Меҳринисо Абдураҳмонова. Қўшнилар (ҳикоя)

«Баҳринисо хола санаторийга бориб дам олиб қайтибди. Яна қаерга денг, нақ Тошкентнинг ўзига эмиш. Номиям, тил қурғур келмайди, Семичками, Семашками, ишқилиб шунга ўхшаш бир нарса. Илгари пайтларда у ерда фақат дириктирлар, райкўмлар дам олар экан. Замонанинг зайли билан доруломон замонлар келиб Баҳринисо холага ҳам путопка тегиб қопти. Салкам йигирма кун дам олгани учунми ё бошқа бир балоси борми, юзидаги ажинлари текисланиб ёшариб қолган эмиш, нуқул бетини торттирга­нов», – дея қўшниларникига бирма-бир кириб маннатиб чиққан Болқоной хола дарров Баҳринисо холани “ҳорма” қилиб келишни ташкиллаштириб юборди. Кечқурун қўшнилар йиғилишиб Баҳри холаникига чи­қадиган бўлишди.
Бундан хабар топган Баҳри хола меҳмон кутиш тараддудига тушган келинларига буйруқ бера бошлади.
– Ҳой, худо хайрини берган Хайринисо, хайрнинг ҳам чеки-чегараси бўлади ахир. Гўштни мунча катта -катта тўғраяпсан. Бир бурда гўштни қушнинг тилидай қилиб тўғраб, бир бош пиёзни майдалаб қўшиб яхшилаб қовургин-да, қатиқли ош қилиб қўя қол. Мойни ярим чўмич сол. Иссиқ кунда ўзини билган одамга қатиқли ош яхши. Қўшнилар ичаклари оқариб ичиб олади.
– Эна, қатиқли ош қилсак уят бўлмайдими? Ду­рустроқ овқат қилайлик, қўшнилар кулиб кетишмасин.
– Ҳо, кулмаса ичаклари қотсин. Овқатнинг ҳам дуруст-дурустмаси бўларканми. Ҳамма овқат бир ов­қат. Айтганимни қилинглар.
Баҳринисо хола келинларига топшириқларни бе­риб бўлгач, ҳовлидаги супачага бир қур назар солиб ишкомдан тушган битта яримта хас-чўпни қоқиб ташлаш учун кўрпачани силкитиб жойига тўшади-да, «вой жоним-ей» деб оёқларини узатиб ўтириб олди.
Сунбула охирлаб қолган бўлса ҳам қуёш нурларини аямай сочиб турарди. Ҳали ям-яшил бўлиб турган дов-дарахтларга барибир куз нафаси тегиб, битта-яримта барглар бандидан узилиб ёғ тушса ялагудай қилиб супуриб қўйилган ҳовлининг у– бу ерига тушиб хонадон озодалигига бироз путур етказаётганини ҳисобга олмаганда, ҳаммаёқ холанинг кўнглидагидай озода ва осойишта эди. Кечагина дам олишдан келган холанинг оқариб, тиниқиб қолган юзларига офтоб тушиб ажинларини янада бўрттириб, кўпайтиришга хизмат қилаётганини кўриб келиннинг қайнонасига нисбатан меҳри жўшиб кетдими: «Эна, дамларни олиб, оппоққина, сулув кампир бўлиб қолибсиз. Қуёшга қараб ўтирманг, бирпасда қорайтириб юборади. Сизнинг оқариб, тўлишиб келганлигингизни кўриб дугоналарингизнинг бир ичлари куйсин», – деди пиёздан ёшланган кўзларини халатининг енгига артиб.
– Эйй, болам. Минг қилсаям ёшсилар-да. Биз кексаларга болаларимизнинг бахтини кўриб, тинчгина оёқ узатиб, хотиржам чой ичиб ўтиришнинг ўзи катта давлат. Абдушукуржон билан Абдурасулжонимдан бир этак набиралар кўрсатганига Аллоҳимга беадад шукроналар қиламан. Раҳматли отасининг қолган умрини шу фарзандларимга қўшиб беришини Яратган эгамдан кечаю-кундуз сўрайман. Менга оилам тинчлиги кўрк, чирой берсин, болам.
Баҳри холанинг гапи оғзида қолди. Дарвоза та­рақ этиб очилиб остонада холанинг кенжа қайниси Умрзоқ пайдо бўлди. Ёши элликни қоралаб қолган бўлса ҳам ичишни канда қилмайдиган қайнининг ҳур­матига ўрнидан туриб «келинг, бола», дея икки қўллаб кўришишга чоғланган янганинг қўллари ҳавода муаллақ қолди. Ширакайф қайни кўрпачага чордона қуриб ўтирволди. Сўнг фотиҳага қўл очиб: «Акажонимнинг арвоҳи янгамни тезроқ ўз ёнига тортиб олсин-да. Омин», деб юборса бўладими. Фотиҳага қўл очиб турган қайнона-келинлар ни­ма қилишларини билмай бироз тараддудланиб қо­лишганди, келин дарров ўзини ўнглаб:
– Ҳа, ака, энам сизга нима ёмонлик қилувди, сира кўзини очирмайсиз? Қанча пайтдан бери кўр­ганингиз йўғу, сўрашишнинг ўрнига кекашиб гапирасиз. Укаларингиз эшитса, нима деган одам бў­ласиз? – деди ёвқараш қилиб.
Келиннинг оғзидаги гапи тугамай Баҳри хола гапни илиб кетди.
– Ҳой, келин, қайнағангиз билан бу оҳангда гап­лашишга сизга ким ҳуқуқ берди? Тез кечирим сўранг. Уят бўлади-я.
– Нега кечирим сўрарканман? У кечирим сўрасин сиздан. Ҳе йўқ, бе йўқ келиб жанжал қилиб кетади. Қачонгача ўғилларингиздан яшириб юрмоқчисиз. Қай­­ниман, деб оёқости қилиб кетаверадими.
– Ўв, ўв, келин бўлмай келисоп бўлгур, нега чийиллайсан. Сениям акамнинг арвоҳига топшириб юбормай тағин, – ўдағайлади Умрзоқ қайни келинга қараб.
Баҳринисо холанинг ранги оқариб кетди.
– Хафа бўлманг, бола. Булар ҳали ёш-да. Одамнинг қадрини билмайди, – дея қайнисини тинчлантиришга уринган хола билдирмай келинига индама, дегандай кўз қисиб қўйди.
– Тинч келиб, тинч кетсин-да бўлмаса, – дея тўн­ғиллаб нари кетаётган келиннинг орқасидан «анаконда» деб луқма ташлаган қайни барча эркаликларини кўтариб ўрганган янгасига юзланди.
– Тилини кесиб олмайсизми бунақа войвояк ке­линнинг. Ҳа.. ўлсин улар.. Акамни ажалидан беш кун бурун ўлдириб юбордингиз. Энди укамларнинг топганини кўчага сочиб маишат қилиб юрибсизми? Беринг бизгаям яширган-юширганларингиздан.
– Ҳа, бола-я, сира эсингиз кирмади, кирмади-да. Элликка кириб қўйдингиз. Ўғилларингиз уйланай, деб турибди. Эртага ўғилларингизнинг орқасидан бировнинг авайлаб-асраб ўстирган қизлари келади. Уларнинг олдидаям ҳар нарсани бир нарса деяверсангиз, келин чидайдими? Гапларимни кўнглингизга олманг тағин. Дўстлигимни айтаман-да, бола.
Баҳринисо хола келин бўлиб тушганида ўн ёшларда бўлган Умрзоқ қайнисини маҳаллий таомилга кўра ҳурмат юзасидан исмини айтиб чақирмай «бола» деб мурожаат қилар эди. Оиланинг кенжаси бўлган Умрзоқнинг элликка кирсаям «бола» деб аталиб келинаётгани бу одатни тушунмайдиган чет кишилар учун ғайритабиий туюлсада, маҳаллий аҳоли учун ҳеч ажабланарли жойи йўқ. Ўзидан уч ёш кичик қайинсинглисини «қиз», деб чақириши билан боғлиқ ҳангомаларни айтадиган бўлсак, анчайин жиддий одамнинг ҳам лабига кулгу югуриши аниқ.
Бир куни Баҳри хола қўшни қишлоқда яшайдиган эр томонидан амма бўлмиш қариндошиникига қайинсинглиси билан бирга меҳмонга бормоқчи бўлиб автобус бекатида уни кутиб турганди. Автобус келдики, қайинсинглисининг қораси кўринмасди. Шундай бўлса ҳам хола автобуснинг бўш ўриндиғига жойлашиб олиб ёнидаги жойни қайинсинглиси учун банд қилиб, сўраганларга «жой зайнит», деб жавоб бериб турганда автобус шофёри – қишлоқ аёллари танийдиган ягона ўрис йигити Сашка «поехали» деб рулга ўтирувди ҳамки, Баҳри хола «Вой, тўхтанг, қиз қоп кетади», – дея ўрнидан туриб кетди.
– «Кани киз? Каерда келяпти? Ну, кутиб турамиз чирайли киз бўлса, – деди Саша ҳазиллашиб.
Шу орада сумка кўтариб ҳаллослаганча чопиб келган етти-саккиз ёшлар чамасидаги бола билан олтмишларни қоралаб қолган жиккаккина аёл киши ёшига ярашмаган чаққонлик билан автобусга чиқиб Хайри хола «зайнит» қилган жойга ўтириб олишгач, «Ҳайда энди, Сашка», деган бетоқат хитобларга қарата ҳайдовчининг «Киз келмайдими?» деган саволига холанинг «Мана, келдику қиз», – дея ёнидаги кампир бўлиб қолган қайинсинглисини кўрсатгандаги қаҳқаҳа автоуловнинг ойналарини зириллатиб юборганини гулзорликлар кулиб-кулиб айтиб юрадиган бўлишган.
Эскидан қолган маҳаллий урф-одатлардан бир қадам чекинмайдиган Баҳри хола ичиб ҳаммани бе­зор қилган Умрзоқ қайнисини ҳам бирон марта хафа қилмаган эди. Мана, ҳозир ҳам боягина гўштни қўш­нилардан қизғаниб ўтирган янга дарҳол келинларига айтиб гўшт қовуртириб қайнисининг олдига қўйдирди. Заҳарни есин, деб пичирлаб қарғанган келинлар қайнонанинг гапини икки қилмадилар. Ол­дига овқат келгач, Умрзоқ қайни бирдан ялинчоқ овозда:
– Янга, икки юз грамм ичмасам ўлиб қоламан. Бошим ёрилиб кетай деяпти, – деб қолди.
Қалай ароқ демаяпти, деб ичида ўйлаб ўтирган янга укол-пуколга ишлатиш учун сақлаб қўйилган шиша тагида қолган ароқни олиб чиқдириб дастурхонга тўқ этиб қўйдими, ёки бехосдан тўққиллаб кетдими, ҳартугул навбатдаги жанжал учун баҳона топилди. Бу жанжал ароқни тўққиллатиб қўйиб кетган янга ичиб ўтирган «бола»нинг олдида ўтиришни ўзига эп кўрмай айвонга чиқиб кетгандан сўнг, бирпасдан кейин бошланди. Ичига яна юз грамм ароқ кириб кайфи ошиб қолган қайни «миннат қилдинг, берган ароғингни», дея айвон устунига қоқилган михдаги саватни олаётган янгасига қараб, кўп йиллар олдин мана шу иморат қурилаётганда ёрдам, деб берган бир дона устунлик ёғоч тахтаси эсига тушиб қолди. Хола ўша пайти жўртага қилгандай айнан қайниси берган устундаги михга илинган саватни олаётган эди. Аслида холанинг сават билан қиладиган ҳеч иши йўқ эди. Ичаётган қайнидан узоқроққа кетишнинг па­йида қилган ҳаракати бошига бало бўлди.
– Силар уйни битиролмай қийналиб қолган вақт­ларингда ичим ачиб мана шу устунлик ёғочни мен берган эдим. Шу ёғочни бермаганимда уйларинг айвонсиз қоларди. Уйни бузиб ёғочимни олиб кетаман. биттанг ҳам яхшилик қилишимга арзимайсизлар, – дея қилди жанжал, қилди жанжал.
– Раҳмат сизга, бола. Борингизга шукур. Шу ус­тунлар уйимни суяб турган бўлса, сизлардай қай­ниларим бор, туғишган жигарларимдай кўраман. Янга, деб мени суяб турибсизлар. Раҳмат, минг раҳ­мат, бола. Абдушукуржонга айтаман, бир эмас, иккита устунлик ёғоч тахта олиб бориб беради. Қўша-қўша иморатлар қуринг, тўйлар қилинг. Болаларим билан яхши кунларингизда хизмат қилайлик…
– Йўқ, Абдушукурнинг тахтаси менга керак эмас… Уйни бузиб, ўзимнинг ёғочимни олиб кетаман… Кетмон, болталар қани?
Воқеадан хабар топган Умрзоқнинг беманглай хотини Барчин алдаб-сулдаб эрини олиб кетгунча барининг бўлари бўлди. Бир-икки кундан сўнг ичишни тўхтатиб, тавба қилиб кечирим сўраб кетадиган қайнини ҳар доимгидай Баҳри хола сингари келинлар ҳам кечириб юборишади. Кеч пайти ишдан қайтадиган эрларига қайноналарининг тарбиясини олган келинлар енгилгина кулги билан вазиятни анча-мунча юмшатиб сўзлаб берадилар. Бу гал ҳам шундай бўлиши аниқ. Чунки Баҳринисо хола кўп таъкидлайдиган «аёллар уришишса уришишсин, аммо эркакларнинг урушиб қолишига йўл қўйманглар», деган гавҳар сўзларини қулоқларига исирға қилиб тақиб олган келинларнинг эси кўп. Буям Баҳринисо холанинг бахти-да…
Шундай қилиб кечқурун Болқоной хола бошлиқ қўшнилар Баҳри холаникига чайқалиб кириб келишди.
Узундан-узоқ омон-эсонлик сўрашилди.
– Ҳой, Баҳрихон, Тошкентда дам олишга борган бобойлардан топиб олиб ўша ёқларда қолиб кетмаса гўргайди, деб қўрқиб ўтирувдик, – ҳазиллашди Бол­қо­ной хола.
– Бобой бобойимнинг олдига бориб ётсин, Бол­қоной. Қариганда бобой нима керак менга.
Баҳринисо холанинг чиндан жаҳли чиқди: юзлари қизариб, оғзи қалтираб кетди. Аммо мезбонлиги эсига тушиб қолди шекилли, дарров ўзига келди.
– Тўғри айтасиз, Баҳри хола. Бурунгининг ода­ми­сиз-да барибир. Ичиб олган бобойлар «Салом, шоҳ!» деб олдингизга келишган бўлса-ям, раҳматли бовамга хиёнат қилмагансиз, кўнглингиз бўлмаган. Фақат бирга рақсга тушиб қўя қолгансиз-да, – ҳазилни давом эттирди Жумагул чеча.
– Эҳ-ҳа, қариганда бобой нима керак, деб тилининг учида айтаяпти, ичида жон-жон дейди. «Ўн­та ўғ­линг бўлгунча, биттагина қийшайган чолинг бўл­син», деган куйган қуллар, – бўш келмади Болқон хола.
– Ўлинг, Болқоной, қарисангиз ҳам сира қуйил­майсиз. Букрини гўр тузатар, деганларидай оғзин­гизнинг шалоқлигича ўтиб кетасиз, шекилли. Ҳамма чолларни сизга бердим. Менга чол-пол керакмас, – яна аччиқлана бошлади Баҳри хола.
– Бўлди, бўлди. Икковингизниям чол олмайди. Ёш-ёш қиз-жувонлар чолларга тегиб кетишаяпти. Силарга ит қарамайди. Ҳар овқат чайнаганларингда иякларинг пешоналарингга тегаман, тегаман, дейди. Яна чол керакмас, деб нозланмасаларинг гўр­гайди. Аммо, лекин бўсаям тегмасликларинг аниқ­-ку, – дўриллади овози эркакларникига ўхшаган, мўй­лаб­лари ўсиқ, иягининг у ер-бу ерида яккам-дуккам соқоллари оқариб қолган Қаршигул момо. – Ундан кўра қандай дам олганингдан гапир, Баҳринисо.
– Қаршигул опа, бизам юрган эканмиз, яшаяпмиз деб. Ана яшаш-у мана яшаш, ана ҳаёт-у мана ҳаёт. Ҳаёт ўша ёқларда экан. Сомонхонада ювиниб умримиз ўтиб кетибди-я. Жемчуж деган ваннаси бор экан. Биқирлаб қайнаб ётибди. Ечиниб ичига тушиб ётинг, дейди дўхтир қиз. Вой, пишириб ўлдирасан-ку десам, қўрқманг хола, пишмайсиз дейди. Қўрқиб-қўрқиб қўлимни ботириб кўрсам, куйдирмади. Ичига тушиб ётдим. Бай-бай-бай, ана роҳат, мана роҳат… Дўхтир қиздан уялиб ўлдим. Ич кўйлагим билан тушиб ёта қолай десам, «мумкинмас» дейди қизи тушмагур.
Даврада кулги кўтарилди. Ҳангома қизигандан – қизий бошлади. Болқон момо пайтини пойлаб қо­чирим гаплар қилиб ҳаммани кулдириб ўтирди.
– Мен билмасдан даволарни чалкаштириб олаверибман, – дейди Баҳри хола кулиб. – Аввал совуқ муолажаларни, кейин иссиқларини олиш керак экан. Бир пайти «ГАИ»га кирмабсиз, тез киринг дейишди. Мен шопирмидим Гаига кириб десам, бу бошқача Гаи дейишди. Айтган жойларига борсам бошқа дўхтир қиз «тез киринг, битта жой бор, бошқалар кириб кетишди» дейди. Кирсам бир талай эркак-аёл кўзларини юмиб ўтиришибди. Ўртада аппарат. Ўтириб олиб нима қилишимни билмайман. Сўрай десам ўнг томонимдагиям эркак, чап томонимдагиям эркак. Охири мажбур сўрадим «қуруқ ўтиравераманми, болам», деб. «Қуруқ ўтирмайсиз, хола, кўзингизни юмиб ҳидлайсиз», дейди у. «Вой, нимани ҳидлайман», дебман шошиб. «Аппаратни ҳидлайсиз», дейди у.
Ўртада гурр кулги кўтарилди. Бири олиб, бири қўйиб Баҳри холани аския қилиб кетишди.
– Бердисини айтмасимдан мунча ҳиринг-ҳи­ринг қиласанлар. Барингнинг кўнглинг эгри. Бол­қоной, сизнинг касрингиз ҳаммага уради. Кейин «ГАИ»сидан чиқиб дўхтир қиздан сўрадим. «Қизим, бу жойларингни мен тушунмадим, нима қилиш керак эди бунинг ичида» десам, «холажон, ўртадаги аппаратнинг идишига дори қуямиз, аппарат шовуллаб айланиб дорили ҳаво чиқаради. Сиз кўзингизни юмиб, ҳаводан нафас олиб ўтирасиз, асабларингиз тинчланади», – дейди. Бор гап шу экан. Тушунмай кириб бир изза бўлибман, бир изза бўлибман.
– Кулги бўлгансиз, қишлоқилигингизни билдир­гансиз, – дейди кулиб-кулиб кўзлари ёшланган Бол­қон хола.
“Ғийқ” этиб эшик очилиб, қаҳ-қаҳ уриб кулаётган аёлларнинг эътибори ўша томонга йўналди.
– Яхши ўтирибсизларми, қўшнилар.
Эшикдан бош суққан Хайринисо келин меҳмон­ларга мулозамат қилгач, қайнонасига юзланиб: “Эна, овқатни сузаверайми?” – деди.
– Ойпошша ҳаяллаб кетди. Мени кутиб турмадиларингми, деб аразлаб қолмасин тағин, – саволомуз қўшниларга қаради хола.
– Боя меҳмон кеп қолди, бораверинглар. Ўз хабарим ўзим билан, деганди. Шу вақтгача дим-дирс-ку. Энди аниқ келмайди-ёв, – гапга қўшилди Улбозор опа.
– Яна янги мошин опти-ку. Қуллуқ бўлсинга қа­рин­­­дошлари келгандир-да.
– Бунча пулни қаердан оляпти экан-а? Бозорда нима янги мато чиқса биринчи бўлиб Ойпошшаой кияди. Тунов куни бир тўйга бирга боргандик. Саккизта бармоғига саккизта тилла узук тақиб опти. Иккала қўлини икки тиззасига қўйиб олиб узукларни кўз-кўз қилиб ўтирганди, маллим синглиси секингина урушиб берди. Синглисининг гапи таъсир қилдими, бироз ўнғайсизланиб қолди. Шундан бери беш-олтитагина узук тақиб юрибди. Ҳали кеп қолса қўлларига разм солинглар.
– Ҳа, ҳалоли бўлсин. Бола-чақаси билан кечаю кундуз тинмайди. Меҳнатнинг орқасидан қишлоқнинг рўзғори энг тўқ одамларига айланди. “Сендан ҳа­ра­кат– мендан баракат”, – деб шуни айтадилар-да. У мошин минмай, уззуккун уйда ўтириб биз минамизми,– мақтаб қўйди Қаршигул хола дўриллаб.
Киши билмасгина қилиб ёмонлашга чоғланган оғизлар индамайгина ёпилди. Чунки Ойпошша опойга тил теккизиб қўйган Холбувининг кунига шоқоллар йиғлаганини ҳали ҳеч қайсиси унутмаганди.
Бу орада меҳмонларга қатиқли ош тортилди. Баҳ­ри холанинг ўғли ишдан қайтишда колбаса олиб келган экан, у ҳам дастурхонга қўйилди. Гулзорнинг қитмирроқ аёллари буни ҳам аския қилишди.
– Саримсоқовнинг ҳалол колбасаларидан экан, бемалол еяверинглар. Ҳар куни телевизорда реклама қилишаяпти «ҳалол, ҳалол,» деб, – деди Жумагул чеча
– Ўзимизнинг қишлоқдаги Саримсоқники бўлса, ўлгандаям ҳалол бўлмайди, – деб қочириқ қила бошлашганди, яна Қаршигул момо уларни уришиб берди:
– Худо кўтарсин сенларни. Индамаса таомниям ҳар кўйга соласанлар. Уят эмасми. Ундан кўра Аллоҳни ёд олиб маънили-маънили гаплардан гапириб ўтирмайсиларми. Ҳали қўяр дейман, қўймайсилар, ҳали қўяр дейман, қўймайсилар. Қа­ринг қаридай эмас, ёшинг ёшдай. Силар билан ўтирганнинг иймонини учирасилар. Тавба, тавба. Ҳой, Болқоной, ҳамманинг этагидан тортиб ғий­бат қилаверганингча келинингни қайтариб келмайсанми? Болалари бор ахир. Невараларингни соғинмайсанми?
– Осон қилманг, Қаршигул опа, осон қилманг. Молнинг гўнгини кечиб топганларимни ўша жувонмарг келинга сарфлаганман. Келин эмас, келисоп, миямни чақаман дейди. Қариндошининг тайини йўқлар, тавба қилдим, тошбақани тоға, қурбақани хола, деб кетавераркан. Бир туғишган тоғаси йўқ, қайгўрдаги узоқ бир тошбақа тоғасининг тўйига бораман, деб мен билан жанжаллашди. Қайнона керакми, ё тошбақа тоға, қурбақа хола керакми? Аллақандай тошбақа тоғасини деб, менинг қайноналик ҳурматимни оёқости қилди. Оғзидан қора қони ғирқираб келмаса, асло рози эмасман. Ўғлимгаям айтдим: «Агар бориб хотинингни олиб келадиган бўлсанг, оқ сутимни кўкка соғаман», – деб. – Ўзи кетган ёр-ёр, ўзи келар ёр-ёр. Жижинда бориб олиб келмайман (жизнда демоқчи).
– Ҳай-ҳай, Болқоной. Шайтонга ҳай беринг. Шайтоннинг гапига кирсангиз, сизни не кўйларга солмайди? Келин ҳам бировнинг кўзга суртган азиз боласи. Ҳеч бўлмаса невараларингизнинг ҳурмати бор-а.
– Ҳа, шу невараларим учун индамай турибман-да. Бўлмаса аллақачон паттасини қўлига бердириб юборардим. Ўғлим бўш. Ўғлим бўш бўлмаса аразлашга хотинининг ҳадди сиғармиди. – Келининг яхши бўлса берди Худо, келининг ёмон бўлса, урди Худо», – деган экан менга ўхшаган бир бечора куйган қул.
Ҳазил-мутойиба ўрнини «куйган қул»нинг оҳу фиғони-ю кўкка ўрлаган тутунлари эгаллай бошлаганда анча кеч бўлиб қолган эди. Осмондаги ойнинг юзини қора булутлар тўса бошлаган, ҳаво айнаётган эди. «Бирдан тўполон бошланиб қолса, чироқ ўчиб қолади. Тезроқ уй-уйимизга бориб олайлик», дейишиб аёллар ўрниларидан қўзғалишди.
– Айтгандай, Саттор камазчининг яширинча иккинчи хотини бор эмиш, – деди ўрнидан тураётиб аёллардан бири.
– Ким айтди сенга?
– Сатторнинг хотини синглимга дугона бўлади. Синглим айтди.
Ўрниларидан қўзғалган хотинлар уйдан чиқол­май яна ҳангомага тушишди.
Саттор кейинги пайтда жуда озода кийинадиган бўлиб қопти. Ички кийимлари сира кир бўлмай доим тоза бўлиб қолганидан хотини шубҳаланиб қопти. Чунки олдинлари кир уст-бош билан ҳам барибир мой бўлади, деб машина ҳайдаб кетавераркан. Хотини зўрлаб ечиб олиб ювиб бераркан. Энди эса кийдириб юборган кийимлари яна ўшандай тоза бўлиб ишдан қайтаркан. Хотини пишиқ экан. Ҳалигиндақа аёллар кўплаб яшайдиган жой бору, отинг қурғур нимайди, ҳа микрорайон. Хуллас, Сатторнинг хотини бир домнинг олдида эрининг мошинасини кўриб қопти. Мошиннинг атрофида ўйнаб юрган болалардан мошиннинг эгаси қайси уйга кириб кетганини сўрабди. Болалар уйни кўрсатиб бериб, шопирнинг ҳар доим шу уйга келиб туришини айтишибди. Гулнора (Сатторнинг хотини) ҳалиги уйнинг эшигини секин итариб кўрса эшик қулфланмаган экан шекилли, очилиб кетибди. Гулнора шартта ичкарига кирса, эри тиззасига бир жувонни ўтқазиб олиб оғзини оғзига қўйиб «нон чайнаб» бераётганмиш.
– Нима, хотиннинг тиши йўқ эканми, – луқма ташлади Қаршигул момо.
Даврада енгил кулги кўтарилди.
– Тушунмайсизми, Қаршигул опа, сағаналар тил­бузардагиларга ўхшаб ўпишаётган бўлишган, – деди Болқоной хола ўзининг билағонлигидан фахрланиб.
– Ҳа, ордона қолсин. Тунов куни тилбузар кў­риб ўтирсак дуппа-дуруст эркак бир аял билан қу­чоқлашиб ялашиб қолса бўладими. Ўғлимнинг олдида нима қилишимни билмай қолибман. Ҳалиям ўғлим олдидаги аппаратни ола сола тугмасини босган эди, анави шармандалар йўқолиб, ўрнига ашулачи хотин чиқиб қола қолди. Тилбузарда уят қолмади, – койинди Қаршигул момо.
– Ҳа, кейин нима қипти Саттори қурмагур, оғ­зидаги нони тушиб кетибдими? Ўзбекники шу, пули кўпайса, хотини ҳам кўпайиб қолади.
– Саттор ўтирган жойида қотиб қопти, – давом этди ҳалиги аёл. – Бақиришибди, чақиришибди. Ан­ча дилхиралик бўлибди. «Чиройли бўлсаям майли экан, қоп-қора лўлига ўхшайди мочағар», деб куяди Гулнора. Аслида чиройлидир-ов, Гулнора куйганидан шундай дегандир.
– Ишқилиб Тинчлик кўчасидагилар сира тинч ўтир­мас экан-да.
Шу пайт очиқ турган деразалар тарақ-туруқ қилиб очилиб-ёпила бошлади. Аёлларнинг билмаган балоси йўқ. Чиндан ҳам ташқарида чанг-тўзон кўтарилган эди. Ҳангомани кўзи қиймай қайтадан ўтириб олган аёллар ўрниларидан туришга ҳам улгурмай лип этиб чироқ ўчди.
– Войй, – деб юборишди улар бирваракайига. – Энди тўполонда қандай кетиб оламиз?
– Қўш хотин олмай қотиб қолгур Сатторнинг Худойи бор экан. Ғийбатини қилувдик, чироқ ўчди-қолди, – деди қоронғидан фойдаланиб дастурхон ти­мирскилаётган Болқон хола.
– Ҳой, Худо хайрингни бергур Хайринисо, шамни келтир тезроқ, – овозини баландлатди Баҳринисо хола.
Аммо қоронғида гугурт топса шамни тополмай, шам топса гугурт тополмай хуноби чиққан Хайринисо келгунча, қўшнилар қўллари билан пайпаслаб ўзлариники деб тахмин қилган оёқ кийимларини ки­йиб уй-уйларига тарқалишди.
Меҳмонларни кузатиб қайтган Баҳринисо хола шундай қобил фарзандлари, меҳрибон қўшнилари борлиги учун Яратганга беҳисоб шукроналар келтириб уйқуга кетди. Тезгина ухлаб қолган хола уй­қусираб бир нималар деб ғудранди-да лабларини чалпиллатиб-чалпиллатиб қўйди. Ҳойнаҳой, раҳ­мат­ли чоли тушига кирдиёв…

«Ёшлик» журнали, 2015 йил, 6-сон