Маъруф Менгли. Меҳмон (ҳикоя)

Сўраманг, барибир ҳеч нарса айтмайман, ҳеч вақо билолмайсиз. Қолипингизда буришиб, тўзиб яшайверинг – устингиздан куламан чунки сиз мен билган нарсани билмайсиз. Шунинг учун сочларингизга оқ оралаяпти, ўйларингизда халоват йўқ, қўрқувдасиз, яккалангансиз… Шошманг, мен сиз ҳақингизда анча нарсани биламан. Эшитинг! Кечаси ухлаёлмаслигингиз, тушингизгача кирган ҳадик сизни ҳолдан тойдиряпти. Келинг, мен сизга ёрдам бераман — Сизни боплаб савалайман. Ишонаваеринг шундан сўнг энгил тортасиз, албатта маълум вақт. Сўнг яна ҳаловатингиз йўқолади. Ором топмоғингиз учун битта йўл бор, менинг ичимдагини билинг, лекин мен бу ҳақда бир сўз ҳам айтмайман.
Одамни бўғаётганинггизни ҳали унутмагансиз… Одам кучли бармоқларингиз орасида жон талвасасида яшашни истаб типирчилайди. Бўғиқ овозидан, оғзидан келаётган кўпикдан ва косасидан чиқиб кетаёзган кўзларидан жони узилаётганини тушунасиз. Кафтингизни бўшатишингиз учун ялиниб ёлворади. Ҳар-хил ваъдалар бера бошлайди… Яна аллам балолар деб вайсайди, эшитиб уяласиз. Индамай унинг тугашига тикилиб турасиз. Сўнг у йиғлайди. Ҳаёт қаддини буккан Онасининг алласи эсига тушади. Беғубор, жонбахш ва илоҳий қўшиқни эслайди! Ўша кун жонланади: Тепасида эса оппоқ рўмолларни ўраб олган Онаси турибди. Она алласига ўзи етиша олмаган орзуларини қўшиб юборади. Бола бундан бехабар, ўрнида тинч ором олади. Бирдан кўтарилган қум аралаш тўзон Онани бешикдан юлиб олиб кетади. Ҳа, Она шундай унутилади. Бор эди, алла айтарди, эрталаб иссиқ нон билан қайноқ чой келтирарди. Бугун эса у йўқ, йўқлигини энди биляпти. Кўзларидан ёш тўхтамай қолди. Сўнг ёлвормади. Виждони қийналди. Ўзини жазога лойиқ, деб ҳисоблади ва таслим бўлди. Одамни кафтингиздан бўшатдингиз, ўз ҳолига қўйдингиз. Одамнинг аянчли аҳволини кўриб ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз? Чангалингиздан қутилиб омон қолган аёлга раҳмим келяпти. У сизга турмушга чиққанидан афсус қилаётган бўлса керак.

***

Қўлингиздаги газетани ғижимлаб менга қахр билан тикиласиз. Лекин ўрнинггиздан турмайсиз, газетани ҳам менга отмайсиз. Гапиришимни сўраб, илтимос қиласиз, шундай оҳангда илтимос қиласизки бу гўё буйруққа ўхшаб кетади. Мендан илинж кутяпсиз, индамаганим учун баттар хуноб бўлиб тишингизни қисасиз. Биласизки мен ҳеч нарса демайман. Ним табассумим сизга азоб беради. Қўлингизга нимадир олиб мени савалашни истайсиз, лекин ўзингизни тутасиз. Наздингизда энг ёмон, шафқатсиз, ярамас одам менман. Буни қарашларингиз ошкор қиляпти. Шунда ҳам ўзингизни босиб яна бир бор мендан нидо кутасиз. Кутишнинг ҳар бир сонияси тананггизга мисли кўрилмаган оғриқ олиб киради. Сиз чидолмадингиз — ўрнинггиздан шахт билан туриб бошқа хонага кетиб қоласиз. Хонадан бақириқ, сўкинчлар ва шиша буюмларнинг синаётган саси эшитилади. Бирдан ҳамма шовқин тинади-ю оғир бир нарса гурсуллаб йиқилади. Тахминимча бу сиз. Ҳолингиздан хабар олиш учун хона томон одимлайман. Бир пас тўхтаб чўнтагимдан сигаретимни олиб лабимга қистираман, гугурт чақаман. Тамакининг ёқимли ҳиди хонада ёйилади. Шошмасдан хона эшигини очиб ичкарига разм соламан: Хона ўйлаганимдек — ҳамма ёқ ағдар-тўнтар. Полда эса сиз, хушсиз ётибсиз.

***

Мени кўришга кўзингиз йўқлигини биламан. Шу сабабли доим уйингизга борсам йўқ бўласиз, кетишди дейишади. Бу сафар изингиздан йўл оламан. Лой кўча бўйлаб фақат битта из номаълум тарафга кетган. Пойафзалингизнинг изи шунчалик каттаки менинг иккита оёғим сиғади. Ҳамиша семизлигингиздан нолир эдингиз. Ёзнинг жазирамасида нафас олишга қийналиб қуёш тиғидан қочиб салқинроқ жойга бекиниб сал бўлсада ором олардингиз. Хизматкорларингизга қийин эди – ҳам хизматингизни қилишар, ҳам сиздан гап эшитишарди. Умрингизнинг кўп қисми ўтиб бораётган тўртта одам сиғгулик ором курсингизда ўтириб олиб яшаш учун сарф бўлаётган харажатларингизни қоплаш йўлларини ўйлаб қоласиз. Бошингиз қотади, ҳеч вақо миянгизга келамайди. Асабийлашганингиздан иштахангиз бўғилади, ўнғайсизланасиз, ҳовлиқасиз ва жахл билан оқсочни чақирасиз. Очликдан силласи қуриб, озиб кетган хизматкор аёл чопқиллаб келиб қаршингизда тош қотади. Унга пешонанггиздан сизиб келаётган тер томчиларини артишни буюрасиз. Аёл чаққонлик билан буйруғингизни бажришга киришади. Оқсочдан келаётган ёқимсиз ҳиддан кўнглингиз айниб, уни итариб юборасиз ва тўхтамасдан ҳақоратлайсиз. Жабрдийда оёғидан сочини учигача титраб кетади, сиздан узр сўрайди. Бошининг оғриётганини эса каравотига келиб ётганида сезади.
Шу об-ҳавода оғир танангизни кўтариб лапанглаб қаёққадир кетиб қолибсиз. Биламан, сизнинг ўша ёққа боришингиз муҳим эмас, муҳими мендан узоқроқ бўлишни ва яширинишни истайсиз, уддалашингизга унча ишонмайман. Сиз барибир урунасиз, ҳарсинлаб, терлаб, шошиб, ҳар замон орқангизга бир қараб қўйиб, кўзлаган номаълум манзилга ошиқасиз. Бошингиздаги шляпангизнинг эскирибди. Худди сиздай – сиз ҳам эскиргансиз… Янги кийим харид қилишни, вақтида соқолингизни қиртишлашни, мунтазам шуғулланиб келаётган бадан тарбия билан машғул бўлишни, бехосдан, ёки атайин тўқнаш келаётган одамлар билан саломлашишни хоҳламайсиз. Аввал бошқача эдингиз. Соф табассум қилардингиз, газета мутолаасидан бош кўтармасдингиз ва қўшнинггизнинг ўғлига ишдан қайтиш пайти эринмасдан дўкондан совға олардингиз. Эрталаб қахвани хафсала билан қайнатиб, мени уйингизга таклиф қилиб қучоқ очиб кутиб олардингиз. Ярим тунгача кетишимга изин бермасдингиз. Мен билан жуда қалин дўст эдингиз.
Тан олинг, сиз аввалгидай эмассиз. Аввалгидай бўлишни истайсиз-у лекин энди аслингизга қайта олмайсиз. Фожиангиз аллақачон бошланганини билиб азоб чекасиз. Хонангизга қамалиб йиғлайсиз. Ўзингиздан уялиб, қимтиниб йиғлайсиз… Сиз шу зайил яшаётганинггиздан, ўзгара олмаслигингиздан қўрқасиз. Ўзингизни ҳаво ва қуёш нури зўрға кириб турадиган нуқтадай туйнуги бор кафтга сиғадиган зиндонда писиб, қийналиб, балки, атайин мажбур яшаётгандай ҳис қиласиз. На куннинг, на туннинг фарқига борасиз. Наздингизда деворлар борган сари янада сиқиб келади, ўпкангизга ҳаво етишмай рангингиз ўзгаради. Худди шляпангиздай… Шу онда тазарру қилишга куч топасиз, Яратганга нидо қилиб кўргуликларингизга якун ясашни сўрайсиз. Қўлингизни дуога очиб оят ўқимоқчи бўласиз… Ҳамма нарсани билар экансизу лекин дуо ўқишдан бехабар экансиз. Бундан баттар қийналасиз. Сўнг тахта каравотда чўзилиб сония сайин тананггиздан куч кетаётганини, узилаётган жоннинг оғриқларидан ўртаниб бор кучингизни тўплаб кафтингизни сиқиб оласиз. Охирги онларда ҳам умид узмайсиз, бир ҳодиса рўй беришини сезиб турасиз. Бир муддат хотиржам тортасиз. Ҳаловатнинг “таъм”ини тотиб кўргач синиққина кулиб қўясиз…
Ёмғир ёға бошлади. Тезроқ манзилга етиб олишни истаяпсиз. Қадамингизни тезлатдингиз. Орқангиздан кимдир бақиради. Битта кўзи ва бир оёғи йўқ одам сизни таниб қолди. Омон қолган кўзини сиздан узмайди. Қувониб, сиз томон талпинади. Уни танийсиз… Аммо ҳеч нарса бўлмагандай яна йўлингизда давом этаверасиз. У ҳақда ўйлашни ҳам, жон ҳолатда чақираётган буғиқ овозини ҳам эшитгингиз келмайди. Плашингизга баттар ўралиб олиб чопасиз. Орқангиздаги одам сизга етиш учун қўлтиқ таёқ ёрдамида югура туриб лойда тойиб йиқилади. Қарамасангиз ҳам йиғламсирай бошлаганини фаҳммлайсиз. Тўхтамайсиз, ҳаёлингизда фақат Мен ва яна қандайдир ўйлар. Ҳозир сиз учун энг муҳим нарса мен. Узоқлашиш тинчилик беради, деган фикрда уйингизни ташлаб чиқиб кетгансиз, бу тўғри қарорлигини ич-ичингиздан ҳис қиласиз.
Номаълум мазнилга етиб келиб, нотаниш эшикни қоқасиз. Ичкаридан қари кампир юз кўрсатади. Ўзингизни танитмасангиз ҳам У сизни танийди. Ахволингизга ачинади. Сизга иккинчи қаватдан хона тайёрлаб қўйганини айтиб букчайган гавдасини қалтиратиб ошхона тарафга кетади. Сиз хонанггизга қамалиб олиб, ёмғирда эзилган уст бошингизни ечмаёқ деразадан ташқарига мўралайсиз. Орқангиздан келмаётганимга ишонч ҳосил қилмоқчи бўласиз.
Назарингизда ҳаммаси тугагандай туйилади. Оёғингизга дам беришни истайсиз – стулга ўтириб оласиз. Қўлларинггиз қалтираяпти, хансираяпсиз, ҳаво етишмаяпти. Энди ахволингиз яхшими? Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
Хонада сиздан бошқа йўқ. Недир миянгизни эгаллаб олган. Шовқинни У кўтаряпти. У на одам, на маҳлуқ! У йўқ. Лекин унинг борлигини сиз билан мен яхши биламиз. Туш кўрасиз: кимдандир қочяпсиз, сувга ғарқ бўляпсиз, ёки ким биландир жанжаллашяпсиз. Хўш, бу, бўлмаган воқеалар тушингизга қаердан кирди? Бу ўз-ўзидан содир бўлмайди. Калаванинг учи бошингизни “эгарлаб” олган ўша вужудсизда. У истаса сизда буйруққа мойиллик пайдо бўлади. Инкор қиласиз?… Қачон?… Сизни бир-бирига қарши иккита одам қилиб қўйганда ҳам сиз рақиб томонга курашсиз таслим бўласиз.
Сиз жуда семизсиз. Яшанг! Йўқ, мен таъна қилмаяпман, асло! Семиришни ҳаммага ўргатинг!…
Кампир хонага кириб, сизга табассум ҳадия этиб, тушлик тайёрлигин айтди. Хоҳламадингиз, бош тортдинггиз. Ором олиш истагингиз борлигини билдириб, мезбондан узр сўрадингиз. Кампир лутф билан яна бир бора илтимос қилди. Уйда ёлғиз зерикиб яшаётганини, меҳрга муҳтож эканини баён этиб ўтинди. Унинг лаблари титраб юзи баттар бужмайди. Сиз ноилож унга ризолик билдирдингиз. Жавобингиздан уй эгасининг боши осмонга етди. Орқасига яшириб турган болтасини улоқтириб юбориб сизга йўл кўрсатди.
 Кампир емакхонага шам ёқди. Заҳ ва чиринди ҳиди учун ҳижолат тортиб узр сўради. Ҳали тун узоқлигини, сизни зериктирмаслигини ва ўзини ажойиб суҳбатдош эканини айтиб столга пиёла қўйди. Уйда ўзингизни енгил ҳис қила бошладингиз, нафас олишингиз ҳам анча енгиллашди. Кампир чаққонгина елиб-югурар, дам гапириб дам кулар, синиқ ҳассаси билан оёғи тагида ўралашаётган мушугини туртиб, туртиб ташлар эди. Кечқурунлари қаттиқ совуқ бўлиши сабаб печкага олов ёқиб уйни иситиш учун белини оғритганини ва умрининг кўп қисми ўтин ёриш билан ўтиб бораётгани ўзига жуда алам қилаётганидан нолиди. У ҳам сочини кесиб дунё кезгиси, денгиз бўйидан вилла сотиб олиш истаги борлигини айтиб, орзулари эртага ушалиши ва сизни ҳам ўзи билан бирга олиб кетиш истагида эканлигини билдирди. Кампир олдингизга темир бўлаклари қўшиб тайёрланган қовурдоқ қўйди. Бу тансиқ таом, дея айтиб мақтанди. Татиб кўришингизни ўтиниб сўради. Хоҳласангиз қайроғоч дарахтидан тахта қовуриб беришини, мазаси оғзингизда қолишига ишончи комил эканини билдириб жилмайди. Қаршингизда қадалиб турган мезбондан нигоҳингизни узиб овқатга, сўнг чиқиш эшигига тикдингиз. Чўнтагингиздаги нам тортган қоғоз пулларни кампирга узатиб кетишга изн сўрадингиз. Кампир жахл қилди. Мушти билан сотолни уриб, билагингиздан маҳкам ушлаб ҳовлиси томон судраб кетди. Бир нималар деб пичирлай бошлади. Бошидаги рўмолини юлиб олиб бир учини сизнинг қўлингизга, иккинчи учини ўзининг билагига боғлаб олди. Қочиб кетишингизга имкон қолдирмади. Кампир зич ёпилган эшикни бир амаллаб очди, Сизни ўша эшикдан итариб ташқарига чиқарди. Ортингиздан ўзи ҳам эргашди. Ёмғир тўхтамабди. Ҳовлида бир-бирига занжирлаб қўйилган саноқсиз одамлар гоҳ у, гоҳ бу томонга юрар, чирий бошлаган таналарини ёмғир сувида тозалашар, аёллар йиртиқ кўйлакларига ямоқ солишар, кўплари дод солиб йиғлаб ўзлари боғланган занжирни ғажишарди. Сизни минг йил кутиб чарчаган одамлар келганинггизни кўриб, сиз томон талпиниб кела бошлашди. Кампир рўмолини ечиб сизни улар орасига итариб юборди. Одамлар қўлингиздан, оёғингиздан ҳар ёққа торта бошлашди. Оломон жонланди. Бармоқларингизни бирма-бир юлиб олишди. Оғриқдан жон ҳолатда бақира бошладингиз. Кампирдан ёрдам сўраб ёлвордингиз. У эса жиддийлик билан овқатини ейишингиз керак эканлигини, шунда ўликлар орасига улоқтирамаслигини айтди ва эшигини қайта тамбалаб кетиб қолди. Йиғлаяпсизми?… Энди мендан нажот кутяпсиз, биламан. Сиз ўликлар орасида якка тирик одамсиз. Устунлигингиз ҳам шунда.
…Омонмисиз? Азоб тортяпсизми? Касалхонда анчадан буён ётибсиз, ҳа, бир ойдан ошди. Хали тириксиз. Қариндошларинигиз кўргани келиб кетишди. Айтишларича анча семирибсиз, камроқ овқат есин дейишди. Ўғлингиз сизни яхши кўришин айтди. Биласизми, юлинган бармоқларингизни энди жойига улаб бўлмас экан. Ўксинманг, омон қолдингизку. Бир нечта ўликлар ҳам сизни йўқлашди… Менми? Мен анчдан буён ёнингзидаман. Сизга кўз-қулоқ бўлиб турибман. Раҳматнинг кераги йўқ. Сизга гул олиб келайми? Хоҳлайсизми?

***

Сиз мени қачон топганинггизни унутиб қўйдингизми?… Бу аҳамиятиз, муҳимроқ нарсалар ҳақида ўйланг, масалан ўзингиз ҳақингизда. Буни истамасангиз балки ётиб ухларсиз? Тошдай қимир этмасдан бир неча кун ухланг. Бу менинг истагим эмас, мутлақо. Мен иккиламчи, ким билади унданам паст даражададирман. Нега менга тикилиб қолдингиз? Мени кўмиб юборишни ўйлаяпсизми? Назарингизда барига мен айбдорманми? Илтимос, бошқа тарафга қаранг! Деразадан кираётган шамол табиат уйғотган майсаларнинг ҳидини олиб келяпти. Ана, қушлар сайрашяпти. Нега эътибор бермаяпсиз?! Бошқа тарафга қаранг, ўтинаман. Балки кетишимни хоҳлаётгандирсиз? Кетмайман. Полда ухлаш керак бўлганида ҳам уйингиздан бир одим ҳам жилмайман. Сизга тегишли ҳамма нарсаларни ёмон кўраман. Сиз дитсиз одамсиз, хотининггиз билан ажрашганинггиздан буён якка мохов бўлиб мана шу кулбангизда борган сари ўлиб, ҳа, ҳа, ўлиб бормоқдасиз. Ўғлингизни эсламайсиз ҳам. Бас! Бас қилинг менга тикилишни! Бўлмаса… бўлмаса сизни деразадан отиб юбораман… Сиз мени калака қиляпсиз. Ношутга қарагандай қараб, устимдан кулиб ўтирибсиз. Назарингизда ожиз ва нотовон одамман, шунақами? Айтинг?! Ёшлигимда Отам тез-тез мени урарди. Айтишича ландавур эканман. Ўрмонда яшардик. Бир куни қуён овга чиқдик. Отам ширакайф эди. Ўрмон ичкарисига кириб бораётганимизда олдимизда қуён кўринди. Отам қуённи мўлжал олиб ўт очди. Қуён шу заҳотиёқ жон таслим қилди. Мен чопиб бориб ўлжани чангаллар эканман, мендан бир қадамча нарида яна битта қуённи пайқаб қолдим. Энг оқилона қарор қабул қилиб, ўзимни қуённинг устига отдим. У чап бериб қоча бошлади, изидан қува кетдим. Шу пайт Отамнинг милтиғининг овози эшитилди. Негадир бир пас қотиб қолдим, сўнг ерга йиқилдим-у хушимни йўқотдим. Отам қуённи нишон олиб мени отиб қўйибди. Ўқ сабабли ўнг қўлимдаги бармоқларимдан айрилдим. Бир ҳафтадан сўнг Отам ўзини отиб ташлади. Менга раҳмингиз келяптими? Ачинманг! Газетангизни ўқинг, столда турибди.
Мен сизни ёмон кўраман. Сиз бунга лойиқсиз. Бас қилинг, тиржайманг! Етар! Қонимни қайнатяпсиз. Ҳозироқ бошқа томонга қаранг. Кулманг! Ҳали шунақами?!…

***

Сиз жуда пишиқ ва чидамли одам чиқдингиз. Иккинчи қаватнинг деразасидан қулаб тирик қолишнинг ўзи бўлмайди. Одам баъзан қоқилганда ойлаб шифохонада даволаниб чиқади, сиз эса қўлтиқ таёқда бўлса ҳам уйингизга қайтиб келдингиз.
Энди туринг, иссиқроқ кийининг кўча совуқ. Бир пас айланиб келамиз… Истамайсизми? Нега, ахир бугун ҳаво яхшику? Майли, ўзингиз биласиз. Бугун охирги куним, ҳа, кетяпман. Биласизку қишни ёмон кўраман, ёз келса қайтарман… Сайрга чиқмаганингиздан афсусдаман. Сиз билан боғ айланмоқчи эдим… Унда хайр. Мени тўхтатманг, бари бир ҳеч нарса айтмайман. Сизни азобда қўйишни истамайман, лекин ундан мосуво ҳам қилмоқчи эмасман. Мен сиздан ҳар жиҳатдан устунман, буни биласиз. Токи мен бор эканман, умр бўйи қўрқувда, таҳликада яшайсиз. Ҳавотирингиз ўринли, менинг кетганим қайтганимдан далолат беради.
Унутинг ва эсламанг, ҳеч нарса рўй бергани йўқ. Бари ўз ўрнида турибди. Сиз ҳам ухлаяпсиз. Кўзингизни очишингиз билан ҳаёт бошланади. Сиз қутилиб бўлмас йўқликка эмаклаб эмас, чопқинллаб борасиз. Мен эса баъзан олдингизда, баъзан орқангизда бўламан. Менга савол берманг, мен нима қилиш кераклигини билмайман. Билганимда ҳам сизга ошкор қилмасдим. Яна йиғлаяпсизми?…
Эшикни очиқ қолдираман. Омон бўлинг…

***

Салом. Мен яна келдим…