Лобар Рустамова. Соғинч (ҳикоя)

– Акмал Умирович, сизни бир киши сўраяпти.
– Ким экан? – деди стол устидаги тугмачани босиб.
– Дўстиман, қишлоқдан келдим деяптила…
“Оббо, бирортаси боламни институтга жойлашга ёрдам бер деб келган кўринади”, – дея ўйлади. Ногоҳ ўтган йили ҳамқишлоғи Аюбнинг қизини ўқишга киритиш учун бир неча кун ҳаловат билмай югургани эсига тушди. Ўшанда Аюбга ҳам воситачи топиб берди-ю, кейин нима бўлди, суриштиргани ҳам йўқ. Аюб ҳам натижаси нима бўлганини айтмай-нетмай, хайр-хўшни насия қилиб кетди. Энди буниси ким бўлди экан? Тинчгина ишлашга ҳам қўйишмайди. Ўшандай олис қишлоқдан келиб, Тошкентдай азим шаҳарда ҳам уни топиб олишади-я, тавба.
– Акмал Умирович, – яна котибанинг қўнғироқдай овози эшитилди. – Кираверсинларми?
Акмал тараддудланиб турганди, ўша кишининг овози келди:
– Акмал, нимаб бало, синфдош дўстингни, ҳам­қишлоғингни ҳам шунчалик куттирасанми? Мен – Со­диқман. Партадошинг. Эсладингми?
– Ҳа, сенмидинг… мен бўлсам… Киравер…
Содиқ чўғдай ясатилган каттакон хонага кириб, қадам қўйишни ҳам, қўймасликни ҳам билмай қолди.
Ранги ўчинқираган кўйлагу, дазмолсиз шимдалигидан ўзини ноқулай ҳис қилди.
– Ҳалиги… сени бир кўриб кетай деб…
– Яхши… қани, сўрашиб қўяйлик. – Акмал қўл узатди. Содиқ эса… кирибоқ дўстини қачондан бери кўрмагани учун қаттиқ соғинганидан қучоқ очиб кел­ди-ю (аслида бағрига босиб бир йиғлаб бермоқчи эди), кейин узатилган қўлни кўриб, иссиқдан терлаган кафтини кўйлагига артиб, қўл берди. Ахир кўрмаганига ҳам ўн йилдан ошибди!
– Яхшимисан, ошна. Қани кел, ўтир. Қайси шамоллар учирди?
– Шундоқ бир айланиб келгандим. Манзилингни Самад амакимдан олдим. Улар ҳам кўпдан-кўп салом айтишимни тайинлашди.
У шундай дея катта, кенг, чиройли, совутгич ишлаб, телевизор кўрсатиб турган хонани яна бир бор кўздан ўтказди.
– Хонанг жуда зўр экан… кун бўйи шу ерда ўтириб ёрилиб кетмайсанми?
– Зерикишга вақт йўқ, иш кўп. Қоғоз…– деди Акмал креслога жойлашиб ўтириб олар экан.
– Менга қара, нега синфдошларнинг ўттиз йиллик учрашувига бормадинг? Аммо, жуда зўр бўлди. Сен билан Садир бормадинглар. Кейин билсак, у ўша куни кўричак бўлиб қолган экан. Учрашувдан чиқибоқ касалхонага кўргани ўтдик. Бирам хурсанд бўлди, бояқиш… Лекин сени роса кутдик. Ё хабарни олмаганмидинг? Уканг – Азимжоннинг ўзи қўнғироқ қилиб тайинлайман, деганди.
– Ишни кўриб турибсан… Сизлар билан бир оз кўришиб, гаплашиб келиш яхши. Лекин бу ёқда иш ти­ғиз. Ахир, мингта одам ишлайдиган корхонани бош­қа­раман. Бир жойга кўзимни чирт юмиб чиқиб кетолмайман.
– Ҳа, – деди Содиқ, – сенга осон эмаслигини тушуниб турибман. Ҳечқиси йўқ. Сени фақат яхши сифатларингни айтиб, эсладик. Устозларга совға-саломлар қилдик. Нозима, Алижонларни хотирлаб уйларига бордик…
– Нима, улар… қачон? Ҳа-я, онам айтгандай бў­лувдилар. Хаёлимдан кўтарилибди.
– Ўтган йили қишда эди. Бири цирроз, бири ош­қозонидан, – деди Содиқ кўзларига ёш олиб. – Болаларига қийин бўлди-да. Бирортасиниям уйлаб-жойлашмаганди…
– Ҳаёт шу экан-да! Қўлимиздан нима ҳам келарди…
– Яқинда уйга борибсан. Бир оғизгина, мен келдим, десанг, югуриб ўтаман-а… – деди Содиқ дўстидан ранжиган оҳангда.
– Иш зарур эди.
Акмал шундай деди-қўйди. Аслида синфдошлар билан болалик хотираларини эслаб, дардлашиб ўтиришга вақт қайда. Шу сабаб кечда қишлоққа етиб борди-ю, азонлаб йўлга чиқиб, жўнаб қолди…
“Содиқнинг ҳам бир дарди бору боядан бери айтолмай гапни у ёқ-бу ёққа буряпти,– дея хаёл қиларди у. Бирорта боласи ўқишга кирадиган… Ёрдам қил, таниш топ ёки ўзинг гаплашиб бер, дейди… Ҳозир иш кўпайган пайтда Содиқни судраб қайси кўчага тентирайди…”
Шу пайт Аюб эсига тушди.
– Содиқ, Аюбнинг қизи ўқишга кирганми?
Акмалга ишониб, Тошкентга келиб, қизини ўқишга киритолмай сарсон бўлиб, қишлоққа қайтиб боришганини Содиқ эшитган эди, аммо ҳозир бу ҳақда сўз очмади.
– Ҳа, уми? Қизини эрга бериб юборди.
Содиқ энди ўқиш мавзусида гап очса керак, деб ўйлади Акмал. Лекин бундай бўлмади.
– Агар ишдан қолаётган бўлсанг, мен кетай…
– Қизиқмисан… Ҳозир…
У совутгичдан сув олди. Пиёлага қуйиб узатди.
– Тошкентга жўнашимдан олдин Тошмирза дом­лани ерга қўйдик. У доим сени мақтагани мақтаган эди, эслайсанми?
– Ҳа… Албатта. Ўзим ҳам математикани ёқти­рардим.
– Биттагина ўғли хорижда эди. Етиб келолмади. Акаси эса ногирон… Қабрга ўзим қўйдим. Умр шу экан-да. Қандай устоз эди-я… Гаплари кескир, мавзуни қулоғингга қуйиб қўярди…
Акмал бир оғиз сўз қўшмади. Нима ҳам дерди. Ҳар дарсда, ўқишни тамомлаб, ишлаётган пайтларида ҳам Акмалжонни тилидан қўймай мақтайдиган, энг зўр ўқувчим эди, дея ҳаммага ибрат қилиб кўрсатадиган бу устозини бирор марта ё телефон, ё хат орқали бўлса ҳам йўқламаган бўлса. Шундай устози оламдан ўтибди-ю, у бехабар қолибди.
– Лекин ҳаёт давом этаверади, – деди Содиқ яна. – Куни кеча Бердиёр қиз узатди. Синфдошлар бўлишиб олиб, тўйнинг оғир томонларини кўтардик. Шундай хурсанд бўлди…Худо хоҳласа, тўйга айтсанг, албатта ҳаммамиз хизматда бўламиз. Айтсанг, албатта.
– Айтаман. Сизларсиз ўтармиди.
– Айтгандай, – у ўрнидан шошиб турди-да, эшикни очиб, ташқаридан каттакон тарвузни кўтариб кирди.
– Сенга олиб келгандим… – деди у тарвузни бир четга қўяр экан.
– Ҳамма ёқда тарвуз тўлиб ётган бўлса, нима қилардинг қийналиб, – деди Акмал Содиқнинг бу соддалигидан ранжиган оҳангда.
– Қийналсам ҳам, қишлоқдан олиб келдим сенга, – деди Содиқ. – Бу бошқача тарвуз. Ўз еримизда униб, ўз сувимиздан ичган. Ўз ҳавомизни симирган…
Акмал бош қимирлатиб қўя қолди ва Содиқнинг бирор нима сўрашини кутди.
Шу пайт телефон жиринглади. Акмал қаттиқ-қаттиқ оҳангда узоқ гапириб турди. Содиқ ўрнидан қўз­ғалди.
– Мен борай энди… Хоҳласанг юр, тушлик мендан…
– Биласанми, ҳали тушликка вақт бор. Бунинг устига бир зарур масалани ҳал қилишим керак.
– Майли, вақтингни олмай. Лекин қишлоққа ҳам бориб тур…
– Корхона ишини деб, ҳеч қаерга кетолмайман…
– Қишлоққа бор. Болалигимиз ўтган тоғларга чи­қамиз. Сойларда чўмиламиз. Хоҳласанг, чодир тикиб, қишлоқ тунини, осмонни тоғдан туриб томоша қилиб ётамиз… нима дединг?
– Имкон бўлиб қолар…
– Имкон топ, албатта топ. Оилангни олиб, даламга боринглар. Қовун, тарвузлар пишиб ётибди. Ўрнида узиб ейишнинг гашти бошқача-да!
– Сен… нима масалада келгандинг?
Содиқ ғалати қараш қилди:
– Сенга ким айтди, фақат бирон-бир ташвиши борларгина олдингга келади, деб?! Афсус, мени ҳали ҳам тушунмадинг. Ё…келганимдан хафа бўлдингми?
– Нималар деяпсан, сен йўқлаб келасан-у, мен хафа бўламанми? Фақат… бирор илтимосинг бўлса, тортинмай айтавер…
– Илтимосим йўқ… Оддий далачи учун ҳосил мўл бўлса, уйида қозони қайнаб турса, шунинг ўзи етади.
– Тўғри айтасан. Қишлоқ одами учун ер муҳим… Фарзандларингни ёнингга олгандирсан? – деди Акмал.
– Ҳозир оилавий ишлаяпмиз. Албатта, ўғилларим ёнимда. Уларсиз эплай олармидим?
Акмал енгил тортди: “Худога шукур, бу йил ўқиш машмашасидан қутулибман”.
– Майли, – деди Содиқ хайрлашаётиб. – Лекин га­пимни албатта ўйлаб кўр. Бир умр шу ерда қол­майсан-ку! Тўнғич фарзандсан. Қишлоғимиз ҳам аввал сен туғилиб ўсган қишлоқ эмас. Ҳамма қўлидан келганича уни ўзгартиришга интиляпти. Аввалги эски уйлар қолмаган.
Шунча йил ҳеч ким ҳеч нима демаган. Тинчгина ишлаб юрганди. Содиқ бошини ғовлатиб кетди. Кўнгли бузилди. Бутун қишлоқ фахрланадиган Акмал аслида ҳеч ким эмаслигини, қишлоқдошлари учун ҳеч бир иш қилолмаганини англади-ю, ўзидан уялиб кетди.
Содиқнинг айтишича, Турсунмирза чойхона очганмиш, Илҳом эса икки қаватли дўкон қурганмиш. Яна икки синфдоши – Тўлқин билан Умар эски мактаб биносини таъмирлаб, спорт залига жиҳозлар олиб беришганмиш… Яна кимлар ҳақидадир роса гапирди. Лекин эсида қолганлари шулар…
Акмал нима қилиб берди? У ҳам бекор ўтиргани йўқ. Унинг маҳсулотлари чет элларга экспорт қилиняпти.
Тўғри, бир ёмон томони бор. Дўстларидан узоқ­лашиб кетди. Қишлоққа ҳам йилда бир-икки бор бормаса, ишдан ортмайди.
– Мен… ўғлиними-қизиними ўқишга киритмоқчи, деб ўйлагандим, – дея Акмал хотинига бугунги учра­шув ҳақида гаприб берди. – У атай мени кўргани ке­либди-я, эринмаган одам…
– Шу ерда ўғил-қизлари ўқиркан… – деди Кимёхон.
– Менга, далада, ёнимда ишлайди, деганди-ку!
– Йўқ. Қизлари бу йил юридик институтни тамомларкан. Ўғли эса университетнинг иккинчи курсида экан…
– Вой, ичидан пишган-эй… Шунақа де… Шундай Тошкентда яшаб, шунча имкониятимиз бўла туриб, ўғлинг юридикага киролмади. Оддий қишлоқ боласи кириб ўқиса-я.
– Ҳа, бюджетда ўқиркан.
– Қойил. Содиқ зўр йигит-да! Бировга бўйин эгиш­ни истамайди. Болалари ўқишга кирадигандаям бир оғиз чурқ этмаганини қара… Лекин мен ҳам яхши иш қилмадим. Бирга тушлик қилгани ҳам вақтдан қиз­ған­дим…
– Яхши бўлмабди. Ўртоғингиз ажойиб одам экан. Қишлоққа боринглар, деб кетибди.
– Аслида қачондан бери ҳеч бўлмаса бирор ҳафта ўша ёқларга чиқиб, дўстларни, қариндош-уруғларни кўриб келгим бор. Бу орада мен таниган инсонлардан кўплари оламдан ўтибди…
Акмал югур-югурлардан чарчаганлигини, қишлоқ ҳавосини-ю одамларини, тоғу тошларни, ёввойи ўт-ўлан­ларни, шовуллаб оқадиган сойни, кўкка бўй чўз­ган дов-дарахтларни, қўйинг-чи, болалигини соғин­ганлигини ҳис қилди. Кўзларига томчи ёш илинди…
– Дадаси, таътил олинг, қишлоққа борайлик. Болалар ҳам бобо-бувиларини роса соғинишган.
– Яхши… – деди Акмал. – Эртагаёқ жўнаймиз.
Лекин Акмал эртасига ҳам, индинига ҳам йўлга чиқолмади, қишлоғига боролмади.
Ўша куни эрталаб уни вазирликка чақириб қо­лишди. Бир неча хусусий корхона раҳбарлари билан чет элга жўнаб кетди. Ўзаро тажриба алмашиш, янги технология, жиҳозлар билан танишиш мақсадида Германияда ташкил этилган бу сафардан олам-олам таассуротлар билан қайтган Акмал яна ишга шўнғиб кетди.
Ниҳоят, куз охирлаб, қиш келди. Борлиқни оқликка буркаб биринчи қор ёққан кун икки қаватли уй айвонида туриб ташқарини кузатаётган Акмалнинг ёдига яна болалиги тушди.
Қишлоқ ёнгинасидаги тепалик қор ёғиши билан болаларнинг энг гавжум масканига айланарди. Па­қир­лаб сув ташиб, яхмалак ҳосил қилишгач, то она­лари қу­виб, уйга ҳайдамагунча бу ердан кетишмасди. Қўшни маҳалладан Карим деган юмалоққина, паст бўйли боланинг чанаси талаш бўлар, ҳатто муштлашиб ҳам кетишарди. Ким қувган, ким йиқилган, ким йиғлаган… Гўё асалари уяси эди бу жой…
Лекин Содиқ ўшанда ҳам ишбилгич эди. Карим билан чиқишиб, чанасини олар ва ҳар гал Акмални чақириб, бир неча одам бўйи келадиган қия адирликдан бақир-чақир билан учиб тушишарди.
Эҳ, қандай ажойиб дамлар эди-я… Болалик йиллари эътибор қилмаган экан-да… Аслида Содиқ доим унинг ёнида бўлишга, ёрдам беришга интилган экан. Акмал-чи… Фақат ўқишни билган… Синфдошлари би­лан, ҳатто Содиқ билан ҳам иши бўлмаган. Лекин Содиқ ҳамиша уни ёлғизлатмасликка ҳаракат қилган. У-ку дўстим, қўшним деб билиб шундай қилган. Бироқ Акмал-чи! Уни дўст деб ўйлаб кўрганми?
Одам боласини бежизга “хом сут эмган банда” дейишмаслигини энди англагандай бўляпти. Болалиги, ёшликдаги яқинлари қадрини билмаган экан. Ҳозир ўйлаб кўрса, унинг бирорта чин дўсти йўқ экан. Тўғри, уни йўқлайдиганлар, бирга улфатчилик қила­диганлар, казо-казо мансабдор жўралари, соясига салом берадиганлар кўп… Лекин бир кун кексайиб, ишдан қолганда ёки бошига иш тушганда унинг ёнида бўладиган дўсти борми? Албатта, йўқ. Буни Акмал билади. Шу боис ҳаётида яна Содиқнинг пайдо бўлиши унинг қалбида кул босиб қолган соғинч деб аталмиш туйғуни яна қайта тирилтиргандай бўлди.
Бир пайтлар Акмал келибди, дейишса, то қайт­гунча уйларидан одам узилмас, ҳали у, ҳали бу синфдоши уйига чақириб, иззатини жойига қўярди. Бора-бора уни ҳеч ким йўқламай қўйди. “Тошкентдан Акмалжон келибди”, дея эшик очиб, кириб келадиганлар ҳам қолмади. Чунки унинг ўзи ҳам ҳеч кимни қидирмайди. Ҳатто яқин юрган мактабдошининг вафот этганига таъзия билдириб, келиб кетмади.
Энди эса… Яна биргина Содиқ уни қишлоққа қайтишга ундаяпти. “Туғилиб ўсган жойингга, одамларига ёрдаминг тегсин”, деяпти. Аслида ҳозир унда имконият бор. Ҳеч бўлмаса корхонанинг филиалини қишлоғида очса бўлади. Содиқ айтганидай, коллежларни битириб, иш тополмай юрган ёшлар иш билан таъминланиб, оилаларига фойдалари тегарди…
Баҳор ўтиб, ёз кетидан куз келди. Акмал ҳовли олиш, уй қуриш, ниҳоят ўғлини уйлаш ташвишлари билан бўлиб ўйлаган режаларини амалга оширолмади.
Тўй куни қаердандир яна Содиқ пайдо бўлиб қолди. Акмал ўнғайсиз аҳволга тушди.
– Содиқ… кел…
– Келдим. Тўйлар муборак бўлсин! – деди етаклаб келган катта қора қўчқорнинг арқонини кутиб олган кишига берар экан.
Сўнг Акмал билан қучоқлашиб сўрашди.
– Содиқ… Тўйчилик… Лекин сен ҳам қиз узатибсан. Кечир, боролмадим, – деди Акмал.
– Ҳечқиси йўқ. Хафа эмасман. Сенинг шароитингни тушунаман. Лекин ҳурмат қилиб эшигимдан кириб борсанг, насибанг турибди.
– Раҳмат сенга.
– Яна шу ердан келин оляпсан экан… Демак, қишлоққа бориш ниятинг йўқ, – деди Содиқ сўрига ўтар экан. – Қани эди, сендаги имкон менда бўлса, тўрт қаватли қилиб, корхона қурсам…
– Бундан сен хавотир олма. Режа қилиб қўйганман. Фақат… Кўриб турибсан, ҳовли қилдим. Бунинг устига бу ерда тўй қилиш ҳам ўзича бўлмайди.
– Майли, яхши. Имкон топилиб қолар. Топилмаса, ўша пулни менга берасан, ўзим қураман.
Шу пайт ташқаридан меҳмонлар келишгани ҳа­қида хабар қилишди-ю, Акмал ўрнидан турди. Содиқ ортидан эргашди…
Содиқ кейинги йилнинг баҳорида яна келди. Лекин бу гал у корхона тўғрисида оғиз очмади. Бир оз вақт у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиришди-ю, Акмалнинг тушликни бирга қилайлик, деганига қарамай, хайрлашиб чиқиб кетди.
Бир оз чўкиб, озиб, ранглари сарғайиб қолганини Акмал кейин англади. “Ичида бир дарди бору гапиролмай кетдимикан?” деган хаёл лоп этиб миясига урилди.
Назарида дўстида аввалги жўшқинлик, шижоат сўнгандай. Шунча кутди, корхонани қачон қурасан, деб ҳам сўрамади. Бир гап бўлган кўринади.
У шу куни қишлоққа, онасига қўнғироқ қилди. Ҳол-аҳвол сўради ва яна:
– Онажон, Содиқнинг аҳволи тузукми? – деди.
– Билмадим… дўстингни Тошкентда дейишди.
– Нега?
– Қандайдир касали бормиш…
– Онажон, қайси касалхонадалигини билиб беринг.
Акмалнинг кўз олдида дўстининг синиқ чеҳраси намоён бўлди-ю, ич-ичидан ўртаниб кетди. “Шундай ўт-олов дўстим касал бўлиб ётган экан-у, шу ерда туриб, хабар олмасам-а”.
Кечга яқин онасидан шаҳардаги қайси шифохона эканини билгач, ўша ёққа отланди.
Дўсти келганда аҳволига тузукроқ разм солмаганига, дилидагини тополмаганига қаттиқ афсусланди.
ТошМИ шифохонасидагиларнинг жавоби уни янада эзиб юборди. Содиқ бугун жавоб олиб, қишлоққа кетибди. Демак, Акмал билан хайрлашгани кирган экан-да. У эса уни одатдаги Содиқ деб ўйлабди.
Акмалнинг хонага чиққиси келмади. Корхона ҳов­лисидаги боғда, дов-дарахтлар салқинида узоқ ўтир­ди. Елкасидан бир нима босиб турар, негадир хўрлиги келар, дўстига ачинарди…
Ўтган йили ҳали ердан қор кетмай туриб, даласида иш бошлаган Содиқжонга ҳамманинг ҳаваси келганди. Юрак-юрагидан ишлайди, дейишганди.
Ўша йили буйраги қаттиқ шамоллаб, даволангандай бўлганди-ю, кейин яна уй-жой қилиш, тўйнинг югур-югурлари билан бўлиб, астойдил ётишга вақти бўлмаганди.
ТошМИ шифохонасига келганида эса, фурсат ўтган экан…
Акмал, “Содиқ нега келдийкин? Пул сўрамоқчи бўлдимикан. Ё маслаҳат олишни истаганмикан? Нима бўлганда ҳам қайси кўчага бош уришни билмай, менга келган кўринади. Мен эса бепарво, унинг ҳолатини англаб етмай, ўтираверибман, қанчалар аҳмоқман-а… Сўнгги кунларини яшаётган дўстимга бир оғиз далда бергувчи сўз айтолмаса-а. Лоақал хонаданоқ хайрлашмай ҳовлигача кузатиб чиқсам бўларди-ку!” деган ўйлар билан ўз-ўзидан ранжиб ўтираркан, ҳайдовчи йигит келиб:
– Акмал ака, вақт бўлди, – дегачгина ўрнидан турди.
Бир неча кундан сўнг қишлоқдан келган хабар Акмални эсанкиратиб қўйди: дўсти оламдан ўтибди!
Акмал ҳеч қачон бундай аҳволга тушмаганди. Ўпкаси тўлиб, йиғлай бошлади. Одми кийимда, кўз­лари чақнаб, қишлоққа бор, у сен билган аввалги қиш­лоқ эмас. Ёшларга иш керак. Имкониятинг бўла туриб, шу ишни сен қилмасанг, қишлоққа бегона одам келиб, корхона очадими? Туғилиб ўсган қишлоғинг учун нима иш қилиб бердинг, дея куюниб гапирадиган Содиқ рўпарасида пайдо бўлди-ю, қотиб қолди.
– Содиқ… дўстим… сен… кечир мени…
Шу пайт хонага иш юритувчи йигит кириб келди.
– Акмал ака, кечаги масалада…
– Қайси… масала. – Акмал кўз ёшларини артди. – Бир оздан кейин ўзим чақираман сизни.
– Кечирасиз…
Акмал хонага сиғмай қолди. Кимёхонга қўнғироқ қилиб, тайёрланиб туришни тайинлади.
Онасини кўриб, Анваржон, Зарифа ҳам ҳозирлана бошлашди.
– Ойи, дадам таътил олибдиларми? – деди Зарифа онасига қарашар экан.
Кимёхон индамади.

“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 4-сон