Меҳринисо Абдураҳмонова. Қизил олма (ҳикоя)

Бу гап бир зумда болалар қулоғига етиб, кўплари ошкора, баъзилар пинҳона пичир-пичир бошлашди.
Эмишки, бир-бирини кўришга кўзи йўқ Моҳира билан Асқар севишиб қолишибди. Асқарнинг бир дона олмани тиржайиб Моҳирага узатганини ва қиз қурғур ҳам индамай уни олганини шу куни навбатчиликка қолган Замира Ғийбатниса ўз кўзи билан кўрганмиш. Ўз ғийбатлари билан Ғийбатниса лақабини орттирган қизнинг гапига ишонган ишонди, ишонмаган ишонмади. Ҳар қалай болаларнинг ҳангомасига қизиқарли мавзу топилдики, бир неча кун улар мароқ билан шу мавзу атрофида уймалашишди.
Дарҳақиқат, шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди деганларидек, шамол бўлмаса ҳам бироз шабада эсган ва бир дона мевасини ўз бағрида яшириб қолмоқчи бўлган дала шийпони ҳовлисидаги олма дарахтининг япроқларини силкитган эди. Бу силкиниш жараёнида ҳикоямиз қаҳрамони бўлмиш димоғдор, айни пайтда феъли ғалати йигитча Асқар ўша машҳур ғийбатларнинг сабабчисига айланган бир қизил олмани кўриб қолган ва уни узиб Моҳирага берган эди. Бор гап шуми дерсиз? Ҳа. Бор гап шу ва фақат шугина эмас.
Ҳамма гап шундаки, шу дамгача уларнинг ҳар иккаласи ҳам бир-бирини кўришга кўзи, отишга ўқи йўқ эди-да. Яхшиям ўша савил ўқнинг йўқлиги. Бўлмаса улар бир-бирини отиб қўйиб, бу дунёда олмадан ҳам ширинроқ муҳаббатнинг мевасидан татиб кўришга улгурмай дорилбақога рихлат қилиб кетишармиди. Бу иккала синфдошнинг нима учун бир-бирини ёмон кўришларини тушунтириш учун озроқ мозийга чекинмасак бўлмас. Моҳира синфдаги энг аълочи, энг жамоатчи ва энг… энг… энг… қиз эди. Шоиртабиат бу қизнинг ёқимлигина овози ҳам бор эдики, мактабдаги бутун ташкилий ишлар унинг иштирокисиз ўтмас эди. Синфларидаги Асқардан бўлак барча болалар уни яхши кўриб, ҳурмат қилишарди.
Асқар ҳам чиройликкина бўлиб, кўркамлигидан фахрланар ва бошқаларни менсимасди.
Олтинчи синфда ўқиб юрган пайтларида Тойис лақабли математика ўқитувчиси (русча «тоест» сўзини кўп ишлатарди) дарс пайтида болаларга кўз-қулоқ бўлиб туришни синфбоши Моҳирага (синфкомлик туғилганданоқ унинг пешонасига ёзилганми 1-синфдан то битиргунча шу лавозимда анча тер тўкди) тайинлади-да, ўзи ташқарига чиқиб кетди. Шу заҳоти болалар бақир-чақир қила бошлашди. Ҳукмронлик қўлига тегиб қолган Моҳира қўлидаги дафтар билан болаларни уриб тинчита бошлади. Калтак ейиш навбати айни Асқарга келганда, у чаққонлик билан Моҳиранинг қўлидаги дафтарни юлиб олиб қизнинг ўзининг юзига шартиллатиб уриб юборди. Ҳаётида салгина туртки ҳам еб улгурмаган қизча аламидан йиғлаб юборди ва ўшандан буён Асқарнинг отиниям атамай қўйган, гўё синфда бундай бола унинг учун йўқ эди.
Ўшандан бери йиллар ўтиб улар ўнинчи синф бўлишди. Ўнинчи синфда ўқиётган кезлари мактабнинг юқори синф ўқувчиларини қўшни туманга пахта теримига сафарбар қилишди. Моҳиранинг дадаси кекса ўқитувчи бўлиб, қизини пахта теримига чиқармай, ошпаз қилиб қўйишларини илтимос қилган экан, уни боргандан ошпаз қилиб тайинлашди. Жўрттага қилгандай Асқарнинг дадаси ҳам ўғлини самоварчи қилиб тайинлашларини илтимос қилган экан.
Шундай қилиб бутун ҳашарчи болаларнинг ейиш-ичиши икки арзанда қўлида қолди.
— Йўқ, мен у билан келишолмайман. Бошқа бола самоварчи бўлсин, — деди Моҳира муаллимга.
— Нега энди келишолмайсанлар-а? Нимани бўлишолмайсаллар. Айниқса, сендай аълочи қиз бошқаларга намуна бўлиш ўрнига аразлашиб юрсанг ҳеч тўғри келмайди. Шу бугуноқ ярашиб олда, ишни бошланглар. Яхши инсонлар кечиримли бўладилар, — деди муаллим унга жавобан.
Моҳирага шу гапнинг ўзи етарли бўлди ва бу ҳақда бошқа оғиз очмади.
Асқар чой қайнатиш билан бирга овқат тайёрлаш учун ўтин ҳам ёриб бериши керак эди. Дарди ичида бўлган Моҳира ўтин тайёр эмаслигини кўриб Асқарни чақиб олишга баҳона топилганидан ичидан суюниб, унга ўшқирди.
— Нега ўтинни вақтида ёриб қўймадинг! Нима, болалар келиб сени ейдими? Бўл, тез. Овқат пиширишим керак.
Асқарнинг жон-пони чиқиб кетди.
— Эй, қиз. Директорнинг қизиман деб буйруқ берадиган бўп қолдингми? Отангнинг даври ўтиб кетган. Кўп ўзингдан кетаверма, хўпми? Синфкомлигингни мактабда бошқаларга қиласан, менга бу нумеринг ўтмайди.
— Вой-вой-вой. Ким бўпсан, жа одамларни менсимайдиган. Мен учун бир тийинсан, билдингми, бир тийин. Бир тийингаям олмайман сени. Э, кеккаймай ўл, — қизишиб кетди Моҳира.
Шу пайт муаллим келиб қолди-ю, ҳар иккаласи ҳам жим бўп қолишди. Асқар ўтин ёришга, Моҳира картошка артишга тушди.
Катта қозонга эга бўлиб олган қиз бирда қуюқ, бирда суюқ қилиб овқат пишира бошлади.
Кечқурун ўчоқ боши косаларни тарақ-туруқ қилган болаларнинг шовқинига тўлиб кетарди.
— Картошкасидан кўпроқ сол.
— Менга пиёзсиз қуй.
— Вой-вуй, овқат бўтқа бўп қопти-ю.
— Гўштини дадил-дадил солмайсанми?
— Мен бугина овқатга тўймайман, тағин берасан-да.
Кунлар бир маромда ўта бошлади.
Моҳиранинг пиширган бўтқа овқатлари-ю, Асқарнинг чала қайнаган чойига бутун болалар жамоаси кўникиб қолганларидай ошпаз қиз билан самоварчи йигитча ҳам бир-бирларига кўникиб, уришмай қолишди. Қоп-қора ғайир сочларининг устидан оппоқ дурра танғиган ёқимтойгина ошпаз қиз билан бир столда овқат ейишга ўтиб олган йигитча учун ўтин ёришдек машаққатли иш ҳам мароқли туюла бошлади. Нега мароқли бўлмас экан, ўтинни Моҳира ёқадиган бўлгандан кейин албатта мароқли бўлади-да. Кейинги пайтларда Асқарнинг юрагини аллақандай ёқимли ҳислар чулғай бошлади. «Нега унинг шунчалар ёқимтойлигини аввалдан пайқамабман-а. У ҳаммадан чиройли», — деб ўйлай бошлади у. Кечагина кўзига балодай кўринган қизнинг ҳар бир хатти-ҳаракати ҳар бир сўзи йигитчага жозибали кўрина бошади. У Моҳирани хурсанд қилиш учун атрофдаги полизлардан кечки помидор, бодринглар териб келарди-да, қизнинг қўлига тутқазарди. Оқкўнгилгина Моҳира бу меҳрибончиликларга баъзида ҳайрон бўлса-да, ортиқча эътиб
ор бермади.
Ҳар куни кечки овқатдан кейин болалар машина балони топиб келишиб, уни ёқиб контсерт уюштиришарди. Етакчи хонанда албатта Моҳира, дугонаси пақирни тўнтариб чалиб унга жўр бўларди. Болаларнинг ўйин тушишни билганиям, билмаганиям даврадан чиқмай уларнинг ашуласига ўйнашарди, қизиқчилик ҳам қилишарди. Музаффар жағжағ гапни опқочади-да тоза.
– Биласизларми, болалар. Менинг зарбдорлик тоғам КамАЗи билан Марсга бориб келган, — дейди у.
— Ол-а ёлғонниям ямламай ютасанқа. Марс қаёқда-ю, Зарбдор қаёқда. Қолаверса, у ёққа ракета етолмайди-ю. КамАЗга йўл бўлсин. Ва-ҳа-ҳа ўзимизнинг шу катта бетонка йўл билан борганми тоғанг Марсга. Ўла-ўла, қасамхўр, ўтрикчи.
Болалар ҳар ёқда Музаффарни майна қилиб кула бошлашди.
— Ўлай агар, тоғам ўз оғзи билан гапириб берган. Биласизларми, зарбдорлик КамАЗчиларнинг оёғи етмаган ер қолмаган. Одам арқон билан осилиб чиқолмайдиган чўққиларга ҳам улар КамАЗ билан бемалол чиқиб кетаверишади. Орқасидан қувган мелисаларнинг биронтасиям уларни ушлолмайди. Зарбдорлик КамАЗчиларнинг бари бой бўп кетган. Гапимни бўлмаларинг, ҳозир мен сенларга бунинг қандай бўлганлигини айтиб бераман.
— Айтсин, жим туринглар.
— Балки ростданам боргандир.
— Айтавер, ёқмаганлар қулоғини бекитиб олсин. Биз эшитамиз гапингни.
— Эшитсак эшитаверамизку-я, аммо муаллимимизнинг айтишича энг зўр космик кеманинг ҳам Марсга бориб келиши учун юз йил ҳам етмасмиш.
— Оббо, бу ерда илмий мунозара бўлмаяптими? Ҳа, эшитайлик энди. Гапиравер, Музаффар. Қулоғимиз сенда.
Болалар тинчлангач Музаффар ҳикоясини бошлади.
— Бир кун тоғамнинг олдига Эргаш фермер келибди-да, ўн тонна пиёзни Тожикистон ёққа ортмоқчи эканлигини айтибди. Шунда тоғам у томонларга ўтиш жуда қийинлашиб кетганлигини, орган билиб қолса иш расво бўлишини тушунтирибди. Аммо Эргаш фермер бу дунёда билмайдиган ишнинг ўзи йўқлигини, фақатгина зарбдорлик КамАЗчиларгагина маълум бўлган айланма яширин йўллар орқали олиб бориш мумкин эканлигини эшитганини айтиб, катта «доля» беражагини ҳам ишора қилиб ўтибди. Ўша кунлари тоғамгаям клиентлар келмай ишсиз ўтирган экан, нима бўлса бўлар деб таваккал қилиб пиёзни КамАЗга ортади.
Шундай қилиб икковлари кечки пайт йўлга тушишибди. Тоғам «доля»нинг чўғи учмасин деб шопир шеригини олмабди. Эргаш фермернинг орзулари катта экан. У «эсон-омон пиёзни сотиб келсам, ёлғизгина ўғлимга суннат тўйи қиламан. Тўйга Юлдуз Усмоновани олиб келаман» деб ният қилган экан.
— Юлдуз Усмоновани тўйга опкелиб нима қилади? Юлдузни кўраман деб бутун халқ тўйхонани остин-устун қилиб ташлашади-ку. Тўй қилган тугул қўшниларнинг ҳам томи тешик бўлиб кетади, — луқма ташлади болалардан бири ва ҳамманинг ўзига норози бўлиб қараб қўйгани учун дарҳол жим бўлди.
— Шундай қилиб айланма, ўнг-чап қилиб, ҳангомалашиб боришаётса шундай пана жойдан машиналарнинг чироғи ёниб мелисалар чиқиб қолиб тўхташга буюришибди. Тоғам, дунёда мелисадан ёмон одам йўқ деб юрган тоғам шартта йўлдан чиқиб, йўлсиз тепага қараб машинасини ҳайдаб қолибди. Мелисалар қувибди, булар қочишибди. «Олло худо, Олло худо» деб.
Тоғам қизиқ устида тоғнинг тепасига қандай қилиб чиқиб кетганини билмай қолибди. Кейин айтиб беришича, ўша дақиқаларда сира қўрқувни сезмаган эмиш, бутун фикр-у хаёли қочиб қутулишда бўлиб фермернинг, ажалимдан бурун ўлдирасанми, тўхтат мошинди, деган гаплариям қулоғига кирмасмиш. Бир пайт ўзига келиб қараса катта жар ёқасида турганмиш. У дарҳол тормозни босибди. Жарга қулашларига секунд қопди. Шунда фермер: «Эй, худо. Ўзинг бандам де, ўзинг асра, ёлғиз ўғлимнинг орзу-ҳавасини кўрмай ўлиб кетавераманми?» дея Оллоҳга илтижо қилаверибди. Нима бўлибди денг? Мўъжиза рўй берибди. Жар устида ярақлаган тилла кўприк пайдо бўлибди. Тоғам «Ё қудратингдан» деб ҳайратдан оғзи очилиб қопти. Фермернинг эса тили калимага келмай қопти.
Музаффар шу ерга келганда тўхтаб болаларга ваҳимали қараб қўйди. Болаларнинг бутун вужуди қулоққа айланиб уни тинглашарди.
— Тоғам ҳали-ҳануз янгамнинг қулоғидаги тилла исирғасига ишора қилиб «кўприк шунақа ярқираб турганди» деб қўяди, — давом этди Музаффар. — Хуллас, мўъжиза рўй берибди. Бироздан сўнг тоғам ўзига келиб мошинани тўғри кўприк бўйлаб ҳайдаб қолибди. Бир зумда қип-қизил қум барханлари чўзилиб ётган, биронта тирик жондан асар сезилмаган бийдай далага чиқиб қолишибди. Совуқ, изғирин шамол эсиб ётганмиш. «Товба, бу Хоразмнинг Қизилқумими? Биз Тожикистондан чиқишимиз керак эди-ку?» — деб тоғамнинг боши қотиб қолибди. Фермер бўлса ўзининг совқотгани билан иши йўқ «пиёзларимни совуқ уриб кетса, нима қиламан?» деган ташвишда эмиш. Тоғам «бўлди, энди келган йўлимиз билан орқага қайтамиз» деб КамАЗини бурса ҳалиги кўприк ҳам, жар ҳам гўё ҳеч қачон бўлмагандай йўқ бўлиб қолганмиш. Ана, энди кўринг ҳангомани. Тўрт томон бийдай дала. Тирик жондан нишон йўқ. Икковининг ҳам бўғинлари бўшашиб нима қилишини билмай ўтиришса, қаттиқ шовқин кўтарилиб космик кемага ўхс
ҳаган бир жисм улардан нарироқда келиб қўнибди. Сўнг унинг ичидан тўрт-беш одам тушиб хурсанд кайфиятда бир-бирини қучоқлаб чулчитча бир нарсалар деб бақиришармиш. Уларнинг биттаси видеокамера билан суратга олаётганмиш. Тоғамлар космик кеманинг қуйруқ томонида туришгани учун улар тоғамларни кўрмасмиш.
Шунда бирдан фермернинг ранги оқариб кетибди. Тоғам нима гаплигини сўрабди.
—Биз Марс сайёрасига кеп қопмиз, жўра, — дебди Эргаш ака аранг. – Анови кема Американики экан.
Улар Ерга сигнал беришяпти. «Биз одамзоднинг асрий орзусини рўёбга чиқариб Марс сайёрасига қадам қўйиб турибмиз», — деб хабар жўнатишяпти. «Марсни биз америкаликлар биринчи бўлиб забт этдик», дейишяпти», – деса ҳангу-манг бўлиб қолган тоғам «вой, қизиғарлар-эй улардан олдин биз зарбдорлик КамАЗчи ва деҳқон забт этиб қўйдик-ку Марсни», — дермиш. Булар нима қиларини билмай туришса, совқотиб қолган америкаликлар кемаларига чиқиб кетиш тараддудига тушиб қолишибди. Сал ҳаялласа кечикиб қолишини билган тоғам КамАЗини зинғиллатиб кема эшигининг олдига учирибди. Ичкарида ҳамон Ерга хабар узатиб ётишибди. «Биз Марсни забт этдик! Биз биринчи бўлдик!» ва ҳоказо ва ҳоказо деб туришса кемаларининг эшиги тақиллаб қопти. Улар «Марсда ҳеч жонзот ҳам, ҳаёт ҳам йўқ эди-ку», — деб ҳайрон бўлиб эшикни очиб қарашса «Пиёз оласиларми?» — деб иккита ерликларга ўхшаган одам турганмиш. Ўз-ўзидан маълумки, булар менинг тоғам билан фермер эди. Фермер ҳам анойимас экан. У инглизчан
и сув қилиб ичиб юборган экан, бирпасда америкаликлар билан тил топишибди. Америкаликлар уларни ўзлари билан олиб кетиб, ҳар иккаласига ҳам биттадан «Мерседес» мошин миндириб юборишларини, эвазига эса улар Марсда бўлганликлари ҳақида чурқ этиб оғиз очмасликларини илтимос қилишибди. Зарбдорликлар бунга рози бўлишибди. «Майли, Марсни америкаликларга бердик», — деб эсон-омон қайтганига шукур қилишибди. Пиёз-миёзи билан Марсда қолиб кетган КамАЗини эслаб тоғамнинг ичи куйиб-куйиб қўяди. Ҳар қалай «Мерседес» заҳар босди бўлди-ку.
Фермерга келсак, у уйига қайтгандан сўнг «Мерседес» машинани сотиб яккаю-ёлғиз ўғлига каттакон қилиб суннат тўй қилиб берибди. Тўйга Юлдуз Усмонова келибди. Боя, сен Эргаш тўғри айтувдинг. Юлдуз келса тўйчининг ҳам, қўшниларнинг ҳам томлари илма-тешик бўлади деб ҳақиқатдан ҳам Юлдуз Усмонованинг дарагини эшитиб ҳам, тўйхона тугул қўшни томлариниям босиб кетибди. Шиферлар цинган, деворлар кўчган. Лекин фермер мард одам экан. Тўй ўтгач, қўшниларининг тўй бўлмасдан олдин ҳам ўзи ҳилвираб турган томларини янги шиферлар билан ёптириб берибди. Ҳамма хурсанд бўпти, деб ҳикоясини тугатди Музаффар.
Ҳикоя таъсирига берилган болалар бир нафас жим қолишди-да, сўнг мунозарага берилиб кетишди. Улар ота-оналаридан узоқда, уйларини, яқинларини соғинганликларини ҳисобга олмаганда кундузларни меҳнат, кечқурунларни эса мана шунақанги ҳангомалар, ўйин-кулгулар билан ўтказишарди. Улар Марс ҳақида, мўъжизалар ҳақида сўзлаша-сўзлаша уйқуга кетишди. Яна бир меҳнат куни шу тарзда ниҳояланди.
Музаффарнинг оғзига анқайиб мен ҳам асосий мавзудан чиқиб кетганим боис азиз ўқувчидан узр сўрайман-да, яна синфдош мавзусига қайтаман.
Эртасига одатдаги меҳнат куни бошланиб шийпонда бизнинг асосий қаҳрамонимиз қолишди.
— Қандай ажойиб ва ғаройиб саргузашт! Машина билан Марсга боришса-я, — деди ҳамон кечаги ҳикоя таъсирида юрган хаёлпараст Моҳира.
— Шунинг гапига ишониб ўтирибсанми? Ғирт ёлғон-ку ҳамма гапи. Тоғасиям Музаффарга ўхшаган лофчи экан. Тоға-жиянларнинг тупроғи бир жойдан олинган экан чоғи, — деди Асқар бепарвогина.
— Мен мўъжизаларга ишонаман. Айтишларича, ҳар бир нарсанинг таянч нуқтаси бўларкан. Ўша таянч нуқтани топса ҳатто ер шариниям кўтариш мумкин. Фантастик асарларда инсонлар ўтган асрларга ёки келажакка ўтиб қолиш ҳоллари ҳикоя қилинади. Баъзи олимлар вақтни орқага қайтариш мумкин деб ҳисоблашаркан. Бунинг учун эса Ер ўқининг марказини топиш керак экан. Иккинчи жаҳон уруши пайтида Германия қўшинлари мағлубиятга учрай бошлаган вақтлари Гитлер олимларга вақтни орқага, ғалабалар нашидасини суриб юрган даврга қайтариш учун Ер ўқи жойлашган нуқтани топишни буюрган экан. Бунинг учун олимлар ўша жой Ҳиндистонда бўлиши керак деб экспедиция уюштирган, аммо номаълум сабабларга кўра экспедиция ҳалокатга учраган экан. Балки Музаффарнинг тоғаси сайёралар аро қўйилган самовий кўприкка дуч келиб қолгандир. Менинг шунга ишонгим келяпти. «Худойи йўли» деган турклар ишлаган кинони кўрганмисан. Ундаги қаҳрамонлардан бири Оллоҳнинг инояти билан бир кунда Маккаю
Мадинага бориб ҳаж зиёратини бажариб қайтади. Ҳа, Асқар, бу дунёнинг биз билмаган сир-синоатлари кўп. Биз ақлимиз деймизми, ёки тафаккуримизми идрок этолмаганлиги учун бу синоатларни «ғирт ёлғон» ё бўлмаса «Фантастика» деб қўя қоламиз-да, ортиқча бош қотиришни истамаймиз. Мана, анув «тоға»ни олайлик, у оддийгина шофёр бўлса ҳам, майли, лофчи, ёлғончиям дея қолайлик, аммо барибир болалар онгида аллақандай бир ажиб илиқликми, ҳайратми, шунга ўхшаш таассурот уйғотолди-ку, ахир. Энди болалар анча вақт ўша кайфият таъсирида юрадилар, сир-синоатлардан ҳайратланадилар, бу синоатларни ечиш орзусида тафаккурини ишга сола бошланади, дея гапини тугатди Моҳира.
— Қойил! Олим бўп кетарсан-а, — чапак чалди Асқар. – Мен эса реал ҳаёт билан яшашни истайман. Мана мен, сен, мана бу қўлимдаги пичоқ булар бари бор нарсалар. Ҳозир пичоқни қоровулга ўткирлатишим ва сен овқат пиширишинг, мен эса чой қайнатишим керак. Пичоқни қайратиб келгунимча орзуларинг билан яшаб тур, — дея кулиб нари кетди у.
Бироздан сўнг пичоқни қайратиб келган Асқар қизнинг хомушлигини кўриб ҳазиллашмоқчи бўлди.
— Ўткирлигини қара, Моҳи. Нақ одам сўядиган пичоқ бўптида.
Кайфияти тушиб кетган Моҳира жаҳлдан қизариб кетди.
— Нима! Ҳали одам ҳам сўйсанг керак, гапинг бунақа бўлса?
— Йўқ, йўқ. Нега энди? Худо сақласин. Шунчаки ҳазил қилиб гапирувдим, — каловланди Асқар.
— Ҳазилинг қурсин!
Моҳира шундай дея тез-тез юриб шийпонга кириб кетди.
Воқеанинг бундай тус олишини кутмаган йигитча бирдан маъюсланиб, ўз-ўзини ёмон кўриб кетди.
«Энди у яна қайтадан мени ёмон кўриб қолди». У қўлидаги кўзига балодай кўриниб кетган пичоқни ўчоқ бошига отиб ташлади, худди ҳаммасига пичоқ айбдордай. Сўнг кўнгил ғашлигини кетказиш учун шийпон ёнидаги боғда тентирай бошлади. Аллақачон мезон кириб қўйганига қарамай боғ ҳали ям-яшил эди. Енгилгина шабада япроқларни оҳиста тебратар, қушларнинг чуғур-чуғури боғнинг осойишталигига бироз раҳна солиб турарди. Ҳалиям болалиги қолмаган Асқар чўнтагидан рогатка чиқариб дарахтдаги қушларни нишонга ола бошлади. У энди нишонга отаман деб турганда қуш пирр этиб учиб кетди-ю, қуюқ барглар орасидан бир дона қип-қизил олма кўзга ташланиб қолди. Асқар дарахтга чиқиб шунча боланинг кўзидан яшириниб қолган боғдаги сўнгги мевани авайлаб узиб олди.
Болалар боғнинг тит-питини чиқариб юборишган эди. Қандайгина бу олмани кўрмай қолишдийкина? Яна яшил барглар орасида қип-қизил бўлиб турган бўлса. Шу ўйлар билан у олмани енги билан артиб тозалаб емоқчи бўлди. Аммо у дарров фикридан қайтди. Моҳирасиз томоғидан олма ўтмаслигини ҳис қилди ва бирдан миясига келган фикрдан суюниб кетди.
«Балки бу олма Моҳира айтган мўъжизалардан биридир. Фақат оддийроқ, балки жуда оддий мўъжизадир. Мен бу мўъжизани унга олиб бораман». Унинг вужудини аллақандай бир тушунарсиз шодлик эгаллаб олди ва шийпонга қараб югурди.
— Моҳира, Моҳи. Манавини қара.
— Вуий, мунча чиройли. Қаердан олдинг?
— Анави дарахтдан. Барглар яшириб турган экан. Ол. Бу сенга.
— Ўзинг емайсанми?
— Йўқ. Егим келмади. Чиройли олма экан. Олақол.
Оқ сариққа мойил қизнинг юзлари қўлидаги олмадай қизариб кетди. У олмани айлантириб кўраркан: «Ҳа, чинданам жуда чиройли экан. Ейишга одамнинг кўзи қиймайди-я», — деди ва майин жилмайиб йигитга қаради.
Бу жилмайиш шундай бегидир, шундай маъсум, шундай пок эдики, инсон қалбини-да бундай чуқур самимият бор экан, Ер курраси ўз ўқидан чиқиб кетмаслигига, беғубор осмонда қуёш мангу порлаб тураверишига ишона бошлайсан киши.