Луқмон Бўрихон. Аёл кўз ёшларга ишонмайди (қисса)

Кўп қаватли уйлардан бирининг йўлагидан отилиб чиққан Латиф гўё қаён юришини билмагандай бир зум жонсарак туриб қолди. Теварак тун чодрасига бурканган. Баланд-паст симёғочлардаги чироқлар қизғиш-сарғиш ёғдулар сочиб, уйлар атрофини, кўча-кўйни хира ёритади.
Латиф қатнов анча сийраклашган йўл ёқаси томон илдам қадамлади. Худо хоҳласа, у бу йил кузнинг ўрталарида роппа-роса ўттиз икки ёшга тўлади. Лекин афт-ангори ҳануз йигирмани қаршилаётган бўз боланикидай: уста сартарошнинг нақ бир соат тинкасини қуритган жингилтоб, қуюқ сочлари энг сўнгги урфда пардозланган, эгнидаги енги калта кўйлагию оёғидаги бигизбурун туфлисигача замона зайлини нозик ҳис қиладиган ёш-ялангбоп. Бунақа пардоз-андозли йигитларни оддийгина қилиб – олифта деб аташади. Айниқса, қишлоқ одамлари бундай нусхаларни кўришганида ғижиниб, тескари қарашади. Латиф бу хил муомалага кўп дуч келган. Лекин парво қилмай, мийиғида илжайиб қўйган.
Латиф кўчада туриб, ғиз-ғиз елиб ўтаётган машиналарга қўл силкитиб, бирортасини тўхтатиш ҳа­ракатига тушди. Ниҳоят эскигина бир “Жигули” оҳиста келиб, унинг ёнида тўхтади.
– Ака, вокзалга, – деди Латиф, машина эшигини қия очиб.
Ўрта яшар, хумкалла ҳайдовчи бир зум ўйланиб тургач, бош ирғади.
– Ўтиринг.
Латиф шоша-пиша орқа ўриндиққа ўзини ташлади.
Кўркам, бежирим йўлқопини ёнига қўйди.
– Анча кеч чиқибсиз, ука, йўл бўлсин? – деб сў­ради ҳайдовчи, машинани елдириб кетар экан.
– Давлат ишини биласиз-ку, командировка, – деб қўйди Латиф одатдагидек ўзини ўта жиддий ва муҳим одам кўрсатишга тиришаркан, – Ғарғара поездига улгуриш керак.
– Хўп, хўп.
Латиф етти йилча аввал университетни тамомлаб, машҳурдан-машҳур журналист бўлиш илинжида шаҳарда қолди. Қалами ўткир бўлмаса-да, ҳарнечук сўзга чечан, тили ўткиргина эди. Хушомадни, сийловни қотирарди. Шунинг шарофатидан анча йиллар гоҳ у, гоҳ бу газета таҳририятида ишлаб юрди. Қотган қон тусидаги гувоҳномасини пеш қилиб бировларни авради, бировларни қўрқитди. Ишқилиб, тирикчилиги ёмон кечмади. Ҳатто, роппа-роса бир йил аввал нуфузи баланд газета таҳририятига ишга ўтиб олди.
Латиф ҳозир чиндан ҳам Ғарғарага отланган эди. Лекин ўзи писанда қилгандек “командировка”га эмас. Беш яшар қизчаси – Шайдони олиб келиши керак. Уни бир ҳафтача аввал Ғарғарада яшайдиган катта холаси олиб кетганди. Афтидан, қизалоқ йиғлаб хархаша қилган бўлса керак, кеча уйга қўнғироқ қилиб, тезроқ Шайдони олиб кетинглар, дейишибди. Хотини Амира бугун саҳармардондан инжиқлик қилиб туриб олди. “Ҳозир отпускадасиз, тезроқ Шайдомни олиб келиб беринг”, – деди ҳатто кўзига ёш олиб. Латиф ниҳоят кечки поездга ўтиришга ваъда бериб Амирани овутди.
Амира сарвқомат, гўзал жувон. Ўқувчилик даврларида рақс мактабига қатнаб, гимнастика билан астойдил шуғуллангани учунми, ҳарқалай, эрга тегиб, бир фарзандли бўлгандан кейин ҳам қадди-қомати ўзгариб, тўлишиб-буришиб кетмади. Аксинча, чиройига чирой қўшилиб, барқ уриб яшнади. Устига устак, тадбиркор, ширинсўзлигини айтмайсизми? Болалар ўйинчоғи сав­доси билан шуғулланади. Чегара яқинидаги ша­ҳарчадан улгуржи олиб келиб, Отчопар бозорида ўти­риб савдо қиладиганларга улгуржи топширади. Ҳар­нечук, топиш-тутиши чакки эмас. Рўзғорга сиздан кўп­роқ нафим тегяпти, деб баъзан эрига иддао ҳам қилиб қўяди. Латиф минғирлаб-минғирлаб қаршилик кўрсатишга уринадию, лекин охир-оқибат таслим бў­ла­ди. Амира ҳам ортиқча гап қўзғаб, ўлганнинг устига чиқиб тепадиганлардан эмас. Эрини мағлуб этгач, шўх табассум билан унинг пинжига суқилади. Шу-шу олам гулистон, Латиф ҳам аччиқ-гинани дарров унутиб ёғ­дай эриб кетади. Шундай муросаю мадора сабаблими, ҳарнечук, уларнинг турмуши илиққина кечмоқда. Кичкинагина, бир хоналик бўлса-да, ҳарнечук бошпаналари бор. Жажжи қизалоқлари – Шайдога термулиб диллари яйрайди. Бир-бирларига мамнун-мамнун термулишади.
Амира гоҳо Латиф узоқроқ сафарга кетса, уй ҳу­виллаб қолганини сезади. Ҳатто, чинакамига соғина бошлайди.
Мана, ҳозир ҳам қизи Шайдони холасиникидан олиб келиш учун эрини жўнатди-ю, бирдан дилгир бў­либ қолди.
Гоҳ хонада, гоҳ ошхонада бемақсад тентиди. Сўнг телевизорни ёқиб, бир зум паришон термулиб турди. Лекин негадир дили ғаш бўлаверди.
“Энди ётиб дам ола қолай” деб хаёлидан ўтказди у, телевизорни қайта ўчирар экан.
Амира курсидан оғир қўзғалди. Шу пайт йўлакдаги уй телефони устма-уст жиринглаб юборди. Жувон, бемаҳалда ким бўлди экан, деган хаёлда телефон аппаратига бир зум тикилиб тургач, оҳиста гўшакни кўтарди.
– Алло, эшитаман.
– Ассалому алайкум, – деб нариги тарафдан дў­риллаган эркак овози салом берди, сўнг аликни ҳам кутмай, шоша-пиша давом этди. – Сиз Амирахонмисиз?
– Ҳа, мен…
– Кечирасиз, бемаҳалда безовта қилдим, Ғаниман.
Амира тузуккина эшитиб турган бўлса-да, андак ҳадик, андак таажжуб оғушида беихтиёр қайта сўради:
– Ким?
– Ғаниман, ўтган куни эрталаб Ҳалимахоннинг дў­конида учрашган эдик-ку.
Амиранинг кўз олдида калтабақай, семиз ва тепакал, қирқ ёшлар теварагидаги нусха лоп этиб жонланди. Чиндан ҳам жувон уни Ҳалимахоннинг дўконида учратган эди. Ғани қадимий бир тилла билагузукни сотиш илинжида юрган экан. Тилла буюмни кўриб, ҳамма аёллар сингари Амиранинг ҳам кўнгли суст кетди. Гарчанд Ғани билагузукни анча арзон нархлаб турган бўлса-да, бироқ Амиранинг уни сотиб олишга барибир пули йўқ эди. Шунинг учун билагузукни обдон томоша қилгач “ҳозирча керакмас”, деган мужмал жавоб билан эгасига тутқазди. Ғани минг бир тавалло қилди, ҳатто, нархни тағин бироз пасайтирди. Охири Амира “эрта-индин гаплашамиз” дея аранг қутулдию, ўзича наридан-бери уй телефони рақамини ҳам ёзиб берган бўлди.
“Агар пулингиз бўлса, сира иккиланманг”, – дея пишанг берди Ҳалимахон ҳам Ғани дўкондан чиқиб кетгач, – жойини топсангиз, сўнг беш баробарига пуллайсиз”.
Амира мийиғида жилмайиб қўйди. Чунки Ҳа­ли­махоннинг маслаҳатисиз ҳам, агар билагузук қўлига тушса, нима қилишини у жуда яхши биларди.
Ўша учрашув, ўша савдо, бошқа ташвишларга чал­ғибми, Амиранинг ёдидан кўтарилган экан. Ҳозир туйқусдан бўлган қўнғироқ…
– Ҳа, сизни эсладим, – деди жувон дарҳол ҳушёр тортиб.
– Ҳалиги нарсани ҳали сотганимча йўқ, – деди Ғани пихиллаб, – эрта-индин гаплашамиз дегандингиз, шунга безовта қиляпман…
Амира эркак овозига қулоқ солиб тураркан, кўз ўнгида ўша қадимий билагузук бутун гўзаллиги билан жилваланарди. Аёл ногоҳ илк муҳаббатини учратиб қолган қиздай беихтиёр ҳаяжонлана бошлади. Хаёллари алғов-далғов бўлиб кетди. Лекин минг афсуски, нақд пул йўқ. Лекин минг афсуски, тилла билагузукни рад этишга куч ҳам, хоҳиш ҳам йўқ. Шунинг учун Амира бутун вужуди билан чора-тадбир излай бошлади. Чора-тадбир излаш баробарида, гўшакка ботинмайгина минғирлади:
– Савил нақд пул йўқ эди-да…
– Балки қўни-қўшнилардан сўраб кўрарсиз, – деди Ғани ҳам ботинқирамай.
Бу маслаҳат жувонга хўп маъқул тушди.
– Яхши, ярим соатлардан кейин тағин қўнғироқ қилиб кўринг.
– Бўпти, – деб тўнғиллади Ғани, гўшакни қўйиб қўяркан.
Амира ҳеч бир қўшнисини безовта қилмоқчи эмасди. У вақтдан ютиб миясида чарх уриб юрган баъзи бир режаларни обдон ўйлаб кўрмоқчи эди, холос.
Аёл қонида макр ва тадбир ҳужайралари қуюндай қўзғалди. У ўриндиқ суянчиғини оҳиста чертган кўйи хаёлга толди.
Ғанини меҳмон этиш баҳонасида, уни маст қилиб билагузукни ўғирлаб олса-чи? Бирозгина ҳусну жамолини кўз-кўз қилиб, эркакнинг хаёлини ўғирлаб, кўнг­лини эритса ҳам бўлади. Бир-икки ўптириши мумкин, лекин анақа-анақа ҳаракатларга асло йўл қўй­майди. Эрта-индин учрашамиз, деб алдайди, аврайди, хуллас, бир амаллаб тилла билагузукни қўлга киритади.
Амира шаҳд билан ўрнидан турди-да, эгнидаги уй халатини ечди. Кийим жавонидан енг-ёқасиз, этак томони тилим-тилим кўйлагини олиб кийди. Қўнғиртус сочини ёйиб юборди. Кўп ўтмай йўлакдаги кўзгуда оппоқ, бўлиқ кўкраклари, силлиқ сонлари чала-ярим очиқ, қош-кўзлари хумор билан сузилган гўзал жувон пайдо бўлди. Амира ўз қадди-қоматига, ўз малоҳатига ўзи суқланиб қараркан, ҳийласига Ғани албатта учишига ишонч ҳосил қилди.
Шу пайт телефон яна жиринглаб қолди. Аёлни беихтиёр титроқ босди.
– Алло, эшитаман, – деди у бир амаллаб ҳаяжон ва ҳадигини босаркан.
– Бу, яна мен, Ғаниман, – деди ўша хириллоқ эркак товуши, – нима гап, масала ҳалми?
– Ҳа… келишсак бўлади…
– Унда эрталаб бирор ерда учрашайлик.
Амира бир зум гангиб қолди. Чунки у Ғанининг ҳозир етиб бораман дейишини кутиб турганди. Лекин қонида кўпираётган макр ва тадбир ҳужайралари яна қўллаб юборди.
– Мен саҳарлаб товарга кетишим керак, – деди Амира дарҳол баҳона топиб. – Имконингиз бўлса… Ҳо­зир учрашайлик…
– Ҳозир?! – телефон эркакнинг таажжуб тўла товушидан титраб кетди.
– Ҳа, уйимга келишингиз мумкин. Адресни ёзиб олинг.
Амира апил-тапил манзилини тушунтирдию, эркакнинг жавобини ҳам кутмасдан гўшакни шарақлатиб қўйиб қўйди.
Айтар гапни айтди-ю, бироқ Амирани яна ваҳима босди. Тўғри қилдими, ё…
Аёл ирғиб туриб беихтиёр у ён-бу ён юра бошлади. Юраги дук-дук урарди. Хаёлида маккорона режасини пишитаркан, гоҳ тошойна ёнида туриб қолар, гоҳ бир нуқтага тикилиб бармоқларини тишлар эди. Туйқус уни ток ургандай бўлди. Ногоҳ кўнглидан кечган ўйдан аъзои бадани жимирлаб кетди, “Ғани алдовларига учмаса-чи?! Баҳоналарига қулоқ солмай тўшакка суд­раб қолса-чи?!”
Амира ўзини бегона, семиз эркак қучоғида тасаввур қиларкан, гўё ҳаммасини кимдир кузатиб тургандай уят-номусдан бўғриқиб, афт-ангори қип-қизариб кетди.
“Йўқ, бекор қилдим, ҳозироқ уни тўхтатишим керак”, – дея хаёлан ҳайқирди у, телефон гўшагини шахт билан қўлига оларкан. Бироқ шу аснода Ғанининг телефон рақамини билмаслиги лоп этиб эсига тушдию, аёл бўшашди-қолди. У телефон гўшагини маҳкам си­қимлаган кўйи анча пайт хаёлчан турди. Сўнг чуқур тин олиб ўрнидан тураркан, беихтиёр теваракка ўғринча кўз ташлаб қўйди. “Нима бўлса бўлар… бир амаллаб тилла билагузукка эгалик қилсам бўлди-да…”
Амира карахт бир аҳволда дастурхон тузатишга киришди.

* * *

Латиф киракаш билан ҳисоб-китоб қилгач, ичу таши чароғон вокзал биноси томон юраркан, уни ҳо­жатбарорлар дувва ўрашди.
– Йўл бўлсин, ака?
– Билет излаб кассага бориб юрманг, ака. Ўзимиз проводник билан гаплашиб, вагонга чиқариб юборамиз. Билетнинг ярим пули ёнингизда қолади.
– Юкларингизга ҳам қарашворамиз, ака. Сиз ташвиш чекманг.
Латиф сон-саноқсиз илтифотларга беэътибор вок­зал ичкарисига кирди. Ичкарида одам сийрак. Бир-икки йўловчи ўриндиқлар устида ғужанак тортиб, мизғияпти.
Йигит маълумотхона туйнугидан бош суқди.
– Кечирасиз, синглим. Ғарғаранинг поезди нечанчи йўлдан жўнайди?
Маълумотхонада ўтирган кулча юз, жиддий қиё­фали аёл йигитга лоқайд кўз ташлаб олди.
– Ғарғара поезди жўнаб кетганига бир соатдан ошди-ю.
– Ия?! Қанақасига?!
– Шунақасига, графиклар ўзгарган.
– Об-бо, – деб пўнғиллади Латиф. – Унда нима қиламан-а?
– Шунинг учун олдиндан билет буюриб қўйиш керак. Бунақа овора бўлмасдингиз.
Латиф бўшашганича маълумотхона деворига суяниб қолди.

* * *

Ғани бир пайтлар оқ кўнгил, очиқ қўл инсон эди. Номдор бир қурилиш ташкилотида прораб бўлиб ишларди. Уни ичкилик ва қимор йўлдан урди. Молу давлати соврилди. Мактабда муаллима бўлиб ишлайдиган хотини икки фарзандини қўлтиқлаб отаюрти Қўқонга кетиб қолди. Ғани уларни йўқлаб бормади. Ҳали ўзлари излаб, остонамга бош уриб қайтишади деган такаббур хаёл билан ўзини овутди. Бу орада касби-коридан ҳам айрилиб кўчада қолди. Олиб-сотарлик, даллоллик билан шуғулланиб кун кечирди. Мўмайроқ даромад қилган кунлари одатдагидек қиморхонада кўкарди. Яратганнинг раҳми келибми, ё бошқа сиру синоат рўй берибми, Ғанининг қиморда қўли баланд келиб, уйига уюм-уюм пул билан қайтган чоғлари ҳам кўп бўлган. Шундай пайтлари у ҳам орзу-ҳавасларга бериларди. Ҳаётга, келажакка қизиқиши ортарди. Қўйни-қўнжи ақ­чага тўлиб юрган ажойиб кунларнинг бирида у яна қайта уйланиб ҳам олди. Бу хотини билан аввал бошида турмушлари яхши кечди. Лекин ширин ҳаёт узоқ чўзилмади. Муҳаббат ўрнини нафрат, ҳарорат ўрнини совуқлик эгаллади. Ҳамма-ҳаммасига яна ичкилик ва қимор сабабчи бўлди.
Ғани ғирт шалоғи чиққан, эски “Москвич”ни ғинг­­шитганича Амира айтган манзил томон бураркан, негадир шулар ҳақида ўйлаб кетди. Негадир аччиқ ва ачинарли қисмати бир-бир кўз олдидан ўта бошлади. Бу ҳолдан унинг ўзи ҳам ҳайрон бўлди, кўнгли ғашланди. Одатда иши юришмаган ё қиморда ютқазган кезлари шундай маҳзун хаёлларга бериларди. Ҳатто, тўйиб-тўйиб йиғлаб оларди. Ҳозир-чи? Ҳозир димоғи чоғ бўлиши керак-ку?! Ахир, кўз тегмасин, сўнгги икки-уч ҳафта ичида ишлари юришяпти! Ўтган якшанба куни бир ўғриваччадан сувтекинга мана бу тилла билагузукни сотиб олди. Энди кўзлаган нархига қайта пулласа борми, кўзи ҳам, кўнгли ҳам яйрайдиган фойда қилади. Буниси-ку ҳолва! Уч кун аввал Абрай лочин уни чақиртириб қолди. Ёнида сап-сариқ, кўзлари кўм-кўк, тақирбош икки нотаниш йигит ўтирган экан.
“Буларга қорадори керак, асл мўмиёсидан, топиб бера оласанми?” – деди Абрай лочин одатига кўра гапни лўнда қилиб.
Ғани дабдурустдан нима деярини билмай чай­қалди. Бир меҳмонларга, бир Абрай лочинга кўз ташлади.
“Ҳаракат қиламан”.
“Ҳаракат қилма, топ”, – деди Абрай лочин эътирозга ўрин қолдирмай, – топсанг, қимордаги қарзингдан қутуласан”.
Ғани ҳужрадан шиллиқ қуртдай сирғалиб чи­қар­­кан, ҳам қувончдан, ҳам таажжубдан юраги ҳап­қирарди. Қувонганига сабаб шулки, ўша мўмиёни топиш унга осон. Баъзи бир хуфя жойларни билади, аҳён-аҳён улар билан ишлаб туради. Бу фаолиятини ҳеч ким билмайди. Ажабланганига сабаб эса…
Қизиқ, Абрай лочин нега бунақа ишларга бош суқаяпти. Ахир, у қип-қизил қиморбоз бўлса ҳам бунақа қинғирликлардан ҳазар қиларди-ку?! Ё, қарз-парзга ботиб, дўпписи тор келиб қолдими?
Ғани минг бир ўйласа-да, барибир бу ҳолнинг сабабини билолмади. Лекин айтилган топшириқни бугун чошгоҳдан сўнг дўндирди. Ҳатто, Абрай лочин чамалаган нархдан хийла арзонга ишни битириб, қарзидан ташқари, яна анча-мунча даромад ҳам қилди. Шунинг учун ҳам у айни пайтда қувончдан қаҳ-қаҳ отиб кулиши керак. Лекин негадир ўтган-қайтган аччиқ хотиралар унинг таъбини тирриқ қилиб, кўнглини ғашлаяпти. Нима учун?
Шаҳар туннинг тимқора тўшига бош қўйиб ором қўйнига чўккан. Кўчаларда автоуловлар сийрак. Неон чироқлари теваракка ҳорғин нур сочади.
Ғани Амира айтган манзилни осонгина топиб борди. Лекин машинасидан тушмай, одатига кўра атрофни обдон кузатганича анча пайт кабинада ўтирди. Сигарет тутатди.
Ғани тилла билагузукни аввал бошида тезроқ сотишга ошиққанди. Сўнг “мўмиё” билан боғлиқ, бу сердаромад иш чиқиб қолдию, тилла билагузукни яшириб қўйди. Боя кечқурун чўнтакларини кавлаштира туриб қўлига бир қоғоз илашиб чиқди. Қараса, ўша куни дўконда гўзал жувон ёзиб берган телефон рақами экан. Шунчаки, қизиқсиниб қўнғироқ қилиб кўрди. Негадир аёл рад этмади, ҳатто бемаҳал безовта қилгани учун жеркиб ташлайди деган хаёлда эди. Йўқ, ҳаммаси бошқача бўлиб чиқди. Аёл ҳатто уни уйига таклиф этди. Таклифдан Ғани шошиб қолди.
Вақти зиқлигини, қиморхонага “мўмиё”ни тезроқ етказиши керак эканини ҳам унутди. Хаёлида яна бир режа чарх ура бошлади.
“Жуда бойбичча хотинга ўхшайди, – ўйлади у. – Билагузук баҳона уйини бир кўздан кечириб қўйсам яхши бўларди. Шпана болалар билан бирор кун ов қилиб қолармиз. Уникидан чиқаману сўнг қиморхонага боравераман”.
Худди шу режа уни йўлга бошлади.
Ғани тағин битта сигарет чеккач, шалвираб қолган ўриндиқни аянчли ғижирлатган кўйи машинадан тушди.

* * *

Латиф кеч қолганига ишонмагандай ҳануз маълумотлар хонаси туйнугига тирғалиб турарди.
– Нега қоққан қозиқдай туриб қолдингиз? – деди хизматчи аёл, қош-қовоғини уйиб, – поезд энди фақат индин бўлади.
Латиф ўйчан бош чайқади.
– Негадир кўнглим ғаш. Ярим йўлдан ортга қайтиб кетиш ёқмаяпти.
Аёл билинар-билинмас жилмайди. Сўнг ёнидаги термосдан бир пиёла чой қуйиб узатди.
– Аламдан кўнглингиз ғаш тортяпти. Аччиқ чойдан ичсангиз, аччиқ аламни босади.
– Раҳмат, – деди Латиф, шоша-пиша пиёлани қў­лига оларкан.
Туйқус меҳрибончилик қилгани учунми, шу тобда аёл унинг кўзига ғоят гўзал кўриниб кетди. Чойдан босиб-босиб ҳўпларкан, жувонга тикилиб-тикилиб қа­ради.
– Намунча бақрайиб қолдингиз, – деди хизматчи аёл ўнғайсизланиб.
– Жуда гўзал экансиз, – беихтиёр оғзидан чиқиб кетди йигитнинг, – тўғриси, шунинг учун ёнингиздан кетолмай қолдим.
– Илтифотингиз учун раҳмат, энди туёқни ши­қиллатиб қолинг.
Латиф бўш пиёлани қайтара туриб, тавозеъ билан илжайди.
– Чин кўнгилдан айтдим, ишонинг. Лекин жуда жиддий, сержаҳл экансиз.
– Эркаклар суюқ бўлгандан кейин, илож қанча. Жиддий, серзарда бўламиз-да.
Аёл минг бир қош-қовоқ уйса-да, лекин анча мулойимлашганини йигит пайқади.
– Менинг исмим Латиф, – деди у ҳануз илжайган кўйи, – биламан, барибир сиз исмингизни айтмайсиз.
– Розия, – деб қўйди жувон ҳеч кутилмаганда, сўнг бир оздан сўнг қўшиб қўйди, – сазангиз ўлмасин деб айтдим.
– Ҳамма гапларим чин юракдан, Розияхон, ишонинг. Узр, анча бошингизни қотириб қўйдим.
Латиф тавозеъ билан туйнукдан узоқлаша бошлади. Розия уни зимдан кузатиб турарди. Сўнг қар­шисидаги кўзгучага ўзини солиб аввал илжайди, сўнг йиғлаб юборгудек тарзда маъюс тортиб қолди.

* * *

Шаҳарнинг кунчиқар томонида ястаниб ётган маҳаллани Кўкгумбаз деб аташади. Йўл бўйида, қари чинор панасида кўримсизгина чойхона бор. Лекин бу чойхонада бирор кимса мириқиб тановул қилганини, оёқ узатиб ҳордиқ чиқарганини эслаёлмайди. Кеч кириши билан чойхона атрофи кимсасиз бўлиб қолади. Лекин ичкари ҳужраларида ҳаёт қайнайди. Чойхона қиморхонага айланади.
Мана ҳозир ҳам қиморхона ширакайф кулгулардан аҳён-аҳён ларзага келиб турибди. Ҳужра ичи ёруғ. Тамаки тутуни тумандай қоплаб олган. Ўйин қизғин бораётган хонтахта тўрида серсавлат, мўйловдор кимса ёнбошлаб олган. Бу – Абрай лочин. Қартани худди орқасидан кўриб тургандай тусмоллаб, устомонлик билан ўйнагани учун уни дўстлари лочин деб аташади.
Эшик қия очилиб икки давонгирдай йигит – Наби ва Рустам ичкарига сирғалиб кирди. Улар Абрай лочиннинг ишонган одамлари. “Ош ейилса, ўртада сарсон илик” деб бемалол шулар ҳақида айтиш мумкин. Ўйин билан андармон қиморбозлар йигитларга деярли эътибор беришмади. Рустам ҳужра чеккаси бўйлаб тиззасида юрган кўйи Абрай лочинга яқинлашиб, унинг қулоғига шивирлади.
– Ғани билан қўнғироқлашдик. Молни икки соат ичида етказади.
– Яхши, – деб қўйди Абрай лочин, қўлидаги қар­талардан кўз узмай, – ишларинг билан шу­ғул­ла­на­веринглар. Анови сибирлик меҳмонларни тузук ерга жойлаштирдиларингми?
– Хотиржам бўлинг, хўжайин. Гап фақат молда қолди. Молни бир амаллаб қўлларига тутқазсак бўлди.
Абрай лочин негадир гумонсирагандай Рустам ва Набига бир-бир кўз ташлаб чиқди.
– Ғани ҳозир қаерда экан?
– Билмадик, – деб чайналди Рустам, – уйида, шекилли.
Йўқ, Рустам адашди. Айни пайтда Ғани Амираникида, тузалган дастурхон ёнида мамнун ўтирарди. Енг- ёқасиз кўйлак кийган, юз-кўзлари ноз-ишвага лиммо-лим уй соҳибаси унга парвона.
– Ғани ака, – деди Амира ўн йиллик қадрдондай калтабақай эркакнинг елкасига қўл қўйиб, – жуда тор­тинчоқ экансиз. Костюмингизни ечи-иб, бемалол ўтирсангиз-чи…
Аёл қўярда-қўймай устма-уст узатган икки қадаҳ коньякдан сўнг анча бўшашиб қолган Ғани, унинг хоҳишига бўйсунди. Костюмини ечиб стул суянчиғига ташлади.
Айни чоғда эркакни Амиранинг гўзаллигидан кўра, хонадоннинг кўркамлиги, харидоргир жиҳозларга бойлиги кўпроқ ҳаяжонлантирмоқда эди.
“Қулай пайт топиб, бу ерга яна ташриф буюраман ҳали” – дея хаёлидан ўтказди у, мамнун илжайган кўйи қадаҳларга бу гал ўзи коньяк қуяр экан.
Нозу ишва орасида эркакни ҳушёр кузатган Амира Ғанидаги ўзгаришни яхшиликка йўйди. Ниҳоят, кўнглига йўл топдим деган хаёлга борди.
– Акажон, – деди у оппоқ, момиқ кўкракларини кўз-кўз қилиб, – тилла билагузугингизни ҳали тақиб ҳам кўрмадим-ку.
Ғани индамай қадаҳ бўшатди. Сўнг сузилган куйи илжайди. У эшикдан кириши биланоқ аёлнинг мақ­садини пайқаган эди. Шунинг учун олди-сотди ҳа­қида гап очиш бефойдалигини сезиб, билагузукни чўнтагидан чиқармаган, шунчаки, хонадонини бир кўз­дан кечириб, сўнг жуфтакни ростлаб қолишни ўйлаган эди. Бироқ тўкин дастурхонни кўзи қиймай анча ўтириб қолди. Димоғи чоғлигидан бутун вужуди ичкилик талаб қиларди.
– Марҳамат, жонгинам, – дея костюми чўнтагидан қимматбаҳо буюмни чиқарди Ғани, – истаганингизча тақиб кўраверинг.
Амира тилла билагузукни кўзлари порлаб қўлига олди. Сўнг билагига тақиб чироқ нурига тутиб кўраркан, ёш боладай қийқириб юборди.
– Ву-уй, нақ мен учун ясалган экан-а! Товланишини қаранг.
– Ҳа, ярашди, – деб пўнғиллаб қўйди Ғани, бир бўлак қовурдоқни оғзига соларкан.
У учинчи қадаҳдан сўнг тезроқ кетиши зарурлигини ҳам буткул унутган эди. Билагидаги тилла буюмдан сира кўз узолмай, ял-ял яшнаётган Амира ногоҳ эркакнинг бўйнига осилиб, семиз юзидан чўлпиллатиб ўпди.
– Энди билагузук ҳам, сиз ҳам меники.
Ғани алланима деб эътироз билдирмоқчи бўлди. Бироқ оғзи тўла гўшт бўлгани сабаб, бир-икки бош тўл­ғашдан нарига ўтолмади.
– Сиздай мард эркакларнинг садағаси бўлсанг арзийди-да, – деди Амира бел-биқинларини диркиллатиб ўрнидан ирғиб тураркан, – келинг, умрбод дўст­лашиб кетишимиз учун ичайлик.
Аёл қадаҳларга коньяк қуйди. Албатта, ўзига бир қул­­тумча томизиб, Ғанининг қадаҳини лиммо-лим қилди.
Айни пайтда Латиф вокзал биносидан юраги ғаш­ликка лиммо-лим тўлиб чиққан эди. У йўл бўйида турган киракашлар томон хомуш юрди. Кутилмаганда ор­қасидан Розия югургилаб чиқди.
– Латиф ака, бир минут.
– Тинчликми, Розияхон? – дея ажабланиб сўради Ла­тиф, жувон томон юраркан, – ё поезд қайтиб келдими?
Розиянинг юзида енгил табассум пайдо бўлди.
– Тўғриси, мен ҳам эркак кишининг ярим йўлдан қайтганини ёқтирмайман. Тўсатдан эсимга тушиб қол­ди, бир ҳамкасбимиз машинасида Ғарғара томон кет­моқ­чи эди. Сўраб кўрай-чи, балки сизни олиб кетар.
– Жуда яхши бўларди-да, илтимос, сўраб кўринг, айтган ҳақини тўлайман.
– Юринг-чи.
Улар узун-қисқа бўлиб тағин вокзал ичкарисига киришди. Узун йўлак бўйлаб бироз юришгач, иккинчи қаватга кўтарилишди.
– Сизни ҳам овора қилиб қўйдим-а, Розияхон, узр, – деди Латиф хижолат чекиб.
Розия жилмайди.
– Йўловчилар қайғусини чекиш бурчимиз.
Улар қоп-қора дермантин қопланган эшик ёнида тўхташди.
– Мен ҳозир билиб чиқаман, – деди Розия шивирлаб. – Кутиб туринг.
– Хўп.
Жувон ичкари кириб кетди. Латиф ойнабанд пешайвондан туриб тунги шаҳар манзараларини томоша қила бошлади. Бироздан сўнг Розия хижолатланиб қайтиб чиқди.
– Узр, Латиф ака, бу киши эрталаб жўнарканлар. Агар соат саккизга етиб келсангиз, улов нақд.
Улар баб-баравар кулиб юборишди.
– Албатта етиб келаман, – деди Латиф кўнгил ғашлиги анча тарқаб, – ҳечқурса, сизни кўриб кетарман.
– Суюлманг. Энди шу ерда хайрлашайлик.
– Ҳозирча хайр.
– Хайр, яхши етиб олинг, кеннойимга салом денг.
Жувон Латифнинг орқасидан маъюс қараб қолди.

* * *

Икковлари ҳам қуюшқондан чиқиб кетишди. Ғанини ичириб, маст қилиб ташлайману билагузукни қўлга киритаман, дея режа тузган Амиранинг ўзи ҳам бир қултум-бир қултум ичавериб анча гандираклаб қолди. Бегона эркакка энди “режадан ташқари” осилиб, тирғала бошлади. Яхшиям Ғани табиатан ишқий саргузаштларни сира хушламайди. Шунинг учун ҳам аҳён-аҳёнда аёлни номигагина ўпиб, ўзини олиб қоча бошлади.
– Шу сўнггиси, – деди Ғани ўрнидан туриб дастурхон устидаги ичкиликдан қадаҳларга қуяркан. – Мен кетишим керак. Ишлар кўп.
– Йўқ, бугун ҳеч қаёққа бормайсиз, – деди Амира газак ўрнида қарсиллатиб олма чайнашга тушаркан.
Ғани аёлнинг суйкалишларидан бир амаллаб қутулиб, хона бўйлаб ўз уйидагидек кезина бошлади. Телевизор, видео аппаратларига бир-бир қўл тегизиб чиқди. Шу пайт жавон чеккасида ётган жажжигина диктофон унинг диққатини тортди.
– Бу нима? Магнитафонми? – дея таажжубланиб сўради Ғани, жажжи аппаратни қўлига олиб обдон кўз­дан кечираркан.
Амира шарақлаб кулди.
– Э, жиннимисиз, диктофон-ку бу.
– Жа-а ғалати экан-а, бунақасини ҳеч кўрмаганман.
– Японларники, – деди Амира диктафонни Ғанининг қўлидан олиб, – охирги модел, чўнтакка солиб қўйсанг, бас. Ўн метр радиусдаги тиқ этган товушни ҳам ёзиб олади. Бизнинг хўжайинга ўхшаш журналистлар учун-да бу.
Аёл яна ўз-ўзидан қаҳ-қаҳ отиб кулди. Ғани ҳам хохолаб жўр бўлди. Сўнг яна диктофонга суқланиб тикилди.
– Қойил. Жа-а, зўр нарса экан. Менга ҳам битта керак-да. Баъзи бир гап-сўзларни ёзиб олардим.
– Истасангиз, шу сизники, – деб шивирлади Амира эркакка суйкалиб.
Ғани бу нарсани ҳатто тилла билагузукдан ҳам қимматбаҳо деган хаёлга борди шекилли, баттар ҳай­рати ошди.
– Йўғ-е?! Қандай қилиб? Ахир эрингиздан балога қоласиз-ку?
– Қўяверинг, – нописанд ва мастона қўл силтади Амира, – яхшилаб ўшқириб берсам, сувга тушган мушукдек бўлади-қолади.
Аёл ўз гапидан ўзи нашъа қилибми, ё сархушлиги тобора ошибми яна ҳиринглаб кулди. Ғани икки кўзини диктофондан узмай кулгуга жўр бўлди.
– Раҳмат, Амирахон, қарзга қолмаймиз.
– Биламан, қарзга қолмайсиз, шунинг учун совға қиляпман-да, – деди Амира тантиғланиб, сўнг билагига тақилган тилла буюмга ишора қилди, – сиздан бугина.
Ғани диктофонга қўл узатди.
– Сиздан угина.
Иккови бир-бирининг пинжига суқилиб, қадаҳ чў­қиштириб ичишди.
– Қаранг, – деди Амира дастурхон устидан нимадир олиб оғзига соларкан. – Бунинг қандай ишлашини кўрсатаман сизга.
Аёл диктофоннинг аллақандай мурватларини бос­ди.
– Ишлаяпти, шекилли, – деб ғудранди Ғани, ғаро­йиботдан кўз узмай тураркан.
Амира диктофонни бепарво дастурхон устига қўйди.
– Ҳа, ишлаяпти. Қани, бироз ёзсин-чи, кейин эшитиб кўрамиз.
Шу пайт эшик қулфига калит солиниб шиқирлаб очилаётгани эшитилди.
– Во-ой, шўри-им! – деб қичқириб юборди Амира, ваҳима билан ирғиб тураркан. – Бу эрим! Қайтиб келди.
– А-а?! – Ғани таҳликада бақрайганича қотиб қолди.
Чиндан ҳам эшик очилиб, бўсағада Латиф пайдо бўлди. У хонадондаги аҳволдан бир зум гангиб тахтадай қотиб қолди. Тўкин дастурхон, ширакайф хотини ва унинг ёнидаги бегона эркак унга аччиқ бир ҳақиқатдан дарак бериб турарди.
– Ифлослар! – деб ғудранди у андак эс-ҳушини йиғиб. Сўнг беихтиёр эшикни қулфлаб калитини чўн­тагига солди.
– Латиф ака, акажон, – дея Амира гандираклаган кўйи эрига пешвоз юрди, – сизга ҳозир ҳаммасини тушунтираман.
Латиф ғазаб билан хотинини бир чеккага итариб юбориб, Ғани томон ташланди. Ғирт маст ҳолдаги Ғани буткул саросимада қолган эди. Шу сабаб енгил бир зарбадан қулаб тушди. Латиф жон ҳолатда ўзини унинг устига ташлади. Ғани рақиб чангалидан қутулиш илинжида зўр бериб типирчилар экан, ногоҳ дастурхон тузалган столни тепиб юборди. Кучли зарбадан идиш-товоқ, шишалар ерга тушиб, чил-чил синди. Ҳануз ишлаб турган диктофон ҳам ерга тушиб, диван остига юмалаб кетди.
– Башарангни қонга белайман, – деб бўкирди Латиф, рақибининг юз-кўзига тирноқ ботирар экан.
Ғани зўр бериб типирчилаган кўйи Латифнинг гоҳ биқинига, гоҳ кўксига мушт туширарди. Ҳирқираган, ҳансираган бўғиқ товуш бутун хонани тутиб кетди. Таҳлика ва ваҳимадан кўзлари катта-катта очилган Амира чинқириб юбормаслик учун қўллари билан оғзини беркитиб, бўғишиб ётган эркакларнинг гоҳ у ёнига, гоҳ бу ёнига ирғишлаб ўтарди.
Ғани устидан босиб тушган Латифни бир амаллаб итқитиб ташладию дастурхон устидан ерга тушган пичоқни қўлга олди.
– Чавақлаб ташлайман, сўтак!
– Ўзингни қўйдай бўғизлайман, ҳароми, – деб хириллади Латиф, бир интилиб шиша синиғини қўлига оларкан.
Сўнг шиша бўлагини ўқталиб рақибига ташланди. Шошиб қолган Ғани пичоқни сермаб отди. Аммо Латиф чап бериб қолди. Зарб билан отилган пичоқ Амиранинг нақ кўксига санчилди.
Жувон инграб йиқиларкан, аранг ғудранди:
– Ваҳ, единг-ку мени, Ғани…
– Амира?! – Латиф хотини томон интилди, – Амира!
У қип-қизил қонига беланган аёлнинг бошига энгашди. Амиранинг кўзлари сўнариб, сўнгги нафасини оларди. Лаҳза ўтмай унинг боши шилқ этиб осилиб қолди.
Кўзлари қўрқув ва ваҳимадан чақчайиб қолган Ғани ҳансираганча ўзини балконга урди. Қўшни хонадон томонга ўтишни чамалаб балкон тўсинидан оёқ оширди. Ногоҳ сирғалиб кетиб, пастга қулади. Ғанининг аянчли ўкириги тун бағрини тилиб ўтди. “А-а-а!”
Амиранинг жасади ёнида турган Латиф отилиб балконга чиқдию пастга аланглади. Бироқ кўзи ҳеч нарсани илғамай яна хонага ўқдай учиб кирди. Гангиган куйи ҳансираганча у ён-бу ён юринди. Ногоҳ миясида чақмоқдек чақнаган фикрдан ўзи ҳам қўрқиб кетди. “Тамом бўлдим, шўрим қуриди. Энди барибир мендан кўришади. Умрим қамоқда чирийдиган бўлди. Бас! Қочишим керак. Ҳозир оҳ-воҳ қилиб турадиган пайт эмас. Тезроқ даф бўлишим керак бу ердан”.
Латиф хотинининг жасадига ваҳима билан кўз ташладию, титроқ қўллари билан эшик қулфига калит солди.
Ғира-шира тонг оқариб кела бошлади. Кўп қаватли уйлар ўртасидаги майдончада Ғанининг лоши қонга беланиб чўзилиб ётарди. Теварагида орган ходимлари, изқуварлар ивирсиб туришибди. Улардан бири мурдани гоҳ у ёндан, гоҳ бу ёндан “шиғ-шиғ” суратга оларди. Шу атрофда яшовчилар бўлса керак, бир тўп одам ҳам воқеа жойида йиғилишган. Ҳаммаларининг юз-кўзларида қўрқув, ҳаяжон. Бир-бирларига ваҳимали пичирлашади. Кулранг сочлари ҳурпайган, қоқсуяк кампир изқувар Шербек Узоқовга кўрсатма берарди.
– Вот эта дом мой, шу ерда яшайман. Учинчи этаж балконига чеккани чиққандим. Вдруг, ҳув свет ёниб турган балкондан этот человек чинқириб тушиб кетди. Точно видела, худди ўша балкондан қулади.
– Балки бирортаси итариб юборгандир, – деди Шербек кампирнинг кўрсатмаларини дафтарига қайд қилиб оларкан, – мабодо эътибор бермадингизми?
Кампир лабига сигарет қистирган кўйи, бироз ўйланиб қолди. Сўнг кескин бош чайқади.
– Йў-ў… Помоему ҳеч ким итармади. Ўзи сирғалиб тушиб кетди. Ну… через какой-то минут бир йигит балконга югуриб чиқиб, вниз қаради, потом яна ғойиб бўлди.
Шербек Узоқов кампир ишора қилган тарафга тикилганича бир зум ўйланиб қолди. Сўнг ўша уй чеккасига қантарилиб қўйилган эски “Москвич”га эътибор берди. Давлат белгиси рақамларини ёзиб олди.
– Қани ўша хонадонга кириб чиқайлик-чи, – деди би­роздан сўнг шерикларига, – воқеа ойдинлашиб қолар.
Айни пайтда Кўкгумбаздаги қиморхонада ҳам ха­вотир-саросима кезиб юрарди. Қиморбозлар ал­ла­қачон тарқаб кетишган. Ачимсиқ тамаки ва спирт иси анқиб турган ҳужрада Абрай лочин тажанг қиёфада ўтирибди. Уйқусизликдан қизарган кўзлари чақчайиб гоҳ Набига, гоҳ Рустамга қадалади.
– Ўв, – деди Абрай лочин Набини оёғи учи билан туртиб, – Ғанидан дарак бўлмади-ю. Қачон келади энди?
– Икки-уч қўнғироқ қилдим. Негадир жавоб бермаяпти, – деди Наби ўнғайсизланиб.
Рустам ҳирқироқ товушда гапга аралашди.
– Жа-а қотиб ухлайдиган одати бор.
– Яна қўнғироқ қилинглар, – деб ўшқирди Абрай лочин.
– Хўп, хўп, хўжайин.
Айни шу пайтда Шербек бошчилигидаги орган ходимлари Латифнинг хонадонига кириб боришганди. Ҳаммаёқ тўзғин. Ўртада Амиранинг қонга беланган мурдаси чўзилиб ётибди. Кўксида қадалган пичоқ.Бу ерни ҳам ходимлардан бири “шиғ-шиғ” суратга ола кетди. Шербек синчковлик билан хоналарни кўздан кечира бошлади. Шу пайт стул суянчиғига ташлаб қўйилган костюм чўнтагида мобил телефон жиринглаб қолди. Шербек чаққонгина интилиб, кийим чўнтагидан лип-лип ёниб ўтаётган қайроқтошдек аппаратни топди. Сўнг эҳтиёткорлик билан қулоғига тутди.
– Алло-о, – деди у овозини андак ўзгартириб.
– Алло-о, Ғани. Ўзингмисан?
– Ҳа, – деб қўйди Шербек эҳтиёткорлик билан.
– Қаёққа йўқолиб қолдинг. Биз сени кутяпмиз. Мумиёни тезроқ опкел, хўжайин хит бўляпти. Ўв, нега сасинг чиқмай қолди. Нима бало, тағин ухлаб қолдингми?
Шербек “ҳа, эшитаман” дейишга энди оғиз жуфтлаган ҳам эдики, нариги тарафдан бошқа бир дағал товуш ўшқириб қолди.
– Алло, ўв, ит эмган. Мен – Лочинман, тезроқ қи­мирла, ортиқ кутишга тоқат йўқ, тушундингми?
– Тушундим, хўжайин, – деди Шербек овозини ўзгартириб.– Ярим соат ичида етиб бораман.
Алоқа узилди. Шербек ҳозиргина ўзи билан гап­лашган телефон рақамларига ўйчан тикилиб қолди.

* * *

Эрта тонг. Шаҳар чеккасидаги янги маҳалла ал­лақачон уйғониб тирикчилик куйига тушиб кетган. Кимдир ишга, кимдир ўқишга шошилади. Киракаш машинани данғиллама бир ҳовли дарвозаси ёнида тўхтатди. Ундан уст-боши тўзғин, безовта Латиф тушди. Данғиллама ҳовли дарвозаси ёнида болаларини мактабга кузатаётган аёл сергакланди. Болалар Латифни кўриб қувонч билан қийқиришиб, ирғишлай бошлашди.
– Ур-е, Латиф акам келдилар.
– Ойи, журналист амаким келдилар.
Латиф болаларни бир-бир қучиб, пешоналаридан ўпиб қўяркан, аёлга салом берди.
– Ассалому алайкум, кеннойи, яхшимисиз, уй ичилар тинчми…
Янга нохуш алик олди.
– Намунча каллаи саҳарлаб… игна еган итдек ҳаллослаб юрибсиз?
– Ўзим… – деб минғирлади Латиф хижолатомуз, – акам уйдаларми?
Янганинг юз-кўзида истеҳзо ўйнади.
– Уйдалар. Кеча аллақатдан бўкиб ичиб келган экан, ҳали ҳам чўчқадай сасиб ухлаб ётибди.
– Зарил бир ишим бор эди-да.
– Кираверинг-чи, – деди аёл истамайгина, ичкари томон юраркан, – мен ҳозир… уйғотаман.
Аммо ака аллақачон уйғоқ, даҳлизда газета ва­рақлаб ўтирарди. Хотини унга қуртдек эшилиб яқин­лашди:
– Вой, туринг. Анови қаламкаш укангиз Латифжон келди.
– Латифжон?! – деди эр сергакланиб, – эрталабдан нима қилиб юрибди экан.
Аёл зарда билан қўл силтади.
– Билмадим. Ўзидан сўрарсиз. Ана, келяпти. – У шундай деди-да, эри томон ўқрайиб тикилди. – Аммо лекин билиб қўйинг, қарз сўраб келган бўлса, бир ти­йин ҳам бермайсиз. Нима баҳона қилсангиз қилинг, мен билмайман.
– Хўп, асабийлашманг, – деди эр ўрнидан қўзғалар экан. – Ҳали ҳеч ким биздан пул сўрамади-ку.
– Сўрайди, мана кўрасиз, сўрайди. Авзойи жа-а бузуқ, бир балога йўлиққан у.
Даҳлиз эшигида Латиф кўринди.
– Ассалому алайкум, ака.
– Ваалайкум, Латифжон.
Акаси бўшашибгина унга пешвоз чиқди.

* * *

Ички ишлар идораси. Подполковник мундиридаги, юз-кўзидан қатъият ва жиддият ёғилиб турган аёлга Шербек Узоқов ҳисобот бермоқда.
– Манзура Ҳамидовна, дастлабки суриштирув ишларини якунладим.
– Хўш-ш?
– Ўша – дея гап бошлади изқувар олдидаги қо­ғозга кўз ташлаб-ташлаб, 210-уйнинг 45-хонадонида яшовчи аёл Муродова Амира ўша тун жазмани билан бўлган. Тўсатдан эри келиб қолган. Ўртада олишув бўлган. Оқибатда, аёл ўлдирилган, унинг жазмани пастга қулаган.
– Бунақа маълумотларни қаердан олдингиз?
– Сўраб-суриштирдим, Манзура Ҳамидовна. Ўша Амира деган аёл ҳалиги, пастга қулаган эркак билан анчадан бери алоқадор эканидан хабардор одамлар ҳам топила қолди. Улардан бири ўша тунда ҳалиги эркак…
– Ҳалиги эркакнинг шахси аниқланмадими? – дея дағал бир товушда сўради Манзура Ҳамидовна.
– Аниқланди, аниқланди, – деди Шербек шошилиб. – У, Мавлонов Абдуғани, шаҳарнинг Бешпан­жа кўчасида, 17-уйда яшаган. Тайинли касби йўқ. Қи­морбоз сифатида маҳалла куй яхшигина биларкан. Бундан ташқари бошқа қинғир ишлар билан шу­ғулланган. Мавлоновнинг фаолиятига оид менда яна бошқа муҳим маълумотлар бор. Манзура Ҳамидовна, рухсат берсангиз, у ҳақда кейин бафуржа гаплашсак.
– Яхши… биринчи масалага қайтинг.
Шербек бироз қоғоз титкилаб тургач, ҳисоботда давом этди.
– Хў-ўш… Ҳа, Абдуғанининг кириб кетганини кўр­ганлар бор, кейин… Соат тунги бирлар чамаси уй эгаси, яъни ўша аёлнинг эри таксида қайтиб келганини кўрган гувоҳлар бор.
– Об-бо, бу шоввоз қўшнилар-е, – деб кинояли кулди подполковник аёл, – ҳаммасидан хабардор-а. Балки қотиллик қандай юз берганини ҳам кузатиб туришгандир?
– Афсуски, бу ёғига ҳамма жим. Аммо суриштирув-текширув давом этаяпти, Манзура Ҳамидовна.
– Раҳмат, Шербекжон, яхши ишлабсиз, – деди подволковник аёл бироз чеҳраси ёришиб. – Хўш, ўзингиз шу воқеа юзасидан қандай фикрга келдингиз?
Изқувар йигит устма-уст томоқ қириб олди.
– Менимча… менимча, чиндан ҳам эри келиб қолган. У рашк, нафратдан ўзини тутолмай аввал хотинини пичоқлаган, сўнг эркакни пастга улоқтирган…
Подполковник Манзура Ҳамидовна шарақлаб ку­­либ юборди. Бу кулгуда озгина истеҳзо, озгина ка­лон­димоғлик ва яна озгина оқилалик силқиб турарди.
– Ҳали ёшсиз-да, Шербекжон, ҳали ёшсиз, – деди аёл ўзини кулгудан аранг тийиб, – кўпроқ ўз кайфиятингиздан келиб чиқиб фикрлайсиз.
Шербек Узоқов хижолатланди.
– Нега энди? Бу… бу ҳали тахмин.
– Ука, бу тахминингиз нотўғри, – деди Манзура Ҳамидовна, столни оҳиста чертганича кабинетнинг бир бурчагига маъюс тикилиб қоларкан. – Буни… буни менга аёллик юрагим айтиб турибди. – У узун тин олиб хўрсинди. – Отеллолар замони аллақачон ўтиб кетган, шекилли. Ҳозирги кунда рашк туфайли, севги туфайли бировни бўғизлаб қўядиган эркакни ҳеч тасаввур этолмаяпман.
Шербек бошлиқ аёлнинг кайфиятидан саросималаниб қолди.
Айни пайтда тунги воқеаларнинг яккаю ягона тирик гувоҳи, шаҳар чеккасидаги янги маҳаллада, ўз акаси Лазизжонга ҳамма-ҳаммасини бутун тафсилоти билан айтиб берарди.
– Мана шунақа гаплар, ака, – деди Латиф чуқур хўрсиниб, – кутилмаган балога йўлиқдим. Энди ҳам­маси менинг бўйнимга қўйилади, шекилли. Ҳой­наҳой, бутун милиция оёққа туриб мени излаб юриш­гандир.
Лазизжон асабий ўрнидан туриб, у ён-бу ён юра бошлади.
– Об-бо-о, ишкал бўпти-ку, а, об-бо…
– Роса бошим қотди, ака, – деди Латиф ёш боладай жовдираб. – Бир-икки кун сизларникида туриб, сўнг Россия томонларга қочиб кетсаммикин-а?
Эшик орқасида гап пойлаб турган янгаси безовталаниб, маънодор томоқ қирди. Лазизжон сергакланиб ташқарига чиқди.
– Ҳа, нима гап? – деди у асабий шивирлаб.
Аёл эрига дарғазаб тикилди.
 – Укангизни йўқотинг бу ердан! Роса расво бў­либди-ю, ўзимиз ҳам балога қоламиз. Алдаб-сулдаб жўнатиб юборинг.
– Қизиқмисиз, ойиси, ўз укамни қанақа қилиб кўчага ҳайдайман. Жигарим-а?!
– Ўв, меҳрибон эр, – деди аёл қўлларини пахса қилиб. – Укангиз жигар бўлса, биз юрагингиз. Бизни ўйламайсизми? Йўқ, дарров ҳал қилинг! Гап тамом.

* * *

Подполковник Манзура Ҳамидовна хона бўйлаб у ён-бу ён юрина бошлади. Шербек Узоқов ўтирган жо­йида унга кўз қирини ташлаб қўярди.
– Шербекжон, – деди аёл жўшқин бир кайфиятда, – яна бу маълумотингиз ҳам диққатга сазовор. Адашмасак, яна бир жиноятнинг думидан тутдик. Қани, шошилмасдан яна бир такрорланг-чи.
– Қотиллик содир бўлган хонадонда Мавлонов Абдуғанига тегишли костюм топилди. Бир пайт унинг чўнтагидаги мобил телефон жиринглаб қолди.
– Демак, – деди Манзура Ҳамидовна изқуварга қатъий тикилиб, – алоқага чиққан рақамни аниқ эслаб қолдингиз-а?
– Албатта, ҳатто ёзиб қўйибман.
– Хўш, кейин-чи, давом этинг.
– Хуллас, – деди Шербек фикрларини жамлаб. – Бир хириллоқ товуш Ғани, мумиёни тезроқ келтир, хўжайин хит бўляпти, деди. Шу пайт, афтидан кимдир телефонни юлқиб олди. Ғанини боплаб сўкди, ўзини… ўзини Лочин деб атади.
– Лочин? Наҳотки бу Абрай ака бўлса?!
– Нега ажабланяпсиз, Манзура Ҳамидовна? Қиморбоз одамдан ҳар бало кутса бўлади. Нима, қора дори савдосидан ҳазар қилади деб ўйлайсизми?
– Гапингиз рост, Шербек. Лекин негадир ишонгим келмаяпти. Тўғри, Абрай лочин қиморбоз, майда безори сифатида ҳисобимизда туради. Қонун-тартибга ҳам панжа орқасидан қарайдиганлар хилидан. Лекин шу пайтгача ҳеч бир жиддий сабаб билан қўлимизга тушмаган. Биласизми, Шербек, шу одамда аллақандай донолик бордай назаримда, – Манзура Ҳамидовна енгил кулди. – Гапнинг очиғи-да, Шербек. Болаларининг ҳаммаси ўқимишли, зиёли.
– Доно деманг-а, садқаи ақл кетсин унга, – деди ёш изқувар бироз қизишиб, – шунчаки айёр тулки у.
Подполковник ўйчанлик билан стол қиррасини черта бошлади.
– Балки… балки… Одамнинг оласи ичида. Демак гап бундай, – Манзура Ҳамидовна яна жўшқинлик билан ўрнидан туриб кетди. – Телефон рақами эгасини аниқлаб уни кузатинглар. Хў-ўш… Ғани ўлди, уларнинг режаси бузилди. Демак энди типирчилиб қолишади. Қандай қилиб бўлса ҳам анави “мўмиё” аталмиш товарни топишга ҳаракат қилишади. Ғанининг уйига, қотиллик юз берган хонадонга кузатув қўйинглар.
– Хўп, Манзура Ҳамидовна, – деди Шербек, стол устидан қоғозларини йиғиштириб оларкан, – ҳам­ма­сини бажарамиз.
– Тунги воқеа билан яна бир бор жиддий шу­ғул­ланинг. Қочоқ эрни топинглар, Шербек, ўзингиз ўша хонадонни тағин яхшилаб кўздан кечиринг. Зора жиноят излари ойдинлашса…
Шербек тағин “хўп-хўп”лаб кабинетдан чиқиб кетди.
Айни пайтда Латиф ҳам бўшашган, дили хуфтон бўлган бир аҳволда акасининг ҳовлисидан чиққан эди. Лазизжон минг бир хижолатга тушган кўйи уни кузатиб қўярди.
– Латифжон, ука, яхшиси ўзинг мелисахонага бор. Ҳаммасини ҳовлиқмай тушунтир. Улар ҳам одам, дардингни эшитиб, тушунишар. Ҳақиқат барибир қарор топади-ку, тўғрими?
– Ака, – деди Латиф аллақаерларга паришон тикиларкан, – қойил қолмадим сизга, қанча-қанча танишларингиз, дўстларингиз бор. Наҳотки, шу ишни босди-босди қилиб беролмасангиз?
Лазиз укасининг елкасига қўл ташлади.
– Латиф, тўғриси, бу машмашани бировга айтсам ғирт кулгуга қоламан. Ҳозирча дамимиз чиқмасин. Қолаверса… гап кўпайган жойда харажат ҳам кўпаяди.
– Чиқимга тобим йўқ, деб қўя қолинг чайналмай, – деди Латиф истеҳзоли илжайиб.
Ака бош қашлаб ўйланиб қолди. Аразлаган Латиф хайр-хўшни ҳам насия қилиб кета бошлади. Афтидан, калласига тузукроқ фикр келди шекилли, бир пайт Лазизжон кўзлари чақнаб укасини чақирди.
– Латиф! Шошма! Тўхта, бир гап бор.
Латиф лўкиллаганича етиб олган акасига маъюс, саволчан тикилди.
– Шаҳарга қайтгин-у, Абрай лочинга учраш, – деди Лазизжон.
– Анови қиморбозгами?! Каллангиз жойидами, ака, унга нима дейман?
Лазиз яна укасининг елкасига қўл ташлади.
– Биласан-ку, у Носир тоғамизнинг энг яқин дўсти бўлган. Ўзингни таништир. Маслаҳат сўра.
Латиф тараддудланиб қолди. Чўкаётган чўпга ҳам ёпишади-да, деганларидек, у ҳам бир илинж, бир нажот ахтарарди.
– Бўпти, кўрамиз, – дея тўнғиллади у яна йўлидан давом этаркан.
Лазиз унинг ортидан қичқириб қолди.
– Кейин менга қўнғироқ қил, хўп? Кутаман-а.
Ука ортига қарамади.

* * *

Тунда содир бўлган воқеа Шербек Узоқовнинг қотиллик билан боғлиқ илк жиддий иши эди. Шунинг учун ёш изқувар бироз ҳадик ва ҳаяжон билан ҳаракат қиларди. Бор билимини, иқтидорини ишга соларди. Эрталаб унга яна омад кулиб боқди. Шербек қотиллик содир бўлган хонадонни обдон, пухта кўздан кечираркан, олишув пайти диван остига юмалаб кетган диктофонни топиб олди. Шербек топилдиқни авайлабгина чарм папкасига солдию, воқеа жойидан хуш кайфият билан қайтди. Галдаги вазифа Бешпанжа кўчасидаги 17-уйга бориш эди. Ёш изқувар тун бўйи югуриб-елиб хийла толиққан бўлса-да, ишни пайсалга солмаслик учун дарҳол йўлга чиқди.
Шаҳарда янги кун бошланган. Кўчалар серқатнов, сершовқин. Йўлаклар, бекатлар одамлар билан гавжум.
Шербек кўзлаган манзилини қийналиб топиб келди. Бўёқлари унниқиб кетган, кўримсизгина дарвоза ёнида оёқ илди. Уст-бошини бироз тартибга олгач, теваракка енгил бир кўз ташладию, дарвоза қўнғироғини босди. Кўп ўтмай, ичкаридан қадам товушлари эшитилиб, бироздан сўнг, юз-кўзларида ҳорғинлик, маъюслик акс этган аёл эшикни қия очди. Бу ҳозиргина тунги навбатчиликдан қайтган, темир йўл вокзали ходимаси Розия эди.
– Кечирасиз. – деди Шербек енгил салом-алик қилгач, – Мавлонов Абдуғанининг уйи шуми?
– Ҳа, шу, – деди Розия ҳорғин бир товушда.
Ёш изқувар хизмат гувоҳномасини кўрсатди.
– Кирсам бўладими?
Розия тундлик билан индамай Шербекни ичкарига бошлади.
Айни пайтда Латиф Абрай лочиннинг шинам, сер­ҳашам меҳмонхонасида қунишибгина ўтирарди. Ўр­тада нозу неъматларга тўла дастурхон ёзилган хонтахта. Абрай лочин ёстиққа ёнбошлаган кўйи йигитнинг дард-ҳасратини мудраб тинглар экан, уйқусизликдан қизарган кўзлари баттар қизариб кетгандай бўлди.
– Менга қара, оғайни, – деди у бир сўлиш оларкан, – Носирбекнинг жияни эканингни эшитиб ич-ичимдан қувонгандим. Лекин машмашангни эшитиб ҳафсалам пир бўлди. Тоғангга тортмабсан, ўв, бола. Жуда-жуда хафа қилдинг мени. Ўша исқирт ўйнашларни ўзинг чавақлаб ташлашинг керак эди. Раз воқеа бунақа бў­либдими, демак икковингни ҳам мен ўлдирдим, деб мелисахонага ўзинг кириб боришинг керак эди. Ор-номусли эркаклар шундай қилади, жиян, тушундингми?
– Тушундим, – деб аранг ғудранди Латиф.
Абрай лочин пиёладаги чойдан босиб-босиб ҳўп­лади:
– Хотинингни қинғир юришини илгари ҳеч сезмаганмидинг?
– Йўқ, – деб юборди Латиф шоша-пиша, товуши алланечук илтижоли, шикаста чиқди.– Ўлай агар илгари пайқаганим йўқ.
Абрай лочин истеҳзоли илжайиб бош чайқади.
– Ёлғон, ўз аёлининг қинғир қадами тугул, қинғир хаёлини сезмаган эркак эркакмас! Сен бир умр ўз-ўзингни алдаб келгансан, сўтак.
Латиф гўё аччиқ ҳақиқатни тан олаётгандек, ердан кўз узмай, терга ботган кўйи жим қотди.
– Сен бола, – деди қиморбоз қўлини бигиз қилиб, – ё хотинингдан, ё ўша эркакдан тилинг қисиқ.
– Йўқ, ёлғон, йўқ, ҳаммаси тасодиф.
– Энди яхшиликча туёғингни шиқиллатиб қол. Сенсиз ҳам ташвишларим ошиб-тошиб ётибди.
Шу чоғ хонтахта устида ётган мобил телефон жиринглаб қолди. Латиф орқасига тисарила-тисарила, тавозеълар билан хонадан чиқиб кетди.
Аммо айни чоғда Шербек ҳануз Бешпанжа кў­ча­сидаги 17-уйда эди. У Розия билан гаплашиб ўти­рарди.
– Хуллас, – деди ёш изқувар чуқур тин олиб, – шунақа гаплар, Розияхон. Ўша эркак сизнинг эрингиз, – Мавлонов Абдуғани экан.
Розия кўзларини бир нуқтага тикиб, худди эси оғиб қолгандай нафрат билан пичирлади:
– Итга ит ўлими. Охири, қарғишларим бошини еб­ди-да.
– Нега, эрингизни шунчалар ёмон кўрармидингиз? – деб сўради изқувар Узоқов эҳтиёткорлик билан.
Розия аввал товушсиз, сўнг ҳиқ-ҳиқ йиғлай бошлади. Шербек ўнғайсизланиб ўрнидан қўзғалди.
– Узр, Розияхон, билмай ярангизни тирнаб қўйдим шекилли. Лекин барибир баъзи бир расмиятчилик­ларни қилиб қўйишимиз шарт. Сиз эртага вақт топиб идорамизга ўтинг. Мурдани таниб-тасдиқлаб, керакли қоғозларга имзо чекишингиз зарур. Қолган масалаларни кейин гаплашамиз.
Розия столга бош қўйганича ўкраб-ўкраб йиғлашга тушди. Шербек бир зум унга ачинганича тикилиб туриб чиқиб кетди.

* * *

Ўша серҳашам меҳмонхона. Ноз-неъматлар билан безатилган хонтахта ёнида Абрай лочин, Наби ва Рустам дон талашган жўжахўрозлардек ҳурпайиб ўти­ришарди. Ҳар учовининг ҳам юз-кўзларида ташвиш.
– Йўғ-е, балки янглиш эшитгандирсизлар? – деди Абрай лочин, йигитларга бир-бир кўз ташлаб.
– Аниқ, хўжайин, – деди Наби бош ирғаб – Ишонч­ли маълумотлар олдик. Ўша маҳаллада дув-дув гап. Ғанининг мурдасини таниган бир-икки оғайниларини ҳам кўрдик. Узунқулоқ гапларга қараганда, Ғанини ўша қанжиқ аёлнинг эри балкондан улоқтирган.
Набининг гапларини паришон эшитиб турган Аб­рай лочин сергакланди, неларнидир хаёлидан ўт­ка­зиб, сўнг истеҳзоли илжайган кўйи бош чайқади.
– Нега куляпсиз, хўжайин? – деб сўради Рустам ажабсиниб.
– Э, шунчаки, – деб бепарво қўл силтади Абрай лочин. – Ғанини ўйнашининг эри улоқтиргани ёлғон. Боягина ўша эрни шу ердан қувиб чиқардим.
Наби ва Рустам таажжуб билан кўз уриштириб олишди.
– Тушунмадик, Абрай ака, – деди ботинолмайгина Рустам. – У бу ерда нима қилиб юрибди.
Абрай лочин яна енгил қўл силтади.
– Э, аҳамияти йўқ. Ҳали бафуржа айтиб бераман. Ҳозир ишдан гаплашайлик, ишдан.
– Энди нима қилдик? – Ҳар учовининг афт-ан­горига яна ташвиш, ҳадик оралади. – Ғани-ку ўлиб қутулиб кетди. Энди анови падар лаънати товарни қаердан топамиз? Сибирлик меҳмонларга нима деймиз?
– Сибирликлар келишув бўйича яна икки кун кутади, – деб тўнғиллади Наби.
Абрай лочин ўйчан бир алфозда ияк қашлади.
– Шу… меҳмонлардан узр сўраб, совға-саломлар билан жўнатиб юборсак-чи? Нима зарил ортиқча бош оғриғи?
– Соддалик қилманг, хўжайин, – деди Наби бош чайқаб. – Бунақа ишда узр-пузр кетмайди. Ўзингиз яхши биласиз-ку?! Катта балога йўлиқамиз. Бунинг оти­ни международний разбор дейишади, хўжайин.
Абрай лочин асабий тарзда бош чангаллаб, уф тортиб юборди.
Айни чоғда изқувар Шербек Узоқов ишлари юришаётганидан хурсанд кайфиятда эди. Айниқса қо­тиллик юз берган хонадондан топиб олинган диктофон кўп нарсага ойдинлик киритди.
Мана, бошлиғи Манзура Ҳамидовна билан диктофонга ёзилиб қолган гап-сўзларни, шовқин-суронни яна бир карра эшитиб кўришди.
– Хўш, ўртоқ катта лейтенант, бунга нима дейсиз энди? – деб сўради подполковник аёл шўхчан кўз ташлаб. Афтидан, ишнинг бу қадар тиниқлашиши уни ҳам қувонтириб юборганди.
– Манзура Ҳамидовна, диктофондаги ёзувларни ўзим ҳам уч-тўрт қайта эшитдим. Менимча, – Шербек елка қисиб, лаб буриштирди, – менимча, бу топилдиқ қидирувдаги эрнинг айбсизлигини тасдиқлайди. Албатта… текширувда давом этамиз ҳали.
Манзура Ҳамидовна одатдаги жўшқинлик билан ўрнидан туриб кетди.
– Давом этинг. Энг муҳими, аввал ўша қочоқ эрни топиб сўроқ қилиб кўриш керак. Кўрсатмаларини диктофондаги ёзувга таққосланг. Ўшанда ҳақиқат ойдинлашади.
– Тушундим, – деди Шербек ўрнидан қўзғалиб. – Ҳаммасини айтганингиздай қиламан.
Аммо бу орада Абрай лочиннинг меҳмонхонасидан ҳеч ким қўзғалмади. Уч ҳамтовоқ уч жойда азадор одамлардай буришиб ўтиришарди.
Абрай лочин туйқус қўлларини Набига бигиз қилиб ўшқира кетди.
– Сен мени шу ифлос ишга аралаштирдинг! Тинчгина қиморимни ўйнаб хуморимни босиб юргандим-а! Ҳаммасига айбдор сен, сен!
– Хўжайин, ахир Ғани биздан бир дунё қарз эди-ку? Бир йилдан бери тўлаёлмай юрганди. Ўзингиз қандай қилиб бўлсаям қарзини ундиринглар, деб бизни тезладингиз-ку! Кейин Ғани қора дори ҳақида гап очди. Хоҳлаганларингча топиб бераман, деди.
Рустам ҳам шоша-пиша Набини қўллаб-қув­ват­лашга киришди.
– Устига-устак анови сибирликлар лоп этиб оё­ғи­миз остидан чиқиб қолди. Фурсатни бой бермайлик, дедим-да, хўжайин.
– Билмадим… билмадим, – деб ғудранди Абрай лочин, гоҳ у ёнига, гоҳ бу ёнига ёнбошлаб. – Энди қандай қилиб бўлса ҳам бу балони даф қилинглар. Сибирликларга ваъда қилинган нарсани қай гўрдан бўлсаям топинглар. Шу бизга сабоқ бўлсин. Бошқа бунақа номаъқул ишга қўл урмайлик.
Наби ўйчанлик билан деди:
– Бир амаллаб Ғанининг ҳовлисига киришимиз керак. Ўшанақа молларни яшириб қўядиган бир-икки жойини биламан, балки топиб олармиз.
– Билмадим… билмадим, – дея бош чангаллади Абрай лочин. – Қай гўрдан бўлсаям топинглар, гап тамом.
Наби ва Рустам ўзаро кўз уриштириб, ўринларидан туришди.

* * *

Тун. Шаҳар қорамойга беланган улкан чироққа ўх­шайди. Ҳамма ёқ қоп-қора. Унинг қисматидек қоп-қора. Унинг бахтидек қоп-қора. Латиф чекка қаҳ­ва­хоналарнинг бирида андак тамадди қилиб чиққан бўлди. Лекин иштаҳаси ғиппа бўғилган эди. Кўнгли худди ташқаридек қоп-қоронғу, худди кўча чироқларидек хира. Қулоқлари остида ҳануз Абрай лочиннинг шафқатсиз танбеҳлари жаранглаб турарди: “Тоғангга тортмабсан, ўв, бола! Ўзинг мен ўлдирдим деб боришинг керак эди, ўзинг…”
Латиф қаҳвахонадан чиққач, дарахтлар қуюқ ўс­ган бино панасида анча пайт туриб қолди. У қаён бош олиб кетишини, қаерга яширинишини билмасди. Гўё уни минг-мингта кўз, минг-мингта нигоҳ кузатиб тургандек, ёруғликка чиқса, қидириб юрганлар дарҳол топиб оладигандек туюларди.
Катта кўчада чинқириб келаётган машиналар қат­нови бир зум ҳам узилмайди. Кечиккан-ичиккан йў­ловчилар шарпадек ўтиб-қайтишади. Баланд-паст имо­ратлар алланечук сирли, ваҳимали туюлади.
Баҳайбат қўнғир айиқдек итни етаклаб, сайр қилдириб юрган кампир тўппа-тўғри Латиф томон бос­тириб кела бошлади. Йигит довдирай-довдирай йўлак бўйлаб юриб кетди. Дарахтлар ичида ўралашиб қолган ит томон қўрқа-писа кўз ташлаб қўйди.
Латиф хотинининг нега бундай бузуқ йўлга кирганини ҳеч тушунолмасди. Назарида бунга ҳеч бир сабаб йўқдек туюларди. Ахир муносабатлари илиқ, рўзғорлари бут эди. Баъзи бир эрларга ўхшаб, хотинини сиқувга олмасди, тергамасди. Ўртада ишонч бўлиши керак деган ақидага амал қиларди. Амира мисоли эркин қуш эди. Балки хатоси айнан шунда бўлгандир? Хотинини қаттиқ назоратда ушлаш керак бўлгандир. Йўқ, йўқ, Латиф ундай қилолмасди. Бу ўзини замонавий, зиёли эркак санаган одамга тўғри келмайди. Агар минг бор қаттиққўл бўлса-да, минг бор назорат қилса-да, бузуқликни истаган аёл барибир ниятига етмай қўймайди.
Демак… демак, Амира аввал бошида енгилтак бўлган! Демак, у анчадан бери эрининг кўзига чўп суқиб келган! Жуфти ҳалолининг муҳаббатига, ишончига шундай хиёнат билан жавоб берган у!
Латиф изтиробли хаёллар оғушида беихтиёр инг­раб юборди. Қўлларини мушт қилиб бошига нуқиди. Шундоққина ёнгинасидан ўтиб кетаётган йўловчи шоша-пиша ўзини четга тортди. Димоғида ғудраниб алланима дея сўкинган бўлди. Бироқ Латиф унга эътибор бермади. Мастдек гандираклаб йўлидан давом этди.

* * *

Розиянинг бир пайтлар орзулари осмон эди. Бир гапириб ўн куладиган, ерга урса осмонга сапчийдиган қизлар хилидан эди. Алоқа коллежини битирди-ю, институтга киришга улгурмади. Эрга тегди! Коллеж яқинида дўкон очиб олган йигит билан севишиб, аҳду паймон қилишиб, хуллас, бу ёғини тезлаштириб юборишди. Рауф яхши йигит эди. Кўнгли бўш, қўли очиқ. Лекин онаси… яъни Розиянинг қайнонаси аждаҳодан нари-бери экан! Келинини ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ деявериб жонидан тўйғазди. Кўз очиргани қўймади. Устига-устак, ўртага бефарзандлик муаммоси чиқди. Турмуш қуришганига уч йил тўлди-ю, бироқ Розия оналик бахтига муяссар бўла олмади. Улар бориб учрашмаган на врач, на табиб қолди. Не бир дуохону фолбинларга дуч бўлмади дейсиз. Лекин барчаси бефойда. Қайнонасининг қаҳри эса кундан кунга ортарди. Ўртада Рауф шўрлик қийналиб кетди. Хотинини эплаб ҳимоя қилаолмади. Охир-оқибат онасига таслим бўлди. Хотини билан ажрашди. Розия дунёда севги-муҳаббат бор, у ҳамма нарсага қодир, ҳар қандай машаққатларни енгиб ўтади, дея ишонарди. Лекин тақдир аёлнинг содда ишончлари устидан кулди. Шу-шу Розия бироз одамови, жиддий ва серзарда бўлиб қолди. У онасиникига қайтиб келгач, темир йўл вокзалида ишлай бошлади. Ўша адашиб-улоқиб кетган бахтининг йўлига кўз тикди. Орадан бир йил ўтди. Шу орада бир-икки сўққабош эркаклар совчи қўйган бўлишди. Лекин Розия қатъий рад этди. Онаси лаб тишлаб, ерга қаради. У қизининг яна оила қуришини, бахтли, ували-жували бўлиб кетишини истарди. Лекин буни ошкора айтишга ийманар, қизининг онам уйга сиғдирмаяпти, деган хаёлга боришидан чўчир эди. Шу тахлит орадан яна бир йил ўтди. Розия ишдан ҳориб-чарчаб, паришон келган кунларнинг бирида, онаси, оҳиста гап бошлади.
– Қизим, амакингнинг ҳалиги дўстидан яна совчи келди.
Истар-истамас чой ҳўплаб ўтирган Розия норози чимирилди.
– Қанақа дўсти?
– Айтим-ку, Бешпанжа маҳалласида турадиган, Абдуғани…
– Ойижон, – дея гапни бўлди Розия, – қўйинг ўшани.
– Нега энди, жон қизим, туппа-тузук экан-ку?! Топиш-тутиши ҳам ёмонмаскан қизим, сендан атиги ўн беш ёш катта экан, холос.
– Атиги эмиш, – деб истеҳзоли кулди Розия.
– Гап ёшда эмас-ку, жон қизим. Эркакнинг ёши улуғроғи тузук, қадрингга етади. Устига-устак, у бечора ҳам тақдиридан куйган экан. Хотини икки нафар гўдаги билан автобус ҳалокатида нобуд бўлган эмиш.

– Ойижон, – деди Розия бир чеккага маъюс тикилиб, – кўп куйинманг, хўп, мен рози. Биламан, эримдан ажралиб келиб, сизларни иснодга қўйдим. Начора, у шўрлик ҳам уч йил фарзанд кутди. Мен… мен умидларини пучга чиқардим.
– Қизим, – онаси изтироб билан интилиб, Розиянинг елкасидан қучган бўлди, – унақа гапларни қўй, асалим. Қанақа иснод, нималар деяпсан. Тақдиринг шунчалар экан, ноилож. Жон қизим.
Онанинг ҳам, Розиянинг ҳам кўзлари жиққа ёшга тўлди.
– Ойижон, рост айтаяпман, мен рози. Мен туғмас аёлга эр танлашни ким қўйибди. Ойижон, ўлсам ҳам энди бундан ажралишмайман.
Эртаси куни Розия бўлажак эр билан учрашди. Ўша кунлари қиморда бир-икки қўли баланд келган Ғани бир соатлик халифа эди. Розияга саховат ва меҳр кўрсатган бўлди. Шаҳар айлантирди.
Ғоят серҳашам ресторанга олиб кирди. Хуллас, аёлнинг кўнглида илиқ ҳислар уйғотди. Орадан бир ойча ўтиб, кичкинагина тўй қилган бўлишди. Никоҳ ўқитишди. Кўз очиб юмгунча Розия Ғанининг хотинига айланди-қолди. Аввал бошида турмушлари ёмон кечмади. Муносабатлар ширингина эди. Рўзғор тўкин. Розия эрта кетиб, кеч қайтадиган эрини ортиқ тергамас, нималар билан машғуллигини сўраб-суриштирмасди. Ғанининг учига чиққан қиморбоз, такасалтанг эканини билганида анча кеч бўлганди. Бир куни Розия уйида, рўзғор юмушлари билан андармон бўлиб турганида эри кириб келди. Оғзи қулоғида, кўзи сузук. Димоғида хиргойи. Розия енгилгина салом-алик қилган бўлди.
– Жиз-пизингдан опкел, хотин, – деди Ғани ўзини кўрпача устига ташлаб. – Шошиляпман, кетишим керак.
Розия хонтахта устига дастурхон ёзди. Эри негадир ғалати бир тарзда сузилиб, уни жирканганнамо кузатиб турарди.
– Намунча тикиласиз, – деди Розия ўнғайсизланиб. – Яна бўкиб ичибсиз-а?
Ғани ўшшайди.
– Йў-ўқ, адашдингиз, хоним, бу сафар бўкмай чекдим, – у чўнтагидан қоғозга ўроғлик нарса чиқарди. – Мана, истасангиз сиз ҳам татиб кўринг, жонгинам.
– Раҳмат, ўзингизга буюрсин. Мен унақа нарсалардан ҳазар қиламан.
Ғани артистларча қаҳ-қаҳ отиб кулган бўлди.
– Ҳазар қилармишлар, мисоли фаришта бу бизнинг ойимча. Ўвв, бу ҳалол нарса, ҳалол пулимга олганман. Мана, мана!
Эр гоҳ у чўнтагидан, гоҳ бу чўнтагидан пул чи­қариб, хонтахта устига уйиб қўйди. Сўнг қўлларини пахса қилиб ўшқира кетди.
– Истаганимча дори олиб чекаман, истаганимча ароқ ичаман, маишат қиламан. Керак бўлса, бутун шаҳарни сотиб оламан, билиб қўй, бутун шаҳарни. Мени Ғани бойвачча дейдилар. Қиморнинг хўрозиман.
– Лекин ҳеч қачон бахт сотиб ололмайсиз.
Ғани яна қаҳ-қаҳ отиб кулган бўлди.
– Оҳ-о-о, нақадар гўзал сўзлар. Бахт, севги. Ўв-в! – деб бўкирди эр ногоҳ жиддий ва қаҳрли тусга кириб. – Ўв-в! Сен менга фалсафа сўққинча туғишни ўйла, туғишни. Бир йилдан бери кўзимиз тўрт-ку. Ойимча. Бор, чой-пойингни опкел. Э, ўргилдим сендақа қисир файласуфдан. Шошиляпман.
Розия аранг ошхонага етиб борди. Томоғига қаттиқ данакдек қадалиб турган хўрлик туйқус ташқарига оти­либ чиқди. У баралла ҳўнграб йиғлаб юборди.
Бу ҳақоратлар ҳам ҳолва экан! Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас унинг шаънини, муқаддас туйғуларини ерпарчин қилган мудҳиш воқеа содир бўлиб ўтди. Бу кулфат қандай бошланганини кейинчалик Розия бир танишидан эшитди.
Кўкгумбаздаги қиморхона одатдагидек гавжум. Ҳужрада айқаш-уйқаш бўлиб ётган қиморбозлар бутун диққатни ўртага қаратган. Кимдир узала чўзилган, кимдир чўкка тушган. Ўртада пул, тоғдай уюлиб турибди. Маст-аласт Ғани терлаб кетган. Бит кўзлари теваракка тез-тез ташвиш-таҳлика билан аланглайди.
– Ғани ака, мард бўлинг, – деди Наби эрмакка қарта чийлар экан, – мана, тўрт хонали уйингизни ҳам ютқаздингиз.
Даврадагилар хо-холаб кулишди.
Ғани шишадан тўкиб-сочиб ароқ қуйиб ичди.
– Мен мардман, авваллари қандай ютган бўлсам, энди шундай ютқаздим. Ҳозир яна ютаман, иншооллоҳ. Қани, суз.
– Ўв-в, чиранчиқ, – деб қад ростлади Абрай лочин. – Энди битингни тикиб ўйнайсанми? Бор-будингни бой бериб бўлдинг-ку?!
– Ҳовлимни тикаман, – деб мастона ғудранди Ғани.
– Ҳовлингни?! – деб қийқириб юборди Рустам. – У қанақасига сенинг ҳовлинг. Кимники эканини биламиз.
Абрай лочин таҳдид билан Ғанига ўқрайди.
– Фақат ўзингнинг нарсангни тик. Бировларнинг мулкини аралаштирма, жанжалга тобим йўқ.
Ғани яна ароқ қуйиб ичди. Бурун катаклари пир-пир учаркан, кўзлари ғазаб билан ёнди.
– Хотинимни тикаман.
– Хотинингни?! – беихтиёр қичқириб юборди Наби.
Даврадагилар ҳангу манг қотди. Чунки Кўкгумбаз қиморхонасида ҳали ҳеч бунақаси бўлмаганди. Орага бир зум таҳликали жимлик инди.
Ғани яна тўкиб-сочиб пиёласига ароқ қуйди.
– Ҳа, хотинимни тикдим.
– Ўв, сўтак, – деди Абрай лочин ғазаб билан унинг ёқасидан оларкан, – ҳазилингни йиғиштир. Бу ер минг ўйлаб бир гапирадиган жой.
Ғани Абрай лочиннинг чангалидан бир амаллаб қутуларкан, мастона ғудранди.
– Гапим гап. Туғмас хотин қиморга ярамаса нимага ярайди. – У ўз гапидан ўзи нашъаланиб кулди. – Қани, қартани сузинглар.
Ўша тун Розия алламаҳалгача телевизор томоша қилиб ўтирди. Негадир ҳеч уйқуси келмасди. Кўнгли ҳами­шагидек зим-зиё. У эринибгина кийимларини алмаштириб, кўзгу ёнида сочларини тарай бошлади. Шу пайт кўча эшиги тарақлаб очилди. Ғани кириб келди. Ипи­рисқи, ғирт маст. У Розияга қараб тиржайди. Сўнг ган­дираклаган кўйи ёнига келиб, қучоқлашга ҳаракат қилди.
– Жонгинам, мен билан бир ерга бориб келишинг керак.
– Вой, қаёққа?! – сергакланди Розия. – Ярим ке­ча­си-я?!
Ғани чайналганча тўнғиллади.
– Сен… сен агар чин хотиним бўлсанг, мени қут­қаришинг керак.
Эрининг афтодаҳол, эзилиб туриши раҳмини келтирган Розия шоша-пиша сочларини йиға бошлади
– Қўлимдан келса жоним билан, Ғани ака.
– Сени… мен… – деди эр йиғлоқи бир товушда. – Қиморга ютқазиб қўйдим. Кечир мени, Розия.
– А! Нима?! – беихтиёр қичқириб юборди аёл худди бошига тўқмоқ теккандай.
Ғани туйқус тиз чўкиб, Розиянинг оёқларини қучди.
– Жоним, мени кечир, мени тушун, – деди ютоқиб ғудранаркан. – Розия, пул топиб сени яна қайтиб оламан. Ишон, жоним, ишон. Лекин сен ҳозир мен билан боришинг керак. Ишон, сени албатта қайтиб оламан. Бу воқеани ҳеч юзингга солмайман. Ҳамишагидай яшайверамиз. Розия, ишон менга. Ит теккан билан дарё ҳаром бўлмайди. Сени севиб яшайман, севиб. Бир марта мени қутқар. Қулинг бўлай, умрбод вафодоринг бўлай.
Розия тошдай қотиб турарди. Аввалига ҳаммаси ҳазил, мени қўрқитиш учун шундай қиляпти деб ўйла­ди. Сўнг туш кўряпман, туш, ҳозир уйғониб кетаман, деган хаёлга борди, кўзларини бир-икки очиб юмди. Йўқ, ҳаммаси ҳақиқат, аччиқ ва бешафқат ҳақиқат!
Розия ўпкаси тўлиб орқага тисарилди. Худди нажот излагандай теваракка аланглади. Шундагина эшик ёнида қўққайиб турган икки барзангига кўзи тушди. Кўзи тушдию, баралла ҳўнграб юборди.
Шаҳар қоп-қора тун куйиндисига қоришиб ётарди. Ўтиб-қайтаётган машиналар фарасидан таралган ёғду кўзларга тиғдек-тиғдек қадалади.
Улар зум ўтмай Кўкгумбазга етишди. Пастқам ҳуж­ралардан ўтиб, қиморхонага киришди. Ичкарида тер ва тамаки иси анқийди. Йўлакда оёқ кийимлар остин-устун бўлиб ётибди. Хона чироғи худди ҳоригандай хира нур таратади.
– Хў-ўш, – деди ҳужра тўрида ўтирган Абрай лочин.
Наби орқасига имо қилди.
– Келишди, хўжайин.
Абрай лочин тавозеъ билан турган Ғанига нафрат ила юзланиб, ичкаридаги хонага имо қилди.
– Қани, Ғанишер, бошлаб киринг ютуғимизни. Ичкарига киргизиб, ўз қўлингиз билан ечинтиринг.
– Кейин ўзингиз қўл-оёғини ушлаб турасиз, – деб луқма ташлади кимдир.
Ғани бош эккан кўйи Розияни бошлаб кирди. Бутун давра уларни жим кузатиб турарди. Ғани хотинини қиморбозлар олдида бир зум кўз-кўз қилгач, ичкари хонага олиб кирди. Ўтирганлар жим, бир-бири билан маъноли-маъноли кўз уриштиришади. Ичкаридан Розиянинг ҳиқ-ҳиқ йиғиси, Ғанининг алланималар деб уни юпатиб, ечинишга ундаётгани эшитилади.
– Тайёр, Абрай ака, – деб ғудранди бир оздан сўнг қайтиб чиққан Ғани.
Даврага яна ваҳимали жимлик чўкди. Абрай лочин қош-қовоқ уйиб ўрнидан турди. Томоқ қирди. Сўнг туйқус Ғанининг юз-кўзи аралаш мушт туширди. Ғани бўсағага гурсиллаб қуларкан, инграб юборди.
– Мени ким деб ўйлаяпсан, даюс! – деб қичқирди Абрай лочин, унинг устига бостириб келаркан, сўнг ўтирганларга юзланди. – Олиб чиқинглар буни! Умрбод эсидан чиқмайдиган қилиб қўйинглар.
Наби, Рустам ва бошқалар Ғанига ташланишди. Кимдир тепди, кимдир биқинига мушт туширди. Сўнг ҳовлига олиб чиқиб янада кучлироқ дўппослашди. Ғанининг оҳ-нолалари тун бағрини тилиб ўтарди. Охири беҳол чўзилиб қолди. Қиморбозлар унинг уст-бошига сийишди.
Розия яна қайта кийиниб олгач, ёнига Абрай лочин кирди.
– Йиғлама, синглим, – деди у мўйловларини силаб. – Биздан ўтган бўлса кечир. Анови ифлосни бу даражага боради, деб ўйламагандим. Кечир, бизнинг ҳам опа-сингил, қизларимиз бор.
– Сизлар мени кечиринглар, – деди Розия аранг пичирлаб.
Шу пайт бўсағада Наби пайдо бўлди.
– Синглимизни яна уйига олиб бориб қўйинглар, – деди Абрай лочин.
Розия қиморбозга миннатдорона кўз ташлади.
– Раҳмат, ака. Яхшилигингизни унутмайман, – деди пичирлаб.
– Лекин, билиб қўй, – деди Абрай лочин, – барибир эрингнинг қарзидан воз кечмаймиз. Қимор ҳаёти шунақа. Фоизлари билан бўйнига илиб қўямиз. Секин-секин тўлаб юради. Йўқса ит кунини бошига соламиз. Ҳа, айтганча, унга тайинлайман, сендан эмаклаб кечирим сўрайди. Оёқларингни ўпади.
Дарҳақиқат шундай бўлди.
Эртаси куни эрталаб Розия ётоқхонада мағрур ва жиддий қиёфада тик турарди. Тунги калтак зарблари юз-кўзида акс этган Ғани ерга тиззалаганча хотинининг оёқларини қучмоқчи бўлади.
– Менга қўл теккизма, беномус! – деди Розия тисарилиб. – Сендан ҳазар қиламан.
Ғани тиззалаб яқинлашган куйи йиғламсиради.
– Кечир мени, Розия. Сени бошимда кўтариб юраман, бу воқеаларни ҳеч қачон эсингга солмайман. Сен ҳам унут, жонгинам, унут!
– Ҳеч қачон, балки сен унутарсан, лекин мен… –аёлнинг кўзларида ғилт-ғилт ёш айланди. – Сени Худога солдим.
Ғани яна хотинининг оёқларини қучишга ҳаракат қилди.
– Ит теккан билан дарё ҳаром бўлмайди, Розия. Биз бахтли яшаймиз. Бой-бадавлат яшаймиз. Шоҳона яшаймиз, жонгинам, шоҳона. Сен… сен менга ишонмаяпсан, шекилли, а, ишонмаяпсан. Ҳозир… Ҳозир… Ғани аҳмоқ эмас. Улар шохида юрса, мен баргида рақс тушаман, ҳа-ҳа-ҳа. Ҳозир, жонгинам, ҳозир…
Эр шундай ғудранганча ичкари хонага кириб, уй жиҳозлари орасида ҳовлиққанча титкилана кетди. Розия уни жим ва бепарво, жирканганнамо кузатиб турарди. Ғани ниҳоят аллақаердан истаган нарсасини топди.
– Мана, жонгинам, мана! – дея у банк омонат дафтарчасини тантанавор силкитди. – Уларни бопладим. Ўзимни пулим йўқликка солдим. Мана, қара, бу ерда нақ ўн беш йилга етадиган жамғарма бор. Ҳали яна кўпаяди.
Ғани ҳовлиққан, ҳаяжонланган кўйи омонат дафтарчасини варақлаб кўрсатди.
– Мана, сени зарга ўраб қўяман, хотин, – деди у энтиккан, ютоққан куйи. – Сал кейинроқ сенинг номингга машина оламиз. Айтдим-ку, ҳамма воқеани унутаман. Энди… Энди, жонгинам, сен ҳам унут. Бирор ерда гапириб юрма, қариндошлар эшитмасин.
– Хотиржам бўл, – деб истеҳзоли илжайди Розия.
Ғани яна уни қучишга уринди. Аёл тағин ўзини олиб қочди.
– Қўлингни торт, даюс. Энди менга ҳеч қачон яқинлашма. Шунинг эвазига қилмишларинг ҳақида ҳеч кимга оғиз очмайман. Бошқа нарсанг ўзингга сийлов. Сени Худога солдим, яратганнинг Ўзи жазоингни берсин.
Розия туйқус асабий, телбавор тарзда банк дафтарчасини юлқиб олиб варақлади. Сўнг хохолаб кулди. Кула-кула дафтарчани эрининг юзига улоқтирди. Ғани ҳе-ҳелаб кулди.

* * *

Розия ўз иш ўрнида, вокзал маълумотлар хонасининг каталакдек, ёп-ёруғ хонасида маъюс ва паришон ўтираркан, худди шу воқеаларни изтироб билан эслади.
– Қарғишим тутди сени, Ғани, – дея пичирлади у ўз-ўзига. – Ит эдинг, ит ўлимини топдинг.
Шу чоғ вокзал ичкарисига кирган икки нафар милиция ходими теваракни синчиклаб кўздан кечиришди, сўнг маълумотлар хонаси томон юришди.
– Кечирасиз, синглим, – деди улардан бири туйнукдан мўралаб. – Мабодо, мана бу нусхага кўзингиз тушмадими?
Милиция ходими Розияга кичик бир суратни узатди. Розия суратдаги Латифни дарров таниди. Ўтган тундаги унинг кулимсираб турган чеҳраси лоп этиб кўз ўнгида жонланди. Бироқ аёл эҳтиёт йўлини тутди.
– Билмадим, – деди елка учириб. – Бу ердан қанча одам ўтиб-қайтади, ҳаммасини эслаб қолиш қийин.
– Мабодо кўзингиз тушса дарҳол бизга хабар қилинг.
– Намунча, жуда зарурми?
Икки милиционер ўзаро кўз уриштириб олишди.
– Ҳа, зарур, жуда зарур, – деди ўша сурат узатгани. – У хавфли жиноятчи. Балки сиз ҳам эшитгандирсиз, учинчи микрорайонда қотиллик содир бўлган. Бир киши хотинини жазмани билан тутиб олган. Сўнг хотинини пичоқлаб, жазман эркакни балкондан улоқтириб юборган, ўзи эса қочиб кетган. Ўша қотил суратдаги мана шу нусха. Латиф Мирзаев.
– У узоқни кўзлаб йўлга чиққан бўлиши мумкин, – дея гапга аралашди иккинчи милиция ходими, – шунинг учун сизга тайинлаяпмиз, синглим. Бунақа одамлар довдираб, гангиб тез кўзга ташланади. Сиздан илтимос, теваракка озгина эътиборли бўлиб турсангиз.
– Яхши. Албатта, эътиборли бўламан, – деди Розия суратни қайтиб узатаркан. – Мабодо кўзим тушса вокзал милицияхонасига хабар бераман.
Милиция ходими кулди.
– Нега суратни қайтиб беряпсиз. Усиз қандай танийсиз. Бу сурат сизга, бизга ўзимизники етарли.
Посбонлар кетишди. Розия Латифнинг суратига яна ўғринча кўз ташлади. Ўтган тунда туйнук олдида ўралашиб турган Латиф, унинг кулишлари, қилиқлари яна бир-бир хаёлидан ўтди.
– Демак, Ғани шунинг хотини билан юраркан-да… – дея ўз-ўзига пичирлади аёл. – Латифнинг сафарга чиққанини эшитиб дарров етиб борган. Сўнг Латиф ака поездга улгурмай қайтиб боргану…
Розия гўё чинқириб юборишдан қўрққандай кафти билан оғзини беркитди. Кўзлари катта-катта очилди.
Айни пайтда аёл Наби, Рустам деган қиморбозлар “мумиё” топиш илинжида унинг ҳовлисига девор ошиб киришганини, бироқ орган ходимлари томонидан қў­йил­ган пистирмага дуч келиб, қўлга тушишганини билмасди.

* * *

Латиф тункезар арвоҳлардек изғиб-изғиб шаҳар жанубидаги истироҳат боғларидан бирининг ҳудудига кириб қолди. У тунаш илинжида қулайроқ жой ахтариб юрарди. Назарида, ҳануз дов-дарахтдан иборат бу мас­кан унинг учун бошпана бўладигандек туюлди.
Баланд-баланд дарахтлар гўё йигитнинг аҳволига ачингандай шамолда енгил чайқалиб, шитирлаган-шивирлаган товуш чиқаради. Қайлардадир тун ҳа­ша­ротлари чириллайди.
Латиф қуюққина буталар панасини кўзлаб ўша томонга юрди. Лекин етган жойда илкис тўхтади. Чунки буталар тагига ястанган аллақандай йигит ва қиз бир-бирини ялаб-юлқашарди. Латиф қаён юрарини билмай, бир зум уларга анграйиб қолди.
– Ўв, брат, – дея туйқус ўшқирди бута тагидан йигит, – намунча бақрайиб қолдингиз, гап борми?
Қўрқиб кетган Латиф ғудранганча у ердан узоқ­лашди.
Қиз ҳиринглаб кулди.
Қочоқ эр яна анча пайт боғ аро ивирсиб юргач, қулайгина ёғоч ўриндиқ топди. Аввал бироз ўтириб, теваракни томоша қилди. Сўнг оёқларини йиғиштириб ўриндиқ устига ётди. Шу чоғ қай гўрдандир қари дайди ҳассасини дўқиллатиб келиб қолди.
– Эй, бола, – деди у хирилдоқ товушда, – бу жой банд. Қани, бўшат.
Латиф шоша-пиша ўриндиқдан турди. Ихраб-ихраб жойига чўзилаётган дайдини анқайганча кузатди.
– Янгимисан дейман, а, болам? – деди қари дайди минғирлаб. – Бу атрофда ҳамма жойлар банд, овора бўлиб юрмагин. Сен яхшиси вокзалга бор. Ҳали уст-бошинг тузуккина экан, мелиса шубҳа қилмайди, йўловчи бўлса керак деб ўйлайди. У ерда маза қилиб ётасан.
– Маслаҳатингиз учун раҳмат, ота, – деб пўн­ғил­лади Латиф.
Аммо қари дайди ҳеч қандай жавоб бермади. Зум ўтмай унинг баралла хурраги теваракни тутди.

* * *

Вокзал маълумот бериш бўлмасида Розия Латифнинг суратига мамнун ва масрур кайфиятда тикилиб ўтирарди.
– Менинг халоскорим, – деб пичирлади у.
Шу пайт бўлмага хизматдош қиз Барно кириб келди. Розия шоша-пиша суратни яширди.
– Роз, вуй, қанақа зерикмай ўтирибсан? – деди Барно чимирилиб. – Ман роса сиқилиб кетдим.
– Мен ҳам диққинафас бўлиб кетдим. Эндигина олдингга чиқмоқчи бўлиб тургандим.
Шу пайт Розиянинг кўзи вокзалнинг ойнабанд йўлаги ортида минг бир саросима билан гангиб турган Латифга тушди.
– Барнош, – дея зўраки илжайди Розия, – жойимда бироз ўтириб тургин. Жа кўнглим айнияпти, бирров очиқ ҳавога чиқиб келай.
– Бора қол, мен одамларни томоша қилиб ўтириб тураман.
Розия ўрнидан турди. Юраги дук-дук урганича вок­зал ташқарисига чиқди. Кўзи билан зимдан Латифни излади. Латиф бош эгиб, елка қисиб вокзал яқи­нидаги дарахтзор оралаб борарди. Розия тез-тез юриб унга етиб олди. Атроф кимсасиз, қоронғу. Вокзал чироқларининг ғира-шира ёғдуларигина теваракни ола-чалпоқ ёритиб турарди.
– Латиф ака! – деб чақирди Розия, бироз ҳаяжонли товушда.
Қочоқ эркак чўчиб ортига бурилди. Юз-кўзлари тў­ла таҳлика, ваҳима. Сўнг аёлни таниб, зўраки илжайди.
– Розияхон, сизми?
Улар бир-бирига яқинлашдилар. Розиянинг кўз­ларидан шашқатор ёш оқарди.
– Латиф ака, – деди у беихтиёр эркакнинг қўл­ларидан тутиб, – сиз менинг халоскоримсиз.
Латиф нега аёл бундай деётганини тушунмай, бир зум каловланиб қолди.
…Айни пайтда ёш изқувар Шербек Узоқов ўз бошлиғи подполковник Манзура Ҳамидовнага ҳеч каловланмай, ҳар бир сўзни дона-дона қилиб ахборот берарди.
– Манзура Ҳамидовна, сизнинг кўрсатмангиз бў­йича Мавлонов Абдуғанининг ҳовлиси атрофига қў­йилган пистирма иш берди. Мавлоновнинг ҳам­товоқлари қўлга олинди. Хўш-ш… Мавлоновга тегишли “Москвич”ни ҳам яхшилаб текширдик. Машина салонидан тўрт ярим килограмм наркотик модда топилди.
– Яшанглар, йигитлар. Айтганча, анови қочоқ эр ҳали топилмадими? Ишхонасини аниқлаб, суриштирдиларингми?
– Суриштирдик, Манзура Ҳамидовна. Айни пайтда у меҳнат таътилида экан. Умуман, уни қидириш давом этаяпти. Эртагача дараги чиқиб қолар.
– Яхши, бўшашманглар, – деб қўйди подполковник аёл, аллақандай қоғозларни титкилашга тушаркан.
Шербек Узоқов тура бошлади.
– Айтганча, Манзура Ҳамидовна, Абдуғанининг ҳовлиси ёнида қўлга олинганлар дастлабки терговдан ўтишди. Калаванинг учи Абрай лочинга қараб кетяпти.
– Шунақами? – деди бошлиқ ўйчан.
Улар маъноли кўз уриштириб олишди.

* * *

Латиф ва Розия дарахтлар панасидаги ёғоч ўриндиққа ёнма-ён ўтиришди. Аёл шўлқ-шўлқ йиғлаб, аҳён-аҳён синиқ илжайганча Латифга кўз ташлаб қўяди. Латиф ҳануз ҳангу манг, катта-катта очилган кўзлари пир-пир учади, оғзи ним очиқ.
– Демак, ўша чўчқа сизнинг эрингиз экан-да?!
– Ҳа, ҳа, – деди Розия титроқ тўла товушда. – Сиз ўша исқиртни ўлдириб мен шўрликка қанчалар яхшилик қилганингизни билмайсиз, Латиф ака! Мени балолардан қутқардингиз. Яратганга шукур, дунёда сиздек мард, номусли эркаклар ҳам бор.
Латиф ҳануз анқовланиб турган куйи ўзича эътироз билдиришга, “уни мен ўлдирганим йўқ” дейишга чоғланди-ю, бироқ тағин ботина олмади.
– Розияхон, мен… мен…
Аёл ошкора меҳр билан эркакнинг титраётган қўлларини кафтига олди.
– Биламан, Латиф ака, сиз ҳам қаттиқ изтиробдасиз. Бир… бир беномус суюқоёқнинг иснодига қол­дингиз. Лекин… лекин, унутманг, келажак ҳали олдинда. Сиздай оқкўнгил, ориятли инсоннинг қадрига етадиган аёл ҳамиша топилади. Ишонинг, ўша аёл бир умр чўрингиз бўлишга ҳам рози.
Латиф Розиянинг қўлидан қўлини оҳиста бўшатиб оларкан, теваракка аланг-жаланг қараб олди.
– Розияхон, биласиз, мен… мен қочиб юрибман.
Унинг гапи тугамасдан аёл алланима эсига тушгандай сапчиб туриб кетди. Унинг туйқус ҳаракатидан чўчиб тушган Латиф ҳам ирғиб турди. Розиянинг боя ёлвориб турган кўзлари катта-катта очиқ, гўё қичқириб юборишдан қўрққандай бир кафти билан оғзини тўсган.
– Айтганча сизни… – деб ваҳимали пичирлади у, – сизни излаб юришибди-ку?! Вой, энди нима қилдиг-а?!
– Тўғриси, бошим қотиб қолди. Россия томонларга қочиб кетсамми деб турибман.
Розия бир зум ўйланиб тургач, туйқус жонланди.
– Яхши фикр, Латиф ака, жуда тўғри. Мен Новосибирск поездига чипта ундираман.
– Поезд қачон бўлади?
– Эртага кечқурун.
Латиф ҳафсаласи пир кайфиятда минғирлади:
– Уф-ф, унгача-чи, унгача қаерда жон сақлайман.
– Унгача меникида яшириниб тура қоласиз, ҳеч ким шубҳаланмайди. Мен ҳозир сумкамдан уй калитларини опкеламан, ҳозир. Сиз жиндек кутиб туринг.
Аёл ҳовлиққанича кета бошлади.
– Розияхон, – деди Латиф титроқли бир товушда.
Аёл таққа тўхтаб, ортига қайрилди.
– Лаббай, ака.
– Розияхон, овора бўлманг, – деди Латиф аёлга яқин бориб, – мен ўзимни органга топширишга қарор қилдим. Бу ёғи пешонамдан, бир бошга бир ўлим, дегандай.
Розия туйқус ўзини эркакнинг қучоғига урди.
– Йўқ, Латиф ака, йўқ!
Аёлнинг чинқирганнамо товуши бироз наридан ўтиб кетаётган икки милиция патрулининг диққатини тортди. Улар ғўнғир-ғўнғир гаплашиб боришаётган жо­йида таққа тўхташди. Ўзаро маъноли-маъноли кўз уриштиришди. Чинқириқли “Йўқ! Йўқ!” келган томон аланглашди.
– Аёлни зўрлашмоқчи шекилли, а? – деди нов­чароқ милиция ходими дарахтлар орасига сергаклик билан тикилиб.
Шериги қизиқсинди.
– Юр-чи, нима гап, суриштирамиз.
Улар эҳтиёткорлик билан бир-бирининг пинжига тиқилган эркак ва аёлга яқинлашдилар.
– Эй, аёлни қўйвор! – деди новча милиция ходими.
Шериги гўёки ёнидан тўппонча чиқармоқчи бўлди.
– Қилиқ чиқарсанг, отаман.
Розияни шоша-пиша қучоғидан бўшатиб, қочишга шайланган Латиф қалт-қалт титраганича қўлларини кўтарди. Розия жиққа ёш кўзлари билан гоҳ милиция ходимларига, гоҳ Латифга илтижоли термулди.

* * *

Вақтинчалик ҳибсхонанинг қулфлари шарақлаб очилди. Соч-соқоли ўсиқ, кир-чир Латифни икки милиция ходими етаклаб чиқишди. Ва узун йўлак бўйлаб тергов бўлимига бошлаб кетишди.
Латиф изтироб ва таҳликада. Кўз ўнгида Абрай лочин, хаёлида унинг танбеҳли сўзлари: “Тоғангга торт­мабсан, ўв, бола… Ўзинг мен ўлдирдим деб боришинг керак эди”.
– Йўқ, тоғамга тортганман, – беихтиёр димоғида пичирлади Латиф. – Ҳа, ўлдирдим дейман.
Маҳбусни ўртада олиб кетаётган қўриқчилар унинг афтига ажабсиниб кўз ташлашди.
– Эй, нима деб тўнғиллаяпсан, – деди бири. – Ким билан гаплашяпсан?
– Жин билан.
Орқадаги қўриқчи у ён-бу ён жиддий қиёфада аланглади.
– Бу ерда гаплашиш мумкин эмас.
Улар яна пича юришгач, қора дермантин қопланган эшикка кўндаланг бўлишди. Олдинда бораётган қў­риқчи ичкарига бош суқиб ахборот берди.
– Олиб киринг, – деди темирдек жаранглаган бир овоз.
Қўриқчилар Латифни ичкарига киритиб юбориб, ўзлари йўлакда қолишди.
Хона торгина эди. Оддий жиҳозланган. Тўрдаги жигартус стол ортида катта лейтенант Шербек Узоқов жиддий бир қиёфада ўтирибди.
– Марҳамат, ўтиринг, Мирзаев.
Латиф саросима билан кўрсатилган жойга чўкди. Узоқов унга синчков-синчков тикилди.
– Нега қочиб юрибсиз, Мирзаев?
– Қочганим йўқ, – дея тўнғиллади Латиф.
Шербек худди тарсаки туширмоқчидай у томон илкис энгашди.
– Ёлғон, ўз хонадонингизда Тўлаева Амирани ва Мавлонов Абдуғанини ўлдириб, сўнг жуфтакни ростлагансиз. Бунга бизда етарли далиллар бор.
Латиф терговчига катта-катта очилган кўзларини пирпиратганча термулди. Бир зум Узоқов ўрнида Абрай лочин жонланди, унинг сўзлари қулоқлари остида жаранглади. “Тоғангга тортмабсан, ўв, бола. Мен ўлдирдим деб ўзинг боришинг керак эди…”
– Йўқ, асло… – беихтиёр минғирлаб юборди Латиф.
Шербек ажабланди:
– Тушунмадим. Нима деб ғўлдирадингиз?
– А? – деди Латиф туйқус уйқудан чўчиб уй­ғон­ган­дай, терговчига анқаяр экан, – нима?
Шербек истеҳзоли кулимсиради.
– Йўқ! – деди Латиф жон ҳолатда. – Ҳаммаси ёл­ғон. Уларни мен ўлдирганим йўқ.
– Хўш, буни қандай исботлайсиз.
– Исботим йўқ, – деди Латиф бўшашиб. – Лекин мен ўлдирмаганман.
– Хўп, унда воқеа қандай содир бўлганини айтиб беринг.
Латиф бир чеккага хомуш тикилиб чуқур тин олди…
Чамаси бир соатлардан сўнг Шербек Узоқов подполковник Манзура Ҳамидовнанинг ҳузурига тантанавор кириб борди.
– Манзура Ҳамидовна, Мирзаев Латифнинг кўр­сатмалари диктофондаги ёзувларга тўла-тўкис тўғри келди. Мана, – катта лейтенант қоғоз тахламини бош­лиғи томон суриб қўйди, – ёзма ҳисоботда ўша воқеа жараёни тўла баён қилинган.
– Шунақами, – деди подполковник аёл бироз ўйчан, сўнг жилмайди, – у ҳолда яхши. Биринчи чигал ишни муваффақиятли ҳал қилганингиз билан табрик­лайман. Хўш, иккинчи масала нима бўляпти?
– Бу иш ҳам тезда ҳал бўлади.
– Раҳмат, укажон. Ғайрат қилинг.
Улар бир-бирига мамнун жилмайиб қўйишди.

* * *

Тушга яқин ички ишлар идорасининг кириш йў­лагида Розия пайдо бўлди.
– Хўш, хизмат? – деб сўради навбатчи.
Аёл чақирув қоғозини узатди.
– Мени катта лейтенант Шербек Узоқов ча­қиртирган эди.
– Марҳамат, ўтинг.
Айни пайтда Шербек Узоқов ўз хонасида ал­лақандай қоғозларни узоқ қоралади-да, қаршисида бош эгган куйи хомуш ўтирган Латифга юзланди.
– Мирзаев, умуман, сиз озодсиз. Аммо ча­қир­тирилган вақтда тағин бир-икки келиб кетишингизга тўғри келади. Баъзи бир расмиятчиликларни ўт­казишимиз шарт.
Латиф ҳангу манг қотди. Юз-кўзларига қувонч ва ҳаяжон қалқиб чиқди.
Кўп ўтмай уни бошқа хонага ўтказишди. Бу ерда Розия хаёлчан ўтирарди. У Латифни кўриб бир қалқиб тушди.
– Учрашган жойимизни қаранг-а, – деди қочоқ эркак илжайиб, – сиз нима қилиб юрибсиз бу ерда?
Розия пичирлади.
– Ҳали кейин айтаман. Сиз-чи? Сизни озод қи­лишдими?
– Ҳа, – деди Латиф томоқ қириб, унинг овози алланечук тантанавор чиқди, – далиллари йўқ экан.
– Вой, қандай яхши!
– Тиш-ш… – деди Латиф лабига бармоқ босиб.
Бироздан сўнг хонага Шербек Узоқов икки милиция ходими билан кирди.
– Ҳозир иккингиз… жасадларни таниб-тасдиқ­ла­­шингиз керак. Сўнг бу кўнгилсиз машмашага чек қўямиз.
Гўё бегоналардай ҳурпайишиб ўтирган Розия ва Латиф ўзаро маъноли кўз уриштириб олишди.
Терговчи айтган расмиятчилик анча давом этгач, ниҳоят, улар идора ҳовлисига чиқишди. Розия ва Латиф ёнма-ён, мамнун қиёфада одимлашар эди. Шу чоғ ҳовлига кириб келган, милицияга тегишли машина эшиклари очилиб, қўриқчилар қуршовида Абрай лочин тушди. Қўллари кишанланган. У Латиф ва Розиянинг ёнидан ўта-ўта бир зум тўхтади. Кинояли илжайганча бош чайқади.
– Роса топишибсизлар-ку, а…
Қўриқчилар Абрай лочинни юришга ундашди. Латиф ва Розия унинг гапларига тушунмагандай, ортидан таажжубланиб қараб қолишди.

* * *

Пешин пайти. Боғнинг овлоқ бир чеккасида кимнидир бетоқат кутиб турган, пўримгина кийинган Латиф соатига тез-тез қараб қўярди. Дарахтдан-дарахтга паналаб, қувонч ва ҳаяжонда ял-ял яшнаб Розия унинг орқа томонидан яқинлашди.
– Яхши йигит, йўл бўлсин?
Латиф чўчиб ортга бурилди. Розияни кўриб мамнун илжайди.
– Ғарғарага.
– Ғарғаранинг поезди аллақачон кетиб бўлди-ю?!
– Наҳотки?! – деди Латиф аёлнинг қўлидан тутиб. – У ҳолда Новосибирскка!
Улар баб-баравар қаҳ-қаҳ отиб кулишди. Бир-бирларига сирли, ишвали тикилишди. Ногоҳ Розия жид­дий ва маъюс тортиб Латифнинг кўксига бош қўй­ди. Сўнг ўйчан пичирлади:
– Аёлга эркак севгисидан, пок муҳаббатидан бошқа нарса керак эмас.
Латиф нўноқлик билан унинг сочларини силаган бўлди.
– Юрагимнинг тўри сизники, Розияхон.
Улар шу ҳолатда узоқ туриб қолишди. Сўнг Розия яна секин пичирлади:
– Кетдикми?
– Кетдик.

* * *

Розиянинг уйи анча кенг ва шинам эди. Латиф даҳлизда чой ҳўплаб, мамнун ва масрур ўтираркан, бунга иқрор бўлди. Розия суратлар альбомини топиб келтириш учун ичкарида куймаланиб юрарди. Ногоҳ у собиқ эри яшириб кетган банк дафтарчасини топиб олди. Ғазаб ва нафратдан ранги ўзгарди.
– Латиф ака, – деди у даҳлизга чиқиб, – ёнингизда гугурт борми?
– Зажигалка бор, – деди Латиф чўнтак кавлаб, – нимага керак эди?
Розия банк дафтарчасини жирканганнамо кўр­сатди.
– Бу ўша пуллар. Ҳали сизга айтиб бергандим-ку, ўша ифлоснинг жамғармаси.
Аёл “зажигалка”ни ўт олдирди. Банк дафтарчасини ёқиб юборишга чоғланди. Латиф ҳангу манг, ваҳима билан кузатиб турарди.
– Бахтимиз учун, Латиф ака!
Эркак бир интилиб аёл қўлидан банк дафтарчасини юлқиб олди.
– Нима қилаяпсан, аҳмоқ?!
– Нима?! – Розия бир лаҳза донг қотиб қолди. – Бу… анови махлуқдан қолган! Кўрарга кўзим йўқ. Наф­ратланаман.
Латиф банк дафтарчасини бамайлихотир чўн­тагига тиқди.
– Қўйсангиз-чи, ит теккан билан дарё ҳаром бўл­майди.
Розия унга ҳангу манг, кўзлари катта-катта очилган куйи анча пайт тикилиб қолди. Сўнг, ҳувв, бир пайтлардагидек қаҳ-қаҳ отиб кулди. Латиф ҳиринглаб унга қўшилди.

“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 2-сон