бўлса, — деб ўйлар эди Фўлодбек. — Отаси ҳам ўзига тўқ одам, катта маош олади”.
Кўринишдан мусулмон одамга ўхшаган бу одам асли зардуштий бўлиб, кеча-ю кундуз яхшилик худоси Ормузддан бола-чақасига бахт-саодат тилар эди. Баъзан парда билан ёпиб қўйилган токчани очиб, ёғочдан ясалган, устига қимматбаҳо тошлар қадалган ҳайкал олдига шам ёқар, унга бош эгиб, пичирлаб дуо ўқир эди.
“Eй одамларга меҳр-шафқатли бўлган яхшилик ху¬доси, биз мусофирларни бало-қазодан асра, болаларимга бахт ато қил!” деб ялиниб-ёлворар эди. Бироқ унинг дуоси дарров ижобат бўлмасди.
Ёқутой ўн олтига тўлиб ўн етти ёшга қадам қўйиши билан ҳусни очилиб, унинг дойруғи саройгача бориб етди. Уларнинг уйига ҳарам бекаси келиб кетганидан кейин Фўлодбек ўзини қаерга қўйишини билмай қолди. Кўп ўтмай подшонинг шахсий мулозими Ҳожиб уни даргоҳига чақиртирди.
— Ҳожиб сизни нега чақиртирган экан? — деб сўради хотини у саройдан қайтиб келганидан кейин. Қовоғидан қор ёғиб турган Фўлодбек чакмонини қозиққа илиб қўйди-да, “уҳ” деб кўрпачага ўтирди.
— Ҳарам бекаси уйимизга келиб кетганидан кейин нима гап бўларди, — деди олдига қўйилган бир пиёла муздек шарбатни ичиб. — Ёнимга ўтъир, гапимни эшит. Мен Ҳожибнинг ҳузурига кириб, таъзим қилганимдан сўнг: “Бошингга бахт қуши қўнди, Фўлод¬бек, — деди. — Подшоҳи аъзам қизинг Ёқутойнинг таърифини эшитиб, уни амирлашкар Афшин ибн Қорус жанобларига инъом қилмоқчи бўлдилар. Шундоғ улуғ одамга қайнота бўлиб, қўйин-қўнжинг тиллога тўладиган бўлди”, деди. Мен бош эгиб қўйдимда, одатдагидек, подшонинг амри вожиб, дедим. Эшитишимча, Афшиннинг уч хотини бор экан. Қизимиз шўрлик, ҳасаддан ёниб турган уч кундош орасига тушадиган бўлди. Зардуштийларнинг ашаддий душмани Афшинга қизимни бергандан кўра ўлганим яхши! Йўлда келатуриб, қизимизни Феруз билан қовуштириб қўймаганимга ачиндим. Кейин ўйлаб-ўйлаб, ҳалиям вақт ўтгани йўқ, деб қатъий бир қарорга келиб қўйдим. Шу бугуноқ пиримиз Эгамбердини уйга чақириб келиб, зардуштийлар одатига мувофиқ маъбуд олдида никоҳ ўқитамиз.
Катта тўй бериб қизини узатмоқчи, орзу-ҳавасини кўрмоқчи бўлган она, тиз чўкиб, икки қўли билан юзини беркитиб йиғлай бошлади.
— Ҳа, нима бўлди? Нега йиғлаяпсан? — деб ўшқирди эр ғазабланиб.
— Йўқ… ўзим… Сиз ҳам томдан тараша тушгандек, ҳеч кутилмаган гапни айтиб, мени эсанкиратиб қўйдингиз.
Eшик орқасида турган Ёқутой уларнинг гапини эшитиб беҳад қувониб кетди, қулоқ солаётганимни кўриб қолишмасин, деб ўзини дарҳол панага олди.
Eр-хотин маслаҳатлашиб ўтирганларида Феруз салом бериб кириб келди.
— Фаришталар ҳайдаб келди сени, — деди уй эгаси қувониб. — Ҳозир сени йўқлаб турган эдик. Ўтир, ҳайрли бир гап бор. — У хотинига юзланиб буйруқ берди. — Сен ошхонага югур, ўчоққа олов ёқ, ош дамла. Уйда эт борми?
— Ҳа, бор. Бир лаган ош учун масаллиғ топилади!
…Гоҳ қовоғини уйиб, гоҳ кулимсираб қулоқ солиб ўтирган ал-Хоразмий Ферузнинг кейинги сўзларини эши¬тиб беҳад қувонди.
— Фўлодбек жасур одам деб эшитган эдим, рост экан, мард одамнинг ишини қилибдур, — деди у кулиб.— Сен, Феруз, менинг ўғлимсан, Ёқутой — қизим. Мана уй, мана жой. Тап тортмай меникида тураверинглар. Отангиз учун қўрқманг, агар у халифа-нинг ғазабига учраса, қутқариб қолиш қўлимдан келадур.
Бир-бирини севиб қовушган икки ёшга бошпана берганидан у мамнун, подшонинг илтифотидан маҳрум бўлишдан қўрқмас, хайрли иш қилишни таъмагирликдан устун қўяр эди. Ҳуснлари гулдек очилиб кетган икки ёшнинг юзларидан ёғилаётган ёғду ҳувиллаб қолган уйини нурга тўлдиргандек бўлди.

* * *
— Биз амирлашкар Афшин Ҳайдар ибн Қорусга тенги йўқ гўзал бир қизни инъом этиб, уни хурсанд қилмоқ ниятида эдик, ниятимизга етолмадик, — деди саккиз қиррали олтин тахт устида виқор билан ўтирган Маъмун, рўпарасида тиз чўккан вазир ал-Фазлга қараб. — Аммо қизнинг отаси Фўлодбек таклифимизни рад этиб, қизини бир йигит билан қочирибдур. Биз миршаблар юбориб уни ҳибсга олдирдик. Шуниси қизиқки, уйида ёғочдан ясалган бир маъбуд бор экан.
—Зардуштий экан-да. Эҳтимолки, шунинг учун қизини оташпарастлар душмани Афшинга беришни истамагандир, — деди ал-Фазл, негадир ҳаяжонланиб.
— Шундоғ. Фўлодбек қизи билан ёш куёвини кимникига яширган деб ўйлайсиз?
— Фарғоналик дўстларининг бири куёви билан қизига бошпана бергандир-да!
— Топмадингиз, — деб кулди Маъмун. — Улар ал-Хоразмийнинг уйида беркиниб ётган эканлар. Муҳаммад ибн Мусо куни кеча келиб ўзи айтди, Фўлодбекни зиндондан чиқариб, ёшларнинг гуноҳини кечиришни сўради. Мен унинг илтимосини қабул этиб, хурсанд қилиб юбордим. ;
— Олижаноблик қилибсиз, — деди ал-Фазл мамнун бўлганини яшира олмай. Кейин ноқулай аҳволга тушганини яшириш учун гапни бошқа ёққа бурди. — Фарғонаю Хоразмдан кўчиб келган туркий халқлар орасида мажусийлар кўп. Улар масжидга чиқиб намоз ўқиб турсалар-да, уйларида олтин маъбудга топинадурлар.
— Биз мажусийликни бартараф қилишимиз лозим. Қўл қовуштириб, қараб тураверсак, улар Шамосия тепалигида оташкада қуриб, уни муғтепага айлантирадилар.
Ал-Фазл бир вақтлар Хуросонда зардуштийларнинг ибодатхонасини кўрган эди. Тўртбурчакли ҳовли ўртасидаги усти ёпиқ бино, беш зина билан пастга тушиладиган оташкада, ўртада ёниб турган оловга хушбўй гиёҳларни ташлаб, дуо ўқиётган оппоқ соқолли пиримуғон кўз олдида жонланиб, сесканиб кетди.
— Рост айтадурлар, зардушт динига барҳам бермоқ керак. Унинг таъсири остида бўлган туркий халқлар арабларни ёмон кўрадурлар, баъзан кўча-кўйларда тўқнашувлар бўлиб турадур.
— Ҳаммасидан хабарим бор, — деди Маъмун қовоғини уйиб. — Аммо туркий халқлар бизнинг таянчимиз. Нотинч араблар у ер-бу ерда исён туғини кўтарганларида уларнинг ёрдами билан тартиб ўрнатамиз. Шунинг учун бу масалада эҳтиёткор бўлмоқ керак. Агар ал-Хоразмий ўз юртдошларига панд-насиҳат қилиб, араблар билан тўқнашиб туришнинг оқибати хунук бўлишини ёшларга тушунтириб турсалар, яхши бўлур эди. — У вазирининг юзида норозилик аломати пайдо бўлганини кўриб, ўз фикридан қайтди. — Яхшиси, бу ишга улуғ алломани аралаштирмаганимиз маъқул. Ҳозир у зот ҳинд ҳисобини мукаммалаштириш устида бош қотирмоқдалар. Бу ишни ўзимиз бартараф қилганимиз яхши. — Маъмун хуфя ишлар бўйича вазири бўлган Маҳмуд ибн Яҳёга бу ҳақда топшириқ бериш, пойтахтдаги мажусийларни рўйхатга олиб, уларга қарши зимдан чора кўриш кераклигини кўнглидан ўтказиб қўйди.

Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг