Маъсума Аҳмедова. Уйга қайтиш (ҳикоя)

Дабдурустдан онасидан ташвишли хат келиб қолди. Қизиқ, яқиндагина, бундан ўн-ўн беш кун олдингина онасидан хат олган ва шу заҳоти одатдаги дуойи саломга ўн беш сўм қўшиб жўнатганди.Онаси ўша хатида одатдагидай, қишлоқдаги сўнгги янгиликлардан уни воқиф этган, яъни, Тарғил сигирнинг бу йил ҳам қисир қолганлигидан зорланган, мушуклари Бароқни ёввойи мушуклар тунда бўғиб ўлдириб кетганидан хафа бўлган, қўшниси шундоқ “жўжабирдай жон” Шариф тракторчининг суюғоёқ хотинга илашиб, шайтон васвасасига учганлиги, тўрт болани тирик етим қилиб ташлаб кетганлигидан куюнган эди. Шариф тракторчи ўша хотинни Бўривой тарозибонникида тўйда кўрганини, зора унга “Худо инсоф бериб қолишини”, шу қаторда, яъни ўғли Саъдуллага ҳам Худодан саёқлик ҳунарини ташлашини ҳар куни илтижо қилиб сўрашини ёзган хатини олганига ҳеч қанча вақт ҳам бўлмаганди. Саъдулла (маҳаллада уни Саъди қўнимсиз дейишади) хатни ўқиб бўлгач, мийиғида кулганича одатдагидай стол тортмасига ташлаб қўйганди. Кампирнинг бу мактуби қизиқ бўлди-ку. “Сени Саъди қўнимсиз деганларича бор, — деб ёзарди онаси, — кичкина болалигингда ҳам ҳеч бир жойда турмасдинг”. Ҳа, у мактабни тугатиб, пича ишлар-ишламас, ҳарбий хизматга жўнаб кетди.
Ҳарбий хизмат шундай жон-жонига сингиб кетдики, ўз хоҳиши билан армияда қолмоқчи ҳам бўлди. Ниятини баён қилиб, уйга хат ёзди. Шунда онасидан: “Уйга қайтмасанг, дадангга қўшиб менинг ҳам арвоҳим тепангда чирқирасин”, деган хат олиб қолди.
Саъдулла ноилож истар-истамас қишлоққа йўл олди.
Кеч куз эди. Далалардан ҳосил йиғиб олинган, шу туфайли бўлса керак, кўзига ҳаммаёқ шип-шийдам, ҳувиллаб қолгандай кўринди.
Уйдан одам ариб, келди-кетди озайгач, тоғаси уни сўроққа тутди.
— Хўш, жиян, энди нима қилмоқчисан? — тоға жавоб кутмасдан, яна ўзи гапида давом этди. — Энди, жиян,отангнинг чироғини ёқмасанг бўлмайди. Уйни созла, ёнига яна бировини сол, кейин бошингни иккита қилиб қўямиз.
— Ия, дарров-а? — деди у ажабланиб.
— Даррови борми, жиян, удумимиз шу-да.
У онаси жўнатган ана шу мактубнинг асл муллифи ким эканлигини дарҳол фаҳмлади. Уй солиш, уйланиш, бола-чақа қилиш, яна уй солиш, яна тўй қилиш… Буларнинг бари, атрофи далалар билан ўралган жимжит қишлоқда ўтиришнинг, тўғриси, унга ҳеч қизиғи йўқ эди. У катта-катта шаҳарларни, ола-ғовурга тўлган, автолар шовқини тутган кўчаларни пинҳона яхши кўрар, назарида ана шу шаҳарлар кўчалари, йўллари оламнинг гўзал жойларига элтарди. Ҳали у оламни, хаёлидаги дунёнинг гўзалдан-гўзал, муҳташам жойларини кўрибдими. Наҳотки умри шу нақ уфққа туташгандай чексиз-чегарасиз далалару ўртасида худди оролга ўхшаб ғуж жойлашиб олган юз ўттиз-ўттиз беш чоғли хонадондан иборат бўлган қишлоқда ўтса? Уни кўм-кўк ўрмонлару зилол денгизлар, улкан ва беҳад гўзал шаҳарлар ўзига чорларди. Эҳ! Эсласанг, юрагинг орқага тортиб кетади кишининг!
— Йўқ, тоға, бу ишлар менга кетмайди!
— Ий, ўзини билмаган тентак экансан-ку, — деб қизишиб кетди тоға ҳам. — Ота-бобонг қилган ишни қилсанг-чи, уй сол, бола-чақа қил, роҳатини кўр, тўй қил…
 Шу суҳбатдан сўнг тоғанинг жиянидан кўнгли қаттиқ оғриди.
— Ўғлинг одамни гапини сариқ чақага олмайдиган бетаъсир,бағритош бўлибди, — деб аччиқ-аччиқ гапириб, синглисига дашном берди тоға. — Ҳозир гап қулоғига кирмайди. Майли, саёқлик ҳунарини ҳам қилиб кўрсин, эгаси сийламаган итдай кўчаларда санғиб юрсин-чи. Ана унда кўрамиз. Ҳамонки, онани билмайдиган ўғил бўлдими, бундан бир иш чиқмайди. Бунақаларнинг боши тошга текканда эси киради-ю, унда кеч бўлади.
Тоға вайсай-вайсай ҳассасини дўқиллатиб, ҳовлидан чиқиб кетди.
У, тоғаси айтганидай, жуда ҳам ноинсоф эмас. Фақатгина дунёни кўрмоқчи, холос. Қулоғига олис-олислардан поездлар гудоги чалингандай бўлар, юраги ҳаприқиб кетарди. Ариқ ёқасига чўккалаганча хаёлчан ўтирган ўғилга онаси узоқ тикилиб турди-турди-да, ниҳоят шундай деди:
— Майли, болам, қаерда бўлсанг ҳам омон бўл. Ҳамон сафарни кўнглингга туккан экансан, начора. Дунёда армондан ёмон нарса йўқ, болам. Боравер. Фақатгина ўлигим бировлар қўлида қолмаса бўлгани.
Онасининг шу гапидан кейин қайта қанот чиқаргандай бўлди. Онасини унутмайди. Қандай қилиб унутсин? У фақатгина олам кезмоқчи, холос. Хат ёзиб туради, керак бўлса, пул жўнатади, меҳнат таътилини ҳам шу ерда, онасининг ёнида ўтказади. Балки бир кун келиб қишлоққа қайтиб қолар ҳам.
Шундай сўзлар билан онасига таскин бериб, чамадонга нарсаларини жойлади-да, ҳайё-ҳайт деб қишлоқдан жўнаворди. Мана, ҳақиқатан ҳам вақтида уч-тўрт оғиз салом хат билан чой пулини юборишни канда қилаётгани йўқ.
Мактуб дона-дона, сафма-саф, чиройли қилиб битилганди. (Онаси бу хатни мактабда аъло ўқийдиган бирор қўшни болага ёздирган кўринади.)
“Ушбу мактубим ул катта шаҳарда соғ-саломат, ўйнаб-кулиб юрган ўғлим Саъдуллажонга етиб бориб, маълум бўлсинки, менким уни дуойи салом билан ҳамиша ёд айлаяжакман”, дея бошланарди мактуб. Ойиси бу гал қишлоқ янгиликларини унутган шекилли, тўғридан-тўғри мақсадга ўтарди.
“Тунов куни телевизорда бир кино кўрсатишди. Балким сен ҳам кўргандирсан, — дея давом этарди онаси (Онаси ҳеч қачон кино кўришини ёзмасди. Қизиқ!) — Ҳозир оти эсимдан чиқибди. Ўша кинодаги йигит бор-ку, ҳа, ўша бола номидан онаси ўзига-ўзи хат ёзаркан. Худо сақласин! Хўрлигим келиб тўйиб йиғладим, дерди онаси. (Она йиғлаганини ўғлига биринчи марта ёзиши эди. Ахир нега ҳам йиғласин, у вақтида хат ёзиб, ҳол-аҳвол сўраб турган бўлса?) Шу кунларда мазам бўлмай турибди, иложини қилиб бир келиб кетгин!” — деб ўтиниб сўрарди онаси.
Сўнг хатини “Худодан табиатнинг энг гўзал жойларида юрган нодонгина Саъдуллажоннинг соғ-саломатлигини” сўраб тугатибди. Мактубни ўқиб тугатар-тагатмас, юраги тасира-тусур тепа кетди. Кўнглига хавотир тушди.Тушликни чала қолдирганича шоша-пиша ўз ҳисобидан таътилга ариза ёзди-да, авиакассага қараб чопди. Ҳар ўтганида неча марта ҳайрат билан тикилган баланд бинолар орасидан бу гал юрагида ташвиш билан югуриб ўтди.
Мана, паға-паға булутлар устига мингашганича елиб кетяпти. Мана,таксида қишлоқ томон учяпти. Уни онанинг қадрига етмайдиган бағритош фарзанд деб ким айтди? Йўқ, у онасини жуда яхши кўради. Фақат… фақат кўнгли янги-янги жойларни тилади, холос.
Қишлоқда дастлаб учратган кишиси синфдоши Назар кал бўлди. Машинадан бошини чиқариб, Назар кални чақирди. Назар кал бошига дўппини қийшиқ қўндирганича қўлида тўрва, йўл четида турарди.
— Ҳа, Саъди, сенмисан? — қичқирди унга жавобан Назар ҳам.
“Ҳозир сўрайман, айтади!”
Йўқ, Назар кал шодон алланарсалар деб унга қичқирганича қўлини силкиб, такси тўхтатди-да, ўз йўлига равона бўлди. Ана холос! Бирпасгина шошмай турса ўлармиди! Энди бу машинанинг тошбақаюриш қилишини қара.

— Ойи! — унинг ҳайқириғи бутун ҳовлини тутди.
—Ту-ту!..
Томорқа орқасидан товуқ-жўжаларнинг қақоғлаган, чийиллаган овозлари эшитилди.
Бир оздан сўнг ҳовлида товуқларини олдига солганича тирқиратиб келаётган онасининг жиккаккина жуссаси кўринди.
Она бир лаҳза эсанкираб турди-да, сўнг ўғли томон чопти.
Хайрият, онаси соғ экан! У шоша-пиша чўнтагини ковлади: хат қаерда эди-я! Ахир онаси касалман, деб хат ёзувди-ку!
Она ўғлининг тўсатдан қилган ташрифидан ўзида йўқ шод, қулоғига гап кирмас, бир жойда тинмай айланарди. Кечга бориб маълум бўлди: йўқ, онаси бундай хат ёзмаган экан.
— Қайси қўли қичиган ёзибди-я, — деди қўшни Ойниса хола.
— Саъдулланинг жўралари ҳазил қилгандир-да, — деб тусмоллади яна бир қўшни.
— Ким ёзган бўлса ҳам жуда савоб иш қилибди-да, — дея гапга якун ясади онаси. — Ўзи шу кунларда сени жуда кўргим келиб юрувдим.
Эртасига сафари қаригандай бўлди. Далаларда қарғалар қағиллаб, чуғурлашарди. Дала чеккаларидаги дарахтлар қорларини тўкар, қорлар эриб, йўл-йўл бўлиб кўпчиб турарди. У ана шу таниш манзарани эриниб томоша қилди, таниш-билишлар билан кўришди, эсонлашди. Йўқ, жўралари ҳам ҳазил қилмаган кўринади. Ҳаммасининг ташвиши ўзига етади. Ҳазилга вақт қаёқда, ҳали-замон кўклам киради-ю, ерга чигит қадайдиган пайт келади. Кимнингдир хотинининг кўзи ёриши керак, кимнингдир боласи оғриб қолибди, туман касалхонасига олиб бориш тараддудида, яна бири шу қиш уйланмоқчи. Хуллас, ҳаммаси ўз дарди, ишлари билан андармон эди. Шунақа пайтда бундай ҳазил қилиш бировга зарур кептими. У шундай ташвишлар билан юрган жўралари олдида ўзини жиндай гуноҳкордай сезиб, хижолат бўлди. Барининг дарди, ташвишлари бир хил бўлган йигитларга Саъдулланинг ғалати,”дунё кўришдай” ҳавас билан бегона юртларда юргани албатта қизиқ туюлади-да.
У офтобда қорлари эриб битган қоп-қора шудгорли далаларга тикилганича аста келмоқда эди. Ҳаво очиқ, осмон мусаффо. Бир маҳал қаршисидан қўшнилари Абдували аканинг қизи Рисолат чиқиб қолди. Бир маҳаллар миттигина, кўримсиз қиз эди. Энди бўйи чўзилиб, ранг тортибди, оқи оққа, қизили қизилга ажралиб, бошқача бўп қопти.
— Салом алайкум, — қиз бир оз қизаринқираб ўзини четга олди.
— Э, Рисолат, катта қиз бўлиб қолибсан-ку, — деб сўрашган бўлди ўзича.
Қиз тез-тез юриб ундан ўзиб кетди. У қизнинг бу қилиғига таажубланиб, кулиб қўйди. Қиз бир оз юрди-да, тараддудланиб, жойида тўхтаб қолди. Яқинлашгач, қиз шошилиб сўради:
— Яна кетасизми?
— Ҳа, энди, бормасак бўлмас, — у қўлларини ёзганича кулди.
— Бормасак бўлмайди денг, — деди қиз, асабий ҳаракат билан сочларини силкиб.
У қизнинг бу ҳаракатига ажабланиб қараб қолди.
— Сиз хатни ким ёзганини билдингизми? — қизнинг лаблари пир-пир учди.
 “Бу қизга хатнинг ким ёзганини нима аҳамияти бор экан?”
— Ким билади дейсан, — дея кулди у елка қисиб.
Қиз бир нарсага қатъий аҳд қилгандай, йигитга тикилиб турди-турди-да, сўнг қандайдир ўжарлик билан деди:
— Хатни мен ёздим.
Қиз бу сўзларни асабийлик билан, мағрур туриб айтди. Бу сўзларда қилмишидан афсус ҳам, узр оҳанги ҳам сезилмасди. Қизнинг бу туриши худди дадаси бозорга бориб, совға олиб келмаган, шундан аразлаган қизалоқ ҳолатини эслатарди. Қиз ўзи бўйнига олиб айтган сўзларида чексиз алам сезилди. У қўшни қиздан нега бундай хат ёзганлиги сабабини сўрашга улгуролмай ҳам қолди. Қиз бирдан тез-тез юриб, йигитдан узоқлашди. Зотан, агар қиз ёнида турган тақдирда ҳам ундан қандай қилиб сўрай оларди? Қандай қилиб: “Нега бундай қилдинг?” — деб қизни сўроққа тута оларди?
У қизнинг гапига тушунмагандай жойида туриб қолди.
Қушлар дарахтдан-дарахтга ирғишлар, қорларни тўкар, қуёш юксак кўкда ҳамма жумбоқларга жавоб топишга имкон бергандай шошилмай, бамайлихотир нур сочарди.

1984.