Маъсума Аҳмедова. Яхши одам (ҳикоя)

Унга, сен ҳам одаммисан, дегандек муомала қилишармиш. Бугун ўлганнинг устига тепгандай қилиб, бу гапни хотини ҳам айтиб қолди. Рост-да, иззатталабликни унга ким қўйибди. Тўғри, бугун Тоживой ҳўкиздан хафа бўлди. Хафа бўлмасин ҳамми! Ахир, кўзига бақрайиб. туриб: «Қийшиқ пиёладаги савилга ҳам кўниб кета-верардинг-ку, нега ноз қилиб қолдинг?» — деса-ю… Ҳаммани акам, укам деб кетаверган ҳам тузук эмас экан, аслида. Тўғри, қишлоқда тўй бўлса, ҳашам бўлса, айтмаса ҳам бораверади. Ўлди-йитдини-ку, йўриғи бошқа. Одамлар ўзиники, қиш-лоқни бўлса, жонидан ортиқ кўради. Армиядан қайтган пайтида (бунга, албатта, анча бўлиб кетган), маҳалланинг ўртасида савлат тўккан тепаликка чиқиб: «О, какая красота!» — деганини тўртта эмас, иккита одам эшитган. «Икромбой, жа-а ўрисчани боплаворадиган бўлибсизми?» — дейишганда, нима деб жавоб бергани ёдида йўғу, ҳаммаёқ ғалати, аллақандай яшилликка чулғанган битта катта боққа ўхшаб кўрингани эсидан чиқмайди.
Уйланмасидан бурун боғ ҳовлига катта дарвоза қурди. Одамлар кулишди: «Сичқон сиғмас инига… Иморатининг тайини йўқ-ку, дарвоза қурганига ўлайми!» Оғзига кучи етмаганлар гапирса гапираверади-да. Қизиқ, ахир, ким уйида йиғин қилиб, тўртта одам чақиргиси келмайди? Тўғри, қийшиқ пиёла-да берсаям, йўқ, демайди. Йўқ, деб бўлармиди, ҳурмат қилиб беришгандан кейин. Шундай бўлсаям, унинг орияти ўзида. Хотини, «ҳашар-пашарнинг лоақал бирортасидан қолсангиз-чи», дейди. Қандай қилиб қолади, у ҳам уй-пуй қурар, ахир. Хотин киши гапираверади-да. Қурмаганда ҳам ҳурмат қилиб…
Ҳаммаси яхши эди, ҳашарга, тўй-пўйга бориш ҳам… Тўғри, бир оз гандираклаб, қийшайиб қайтганида, қўшниси — фельдшер Алимурод аканинг жайдари ити Олапар бутун узумзорни бошига кўтарганча акиллаб зув югуради. «Вов-BOB!..» Ўзи зинғарча-ю, овозининг оламни бузганига ўласан.
Лекин бугун… ҳали хотинига ҳеч нарсани айтмаса ҳам унинг тўнғиллаб: «Одам деганда озгина инсоф бўлиши керак-да, берса ичаверадими? Аслида сизни, одаммисан сен ҳам, дегандай қилишади. Фақат чумчуқча фаҳмингиз ўлгур шунга етмайди», дегани ўлганнинг устига чиқиб, тепгандай бўлди.
Кўзига қон тўлди. Хотин кишига қўл кўтарган одам эмасди. Олдида турган мошкичири тўла лаганни хотинига улоқтирди:
— Ўзимнинг пулимга ичдим!
Хотини яна жаврай кетди. «Болаларнинг ризқидан қийиб… дейдими-ей…
Аслида ҳаммаси ўша Тоживой ҳўкиздан бошланди. У катта йўлда кетаётган эди. Тоживой ҳўкиз (ҳўкизни ўзи қўшди, аслида Тоживой бригадир дейишади) секин имлаб чақириб қолди. Ундан тўрт уй наридаги — қабристонга яқин катта, ҳашаматли болохонали уй бригадирники.
— Бу, Икромбой укам, бир хизмат қиласиз-да энди.
— Хўш, ака, нима хизмат экан?
— Бу…
Тоживой ҳўкиз қалин лабларини унинг қулоқларига тутди. Назарида, тўй самоварига яқин тургандай юзлари қизиб кетди. — Шу…
Тоживой ҳўкиз, беш йилдан бери бригадирман, дейди. Мана, яқинда уканг Холдорвойни уйлантиряпмиз, дейди. Хўш, хўш… Шу, боғда узумлар ғарқ пишиб ётибди, дейди. Қайси боғда, акам? Ҳа, ўзимизнинг боғда-чи, колхоз боғида, шивирғонидан тортиб маскопгача асал бўлиб ётибди, дейди… Ҳм… Энди кўп ортар-мидик… Тоживой ҳўкиз шалпанг қулоқларининг орқасини қашиганча тиржаяди! Ҳовлидаги кузакидан ҳам қўшиб оламиз, дейди. Айтдим-ку, кўп ортмаймиз, деб. Нари борса, тўрт яшик узиб қўйибман.
Ҳўкизнинг нафаси қулоқ-чаккасини ҳўл қилиб юбораёзди.
— Олмазорнинг ёнидаги садақайрағочнинг тагида. Сену мен биламиз. Сир.
— Ҳа-а-а…
— Шуни бир хизмат қилиб грузовойингда гузаргача олиб тушиб берсанг.
«Ҳўкиз» бошмалдоғини кўрсатиб яна тиржаяди: яримта эмас, битта! Яна-тағин қанақасидан дегин, ҳув, Рихсивой магазинчининг магазинига алламбалоси келибди. Буғдойникидан, дейишяпти».
Жуда қизиқ бўлди-ку, буёғи. Юртнинг ҳеч қандай сўровини қайтармайдиган одам…
— Ҳеч бунақа иш қилмаганман-да. Майли, ҳовлингиздагини кундузи бўлсаям олиб тушиб берай. Аммо…
Тўғри, бу гапни бўйнини қисиб, секин айтди. Ҳозир ўша бўйнини қисгани кўкрагини ўртаб юборяпти.
«Ия-вой! — деди Тоживой ҳўкиз. — Ҳали биз битта қўядиган бўлдигу йўқ дейдиган бўлдиларми? От чалган издан қолмаслигингни ким билмайди?» Худди шундай деди. Айтолмай юраркан-да. «Қийшиқ пиёладаги савилга кўниб кетаверардинг-ку, нега ноз қилиб қолдинг?» деди. Шундан кейин ҳам индамаганини! Оғзига толқон солгандай шалпайиб турибди. Қанча турди, билмайди-ю, «Ўзимнинг пулимга ичаман», деб жўнагани эсида. Бу гапни бақириб айтдими ёки секинми? Умуман, айтдими ўзи?
Тағин қўлини кўксига қўйиб хайрлашгани ортиқча бўлди. Кейин жўнади. Қаёққа бўларди — Рихсивойнинг магазинига-да.
— Шу, буғдойникидан бор, деб эшитдим.
— Сизга топилади.
— Қуй.
Ўзининг ҳалол пулига ичди. Бўғотнинг тагида ишни битириб ичмайди. Хоҳласа, куппa-кундузиям ичаверади. Кўрганлар Икромнинг мияси ачиб қолибди, деяверсин. Вой ҳўкиз-эй, «Сен ҳам одаммидинг!» дейди-я! Бўлди энди, юртга аралашиб бўпти. Ялиниб олиб кетишади ҳали. Кўчада ашула айтиб кетмади. Бе, ашулага бало борми! Юраги ёниб кетай деяпти-ю!
Нечта уйлардан ўтди, билмайди-ю бир маҳал қаршисидан Алимурод фельдшернинг ити Олапар югуриб пешвоз чиқиб қолди:.
— Вов-вов!
— Ҳой, итдан тарқаган, мен сенга нима ёмонлик қилдим?
Ҳа, мана, таёқ ҳам топиб олди. Шундай калтакласинки, кўзларидан ўтлар чиқиб кетсин!
Ит гир айланиб овози борича ҳура кетди.
— Мана сенга! Мана бу ёмон кўрганинг учун! Мана бу…
Ўзиям терлаб кетди. Юрагидаги юк са-ал камайгандай бўлди. Бирдан қаршисида Алимурод фельдшернинг узун бўйли, рангпар хотини пайдо бўлди:
— Ҳа, Икромбой, тинчликми?
У таёғини ташлаб юборди.
— Кўрмайсизми буни, кеннайи, нуқул мени ёмон кўргани кўрган… — деб негадир ўпкаси тўлиб қўшни хотинга юзланди.
— Ургандирсиз-да.
— Урган бўлсам, йигит ўлай. Тунов куниям шунақа акилловди. Нима ёмонлик қилдим бунга?
Рост-да, тили тегмаса, оғзи тегмаса.
— Ҳозир сўраймиз бўлмаса, — деди қўшни хотин майин овозда. Сўнг итга юзланди: — Олапар, нега Икром акангни ёмон кўрасан?
— Вов-вов!..
— Вах-ха-ха… — Атрофни ўраган қора-қура болалар кулиб юборишди.
У дўпписини олиб бошини қашиди, сўнг, қўшилиб ўзи ҳам кула бошлади. Ақлини егунча ичгани йўқ ҳали. Ҳеч замонда итдан бирор нарсани одамга ўхшаб сўрайдиларми?
Хотини бўлса, энди тинмай жавраяпти.
Албатта, нима бўлганини ҳозир айтиб бўлармиди. Юраги яна ёниб кетяпти. Боши мис баркашга ўхшаб қизиб, оғир бўлиб кетган… Бир пайт кўзини очса, ойдин. Олди очиқ айвондан осмондаги юлдузлар ерга думалаб тушгудай дона-дона бўлиб чарақлар эди. Атрофдаги қўшни уйлар шундоқ кўриниб турибди. Ана, Алимурод фельдшерники, ана, Ҳусниддин муаллимники, ҳув ана, ака-ука Зокир билан Шокир-ларники. Негадир Тоживой бригадирнинг уйи кўзга ташланмаяпти. Кўнгли негадир ёришди. Худди бугунги дилхираликлар ҳалигина содир бўлмагандай, умуман, сира рўй бермагандай туюлди. Ёнида ётган хотини ғингшиб ағдарилди. Димоғига тезакнинг ҳиди гуп этиб урди. Айвонни мўл-кўл ой ёғдуси ёритарди.
Унинг энди уйқуси келмади.

1979.