Маъсума Аҳмедова. Мажбурият (ҳикоя)

Қуёш ҳовлидаги бор нарса: кўм-кўк ишкомлару ранг-баранг гулларни оч сариқ нурга кўмиб юборди. Сўритокларнинг шапалоқдай барглари орасидан хотинининг узунчоқ, бурушиқ юзи кўринди.
— Ҳов, тўхтанг! Миқ этмайсиз-а! — Хотини қўлини пахса қилиб гапираркан, у худди Мирҳайдар бригадирнинг қаршисида тургандек титраб кетди. Мирҳайдар бригадирнинг ишдан олинганига нақ ўн беш йилдан ошдию биров зуғум қилгудек бўлса, дарҳол эсига тушади-қўяди. — Эрта кетасиз, кеч келасиз. Ниманг бор, ниманг йўқ — суриштирай демайсиз! — У отининг нўхтасидан тутганча хотинига қаради. — Ўлгунингизча ишлайсизми, нима бало! Сизниям бундоқ бирор нарсага ҳаддингиз сиғса-чи! Сомон ордона тўрт кундан бери янчилган жойида тупроққа қоришиб ётибди-ю, опкелай демайсиз! Бугуноқ раисдан машина сўранг.
— Қайдам, берармикин?.. — У бўйнига мушкул бир мажбурият юкланишини ҳис қилиб, хотинига нажот тилагандай мўлтиради.
— Ҳа, албатта бермайди-да! Сиз ўлгурда забон бормиди! Худо тил улашаётгандаям юргансиз шалвайиб! Қирқ йилдан бери на ёмғир, на жазирама дейсиз. Ана, кеча ўғлингиз: “Нима, битта отамизни боқолмай қолибмизми?” — деди. Тилла бордай далага чопаверасиз, чопаверасиз. Айтинг, “Колхозда қирқ йил ишладим, битта машинага ҳаддим сиғмайдими, кўп эмас, икки соатгагина бериб туринг”, денг. “Сомон яйдоқ жойда қолиб кетяпти”, денг.
У отнинг нўхтасини солиб, машаққат билан эгарга минди.
— Чуҳ!
От эшикдан чиқа бошлади.
— Анор, кетдим ман!
— Кимга гапиряпман, ҳой!.. — Хотинининг баланд, озғин қомати пешайвондан ғойиб бўлди.

Кўчада сигирлар маърар, молларини подага қўшгани хотинлар бир-бирига гап бермай, жаврашар эдилар. Қўшниси Абдураҳим дўпписини қоққанча хотинлар орасини ёриб, унга пешвоз чиқди:
— Э, ассалому алайкум, Шариф ота!
— Ва алайк…
— Шу, далага. — Абдураҳим ҳар тонг унга рўпара чиқиб, шу тахлит саволлар берарди. — Кўринмайсиз?
— Юрибмиз.
— Уйда нима жанжал? — Абдураҳим бир маҳалла наридаги одамларнинг ҳол-аҳволидан доимо хабардор. — Кеннайим нима дейди? — деб сўради у яшил кўзларини муғамбирора қисиб.
— Раисга кир, дейди. Сомонга машина керак эмиш.
— Ҳа, машина керак эмиш, денг. Ҳе, кет-э! — Абдураҳим тумшуғини чўзиб яқинлашаётган тўқол эчкини нари ҳайдади. Сўнг шилдираб оқаётган ариқча четига бемалолроқ ўрнашиб олди. — Бу… Шариф ота, раис каллайи саҳарлаб нима қилади идорада?
У ўз хаёли билан андармон эди, саволга жавоб бермасдан:
— Ҳали раис машина берадими йўқми… — деди.
Абдураҳим “дик” этиб ўрнидан сапчиб турди:
— Ия-вой, нега бермас экан? Беради. Бермаса, дўқ қилинг. “Партийнийман”, денг. “Қирқ йил ишлаб қўйибман”, денг. “Бирор марта амал сўрадимми, лоақал бригадирликни талаб қилдимми”, денг.
— Нима қиламан бригадирликни?
— Айтаверинг. “Буғдой пойлайман”, денг. “Неча марта ёниб кетай деганда сақлаб қолганман”, денг.
— Э… бунга йигирма йилча бўлиб кетди. Ҳозир унақа ёнишлар йўқ.
— Майли-да, айтаверинг. Сиздан нима кетди? Бир марта бўлсаям бўлганми ишқилиб? “Ётар жойим камбой бўлса”, денг.
— Капаям бор.
— Бор бўлса, яна яхши. Айтаверинг.
— Қайдам, ука…
Чолнинг диккайган сап-сариқ қошларига, калта соқолига, бир қарорга келолмаганлиги сезилиб турган қисиқ кўзларига назар соларкан, Абдураҳимнинг энсаси қотди.
— Э, қанақа одам экансиз ўзингиз ҳам…

Отни жадаллатди.
Қанийди, ҳозир шу раиснинг олдига кириш деган ташвиш бўлмаса! Отнинг бошини тўғри далага қўярди. Айни пишиқчилик, йиғим-терим пайти. Ғир-ғир шабада эсади. Йўқ, олдинига роса иссиқ бўлади. Пешиндан кейин иссиқнинг забти пасаяди. Отни бедаси ўрилган марзага арқонлайди. Жонивор кирт-кирт узиб ўт ейди. Илгари бригадирлар бақироқ бўлгучи эди, ҳозир унақалари йўқ. Бояқиш Вали бригадир бўлка ноннинг ўзи. Ювош. “Шариф ота, тағин ҳам ўзингиздан қўймасин, ишлаб тураверинг”, дейди. Нобоп, қўли эгри одамлар кўп-да. Ўтган йили Нодир чўтир беданинг ярмини ўриб кетибди. Хаҳ, ноинсоф, иш деб-ку, кунингни ўтказ-ганинг нимасию ўғирлик қилганинг нимаси?!
Ия, анча жойга келиб қолибди-ку… Ана, баланд-баланд мирзатераклар орасидан оппоқ бўлиб колхоз идораси кўриниб турибди. Нима қилса экан, аввал далага борсамикан ёки… Аноргаям ҳайронсан. Тиниб-тинчимаган хотин. Ахир, кенжатой ўғил эшагида беш-олти марта қатнаса, ҳамма сомонни ташиб қўяди-ку! Яхшиси, раисни кутади, ҳали эрта. Нима қипти, бозордаги чойхонада чой ичади, кейин раиснинг олдига боради. Унгача, ўлдими, кеп қолар. Далага кеч қолмасмикан? Майли, кейин юраги сиқилиб, идорага йўлаёлмай юрганидан кутгани маъқул.
Кун қиздира бошлади. У чойхона орқасидаги тутга боғланган отига қараб-қараб қўярди. Жонивор ҳам роса зерикди.
Бир пайт дарвоза олдига брезент қопланган машина келиб тўхтади. Раиснинг “лўккавой”и — яхши танийди. Югуриб борди. Раис машинасидан тушиб, унга пешвоз юра бошлади. Юрак қурғурнинг қариганида тепишига бало борми.
— Асса… тўхтанг, раис…
Раис бир зум тўхтаб унга тикилди:
— Ҳа, отахон, кабинет бор эди, ўша ерда дам олиб ўтирсангиз бўларди.
У қизаринқиради:
— Энди, ука, ўзим қирқ йилдан бери ишлайман…
— Нима, пенсиями? — деди раис кўз қирини ташларкан. — Тўхтанг, сиз Валида ишлайсиз-а?
У базўр бош қимирлатди:
— Раис, ўзим партийнийман. Неча йилдан бери…
— Пулми, ахир? — дея сўради раис бетоқатланиб. Етиб турибди.
— Йўғ-э, йигирма сўм пенсия, саксон сўм ойлик…
— Нима керак бўлмаса?
— Раис, битта машина керак экан. Сомонни…
— Машина? — Раиснинг чап қоши кўтарилди. — Ўрим вақтида-я?
Шу пайт ичкаридан бир қиз югуриб чиқди:
— Мардон ака, хайрият, келаётган экансиз. Боядан бери сўрашяпти райкомдан.
— Раис, кўп эмас, икки соатга…
— Йўқ, ота, бир минутгаям… — дея раис шошганича идорага йўл олди.
Бўлди, раисни кутиши керак эди — кутди. Машинани сўради. Энди жўнаш керак. От жонивор ҳам иссиқда қолиб кетди.
У оғир юкдан халос бўлгандай енгил нафас олди.

Далага яқинлаша бошлади. Шабада эса одатдагидай ғир-ғир эсмоқда.

1977.