Маҳкам Маҳмудов. Мушкул муаммо (ҳикоя)

Ўт ўт ичидан ўтинг бор эрса
Сўфи Оллоёр

Ҳаво айниб, денгизда ғалаён бошланган, тўлқинлар ғазабга миниб, қирғоққа тобора бостириб келар эди. Дам олаётганлар шоша-пиша йиғма сўричалари ва соябонларини йиғиштиришар, чўмилишни бас қилинглар, деб шўх болаларга бақиришар эди. Бир оз пакана, тўладан келган, пешонаси ялтироқ академик Эргаш Мўминов ҳам ўғилчаси Бекни сувдан чиқишга зўрға кўндириб, уни кийинтира бошлади. Икки юзи кулчадай Бек қирғоқдан кетишга шошилмас, ҳўл шағал орасидан денгиз тўлқинлари чиқариб ташлаган юмшоқ ва тип-тиниқ медуза болаларини кафтига олиб, яна денгизга отар эди. Шу пайт курорт хизматчиси грузин кампир чала-чулпа русчалаб, Мўминовга шошилинч телеграмма келганини айтди. Академик оёқларини типирчилатаётган шўх Бекни кўтарганича қирғоқдан баланд йўлкага чиқди. Бола отасининг қўлидан сирғалиб тушиб, ўзи чопқиллаб кетди.
Хонада, ранг-баранг денгиз тошчалари уйилиб ётган стол устида қизил ҳошияли телеграмма ётар эди. Академик уни қўлига олиб, тез кўз югуртирди.
«Шошилинч телеграмма.
Гагра. Шота Руставели кўчаси 141. Академик Эргаш Мўминовга. Ҳурматли Эргаш муаллим, Сизни Тарози юлдузлар туркумига, Коинот олимларининг Олий кенгашига чақиришяпти».
Телеграммада бошқа ҳеч қандай изоҳ йўқ эди. Майли, Тошкентга боришганида маълум бўлади.
Мўминов оёқлари бўшашиб, лиқиллаб қолган тўқима хивич креслога ўтириб, ялтироқ манглайини силаганича ўйланиб қолди. Дам олиш муддати ўзи охирлаб қолганди. Ишни ҳам соғинган…
Эргаш Мўминов Ўзбекистон Фанлар академиясининг вице-президенти, шунингдек, бир неча сайёралардаги академияларнинг фахрий аъзоси эди. Турли фанларнинг вакиллари билан муомала қилиш, уларнинг фанларига аралашиб, ҳар хил муаммоларни ечишга ёрдамлашиш ҳар қандай одамни ҳам толдириши табиий эди. Мўминов ҳар йили таътил пайтида дам олмас, қадимий Шарқ фалсафаси тарихига оид китобини тугаллашга интиларди. Мана, курортда ҳам шу китобнинг бир бобини ёзиб улгурди. Бу — Навоий даврининг энг буюк алломаларидан Ҳусайн Воиз Кошифий фалсафаси ҳақидаги боб зди. Ҳар ҳолда, курортда вақти беҳуда ўтмади. ХВ аср фалсафасининг ҳозирги одамлар ҳаётига зарур томонларини аниқлаб чиқди. Ўғилчаси Дурбек ҳам бод асоратидан қутулиб, анча қувватга кириб қолди. Кўриниши ҳам, руҳи ҳам тетиклашган академик Мўминовни касбдошлари ва шогирдлари ўраб олишди. Одатда раҳбар одам дам олиб қайтганида ҳамма уни руҳлантиришга нктилади. Бу ёмон эмас. Бироқ баъзилар чин дилдан гапирмай, бошқа ўйда бўлади. Э
ргаш Мўминов ким софдилу ким сохтадиллигини илгарилари яхши ажратарди. Ҳозир ажратиш қийин бўлиб қолди.
Бундан бир неча йил аввал у Калонов деган кишини «Энтсиклопедия» нашриётига раҳбарликка тавсия қилган эди. Афсуски, чаласавод ва амалпараст бўлиб чиқди. Калонов тарихдаги буюк кишиларни қомусга киритиш ўрнига ўзининг ҳамтовоқлари, қариндош-уруғларини киритибди. Бу ишга қарши чиққан одамларни қувғин қилибди. Ундан безиб, кўпчилик истеъдодли олимлар бошлаган хайрли ишларини ташлаб кетиб қолишибди. Буни Мўминов кейинчалик билди…
У хонада ёлғиз қолгач, иш столи устида, турли қоғозлар орасида қандайдир нур тарқатиб турган сайёралар аро телеграммани қўлига олди.
«Эргаш Мўминовга. Сизни Коинотдаги онгли мавжудотлар яшовчи барча сайёралардаги илмий коллективлар раҳбарларининг уч кунлик олий кенгашига таклиф этамиз. Кенгашда кўп асрлар аввал тараққий этган ва замонамизда унутила бошлаган энг қийин фан асослари ўқитилади. Олимлар билан ЭОТ-2501 ихтирочиси суҳбат ўтказади».
«Тарози» туркумининг 12нчи сайёраси космодромида меҳмонларни Сайёралар аро илмий координация маркази раҳбарлари — икки бошли донишмандлар кутиб олишди. Бу одамларнинг асосий боши она тилида гапирса, ёрдамчи боши чет тилларда гапирар эди. Меҳмонлар турли шаклдаги ақлли мавжудотларни кўравериб ўрганиб қолишгани учун одатдагидай салом-аликдан сўнг, дўстлар билан ҳол-аҳвол сўрашишга тушиб кетишди.
— Ердаям ҳал қилинадиган масалалар шунақа кўпайиб кетдики, битта бошимиз камлик қиляпти, — ҳазиллашди Мўминов 12 нчи сайёралик икки бошли олим дўстларидан бирига.
— Ерликларнинг ҳам бир нечтадан боши бор, аммо ўзлари билишмайди, — эътироз билдирди иккала бошида ҳам сочи оқара бошлаган мезбон. — Нега бўлмаса, бир одам ўз-ўзига зид иш қилади? Баъзилар бўлса бошини ишлатмай бировларнинг бошини кўтариб юришади… Ха-ха-ха…
Мўминов ҳам хохолаб кулиб юборди, у мезбоннинг нимага ишора қилганини дарров тушунган эди. Ҳазилга ҳазил билан жавоб берди:
— Баъзиларнинг биттадан ҳам боши йўқ, ха-ха-ха… Бизни нимага чақиришипти, билмайсизми?— ҳамон лабини йиғиб ололмай сўради Мўминов.— Бу ёққа келиб-кетиш осонми? Уч-тўрт ҳафта ишдан қоладиган бўлдик.
— Менгаям аниғини айтишмаган. Энг қийини фан… Барча сайёралардаги ақлли мавжудот учун энг зарур фан… дейишяпти. Ўзимам ҳайронман, қариганимизда ерликлар айтгандай, ўқиб, ўрик бўлармидик…
— Йўқ, дўстим,— эътироз билдирди Мўминов.— Ерда ўрта асрда яшаган Ибн Сино деган мутафаккир айтган экан: «Ҳамма фанларни ўргандим ва охири шуни билдимки — ҳеч нарсани билмас эканман…» Биз ҳали нимани билибмиз? Одамзоднинг умрини узайтиролмаяпмиз. Бошқача айтганда, бир бошимизни иккита қилолмаяпмиз. Ха-ха-ха…
Ҳамроҳи бу беозор ҳазилга кулиб қўя қолди. Сўнг гапини яна асосий мавзуга бурди:
— Ерликларни илм-фанда минг йилча орқада қолдирган, капалакларга ўхшаб учиб юрадиган, жуда қисқа умр кўрадиган Зуҳал олимлари ҳам, аксинча, уч-тўрт аср яшовчн ноҳидликлар ҳам кенгашга чақирилган. Ҳар ҳолда, қандайдир жуда муҳим янги фан кашф этилган бўлса керак.
— Қани, борайлик-чи, бундай фанга тишимиз ўтармикин…
Икки дўст олисдаги тепаликдаги адл қарағай ва шамшод дарахтлари орасида нилий гумбазлари ярқираб турган қаср томон йўл олишди.
Билим қасрига элтувчи махсус равон йўл йўқ эди, у ерга ҳар ким ҳар хил сўқмоқдан чиқиб борарди…
Билим қасри ғоят ҳашаматли, аммо янги эмас эди. У икки минг йил аввал вув, олов, чақмоқ, бўрон, тўфондан жафо кўриб, тангри таолони излаб келувчиларнинг энг катта саждагоҳи эди. Ибтидоий одамлар бу қасрни йўниқ тошлардан шунчалик пухта қуришганки, ҳанузгача бирор тоши кўчмаган. Залнинг катта саҳнидан бошқа уч томонида етти қават устма-уст қурилган ҳужралар бўлиб, ҳаммасининг равоқлари залга қараган. Залнинг ўттиз метрли гумбаз шифтининг доирасида ибтидоий одамлар тасаввур қилган тангрининг гўзал жамоли антиқа рангларда тасвирланган. Доиранинг атрофида эса икки бошли саҳобалар билан шайтонларнинг кураши лавҳалари акс этган. Бу қасрни бирон динга мансуб дейиш қийин эди. У жафокаш инсоният хаёли парвозининг меваси эди.
Ҳозир бу бинонинг жуда катта саҳнасига орган, чанг ва роял ўрнатилган бўлиб, қадимий музика асарларидан контсертлар қўйилар эди.
Эргаш Мўминов залда ўтирган меҳмонларни кўздан кечира бошлади. Олдинги қаторларда жуда илгари яшаб ўтган Суқрот, Афлотун, Арасту, Эвклид, Буқрот, Жолинус, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Саъдий, Фузулий, Руставели, Навоий, Бобир, Галилей, Коперник, Эйнштейн ва яна Эргаш ака яхши танимаган бошқа буюк алломаларнинг соялари ўтиришарди. Уларни махсус электрон оптик машина ЭОТ-2501 ёрдамида чақиришган эди.
Ҳозирги кенгаш ҳайъати ҳам шу машина ва уни ижод қилган бир гуруҳ олимлардан иборат эди. Кенгашга ана шу ЭОТ-2501 ни кашф этган кекса аллома раислик қилар эди.
— Муҳтарам олиму фозиллар! Бугун 2501 йилнинг 21 июлида қадимги даврларда тараққий этган ва эндиликда унутилиб кетган энг қийин фандан биринчи дарсимизни бошлаймиз,— раисдан сўнг машинанинг овози қадимги Миср тилида, юнон, лотин, араб, форс, турк, инглиз, франтсуз ва рус тилларида янгради.
Қисқа эълондан сўнг ЭОТ-2501 кашфиётчиси барча сайёраларнинг олимларига савол билан мурожаат қилди:
— Муҳтарам олиму фозиллар! Дарсни бошлашдан олдин ҳаммангизга битта савол беришга ижозат этгайсиз. Қани айтинг-чи, орангизда умр бўйи ёлғон сўзламаган бирор олим борми? Қани, Суқрот муаллим, айтинг-чи балки сиз умрингизда ёлғон гапирмагандирсиз?
Қадимги юнон ридосининг этагини виқор билан кўтарган Суқрот муаллим ўрнидан турди ва Билим қасридаги одат бўйича — тингловчиларга таъзим қилиб шошилмай гап бошлади:
— Умр бўйи ёлғон гапирмадим… деёлмайман…
Залда аввал шивирлаш, кейин шов-шув бошланди. Ҳамманинг нигоҳи файласуфга қаратилди. Суқрот муаллимнинг юзига сезилар-сезилмас қизиллик югурди. Соя рангли эди.
— Тўғри, мен ёлғонни жуда кам гапирдим. Умримнинг охирида эса, демос — халқ мени ўлимга ҳукм қилганида ҳам ёлғон сўзламадим ва ўз ихтиёрим билан заҳар ичдим…
Залга чуқур сукунат чўкди. Ҳатто соя ҳам нафас олаётганга ўхшаб турарди.
— Ҳозир ҳам рост гапирганингиз учун миннатдорман, марҳамат ўтиринг,— деди раис.— Қани, Афлотун муаллим, сиз нима дейсиз?
— Мен умримда жуда кўп ёлғон гапирганман,— кулиб туриб гапирди Афлотун.— Ҳатто устозим Суқрот ҳакимга ёлғон гапиришни маслаҳат берганман. Негаки, демоснинг ҳукми нотўғри, адолатснз эди. Халқ мажлиси агар оқил ва адолатли бўлса, у ўзининг энг улуғ фарзанди Суқрот ҳакимни ўлимга ҳукм қилармиди?!
Афлотун енгил таъзим билан гапим тамом, дегандай ишора қилди.
— Қани, ҳақ гапириш ҳақида яна кимда қандай фикр бор?
Алберт Эйнштейн ўрнидан турди. У бир зум аланглаб қолди.
— Кўзойнагимни қаёққа йўқотибман? Ҳа, дарвоқе, мен ўлганман-ку, кўзойнаксиз ҳам кўра оламан. Маълумки, мен «Авлодларга мактуб» қолдиргандим. Юз йилдан кейин очиб ўқилсин, деб васият қилганман. Аммо авлодлар менинг васиятимни ўқишса ҳам парво қилишмади. Мен уларни турли хавфлардан огоҳлантирган эдим. Ростини айтсам, ҳамма кашфиётлар ҳам инсониятга фойда келтиравермайди. Ҳа, мавзудан чалғидим, дарвоқе, ёлғон гапирмаслик ҳақида гапиришаётган эдик. Баъзи ёлғонлар фойдали, аммо баъзи рост гаплар ҳам фойдадан ҳоли эмас…
Беруний сўз олди. У салласининг печини елкасидан ошириб, қуйи солинган бошини қў-лига тираганча сўзлар, гўё ўз-ўзига гапираётгандай эди:
— Ҳукмдорларнинг мақтовни ёқтириши, аларнинг ҳақ гапдан қўрқиши олимлар бошига кўп фалокатлар ёғдирадур. Ҳатто замонасининг энг адолатли ва мард ҳукмдори бўлмиш Журжон амири, шамсулмаолий  Қобус ибн Вашмгир ҳам ҳақ гап учун сафдошларимдан бир нечасига жазо берган. Ҳукмдор қанчалик оқил ва одил бўлса, раият, уламо, фузало ҳам ҳақгўйликка юз тутгай…
— Сўз ўрта аср араб олими Абу Аъло ал-Мааррийга,— эълон қилди раис.
Кўзларида бир олам акс этган саксон ёшлардаги қария, тайласони  учини ғижимлаб туриб, жавоб берди:
— Мен бу одамларга содиқ, ҳақгуй эрдим, беғараз
Аммо бағримдан илон чиқди, дилим ўртар мараз.
Мен азиз билганларим манфур бўлди оқибат,
Обдан билганларим кўнглимга урди оқибат.
Ана шунақа. Инчунун, ҳақгўйлик бошимга кўп балоларни келтирди. Аммо мен ҳақ йўлдан қайтмадим.
Шундан кейин бошқа сайёралардан келган алломалар сўз олишди. Уларнинг гаплари ҳам жуда маъноли, ҳикматга бой эди. Мўминовнинг ҳам бу борада айтадиган гаплари кўп эди. Шуни билгандай, раис унга сўз берди.
— Мен тарих илмидаги ҳақгўйлик ҳақида икки оғиз гапирмоқчиман. Биз тарихчилар ва файласуфлар кўпинча воқеаларни бузиб кўрсатамиз, ёмонни яхши деймиз, яхшини ёмон деймиз. Улуғ одамларни ўғри деймиз, ўғрини тўғри деймиз. Қелажак тутуруқсизлигимиз учун, тўғрироғи, виждонсизлигимиз учун бизни лаънатлайди. Тўғри, баъзи олимларнинг ўзи оқ-қорани танимайди. Бу ҳам кечирилмас гуноҳ. Хуллас, бунақада тарихгаям ҳеч ким ишонмай қўяди…
Олимларнинг гапларини жим тинглаб, ўзининг турли асбоблари орқали ёзиб олаётган ЭОТ-2501 нинг кўзларида қизил чироқ ёнди. Раис хулосага ўта бошлади.
— Мажлисимиз бошида ҳозир деярли унутилиб кетган фан ҳақида гапирган эдик. Бу ҳаммангизга маълум — мантиқ фани. Мантиқ — ҳозир олимларни қийнайдиган энг қийин фан бўлиб қолди. Сизларга шу фан асосларини ўргата бошлаймиз.
Шундай деб, ЭОТ-2501 ихтирочиси ҳайъатнинг узун эман столи устида ётган бир варақ оқ ва бир варақ қора қоғозни доскага илиб қўйди. Сўнг залда ўтирганларга қараб, тантанавор гапирди:
— Эртадан бошлаб, ҳаммамиз оқни оқ, қорани қора дейишни ўрганамиз…
Шифтдагилар одамларнинг ишларига тушунмасдан, ажабланиб қараб туришарди.