Менглибой Муродов. Уйғониш (икки пардали драма)

Қатнашувчилар:

Олим Салимович. Туман санэпидстанцияси бошлиғи
Зарофатхон. Унинг аёли
Ёқубжон. Аввал хўжалик ишлари бўйича бўлим мудири, кейин тадбиркор
Ойсанам. Унинг аёли
Ўринбой ота. Ёқубжоннинг отаси
Хуршида ая. Ёқубжоннинг онаси
Хосият ая. Олим Салимовичнинг онаси
Умида. Олим Салимовичнинг кенжа қизи
Бахтиёр. Ҳусниддин. Ёқубжоннинг сабоқдош дўстлари
Самандар ака. Бош ҳисобчи
Гуландом. Котиба қиз
Бердиқул. Олим Салимовичнинг ҳайдовчиси
Гулчеҳра. Ёқубжоннинг ҳамшира қўшниси

БИРИНЧИ КЎРИНИШ

Шаҳар четидаги эски чорвоқ ҳовли. Ҳовлининг икки четида иккита азамат чинор дарахти гуркираб ўсиб турибди. Ўртада таъмирдан чиқарилган икки хонали уй кўзга ташланади. Бу Ёқубжонларнинг ижарага олиб яшаётган уйи. Уйнинг ёнбошида кичкина айвон. Айвонга унча катта бўлмаган чорпоя қўйилган. Кеча Ёқубжон билан Ойсанамларнинг никоҳ тўйлари шу маҳалладаги шинам кафеда бўлиб ўтган. Куёв қишлоқдан келиб, тўйни ўтказишга бош-қош бўлган ота-она ва амма-холаларининг хизматини қилиб, югуриб юрибди.

Ўринбой ота: Ёқубжон ўғлимиз билан Ойсанамхон келинимизнинг никоҳ тўйлари Оллоҳга минг шукр, жуда ихчам ва чиройли ўтди. (Хуршида аяга) Сўзим тўғрими, кампир? Илоҳим, шу фарзандларимизнинг умрлари узоқ бўлсин!.. Ўзлари билан ўзлари кўпайишиб, қўшганлари билан қўша қаришиб, серфарзанд-сердавлат ва ували-жували бўлиб юришсинлар-да, ишқилиб!
Хуршида ая: Илоҳим айтганингиз келсин, отаси! Яратган эгамнинг ўзи шу болагиналаримизнинг бахтини ва омадини берсин ҳамиша!
Ўринбой ота: Ёқубжон, тўйда иш жойингдан келган меҳмонларинг орасида бошлиғинг кўринмади. Келмадими ё мен қудалар билан андармон бўлиб, уларнинг кўнглини оламан деб, у кишининг келганиниям, сўзга чиққаниниям сезмай қолдимми?
Ёқубжон: Кеча тўйдан олдин телефонда табриклаб қўйган эди. Вақтим бўлса, бораман ҳам деган эди. Вақти бўлмагандир-да, ота. Лекин ўзи келолмаса ҳам, ишхонамиздагиларнинг ҳаммасига тайинлаб юборибди, тўйни жуда яхши ўтказинглар, деб.
Ўринбой ота: Тушунаман ўғлим! Бошлиқларгаям осонмас. Ишлариям кўп бўлса керак-да. Ҳали у деб, ҳали бу деб, жонлари ҳалак барака топгурларнинг. Аммо бошлиқнинг йўриғи бошқача бўлади-да, ўғлим. Эзгуликнинг эрта-кечи йўқ. Яна бир гап, бошлиқларнинг кўнгли жуда нозик бўлади. Бордию келиб қолса, яхши кутиб олиб, самимий меҳмон қил, болам!
Ёқубжон: Албатта, сиз айтгандай яхши кутиб олиб, ҳурматини жойига қўяман, отажон!

Шу пайт уларнинг суҳбати устига хушкайфиятда Бахтиёр билан Ҳусниддин келиб қолишади-да, ўтирганлар билан саломлашиб, кўришишади.

Бахтиёр: Отажон, онажон, яхшимисизлар? Дўстимизнинг тўйини чиройли ўтказиб олиб, кўнгилларингизни тўқлаб, севинишиб ўтирибсизларми? Қалайсиз дўстим? Тўйлар билан чарчамадингизми? Қандай чарчоқлар чиқай дедими? Ҳусниддин иккаламиз келавердик, сизлардан бир хабар олайлик, хизматлари бўлса ёрдамлашайлик деб.
Ўринбой ота: Хуш келибсизлар, йигитлар. Кеча тўйда елиб, югурганларингиз учун сизларга катта раҳмат! Барака топинглар! Борларингизга шукр! Тўғрисини айтсам, сизларга ҳавасим келди. Сизлардек дўстликнинг қадрини биладиган марду майдон, қалби очиқ ёшларга ҳамиша Оллоҳнинг нури ёғилади. Илоҳим, ҳеч бирингизга, ҳеч қачон кўз тегмасин, болаларим, кўз тегмасин!.. Ҳамиша ана шундай бир-бирингиздан хабар олиб, қўллаб-қувватлаб юрингизлар. Қани дастурхонга қаранглар.

ИККИНЧИ КЎРИНИШ

Олим Салимович таҳликали қиёфада хона бўйлаб у ёқдан-бу ёққа тутақиб юрибди. Ёқубжон бир даста қоғозни титкилаб стол четидаги стулда бошини хам қилиб ўтирибди.

Олим Салимович (хуноби ошиб): Ишлаганингга мана салкам икки йил бўлаётибди. Шунча вақтдан бери бир бош ҳисобчининг тилини тополмасанг, нима иш қилиб юрибсан ўзи? Нега сирни очиб қўйдинг? Бошлиқнинг уйига юборилган мебелларнинг ҳаммаси рўйхатдан чиқарилган, эски эди, десанг бир жойинг кама­йиб қоладими, сен боланинг? Тўғрилик ҳам эви билан-да, ахир. Бунчалар ҳам гўл бўласанми, ука? Бошбух буни юқорига ёзиб, бир муаммо чиқармаса гўрга эди, ҳали.
Ёқубжон (жиддий туриб): Ўзингиз ҳам қизиқсиз-да, хўжайин! Нима қиласиз шу матоҳларни? Иккита шкаф, тўртта стул ва иккита кресло билан уйингиз тўлиб қолармиди? Жуда зарур бўлса агар шу нарсалар, уларни ҳалол пулингизга дўкондан сотиб олсангиз ҳам бўларди-ку?
Олим Салимович (асабийлашиб): Сен ҳали кўп нарсага тушунмайсан-да ука, тушунмайсан, уй-жой қилмаган, мана елкангга олахуржун ҳам тушди. Энди ҳаётни, турмушнинг аччиқ-чучугини тушунасан, бола… Мен бўлса, катта бир оиланинг бошлиғиман. Икки ўғил, икки қизим бор. Бир товуққа ҳам дон, ҳам сув керак. Менинг бир коса овқатга қорним тўяди. Уларга шу нарсалар керак-да. Сотиб олай десам, буларнинг ҳар бири фалон сўм. Шуларни ўйлаб, шу ишни қилган эдим-да, ука.
Ёқубжон (вазминлик билан): Мени кечирасизу хўжайин, лекин бу қилган ишингиз бутунлай нотўғри. Ўшанда сизни бу йўлдан қайтармоқчи бўлганимдаям, рўйхуш бермаган эдингиз. Мана оқибати. Сиз бўлса…
Олим Салимович: Мен сени мўмин-қобил бола десам, сенам ўша оши пишмаганнинг тарафини олаяпсанми?
Ёқубжон: Жаҳлингиз чиқмасин, хўжайин. Давлат мулкига кўз олайтириш – жиноят.
Олим Салимович: Мен сени не-не катта умидлар билан ишга олсаму сен бўлсанг, уялмай-нетмай менга қарши қўл кўтаряпсан-а? Бу ишинг, яхши эмас, ука!
Ёқубжон: Мени тўғри тушунинг, ака. Мен бу гапларни сизнинг обрўйингизни ўйлаб, айтаяпман, билсангиз. Бундай ишларни жуда кўп қиляпсиз. Доим айтаман, аммо қулоқ солмайсиз. Ҳамиша сувдан қуруқ чиқасиз. Лекин, Олим Салимович, кўза кунда эмас, кунида синади. Бир куни оқибати ёмон бўлади. Аслида, тўғриликка, ҳалолликка, нима етсин!.. Сизнинг ҳам шундай яшашингизни истайман. Сиз бўлса…
Олим Салимович: Сен менга ақл ўргатмоқчи бўляпсанми? Сен-а? Наҳотки, менинг сенчалик ҳам ақлим бўлмаса? Нималар бўляпти ўзи? Мен сени соддагина бола, десам, сен бу ердагиларданам ўтган қув экансан-у. Ичинг тўла сир-синоат экану сен тирранчанинг!..
Ёқубжон: Нима десангиз денгу, аммо ҳалиям бўлса кеч эмас, бу ёмон йўлин­гиздан қайтинг. Ҳеч иккиланиб, ўйланиб ўтирмай, вақтни чўзмай “хўп”, денг. Уйингизга олиб борилган ўша мебелларни жойига келтириб қўяйлик.
Олим Салимович: Буниси қандоқ бўларкан? Уйдагилар, қўни-қўшнилар нима деркин?
Ёқубжон: Отам менга доим насиҳат берганларида: “Ҳалол юрсанг ютасан, ҳаром юрсанг йитасан”, деган мақолни бот-бот эслатиб турардилар. Мен бу мақолни қулоғимга қуйиб олганман. Етар шунча чидаганим. Оқибатидан қўрқинг, Олим Салимович!
Олим Салимович: Ҳа-а, омон бўлгур бошбух, бош-бух-х-х! Сен туфайли, қолаверса, кечагина ишга келган ёш бир бола туфайли, бошлиқ бўлиб шу оддийгина, кичкинагина ишниям эплолмасам-а? Қандай кунларга қолдим ўзи? Ким деган одам бўлдим, энди? (Ёқубжонга.) Бошбухга ҳалиям бўлса, бир нима деб, ақлини киритмайсанми, ука. Ке, укажон сен ўртага туш. Шу ишни ўзинг бир ёқли қил.
Ёқубжон: Нима деяпсиз? Мени кечирасизу мен ҳеч қачон ҳаққа ва ҳақиқатга қарши бормаганман, бундан кейин ҳам бормайман! Бунга менинг виждоним ҳам, имоним ҳам, асло, йўл қўймайди.
Олим Салимович: Шунақа де!.. Демак, сенинг қўлингдан бу иш келмайди, шундайми?
Ёқубжон: Тўғри айтдингиз. Мен бунақа ишларни эплолмайман. Ёмонликни, ёмон ишларни жиним суймайди. Мен яхшиликни, савоб ишларни яхши кўрадиган одамман.

Хонага ҳорғин жилмайиб, ҳисоботлар папкасини кўтариб бош ҳисобчи киради. Олим Салимович бетоқатланади. Бир вақтнинг ўзида турли ҳолатга тушади: хиёл қовоғини уяди, хиёл жилмаяди. Ер остидан бош ҳисобчига ўқтин-ўқтин ўқрайиб қараб-қараб қўяди.

Самандар ака: Ўртоқ бошлиқ, ҳисоботни ўз ҳолатида ёпаверамизми ёки бошқа бирон-бир фикрингиз борми?

Ёқубжон Олим Салимовичга, Олим Салимович бир Самандар акага, бир Ёқубжонга қараб-қараб олади-да, оғир хўрсиниб, оғир ютинади.

Олим Салимович: Ҳисоботга ҳалигиларни кўрсатиб ўтирманг, тағин. Анг­лашилмовчилик бўлганга ўхшайди. Бугун кечқурун ўша мебелларингизнинг ҳаммаси бус-бутун ўз жойида бўлади.
Самандар ака: Гапни ўйлаб айтинг, Олим Салимович. Сизникига хуфиёна жўнатилган мебеллар меникияммас, сизникияммас, давлатники!.. Давлатнинг мулкини ўзлаштиришга эса ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.
Олим Салимович (тилёғламалик қилиб): Менимча, бу дунёда янглишмайдиган, хато ва камчилик қилмайдиган одам бўлмаса керак. Ҳечам хавотирга тушманг, Самандар ака. Ўзимиз қилган гуноҳни ўзимиз ювамиз… Гапим тўғрими, Ёқубжон?
Ёқубжон: Худди шундай, Олим Салимович.
Самандар ака: Бўлмаса мен борай, ҳисоботимиз кечикмасин. Ҳали молия бўлимига ва банкка ҳам ўтишим керак эди. Сиз ҳам ука, бу ердаги ишларингиз тугаши билан хонамга киринг.

УЧИНЧИ КЎРИНИШ

Ўша ҳовли. Орадан икки йилча вақт ўтган. Ўринбой ота, Хуршида ая, Ёқубжон ва Ойсанам суҳбатлашмоқда.

Ўринбой ота: Халқимизнинг: “Яхши одамлар илму ҳикмат, дину диёнат ва меҳр-муҳаббат билан яшайди” деганларида катта-катта маъно бор экан. Ойсанамхон келинимизнинг ота-оналарига, қудаларимизга минг раҳмат. Улар ҳақиқатдан ҳам илму ҳикматли, дину диёнатли ва меҳр муҳаббатли инсонлар экан. Қудаларимиз Рустамжон набирамизнинг бешик тўйини чиройли қилиб ўтказиб дам олгани шаҳар ташқарисидаги санаторийга кетишибди. Лекин ўғлим, хўжайининг жуда катта одамми дейман-да. Бу сафар ҳам келмади-я. Майли, катта одам, иши кўп, ташвиши кўп.
Хуршида ая: Тўғри айтасиз, отаси. Донишмандлар ҳам бекорга: “Яратган ўзининг суйган бандаларини яхши одамларга йўлдош қилади”, дейишмаган бўлса керак.
Ўринбой ота: Оллоҳга шукр! Қудачилик – минг йилчилик, деган гап бор. Ўйлаб қарасам, шунча чиройли тўйлардан кейин қудалардан бир кўнгил сўраб қўйишимиз керак эди. Ҳали ҳам кеч эмас. Бир ўша санаторийга бориб қудаларни йўқлаб қўйсак.
Хуршида ая: Ҳа-я, отаси уларнинг ўзлариям бизларни таклиф қилиб кетишган. Бемалолроқ келсанглар сизларга ҳам жой гаплашиб қўярдик дейишган. Борсак яхши бўларди.
Ёқубжон: Сизлар нима десангизлар шу, отажон, онажон! (Ойсанамга.) Дадамлар қудалариникига қуруқ қўл билан боришмасин. Қўлларига совға-салом тайёрлаб бер.
Ўринбой ота: Қуруқ қўл эмасмиз, болам! Бир нималар мўлжаллаб қўйганман.
Ёқубжон: Биламан, отажон, сиз бундай масалаларни боплайсиз. Бироқ тўйхонадан боргани бошқача бўлади-да, менимча.
Ойсанам: Отамларни олиб чиқиб кузатиб қўясизми? Ташқарида машина кутиб турибди. Укамни чақиртириб эдим. Халиги совға-саломларни бўлса, хаммасини сумкага жойлаб, машинага қўйиб келдим.
Ёқубжон: Отажон, онажон қудаларингизнинг меҳрибончилигига қаранг. Сизларни қийналиб юрмасинлар деб, машина ҳам юборишибди.
Ўринбой ота: Э, барака топишсинлар-да, шу олий ҳимматли қудажонларимиз!

Ёқубжон билан Ойсанам ота-оналарини кузатиб қайтишади.

Ойсанам: Нимагадир кўнглим ғаш. Ишқилиб яхшиликка, бўлсин-да…
Ёқубжон: Бир нима дедингми, ойиси?
Ойсанам: Нимагадир кўнглим ғаш, дейман.
Ёқубжон: Эрталабдан бери менинг ҳам чап кўзимнинг қовоғи учгани-учган. Барча ёмонликлардан Худонинг ўзи асрасин-да.

Ёқубжон билан Ойсанам ичкарига кириб кета бошлайди. Орадан сал ўтмай, Рустамжоннинг йиғиси, Ойсанамнинг алла айтган товуши эшитилади.

Ойсанам (Ўғилчасини ўраб-чирмаб айвончага олиб чиқади. Уни бағрига босиб у ёқ-бу ёққа юради. Боланинг йиғиси бир кучайиб, бир пасаяди.) Дадаси, ҳамшира қўшнимизни чақириб келасизми? Рустамжоннинг иссиғи кўтарилаётганга ўхшайди.

Ичкаридан Ёқубжоннинг “Ҳозир” деган овози эшитилади. Сал ўтмай ўзиям чиқади.

Ёқубжон: Ота-онамизни юбормай турсак бўларканда-а?
Ойсанам: Бундай бўлишини қайдан билибмиз, дейсиз. Сиз Рустамжонни олиб туринг. Қўшнига ўзим қўнғироқ қиламан… Алё… кечирасиз… қўшнижон… ҳа, мен Ойсанам! Опажон, сиздан илтимос, Гулчеҳра қизингизни чақириб берсангиз. Ҳа, ҳа, ўғилчамизнинг мазаси бўлмаяпти. Бир келиб кетсалар. Раҳмат, раҳмат, опажон! Бу яхшиликларингизни яхши кунларингизда қайтарайликда, ишқилиб.

Орадан сал ўтмай дарвоза қўнғироғи жиринглайди. Ойсанам ҳамширани кутиб олгани ташқарига чопиб чиқади.

Ёқубжон (Ўғлини йиғидан тўхтатишга ҳаракат қилади): Ў-ў-ў! Тинчланақол, болагинам! Ҳозир ҳамшира опамиз келади, ў-ў-ў!

Шу орада ҳамшира билан Ойсанам кириб келишади.

Ҳамшира (Ёқубжонга): Яхшимисиз, укажон? Ўғилчанинг иссиғи борми?
Ёқубжон: Ҳа.
Ҳамшира: Қани, менга берингчи. (Рустамжонни диванга ётқизиб, иссиғини ўлчаб кўради.) Ҳа, озгина кўтарилибди. Авваллари ҳам шундай аҳволга тушиб турармиди, келин?
Ойсанам: Ҳа, лекин…
Ҳамшира: Иссиғини туширадиган таблеткадан олиб келган эдим. Хўп десаларинг, шундан озгина берамиз.
Ойсанам: Майли опажон!

Ойсанам ўғилчасини бағрига олиб аллалайди. Рустамжон дорининг таъсирида ухлай бошлайди. Онаси уни бешикка белайди. Бола сал хархаша қилади. Ойсанам ширали товушда алла айтади. Бола секин уйқуга кетади. Ойсанам билан Ёқубжон қайта-қайта миннатдорчилик билдириб, ҳамширани кузатиб қўйишади.

Ёқубжон: Мен қўни-қўшниларнинг қозон-товоқларини ва стол-стулларини эгаларига топшириб бўлдим.
Ойсанам: Менинг ишларим ҳам битай деб қолди. Сиз ювиниб, кийинаверинг. Ҳозир нонуштаниям олиб бораман.
Ёқубжон (бешикнинг ёпинчиғини қия кўтариб қарайди): Яхши ухлаяпти. Ҳа, айтгандай, бугун ишга ҳар кунгидан эртароқ боришим керак эди. Ие, соат ҳам саккиз бўлиб қопти-ку. Рустамжондан ўзинг жуда ҳушёр бўл. Иссиғи ошса, дарров менга телефон қил. Хайр, яхши ўтиринглар.

Шу пайт телефон жиринглайди. Шошилган кўйи орқасига – телефон гўшагини кўтараётган Ойсанамга қараб, туриб қолади.

Ойсанам (гўшакни қулоғига тутиб): Алё… ким бу? Нима дедингиз? Диплом дедингизми? Қачон боришлари керак? Ҳа, ҳа, тушундим. Ҳозир айтаман. (Ёқубжонга қараб) Дадаси, шошмай туринг, хушхабар! Раҳмат, раҳмат! Соғ бўлинг. (Гўшакни жойига қўяди.) Деканатдан хабар қилишаяпти. Бугун соат ўнда диплом олиш учун факультетнинг катта йиғилиш залига борар экансиз. Ёқубжон ака, диплом муборак бўлсин!
Ёқубжон: Раҳмат, раҳмат! Қувончли кунларимизга кўз тегмасин, ойиси. Кечагина Рустамжоннинг бешик тўйини ўтказиб бир қувонган бўлсак, энди беш йиллик меҳнатимизнинг самарасини олиб яна тўйимизни давом эттирарканмизда-а? Хабарчи ким экан, ойижониси?
Ойсанам: Деканнинг котибаси экан. Келаман десангиз, тушликка диплом оши қилиб қўярдим. Нима дедингиз?
Ёқубжон: Сиз диплом оши қиласизу биз келмаймизми, хоним?! Йўқ демасангиз, помидор билан бодринг биздан бўлақолсин.
Ойсанам: Яхши бориб келинг, дадаси!

Шу аснода, яна телефон жиринглайди. Ойсанам шошиб гўшакни кўтаради.

Ойсанам: Алё… алё… эшитаман! Танимайроқ турибман!.. Сиз кимсиз? Бердиқулман, дейсизми? Сизга ким керак ўзи? Ёқубжон акани сўраяпсизми? У киши хозиргина ишга кетувдилар. Нима эди? Нима деб қўяй? Хайр, омон бўлинг. (Гўшакни қўяди.)

Орадан уч-тўрт дақиқа ўтар-ўтмас, Рустамжон тўсатдан аввал ингалаб-ингалаб туради-да, кейин йиғисини кучайтиради. Ойсанам югуриб бориб бешикка ёпишади. Ёпинчиғини кўтариб қўйиб ўғилчасининг пешонасини ушлаб кўради. Йиғидан тўхтамаётган ўғилчасига кўкрагини тутади. Гўдак уни олмай йиғисини борган сари кучайтиради. Шундан сўнг Ёқубжоннинг ишхонасига телефон қилади.

Ойсанам: Алё… алё!.. Ёқубжон ака сизмисиз? Яна Рустамжоннинг мазаси бўлмаяпти. Ҳа, ҳа… йиғидан тўхтамаяпти. Яхшиси, ўзингиз тез ёрдамга телефон қилинг-да, тез уйга етиб келинг. Диплом бир гап бўлар. Мен қўрқиб кетаяпман!

Ойсанам ҳовлиқиб яна бешикка ёпишади. Болани бешикдан ечиб олади ва уст-бошларини алмаштиради. Ўғилчасини овунтириш учун қўлидан келган бор ҳунарини кўрсатади: бағрига босади, аллалайди. Пешонасига латтани совуқ сувга ҳўллаб босади, орқасига, ароқ суртади. Йиғламоқдан бери бўлиб эзилиб ўтирганида эшик тақиллаб қолади. Ойсанам эшикнинг илгагини кўтаради. Бир шифокор аёл билан ҳамшира изидан Ёқубжон уйга киради.

Ойсанам: Тушунмай қолдим дўхтир опажон!.. Тушунмай қолдим, Ёқубжон ака! Тўсатдан шунақа бўб қолди. Бўлмаса дадаси ишга кетаётганларида бешикда ухлаб ётувди. Мен, энди, ошга уннамоқчи бўлиб турганимда, уйқусидан қаттиқ йиғлаб, уйғонса бўладими? Шундан бери ҳечам йиғисини тўхтатаолмаяпман.
Шифокор: Иссиғи баланд-ку! Ҳамшира иссиғини туширадиган укол қилинг, болага. Синглим йиғламанг. Ўғлингизни овқатланиши яхшимиди?
Ойсанам. Аввал яхши эди. Бир соатдан бери кўкрагимниям олмаяпти.

Ҳамшира Рустамжоннинг думбасига укол қилади. Гўдак чинқириб йиғлайди.

Шифокор: Она-болани зудлик билан шифохонага ётқизиб ўғлингизни даволамасак бўлмайди, ука.
Ёқубжон: Нима десангиз шу, опажон! Ўғлимиз соғ-саломат соғайиб кетса бўлди. Унақада сен тез тайёргарлигингни кўр, ойиси. Рустамжонга ўзим қараб тураман. Асалим, шакарим, қўзичоғим, тойчоғим, эркатойим, овунчоғим, нима бўлди сенга? Қаергинанг оғрияпти бо-ла-жо-ни-им? Ўғлимизнинг касали тезда тузалиб кетармикан, опажон?
Шифокор: Ўғлингизни тўлиқ текширмасдан туриб, бир нима деёлмайман, ука. Ҳозирча биринчи ёрдам сифатида ўғлингизга иссиғини туширадиган укол қилдик.
Ташхисини даволовчи врач ҳар томонлама текшириб кўриб чиқарган хулосалари асосида қўяди. Худо хоҳласа, бир ҳафта, ўн кунда тузалиб кетади.
Ёқубжон билан Ойсанам: Илоҳим айтганингиз келсин, опажон!
Шифокор: Тайёр бўлсангиз, тезроқ борайлик, синглим.
Ойсанам: Ҳозир Рустамжоннинг ҳам кийимларини олволай. Ана бўлди. Унда бизлар чиқаверамиз, уйни ўзингиз қулфларсиз…
Ёқубжон: Газ, сув ва чироқларни ўчириб, уйни қулфлаб изларингиздан тез етиб бораман.

ТЎРТИНЧИ КЎРИНИШ

Шаҳар болалар шифохонаси. Ёқубжон даволовчи врачни кутиб, мунғайиб, ичи ёниб, типирчилаб ўтирибди. Шифокорни кўриб, шошиб унинг олдига боради.

Ёқубжон: Жо-он опажон, сиздан илтимос, ўғилчамизнинг ҳаётини сақ­лаб қолинг! Бизлар унинг аҳволи кундан-кунга яхшиланиш ўрнига, оғирлаша­ётганидан жуда-жуда қўрқаяпмиз! Энди барча умидимиз фақатгина сиздан, о-па-жо-он, сиздан!
Шифокор: Болага қўлимиздан келган барча даво чораларини қилаяпмиз. Буни ўзингиз ҳам кўриб турибсиз. Ҳозир бориб яна кўраман. Ўн иккинчи палатадаям бир бола жуда оғир ётибди. Ҳозиргина ўғилчангизнинг палатасидан чиқиб бу ерга келувдим. Бу гўдакнинг дардиям нақ сизнинг болангизнинг касалига ўхшайди. Иккаласининг ҳам дарди бир хил. Тиббиётда ҳали яхши ўрганилмаган ғалати бир касаллик чиқаяпти. Буни сизга аввал ҳам бир айтган эдим. Аммо, шунга қарамай, даволашни бетўхтов давом эттираяпмиз. Сиз шу ерда бўлинг. Мен ҳозир яна кўриб чиқаман.

Ёқубжон ўйланиб, мунғайиб турганида, унинг ёнига Бахтиёр билан Ҳусниддин кириб келади.

Бахтиёр: Ёқубжон, нега кайфиятингиз йўқ? Рустамжон яхшими? Ўзингиз яхшимисиз?
Ҳусниддин: Боланинг йиғиси пасайдими? Овқатланиши яхшими?
Ёқубжон: Йиғлаб тургани ҳам яҳши экан. Йиғламай қўйганидан врач ҳам хавотирда…
Бахтиёр: Даволовчи врач билан гаплашиб турибсизми? У нима деяпти?
Ёқубжон: Ҳозир ҳам гаплашдим. Даволовчи врачнинг айтишича, ўғилчамизнинг касали тиббиётда ҳалигача унча яхши ўрганилмаган бир ғалати хасталикка ўхшаяпти экан.
Шу гапни эшитганимдан бери дардим ичимда, жўраларим, дардим ичимда! Нима қилишимни билмай бошим қотиб қолди! Энди нима қиламан? Дардимни кимга айтаман?
Бахтиёр: Ундай бўлса, ҳозироқ бош врачга кириб, шу гапларни тушунтириб айтинг. Боладаги дардни даволовчи врач билмаса, балки, бу катта шаҳарда бошқа биладиганлар бордир, ахир!
Ёқубжон (куюниб): Э-э-э, сизлар айтаётган гаплар ва фикрлар бир ҳафтадан бери ҳаракатда. Профессорлар ҳам келиб кўриб кетишди. Даволовчи врачнинг ташхисиям, муолажалариям тўғри экан. Профессорларнинг ҳам, даволовчи врачнинг ҳам гапи бир ердан, бир хил чиқаяпти.
Бахтиёр: Тавба! Тиббиётда ҳалиям яхши ўрганилмаган касалликлар бор эканда-а?
Ҳусниддин: Рустамжон тез кунда шу оғир дардидан соғ-саломат қутилиб олиб, ҳаммамизни қувонтириб юрсин-да, яйраб-яйраб!
Ёқубжон: Айтганларингиз келсин, жўралар!

Шу пайт буларнинг сўзларини эшитиб келаётган Самандар ака даврага қўшилади.

Самандар ака: Яхшимисизлар, йигитлар? Ёқубжонжон, ўғилчангизнинг умр­лари узоқ бўлсин. Рустамжон соғайиб қолдиларми?
Ёқубжон: Қани эди сиз айтгандай соғайиб қолган бўлса.
Самандар ака: Ё ҳалиям мазаси бўлмаяптими?
Ёқубжон: Ўғилчамизнинг касали ҳали тиббиётда яхши ўрганилмаган экан. Шунинг учун..

Худди шу пайт, шифокор аёл ўнинчи палатадан мунғайиб, шашти тушиб чиқади…

Шифокор: Бардам бўлинг, ука! Ҳали бошларингиз ёш-ку. Ҳали Худо хоҳласа…
Ёқубжон (Ўзини тутолмай бақириб йиғлаб юборади): Ни-ма-а? Нима дедингиз? Ўғ-ли-им! Ў-ғил-ги-нам! Рустам-жо-ним!..

БЕШИНЧИ КЎРИНИШ

Олим Салимович хонада қовоғини солиб турибди. Сочлари ҳурпайган, кечаси билан ухламагани учун қовоқлари сўлинқираб турибди. Хонани котиба тақиллатиб, Ёқубжон келганини айтади. Хонага руҳи чўккан, қовоғи солинган Ёқубжон кириб келади.

Олим Салимович: Ия, ия, келсинлар, қадамларига ҳасанот, хуш келибдилар, хўжайин.
Ёқубжон: Узр, Олим Салимович. Кўп йўқлабсиз. Боламдан айрилгандан ке­йин, юрагимга ҳеч нарса сиғмади. Ишга келолмадим.
Олим Салимович: Ёқубжон, бу ёғи бандачилик. Худо ўзи бериб, ўзи қайтариб олади. Умрини бермаган экан, қўлингдан нима ҳам келарди?
Ҳар бир банда ўз бошига ёққан қорни ҳар доим ўзи курайди. Аммо бу дегани ўн кунлаб ишга келмаслик, дегани эмас. Менинг ҳам жондек қизим қанчадан бери ўсал ётибди. Бирор марта бўлсин, шуни баҳона қилиб, ишга нисбатан масъулиятсиз бўлмадим. Давлат иши билан ўйнашмадим.
Ёқубжон: Кечирасиз, Олим Салимович, мен ўз ҳисобимдан ариза ёзгандим.
Олим Салимович: Аризани ҳамма ҳам ёзаверади. Иш-чи, иш. Уни ким қилади. Мен сенинг ўрнингга бориб ҳисоб-китоб қилиб турайми? Мени дардим, ишим кам деб ўйлайсан, шекилли-а. Муаммоси йўқ, деб ўйларсан балки. Дардим ичимда мани. Аммо одамда ирода дегани ҳам бўлиши керак. Менинг ҳам учта болам турмаган, чидадим. Ҳозир биттаси юрагимни куйдириб ётибди ана уйда. Чидаяпман.
Ёқубжон: Узр, Олим Салимович. Менга рухсат берсангиз. Ишларимни қилсам.
Олим Салимович: Тўхта. Гап бор. Мана тақдирнинг биринчи синовини кўрдинг, кўзинг очилгандир. Энди, бу ёғига келишиб ишласак. Айрилганни айиқ ейди. Икки ёрти бир бутун деган гаплар бор.
Ёқубжон: Нима хизмат, Олим Салимович.
Олим Салимович: Бу бошқа гап. Бу ҳаёт деганларида бирорта тиргагинг бўлмаса, саратоннинг жазирамасидаги шамол ҳам шамоллатаверади, ука. Пойдевор топиш керак, пойдевор. Зўринг, заринг, суянадиган чиноринг бўлиши керак. Шунда ҳеч қачон синмайсан.
Ёқубжон: Тушунмадим, Олим Салимович.
Олим Салимович: Ҳозир тушунтираман (Қўлини тепага ишора қилиб). Каттанинг идорасига келаси ойдан текшириш келяпти. Шунга менга ўхшаган бир-иккита содиқларидан илинжи бор, шекилли. Шунга, икки йилдан бери тишингнинг орасида олиб юрган нарсаларингнинг баъзиларини баҳридан ўтасан. Кейин, бошқа йўллари ҳам бор, ўзим сенга айтаман. Шунга ҳисоб-китобингни олиб юр.
Ёқубжон: Ака, яна шунақа гапми? Менинг болам ўлди, мурғаккина бегуноҳ болам ўлди. Сизнинг раҳбарингиз еб қўйган бўлса, нега биз унинг кетини тозалашимиз керак. Бизда нима айб? Олим Салимович, бунақа ишларнинг охири ёмон бўлади. Нариги дунёда ҳам жазоси бор. Икки дунёда ҳам ҳаром луқма кечирилмайди, ахир. Сизнинг бир-икки сафсатангизга ишониб, номаъқул ишга қўл уриб мана боламдан айрилдим. Давосиз, номсиз касалга чалинди. Сизни билмадиму, мен боламнинг ўлимини сизнинг бир-икки, “саховатингиз” туфайли бўлди, деб ўйлайман. Энди, ҳеч қачон бунақа ишларга аралашмайман.
Олим Салимович: Сен болани ҳали ҳам ақлинг кирмабди-ю, а. Сенга нима, мен раҳбар бўлсам, келажакда бирор гап-сўз бўлса, аканинг ўзи ёпса? Ука, гапни айлантирма. Айтганимни қил, шунда келажагинг яхши бўлади. Мен сенга ёмонлик тиламайман. Керак бўлса, сени ўзим кўтараман.
Ёқубжон: Ака, икки дунёда ҳам бу ишни қилмайман. Менга тинчлик керак. Сиз айтган нарсалар ҳам керакмас. Оввора бўлманг.
Олим Салимович: Йўқол унда кўзимдан. Икки дунёда ҳам биринг икки бўлмайди сан боланинг. Яхшиликни билмаган, номард.
(Ёқубжоннинг кўзлари ғазаб билан бир ёнади-ю, индамай чиқиб кетади).

ОЛТИНЧИ КЎРИНИШ

Ёзнинг биринчи ойи. Кечки пайт. Ҳаво дим. Олим Салимовичнинг яқинда қуриб битказилган шинамгина икки қаватли уйи. Уйнинг олдида пешайвон. Унинг атрофида анвойи гуллар гуркираб ўсаяпти. Уч-тўрт йиллик олма, нок, гилос ва хурмо дарахтлари кўзга ташланади.
Пешайвоннинг тўридаги диванда кексайиб, кўздан ва оёқдан қолган онаси – Хосият ая билан унинг ёнидаги темир каравотда уч-тўрт йилдан бери оғир хасталикка чалинган ўн уч-ўн тўрт ёшлардаги кенжа қизи – Умида шифохонадан зерикиб, вақтинча уйларига келиб ётибди.
Хосият ая кечаси кўрган тушларини ўйлаб, мазаси қочиб, хаёлга чўмиб, ғамга ботиб ўтирибди.

Хосият ая (нолиб): Олимжон шу ердамисан?
Олим Салимович: Шу ердаман, шу ердаман. Ҳозир ишдан келдим, она.
Хосият ая: Ишларинг яхшими, болам? Мендан гап сўрасанг, отангнинг руҳи жуда безовта бўлаяпти. Бир ҳафтадан бери туш кўраман. “Олимжон кўзини очсин. У савоб олишнинг ўрнига жуда катта гуноҳга ботаяпти-ку”, дегани-деган. Нима иш қилиб юрибсан ўзи, болам? Нега савоб олишнинг ўрнига гуноҳга ботаяпсан? Сендан умидимиз шумиди, ўғлим? Кимнинг кўнглига озор бераяпсан? Гуноҳга ботгулик нима иш қиляпсан? Қилаётган гуноҳ ишларингнинг касри қизинг – Умидага ва менга тегаётган бўлмасин тағин. Кўраётган бу тушларим ҳам, қизингнинг аҳволи кундан-кунга оғирлашиши ҳам бекорга эмасдир?! Отангнинг гапи-гап. У авлиёсифат одам эди. Кўзингни оч болам, кўзингни оч-ч!
Олим Салимович (таъсирланиб): Ҳалиям эскиликка кўп ишонасиз-да, она! Тушга нималар кирмайди, дейсиз. Хўп, айтинг-чи, отам тушингизда сизга яна нималар деди?
Хосият ая (йўталиб, “уф” тортиб): Бошқа ҳеч нима демади-ку, аммо-лекин отанг сенинг қилиб юрган бирон-бир ишингдан жуда-жуда норозига ўхшайди. Тушга ишонмай бўладими, болам? Менинг англашимча, сен ўзингга яхшилик қилиб юрган биронта дўстингга ёмонлик қилиб, унинг юзига оёқ босаётганга ўхшайсан-да, болам! Мени десанг, отангнинг руҳини чирқиратаверма! Яхшилик қилганга сенам яхшилик қил! Билиб қўй. Бу дунёга ҳар бир инсон яхшилик қилиш учун келади. Яхшиликда гап кўп, болам!
Яхшиликни билмасанг, яхшиликка яхшилик қайтармасанг, унинг касри келиб-келиб оилангга уради, фарзандларингга ёки бўлмаса ўзингга уради, болам! Умидагинангнинг кундан-кунга сўлиб бораётгани ҳам бежиз бўлмаса керак?! Энди, ёш эмассан, кўзингни оч! Машойихлар ҳам бекорга тош билан урганни, сен ош билан ур, дейишмаган. Сен эса, бунинг тескарисини қилиб, ош билан урганниям тош билан ураётганга ўхшайсан!.. Нафақат ўзингга яхшилик қилган одамга, ҳатто ҳеч кимга зинҳор-базинҳор ёмонлик қила кўрма бо-лам-м, бо-ла-жо-ним!
Олим Салимович (ўзига ишонмаган ҳолда, дағал товушда, тутилиб-тутилиб): Ни-ма? Нима деяпсиз, она? Мен… мен… мен ҳеч кимга ёмонлик… қилган… эмасман, она!..
Умида (мажолсиз ҳолда овози хириллаб чиқади): Мени кечирасиз, дада. Бувим тўғри айтаяптилар. Икки-уч кундан буён бувим кўрган тушларини менам кўраяпман. Тушларимда бобожоним мениям безовта қиляптилар.
Сиз бир эмас, бир нечта одамларга ёмонлик қилиб, кўнгилларини қолдириб юрганга ўхшайсиз. Буни, менга тушимда бобожоним айтдилар. Яна, бобожоним айтдиларки, агар ўзингизга яхшилик қилган одамларга яхшилик қилмасангиз, қилган ёмонликларингиз учун улардан бориб кечирим сўрамасангиз, менинг аҳволим бунданам баттар оғирлашар экан. Эшитяпсизми, да-да-жо-он, менинг соғлигим яхшиланиш ўрнига, янаям ёмонлашар экан. Агар мени яхши кўрсангиз у-лар-дан ке-чи-рим сўр-а-анг… (овози пасайиб, жимиб қолади).
Олим Салимович (қўрқиб, ҳовлиқиб, қизининг ёнига отилиб боради): Кўзингни оч, Уми-д-а-а! Қўрқитма қи-зи-им! Жо-он қиз-им, а-сал қизим, шакар қизим! Кўзингни оч! Умида қизим, кўзингни оч! Сенга нима бўл-ди-и? (Атрофига ҳовлиқиб, аланглаб қарайди, сўнг ошхона томонга ўгирилиб бақиради) Ҳой-й ким бо-ор?! Зарофатхон қаерда-са-ан? Тезроқ кел! Умиданинг аҳволи яна оғирла-ша-яп-ти-и!
Хосият ая: Умидага нима бўлди? Айтмадимми, айтмадимми, мен сенга О-лим-жо-он?!. Қизингнинг юзига сув сеп.
(Шу пайт ошхона томондан қўрқиб ва ҳовлиқиб: “Умидага яна нима бўлди-и-и?!.” деганича Зарофатхон қизининг ёнига учиб келади)
Олим Салимович (шошиб-пишиб қизининг юзларига сув сепади. Умида сал ўзига келиб кўзларини очади): Э, Худога шукр, кўзини очди, онажон!.. Умида кўзини очди!
Умида (зорланиб): Да-да… да-да-жо-он! Мен… мен я-шаш-ни ис-тай-ма-ан!
Олим Салимович: Нима дединг? Нималар деяпсан, қизим? Сенам онамга ўхшаб, тушингга ишониб юрибсанми? Тушунмадим. Ахир, мен сизларни деб, эртаю кеч, елиб-югуриб юрибман-ку, қиз-и-им!
Зарофатхон (хуноби ошиб, эрига қараб): Одамларга шунча қилган ёмонлик­ларингиз камлик қилувдими? Кимнидир қарғиши ургандир, ахир.
Олим Салимович (ўзини гўлликка олади, кўзлари олайиб кетади): Билиб-билмай, оғзим бор деб, сенам хотин валдирайверма ҳар нарсани. Мен ҳеч кимга ёмонлик қилмаганман. Ё сенам туш кўрдингми?

ЕТТИНЧИ КЎРИНИШ

Ёқубжоннинг ишхонаси. Замонавий кийинган Гуландом хонага кириб келади. Ёқубжон унга қараб анграйиб қараб қолади.

Ёқубжон: Келинг, Гуландом. Бугун бошқача бўлиб кетибсизми?
Гуландом: (Эркаланиб) Нима ярашмабдими?
Ёқубжон: Йўғе, нимага?
Гуландом: Ёқубжон ака, ўзингиз яхшимисиз, келинг энди бир бегуноҳ гўдакни деб ўзингизни бунча сиқаверманг. Ўтгани ўтиб кетди. Энди бу ёғига яшаш керак. Мен ҳам олдинлари шунақа эдим. Ўтганга ҳам, касалга ҳам куюнаверардим. Ке­йин бирданига кўзларим ярқ этиб очилиб кетди. Мана, онамдан кейин ҳеч нарсага парво қилмай қўйдим. Кейин, ўйлаб қарасанг, бу дунёга бир марта келар экансан. Ўйнаб, кулиб, ҳаётнинг ҳар лаҳзасини гаштини суриб яшаш керак экан.

Ёқубжон: Ундай деманг, Гуландом. Ҳали ёшсиз, умрингизнинг ёруғ кунлари ҳали олдинда. Ҳали Алпомишдай куёвларга ёр бўласиз.
Гуландом (кулиб): Қани ўша алпомишлар? Бу дунёда унақаларнинг борлигига ҳам ишонмай қўйдим. Ахир ўшаларни кутавериб йигирма еттига кирдим. Қачон келишади ахир?
Ёқубжон: Келади, келади. Бир куни шундай оёғингизнинг тагидан чиқиб, мана мен дейди-ю, шартта олиб кетади. Одамзод эртага тақдири қандай бўлишини ўзи билмайди.
Гуландом: Қайдам. Юрагимни эритиб юбордингиз. Хуллас, мен эртага роппа-роса йигирма еттига тўламан. Шунга, туғилган кунимни нишонласамми, деган ниятим бор. Аммо унга ҳаммани ҳам айтиш ниятим йўқ. Биласиз, Олим Салимовичнинг орқасидан мени кўпчилик ёмон кўради. Менинг ҳам уларга кўзим учиб турган жойи йўқ. Ишхонамиздан беш-олти одамни чертиб-чертиб айтяпман. Сизни эртага кечқурун уйимизда кутаман. Дадам Эстонияда, укам ҳарбий хизматда, синглим ҳам келиб-келиб эртага йигитини кузатгани вокзалга бориши керак экан. Шунинг учун ўзим сизларга хизмат қиламан. Мана уйимнинг манзили. (Қоғоз ташлаб кетади)
Ёқубжон: Кимлар боради?
Гуландом: Ишхонамиздан беш-олти киши, бир-икки дугоналарим. Қолганини борганда кўрасиз. Тағин қариқизларнинг тўйига бормайман деб, мени хафа қилманг-а.
Ёқубжон: Қизиқмисиз, Гуландом. Сизнинг туғилган кунларингизу тўйларин­гизга бош бўлиш бизнинг бурчимиз. Биринчи бўлиб ўзим етиб бораман.
Гуландом: Бўлди, кутаман, бўлмаса.

САККИЗИНЧИ КЎРИНИШ

Гуландом жилмайиб, Олим Салимовичнинг хонасига кириб келади. Олим Салимович хушкайфиятда уни кутиб олади.

Олим Салимович: Келинг, келинг, Гуландомхон, келинг. Ўзиям сизнинг борлигингиз мани бахтим-да, жонидан. Баъзида ўнта аёл битта эркакнинг ўрнини босолмайди. Аммо баъзида сизга ўхшаган битта уддабурон қиз ўнлаб лапашанг, довдир, хотинчалиш эркакларнинг ишини уддалайди. Ўнта чала эркакдан, битта бутун аёл яхши экан, жонгинам. Сизни шу дангаллигингиз, шаддодлигингиз, шўхлигингиз учун яхши кўраман-да. Ҳали, каттага ҳам сиз ҳақингизда айтдим, ҳамма ишимизни шу жонон тўғрилайди, дедим. Катта ҳам сизни кўрмаган бўлса ҳам оғзидан суви келиб эшитиб ўтирди. Ҳа, десам, ишлар битгандан кейин сизни ўзимга олиб кетаман, дейди. Мен ҳам анойи эмасман. Сизни қўшқўллаб топшириб қўядиган. Айтганча, анови ҳақиқатпараст, фариштани таклиф қилдингизми?
Гуландом: Ҳа, бечора чиппа-чиндан ишонди. Ўзим бош бўламан, дейди. Олим ака, бунингиз режаларимизни чиппакка чиқармасмикан? Жуда қайсар-да. Ке­йин бирор жойда ичиб, боши айланиб қолганини кўрмаганман. Каттани уялтириб қўймасмиканмиз. Ўзи битта бошбухнинг аҳмоқона принциплари жонга тегиб юрганда, бунингизни думини туголмасак, ҳамма нарсадан қуруқ қоламиз-да, акахон.
Олим Салимович: (кулиб) Гуландомхон, биз ҳам анойи эмасмиз. Тайёргарлигимизни кўриб қўйганмиз. Сиздан ҳаракат, биздан баракат. (Ўрнидан туриб, учта бир хил идишдаги ароқ кўтариб келади) Буни кеча тайёрлатиб келдим. Қўрқманг, бу ёғи ёпилган. Фақат қаранг, биттасининг оғзи очилган. Қоғозига белги қўйганман. Кўринг, ҳа, ана. Сиз шуни адаштирмай анов сўтакка ичириб юборсангиз бўлди. Биттаси бўш. У борганда, биз буни ичиб бўлиб, мана бу тозасини яримлатган бўламиз. Ўзи ичи куйиб юрибди. Ўламан деб ичади. Қолаверса, иккита жононларни олиб бораман. Читтакка ўхшаб олдида ликиллаб туришади. Улар бир имо қилса, бу кўча кўрмаган анқов лаққа қармоғимизга илинади. Қолганини ўхшатиб берсангиз бўлди.
Гуландом: Мен ҳам хориждаги дугонамнинг уйини тайёрлаб қўйдим. Калити қачондан бери менда туради. Дастурхонлар тахт, берганларингизни чиройли қилиб харжлаб қўйдим.
Олим Салимович: Бу хамир учидан патир, хоним. Манави тирранчани йўқотиб олсак, ўрнига сизни қўяман. Ярим йилдан кейин замим пенсияга кетади. У ерга ҳам сизни мўлжаллаб турибман. Катта текширишдан ўтгандан кейин, кўтарилади, деган гаплар юрибди. Билмадим, шундоқ бўлиб кетса, жойи сизу бизники-да, хоним. Ўртада бегона йўқ…
Гуландом (Чиройли ишва билан қўлини кўксига қўйиб, Олим Салимовичга таъзим қилиб, аста олдига боради ва юзидан битта ўпади): Сиз борсиз, акахон, менинг кўнглим тўқ. Сиз менинг ишонган тоғимсиз, акам.
Олим Салимович: Гўзалларнинг хизматидамиз, хоним. Сиздек офатижон, гўзалликда тенги йўқ санам учун биз қурбон бўлмасак, ким бўлсин. Шоирлар айтади-ку, бир гўзал аёл васли учун ўзингини қурбон қилсанг арзийди, деб…

ТЎҚҚИЗИНЧИ КЎРИНИШ

Шаҳар четидаги ҳовлилардан бири. Чеккадаги хонада чиройли безатилган дастурхон, турли ичимликлар, мева-чева, газаклар. Давра атрофида Олим Салимович, очиқ-сочиқ кийинган иккита раққоса қиз, четроқда ҳайдовчи Бердиқул ва Гуландом ўтирибди. Ҳаммалари ширакайф. Шу пайт бир даста гул ва бир ялтироқ қути билан Ёқубжон кириб келади.

Олим Салимович: Эй, кел-ей, Ёқубжон! Намунча ҳаялладинг? Сени кутавериб кўзимиз тўрт бўлди, ука. Мана мен иккинчи шишани яримлатдим, қизлар иккита винони тугатишди. Шундай кабутарларни куттириб қўйиш инсофдан эмас, укам.
Ёқубжон: Узр, сал ҳаялладим. Манзил бўйича Гуландомхоннинг уйларини топиш қийин бўлди.
Гуландом (аччиғланган бўлиб): Эй, Ёқубжон ака, айтмайсизми, ўзим сизни қўлингиздан ушлаб бошлаб келардим.
Ёқубжон (хижолат тортиб): Узр, Гуландом. Мана келдим-ку.
Олим Салимович: Энди, Гуландомхон, бу ёшлардан хафа бўлмайсиз. Ишлари кўп, бошларида эзгу ғоялар қайнаган. Шунинг учун булар на раҳбарни сўзига киришади, на бирор жойга вақтида боришади, на сиздек гўзалларнинг кўнглини чоғлашни билишади. Аммо, шу Ёқубжоннинг ёш бўлса ҳам, балодек ақли бор экан. Яқинда бир масала бўйича тортишиб қолдик. У айтганимни қилмади. Ке­йин ўйлаб қарасам, бола қурғур ҳақ экан. Бир каттанинг, бир кичикнинг гапига кир, дейди машойихлар. Мен ҳам кейин ўйлаб кўриб шу боланинг айтганича йўл тутдим. Нима бўлса, бўлди, бир бошга бир ўлим. Ёқубжон, раҳмат сенга. Биз бу қадаҳни, (Гуландомга қараб) Ия, Гуландомхон, айбдорни жазоламайсизми? Ёки қоп-қора қошлари, суқсурдек қоматини кўриб, кечириб юбордингизми? Хўш, қани қадаҳлар, (Қўли билан қадаҳларни ушлаб кўрар экан, бирма-бир жойига қўяди) каттароқ қадаҳ борми, Гуландомхон?
Гуландом: Бор, Олим Салимович, ҳозир олиб чиқаман.
Олим Салимович: Тезда олиб чиқинг. Бизнинг жамиятда ҳар қандай айбдор жазоланади. (Гуландом шарбат ичиладиган қадаҳ кўтариб чиқади) Қани, бу дунёда айбдорларни жазолаш учун штрафной, деган қоидалар бор, бу ҳаммани маст қилгандан кейин бориб, ўзим сергак тортиб ўтираман деган ниятда кеч келганларни жазолаш ва ҳамма билан тенг ҳолатга келиши учун жорий қилинган қонун. Бугун биз шу қонундан четга чиқмаймиз. Ҳамма нарса ҳам қонун бўйича юради-а, Ёқубжон? Бугун сен ҳам зиёфатнинг олтин қонунини бажарасан. (Гуландом бурчакдан битта ароқни олиб келиб, очади ва ярмисини қадаҳга қуяди).
Ёқубжон: Гуландом, мен бунақа кўп ичмаганман. Кейин кайф бўлиб қолсам, нима бўлади?
Гуландом: Вой, Ёқубжон ака, биз ҳам ичмас эдик, аммо кимсан Олим Салимовичдай одам ичиб турганда биз ичмасак инсофдан эмасдир. Бу одам ҳар кимнинг ҳам уйига келавермайди. Одам дегани шунақа бўлади. Мен ҳурмат қиламан, шунинг учун аканинг шарафига ичяпман. Мана, иккита вино тугатдик. Энди йигит кишисиз-у, ўлибди-да. Дугоналаримнинг ичида уялтирманг.
Олим Салимович: (Санчқига газак олиб, бир қадаҳга шарбат қуйиб Ёқубжоннинг олдига қўяди): Уялтирмайди, Гуландомхон, уялтирмайди. Ким айтади қиз нарса ичганни ичолмаган эркакни эркак, йигитни йигит деб. Мана, элликка кириб ёнингизга ярайлик деб, бир яримтани бўшатиб қўйдик. Қани, Ёқубжон, бугун иккимиз абадий дўст бўлдик. Гуландомхон бунга гувоҳ. У энди синглимизга айланди. Дўстлик ва синглимиз бахти учун бир томчи ҳам қолмасин. Бир қултум қолса, бизнинг фикримизга қўшилмаган бўласан.
Ёқубжон (қувончдан кўнгли порлаб): Хўп, майли. Шу қадаҳни…
Олим Салимович: Дўстлик ҳеч қандай изоҳга муҳтож эмас. Аввал айбни ювасан, кейин ўзим сенга сўз бераман. Дўстлик учун… Тамом.
Ёқубжон: Дўстлик учун. (Қийналиб-қийналиб, тўхтаб-тўхтаб қадаҳни бўшатади. Қизлар Ёқубжон қадаҳни столга қўйиши билан чапак чалишади. Гуландом магнитофондан шўх ашула қўяди. Икки раққоса қиз аста чиқиб шўх рақсни бошлашади. Гуландом ва Бердиқул уларга бориб қўшилади).
Олим Салимович: Қани, Ёқубжон, аввал калом, бад аз калом деганлар. Ке­йин, бу ароқ деганлари берсанг гўшт ейман, бермасанг, сени ейман, деган экан. Ароққа ем бўлма. Овқатдан ол.
Ёқубжон: Раҳмат, Олим Салимович. Бир куни мени тушунишингизни билардим.
Олим Салимович: Энди, ўзим сенга ҳамдамман. Ҳар доим биргамиз. Бир-биримизга хиёнат қилмаймиз энди. (Гуландомга имо билан қўшиқни тўхтатади). Энди, Гуландомхон, эски улфатлардан қолган бир гап бор. Биринчиси билан иккинчисининг орасидан қил ўтмасин, деган. Мана, Ёқубжонжон, сизни хурмат қилар экан. Синглим деди, акалик бўлдингиз. Энди мен ҳам бир укалик бўлай. (Ёқубжоннинг олдидаги қадаҳни олиб тўлатиб қуяди). Агар мени акам, сизни синг­лим дегани рост бўлса, шуни ҳам тугатиб, кейин биз билан тенглашиб олгандан кейин, бажуржа ўтирамиз. Ёқубжон, сўз сенга. (Қизлар келиб ўз қадаҳларидаги винони кўтаришади).
Ёқубжон (Ўрнидан турар экан, бир силтаниб кетади): Хўш, (тили айланмайди) хўш… Акам… синглим учун…. (Бир сипқоришда ароқни тугатади).
Даврада шўх қўшиқ янграяпти, Ёқубжон дам овқат чўқилаган бўлади, дам қизлар орасида хиром қилиб турган Олим Салимовичнинг олдига бормоқчи бўлади, дам яна ичгиси келиб, учинчи шишадаги ароқдан қуяди.
Шу пайт “Ўйнаймиз” дея келган Гуландомнинг қўлларига суяниб даврага чиқади-ю, қўлларини ёзиши билан боши чир айланиб, гурсиллаб йиқилади. Бу ҳолдан хурсанд бўлган Олим Салимович қўшиқни тўхтатиб, бироз уни кузатиб туради. Кейин Бердиқул ёрдамида уни диванга олиб бориб ётқизганча, қизларни олиб чиқиб кетади.

ЎНИНЧИ КЎРИНИШ

Ёқубжон (Эрталаб туриб кўзини очса, кўйлаклари олди очиқ, ерда ялангоёқ ҳолда ётибди. У ёққа аланглайди, бу ёққа аланглайди, аммо дабдурустдан қаерда эканлигини англолмайди): Қаердаман, нимага ётибман, ўзи? Қаердаман? Уйим қани, Ойсанам қани, қаердаман… Қаердаман? Шунақа ҳолга тушдимми? (Юзини ишқалайди, қўли аёлларнинг лаббўёғидан қизаради). Нима бўлди? Нималар қилиб қўйдим? (Кўзи ерда ётган қоғозга тушади. Тураман деса, оёқлари қалтирайди, эмакланиб бориб қоғозни олади). “Одам эмас экансан, ифлос! Сендан шуни кутганмидим номард? Акам дегандим, сени. Қочиб кетмаганимда номусимни булғардинг. Жуда-жуда хавфли одам экансан. Ишхонага боргин, аблаҳ, гаплашамиз. Гуландом”. Нима? Нима қилиб қўйдим? Шунақа ҳам ичадими одам? Кимдир тунда шунақа дедими? Нималар бўляпти ўзи? Олим Салимович қани? Нимага ташлаб кетишди мени? Нимага ҳеч нарсани эслолмаяпман?
Бир бурчакдан туфлисини топиб, уни кийиб ишхонасига шошади. Ишхонага етибоқ Олим Салимовичнинг хонасига киради. Ичкарида Гуландом йиғлаб турибди, Олим Салимович нималардир деб ялиняпти. Ёқубжон киргач, иккаласи ҳам ғазаб билан ўрнидан туради.
Олим Салимович: Келдингми, ифлос? Кечагина синглим деб онт ичиб, унга қўл чўзган, палид!
Ёқубжон: Нималар деяпсиз, Олим Салимович? Мен ҳеч нарсани билмайман. Бунақа иш қўлимдан келмайди.
Гуландом: Ифлос, қўлингдан келар экан-ку! Тамом қилдинг-ку, мани! Эпласанг, ичмайсанми, писмиқ? Шунча тайёргарлигимга, шунча кутганимга шуми раҳматинг? Олим Салимович, мен бу ишни бундай қолдирмайман! Буни милицияга бераман! Ака, бу чаён экан, билдирмай чақадиган. Қўлидан ҳамма нарса келар экан. Ўзим ишдан бўшайман, бунинг юзини қайтиб кўрмайман! Ахир, синглим деб қучоқласа, ишонибман!
Ёқубжон: Гуландом, ҳали ҳам синглимсиз. Туҳмат қилманг.
Гуландом: Ўчир овозингни, аблаҳ! Қилғилиқни қилиб қўйиб, энди тонади. Мен умримда бунақа пасткашни кўрмаганман. Ишонмайсанми, ифлос? Мана, кўр! (У футболкасининг енгини кўтариб, Олим Салимовичга кўрсатади. Гуландомнинг қўлидаги кўкарган жойларни кўриб, Олим Салимовичнинг кўзлари косасидан чиқиб кетгудек бўлади. Гуландом бу билан чекланмай, футболкасининг кўкрак қисмини хиёл кўтариб, кўкарган, қизарган жойларни кўрсатиб, Ёқубжонга ташланади). Булар шу ифлоснинг бармоқлари ва тишларининг изи! Туҳматми, шу? Ман шунақа қизмидим? Зўрға қочиб кетдим-ку. Буни қаматаман, Олим Салимович. Тоғамга айтиб суробини тўғриламасам, кўнглим жойига тушмайди. (Олдига бир қоғоз ташлайди). Бу мани аризам. Қўл қўйинг. Кетаман. Кейин кўрасиз, нималарга қодирлигимни.
Ёқубжон (Умуман ўзини йўқотиб қўяди): Ишонмайман, бўлиши мумкин эмас! Олим Салимович, нималар бўляпти? Ўлай агар, кеча нима бўлганини эслай олмаяпман. Кеча мени нимага ташлаб кетдингиз?
Олим Салимович: Сенинг аблаҳлигингни билганимда олиб кетардим, ифлос. Уялмайсанми, қайси юз билан юзига қарайсан энди? Ёш бола эмасдинг, ақлинг кўп эди-ку. Дуппа-дуруст турувдинг, кечроқ бораман, ҳозирча бироз қоламан дединг, қолдинг. Қаердан биламан бунақа хўрозлигингни? Сени кутиб тонг отгунча туришим керакмиди? Қолаверса, мен сенга ўхшаб кўча боласи эмасман, уйда хотинимни, касал қизимни ташлаб, ялло қилиб юрадиган.
Гуландом: Олим Салимович, бунингизни бу ердан йўқотинг. Бўлмаса, яна сизни шунақа шарманда қилади. Ёки аризамга қўл қўйинг. Бу билан бир жойда ишлолмайман. Кўрсам, нафратим қўзийди, чидолмайман, Олим Салимович! Кечадан бери ўзимга келолмаяпман. Бутун аъзойи баданим ғазабдан қақшаяпти. Туғилмай ўлай, минг лаънат, шуни туғилган кунимга таклиф қилмай ман ўлай.
Олим Салимович (Гуландомнинг олдига бориб, иккала қўлидан ушлаб): Жон синг­лим, олдингизда тиз чўкаман. Жамоани шарманда қилманг. Шу ердаги гап шу ерда қолсин. Ҳаммамизнинг шаънимизга ёмон бўлади. Сиз ҳали ёшсиз, келажагингиз олдинда. Бизнинг ҳам олдимизда қанча ишларимиз турибди. Болаларимизни ўйланг. Шунча йиллик ҳамкасблигимиз ҳақи, бизни уялтирманг. Ўтиниб сўрайман, сиздан.
Гуландом (хижолат тортган бўлади, кейин йиғлаб): Олим Салимович, сизда нима айб? Мен мана бу бабникдан ўч олмоқчиман, холос. Илтимос, Олим Салимович, аризамга қўл қўйинг. Бу ифлос билан битта ташкилотда ишламайман.
Олим Салимович: Хўп, Гуландомхон, хўп. Фақат икки минутга бизни холи қолдиринг. Икки минутга. Мен бу билан эркакчасига гаплашиб олай. Токи бу ишни қайта такрорламасин (Гуландом чиқиб кетади. Олим Салимович Ёқубжонга қараб жилмайиб). Ука, чанқаган бўлсанг, йўлини топмайсанми? Қиз бола сал эркаласанг, ўзи қўйнингга киради. Ёмон иш бўлибди. Шунақаям ичадими? Ҳамма жойини кўкартириб ташлабсан-ку. Сал қалтисроқ ҳаракат қилсанг, кўзингни чўқийди. Айниқса, бу қиз бало. Энди сени ҳеч қачон тинч қўймайди. Ўта кетган шаллақи, шантаж. Энди оилангни бузишдан ҳам тоймайди. Элга шарманда қилиб, бўйнингга осилиб олади. Мен нимага буни олиб юрибман, биласанми? Тепада катта қариндошлари кўп. Бунга бир нарса десам, эртага менинг суробимни тўғрилашади. Мен ҳам қўрқаман, укам. Энди, майда гапдан фойда йўқ. Титсанг, сассиғи чиқади. Охир-оқибат бугун республикада шарманда бўламиз. Сени эса ҳеч қачон тинч қўйишмайди. Сен ҳали ёшсан. Ўсишинг керак. Келажагинг олдинда.
Ёқубжон: Ака, нима бўлганини ўзим билмайман. Тўғриси, ҳеч нарсани эслолмайман. Нима қилишим керак, энди. Бирорта йўлни кўрсатинг. Шарманда бўламан, ахир.
Олим Салимович (Столга аста бориб, бошини чангаллайди. Уч-тўрт минутдан кейин ғаладонидан қоғоз ва ручка олиб Ёқубжоннинг олдига ташлайди): Ука, бошқа йўли йўқ. Кейинчалик бирор йўлини топармиз. Ҳозирги қалтис моментда унга тегиб бўлмайди. Мени ҳам тамом қилишади. Хуллас, гап бундай. Сен энди ярим-бир йил дам олиб турасан. Буни бирорта туманга ўтказиб, кейин сени чақириб оламан. Шунда бир амаллаб, чиябўрининг оғзини ёпаман. Менга ҳам жуда оғир, ахир. Ахир сени кечагина укам деб, қасам ичгандим. Ҳай, ҳаммаси яхшиликка. Укаммисан, сени асрашим керак. Бирор йил тирикчилигингни қилиб тур. Кейин ҳаммасини қайтадан бошлаймиз.
Ёқубжон: Ариза ёзайми? Ахир нима учун? Эй, бошқа йўли йўқмикан? Энди нима бўлади? Оиламни қандай боқаман? Ахир, менинг гуноҳим йўқ-ку…
Олим Салимович: Ука, менга барибир. Сен учун ҳамма нарсага тайёрман. Олдимизда иккита йўл бор, мени ва жамоани шарманда қилиш, қанча муаммо орттириш ёки бирор йил бошқа жойда вақтинча тирикчилик қилиб туриш. Ўзинг биласан. Темирни қизиғида босиш керак. Шунда ёпиқлик қозон ёпиғлигича қолади. Ўйлаб кўр. Бу мегажинни амаллаб кўндираман. Аёл киши бўлиб ариза ёзиб келибди. Бунга қўл қўймасам, нима бўлади ҳозир. Сен ахир эркаксан-ку!..
Ёқубжон. (анграйиб, хонанинг у ёғидан, бу ёғига юради): Майли, розиман. Касофат бошимга бало олиб келди (Ўтириб ариза ёзади ва хонадан шахд билан чиқиб кетади).
Олим Салимович (ортидан): Ҳолинг шу экан-ку, жўжахўроз. Нима қиласан ман билан ўйнашиб. Энди, ҳалоллигингни бутун жаҳонга кўрсатиб юравер. Тирик бўлсам, сен тирик мурдани остонамга қўймайман. Кўрамиз, биринг икки бўлармикан? Косанг ҳеч қачон оқармайди, ландавур.

ЎН БИРИНЧИ КЎРИНИШ

Ёқубжоннинг уйи. Ҳусниддин, Бахтиёр, Ёқубжон маслаҳатлашиб ўтиришибди.

Ҳусниддин: Энди, Ёқубжон, бўлар иш бўлибди. Пушаймондан фойда йўқ. Нима бўлганини ёлғиз Яратган ва сизлар биласизлар. Аммо иснод билан чиқиб кетганинг яхши бўлмабди.
Бахтиёр: Ўзи Олим Салимовичнинг бир марта кўриб, капалагим учиб кетди. Шунақанги қув, шунақанги доғулики, тулкининг ёғини ялаганлиги шундоқ юзидан билиниб турибди. Еб тўймас, нафсига жуда ҳирс қўйган одам дейишяпти.
Ёқубжон: Ҳа, энди бир одам-да. Ўзи яхши одаму, баъзи жиҳатлари ёқмайди. Энди тил топишгандик, бир-биримиз билан маслаҳатлашиб ишлаймиз деб келишганимизда, бирдан кўз тегди-да. Билмадим, кўз тегди.
Бахтиёр: Ёқубжон, сиз жуда содда одамсиз. Ҳаммага ишонаверасиз. Ким нима деса, ҳақиқат деб ўйлайсиз. Ҳаётга сал жиддий қараш керак, дўстим. Сизнинг шу ҳолга тушишингизга фақат соддадиллигингиз сабабчи. Менимча, Олим Салимовичингизга азалдан ёқмай қолгансиз. Шу иш баҳонаи сабаб, сиздан қутулган. Энди бу ёғига ҳушёр бўлинг. Ўзингизни йўқотманг. Биз сизга ёрдам берамиз. Ҳеч қачон енгилмаймиз.
Ҳусниддин: Энди бу ерда ўтиришдан фойда йўқ. Бирор йўлини топиш керак. Бирорта иш қилишимиз керак. Эркак киши уйда ўтирсанг, уят бўлар. Менинг бир танишим бор. Ўзи жуда тадбиркор одам. Ўша билан маслаҳатлашиб кўрамиз.
Бахтиёр: Узоқдаги ўпкадан яқиндаги сомон яхши. Уни номаълум одамлар билан ишлашга мажбур қилмаганимиз маъқул ҳозирча. Яхшиси, Ёқубжон, менинг фирмамни юритмайсанми? Укам Англияга ўқишга кетгандан кейин ўзим жуда қийналиб қолдим. Биласан, катта ташкилотнинг раҳбариман. У ерни ташлаб кетолмайман. Фирмада иш кўп ҳозир. У ерга битта каллали одам керак. Ҳозир бош кўпайган, каллалиги йўқ. Одам кўпу, инсон йўқ, дўстим. Агар ишларни жойи­да юритсанг, бир ойда миллионер бўлиб кетишимиз мумкин. Банкдан кредит сўраганман, ҳужжатларини тўғрилашга вақт йўқ, Хитой билан техника масаласида шартнома тузиш керак, бориб, кўриб, ҳал қилиб, олиб келадиган одам йўқ. Солиққа югуриш, банкка бориш, ижарачилар билан шартнома, ҳокимият билан битим, бозорлар билан муносабат. Ўҳ-ҳў, катта иш агар ишнинг кўзини билсанг. Укам мени чўлоқ қилиб кетди. Шу ишни қиласанми?
Ёқубжон (бироз ўйланиб): Эплай олармиканман? Жуда катта иш-ку. Кейин бу масалаларни уддасидан чиқишнинг ҳам ўзи бўлмайди.
Ҳусниддин: Эплайсан, жўра. Одам эплаган ишни одам эплайди. Бир-ярим йилда тушуниб оласан. Ҳаммаси изига тушиб кетади.
Бахтиёр: Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди, дўстим. Сен бир ишлаб кўр-чи, бу ёғини Худо бир йўлга солар.
Ёқубжон: Сенинг ишончингнинг ўзи менга катта синов, қолаверса, бахт жўра. Сенки, оғир кунимда менинг ёнимга кириб, шунчалик қўллаётган экансан, мен ҳам сен учун, ишончинг учун охирги кучим, охирги имкониятим қолгунча ҳаракат қиламан.

ЎН ИККИНЧИ КЎРИНИШ

Орадан олти ой ўтди. Гуландомнинг шаҳар четидаги уйи. Хонада худди ўша манзара, икки раққоса қиз, Гуландом, Олим Салимович безатилган стол атрофида кимнидир кутиб туришибди. Шунда бирдан залга Бердиқул ҳовлиқиб кириб келади. Ҳамма унинг бир ўзи келганини кўриб ҳайрон бўлишади.

Олим Салимович: Тинчликми, Бердиқул. Катта қани? Бирор иши чиқдими?
Бердиқул: Фалокат, Олим Салимович, фалокат. Каттани ишхонасидан қўлига кишан солиб олиб кетишди. Даҳшат, ранглари оқариб, кўзлари чақчайиб кетди бечора. Ойналари қора, рақамлари ҳам қанақадир машинага солиб олиб кетишди. Ўзим кўрдим. Қабулига кирсам, хонасида икки нафар оддий кийимдаги одамлар турибди. Ўша ерда икки соат кутдим. Катта олдин бақир-чақир қилди, кейин йиғламсираб роса гапирди, кейин ялинди. Анов кишиларнинг овози эшитилиб-эшитилмайди. Ҳеч нарсага парво қилмай, хотиржам ўтиришибди. Охири ташқаридан иккита милиционер келиб, олиб чиқиб кетишди.
Олим Салимович (Ранглари оқариб, овозлари титраб чиқади): Нимага? Нимага бунақа бўлади? Ахир ҳаммасини ёпдим, деганди-ку. Ёполмаган экан-да, сўтак. Ўзи ландовур эди. Ялтоқилик қилавергани билан чўзишни билмасди. Нафсингга ўт тушгурга неча марта айтдим, ҳамманинг оғзи бор, ҳаммада ҳам жиғилдон бор, дердим номардга. Эплолмабди, ўзи таги пастларнинг авлодидан дейишарди. Кўрмаганнинг кўргани қурсин, озгина кўргани мана олиб кетди. Кимлар келди, нимага олиб кетишади уни? Вазир қўллаб турганди-ку?
Бердиқул: Билмадим, ака. Жуда жиддий одамлар. Хўжайин, жуда ёмон вазият бўларкан. Димоғидан қурт ёғиладиган, анча-мунча киши олдида гапиролмайдиган одам икки соатда ипакка айланиб қолибди. Ака, сизга яхши-ку. Энди ўрнига сизни кўтаришади.
Олим Салимович: Эй, ақли калта. Калланг етмаган ишларга аралашма деб айтганман-ку неча марта. Шопирмисан жойингда тур. Мани кўтаришармиш, бало қилади мани, бир ҳафтадан кейин каттангнинг олдига олиб кетишади. Ўша ерга ҳам сени юбораман. Мана бу қизлар билан қилган зиёфатларингнинг ўша ерда ҳаққини тўлайсан энди (Қўли билан раққосаларга ва Бердиқулга “кет” ишорасини қилади).
Гуландом: Энди нима бўлади, Олим Салимович? Бизнинг пуллар, пулларимиз нима бўлади? Бизни текширишса, нима бўлади? Ман ёполмайман камомадни. Ишхонани ўпириб ташладик, ахир. Нечтаси тиш қайраб юрибди, уларни қандай ёпамиз? Нима бўлади-а, нима бўлади?
Олим Салимович: Расво бўлди. Бошим қотиб қолди. Қочиб кетолмайсан. Назоратга олишган дарров. Пулларим-чи? Нақ учта квартиранинг пулини берганман. Ҳамма нарса остин-устун бўлиб кетди. Беш минутда дунё хонавайрон бўлди. Уйимиз куйди, Гуландом, хонумонимиз куйди.
Гуландом: Ёқубжоннинг қарғиши урди бизни. Ҳалолгина болага туҳмат қилдик. Ёмонотлиқ қилиб, шаънини ерга уриб ҳайдадик. Ўша кетмаганда, бунақа ишлар бўлмасди. Ёмонмиди, қайсармиди, сўтакмиди, бизни асрарди. Энди бизни ким асрайди, келажагимиз нима бўлади?
Олим Салимович: О, ичингизда шунча гап бормиди? Маст қилиб, дори ичириб, қўйнингизга тортганингизда севиб қолганмидингиз? Энди мен ёмон, у авлиё бўлиб қолдими? Шунча йилдан бери тузимни ичиб, бўйнимдан оққан тернинг ҳисобига ойимтилла бўлиб юрибсиз-ку. Кўринмай қолдими? Оёғингиздаги пайпоқ ҳам мани пулимга келганлиги эсингиздан чиқяптими? Эркакнинг пули ширину, ўзи аччиғ-а, хонимча? Хотинларга ишонган одамнинг, хотинлар билан ишлаган одамнинг косаси оқармайди, ўзи. Сўқирнинг сўнггига қара, дейди. Мен сўқирман, ўзи.
Гуландом: Ўзингизни босиб олинг, Олим Салимович. Мен тўғри гапни гапирдим. Ҳамма ишни ўзингиз бошладингиз. Мени ҳам бадном қилдингиз. Энди ўзингизни четга оласиз. Ишхонадаги камомадни ким ёпади? Сиз ёпасиз, мен эмас. Ҳамма қоғозларни сизнинг номингизга буйруқ қилиб қўйганман. Ичиб, жонимлаб ётиб, олди-орқангизга қарамай қўл қўяётганингизда аслида ўзингизга гўр қазигансиз. Олиб берганларингизни миннат қиласиз. Менинг бахтимни, келажагимни, номусимни нархи билан ҳеч қачон ҳисоблашмайсиз. Ҳеч қачон! Менга шунча зиёфату, кийимдан, саёҳату амалдан кўра, битта боланинг тирноғи керак эди. Бағримни болам тўлдиришини хоҳлардим. Унга ҳам йўл қўймадингиз. Нечтаси увол кетди. Бунинг жавобини ким беради, эртага?
Олим Салимович: Ўчир, мегажин! Учига чиққан артистсан, биласанми, таги паст. Ҳали сенларни турмага тиқаман. Ўша ердан олиб келасан бола. Йўқол, ифлос! Йўқол, фоҳиша!
Гуландом: Худога солдим, сани. Худога солдим! Бир ожизани алдаб, унинг бахтига чанг солган сен ифлос, кўр бўлмасанг, рози эмасман! Ўшанда олдингга болаларимни жўнатаман, ҳайвон! (Аччиқ билан чиқиб кетади. Олим Салимович дастурхон атрофида бошини чангаллаб бироз туради, сўнг ароқ ича бошлайди. Шу ҳолатда уч-тўрт соат ўтиради, ўзига ўзи нималарнидир гапириб, кетма-кет ичади. Шу ҳолда бошини столга қўйиб, ухлаб қолади.

ЎН УЧИНЧИ КЎРИНИШ

Олим Салимовичнинг ҳовлиси. Эшикдан Олим Салимов шошилиб киради. Уйида Зарофатхон уйғоқ, онаси йиғлаб турибди.

Зарофатхон: Қаерларда юрибсиз, қаерларда? Эркакмисиз ўзи? Бу оилада эркак борми? Наҳсларга ботиб, ҳаром-хариш билан муқаддас оиламни бузиб юбордингиз, ҳамма нарса тугади-ку.
Олим Салимович: Ўчир, овозингни! Ҳозир болаларингга қўшиб, жавобингни бериб юбораман. Сен хотинни ўзи… учта сўз билан ҳаётингни хонавайрон қиламан!
Зарофатхон: Айтинг, айта қолинг шу савил сўзни, кетсам кетай, шу Худо қарғаган уйдан. Она касал, бола касал, ўғил неча кунлаб уйга келмайди. Отани Худо урган. Фаҳш-фоҳишалик билан банд. Нима бор бу уйда, нима бор ўзи? Мана, касофатингиз болангизга урди. Фарҳодингиз, биттаю-битта ўғлингиз кеча оқшом авария бўлди. Ўн икки жойи синибди. Кечаси билан реанимацияда қон ютиб чиқдим. Боламнинг аҳволи оғир, ўлади, биласанми, ўлиши мумкин. Сенга эса, қанжиқларинг, пулларинг керак. Йўқол ўшаларнинг олдига, йўқол! (Хўнграб йиғлаб юборади).
Олим Салимович: Нима… Нима дединг? Фарҳод?.. Фарҳодим ўладими? Йўқ, йўқ! (Бақириб туриб бирдан тинчиб қолади. Сўнг юрагини уқалай бошлайди. Сал ўтиб йиқилади.)

ЎН ТЎРТИНЧИ КЎРИНИШ

Ёзнинг иссиқ кунларидан бири. Тонг отаётган пайт. Олим Салимовичнинг ҳовлиси. Пешайвондаги катта нақшинкор ёғоч чорпояда Олим Салимович оёқ-қўли ишламай ётибди. Ёнидаги каравотда қизи Умида. Олим Салимович термулади, аммо ҳаракат қилолмайди, кўзларидан дувиллаб ёш тўкилади. У тўрт-беш дақиқалардан сўнг кўрган тушидан қўрқиб, эсанкираб: “Да-да-жон, хўп, хў-ўп!” деганича чўчиб уйғонади.

Олим Салимович (Кўзларини, очиб, юмиб, бир муддат гарангсиб, ўйга толиб ўтиради. Сўнг ўзига келиб кўрган тушини эслаб, ўзича мулоҳаза қила бошлайди): Дадам тушимга кўп кирадиган бўлиб қолди. Ҳатто, бир куни тушимга кириб: “Ёқубжон фарзандидан айрилиб қон йиғлаб турганида, унинг ёнида туриб кўнглини олиш ўрнига, нега уни ишдан бўшатдинг, виждонсиз? Бунинг касри онанг билан қизинг Умидага тегаяпти-ку!..” деган эди. Ўзим инсульт бўлдим, Фарҳод касалхонада. Онам касал, қизим касал. Бундан чиқди. Одам ўлсаям, руҳи ўлмас экан-да? Шу бола ишлаб турганда бунақа савдолар йўқ эди. Кеча айтишди, ишлари юришиб кетибди. Хитой, Корея, Россия билан алоқалар қилиб юрган эмиш. Шу ишни мен ҳам қилсам бўлар эди-ку. Шу бола қилган ишни қилолмасмидим? Ўзимдан кетиб қолдим, шекилли. Ҳаром луқмага ўрганиб қолдим. Маишатга берилиб кетдим. Нафсим аждаҳога айланди, ким менга қаршилик қилса, синдирдим, алдадим, туҳмат қилдим, йўқ қилдим. Булар ичида энг қайсари Ёқубжон эди. У менга кў-ўп яхшиликлар қилганди. Мен аҳ-моқ, мен иф-лос, Ёқубжон қон йиғлаб турганида, уни нега ишдан бўшатдим-а, нега, эҳ! Нега туҳмат қилдим унга? Бир донишманд айтган эди, қабр азоби ерда деб. Ердагиси шунча бўлса, қабрдагиси қанақа бўлар экан? Ё Худо, шунча синовинг бормиди? Яна бошимга не кунларни соласан? (Кўзи уйқуга кетади, бошини у ёққа ташлайди, бу ёққа ташлайди, ниҳоят жуда ҳам аянчли овоз чиқаради).

Бунақа қўрқинчли қичқириқни эшитган Гавҳаройнинг қўллари қалтираб кетади-да, кўтариб олиб бораётган чинни косалари ерга тушиб чил-чил синади. Зарофатхон ҳовлиқиб пешайвонга қараб югуради.

Зарофатхон. Вой-й, дадаси, сизга нима бўлди? Одамни бундай қўрқитманг-е, туринг, бошингизни кўтаринг-е. Йиғлаяпсизми, дадажониси? Ниманинг зори ўтди сизга бунчалик? Нега индамайсиз? Кўзингизни очинг-е! Кўзингизни очинг. Дадажониси, қўрқитманг. (Олим Салимович кўзини очади).
Олим Салимович (Дудуқланиб): Фар-р-р-рҳод қ-қ-қ-қала-а-а-ай?
Зарофатхон: Яхши, дадажониси, анча яхши. Сиз ҳаяжонланманг, уни кўп ўйламанг, узоғи уч ойда оёққа туриб кетармиш. Суяклар, тўқималарнинг битиши яхши экан. Ҳали Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади, дадажониси, ҳаммаси яхши бўлади…
Олим Салимович: Ё-ёқ-қубж-жонни чақ-қ-қ-қир… Т-т-т-т-т-топ.
Зарофатхон: Хўп, дадажониси, хўп. Тушунганингизга раҳмат, иқрор бўлганингизга раҳмат, қалбингиз уйғонганига раҳмат… (йиғлаб юборади). Бугун туш кўрдим. Ҳовлимизда Умида капалак қувиб юрибди. Мана шу сўрида сиз билан раҳматли қайнотам кулиб уни кузатиб турибсизлар. Бу ниманинг аломати, дадажониси, бизнинг уйимизга ҳам Худо меҳрини қайтаряпти. Худо бизни кечирсин, дадажониси, Худо кечирсин. Отангиз бировга ёмонлик қилмаган одам эди. Сиз эса… У киши бирор марта касал бўлмаган эди, бизнинг уйимизда ҳамма соғ эди. Қарғишнинг, инсон қарғишининг кучи шунча бўладими? Ёқубжоннинг кўнгли Худога шунча яқинми? Ҳалолликнинг қудрати шунчаликмиди? Яхшиликнинг сабоғи шунча аччиқ бўладими! Олиб келаман, остонасига ётиб бўлса ҳам, олиб келаман, дадажониси. Олиб келаман, келмаса елкамга опичлаб олиб келаман… (Йиғлаб чиқиб кетади).

Парда ёпилади.

Тамом

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 7-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!