Маъсума Аҳмедова. Навбатчиликда (ҳикоя)

Тиббиёт коллежидан чиққанида кун пешиндан ўтган эди. Амалиётни касалхонанинг травматология бўлимида ўташяпти. Дугоналарига бу бўлим ёқмаяпти. Палаталар автомобиль ва бошқа хил ҳалокатига йўлиққан, йиқилган-сурилган дардмандларга тўла. Кимнидир қўли синган, кимнидир оёғи…
“Дурустроқ манзарани кўрмайсан. Юракларинг сиқилиб кетади…” Анора шундай дейди. Анора ҳам қизиқ, касалхонада яна қандай манзарани кўришинг мумкин? Ахир тиббиёт коллежига беморларга тиббий хизмат кўрсатиш учун кирганлигини айтиб ўтириш керакмикин? Ҳабиба ичида шундай деб ўйлади, аммо Анорага ҳеч нима демади. Барибир гапирсанг гапингни олмайди, ўзиникини маъқуллайди.
У ҳамширалар хонасига кирганида, тўпланишиб турган дугоналарини кўрди.
— Ана, ўзи ҳам келиб қолди.
— Нима гап? — у ҳайрон бўлиб ҳаммага бир-бир қараб чиқди.
Бўлимнинг катта ҳамшираси Ҳабибага юзланди.
— Қизлар, бир кун-бир кундан навбатчиликда туришларинг керак. Шуни билиб қўйинглар. Навбатчилик бугундан бошланади.
Қизлар пичир-пичир қилишди. Пичир-пичирдан маълум бўлдики, навбатчиликда турадиган Замира опанинг бошига оғир кун тушибди. Бошқа ҳамширалар ҳам галга солаётганмиш. “Шуни тўғри айтса-ю… навбатчиликда турасанлар эмиш…” Лабини буриб, шивирлади Дилдора.
Катта ҳамшира гапни дарров илғаб олди, бошини буриб, Дилдорага қаради.
— Ахир сизлар бу йил ўқишни битирасизлар, ҳамшира бўласизлар. Ҳозир навбатчиликда турсанглар, кейин қийналмайсизлар.
Биров у деб баҳона қилди, биров бу деб. Катта ҳамшира ҳали бирор нима дейишга улгурмаган Ҳабибага ўгирилди.
— Бўлмаса сиз қоласизми? Уйингизга қўнғироқ қиласизми?
“Бу ерда ҳам унинг кўнгилчанлигини билишди-я… Лекин бирор одамнинг бошига оғир кун тушганда ёрдам беришнинг нимаси ёмон?” У каловланиб қолди, беихтиёр елкасини қисди.
— Баракалла, Ҳабибахон. Тез бориб, уйингизга қўнғироқ қилиб қўйинг.
Шу билан масала ҳал бўлди. Дугоналари енгил тортдилар. “Навбатчиликда турсам, эрта бир кун керак бўлади-да, — ўзига-ўзи тасалли берди Ҳабиба. — Ҳали кўп нарсаларни билмайман-ку”.
Касалхонада кеч тушиши осон бўлди. Хайрият, бошқа бўлимдаги ҳамшира келиб, томирдан қилинадиган дориларни қилиб кетди. Энди оддийлари қолди. Шуни бажарса бўлди. Шундай ўй билан навбатдаги палата эшигини аста очди. Хонада ҳеч ким йўқ, оёғига Илизаров аппарати қўйилган биргина бемор йигит дераза олдида қўлтиқтаёққа суянганича телефонда гаплашмоқда эди.
— Бўлди, келиб ўтиришнинг кераги йўқ, ҳа, ҳа…
— Мумкинми? — деди Ҳабиба бемор ўзининг кирганлигини сезсин учун.
Йигит парво қилмай, гапда давом этди.
— Уколингизни оласизми? — деди у энди баландроқ овозда.
Бемор ниҳоят гапдан тўхтади, унга қайрилиб қаради.
— Бирпас кута оласизми? — деди бемор деярли ғазаб билан.
— Кечирасиз… — Ҳабиба хижолат тортиб, хонадан чиқди.
Негадир хўрлиги келди. “Энди қандай укол қиламан?” Бошқа ҳамма ишларини битирди, лекин ўша палатага кира олмади. Киришга ботинмади, ҳайиқди. Вақт алламаҳал бўлди. У тиббий постда ўтирганича ўзига буюрилган касаллик тарихи варақаларини қайд эта бошлади-ю, лекин хаёли тўртинчи палатада эди. “Нега укол қилмадингиз, деб койишса, нима дейман?” Бир пайт қўлтиқтаёқнинг полга урилган тўқ-тўқ овози эшитилди, яқингинасига келиб, бу овоз тиниб қолди.
— Буёққа қаранг… — у бошини кўтариб қаради, тепасида бояги бемор йигит, аппаратли оёғини аста кўтарганича қўлтиқтаёққа суяниб турарди. — Уколга келдим.
Ҳабиба йигитнинг кечирим сўраган каби нигоҳини илғади, ўрнидан турди.
— Бўлдими? — дори юборилгач, йигит туриб қолди.
Ҳабиба бошини ирғади.
Йигит жойидан қимирламади. Ҳабиба ҳайрон бўлди. Ўзини қўлга олиб, деди:
— Бориб дамингизни олаверинг.
— Узр, бир оз шу ерда турсам бўладими? — йигитнинг бояги жаҳлидан асар йўқ, ёш боладай жилмайди. — Палатага кирсам барибир уйқум келмайди. Бу қандай фалокат бўлди, кун ўтмайди, юрай десанг, бунақа ҳолда…
Ҳабиба йигитнинг ҳолатини юрагидан ҳис қилди. “Тўғриси, чопиб юрган соғлом одам бирдан шундай аҳволга тушса, қийин-да… Лекин чидаб, сабр қилса, соғайиб кетади. Бунақа пайтда озгина мадад керак бўлади”. У нега бундай хаёлга борганига ўзи ҳам ҳайрон бўлди. Беихтиёр қаршисидаги курсини йигит томонга сурди.
— Ўтиринг.
Йигит курсига амаллаб ўтириб олди.
Ўртага сукут чўкди. Ҳабиба олдидаги қоғозларни титкилай бошлади. Бемор бирор нима дегиси келди, аммо нима дейишни билмай оғиз жуфтлаб туриб қолди.
Ҳабиба унинг бирор одам билан гаплашгиси келаётганини сезгандай беихтиёр саволга тутди:
— Нима бўлди ўзи?
Йигит шу саволни кутиб тургандай равон гапира кетди.
— Кўрмайсизми бу фалокатни, ўша куни машина ҳайдамай дедим-а…
Йигит ўша кунги бошига тушган автомобиль ҳалокатини бошидан гапириб берди.
— Машинани-ку, тузатиш осон. Муҳими, ҳеч кимга зиён етмади. — Айтишича, ёнида келаётган машинага чап бераман, деб ўзининг машинасини дарахтга олиб бориб урибди. — Агар ўйин пайти оёғим синса, алам қилмасди. Келиб-келиб машинадаям шундай бўладими.
— Фалокат-да…
— Қўрқаётганим мусобақалар яқин, унгача тузалиб кетармикинман…
— Албатта, ҳали кўрмагандай бўлиб кетасиз, — у нега шундай деди, ўзи ҳам ҳайрон бўлди.
Йигит футболчи экан. Ҳабиба буни эшитиб, жонланди. Ахир уйдагилар, дадаси-ю, акалари, укаси, ҳатто ойисигача футболга ишқибозлигидан дугоналари ҳам кулишади.
Шунда йигит завқ-шавқ билан гапга тушиб кетди. Мусобақаларни, машқларни… Ҳабиба ҳамсуҳбатини яқиндагина таниганини, унинг бемор эканини ёддан чиқарди. Ўзи у бировлар билан гаплашишни билади. Келинойиси шундай дейди. “Шунинг учун дугонангиз ҳам кўп, дардини сизга айтади-да”, дейди гапининг охирида пичинг қилиб. У келинойисининг нима демоқчилигига тушунади — “Сизнинг гапингизни эшитадими улар?” Тўғриси, дугоналарига ҳамма нарсани сўзлаб ўтирмайди — ўз дарди билан овора ўртоқларига ортиқча гапнинг нима кераги бор? Шундай дея ўзини-ўзи юпатади. Ноқулай-да, уларга кўнглингдагини гапириш, бир оз чидаса, ўтиб кетади. Ундан кейин бировнинг бошидан ўтган воқеаларни тингласанг, ўзингнинг дардинг уларники олдида ҳеч нима эмасдай туюлади. Бу ҳақ гап.
У бир маҳал йигитнинг аппаратли оёғини уёқдан-буёққа сураётганини кўрди.
— Кўп ўтириб қолдингиз. Оёғингиз толиқиб, шишиб кетмасин.
“Тағин ҳамшира эмиш…” У ўзидан-ўзи уялиб, хижолат тортди.
— Йўғ-э, оёғим эсимда ҳам йўқ, — йигит ўрнидан турди. Негадир у енгил тортган, анча жонланган эди. — Раҳмат. Хайрли тун бўлмаса.
— Яхши дам олинг. — Ҳабиба шундай деди-ю, ўзи ҳам енгил тортганини сезди.
Тун кирди. Палаталар сув қуйгандай жимжит бўлиб қолди. У беихтиёр холл ўртасига қўйилган диванга чўкди, кўзларини юмди. Бир маҳал яқингинасида ногиронлар аравасининг ғижирлаган товуши эшитилди. Кўзларини очиб қаради — ҳа, бу олтинчи палатадаги бемор кампир. Гул экаман, деб бўксаси билан йиқилиб тушибди.
— Хола, нега ухламаяпсиз? Ё уйқу дори берайми?
— Йўқ, барибир ухлолмайман. Қизим, ўзингиз ухламайсизми?
Ҳабиба унинг нима демоқчи эканлигини уқди. Бир ҳамсуҳбатга зор — билиб турибди.
— Мен навбатчиман-ку. Биратўла эртага ухлайман-да. Нима бўлди, хола, ўзи? Оғриқлар йўқми?
Хола аравасига бамайлихотир ўтириб олди. Аста, бир бошдан сўз бошлади.
— Бир маҳал гул ариққа кирганимни биламан…

2007.