Комил Аваз. Қоракўз (ҳикоя)

Қоракўз билан танишган одам унинг кўзига қарайди. Буни Қоракўз билади ва хиёл кулимсираб, «Кўзингиз қора бўлмасаям, исмингиз Қоракўзлиги ажаб экан, дея ўйлаяпсиз-а», дегандай қиймириб қарайди. У кўзининг қорамтир кўкишлиги сабабини яхши билади.
Мактабни битириб, Тошкентга ўқишга келган кунлари баъзи курсдош қизлар, айниқса, ётоқдаги ҳамхоналар унинг юриш-туришига, ҳусни латофатига, ҳеч кимникига ўхшамаган мулойим нигоҳига ҳам ҳавас, ҳам ҳасад қилишди, лекин ҳеч ким «Кўзингиз бунча сеҳрли-ю, нега исмингизга монандмас», дея сўрамади.
Барибир одам ким биландир ичкинлик қилади. Қоракўз қўқонлик Кумушбиби билан дўстлашди. Кумушбиби ҳам ўзидай камгап, ёқимтой, сочлари узун, қошлари пайваста. Унинг ҳам кўзларидан ҳамиша сокин нимтабассум ёғилиб туради. Бўйлари қарийб бир хил, ўртачадан келган, беллари бир тутам. Ишқилиб, диққатни тортмай қўймайди.
Улар сўзлашмай «суҳбатлашади», бир қараганда бир-бирларини тушунади. Ва ажабким, икковиям деярли йигитлар ҳақида шивирлашишни унчалик хуш кўрмайди. Хуллас, ҳар қандай қиз улардан андоза олса, ўзларини қиёсласа бўлади. Ҳаётнинг ўз қонун-қоидалари, тақдир деб аталмиш мўъжизанинг инсонга кўрсатмиш турфа қирралари бор, ундан ҳеч ким қочиб қутулолмаган.
Қоракўз университетга илк қадам қўйганидан унга ҳавас билан боқадиган йигитлар нигоҳини сезмай қолгани йўқ, фақат ўзига хос вазминлик билан уларни кўрмаганга, сезмаганга олди.
Қоракўзнинг ички дунёси, ботиний қуввати бирор йигитга кўнгил қўймасликка, фақат ўқиш билан машғул бўлишга етади. Аммо, «Сизга икки оғизгина гапим бор», дегувчиларни мулойимлик билан четлаб ўтишга, муҳаббатли нигоҳларга чап беришга унинг қурби қачонгача етаркан? Ахир у ҳам одам, тирик жон. Севиш-севилишга қодир. Лекин…
Ҳаётидаги айтиб бўлмас бир сир боис туйғу жиловини тортиб юришга мажбур. Буни ўзигина билади. Кечалари дугоналарга сездирмайгина юм-юм йиғлайди. У бу ҳақда ҳеч кимга, ҳатто Кумушбибига ҳам айтолмайди.
Шу тахлит биринчи курсни тугаллашди. Ёзги таътилда у тўрт-беш кунга Қўқонга, Кумушбибиникига меҳмонга борди-ю, Кумушбибини уйига қаттиқ туриб таклиф этмади. Кумушбиби бунга унчалик эътибор бермади, чунки олдда ҳали ўқиш даври сероб, насиб қилганда борарман, деб ўйлади. Қолаверса, у Қоракўздай бемалолроқ ҳаммас, уйидагилар рухсат бериши қийинроқ, уни узоқроқ қариндошлари бўлмиш ҳунарманд йигитга узатишмоқчи.
Кумушбиби бунга ёшлигидан кўникма ҳосил қилган, шу боис Тошкентда бирор йигитга қайрилиб қарамайди. Ўқишни битиришларига оз қолганда тўйлари бўлишини билади, шунга розилик берган. Йигити билан хат олишиб туради. У хатларини Қоракўзга кўрсатади-ю, аммо ўқиб беришни эп кўрмайди. Хат олган кунлари кўзлари порлаб кетади.
Қоракўз ич-ичидан дугонасига ҳавас қилади, суюнади, ўзи учун эса, куйинади, чорасизлигини билади. Ниҳоят, ўзиям илк бор хат олди. Юқори курсда ўқийдиган Латифжон тўрт энлик хат тутқазиб кетди.
Қоракўзнинг юраги дукурлаб, не қиларини билмай, хатни апил-тапил дафтар орасига солди. Бу ҳол дарс бошланиши олдидан шундай тез содир бўлдики, Қоракўз қандай қилиб хатни олди-ю қандай қилиб дафтар орасига яширди, билолмай ҳам қолди. Нафсиламрини айтганда, Қоракўз Латифжоннинг не вақтдан бери орқасидан юрганини, Кумушбиби орқали сўзлашмак ниятида эканлигини яхши билади. Кумушбиби унга илмоқли гаплар билан неча бор айтиб кўрди. Қоракўз рўйхушлик бермади. Нега у билан учрашишни, сўзлашишни истамаяпти, нега унинг севгисини рад этишга, бирор аниқ жавоб айтишга қийналяпти? Ўзининг ҳам кўнгли Латифжонда йўқ эмас-ку, йигитмисан йигит, пешонаси кенг, қошлари ўскин, нигоҳлари мулойим бўлиши баробарида қандайдир ботиний шиддати кишини бир зумда ўзига ром қилади. Худди Қоракўзнинг хаёлидагидай йигит, бироқ… Яна шу «бироқ».
«Қоракўз! Кўзингиздаги хавотирга ўхшаш одам юрагини эзувчи аллақандай ғамгинлик, хавотир дилимни қон қилди. Нега мендан қочасиз? Ахир мен сизни «таъқиб» этаётган бўлсам, ниятим яхши. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, Сизни учратгунимча севги, муҳаббат ҳақида сал бошқачароқ фикрда эдим. Қайснинг Лайли йўлидаги жунунига шак келтирмаган ҳолда, адабиётда, аниқроғи улкан аллома ёзувчилар бундайин муҳаббатни улуғлаб,илоҳийлаштириб, худди бир-бирлари билан мусобақалашгандай, қаламлари ўткирлигини намойиш этишгандай бўлиб туюлгани, мана, неча асрлардан, балки одамзод ёзувни кашф этгандан бери шундайин достонлар, ҳикоятлар, эртаклар машҳурдан-машҳур бўлиб келаётгани мен учун гўё орзумандга ташбеҳдай туюларди.
Қоракўз, агар йигитингиз бўлса, ё унаштирилган бўлсангиз, мени ўлди деяверинг. Бу ёруғ дунёда яшашнинг мен учун маъноси қолмайди. Агар хатимга жавоб бермасангиз, жавоб берганингизча ёзавераман. Тутқич бермасангиз, уйингизнинг адресини олиб, дадам билан ойимни юбораман, улар тушунган, зиёли одамлар, қолаверса, уйлантирамиз деб ҳоли-жонимга қўйишмаяпти.
Мана, кўряпсиз, қаламдан не тушса, қоғозга битиляпти. Ушбуни бир зарб билан ёздим, қайта ўқиб, хатолариниям тузатмайман. Агар ўқигудай бўлсам, у ер-бу ерини тўғрилайман деб хатнинг пачавасини чиқариб, неча қоғозларни йиртиб, хат юбориш борасида иккиланиб қолишим мумкин. Ҳозир имзомни қўяману конвертга солиб елимлайман-да, қўлингизга тутқазаман, тамом, вассалом.
Салом билан… нима деб ёзсам экан? Ошиқи беқарорингиз десаммикан? Ие, нега беқарор бўларкан, аксинча, қарорим қатъий, демак, барқарор. Лекин бу ҳақда Сиз билан ҳали бирор оғиз гапиришиб кўрмай, дабдурустдан ошиғи барқарорингизман десам, осмондан келгандай бўлсам керак? Сиздан жонини ҳам аямовчи девонаи қаландар, бир мушфиқ дўстдан деб билгайсиз… десам-чи? Оддийгина бўлақолсин, латифу лутф ила Латифжон.
Учинчи минг йиллик биринчи асрининг иккинчи, мувофиқи от йили, 16-ланчи душанба оқшоми.
Р.S. Хатингизни интизорлик билан кутаман. Нега хатлар охирига одамлар бир нималар ёзиш учун Р.S. деб қўйишади, ишонинг Қоракўз, тушунмайман, лекин чиройли, худди хатга салобат бағишлагандай. Шунданмикан, мен ҳам шу тақовул ёздим, гарчи хатингизни интизорлик билан кутиш борасида юқорида қайд этган бўлсам ҳам. Энди тамом».
Хатни титроқ билан ўқиб бўлган Қоракўз беихтиёр ички бир нидо билан «ҳа, энди тамом», дея хўрсиниб, гўё ҳозироқ яширмаса, қўлларидан чиқиб, қайларгадир учиб кетишидан хавфсирагандай, уни апил-тапил сийнабанди ичига яширди. Юраги томонга солган экан, чинданам жонлангандай, потирлаб кетди…
Неча кунлар қалбида жўш урган туғёнлар гирдобида ўзи билан ўзи олишди. Бу ёруғ жаҳонга сиғмай, Кумушбиби билан ҳар намозшом ётоқхона рўпарасидаги хиёбонда бирга кезишди-ю юрагида кечаётган сирли ғалаёнларни ичига ютди. Кумушбибиям неларнидир сезса-да, ўзи индамагач, ботиниб сўрамади.
Шу тақовул Қоракўз неча кундуз, неча тун ўзи билан ўзи андармон бўлди ва ниҳоят, дилига келган ҳазин нидони қоғозга тўкди:
«Ассалом, Латифжон ака! Мендан жонини ҳам аямовчи, девонаи қаландар, эй мушфиқ дўст! (албатта ҳозирча жонини аямовчи) Хатингизни ўқиб, мана, неча оқшомки ҳаловатим йўқ. Мен орзу қилганим, кечалари хаёлимда тирилтирадиганим, қўлим етмасаям интиладиганим, очиғини айтай, Сиздай йигит эди. Тасаввурим рўё эмас, ҳақ бўлганига ишонгим келмайди. Эй Худо, ниятларимга етирмакни сўраб қилган илтижоларимни қабул этдинг, мингдан минг розиман! Юрагимга муҳаббат уруғини сочдинг, шукр, минг бора шукр. Муҳаббатнинг ўлчами — беўлчов севмак, деган экан бир донишманд. Ахир мен ҳам ана шундай беўлчов муҳаббатнинг гадосиман. Ахир мен ҳам одамман, менда ҳам юрак бор, дард бор. Бироқ… бироқ, бари ҳаяжонларим, юрагим қувончлари ичимда қолиб кетади. Мен уни ташқарига чиқаролмайман, одамларга ошкор этолмайман. Шу сабабдан Сиз айтгандай, мен ҳам ўз ёғимга ўзим қовурилдим ва ниҳоят ушбуни ёзишга жазм этдим.
Латифжон ака, мен Сиз билан яқинроқ танишишдан эмас, балки ўзимдан қочиб юрибман. Нима деб тушунтирсам экан… Мен сизга муносиб эмасман. Сиз таъриф этганингиздай, мен соҳибжамол эмасман, қолаверса… Қолаверса, сиз мени яхши билмайсиз. Бой-бадавлат хонадоннинг фарзанди ҳам эмасман, балки буниям эътиборга олмаслигингиз мумкин. Энг даҳшатлиси, бизни, оиламизни яқин билганлардан уйимизга совчи келмайди. Қўрқишади…
Дадам ойимга уйланганларида худди Сиздай, билмаганлар. Уйланганларидан кейин ташлаб кетолмаганлар. Фақат бошқа жойга, бизни биладиганлардан узоқроққа кўчиб кетишган. Барибир, оиланинг сири неча қулфли сандиқда сақлансаям, орқасидан эргашиб юравераркан. Ойимнинг ойилари мурдашўй бўлганлар. Энамнинг отасиям, онасиям мурдашўй ўтганлар. Энамнинг лақаби мурдашўй эди. Аждодимиз лақаби ойимнинг исмларига тақалгунча биз фарзандлар кетма-кет туғилиб, дадам ойим билан яшаб қолганлар.
Энам жуссаси кичикроқ бўлсаям, жуда келишимли, бениҳоя чиройли, фариштали аёл эдилар, раҳматлик. Мени энамга ўхшатишади. Энамнинг ёшликдаги сувратларини кўрган одам бу сенмисан, дейди. Мен энамга ўхшаганимдан беҳад қувонаман.
Латифжон ака, энди мен Сизга яна бир сирни айтай. Мен ҳам шу касб билан шуғулланганман. Ўлик ювган оқшомларим эртасига ўзимни қушдек енгил сезаман. Баланд-баландларга учиб кетгим келади. Оллоҳнинг бир бандасини ювиб-тараб, оқ либосга ўраб сўнгги манзилга кузатиш, биласизми, руҳингни тозалайди, ғуборлардан халос этади. Лекин мен ҳеч кимга ўлим тиламайман.
Хатингиз юрагимни алғов-далғов қилганини яширмайман. Ташаккур, ёзган илиқ гапларингиз учун минг бора ташаккур! Лекин Сиз мени унутинг, илтимос… Мени севсангиз, мени қийнаманг. Жоним Сиздан айлансин, юрагимда неки дардим бўлса, сизга тўкдим. Мени учрашувга таклиф қилманг. Боролмайман…»
Қоракўз қоғоз намланганини кўриб, ёзишдан тўхтади. Кўзидан томган ёшни сезмаганидан ҳайратланди. Қоғозни икки буклаб, секин иккига бўлди, яна буклаб, яна иккига бўлди ва бирдан бўкириб йиғлай бошлади. Ширин уйқуда ётган дугоналарининг уйғониб кетишларидан андиша қилмади. Йиғлайверди-йиғлайверди. Сўнг ўрнидан туриб, йиртилган хатини ғижимлаганча дераза олдига келди. Аввал дераза юқорисидаги дарчани очиб хатни ташламоқчи бўлди, сўнг деразанинг бир томонини ланг очди. Юзига қиш охирининг аёзли шамоли урилди. Қўлларини аста очди. Шамол шиддат билан қоғоз парчаларини учириб кетди. Оқариб келаётган тонг нафаси энди яна майдалаб ёға бошлаган ёмғирдан мусаффолашиб, Қоракўзнинг юзларини юва бошлади…