Комил Аваз. Ёқут момо (ҳикоя)

1

Ёқут момони эл-элат оддийгина қилиб Ёқит момо, дейди. Лекин бирор марта у нега мени жавоҳир – Ёқут эмас, оддийгина Ёқит деб аташади, дея хаёлланмаган. Ўзиям исми жисмига мос, оппоқ юзларига ярашган кўкиш кўзлари ҳозирда хиёл нурсизланган эса-да, ҳалиям қувонч чоғларидаги жилоланиши одамларни меҳривор қилади.

Момонинг маҳалла-кўй тўйларида кайвонилик қилиб ҳузурланиши ҳам бор. Қиз-жувонларга панд-насиҳатлар қилиб эркаланиши ҳам йўқ эмас. Ёмон яшамади. Бовасиям гап-сўзи ўрнида, ақл-ҳушли одам эди. Невара-чеварали бўлишгач, турмуш ўртоғига бова дейишни одат қилди. У эса шу уйга келин бўлиб келганидан бери Ёқитни “кампир” деб аташни хуш кўрарди. Ёқит момо шуларни хаёл қилар экан, чуқур энтикди. “Ҳар кеманинг бир даврони”, деганларидай эри билан яшаган ўша файзли дамларни ҳамон қўмсайди. Кейинги бир-ярим йил ичида оила қўрғонида ўрни йўқолиб бораётганига ич-ичидан эзилади.

Кўнгли хижиллигини бировга айтиб додлагиси келяпти унинг. Уч-тўрт кун бўлди, хасталаниб, кечалари хўрсиниқли тарзда йўталиши кўнглини чўктиряпти, ҳаёт кўзига беранг. Бироқ у шу оқшом бетоблигидан ҳам кўра, дил безовталигидан тўлғаниб чиқди. Кундузи яхши кўрган келини чегарадан чиқиб, ичкари хонада ўғлини койиди, лекин момонинг назарида, юрагига палахмон тошини отди.

– Ётиб еганга тоғ чидамас! Улливилон[1] боласан, кўча чангитиб, итдин чопқилийваринча, моллара ўт солсанг, сув барсанг бўлмийдими, жуворамак![2] Дадангни-ку, рўзғор билан иши йўқ! Бир ман бу уйда жон куйдираман, сочим супурги, қўлим касов!

“Ури йўқни – ўрни йўқ экан-да, қаридим, рўзғорга нафим тегмаяпти”. Келиннинг неварага айтган бу аччиқ дашномини ҳўл ўтиннинг тутуни янглиғ ўзига тортганидан аввалига бироз хижилланган момо: “Балки келин эри билан айтишиб қолгандир. Бу аччиқ гапларни рўзғорни қайғуриб айтгандир. Нега унинг аччиқ гапларини ўзимга тегишли, деб хафа бўлишим керак?” – дея ўзини-ўзи тинчлантирган бўлди.

Сираси, агар келиннинг гапини сўзма-сўз таҳлил қилгандаям момога тегишли жойи топилмайди. Нега деганда, қайнона-келин ўртасида ҳали бирор марта аччиқмағиз гап ўтмаган. Келиннинг қўли ишга югурик, ошхона, ҳовли ёғ тушса ялагулик, оғзи гоҳида шўртаъм бўлсаям момога қаҳрли чимирилиб қараган эмас, хизматини қилиб юрибди. Барибир, момо унинг гапларини ўзига олди. Турфа мубҳам фикрлар ичида момони хафа қиладиган бошқа важ ҳам йўқ эмасдек эди. Хасталанганидан на мол-ҳолга, на идиш-товоққа қаролмай хижолатланиб юргани баробарида, ўғли Исмоилжон ҳам, келину неваралари ҳам дил очиб, аҳволини сўрашмайди. Гўё ош-овқати, чойи тайёр бўлса бас, кампирга бошқа нарса керакмас.

Момо энди ўзини койий бошлади. Аслида, ўзим сал нарсага норозиланиб, кўнглим қурмағур торайиб бораётганга ўхшайди. Ўзимни ожиз сезишимга шу уч-тўрт кунлик хасталигим сабабмикан? Тўхта, Ёқит, ўзингни қўлга ол, ҳеч нима бўлмагандай рўзғорга аралашгин, дея қатъий қарорга келди-ю, юрагидаги бошқа бир хижиллик уни яна тушкунлик баҳрига отди.

Ахир, турмушга чиқишга яраган каттагина қиз невараси ҳам кўриб-билиб юрибди-ю, бир оғиз илиқ гапини айтиб, энасининг кўнглини кўтариш ҳушига келмайди. Келини кетма-кет икки-уч болани туғиб, ўз-ўзига ўралашиб ўтирганида, момо шу қизгинани бешигини тебратиб, уйқусиз тунлар алла айтган, тараб, ювинтириб, мактабга жўнатган.

Раҳматли бобойи касалланиб ётганида, эрига далда бериш учунми, рўзғордаги айрим беписандликлардан ранжибми, ғамнишинлик билан дилидагини тилига чиқарган эди, эллик йилдан зиёдроқ вақт бир ёстиққа бош қўйган бобойи унга дашном берган бўлди:

– Ундай дема, Ёқит, аксинча, мен қолмагайман сендан кейин, чунки ошхона ўзингники, хоҳлаган нарсангни пишириб-туширасан, невараларни суйиб, атрофингда парвона бўлганларидан кўнглинг таскин топади. Эркакнинг йўриғи бошқа, кампир, – бобойи сал тин олиб, эшитган одамни юрагини вайрон қиладиган бир гапни айтди. – Собир акани биласан-а, хотини узоқ вақт оёқ-қўли ишламай, кўзлари кўрмай ётиб, вафот қилган эди. Яқинда уни йўлда учратиб, ҳол-аҳвол сўрадим. Кўзлари ёшланди бечорани. “Эҳ, биродари азиз, шол бўлсаям, кўр бўлсаям хотинимни бори яхши экан. Эрталаб ҳам, пешинда ҳам, кечқурун ҳам келинга, болаларга отангга чой, овқат бердингизларми, деб ундар эди. Ҳозир ўша меҳрга зорман”, деди…

Ўша пайтда Ёқит момо эрининг бу гапларини касаллиги боис руҳияти тушкунлигига йўйган эди. Мана, бобойининг бу дунёни тарк этганига ҳам беш-олти йил бўлиб қолди. Лекин у башорат қилганларидек, на ошхонага хўжайин, на уйга. Келини ўзи пиширади, ўзи туширади. Онажон, сиз уринманг, дейди. Бу яхши, лекин ошхона момонинг қўлидалигида у бардам-тетик, юришлари хўжайинона эди. Аммо ҳалиям ҳеч ким унинг пишигини пишт деяётгани йўқ. Элликдан ошган келини бу дунёнинг омонатлигига ақли етади. Фақат жиндак раҳмдиллик етишмайди…

Ёқит момонинг фикрлари чувалашиб, боши ғовлай бошлади. Ғайритабиий куч билан ўрнидан туриб, сандиқдан тўй-ҳашамларга кийиш учун аяб қўйган маҳси-калишини кийди. Бошига оппоқ лачагини бежирим қилиб ўради. Сўнг шаҳд билан ўрнидан туриб, қоқсуяк қўли билан ҳассасини маҳкам қисганча ташқарига йўналди.

2

Рутубатли ҳавода икки-уч чақирим жойга якка ўзи кетиши унга бироз хавфли кўрингандек бўлди, аммо Ёқит момо айтганидан қайтмайдиган феълли эди, йўлида давом этди. Қадимдан яқин дугонаси Рўзика момоникига қараб равона бўлди.

У бир маромда қадам ташларкан, ён-атрофга салқин син солди. Яқин ўртада бирор одам кўринмади. Бир-икки қора қарға қағиллаб, дала четидаги гўнг устига қўнди. Қиш охирлаб қолган. Қишлоқ мукрим[3] муждалар кутаётгандек сукунлик оғушида. Арвик ёқалаб сокингина оқаётган Ғазовот ёпининг суви муздек, салсабил, бир маромда осойишталик қўшиғини айтиб бораётгандек шошилмайди. Момо сўлғин нафас олди. Қизлар билан Ғазовотда чўмилишлари худди кечагидек ёдида. Рўзика камгап, хоксоргина қиз эди. Дугоналар орасида биринчи бўлиб куёвга узатилди.

Рўзика Хистиёнга келин бўлиб кетганида Ёқит кўп қайғурган. Рўзиканинг келинлик уйидан ит ҳурса эшитилгани билан у ёқ ўша пайтда айри ўрам эди. Ҳозирда бу ерлар бир қишлоқ – Журён.

Ёқит момо икки ёнига янги уйлар қурилгани билан ўша қадимий, бир арава кенглигидаги икки томони толу тераклик қадрдон йўлда бораркан, ўзининг келинлик даврини эслаб кетди.

Элда очарчилик. Янги тузилган колхозларда бошбошдоқлик, ишнинг унуми йўқ. Баъзи одамлар очликка чидамай кунжара еб, шишиб ўлиб қолдилар.

Энг оғир кунларда ҳам қайнотаси вазминлик билан шукурликка ундарди. Кимнингдир жанозаси куни қайнонаси турмушдан нолинса, қайнотаси: “Тирикчилик – тирриқчилик”, дерди. Тамом, ҳамма нарса ўрни-ўрнига тушгандек бўларди. “Эл билан келган офат ҳам тўй”, дерди яна бир тушкунлик чоғларида. У кишининг яна бир ақлли гапи бор эди: “Иймон ҳам жуфт – сабр ва шукур”. Ақлли гапи бир эмас, кўп экан. Бирда қайнонаси: “Бу доно гапларингиз бир бурда нон ўрнини босолмайди, бой қариндошингиздан бир тийир буғдой сўрасангиз бўлмайдими, ёзда қайтарардик”, деганида, “Тилангандан тилинган яхши, кампир. Ҳадемай, кўк чиқади, кейин тут пишади. Оғзимиз тутга етишса, ўлмаймиз, у ёғи ўрикнинг олди пишади, олма, узум дегандек… Шу кунларни яшаб ўтишимиз керак бўлса, чидам энг яхши суянч”, деган эди.

Рўзғор давлати қайнотасининг бошида эканми, вафотидан кейин уйларидан барака кўтарила бошлади. Уйларидаги муросалик аста-секин асаббузарликка айлана борди, қайнонасининг феъли айниди. Ҳар нарсадан ишкал топадиган, қовоғидан қор ёғилиб, қуёшли кунларни ҳам зимистон қиладиган бўлди.

Ёқитнинг ҳеч эсидан чиқмайди. Бир кун далага гўнг чиқариб, ариқ тозалаб, очликдан силласи қуриб келса, ўғли Исмоилжон бешикда биғиллаб йиғлаб ётибди. Қайнонасига бир сўз демай, апил-тапил бешикка энгашганча, болага кўкрагини тутди. Қани бир томчи сут бўлса-ю, бола тинчиса. Даст турди-да, боласини бешикдан олиб, онасиникига кетди. Ўғилчасининг тинимсиз йиғисидан бошига қон тепган Ёқит оқибатини ўйлаб ўтирмади, йўлидан қайтмади. Ёқитнинг онаси қизининг бу қалтис ташрифини маъқулламади, лекин қаҳри қаттиқ бўлгани билан қуда момонинг катхудолиги, келиб келинини олиб кетишига ишонгани боис қизига бирор таънали сўз айтмади. Сут, қатиқ, оби ёвғон билан қорни тўйган Ёқитнинг кайфияти яхшилангани бавакка[4] ҳам ўтдими, тинчгина ухлаб қолди.

Уйидан уришиб чиқмагани учун Ёқит қайнонаси келиб олиб кетиши тўғрисида, албатта бош қотиргани йўқ. Бир коса қатиқ билан онасиникида қолган иккита зоғора нонни олиб, ўғилчаси билан уйига кириб келди. Қайнонаси юзини буриб қарши олса ҳам Ёқит ҳеч гап бўлмагандек, ўчоққа ўт ёқиб, айвонни, даҳлизни супураверди.

Барибир, Ёқит билан қайнонаси ораларидан ўтган қора мушук орқасига қайтмади. “Қовоқ уйган уйдан қирқ кун барака кўтарилади”, деганларидек, на ишда унум бор, на уйда ҳаловат. Ибройимжон билан Икромжонлар қишлоқдаги ягона тракторни юргизолмай, эрта кетиб, кеч келадилар. Ҳолинг нечук, деб сўрайдиган инсон йўқ. Далага боради – бригадирнинг зуғуми, уйига келади – қайнонанинг индамас найзалари жонидан ўтиб юрган кунлари бутун оила ромишига[5] буткул дарз кетар воқеа содир бўлди.

Уйнинг икки устуни – Ибройимжон билан Икромжонларни аскарликка олишди. Қайнонасининг тик қадди эгилди, тили батамом заҳарга айланди. Урушнинг дастлабки кунлари Икромжондан “қора хат” келганидан кейин қайнонаси кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолди.

Ёқит у ёғини эслагиси келмади. Эри Ибройимжоннинг ярадор бўлса ҳам жаҳаннам қаъридан тирик кириб келиши нафақат Ёқитнинг, балки бутун қишлоқ аҳли қалбини шодликка тўлдирган эди. Фақат ўғлини кўриш бахти қайнонасига насиб қилмади. У бандаликни бажо қилган эди.

Кунлар, ойлар ўтиб, ўн ёшдан ошган ўғли Исмоилжон дадасининг оғирини енгил қила бошлаганидан Ёқитнинг боши осмонда, рўзғорлари тиклана бошлади. Рўзғорнинг эркасига айланди.

Ёқит момо вужудига инган қавий қувватдан янада дадилланиб, шиддат билан Рўзика момонинг уйига кириб борди.

3

Ажабким, Рўзика момо худди Ёқит момони кутиб ўтиргандек, қулоч ёйиб пешвоз қаршилади.

– Иби, ассалом, чиқон, қадамингнан айнанин сани. Ничик галақўйдинг? Ўзи сани соғини-иб ўтирвадим! Яхши галдингми?

– Ҳовва. Ўзинг яхши ўтирибсанми? Бола-чақаларинг омонми?

– Шукур, ҳаммаси яхши, қадрдонгинам, ҳаммаси сарасопинда.

Рўзика момо дугонасини меҳмонхонага бошлади. Меҳмон ташрифидан қувонганини билдириш учун мадори етса-етмаса, югуриб-елиб хонтахта атрофига янги кўрпачалар солди. Шу оралиқда невара-чеваралар, мол-ҳол омонлигини сўрашни ҳам ўринлатди:

– Сани бугун Худо етирди, чиқон. Топ сани галжакингни билгандин, галин саҳар туриб этли патир ёпвади. Ина, иссиққина, қани, дастурхонга қара.

Рўзика момонинг келини чой олиб келди, дарров овқатга уннади. Дугонасининг ҳар сафаргидан ҳам кўра зиёдароқ меҳрибончилигидан ийиб кетган Ёқит момо бирдан юрагини бўшатгиси келди. “Келинимни манглайи­на эмас, танглайина берган Худо, Рўзикажон”, демоққа шайланган эди-ю, бироқ сўз ўрнига “қулт” эткизиб ютиниб қўя қолди. Сийрак тишлари орасидан бу янглиғ норизолик чиқиб кетмаганига шукур қилди. Рўзғорни ёзғирсанг, офат ёғдирасан. Бу ақидага Ёқит момо қаттиқ риоя қилади. У йўлда ўйлаб келган гапларини дастурхон қилмай, элнинг бошқа бир аччиқ гапини айтди:

– Тўқсон – эл ичида йўқсан!

Дугонасининг дардчил нақлига Рўзика момо жўяли бир жавоб тополмай, оғир нафас олди ва астагина:

– Тўғри, – деди.

Рўзика момо дугонасининг афсуснамо гапини тасдиқлади-ю, недандир ташвишда эканлигини англаб турса ҳам, унинг қалби тубидаги бурқсиб турган дудни алангалатишни истамади. Гапни ҳазилга буриб, саксонга яқинлашиб қолганлари билан ҳали бардам-тетиклигини айтиб, ҳазил-ҳузул қилган бўлди.

Аммо Ёқит момо Рўзика момонинг хаёлини бўлиб, мутлақо бошқа йўсинда гап қилди:

– Ит емишини ерга ташласанг, сўвинармиш.

Рўзика момо ҳайратланган кишидай кўзларини катта-катта очди, аммо нега емишини ялоғида берса, ит хафа бўларкан, дея луқма ҳам ташламади. Аксинча, момонинг ҳар бир сўзга бир мақолми, нақлми қистириб ўтиши одатига кўникиб қолганидан, қайси бир гурунг орасида “Товуқ чақириб дон берма, ёлақ чақириб нон берма”, деган нақлига ичидан тасанно айтди ва унинг кириб келган вақтидаги ранги ўчиқлиги ўрнига юзлари қизариб, очилишиб гапира бошлаганига суюнди.

Ёқит момо бошлаган жумбоқли нақлига изоҳ бермай, бошқа бир нақлни пеш қилди:

– “Оти ёмон армонли кетар, хотини ёмоннинг меҳмони кетар, ўғли ёмоннинг дармони кетар”, дейди ўтганлар, – Ёқит момо бир нафас жим турди-да, дугонасига сирли назар солганча, узоқроқ танишларининг аҳволига ачинди. – Ановининг келини оёқ очқанмиш. Мўмин-қобил эрининг юзини ерга қаратганча, ҳай рўйи сиё, оиланинг ҳалоллигини, муқаддаслигини пок сақласа бўлмийми, а?

Рўзика момо ит билан боғлиқ нақлга сал-пал тушунгандек бўлди, аммо сўзамол дугонасининг сўзларини охиригача эшитмагунча бу тўғрида гап очмади. Ёқит момо эса катта бир фожиали воқеани баён этиш билан бир оила бошига тушиши мумкин бўлган кўргиликларнинг олдини олгандек, сийраклашган қошларини керди.

Дугонасини ҳар бир сўзига тўғри деб жавоб бериб ўтирган Рўзика момо негадир ит емиши борасида бекор гап қилмагандир, деган ўйда унинг фик­рини қувватлагандек гап қилди:

– Эрини ишкали бордир…

– Қайси эрнинг ишкали йўқ, а? – дугонасининг сўзини оғзидан олди Ёқит момо ва шу баланд пардада давом қилди. – Эримни ишкали бор деб, аёлнинг феъли айниши керакми? Мен раҳматли, гўрида тинч ётгур қайнонамнинг не бир зуғумларига чидаб, эримни ўн йил кутдим. Сен-чи, сен? Бир умр кутяпсан. Уйинг ҳалол, нонинг ҳалол!

Рўзика момо кўзига билинар-билинмас ёш олди ва негадир тилига келган сўзни қайтара олмади:

– Ҳозир тўқчилик, чиқон, “тўқни тўйдириш қийин”, дейди ўтганлар.

Ёқит момо бирдан тутоқиб кетди:

– Ким тўқ? Ўша оёғи енгил келин тўқми? Дуруст, ҳозир тўқчилик, лекин томорқа ерига ғовушдан[6] бошқа нарса экишни билмаган одам тўқ бўлар эканми? Бир туп олманинг мевасига бир машина ғовуш беради бозорда! Куёви ҳам дангаса, ишёқмас! Шу томорқа ерининг қироғларини ўн-ўн беш туп олма, тўрт-беш туп эрта пишар, кеч пишар арик[7] экса ўлами? Қишга қоқи қилса, килоси фалон сўм, бозорчилар келиб уйингдан олиб кетадилар. Хотини ҳам енгил йўл билан тилло исирға осжақ рапидадек қулоқларина! Ота-бувалар бекор айтмаган: “Йий-йий хўрда бўлдим, емин-емин мурда бўлдим”.[8]

– Тўғри, – деди Рўзика момо бу сафар ҳамишаги одатини бузмай. Бироқ бировларнинг балки ҳасадданми, ҳавасданми беўрин гапларини достон қилиб, бир муштипарнинг бошига мағзава тўкиб ўтирган бўлмагин, дейишга тили бормади. Дилини бўшатсин, эмин-орқайин кўнглига келган гапни айтиб яйрасин дея, унинг гапига эътироз билдирмади.

Ёқит момо дугонаси унинг сўзларига гумонсираб қараётганини ички бир туйғу билан фаҳмладими, сал ҳовридан тушганча, аста деди:

– “Яхши ўлса ҳамма билан, ёмон ўлса, бир ўзи”, Рўзика. Элни оғзина элак тутиб бўлмийди.

Ёқит момо бошқа гапирмади. Дастурхоннинг попугини ўйнаганча кўзлари бир нуқтада, хаёлчан ўтираверди.

Ёқит момонинг чўрткесарлиги баробарида донишона қарашлари эл ичида алоҳида иззатда эди. Келганидан бери қизишиб гапираётган, энди эса бирданига жим бўлганча ерга қараб, ўй суриб қолган дугонасининг нимадандир эзилиб келганини ичкин туйғу билан англаган Рўзика тусмоллаганча сўз қотди:

– “Кичик кофир бўлсаям, катта кўпир бўлсин”, деган донишларимиз.

Ёқит момо ялт этиб Рўзика момога қаради. Дугонасининг ҳамишаги зукколигига яна қойил қолди. Аслидаям мана шу одати учун Рўзикани ахтариб келган эди у. Саксонни тевалаб бораётган умрининг қай бир бўлакларида шу дугонасининг муҳим ўринлари бор. Ҳаётнинг пасту баланди Ёқитдай фаҳм-фаросатли, чоратез аёлни ҳам чиғириққа қисган кунлар бўлган. Ана ўша дамларда шу бўш-баёвгина, кўп гапирмайдиган Рўзиканинг уни тинг­лаб бўлгач, айтадиган бир оғиз гапи олам-жаҳон зулматини нурафшонликка айлантиради-қўяди. Демак, келинни ҳам, ўғлини ҳам кечириши керак.

Сирини сиртига чиқармасликка тиришган Ёқит момо хиёл кулимсираган бўлди:

– Жуда мақолчи бўлиб кетибсанми?

Рўзика момо ҳам ўзига яраша ним табассум билан жавоб қилди:

– Қозонга яқинлашсанг, қораси юқади-да, момопошша! Саннан юққан-дон!

Шу табассумли савол-жавоблар асносида икки кампирнинг гурунглари ёшлик даврларига қараб қанот қоқди. Қора толдан узун дудик[9] чиқариб, жамалак сочларига қўшиб ўрганлари-ю, бектош ўйнаб қувнаганларини бири олиб бири қўйди. Ҳозирги қизлар узун сочларини кесиб, ўғил болаларга ўхшаб бораётганлари, айрим қизлар шим кийиб юрганларини ҳасрат билан ёзғирдилар.

– Ҳозир замонга гап йўғ-у, лекин одамлар орасида меҳр-оқибат аввалгидан кўра камайиб бораётганига ачинаман, момопошшо. Ҳеч эсимдан чиқмайди, бир йили баҳор кечикиб, мевалар гуллаганда қор ёғиб, совуқ урди. Экин ишлари ҳам кечикиб кетди, ҳосил бўлмади ҳисоб. Хуллас, очарчилик, онам хасталаниб ётиб қолди, уйда бир бурда нон йўқ. Эшикдан ўрам ошоқидаги Гулжон момо кириб келди. Ҳозиргидек кўз ўнгимда, ошкора эмас, қисиниб-қимтиниб, узун енги ичидан бир дона анор чиқариб онамга узатди. Онам бечоранинг кўзлари ёшланди, лекин анорга имзанмади. Онам яхши билади, Гулжоннинг уйида ҳам еярга ҳеч вақо йўқ. Шу олиб келган анорини болаларига тотинтирса, ҳар тугул бир кун-ярим кун ором топишади. Бироқ хаста қўшнининг кўнглини олишни муқаддас деб билгани учун енги ичига яшириб олиб келган. Онам бечора шунда ҳўнграб йиғлади. “Болаларингга едир, Гулжон, мен анча яхшиман, тузалиб қолдим”, деди. Гулжон момонинг ҳам кўзлари ёшланди: “Уйда яна бор”, деди. Ўзининг ёлғонига ўзи ишониб, аста жилмайди. Гулжон момо кетгач, онам раҳматли: “Икки кун бўлди, кўнглимдан анор ейиш ўтиб турган эди”, деди. Мен дарров кесиб қўйдим. Онам бир-икки дона уруғини шимиб, қолганини бизга едирди. Қўшниларнинг меҳрибонликлари оқибатиданми, Худонинг карамиданми, онам аста-секин оёққа туриб, яхши бўлиб кетди…

– Тўғри, – дея тасдиқлади астагина Рўзика момо.

– Ўша қимматчилик, ейишга бир бурда нон қайғу, очарчилик пайтларда бавак туғилган уйларни эсла, – сўз нишабини баландлади Ёқит момо. – Қайси бир хотин икки, қайси бири уч, қайси бири тўрт юмурта[10] олиб келиб, дастурхонга қўяр эди. Қарабсанки, ўттиз-қирқ юмурта йиғилиб, чақалоқ туғилган уйнинг мўрисидан чиққан тутун билан ёғ исидан қишлоққа яна файз киргандек бўлар эди…

– Сани сўзона сўзларингни эшитиб, ҳозирда одамлар орасида меҳр-оқибат аввалгидан кўра камайиб бораётган деганингга сал шак келтирсам, хафа бўлмийсанми? – Рўзика момо ўша паст овозида мулойимгина давом қилди. – Гапингда жон бор. Мана, сан келдинг, уйимиз ёқтиланиб гетаварди. Раҳмат санга. Бироқ бизнинг ёшимиз улғайиб, сал четда қолаётганимизни унутмаслигимиз керак. Уни ўрнига, аксинча, кўпроқ эътибор талаб бўлиб қолганимизни тан олмасак, инсофдан бўлмас. Ҳозир бизга бир гап кўп, ярим гап оз. Ҳатто сал бундайроқ нигоҳдан ҳам хафа бўла бошлаймиз. Ўзимизнинг ёшлик чоғларимизни эсла. Биз ҳам катта момоларимиз дардини тушунганмизми? Ҳозирги тўкин-сочинликка, осойишталикка шукур қилмасак, Худоям биздан рози бўлмайди, момопошша.

Ўртага сокинлик чўкди.

– Тўғри айтсан, Рўзикажон, – деди Ёқит момо жимликни бузиб. – “Йўқлиқ нани едирмас, тўқлиқ нани дейирмас”, дейдилар. Меҳр-оқибат ҳам, хуш муомалаю меҳмоннавозлик ҳам дастурхон мўллашган сайин ортиб бораверади, Оллога беҳисоб шукур, чиқонжон.

Уларнинг суҳбатлари қизигандан-қизиб, кеч кирганини ҳам билишмади. Ёқит момо кетишга имзанган эди, Рўзика момо уни “Бир кеча минг кеча эмас. Бугун шу ерда қоласан, сўзлашиб тонг оттирамиз, чиқон”, деб қўйиб юбормади.

Ош-овқатлар ейилгач, иккови ундан-бундан гаплашган бўлдилар-у, суҳбат орасида кўзи илиниб-илиниб кетаётган Рўзика момо ахийри, енгил пишиллаганча уйқуга кетди. Ёқит момо у ёққа ағанади, бу ёққа ағанади, уйқу йўқ.

Нариги хонада чақалоқ йиғиси эшитилди. Боласини эмизишга чиққан келин чироқ ёқди шекилли, улар ётган хонага қия ёруғлик тушди. “Чиқонимнинг уйидаям, кўнглидаям дарди йўқ. Кўнгли тинч, хотиржамлиги боис уйқуям уни тезгина элита қолди. Мендай юрагини оғир юк босиб турганида, балки ҳали яна бироз суҳбатлашиб ўтирган бўлармидик”, – дугонасининг беозоргина ухлаётганига термилганча ҳавас билан ўйлади у. – Қиз-ўғиллари, невара-чеваралари эсли-ҳушли, меҳнаткаш болалар. Дугонамнинг бахти бор экан. Болалигимиздаям шу мулойим, камгаплиги боис доим олқиш олар эди. Қанийди, яна бола пайтларимиз қайтиб келса. Ўша пайтлари тошчироқ ёруғида дарс тайёрлардик. Кўзимиз ҳам роса ўткир бўлган экан-да. Пахтадан ясалган пиликни, мол ёғига ботириб ёққандаги уйнинг ним ёқтисида бўладиган китобхонликлар бир олам ёғду бўлиб кўринарди бизга. Энди тошчироқни ҳеч ким ишлатмасаям керак. Ҳозир электр чироғининг чароғон нурида игнага ип ўткиза олмайман. – Момо чуқур уф тортди. – Қаридим, гапнинг индаллоси шу!”

4

Ёқит момо бир амаллаб дугонасиникида тонг оттирди. Рўзика момонинг келини аллақачон сигирни соғиб, сутларни пишириб, меҳмонхонада дастурхон ёзишга уринган. Момолар даҳлиз аданидаги[11] тўшши[12] ёнига келдилар. Рўзика момонинг қиз невараси дастшўй билан илиққина сувга тўлдирилган кумушранг қумғонни тайёрлаб, чап елкасига топ-тоза сочиқ ташлаганча очиқ юз билан кутиб турарди. Рўзика момонинг уйидаги саранжом-саришталик, мулойимона мулозаматларни кўриб юраги бир қалқди. Икки ҳовли – икки дунё.

Шу кунларда Рўзика момо бориб қолса, Ёқит момо уни қандай кутиб олади? Уйидаги бемеҳрликдан зада бўлгани бир ён, меҳмон олдида изза бўлгани бир ён бўлиб, бу ёқти дунёдан кўз юмиб кетишдан бошқа чора қолмайди-ку…

Ёқит момо лаҳзалар ичида қалбида кечган аламли туғённи юзига чиқармай, невара қизни алқаб, дуолар қилди.

– Барака топ, қизим, келинлик бахтини яхши жойлардан ато қилсин, борган жойингда униб-ўсгайсан, ибирли-чибирли бўлғайсан.

Қиз уялинқираб, не қиларини билмай момосига қаради.

– Уялсанг-уялмасанг, ҳамма қизнинг бошида бор савдо бу, қизим. Ёқит момонгни дуолари илойим даргоҳинда ижобат бўлғай.

Қиз баттар уялиб, орқаси билан юрганча улардан узоқлашди.

Меҳмонхонага киргач, дастурхонни кўриб, Ёқит момонинг ҳайрати яна ҳам ошди. Гулдор ликопчаларда қайнатилган оппоқ юмурталар, иккита сарғимтир ликопчада тонг саҳарлаб купида[13] чайилган сариқ ёғ, икки пиёлада тиллодек товланиб турган асал, яна икки косада қаймоқ. Ҳаммасидан ҳам дастурхонда кечаги ёпилган этли патир эмас, балки тандирдан янги узилган тўртта зоғора чиройлик қилиб сирчали лаълига[14] териб қўйилган. Буларни кўриб, Ёқит момонинг миясига келган илк фикр: Рўзиканинг бутун умр тортган азоблари жойига тушибди – ана иззат, ана ҳурмат.

Ёқит момо ушатилган зоғорани қаймоққа ботириб тамшанар экан, дастурхондаги бари нарсалар хонадон эгаларининг ўзлари етиштирган маҳсулотлар эканидан мамнунлиги ошди. Зоғора жўхори унидан, у томорқада етиштирилади. Юмурталар ўз оёқларида боқилиб юрган беминнат товуқлар, ўзлари жўжа очиб, ўзлари кўпайиб, дастурхонни тўлдираверади. Сариқ ёғу қаймоқ боғ тўридаги сигиржонники. Асал рўзғордан ортган юмурталар пулидан келади. Момо нонушта тамадди қилгунча дуода бўлди. Ошхона томондан куйдирилган ёғ ҳиди келди. Ёқит момо нигоҳини дастурхондан олиб, дугонасига миннатдорона боқди:

– Рўзика, келининингга айт, овқатга уринмасин. Мен кетаман, лой-кесак уйимни соғиндим, чиқонжон. Болаларим оқшом қайтиб бормаганимга хавотир олиб ўтиришгандир.

Ёқит момо ўзининг ёлғонига ўзи ишониб, энди астойдил ўрнидан қўзғалди.

– Ҳали энди тонг отди-ку, озиб-ёзиб бир келибсан, шошаверма, борасан, қочиб кетмас уйинг, – дегани билан Рўзика момо қаддини ростлаб, ошхона томонга бориб қайтди ва қатъий оҳангда сўзини давом эттирди. – Келиним тушмагур момомизнинг тишларига қойим қилиб, юмшоққина гўмма пиширамиз, еб кетадилар, невараларига ҳам олиб борадилар деб, қизи билан хамир қориб, ижжон[15] тайёрлаётир экан.

– Йўқ, Рўзика, мен кетмасам бўлмийди. Ичима бир ҳавл тушди. Гўмма емай юрган еримми. Иззат бўлса шунча бўлар, раҳмат.

У пешингача ўтирса, Рўзика момо ҳам навбати билан бир дийдиёсини бошлаши мумкин. Минг тўкин бўлгани билан камчиликсиз оилани топиш қийин. Жуда бўлмаса, касаллигидан нолий бошлайди. Ҳамдардлик билдирмай илож йўқ.

Ёқит момо энди борлиқ ҳовуридан тушиб, енглайдим, деганда яна дилсиёҳлик юкидан ғамга ботишни истамади. Яшин тезлигида миясидан ўтган ўйлар таъсирида сўзини тамом қилиб-қилмай, қўлларини тиззаларига омонатгина тираганча ўрнидан турди.

Рўзика момо ноилож яна ошхона томонга ўтди ва бироз эйланиб,[16] қўлида кичикроқ бир тугунча билан Ёқит момо олдига кирди.

– Ҳа, бу новви? – керак бўлмаса ҳам беўрин савол берди Ёқит момо дугонасининг қўлидаги тугунчага ишора қилиб.

– Болаларингни насибаси.

Икки дугона ҳам ҳеч қаерда ёзилмаган бу қатъий удумият қонунини яхши билади. Лекин барибир, мулозамат юзасидан рад, хайрихоҳлик туйғуларини тўкиб солишади. Бу ҳам меҳр-оқибат ҳосиласи бўлса, не ажаб?

Ёқит момо қўлида тугунча билан бўсаға ҳатлаб ташқарига чиққанида қуёш ярақлаб, кечаги рутубат ўрнини шавқли равшанлик эгаллаган эди. Олам бошқача, кўзга ёқимли, заррин рангга киргандек, ён жониб сирли жилмаяётгандек эди.

У Рўзика момо билан хайр-хўшлашиб, қаддини расолаганча, қадамини ерга дадил босди. Кечаги ғамнишинликдан асар ҳам қолмади. Аксинча, ҳовуридан тушиб, уйига қандай етиб келганини билмади.

Тепасига яхшилик ирими учун қўчқор шохи маҳкамланган дарвоза кўрингач, қадамини секинлатди. Нарвондан ясалган салдомли эшикни ичидан тамбаланганмикан деб қаттиқроқ итарган эди, у енгилгина қиялаб очилди. Момо бўсаға ҳатлаб ичкари кириши билан айвонда не биландир андармон бўлиб ўтирган қиз невараси даст ўрнидан туриб, унинг истиқболига чопқиллаб келди-да, озғингина бўйнига осилди:

– Нерларда қолиб кетдингиз, моможон?

Кўксига бошини қўйган неварасининг сочидан таралаётган хушнамчил – муаттар бўй момога буткул эналик меҳрини ийдириб юборди. Унинг бўғзига нимадир қалққандек, юраги ҳапқириб кетди. Бир қўлида ҳасса билан тугунча, бир қўли билан неварасининг ипакдек қора сочларини силай бошлади. Кўзларидаги севинч ёшлари то шу кунгача бўлган бари гина-кудуратларни ювиб кетгандек бўлди. Шу пайт келинининг гинали овози эшитилди:

– Ассалом, энажон! Бир оғиз айтиб кетсангиз бўлади-ку, ахир. На Исмоилжонингиз ухлади, на биз.

– Тезда қайтарман, деб ўйлаган эдим, қизим. Рўзика момонг юбормади, ноилож, сўзини қайтаролмай, тунаб қолдим. Ўзимни ҳам ичимни ит тирнади. Сизларни хавотирга қўйганимга кўп қисиндим.

Ёқит момо шу онда ўзини қушдек енгил сезди. Тезда кийимларини алмаштириб, рўзғор юмушларига киришиб кетди.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2015 йил, 2-сон

[1] Улливилон (шева) – кап-катта.

[2] Жуворамак (шева) – жувонмарг.

[3] Мукрим – саховатли.

[4] Бавак (шева) – чақалоқ.

[5] Ромиш (шева) – фароғат.

[6] Ғовуш (шева) – макка, жўхори пояси.

[7] Арик (шева) – ўрик.

[8] Ея-ея хўрда бўлдим, емай-емай мурда бўлдим.

[9] Дудик (шева) – толнинг нозикроқ шохини кесиб олиб, думалоқ қилиб юмшатилгач, силлиққина шохдан суғуриб олинган пўсти. Унинг кичикроқ кесмаларини ҳуштак қилиб чалиш мумкин.

[10] Юмурта (шева) – товуқ тухуми.

[11] Адан (шева) – пойгак.

[12] Тўшши (шева) – оқава сув кетиши учун усти панжараланган чуқурча.

[13] Купи (шева) – кува.

[14] Сирчали лаъли (шева) – чинни лаганча.

[15] Ижжон (шева) – қийма.

[16] Эйланиб (шева) – кечикиб.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!